Кампир тушида ўлиб қолганмиш. Чоли белини бойлаб йиғлаш ўрнига ҳиринг-ҳиринг кулармиш. Айниқса, жасади қабрга қўйилаётганда чоли аллақайси ашулани хиргойи қилаётган эмиш.
Кампир чўчиб уйғониб кетди. Қараса, чоли бемалол хуррак отяпти. У жаҳл билан чолининг биқинига биттани солди. Чол ҳовлиқиб ўрнидан туриб кетди. Тирсаги ясама тиш солиб қўйилган сув тўла стаканга тегиб кетди. Стакан сўридан тушиб синди.
— Ҳой, бу нима қилганинг, кампир?
Кампир кўрпани елкасига тортиб ўтириб олган, чолини ғажиб ташламоқчидек ўқрайиб турипти.
— Жинни-минни бўлдингми, бу нима қилиқ?! Соат учдан ошди-я, жанжалга кундузи вақтинг етмайдими-а?
— Менга қаранг, мен ўлсам суйинасизми, хафа бўласизми?
Чол ҳайрон бўлди. Нима дейишини билмай бирпас анграйиб, унга қараб турди.
— Қўй, хотин, ўлма. Ўлсанг мен нима қиламан? Аввал мен кетай: доғингни кўрмасдан олдин кетай.
— Хитрийлик қилманг. Ичингизда, қачон ўларкинсан, деб турибсиз, биламан.
Чол э, боре, деб яна ёстиққа бошини ташлади.
Қоқ ярим кечаси кампирнинг жанжал бошлашига кўрган туши сабаб бўлса, бунақа туш кўришига нариги маҳалладаги Бувниса кампирнинг бева қолиши сабаб бўлди.
Бувниса кампирнинг эри ўтган ой қазо қилди. Ана, шундан кейин буларнинг турмушидан файз кетди. Кампир эри сал кеч қайтса, пиёлани чойнакка, чойнакни товоққа уриб жанжал бошлайди.
Бунақа жанжалнинг ҳам сабаби бор. Чол бирон ойдан бери ҳовлига қарамай кўйди. Телевизорни тузаттириб келаман деб дастурхонга тугиб айвонга опчиқиб қўйганича, ҳали ҳам ўшандоқ турипти. Ҳар йили икки-уч марта хом-ток қилинадиган ток сўрида бир-бирига ўралишиб, узуми қайси, барги қайси билиб бўлмай қолди. Ғўрасига аллақачон кул тушиб кетган. Семиренка олма ўлгир-ку, тиргович қўйилмаганидан шохлари ерга тегиб ётибди. Чол бўлса, эрталаб чиқиб кетганича кечаси қайтади. Қаёқда санқиб юради, сўраса, ҳазилга олиб, кундошингнинг рўзғорини бутлаяпман, эртага томини суваб бераман, дейди.
Гапнинг очиғини айтганда, бева қолган Бувниса кампир қиз пайтида кампирнинг эри билан дон олишган. Ҳатто, иккаласи ота-оналарига билдирмай қочиб кетишганда Кўктерак деган жойдан тутиб келишган. Бувнисанинг дадаси, қизим эрсираб қопти, деб зудлик билан бир косиб йигитга бериб юборган. Ўшанда кампирнинг эри, Бувнисани бир кун бўлса ҳам хотин қилмасам палон бўлай деб қасам ичиб қўйган экан. Орадан олтмиш бир йил ўтди. Кечаги ой Бувнисанинг эри қазо қилди. Кампирнинг назарида худди ўша кундан бери эри уйга вақтида келмай қўйганга ўхшайди.
Мана, ҳатто, бугун тушида ҳам шу ишга алоқадор воқеанинг гувоҳи бўлди. Ҳеч бир дунёда олтмиш йиллик қадрдони ўлганда ҳиринглаб куладими? Бу туш бежиз эмас. Бир балоси бор, бу чолнинг.
