Саид Аҳмад. Ўн саккиз ёшинг (ҳикоя)

Не ажаб, чун сарвинозим ўн сакиз ёшиндадир.
Ўн сакиз минг олам ошуби агар бошиндадир
Навоий

Ўн саккизга кирган одамнинг кўзига олам жилва қилади. Камалакнинг етти рангидан етмиш минг ранг ясайди. Эчкининг ёқимсиз маъраши ҳам қулоғига бул-бул навоси бўлиб киради. Юлдузларга қўли етади, тубсиз уммонлар тиззасидан келади.
Ўн саккизга кирмабсиз, дунёга келмабсиз!
Мана, ўн саккизга кирганлардан бири каттакон терак тагида хаёлчан турибди. У ҳали шу ёшга етиб оғзига ичкилик деган нарсани олмаган. Аммо қип-қизил маст. Овози дўриллайди, ҳуснбузар тошган юзларида бир чиройли хаёл излари бор. Мана шу боланинг ўн саккизга кирганига бугун роппа-роса тўрт ой бўлди. Шу ёшга кирди-ю, шунақа хаёлчан, бўлар-бўлмасга хўрсинадиган, кечаси ойга қараб ўзича шеър тўқийдиган бўлиб қолди.
Кексалар! Сиз ҳам шу ёшингизни эсланг!
Қишда саримсоқ пиёз еган одамнинг оғзидан кўклам жаласи қуйиб ўтган теракзорнинг иси келади. Сиз ҳам болалигингизни эсласангиз унутилган муҳаббат яна туғёнга келади. Мана шу хўрсиниб турган, юзига ҳуснбузар тошган йигит сизсиз, шу сизнинг ўн саккиз ёшингиз.
Йигитча хўрсиниб турган кўчанинг бу кўчанинг бу бетида баланд иморат бор. Иккинчи қаватнинг балконида яқинда ўн саккизга кирган бир қиз кафтини иягига тираб ўтирибди. Ўзи унча чиройли эмас, аммо ўн саккизга кирган қизнинг хунуги бўлмайди, буни биласиз. Бечора қиз келин аясининг пардоз қутисини титкилаб йўлакда юзига упа сураётганида акаси келиб қолиб бир тарсаки еганидан, ёнидан бир жуфт кино билети чиқиб қолиб гап топиб беролмай довдираганидан унинг неча ёшга кирганини билиб тургандирсиз. Бунақа иш ўн саккизга кирган қиз боланинг қўлидан келади.
Э, аяжонлар! Кўчадан куёвнавкар ўтса қавиб турган кўрпангизни супада қолдириб девордан қарайдиган, бувижонлар, ҳа, нима, ўн саккизга кирмай ҳатлаб ўтиб кетмагандирсиз. Кулманг, ўзларингиз ҳам худди шунақа бўлгансиз. йиғлагансиз, кулгансиз, хўрсингансиз, дўриллаган овоз эшитганингизда юрагингизда от ўйнаган.
Йўл ўртасида эзмаланиб гаплашиб келаётган икки кекса ўтиб кетгандан кейин, йигит жадал юриб балкон тагига келди. Унинг шарпасини сезган қиз бармоғини лаблари устига кўндаланг қўйиб қошларини керди-да, чироқни ўчириб ғойиб бўлди. Зум ўтмай, у йигит олдида пайдо бўлди. Ҳамма ёқни атир ҳиди тутиб кетди.
Иккови индашмай йўл ёқалаб кетаверишди. Анҳор томонга бурилишаётганда қиз мажнунтолнинг осилиб ётган новдасидан баргларни қисимида сидириб олди-да, йигитнинг устидан сочиб юборди. Йигит ундан қасдини олмоқчи бўлиб интилган эди, қочди. Кўприкка етмай йигит уни тутиб, бағрига босиб, ўпиб-ўпиб олди. Қиз унинг қучоғидан юлқиниб чиқиб, катта харсангга ўтириб қолди.
— Шунақасан-да, Анвар,— деди қиз ундан ўпкалагандек кулиб.
Анвар унга яқин келишга юраги дов бермай сал нарироқда хансираб турарди.
— Бўлди, энди — деди қиз жиддий оҳангда. —Энди нима қиламиз. Жуда бошим қотди-ку. Айтдим-ку, сен билан мендан киноартисти чиқмайди, деб.
Анвар қўл силтади.
— Кўришолмайди, режиссёрининг гапини қара, илм керак, дейди. Нима ўнинчини бекорга битириб қўйибмизми? Ролни берсину ўйнаганимизни томоша қилаверсин. Майли, кимлигимни уларга кўрсатиб қўяман. Қурилишга бораман. Сен нима қиласан? Сенга нима, сендан артист чиқади. Сал кунда хизмат кўрсатган артист Умидахоним Болтаева бўлиб кетасан.
Умида шарақлаб кулиб юборди.
