Саид Аҳмад. Тақдир, тақдир, мунча шафқатсизсан? (ҳикоя)

(«Кўз ёши томган ҳикоялар» туркумидан)

Сталин ўлган, Берия отилган, маҳбусларга муносабат бир кадар юмшаган пайтлар. Август ойида лагеримизга республика ички ишлар вазирининг ўринбосари генерал Жақсилиқ Степанов келиб, маҳбуслар билан суҳбатлашди. Қамоқ ичидаги қамоқ, яъни кечаси маҳбуслар устидан кулфлаб қўйилган бараклар деразаларидан темир панжаралар яқин кунларда олиб ташланишини айтди. У Қозоғистон Россия билан чегарадош Павлодар вилоятида, Иртиш дарёси бўйларида катта бўлган, руслашиб кетган қозоқ оиласида туғилган эди. У етказган хушха-бардан қувонган маҳбуслар қарсак чалиб, миннатдорчи-ликларини изҳор қилдилар.
— Яхши кунларни кутинглар. Ҳаммангизнинг тергов материалларингиз иттифоқ комиссияси томонидан кўриб чиқиляпти. Улар биздан ҳар бирингиз тўғрингизда фикр сўрашади. Ҳозир юздан ортиқ одам сизларга характеристика ёзиш билан банд. Илтимос, тартиб-қоидани бузманглар. Ўзини яхши, интизомли тутганлар вақтлироқ эркинликка чиқадилар. Ҳар ким ўз мутахассислиги бўйича иш кўрсатиши керак.
Норкобил деган зек ўрнидан туриб, қўлини кўтарди. У асли термизлик бўлиб, Амударё портида қайиқчи бўлиб ишлаган. Вазифаси — кемада келган юкларнинг Афғонистонга тегишлисини қайикда нариги қирғоққа ўтказиб топшириш. У жосусликда айбланиб, ўн беш йил муддатга ҳукм қилинган. Яъни айби — дарёнинг нарёғида афғон савдогаридан бир костюм билан туфли сотиб олгани. Чет эллик шубҳали одам билан алоқада бўлгансан, деб айбланган эди. Ҳозир у қирқ ёшдан ошган. Ҳамон муддат устига муддат олади. Иигирма йиллик қамоқ уни профессионал маҳбусга айлантирган. У жосус сўзига кўникиб кетган. Ўзини чинакам жосус бўлсам керак, деб ўйларди. Ва бунга ишонарди. Норқобил асосан лагер тарбиясини олган. У блатнойлар тилини мукаммал эгаллаган.Озодлик, эркинлик, деган сўзлар энди унинг учун ўз маъносини йўқотган эди. У бутунлай «лагер ўғли» бўлиб кетган.
— Гражданин генерал, сиз ҳозир, хар бирингиз ўз мутахассислигингизни игага солиб хизмат қилинг, дедингиз. Менга тогпнириқ беринг, ўз мутахассислигим соҳасида ўзимни оқлай.
Генерал Степанов унинг сўзларини эшитиб, қизиқиб сўради:
— Мутахассислигингиз қандай? Албатта фойдаланамиз.
— Шпионман, гражданин генерал. Топшириқ берипг, бажармасам гад буду.
Мингга яқин маҳбус қарсиллаб кулиб юборди. Генерал унинг чала-чулпа ўрисча гапларию сўкинигаларидан завқланиб куларди.
— Нега куласизлар? Чего смеетес гадм, эх вм подонки.
Унинг блатной дўстлари эса:
— Во дает зараза, шуруй, шуруй натсмен, — дея уни рағбатлантиришар эди.
Генерал кетди. Зекларнинг кўнглида аллақандай эркинлик учқуни қолди.
Эллик учинчи йилнинг қиши жуда оғир келди. Ҳар куни шамол аралаш қор бўралайди. Ёнингда турган одамни ҳам кўролмайсан.
Бундай пайтларда соқчилар сони кўпайтирилади.
Қор тинган пайтларда туман босади. Лагер деворларидаги кучли прожекторлар зона ичини ёритиш у ёқда турсин, прожекторнинг ўзи коғозга томган ёғдек аранг кўринади. Туманда адашиб қолган маҳбуслар йўл тополмай, тиканли симлар билан тўсилган девор ёнига бориб қолишар, симга тегиб кетганда тревога занги ўзидан ўзи чалиниб, лагер бўйлаб узоқ вақт жаранглаб туради. Девор бурчидаги вишкада соқчилар автоматдан осмонга ўқ узадилар.