Чол ёнбошига ағдарилиб хуррак тортди. Кампирга унинг бу қилиғи баттар алам қилди. Агар эртага ҳам кеч қайтадиган бўлса, онамникига кетиб қоламан, деб дилига тугиб қўйди. Қани, ёлғиз қолиб кунини кўрсин.
Айтганча кампир етмиш тўртга кирган. Онаси уни ўн тўрт ёшда туққан бўлса, бу йил саксон саккизга кириб ҳилвираб турибди. Ўша ёққа борармиш.
У шундай ният билан уёқдан-буёққа ағанаб ухлаб қолди. Эрталаб чолнинг бақиришидан уйғонди.
— Афзал, турсанг-чи, ғафлат босиб ётаверасанми?! (Чол уни тўғич ўғлининг номини айтиб чақирарди).
Кампир шошиб кўзини очди.
— Нима дейсиз, Афзал? (Кампир ҳам эрини тўнғич ўғлининг номи билан чақирарди).
— Протез тишим қаёқда?
— Мен қаёқдан билай, истаконни ўзингиз тушириб юборган эдингиз-ку, Тузукроқ қаранг.
— Қарадим, истакон синиғидан бошқа нарса йўқ. Бекитган бўлсанг бер.
— Вой, нега бекитаман? Кечаси Мош ўлгир девор тагида бир нимани қитирлатиб ёяётган эди. Ўша жойни қаранг.
Чол девор тагини қараса, ясама тиши икки бўлиниб ётибди. Мош ясама тишни суяк деб ўйлаб, бир-икки ғажиб кўрган, мазаси суякка ўхшамаганидан ташлаб кетган эди. Чол тишни кўлига олиб бошини сарак-сарак қилди. Нима қилишини билмай, анча вақтгача айвон лабида ўтирди. Кейин хотинига ялингандек сўри ёнига келди.
— Афзал, сенинг протезинг менга тушармикан?
— Вой, нима деяпсиз? Афзал, сиз от жағсиз, сизга тўғри келмас.
Чол унинг гапига қарамай, стакандаги кампирнинг протез тишини олиб лунжига тикди. Дарҳақиқат кичик экан, оғзининг ўртасида қолиб кетди.
Бир ҳисобда чолнинг тиши сингани яхши бўлди. Ҳадеб Бувниса ўлгирнинг олдида гижинглайвермайди.
Кампир яқин бир ойдан бери унинг кийимларига дазмол босмай қўйган. Олифта бўлиб юраверадими. Чол соқолини шилта қилиб яктагига сув пуркаб дазмол босарди. Бугун тиши синиб баттар бўлди. Энди кўчага ҳам чиқолмайди.
Чолга алам қилган экан, чойга ҳам қарамай маҳаллага чиқиб кетди. Намозхон чоллардан ясама тишингни бериб тур, деб икки-учтасига ялиниб кўрди, бўлмади. Бири тўйга борадиганман, деди, бири бенамоз одамга тишимни бермайман деди, бири хибсиҳатга тўғри келмайди, деди.
Кампир ҳовли супураётганда тажанг бўлиб қайтиб кирди-ю, подвалдан омбир, сим опчиқиб ясама тишини бир соатча уриниб омонатгина қилиб улади. Ариқ бўйида ётган мушукка ҳокандоз отиб чиқиб кетди.
Кампир унинг орқасидан мазза қилиб кулиб қолди. Чолининг қаёққа кетганини билади. Бошқа тиш ясатгани дўхтирга кетган.
Бирдан кампирнинг юрагини ваҳм босди. Чол ўлмагур шу қилганингга мана, деб Бувнисаникига кўчиб кетса-я! Худо асрасин-е!
Чол шу кетганича қоронғу тушганда қайтди. Тиш докторининг миясини ачитиб, куни билан тепасида туриб янги тиш ясатиб опти.
