«Ота қарғиши мисоли ўқ — у охиратда эмас,
шу дунёнинг ўзида нишонга тегади».
(Бухоролик 100 йил яшаган темирчи
Усто Амин бобонинг ўгитларидан)
Бугун лагеримизга янги маҳбусларни олиб келишди. Кўринишидан уларни янги деб бўлмасди. Эгниларидаги кийимларига, слка ва тиззаларидаги рақамларга қараганда, кўп йиллардан бери лагердан-лагерга кўчиб юрган дайди маҳбуслар эканини дарров пайқаш мумкин эди.
Одатда, янги келган маҳбусларнинг оёғида янги этик, янги ботинка, эгнида оҳори тўкилмаган костюм ё гимнастёрка бўларди. Лагеримизнинг блатной-зўравонлари уларнинг эгнидаги кийимларни кўришлари биланоқ ўзаро тақсимлаб олардилар. Орадан бирон ҳафта ўтиб, ўша кийимларни блатнойларнинг эгнида кўрардик.
Бу галги этапда келганлар зўравонларимизга ёқмади. Ҳар бири ўн-ўн беш йиллаб СССРнинг жамики лагерларида яшаб, қирриқ бўлиб кетган, наинки бировга ўз кийимини берадиган, аксинча, бировларникини қийқиртириб ечиб оладиган, бети қаттиқ маҳбуслар эди.
Солдатлар, лагер назоратчилари уларни битта-битталаб санаб, ювилавериб ранги унниқиб кетган кулранг курткаларидаги, шимларидаги рақамларни текшириб ўтказа бошладилар. Шунда маҳбуслардан биттаси менга жуда таниш туюлди. Унинг ғамгин ва лекин лоқайд кўзлари… Қаерда кўрганман уни? Таниш, жуда таниш!
Олди тиканли сим билан тўсилган баракда янгиларни бир неча кун карантинда сақлайдилар. Ҳозирча уларни бошқа маҳбусларга қўшмайдилар. Овқатни ҳам пақирда обориб берадилар.
Баҳорнинг илиқ-иссиқ кунлари эди. Янгилар яланғоч бўлиб барак олдидаги майдончада чалқанча ётиб, баданларини офтобга тоблардилар. Улар Шимол лагерларида ойлаб офтоб кўрмай, ранглари синиққан кишилар эди. Уларни бир-икки ойгина ёз бўладиган, офтоб эса туман орасидан худди дока орқасига ёқилган шамдек хира кўринадиган, бизда баҳор офтоби чарақлаб турган шу кезларда ҳам қиш бўронлари увиллаб турган жойлардан олиб келишган. Бу маҳбуслар учун Жезқозғон энг яхши курортлардан ҳам афзал эди. Яланғоч ётганларнинг баданида игна санчиб ёзилган сўзлар, турли шармсиз сувратлар, бирида «туққан онамни унутмайман» деган ёзув бўлса, бошқасининг кўкрагида карта, аёл кишининг расми билан бир шиша ароқ тасвирланган. Тагида: «Мана шулар бизни хароб қилди», деган ёзув бор. Деярли кўпчилигининг кўксида яланғоч аёлларнинг турли ҳолатдаги сувратлари бор эди. Бу манзара қамоқхонадаги «рассом»ларнинг асарлари намойиш қилинаётган кўргазмага ўхшарди.
Менга таниш туюлган махбус эса негадир ечинмай, кийим-боши билан офтобда ётарди.
Ким у? Кўзимга жуда иссиқ кўриняпти. Бориб ўзидан сўрасаммикан? Бунинг имкони йўқ. Соқчилар, назоратчилар уларга яқин йўлатмайди.
Мендан сал нарида ёши етмишлардан ошган, умрининг ўн беш йилдан ортиғини лагерларда ўтказаётган Олимжон домла ҳам уларга маъюс қараб турибди.
Домла ғалати одам эди. У ҳеч ким билан сирлашмасди. Бировга на дардини айтарди, на қувончини. Кўпчилик уни орқаворотдан «индамас домла» деб атарди. У яхшиликка ҳам, ёмонликка хам бирдек лоқайд эди. Аммо унинг ҳозирги ҳолати бошқача. Офтобда яланғоч ётганларга қараб ичи ёниб, куйиб, ўртаниб кетаётгани шундоққина билиниб турарди. Зимдан унга кўз ташлайман. Уни ҳеч қачон бундай алпозда кўрмагандим. У йиғларди. Кўзларидан оққан ёш соқолларига томарди. Домла қимирламас, ҳар киприк қоққанда мижжаларида тўпланиб қолган ёш дув тўкиларди.
Назоратчи келиб сим тўсиқнинг бериёғида тўпланиб қолган томошабин маҳбусларга, кетинглар, деб буюрди.
Махбуслар нари кетишди. Домла ҳам ёшли кўзларини кафтига артиб, бошини эгганича кетди.
Мен лагерда рассом эдим. Бир вақтлар рассомлик мактабида ўқиганим яшаш, ишлаш қийин бўлган бу жойларда асқотди. Вазифам — маҳбусларнинг кийимларига рақам ёзиш, жез конида ишлаб қайтган бригадаларнинг қанча руда қазиб чиқарганини катта-катта плакатларда акс эттириш ва уларни лагернинг кўринарли жойига илиб қўйиш эди.