Маҳбуслар яшайдиган ўн бир баракдан то ошхонагача ўн битта темир арқон тортилади. Маҳбуслар ошхонага шу арқонни ушлаб борадилар. Агар арқондан қўллари чиқиб кетса, то туман тарқагунча йўл тополмай сарсон бўлиб юраверадилар. Маҳбуслар ўн бир баракдан тортилган арқонларни қуёш нурига ўхшатишарди. Баъзилар чумолилардек ўн бир жойдан ошхона томон ўрмалаётганларга қараб: бу ерда ҳамма йўллар коммунизмга олиб боради, деб пичинг қилишарди.
Туман чоғлари маҳбуслар қочмасди. Қочганларнинг қанча-қанчаси чўлда музлаб қашқиру шоқолларга ем бўлишган.
Файзсиз бундай қиш оқшомларида юраги шундоғам ғамга тўлган зеклар мурдадек қимирламай ўтираверар-дилар.
Ишга олиб чиқилган маҳбуслар то туман тарқамагунча олиб келинмасди. Кон олдидаги атрофи тиканли сим билан ўралган майдончада қорга кўмилиб, оч-наҳор ўтириб туман тарқашини кутардилар.
Зеклар яшайдиган бараклар қанчалик ёритилмасин, одамлар кўксини ёритолмасди. Улар негадир қўшни уйда ўлик ётгандек бир-бирлари билан шивирлаб гаплашишарди.
Узоқ йиллар қамоқларда яшаганлар бу ҳолга кўникиб кетишган эди. Айниқса, ғарбий украиналиклар эркинликдан тамоман умидларини узган эдилар. Шу топда улардан бири нара (тўрт киши ётишига мўлжалланган икки қаватли сўри) устида чалқанча ётганча шифтга тикилиб «Двлюс я на небо» деган украинларнинг энг севган ғамгин қўшиғини куйлаяпти. Бу қўшиқни тинглаган ҳар қандай тошюрак одам ҳам юм-юм ёш тўкарди.
Одамзот қизиқ бўларкан-да! Шундоқ азобли, аянчли дамларда ҳам бир-бирлари билан жиққамушт бўлардилар.
Баракдаги каттакон бак сувга тўлдириб қўйилади.
Унинг пастидаги жўмракка банди занжирланган ва қулфланган кружка осиб қўйилган. Кўпинча мусулмон динидаги ўрта осиёликлар, кавказликлар, татарлар шу бак олдида чўккалаб таҳорат оладилар.
Бошқа диндагилар, биз сув ичадиган идишни ҳаром қилдинг, деб тўполон қилардилар. Муштлашиш бошланади. Соқчилар баракка кириб, қонга беланган жанжал-кашларни ажратадилар. Бир, икки зекни ҳайдаб опчиқиб кетадилар.
Барак деразаларидаги панжараларни олиб ташлашга, баракни қулфламасликка сўз берган ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал ваъдасини бажармади. Маҳбуслар кечқурун баракка келишлари билан назоратчилар уларни санаб, устларидан қулфлаб қўйишади. Ҳамма ҳожат ишлари шу ернинг ўзида бўлади.
Мен ўша пайтда «Маданий тарбия» бўлимида рассом эдим. Вазифам қайси бригада қанча руда қазиганини саҳаргача катта-катта шчитларга ёзиб, зонанинг кўринарли жойига илиб қўйиш эди.
Совуқ шундоқ заптига олган декабр кечаси эди. Олтинчи баракда қий-чув бўлиб қолди. Маҳбусларнинг дод-войларини эшитиб, ўша томонга югурдим. Баракда ёнғин бўлаётган эди. Маҳбуслар этик билан тепиб, ойналарини синдирган деразалардан буралиб-буралиб қоп-қора ту-тун чиқарди. Ўт ичида қолганлар ёрдам сўраб қичқиришарди.
Кор қалин ёққан пайтларида маҳбусларга пийма (валенка — тагчарми йўқ намат этик) бериларди. Илашган қор баракка кирганда эриб, валенкалар жиққа ҳўл бўлиб кетарди. Маҳбуслар уларни қуритиш учун барак печи устига қатор териб қўярдилар. Ёнғин ана шу валенкалардан бошланган эди.
Назоратчи старшина Демянов ёнаётган баракка қараб, махорка тутатиб турарди.
— Эшикни очмайсизми? — дея унга зорландим.
— Ҳаққим йўқ. Махсус буйруқ бўлмагунча очолмайман, — дея қатъий жавоб қилди у.
— Етмиш икки одам бўғилиб ўлади-ку! Наҳотки раҳмингиз келмаса? Бу ишингиз учун ҳали жавоб берасиз, — дедим ғазаб билан.
— Мен буйруқни бажараман. Бу фашистлар куйса куяверсин, ёнса ёнаверсин. Баракдан етмиш иккита калла билан бир юз қирқ тўртта оёқ топилса бўлгани. У ёғи бплан, ўлик-тириги билан ишим йўқ.