Чол шошиб овқат еди-ю дазмол қиздириб шимига, яхтакларига боса бошлади.
— Ҳа, мунча қистов? Уйланяпсизми?
— Шундан бошқа гап йўқми? Самарқандга кетяпман. Тўрт кунда келаман. Чемоданларимни тайёрлаб қўй.
— Самарқандда нима бор экан? Пенсияга чиққан одам уйда ўтирсангиз бўлмайдими?
— Сен нимани тушунардинг. Афросиёбдан топилган сопол синиқларини текшириб кўришга қарашворгин, дея Яҳёхон жияним чақиртиряпти.
Кампир ишонмади. Аммо бир сўзли чолга кор қилиш қийинлигидан энсаси қотиб, юзини тескари ўгирди.
— Билиб қўйинг, тўрт кунда келмасангиз, ойимникига кетиб қоламан.
Эртасига чол кетди. Кампир армиядаги ўғлига посилка жўнатаман деб почтага кетаётган эди, эшигининг олдида ўтирган Бувнисани кўриб тўхтади. Ичида, адойи тамом бўпти-ку, деб қўйди.
Дарҳақиқат, Бувниса кампир, айниқса, эри ўлгандан кейин икки букчайиб қопти. Кўзи ҳам унча кўрмайди шекилли, кампир яқинига келганда ҳам танимади. Овозидан аранг билди. Ҳол-аҳвол сўрашишди. Кампир ундан кўнгил сўради. Бувниса ёлғизлигидан нолиди. Кейин кампирнинг тирикчилигини суриштирди.
— Турмуш ўртоғингиз омон-эсон юриптиларми? (Бувниса ҳам телевизор кўрадиган кампирлардан бўлиб, янгича гапларга ўрганиб қолган эди). Чолим ўлиб, пенсия тўхтаб қолди. Менга бермаяпти. Закска қоғозинг йўқ, дейди. Турмуш ўртоғингиз йўл-йўриқ биладиган одам, битта ариза битиб берармиканлар, деган эдим.
Кампирнинг хаёли бирпасда минг ёққа бориб келди. Эрим Самарқандга кетдим, деб мени лақиллатиб, Бувнисаникида бекиниб ётган бўлса-я! Йўғ-е, ўлиптими!
Ундоқ десам, чолим бир сўзли. Йигит пайтида қасам ичкан-а, бир кун бўлса ҳам Бувнисани хотин қилмасам, палон бўлай… Вой шўрим!
Тўрт кун эмас, уч кунда чол қайтиб келди. Кампирига шифон отрез, бир халтада кўк майиз, бир халтада қовурилган нўхот, олтита нони пўлодий олиб кепти. Яҳёхон жияни билан Шоҳи Зинда олдида суратга тушган экан, шуларни кўриб кампир эрининг Самарқандга борганига аниқ ишонди.
Хотиржамлик яхши нарса-да, одамнинг тушига ҳам яхши нарсалар киради.
Буни қаранг, кампир яна туш кўрди. Тушида келинлик пайти эмиш. Эри негадир эшикдан кирмай, ўз уйига девор ошиб тушаётган эмиш. Бир маҳал қараса Бувниса эрини калтак олиб қувиб келаётган экан, эри шунинг учун ҳам эшик қолиб девор ошаётган экан.
Кампир уйғониб, тушини яхшиликка йўйди.
— Хайрият, эримнинг касамини худо дилидан кўтарипти. Бўлмаса шундоқ йигитни Бувниса калтак олиб қувлармиди…
Шундан кейин кампир ёнбошлаб ҳуррак тортаётган эрининг орқа курагини авайлаб силай бошлади.
Шу топда эрининг улар уришиб қолган пайтларида, ҳу, қўша қаринглар, деган мулланинг соқоли куйсин, деб сўкишлари сира эсига келмасди.
Чолнинг соқолига ўхшаб оппоқ тонг ота бошлади.