Тушликдан кейин устахонамга бош назоратчи бир қоп кийим олиб келди-да, шуларга то кечки овқатгача рақам ёзиб, тайёр қилиб қўйишимни буюрди.
Бу янги келганларга бериладиган кийимлар эди. Шимларнинг чап тиззасидан юқориси, курткаларнинг елкасидан пасти совун қутисича келадиган жойидан қайчида қийиб олинган. Устидан оқ латта тикиб қўйилган эди. Агар маҳбус рақам ёзилган латтани олиб ташлаб қочиб кетса, қидирувчилар кийимидаги қийиб олинган жойидан билиб оладилар. Шу латталарга маҳбусларнинг рақамини ёзишим керак. Рақам офтобда ҳам, қор-ёмғирда ҳам ўчмайдиган қора лак билан («Кузбас лак» билан) ёзилади. Лак совуқда тошдек қотиб қолади. Новвойхонадан тошкўмир чўғини куракчада олиб келиб, лак солинган банкани унинг устига қўйдим. Лак эригандан кейин боя назоратчи бериб кетган рўйхатга қараб, рақамларни ёзишга киришдим. Рақам ёнига маҳбуснинг исм-фамилияси қайд этиб қўйилган эди. Ўн еттинчи курткага рақам ёзмоқчи бўлиб рўйхатга қарадиму ҳайратдан ёқамни ушладим. «ЕЕ3781» рақами ёнига «Кимсанбой Ёлқинов» деб ёзиб қўйилган эди. Эрталабдан бери хаёлимдан кетмаётган «ким у» деган жумбоқ ечилган эди.
Олисда қолган беозор, шўх, ерга урса осмонга сак-райдиган тизгинсиз болалигим, тезроқ катта бўлиб, азиз ва жонажон Ватанга хизмат қилиш, «халқлар доҳийси, улуғ ва меҳрибон отамиз Сталинга содиқ бўлиш» орзуси юрак-юракларимизда жўш урган қайноқ ёшлигимиз кўз ўнгимдан чақмоқдек бир ялт этиб ўтди.
Кимсанбой! У бизнинг болалардан чиққан қаҳрамонимиз эди. Уттизинчи йилларда унинг суврати газеталардан тушмасди. Мактабларда, пионер уйларида, истироҳат боғларида, ёшлар лагерларида одам бўйи қилиб чизилган сувратлари бир қарашда кўзга ташланадиган жойларга илиб қўйиларди. Ва суврат тагига: «Пионер! Каҳрамон Кимсанбой Олимжоновга салют бериб ўтишни унутма!» деб ёзиб қўйиларди. Бутун Ўзбекистон болалари ундан ибрат олишга, у адо этган ватанпарварлик жасоратини такрорлашга қасамёд қилишарди.
Унинг отаси Олимжон Рахмонов район маориф бўлимининг мудири эди. Тарих билимдони бўлган бу одамни райондаги жами тарих ўқитувчилари устоз деб атардилар. Ҳатто уйига ҳам келиб, ундан Туркистон тарихи бўйича билмаганларини сўраб билиб олардилар. Унинг уйида китоб кўп эди. Алоҳида битта уйдаги токчаларга жуда ноёб китоблар териб қўйилган эди. Домла бу китобларни бировларга бермасди. Зарур бўлса, шу ерга келиб ўқишгагина рухсат берарди. Амир Темур, Мирзо Бобур, Наргаахий, Форобий, Шарафиддин Али Яздий, Нажмид-дин Кубро, Ал-Беруний, Хожа Аҳрор, Аҳмад Яссавий каби алломаларнинг ўтган асрларда хаттотлар томонидан кўчирилган ноёб қўлёзмаларини Домла кўз қорачиғидек асрарди. Кечалари еттинчи лампа ёруғида тонг отгунча мутолаа қиларди.
Кўпинча Домланинг уйига кекса зиёлилар тўпланиб, тарихда ўтган ўзбек мутафаккирлари тўғрисида суҳбатлар қилишарди. Йиғилганлар Олимжон домланинг билимига, билағонлигига қойил қолардилар. Сухбат ўз-ўзидан ота-боболари Шаҳрисабз барлосларидан бўлган буюк шоир Мирзо Абдулқодир Бедилга бориб тақаларди. Бедилхонлик бошланарди, кўплаишб Бедилнинг сирру сеҳрга тўла ғазалларининг мағзини чақишга киришиб кетардилар. Албатта, Олим домланинг талқинлари ҳаммани лол қолдирарди. Ўшандай суҳбатларнинг бирида гап айланиб Фузулийнинг битта ғазалига бориб қадалди. Меҳмонлардан бирови Фузулий ҳам ўзбеклар орасида Навоий даражасида машҳур эканини, унинг кўп ғазаллари ўзбек ҳофизлари томонидан қўшиқ қилиб айтилишини гапириб қолди.
— Домла, Фузулийнинг бир ғазали бор, мағзини сира чақолмадим. Кўп билимдонлардан сўраганимда тайинли бир жавоб беролмадилар. Шу тўғрида сизнинг фикрингизни билмоқчи эдим.