Зона деворидаги соқчи бўлаётган вокеани кузатиб турган экан. Телефонда штабга хабар қилибди. Зудлик 6илан штаб навбатчиси етиб келди. Демяновга эшикларни оч деб буйруқ берди.
Дадажон ҳам шу баракда яшарди. У бир ярим ойдан бери тўшакка ётиб қолган, ҳассага таяниб аранг ошхонага бориб-келарди. Кўпинча хамюртлари унга овқатини келтириб берардилар.
Дадажонга нима бўлдийкин, деб ташвишлана бошладим.
Барак эшиги ўт ўчириш қоидаларига риоя қилинмай ўрнатилган эди. Эшиклар ичкарига очиларди. Бу баракни маҳбусларнинг ўзлари қургандилар. Прораб канча тайинламасин, кулоқ солмагандилар. Ёнғин чиққанда, ё ер қимирлаган пайтда ичкаридагилар ўзларини эшикка урадилар. Шунда эшик ёпилиб колиб, очишнинг иложи бўлмайди. Махбуслар баракда ўзлари учун ўзлари қопқон ясаган эдилар. Бир солдат лом олиб келиб эшикни бузди. Ичкаридан тутунда холсизланганлар бири-бирини итариб ташқарига чиқа бошладилар, тўлиб оқаётган анҳор қирғоғи ўпирилгандай бўлди. Одамлар тинмай йўталишар, ўкчишарди. Улар орасида Дадажон кўринмасди. Деярли ҳамма маҳбуслар ташкарига чикди. Дадажон йўқ. Назоратчи маҳбусларни бир-бир санади. Уларнинг сони етмиш битта эди.
— Дадажон йўк, ичкарида қолиб кетибди. — дедим. Батарея чирок ушлаган тўрт солдат газ ниқоб кийиб баракка, тутунлар орасига кириб кетди. Сал фурсатдан кейин ҳушидан кетган Дадажонни кўтариб чикишди. Қалин қор босган ерга ётқизишди. Шошиб бордиму бушлат боғичини ечиб, кўкрагига кулоқ тутдим. Юраги урмасди. Лекин тани хали иссик эди. Билагини кўтариб, томирини ушлаб кўрдим. Ўттиз уч йил дукиллаб муттасил уриб турган юрак энди уришдан тўхтаган эди. Унинг очиқ қолган кўзларига карадим. Тун қоронғусида кўзларида қандай ифода котиб қолганини билолмадим. Қабоқларини кафтим билан пастга қараб силадим. Етдим, деганда йиқилган Дадажоннинг бу дунёга тўймаган, эркинлик йўлига интизор тикилган кўзлари энди бир умрга юмилди.
Гарнизондан капитан Расулов етиб келди. Қатор ётқизиб қўйилган, тинмай ўқчиётган ўттиз беш чоқли махбуснинг бошига бориб, бир-бир қараб чикди. Дадажоннинг тепасига келиб узоқ туриб қолди.
Бош врач Шкарин ҳолсиз ётганларнинг ҳаммасини санитар замбарида касалхонага жўната бошлади
Лагер уйғониб кетган. Маҳбуслар панжарали деразалардан 6у томонга жимгина қараб туришибди.
Дадажошш замбарга ётқизишди. Бир томопидан ўзим кўтаришиб ўликхонага обордик.
Соат саккизда барча баракларнинг эшиги очилди.
Олтинчи барак лоп этиб ёндию аланга ичида қолди. Ачимсиқ тутун ҳидига тўлган лагер устида, туманлар орқасидан тонг ёришиб келарди.
Бир юртнинг одами ҳар қандай шароитда ҳам бир-бирига қайишар экан. Бирон соатлар ўтиб, капитан Расулов қоғозга ўроқли бир нарса бериб кетди. Очиб қарасам, саккиз метр оқ суруп. Дадажон учун кафанлик эди бу. Ҳали ҳам туман тарқагани йўқ. Анча баланд кўтарилиб қолган қуёш туман пардаси орқасидан худди қиздирилган чақадек кўринади.
— Кафанликни мен олиб келганимни биров билмагани дуруст, — деди у ёқ-бу ёққа аланглаб Расулов. —Марҳумнинг жасадини соат учларга тайёрланглар.
То соат учгача марҳум Дадажонни ювиб, кафанлаб, жанозасини ўқидик. Бричка аравада дарвозадан олиб чиқишди. Вахтада тунда эшикларни очмай, шунча одамга шикаст етказган, Дадажоннинг ўлимига сабаб бўлган назоратчи старшина Демянов турарди. Бричкани қўриқлаб борастгапларга танбеҳ берди:
— Кафанни очиб қаранглар. Баданига штик санчиб кўринглар, муғомбирлик қилаётган бўлмасин.