Олимжон домла нариги хонадан Фузулийнинг дево-нини олиб чиқди. Кўзойнак тақиб, дўстининг тиши ўтмаган ўша ғазални топди. Чироққа солиб, икки-уч марта ўкиди.
— Хўш, қайси жойига тушунмадингиз? — деб сўради дўстидан.
— Фузулий шундай деб ёзади: «Ғамларим шунча КЎПКИ, туянинг устига ортсам, зиндонга ташланган кофирлар озод бўлади». Хўш, нима учун озод бўлади?
— Тушунмадим.
Домла ўйланиб қолди. Дарҳақиқат, туянинг устига ғам юкини ортса, нега кофирлар озод бўлади? Домла кўп ўйлади. Кейин бошини кўтариб меҳмонларга қаради.
— Гап бундоқ. Бу сирнинг маънисига етиш учун Фузулий яшаган даврга мурожаат қилиш керак. Ўша даврдаги ривоятларни, мақолу маталларни, ҳатто қўшиқларни хам билмоқ керак. Бир ривоятда одамлар Аллоҳдан, эй тангрим, зиндонда ётган кофирлар қачон озод қилинади, деб сўрабдилар. Аллох, туя игнанинг тешигидан утгандагина кофирлар озод қилинади, деб жавоб қилган экан. Фузулий ана шу ривоятни ғазалига асос қилиб олган. Яъни: «Менинг ғамларим шунчалик кўпки, туянинг устига ортсам, кўтаролмай, озиб, ипдек бўлиб қолади». Ипдек озиб қолган туя игнанинг тешигидан бемалол ўтиши мумкин. Демак, кофирлар зиндондан озод қилинади.
Домланинг бу қадар билимдонлигига қойил қолишди, тахсинлар ўқишди.
Домланинг бўйига етиб қолган эгизак қизлари бор эди. Шу эгизаклардан кейин кўрган болалари турмади. Бир ёшга тўлар-тўлмас вафот этавердилар. У ҳар гал ой-куни яқин қолган хотинининг дўппайиб қолган қорнига қараб: «Кимсан, ўғилмисан, қизмисан?» деб куларди. «Агар қиз бўлсанг, отингни Кимсаной қўяман, ўғил бўлсанг, Кимсанбой кўяман», дерди ширин бир энтикиб. Хайрият, ўғил туғилди. Оти Кимсанбой бўлди. Шу бола ўн икки ёшга кирди. Бешинчи синфда ўкийди. Домла китоб титиш билан овора. Тонг отгунча ўтириб, нималарнидир ёзади. Ёзган мақолалари «Маориф ва ўқитувчи», «Маданий инқилоб» газеталарида бот-бот босилиб туради.
Кимсанбой мактабда фаол пионерлардан. У Ленин, Сталин тўғрисида ёзилган шеърларни ажиб бир маҳорат билан декламация қилади. Уни район, ҳатто вилоят миқёсида ўтадиган тантанали йиғинларга, слётларга, ўқитувчиларнинг конференцияларига чақириб, шеърлар ўқитишади. Олимжон домла унга, болам, бунақа ҳавойи ишларга жуда хам берилиб кетма, ё артист бўлмоқчимисан? Яхшиси, дарсингни тайёрла. Жамоат ишлари дарсдан кейин бўлсин, деб насиҳат қиларди. Бир хонада домла қалам қитирлатади, Кимсанбой бошқа хонада ҳар хил ҳаракатлар қилиб, баланд овоз билан шеър декламация қилади.
Бир куни мактаб директори уни дарс пайтида идорага чақиртирди.
Директорнинг кабинетида нотаниш одам ўтирарди.
— Бу ўртоқ сен билан гаплашгани келганлар. Сизларни холи қолдираман, гаплашиб олинглар, — деб директор чиқиб кетди.
Нотаниш одам гапни нимадан бошлашни билмай, бирпас унга тикилиб ўтирди. Кейин портфелидан газета олиб унинг олдига қўйди. Бу Москвада чиқадиган «Пионерская правда» газетаси эди.
— Иккинчи саҳифадаги мақолани яхшилаб ўқиб чиқ, — деди у, — сувратга ҳам яхшилаб қара. Қахрамон пионер Павлик Морозов шу бўлади.
Кимсанбой ўрисчани дуруст билмасди.
Павлик Морозовни халқ душманлари ваҳшийларча ўлдиришган. У ватанга содиқ, Ленин-Сталин ишига ҳаётини бағишлаган замондошимиз. Унинг отаси халқ душмани, Шўро тузумини ағдариб ташлашни ният қилган. Павлик ўша душманнинг сирини фош этади. Ҳозир Шўролар жумҳуриятининг ҳамма жойида Морозовчилик ҳаракати бошланиб кетди. Ёш ватанпарварлар ички душманларни фош қилиш учун қасамёд қилмокдалар. Сен ҳам шу ҳаракатга қўшилишинг керак. Бу сенинг муқаддас бурчинг. Биз айтган ишларни бажарсанг, сени Бутуниттифоқ пионерларининг «Артек» номли лагерига юборамиз. Фаол пионерларнинг Москвада бўладиган слётида ҳам қатнашасан. Ўша ерда буюк устозимиз, доҳиймиз Сталинни кўрасан.
Кимсанбойнинг кўзлари яшнаб кетди. «Мукаддас пойтахтимиз улуғ Москвани, тирик доҳийни кўриш, Қора денгиз соҳилидаги жаҳон болалари дам оладиган лагерда шоҳсупага кўтарилиб шеър ўқиб берса борми!..» Кимсанбой шошиб қолди.
— Мен нима иш қилишим керак?
— Аввало, ўртамизда бўлиб ўтган бу суҳбатни бировга айтмасликка сўз берасан. Бундан кейинги суҳбатларимизни ҳам сир сақлайсан. — У шундай дея туриб, портфелидан бир варақ қоғоз олиб унга узатди. — Бунга имзо чекиб бер. Аввал ўқи, кейин имзо чек.
Қоғозга шундоқ сўзлар ёзилган эди: «ТИЛХАТ. Менким, Кимсанбой Олимжон ўғли ГПУ ходими М. Мансуров билан бўлган суҳбатимизни бировга айтмайман. Отам Олимжон Раҳмоновнинг хатти-ҳаракатларини кузатишга сўз бераман. Уйга келадиган меҳмонлар билан нималар тўғрисида гаплашганини ёзиб бераман. Агар бўлиб ўтган гапларни, отам хақида тўпланган маълумотларни бировга айтсам, жиноят кодексининг тегишли моддаси бўйича жазоланаман».
— Ўқиб бўлдингми? Энди имзо чек!
Кимсанбой ўйлаб ўтирмай тилхат остига имзо чекди.
— Тилингга эҳтиёт бўл. Отанг ҳақида ёзиб қўйган хатларни хар ҳафтанинг душанба кунлари ўзим келиб, шу ердан олиб кетаман. Агар бировга айтсанг, ё отангга билдирсанг, худди Павлик Морозовдек ҳалок бўласан. Янаги келишимда, агар айтганларимни уддаласанг, вилоят пионер ташкилоти сени қўл соат билан мукофотлайди, билдингми?
ГПУ ходими Мансуров ҳар душанба куни мактабга келар, Кимсанбой ёзиб қўйган маълумотларни ўқиб кўргач, бошқатдан ёздирарди.
— Керакли гапларни ёзиш керак. Фактларга сиёсий тус беришни ўрган! Бобокалон доҳиймиз Карл Маркс: «Дин халқ учун афюндир», деган. Уйимизга келган мехмонлар Ахмад Яссавий деган реакцион диндор шоирни кўкларга кўтариб мақташди. Халқни асоратга солувчи шеърларини ўқишди, деб ёзиш керак. Алишер Навоий «Хамса»ни, «Чор девон»ни ёзганда Пушкиннинг хабаш бобоси Ўрта Ер денгизининг жанубий қирғоқларида чиғаноқ териб юрарди. Мирзо Улуғбек Самарқандда Расадхона барпо этган пайтларда ўрислар хохолларнинг малайи эди, чипта ковуш кийиб юришарди, деган гапларни айтишди, деб ёзгин!
— Бунақа гапларни энди сиздан эшитиб турибман… Қандоқ қилиб ёлғонни ёзаман?!
Бирдан Мансуровнинг жаҳли чиқиб кетди.
— Ёзавермайсанми, тирранча! Айтмаган бўлишса, энди айтишади! Халқ душманлари ҳамма гапларни бирдан айтиб қўя қолишмайди. Улар ниҳоятда пихини ёрган, ниқобланган ёвларимиз.
Кимсанбой бир ҳафта мобайнида жонини жабборга бериб тўпланган маълумотларни қайтадан Мансуров айтгандек қилиб ёзди. Тагига имзо чекди.
— Ҳа, балли! Мана шунақа қилиб ёзиш керак. Менга қара, вилоят пионер ташкилоти сени қўл соати билан мукофотлади. Ма, тақиб ол! Эҳ-ҳе, сени ҳали қанча мукофотлар кутяпти!
ГПУнинг пионер ташкилоти номидан берган соатини Мансуров Кимсанбойнинг билагига тақиб кўйди.
Кимсанбой ўзида йўк шод эди. Эртага болаларнинг кўзини ўйнатиб тақпб юраман. деб қувончини ичига сиғдира олмай, Мансуровга миннатдорчилик билдириб, у билан хайрлашди. Мансуров кетар чоғида: «Қанақа ёзишни билиб олдинг-а?» деб эслатиб қўйди.
Бу хил маълумот ёзишлар уч ойдан ортик давом этди. Бу орада «пионер ташкилоти» Кимсанбойни велосипед билан ҳам мукофотлади. Ўша ойнинг охирларига бориб Кимсанбой Бутуниттифоқ пионерлари слётида катнашиш учун Москвага кетди.Ўзбекистондан Кимсанбойга ўхшаган «Морозовчи»лардан яна ўн бир бола бор эди. Слёт қатнашчиларидан ўн етти нафар бола «Ҳурмат белгиси» ордени билан мукофотланди. Ўлар орасида Кимсанбой Олимжонов ҳам бор эди. Кимсанбой Иттифоқ оқсоқоли Калинин кўлидан орден олар экан, президиумда қарсак чалаётганлар орасида «букж доҳий, халқлар отаси Сталин»га кўзи тушди. Ўзини тутолмай ҳўнграб юборди.
У Москвадан қайтиб келганда дадаси йўк Эди. Олимжон домла билан яна етти ўқитувчи қамоққа олинган экан.