Расулов:
— Текшириб кўрилган, хотиржам бўл, — деб жавоб қилди.
Уни дафн қилишга мени олиб чиқишди. Ана шунда Расуловнинг миллатга қайишишига тан бердим. Гўр қазиш, мурдани кўмиш учун бухоролик учта солдатни юбораётган эди. Улардан бири Қуръонни жуда чиройли тиловат қилар экан.
Туман тарқаган. Офтоб қор бостан оппоқ чўлда кўзни қамаштиради.
Қабристонга келганимизда генералнинг ити кўмилган жойга қарадим. Жуда чиройли қилиб гумбаз кўтарилибди. Бефарзанд генерал ўлими олдидан, «Мендан қолган пулларни сарф қилиб содиқ итимга ёдгорлик ўрнатинглар», деб васият қилган экан. Ёдгорлик яқинига бордим. Қора мармар тошга шундай сўзлар ўйиб ёзилган:
«Менинг содиқ ва вафодор дўстим, ўттиз етти қочоқ маҳбусни тутиб берган ва ўзи ёвуз маҳбус қўлида ҳалок бўлган Жек номли итга миннатдор дўсти генерал маёр Максим Михайлович Речниковдан».
Атрофга қарайман. Бу қабристонга академик Туполевнинг истеъдодли шогирди, Меҳнат қаҳрамони Дудинтсов кўмилган. СССР халқ артисти Вера Квитко, Валерий Чкаловнинг самолётини ҳамиша учишга синчковлик билан тайёрлайдиган авиация маёри Степанов, Бухорода ришта касалини тугатишда катта хизмат кўрсатган Рустам Азимзодалар шонсиз-шарафсиз кўмилган. Уларнинг қабри қани? Аллақачон теп-текис бўлиб кетган. Биргина шу Жек деб аталган итга қўйилган савлатли ёдгорлик қабристонни «обод» қилиб турибди.
Тақдир, такдир, мунча қаҳринг қаттиқ! Мунча шафқатсизсан! Шу буюк зотларни битта ит қатори кўрмадинг-а!
Файзсиз, қишда бўронлар увиллаган, ердан бош кўтарган гиёҳларни саратон қовжиратиб ташлайдиган бу бефайз аянчли бадбахт дала манзарасига қараб бу хунук, бу совуқ қабристонга қараб ич-ичимдан фарёд урардим.
Уч бухоролик азамат йигит лом билан, белкурак 6илан тошга айланиб кетган заранг ерни кавлаб кабр очгунча терга пишиб кетдилар. Жасад лаҳадга қўйилди. Оғзи ясси това тош билан бекитилди. Бухоронинг Шофирконидан хизматга чақирилган Мир Араб мадрасасининг талабаси Истам Аҳадов деган ёшгина йигит тиловат бошлади. Шағал аралаш тупроқни қабрга ташлай бошладик. Истамбой Қуръон ўқишнинг ҳадисини олган экан. Оятларни тиниқ, юракка тўппа-тўғри бориб қадаладиган ажиб бир оҳанг билан ўқирди. Бир умр тиловат эшитилмаган бу қақир чўлда муаллақ туриб вижирлаётган қушлар ҳам тепамизда чир айланар эди. Улар ҳам қори боланинг овозидан маст бўлган эдилар.
Тиловат тугаб, тўртовимиз юзимизга фотиҳа тортдик.
— Истамбой укам, раҳмат сенга. Илтимос, шу ерда ётган мусулмон бандаларнинг руҳига ҳам бир тиловат қилсанг.
Истамбой бошлади. Боя тиловат пайтида тепамизда чирқиллиб айланган, энди эса совуқдан жон сақлаб, қалашиб ётган тошлар орасидаги хас-хашакдан ясалган уяларида ҳурпайиб ўтирган қушлар Истамбойнинг овозини эшитиб, яна тепамизга қайтиб келдилар. Қанотларини пирпиратиб ҳавода жимгина муаллак қотиб турардилар. Улар баландга ҳам чиқмас, пастга ҳам тушмас, аллақандай кўринмас ип билан тепамизга осиб қўйилгандек тек қотган эдилар.
Икки оёғи билан тумшуғи қип-қизил, бошида гунафша ранг кокили бор бу кушларнинг пайдо бўлганига ҳали қирқ йилдан ошгани йўқ. Уларнинг асли номи қанақа, ҳеч ким билмайди. Қозоқлар Бейишт қуши, Қрим татарлари Ридвон (Ризвон) қуши, деб атайдилар.
Улар тошлар орасидаги инларига чўл гиёҳларининг уруғларини ёзда ғамлаб оладилар. Бўрон турганда, ёғингарчилик пайтларида ҳафталаб инларидан чиқмайдилар.