Улар нима гуноҳ қилган эканлар, деб ҳайрон бўлган одамлар газетада босилган «Маорифга уя курган қузғунлар» номли макрлани ўқиганларидан кейин нима гаплигини билдилар. Биров: «Буни каранглар-а, домла туппа-тузук одам эди, одамнинг оласи ичида, деганлари бежиз эмас экан», деса, яна бирови: «Пухта ниқобланган, айёр одам экан», дейди. «Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин хам чикади, ҳушёр бўлиш керак, бунақалардан ҳали орамизда кўп бўлиши мумкин», дейдиганлар ҳам бўлди. Дунёнинг ишлари хўп қизиқ-да, ота — сотқин, боласи — чин ватанпарвар!
Кимсанбойни икки марта терговга чақириб, отаси билан юзлаштирдилар. Олимжон домла бу ишларда ўғлининг ҳам кўли борлигини билмасди. Юзма-юз пайтида Кимсанбой айтган гапларни эшитиб, ёқасини ушлади. Терговчининг: «Шу гаплар ростми? Тасдиқлайсизми?» деган сўроғига жавоб бермади. Пешонасига шапиллатиб уриб: «Э-э, аттанг, аттанг! — дея ўғлининг бетига қараб: — Илоё, жувонмарг бўл! Умринг хор-зорликда ўтсин! — деб юзига фотиҳа тортди.
Москвадан «Тройка» Олимжон домлани ўн беш йилга ҳукм килгани тўғрисида қоғоз келди.
Орадан саккиз йил ўтди. Кимсанбой йигирма ёшга тўлди. 1942 йили армия сафига чақирилди. Қишлоқлардан фронтга кетаётганларни тантанали кузатиш маросимига юздан ортик комсомол аъзолари тўпланди. Бўлажак жангчилар номидан «Ҳурмат белгиси» ордени нишондори Кимсанбой Олимжоновга сўз берилди.
— Мен ҳаёт-мамот жангига кетяпман. Халқ душманининг ўғли бўлиб эмас, асл ватанпарвар, доҳий Сталин фарзанди бўлиб урушга кираман. Бугундан бошлаб фамилиям Олимжонов эмас, Ёлқинов бўлди. Кўксимда буюк Сталин билан жангга кираман! — У шундай деб кўйлаги ёқасини ечиб юборди. Ўнинг кўксида игна санчиб ишланган Сталиннинг суврати бор эди. — Улуғ доҳий жангда менга мададкор бўлади, — деб сўзини тугатди Кимсанбой.
Қарсаклар янгради. Олқишлардан маст бўлган Кимсанбой кўксини очганча тантанавор илжайиб турарди…
Шу тобда қамоқхонанинг кулранг курткасига «ЕЕ3781» рақамини ёзар эканман, кўзларимга ишонмай, ракам ёнидаги фамилияга яна бир марта қарадим. Адаш-мабман. Унга «Кимсанбой Ёлқинов» деб ёзилган эди.
Боя офтобда ётган маҳбусларга қараб юм-юм йиғлаётган Олимжон домла — Кимсанбойнинг отаси. Кийимини ечмай ётган, боши бир томонга қийшайган маҳбус — собиқ каҳрамоғг пионер Кимсанбой Олимжонов эди.
Олимжон домла ўғлини таниди. Аммо Кимсанбой отасини танимади.
Орадан беш-ўн кун ўтиб янги маҳбуслар карантиндан чиқди. Уларни учта-тўрттадан қилиб баракларга жойлаштиришди. Очиқ конда портлатилган руда харсангларини вагончаларга ортадиган бригадаларга қўшиб юборишди.
Кимсанбой лагернинг ўзида — «зона»да қолдирилди. Чунки унинг ўнг кўли синиб, қийшиқ битиб қолган. Юрганда боши у ёқ-бу ёққа оғиб кетаверади. Кўзи ҳам хиралашган. Олдида турган одам туман орасидан кўринаётганга ўхшайверади. Лекин эшитиш қобилияти жуда кучли.
Янгилар келгандан кейин лагердаги маҳбуслар ҳаёти бирдан ўзгариб кетгандек бўлди. Ҳаёт ҳаёт эканда. Маҳбуслар ҳар қандай азоб-уқубатлар ичида ҳам, эртага уларни даҳшатли фожиа кутаётганини сезганда ҳам яшаш тарзини ўзгартирмайди. Оғир, жуда оғир меҳнатдан толиқиб келиб, тўрт қошиққина сули бўтқани еб олиб, баракда ўринга ечинмай ётиб ором олади. Назоратчи махбусларни санаб, баракни устидан қулфлаб қўйгандан кейин бир дамгина асил инсонликка қайтгандек бўладилар. Бу барак уларнинг дахлсиз ватани, уйи, ҳовлиси бўлиб туюлади. Бунда уят, жуда уят латифалар айтилади. Барак деразалари кулгидан зириллаб кетади. Бунда маҳбуслар хаёлларига эрк берадилар. Бошларидан ўтган воқеаларни сўзлаб берадилар. Айтаётган саргузаштлари, албатта, ёлғон гаплар. Ҳеч ким ёлғон айтяпсан, демайди. Ёлғон бўлса ҳам қизиқ бўлса бас.
Бири профессорнинг ўғлиман, деб Большой театрнинг ёш бир раққосасини йўлдан урганини, жуда озғин экансан, деб эрталаб уйидан ҳайдаб юборганини худди рост гапдек ҳаяжон билан айтиб беради.
— Шу десангиз, — деб гап бошлайди яна бири, — СИБЛАГдалик пайтимда жуда бадтарин, жоҳил бир началнигимиз бўларди. Бир кўзи шишадан эди. Жаҳл билан столни муштлаганда шиша кўзи отилиб чиқиб столга, ундан сакраб ерга тушарди. Шиша кўзни кўпчилик бўлиб излаб тупрокдан топиб, ювиб берардик. Бир куни кўзи отилиб ерга тушганда билдирмай бир тепган эдим, руда олиб кетаётган транспортёр лентасига бориб тушди. Руда билан вагонга тўкилди. Буни ҳеч ким сезмади. Ўша куни кечгача эллик киши кўзни қидиршди. Топилмади. Началник янги кўз буюртма қилиш учун Москвага кетди. Бир ой йўқ бўлиб кетдию янги кўз билан келгунча отпускага чиққандек яйраганмиз, — дея ғурур билан ғирт ёлғон ҳикоясини кула-кула тугатади.
Яна бири «Огонёк» журналида босилган чиройли бир йигитнинг сувратини қийиб олиб, машҳур киноактрисага ўлдим-куйдим деб ёзган хатига қўшиб жўнатганини, актрисадан «иккинчи бунақа аҳмоқлик қилманг, бу ўз эримнинг суврати-ку» деган жавоб олганини айтганда барак ичи, бомба портлагандек, кулгидан ларзага тушганди.
Янгилар келгандан кейин бу кулгилар, бу хил қувноқ суҳбатлар барҳам топганди. Бунга сабаб — янгилар асосан «сексотлар», «стукачлар» эди («сексотлар», «стукачлар» маҳбуслар тўғрисида бошлиқларга яширинча маълумот бериб турадиганлар).
Янги келганлар ичидаги зўравонлар «маҳаллий» зўравонларнинг кўзини очирмай қўйди. Улар ошхонага бориб, кўичилик билан овқатлангани ор қиладилар. Бизнинг зўравонларимиз уларга овқат ташиб, қўлини артишга сочиқ тутиб турадилар. Қариндошларидан посилка олганлар қурук қўл билан қолаверадилар. Туққан онаси пишириб юборган тансиқ ширинликлар ҳам ўша зўравонларнинг насибаси бўлиб қолганди.
Сексотларни, стукачларни бир лагерда узоқ ушлаб турмасдилар. Уларнинг айғоқчилиги очилиб қолиши билан бошқа лагерга жўнатардилар. Агар жўнатмасалар, маҳбуслар уларни албатта ўлдириб юборардилар.
Кимсанбой ҳам фаол сексотлардан эди. Воркута лагерида маҳбуслар уни уриб, маълумот ёзадиган ўнг қўлини тирсагидан синдиришган эди. Балхаш лагерида орқа миясининг пастига, қоқ энсасига белкуракнинг сопи билан уриб, чуқурга ташлаб кетишган. Соқчилар унинг додлаган овозини эшитиб, чуқурдан чиқариб олишган. Ана шундан кейин унинг ўнг қўли тирсагидан қотиб, боши гоҳ ўнгга, гоҳ чапга ўзидан-ўзи бурилиб қоладиган, соғ қўли билан тўғрилаб, олдинга қаратиб қўйса, боши мусичанинг калласидек олд-орқасига силтаниб, бориб-келаверадиган бўлиб қолганди.
Июль ойининг охирларига бориб ҳаво ниҳоятда исиб кетди. Дарахтсиз, гиёҳсиз, тупроғига мис кукуни аралашган ер қиздирилган товадек бўлиб, кирза ботинканинг таг чармидан ўтиб, оёқни куйдирарди. Маҳбуслар баракларнинг соя томонларида жон сақлашарди. Тердан шалаббо бўлган курткаларини тошларга, қизиган тупроққа ёзиб қуритишарди. Кўпчиликнинг курткаси ювилавериб, рақамлари ўчиб кетганди. Шундай пайтларда менга иш кўпаярди. Кийимида рақами ўчган маҳбусларни соқчилар дарвозадан чиқаришмас, менга юборишарди.
Олимжон домла олдимга келиб, орқа ўгириб тиззалади-да, елкасини тутди. Янгилар келгандан бери домла озиб кетди. Яна беш-олти ёш қаригандек эди.
— Домла, яхши юрибсизми? — дедим елкасига рақам ёзарканман.
— Худога шукур, ўлмаган қул яшайвераркан.
— Шу дейман, домла, ёшингиз ҳам бир жойга бориб қолди. Катталарда инсоф йўқ-да. Сизни ишга чиқармасалар ҳам бўларди.
Домла сергакланди. Унинг кўнглидан, нега бундай деяпти, сексот эмасмикан, деган хаёл ўтдиёв!
— Жуда унчалик қари эмасман. Берган нонини оқлаб юрибман.
Сут ичиб оғзи куйган одам қатиқни ҳам пуфлаб ичади, дегандек, домланинг ҳам кўп марта оғзи куйган кўринади.