Одамлар уларнинг инлари оғзига нон ушоқлари, ҳар хил дон-дунларни сочиб қўядилар.
Уфадаги Мадрасайи олияда таҳсил олиб қайтаётган бир талаба қушларнинг инлари олдига тиз чўкиб, йиғлаб қуръон тиловат қилган экан. Унинг гапига қараганда, бу қушлар оддий қушлар эмас, мана шу теп-текис бўлиб кетган қабрлардаги азоб-уқубатларда шаҳид бўлган бегуноҳ инсонларнинг бир калима тиловатга илҳақ бўлиб ётган руҳлари эмиш.
Кимки Ризвон қушига озор берса, тузалмас дардга мубтало бўлармиш. Шу қабристон ёнидан тунда ўтган одамларнинг айтишларича, қушларнинг уяларидан тонг отгунча йиғи, оҳу фарёдлар эшитилармиш.
Лагеримизда ер юзида бармоқ билан санаса бўладиган Ассира-Вавилонликларнинг бири — Давидов деган маҳбус бор эди. Ризвон қушининг битта хўрози билан битта макиёнини тутиб келган эди. Яқинда шу Бобил фарзанди тутқаноқ касалига учраб оламдан ўтди. Бобилликларнинг яна биттаси дунёдан кетди.
Истамбой қироатни соғинган экан. Армия сафига чақирилгандан бери комсомолларнинг зуғумига учрамаслик учун овоз чиқармай, ичида тиловат килиб юраркан. Назаримда тиловат қилаётганда унинг ўзи ҳам аллақандай руҳий озиқланаётгандек эди.
Гап-сўз бўлишдан чўчимай, бу дафн маросимига йўл очиб берган ҳамюртим, капитан Расуловга дил-дилимдан раҳматлар айтдим.
— Укам, — дедим Истамбойга, — Қўлингни фотиҳага оч: шу Расулов деган азамат инсон хақига бир дуо қил!
Бу дунёнинг ғамларидан, айрилиқларидан, адолатсизликларидан у дунёга фарёд уриб кетган аламдошим, ҳасратдошим Дадажонни кимсасиз чўл тупроғига топшириб қайтиб келяпмиз.
Қиш кунлари бир тутам. Соат беш бўлмай қоронғи тушган. Зона деворларидаги прожекторлар ёқиб қўйилган. Гуриллаб ёнаётган гулхан олдида маҳбуслар тик турганларича гоҳ қўлларини, гоҳ осқларини ўтга тутиб исинишарди.
Зонага биров кирмас, биров чиқмасди.
Ҳамманинг оғзида битта гап: «Старшина Демяновга чора кўрилсин, жиноий жавобгарликка тортилсин».
Ёнғин пайтида барак эшикларини очмаган старшина Демянов вахтада пўстинга ўралиб, қоровуллар билан қайноқ чой ичиб ўтирибди. Унинг башарасига туфлагим келди. Афсуски, бунинг сира иложи йўқ эди. У озод гражданин, мен эса ҳамма хукуклардан маҳрум қилинган маҳбусман.
Бир пасткаш, инсонлик қиёфасини йўқотган, шафқатсиз, ҳиссиз тўнка олдида ожизу нотавон қолиш нақадар аламли, нақадар ўкинчли!
Маҳбуслар сўзларида туришди. Эртасига ҳам ишга чиқишмади. Маҳбусларга бош-қош бўлган Норқобилни кечаси солдатлар опчиқиб кетишган экан. Эрталаб зонага илжайиб кириб келди. Оператив вакил ундан маҳбусларни тинчитишни, эртага ишга чиқишларипи тушунтиришни сўрапти. Агар шу топшириқни бажармаса қўзғолон кўтаришда айбланишини айтибди.
— Гапига кўндингми, дурак, — дея таъна қилди махорка тутунидан мўйловлари сарғайиб кетган, исми мутлақо унли харфсиз ёзиладиган Мкртч деган армани чол.
— Мени ким деб ўйлаяпсан? Билиб қўй, я не сексот и не дурак.
Тушга яқин лагер бошлиғи зонага кирди. У баракларни айланиб чиққандан кейин орқасидан, бошлиқ нима қиларкин, деб эргашиб юрган маҳбусларга деди:
— Бўлди энди. Эртадан ишга чиқинглар.
Норқобил унга эътироз билдирди:
— Пока старшина жазоланмас экан, работат не будем.
Лагер бошлиғи полковник Самсонов бирон тайинли гап айтишга ожиз эди.