Қамоқхоналарнинг «телеграфи» жуда аник ишлайди. Кайси лагерда қандок воқеа юз бергани уч кунга қолмай хамма лагерларга етиб боради. Кайси шахар турмасида кимлар ётгани, улар кайси модда билан айбланаётганлари, улар орасида сексотлар бор-йўқлигини аниқ биладилар. Янгиларнинг кўпчилиги сексот экани тўғрисидаги хабар ўша куниёқ келган эди. Олимжон домла узок йиллардан бери қамоқда яшаб лагер хаётининг минг бир чийриғидан ўтиб, пишиб кетган одам эди. Шунинг учун ҳам у биров билан дардлашмас, ўз ёғига ўзи қоврилиб юраверарди.
Маҳбусларни конвойлар ишга хайдаб кетгандан кейин уч минг кишилик лагер бўшаб қолди. Менинг эрталабки хизматим ҳам шу билан тугади.
Энди баракка кетмоқчи бўлиб турганимда, калласини ликиллатиб Кимсанбой келди.
— Биродар, шу ортиб колган лакни менга берсангиз.
— Лакни нима қиласиз? — дедим.
— Керак, йўқ деманг.
— Майли, олинг, — дедим лак солинган тунука банкани унга узатиб.
— Раҳмат, — дея оркасига бурилар экан, соғ кўли билан калласини барак томонга тўғрилаб қўйдида, аста кета бошлади.
Ажаб, Кимсанбой таниб бўлмас даражада ўзгариб кетибди. Навқирон ёшида юзларини ажин қоплабди. Кўз косалари чукурлашган, сочлари тўкилиб, боши яланғочланиб қолганди. Аммо кўзлари, овози ўша-ўша, болалигидагидек эди. Кунлар чидаб бўлмас даражада исиб кетган бўлишига карамай, у ҳамон томоғигача тугмалари кадалган курткасини тердан бижғиб кетган бўлса хам ечмасди. У хар куни эрталаб қора лак олгани олдимга келадиган бўлди. Шундай кунларнинг бирида унинг кимлигини ўзига айтдим.
— Отангиз сизга хўп билиб от қўйган экан. Қаранг, кимлигингизни ўзингиз ҳам билмайсиз.
Унинг кўзлари олазарак бўлиб қолди. Кўлига тиралиб ўрнидан турмоқчи бўлганди, чап қўли кучсизлик қилиб яна ўтириб қолди.
— Кимсанбой, мендан яширмай қўя қолинг, — дедим босиқлик билан. — Икковимиз битта қишлоқнинг боласимиз. Кимлигингиз кафтимнинг чизиғидек аён. Сиз Павлик Морозовнинг садоқатли издошисиз. Ўз отангизни ГПУга сотганингиз учун «Ҳурмат белгиси» ордени билан мукофотланган Кимсанбой Олимжоновсиз. Сизларни фронтга кузатиш маросимида қишлоқ комсомолларига: «Мен кўксимда буюк Сталин билан жангга кираман». деб кўкрагингиздаги Сталттн сувратини минбарда туриб кўрсатганингизда мен ҳам бор эдим. Сизга қора лак нима учун кераклигини биламан. Сталиннинг суратини чаплаш учун керак. Бунақа қилишнинг энди фойдаси йўқ. Саратон иссиғида терлаган баданга бўёқ ёпишмайди. Кўчиб кетаверади. Бундан ташқари… — деб зимдан унга назар ташладим. Бопга ўнг томонга бурилиб қолганди. — Кўксингизда Сталин борлигини зеклар аллақачон билиб олишган. Якшанба куни сизни ечинтириб, кўкрагингиздаги қора лакни керосин билан, солярка билан, бензин билан Сталиннинг суврати кўрингунча ишқаламоқчилар. Кўксингиздаги Сталинни минг-минглаб маҳбусларга кўрсатишмоқчи. Сизга маслаҳат, хўжайинингизга айтинг, сизни ё вақтинча қамаб қўйсин, ё бошқа лагерга жўнатиб юборсин.
Хоинни огоҳлантириб тўғри иш қилдимми, билмадим. Ҳарҳолда бир қишлоқдан бўлганимиз учун шундай қилдимми, билмайман, билмайман.
Кимсанбойнинг калласи чапдан ўнгга, ўнгдан чапга муттасил бориб келаверди. Худди тутқаноқ тутаётганга ўхнтарди. У машаккат билан ўрнидан туриб, бошини барак томонга тўғрилаб қўйди. Барибир боши ён томонга силкинаверганидан йўлни кўролмай гандираклай бошлади. Икки марта йиқилди. Яна турди. Кўр одамдай тусмоллаб юра бошлади. Унга ҳам раҳмим келди, ҳам упдан жирканиб кетдим.
Эртасига у қора лак олгани келмади. Тушликка яқин учинчи баракда нимадир бўлди. Ўша томонга санитар югуриб ўтди. Лагер касалхонасининг жарроҳи — каторжпик Штокман ва замбил кўтарган икки санитар изма-из ўша ёққа югуриб кетишди. Бир оздан кейин замбилда конга беланган Кимсанбойни касалхонага олиб ўтишди.
— Кўксига пичоқ санчибди, — деди барак навбатчиси. — Баттар бўлсин! Итга ит ўлими. Маҳбуслар барибир уни тирик кўйишмасди.
Кечқурун ишдан қайтган Олимжон домла касалхона бараги олдида у ёқдан-бу ёққа асабий бориб-келиб турибди. Эшик олдида махорка чекиб турган санитардан:
— Аҳволи қалай? — деб сўрадим.
— Билмадим, ҳозирча бир нима дейиш қийин. Пичоқ юрагига бир сантиметрча кирган.
Эрталаб санитар олдимга келиб:
— Бемор Ёлқинов сизни сўраяпти, — деди.
Кимсанбой кўкка боқиб ётибди. Ора-сира ожизгина инграб кўяди. Тепасига бориб, ахволини сўрадим. Унинг хуши жойида эди. Фақат кўп қон кетганидан жуда ҳолсиз, бемажол.
— Ҳамқишлоқ, яқинда муддатингиз тугаб уйга кетасиз, — деди у паст товушда. — Илтимос, дадам қамоқдан қайтиб келган бўлса, менинг узримни етказинг. Гуноҳини қони билан ювди, деб айтинг.
У чарчадими, ҳартугул, анча пайтгача индамай ётди. Навбатчи санитар, керакли гапини айта олмаяпти, деб ўйлаб бизни холи қолдириб чиқиб кетди.
— Бу дунёнинг азобларидан кутулишимга саноқли соатлар қолган. Сиздан ўтиниб сўрайман, Штокманга айтинг, жоним узилиши билан танам совумай, жасадим қотмай туриб кўксимдаги Сталин сувратини терим билан шилиб олсин. Фашистларнинг концлагерида ўликларнинг терисини шилишда Штокман ассистентлик қилган. Қандоқ шилишни яхши билади. У дунёга ҳам Сталин билан кетмай. У билан битта қабрда ётгулик қилмасин.
Унинг бу гаплари илтимос эмас, васият эди.
— Хотиржам бўлинг, албатта унга айтаман, — деб ваъда бердим.
Фашистларнинг концлагерида Кимсанбой Ёлқинов ўликхонага қоровул бўлган деб эшитган эдим. Ўлган асирларни тиканли сим билан ўралган жойга саржинга ўхшатиб тахлаб қўйганлар. Қиш чилласида ўликлар тошдек қотиб, музлаб қолади. Уларнинг оғизларидаги тилла тишларини олғирлар қоқиб кетмасин, деб қўриқлашарди. Баданида яра-чақаси йўқ ўликларни ичкарига, иссиқхонага олиб кирганларида муз эриб, мурдаларнинг бадани юмшаб қолади. Шундан кейин терисини шилиш осон бўлади. Бу терилардан танноз хонимларга сумкачалар, танга-чақа соладиган ҳамёнчалар, қайишлар ясашарди. Баъзан ёрилган барабанларга ҳам қоплашар эди.
Кимсанбойнинг олдидан чиқиб, жаррох Штокманнинг хонасига кирдим. Ёлқиновнинг васиятини унга айтдим. Штокман бош чайқади.
— Буни ҳатто хаёлингизга келтирманг. Умримда бунақа иш қилмаганман. Аммо қилмаган ишимни зўрлаб бўйнимга қўйиб, отувга ҳукм қилишганди. Кейин отув ҳукмини йигирма йиллик каторгага алмаштиришди. Кечирасиз, яна бошқатдан отувга ҳукм этилишни истамайман!
Шу билан Штокман гапни кисқа қилдию мени хонасидан чиқариб юборди. Эрталаб борганимда санитар Ёлқиновнинг саҳар пайтида жои берганини айтди. Ичкарига кириб мурдани кўрмоқчи бўлдим. Икки санитар унинг устидаги чойшабни очиб, Сталиннинг сувратини томоша қилишаётган экан. Пичоқ Сталиннинг чап кўзидан сал пастроғига санчилган эди. «Доҳий»нинг суврати шу қадар маҳорат билан ишланган эдики, худди тирикка ўхшаб кўринарди. Ажаб, ўлик танада тирик Сталиннинг суврати.
Мендан олдин Олимжон домла келиб, мурдага узоқ тикилиб ўтирганини, ўпкасини босолмай ўкириб йиғлаганини айтиб беришди. Қайтиб чиққанимда домла эшик кесакисига бошини тираб, ҳолсиз бир алпозда турарди.
— Домла, бир мусулмоннинг боласи оламдан ўтди, —дедим. — Шунга жаноза ўқитсак бўлармиди?
Домла индамади. Узоқ сукутдан сўнг:
— Унга жаноза лозим эмас, — деди. — Кўкрагида кофирнинг суврати бор. Энди у бежаноза, бекафан кўмилади.
У шундай дедию гандираклаб-гандираклаб, барак орқасига ўтиб кетди.
«Доҳий» Сталиннинг жасади тупроққа кўмилмади. Уни ичига похол тиқиб, мавзолейга, устози Ленин ёнига ётқизиб қўйдилар.
Бу ерда эса у бир хоиннинг баданига ёпишиб, атиги битта мурда аранг сиғадиган гўрига шерик бўлиб ётибди.
Шу билан ичимиздан чиққан хоиннинг жирканч умри якун топди.
1999 йил, 17 июнь.