— Келинглар, очиқчасига гаплашайлик. Демянов масаласида ҳарбий прокурорга мурожаат қилдик. У старшина қонун доирасида иш тутган. Уставни бузмаган,
жазолаб бўлмайди, деб жавоб қилди. Ундан кейин ҳарбий трибунал билан гаплашдик. Унинг фикри бошқача. Жазолаш керак. Одамлар халок бўлишини кутиб ўтирмай, штабга ёнғин тўғрисида зудлик билан хабар қилиши керак эди, деб жавоб қилди. У албатта суд қилинади, деган фикрни айтди. Хотиржам бўлинглар, биз ҳам қараб турганимиз йўқ. Шуни яхши билингларки, Давлат хавфсизлиги комитети билан Ички ишлар вазирлиги ҳеч қачон маҳбуслар фикрини тан олмайди. Ишга чиқишдан бошка иложларинг йўқ.
— Барак эшиклари қачон очилади, — деб сўрашди ундан.
— Кутяпмиз. Юқоридан алоҳида рухсат келиши керак. Кутяпмиз.
Полковник чиқиб кетгандан кейин Норкобил бошчилигида гулхан атрофида маслаҳат «мажлиси» бўлди. Тўртинчи баракдан Дорфман деган юристни чақириб келишди. У эркинликда Ленинград адвокатурасида ишлаган, кўп чигал суд жараёнларида ютиб чиккан обрўли адвокатлардан эди.
— Агар хафа бўлмасанглар, гапнинг очиғини айтаман. Ҳозирги уринишларингиз ҳеч қандай натижа бер-майди. Маҳбуснинг вазифаси — итоат қилиш. Бироп нимани даъво килишга мутлақо хаққи йўқ. Чунки у гражданлик хукуқидаи махрум қилипган. Даъволарингизнинг биронтаси инобатга олинмайди. Вазифангиз фақат ва фақат бўйсуниш.
— Нима, биз қул что ли? — деди норози бўлиб Норқобил.
— Ундан ҳам баттар, — деди Дорфман. — Бу қилаётган ишимиз яхшилик билан тугаса-ку майли-я, оқибати ёмон бўлиши, беш-олти кишининг жазо муддатини ошириб кўйишлари ҳам мумкин. Ана унда ёмон бўлади.
Дорфман тўғри айтаётган эди. Лагерда юз йилдан ортиқ муддатга кесилганлардан анчагина бор эди. Лагер ички интизомини бузган, ё бирон жиноят қилиб, ўн-ўн беш йиллаб муддатини ўтаганларига қарамай, яна йигир-ма беш йилдан жазо муддати олганлар бор эди. Жук деган махбус йигирма еттинчи йилдан буён муддат устига муддат ўтаб келади. Ҳозир унинг жазо муддати бир юз ўн тўрт йилга етган.
Дорфман тажрибали одам. Қонун-қоидаларни билади. Унинг гаплари тўғри эди. Маслаҳат билан эртадан ишга чиқишга қарор қилинди. Эрталаб вахтада ўн етти кишини тўхтатиб қолдилар. Ўн етти кишининг ҳаммаси тройка қарори билан ҳар хил муддатга кесилганлар эди. Бошлиқ ўринбосари ҳаммамизни тўплаб, «тройка» қарори билан кесилганларга енгиллик бсрилганини, улар махсус рухсатнома билан ташқарида соқчисиз ишга бориб келишлари мумкинлигини айтди. Ана шу жазо муддати енгиллатилганлар орасида мен ҳам бор эдим. Расулов мени гарнизон клубини безатиш учун ўзи билан олиб кетди.
— Қиш оғир келяпти. Шахтага борсангиз совукда қийналиб қоласиз. Энди иссиққина клубда солдатлар шавласидан еб, суврат чизаверасиз. Узоқ ишланадиган суврат танланг. Баҳорга етиб олгунча ишланадиган суврат бўлсин. У олдимга бир даста «Огонёк» журналини ташлади. Журналдаги рангли сувратларни кўриб, «Сталинград панорамаси»ни танладим. Унда юздан ортиқ одам суврати бор эди.
— Бу иш энди сизга муддатингизни ўтаб бўлгунингизча етади, — деди Расулов.
Ишга жуда берилиб кетган эдим. Орқамда кимдир турганини сезиб, ўгирилиб қарадим. У болалик ўртоғим, биринчи синфдан то тўққизинчи синфгача бирга ўқиган, жуда ҳам қадрдон дўстим, маҳалладошим Ҳамид Азизов эди. У ўнинчини тугатгандан кейин Тошкент медитсина институтига ўқишга кирган, институтни битирмай фронтга юборилган, қайтиб келгандан кейин яна ўқишини давом эттирган эди.
Уни кўрмаганимга кўп йиллар бўлган. Орадан шунча вақт ўтиб, энди, жуда ноқулай вазиятда кўришиб турибмиз. У медитсина хизмати маёри, кўкси орден, медаллар планкаси билан тўла эди.
Бир-биримизга сўзсиз қараб турибмиз. Кўз олдимда унинг ранги оқара бошлади. Охири юзидан қон қочиб бўзга айланди. Нима бўлди, тоби қочдими… Йўқ, у ҳозир тирик «халқ душмани»ни кўриб қўрқиб кетган эди. Тўғриси, ундан ҳазар қилаётган эди.
— Ия, ия, — деди у лаблари титраб. Бироз туриб яна, ия, ия, деди. — Мен ҳозир… ҳозир…
У шундай орқасига ўгирилдию ёв қувлагандек, шитоб билан ташқарига чиқиб кетди. Шу кетганича қайтиб келмади.
Қиш оёқлаб, баҳор қадами эшитила бошлаган, тепалик жойларда қор эриб, занглаган ерда мис кукунлари худди яшил бахмал ёпингандек кўрина бошлаганди. «Сталингард» панорамаси яримлаб қолган.
Расулов мункайган рус кампирини эргаштириб келди.
— Бу опа марҳум сержант Гаврюшевнинг хотини. Эслайсизми уни?
Гаврюшев лагер қошидаги ўт ўчириш командасининг бошлиғи, ёнғинга қарши огоҳлантирувчи плакатларга буюртма берарди. «Чекилмасин! Рухсат этилмаган жойда чекиш мана бундоқ оқибатларга олиб келади», деган сувратлар ишлаб берардим. Уни дурадгорлик комбинати, шахталар, бензин складлари деворларига михлаб қўярди. Бу плакатлар учун у дурустгина ҳақ олар, бир қисмини менга ташлаб кетарди. Гаврюшев ўтган йили қазо қилган эди.
— Битта илтимос билан кепти. Йўқ, деманг.
Кампир рўмолчага ўралган ниманидир менга узатди, очиб қарадим. Фотосуврат. Ниҳоятда моҳир, профессионал фоточи олган лейтенант йигитнинг суврати эди.
— Гаврюшевнинг ўғли. Прага остонасида ҳалок бўлган. Шуни мойли бўёқ билан ишлаб берсангиз. Тўрт кундан кейин ўғлининг туғилган куни экан. Поминка қилмоқчи.
— Бўпти, Гаврюшевнинг ҳурмати, албатта ишлаб бераман, — дедим.
Кампир қоғоз халтадаги йигирматача тухумни стол устига қўйди.
— Кераги йўқ, олиб кетинг, — дедим қатъий
— Олаверинг, кампирнинг олтмишта товуғи, саккизта хўрози бор. Бозорда тухум сотади.
Портретни айтган муддатда битқаздим. Кампир келди. Қўлтиғида ниҳоятда чиройли бир бабақ хўроз бор эди.
— Э, қўйинг, олмайман. Мен эрингиздан кўп яхшиликлар кўрганман. Ҳақ олсам уят бўлади-я.
— Э, болам. — деди у кулиб. — Хўрозим кўпайиб кетяпти. Уларни нима қиламан. Тухум қилмаса бу олифталар кимга керак. Барибир бозорга опчиқиб сотвораман. Яхшиси, сен шўрвага бос бу ғўдайган ухажёрни…
Қўлтиғимда хўроз билан зонага келдим. Кутубхона олдидаги кичкинагина гулзор биқинида хўроз учун катак ясадим. У жуда фаол хўрозлардан экан. Товуқларини соғинди шекилли эрталабгача етти-саккиз марта қичқирди. Узоқ-яқиндан бошқа хўрозлар унга жавоб қайта-ришди. Ташқарига чиқсам, маҳбуслар ҳам ҳовлига чиқиб, хўроз қичқиришини эшитиб ўтиришган экан. Шу биргина хўроз уларга қадрдон қишлоқларини, ойдин кечаларни эслатиб, уйқуларини қочирган экан.
Маҳбуслар хўрозни жуда эркалатиб юборишди. Уни катакдан чиқариб юборишим билан бараклар олдида маҳбуслар ташлаган ушоқларни териб ер, кечалари эса уларнинг уйқусини қочириб саҳаргача қичқирарди.
Душанба куни кечқурун лагер ола-тўполон бўлиб кетди. Соат тўққиз бўлди, ҳалигача саккизинчи шахтага ишга чиққан маҳбуслар қайтиб келмаяпти.
Бошлиқлар, гарнизон командирлари зонада асабий бир ҳолатда бир-бирларига гап маъқуллардилар.
Қандайдир бир жиддий, кўнгилсиз воқеа юз берганга ўхшайди. Зонага қайтиб келганларнинг ҳаммасини сафга тизишди. Ошпазларни ҳам, касалхона врачларию санитарларини, новвойхонадагиларни ҳам ҳайдаб чиқиб сафга тиздилар. Шошилмай, бирма-бир санадилар. Яна сападилар. Етти марта санадилар. Бир маҳбус кам чиқаверди. Маҳбусларнинг ҳаммасини битта қолдирмай 6аракларга тиқишди. Эшик олдига қўйилган соқчилар, назоратчилар уларнинг исми, фамилиясини, рақамини ёзиб, битталаб чиқара бошладилар. Уч соат давом этган бу «тадбир»дан кейин рўйхатни штабга опчиқиб кетдилар. Штабдаги рўйхатга солиштириб, икки соатдан кўпроқ уриниб, ғойиб бўлган махбус Норқобил Аъламов деган шахс экани аниқ бўлди.
Саккизинчи шахтадап бригадани кечаси соат иккиларда олиб келишди.
Лагер бошлиғи ҳам ўша тун ухламади. Папирос устига папирос чекади. Тонгга яқин хўрозимиз чўзиб-чўзиб қичқирди. Унинг товушидан ғазабга келган бошлиқ ер тепиб бақирди.
— Хўроз боқишга ким рухсат берди? Йўқотинглар, ҳозироқ йўқотинглар 6у хўрозни.
Демянов қувиб юриб хўрозни тутиб келди. Бошлиқнинг оёғи остида хўрознинг танасини кирза этиги билан босиб бўғзига пичоқ тортиб юборди-ю, кийимига қон сачратмаслик учун ҳали жони узилмаган жонворни қўйиб юборди. Хўроз тапирлаб, ердан ярим метр баландликка икки-уч марта сапчиб жон берди.
Маҳбусларга уйларини, қишлоқларини, бола-чақаларини эслатиб ҳар оқшом, ҳар саҳар қичқирадиган хўроз уларнинг кўзлари олдида қонга беланиб жон берди.
— Барибир қўлга тушади бу натсмен, — деди Демянов қўлига сачраган қонни иркит дастрўмоли билан артаркан. — Бу чўллардан биронта маҳбус қочиб қутулмаган.
Лекин Норқобил тутиб бўлмайдиган, қўлга тушмайдиган бўлиб қочган эди.
Кончилар посёлкасида маҳбуслик муддатини ўтаб бўлган, беш йиллик сургун жазосини ўтаётган собиқ маҳбуслар ҳам яшардилар. Уларга бошқа томонларга бориб ишлашга рухсат йўқ эди. Улар ҳам конда ишлашга мажбур эдилар. Улар орасида Норқобилнинг блатной дўстлари кўп эди. Улар конга махсус гувоҳнома билан кириб ишлардилар.
Ўтган сешанба куни саккизинчи шахтада ишлайдиган блатной дўсти унинг рақамланган кийимларини кийиб, маҳбуслар билан зонага келади. У беш кун маҳбуслар билан ишга бориб келаверади. У душанба куни ишга келганда яшириб қўйган ўз кийимларини кийиб рухсат-номаси билан шахтадан чиқиб кетади.
Норқобил эса дўстлари тайёрлаб қўйган граждан кийими билан, улар тўплаб берган анчагина пул билан, суврати ёпиштирилган, ҳақиқийлигига ҳеч ким шубҳа қилмайдиган қалбаки наспорт билан шу беш кун ичида Термизга етиб келади. Пуфлаб шиширилган бузоқ терисини миниб, афғон шамоли қутургандан қутуриб кўз очирмаётган тунда жиянлари кўмагида Амударёда сузиб, чегарадан ўтиб кетади.
Шу топда, уни тутамиз, қўлга туширамиз, жазосини берамиз, деб гапираётганларида у Афғонистоннинг Ҳайратон қишлоғида, чўпон ўтовида кўк чой ичиб, ўрисча сўкиниб ўтирар эди.

ХОТИМА

Қамоқдан бўшаган кунимдан бир ҳафта аввал Демяновнинг унвони оширилди. Зонага погонида битта юлдуз билан кириб келди.
Қадрдон Тошкентимга эсон-омон етиб келдим. Вайрон бўлган рўзғоримни тикладим. Фарзанд кўрдим. Қатор-қатор китобларим чикди. «Халқ ёзувчиси» унвонига сазовор бўлдим.
Ҳовлида ўтирган эдим. Эшик қўнғироғи жиринглади. Чиқиб эшикни очдим. Остонада болалик «ўртоғим» Ҳамид Азизов турарди. У бағрига босиб кўришмоқчи бўлди. Орқага чекиндим. У жуда ноқулай аҳволда қолди. Тутила-тутила, тўй қилаётганини, тўйга таклифнома олиб келганини айтди. Хўп, хайр, дедиму эшикни бекитиб, ичкарига кириб кетдим. У ҳайрону лол, серрайганча қолди. У берган таклиф қоғозини ўқимай, ғижимлаб, йўлакдаги ахлат челагига ташладим.
2000 йил, май