— Э, омон бўл-э, бўлмади. Аризамнинг устига бўлмайди, деган резолюция қўйиб қайтиб беришди. Хайр, алвидо кино экрани! Тўқимачилик комбинатига ишга кираман. Ўша ерда ҳаваскорлар тўгарагидан ўсиб чиқаман.
Улар гоҳ куйиниб, гоҳ кулишиб анча пайтгача анҳор ёқалаб айланиб юришди.
Анвар билан Умида бир партада ўн йил ёнма-ён ўтириб ўқишди. Шу ўн йил ичида озмунча хаёл суришмади. Анвар кунига бир касб танларди, Гоҳ учувчи, гоҳ машҳур артист, гоҳ дипломат бўлиб дунё кезарди. Мана бугун ҳаммаси чиппака чиқди кетди. Умида бўлса қайси журналда киноартистларнинг сурати чиқса қирқиб олар, ҳинд қизларига ўхшайман, деб икки қошининг ўртасига хол қўйиб, капрон шарфга пистон қадаб кунора суратга тушарди. Уни ҳам кинога олишмади.
Беқарор, беқўним ёшлик уларни не кўйларга солмади.
Бу кеча ҳам уларнинг маслаҳати пишмади. Эртага яна шу ерда учрашишга аҳд қилиб ажралишди. Яна ўша кўча бетидаги балконнинг чироғи ёнди. Яна ўша хаёлчан ўтириш…
Анвар бўлса маст одамдек каловлаб санқиб уйига қайтди. Ўрнига ётиб кўзи илинмади. Умиданинг юзи экранда каттакон бўлиб кўринаверди, У гўё бу ёққа кел, деб уни экранга чақираётганга ўхшайверди. Охири хаёли тушга уланиб кетди.
Иккови ўйнаган рангли кино қўйилаётган эмиш. Залда ўтирганлар бир экрандаги Анварга, бир залда ўтирган Анварга қараб қандай бахтли одам экан-а, дейишаётган эмиш. Кино тугагандан кейин уларнинг ҳар икковини ҳам томошабинлар ўраб олиб чапак чалишармиш. Бир томошабин худди унинг қулоғи тагида жуда ҳам қаттиқ чапак чалар эмиш. Анвар уйғониб кетиб қараса, у ётган каравотнинг бош томонига қўниб олган хўроз қанот қоқиб энди қичқираман, деб турган экан.
Анвар тушни бўлган хўрознинг оёғидан ушлаб улоқтирди. Барибир хўроз ариқ лабида туриб уни масхара қилгандек яна қичқириб юборди.
Тўкилган олмаларни териб юрган ичкуёв поччаси пичинг қилди:
— Ётаверасизми, халқ артисти. Бошингизга офтоб келиб қолди-ку, ишлар нима бўлди? Қабул қилишмаганга ўхшайди. Яхшиси, юринг мен билан, экспедицияга олиб кетай. Икки йил менинг партиямда ишлаб, кейин институтга кирасиз.
Анвар поччасининг ишини ёмон кўрарди. Шу ҳам иш бўлдими, чўлу биёбонларда тупроқ ковлаб, эски иморатларнинг қолдиғини топиш. Бу ишда қаҳрамон бўлиш қийин. Бўлса поччаси бўларди. Минг йил олдинги тангаларни, кўзачаларни топган. Нимаси қизиқ! Космонавт бўлса бошқа гап. Бир марта осмонга чиқиб орбитани айланса бўлди, ерга тушиши билан Олтин Юлдуз тайёр. Аммо космонавт бўлиш учун математикани, физикани яхши билиш керак. Анвар ҳар иккаласидан ҳам зўрға учга илинган. Ундан ташқари, Анварнинг бўйи узун, новча. Кабинага сиғмайди, сиққанда ҳам икки букилиб ўтириш керак.
Бола бечора минг хйл ўйлар билан тентиб қурилиш майдонига келиб қолибди. Ҳамма ёқ чанг, шовқин. Самосваллар у ёқдан-бу ёққа вағиллаб ўтиб турибди. Шарақлатиб шағал тўкади, қаердадир қалдираб бетон қорадиган машина айланади. Бирпасдаёқ Анварнинг боши айланиб кетди. Кимдир: «Қоч, э, бола», деди. Анвар ўгирилиб қараса, цемент деворни хартумида кўтараётган баҳайбат краннинг тагига келиб қолган экан. У четга чиқиб кран бошқараётган кишининг ҳаракатларини кузатиб турди. Кран хартуми деворни ҳаволатиб обориб учинчи қават томининг қирғоғига қўндирди. Девор қўнган жойда электр пайвандлари чақнади. Анвар анграйганича туриб қолди. Кранчи Анварга қараб нимадир деди. Анвар у нима деётганини тушунмади. У икки бармоғини лабига қўйиб нафасини ичига тортиб кўрсатди-да, ниманидир унга ирғитди. Кейин у дўнг орқасидаги автолавкани кўрсатди. Анвар у ташлаган нарсани олиб қараса «Беломор»нинг пачкасига ўраб ташланган пул экан. Анвар дарров тушунди-ю, папирос олгани дўконга қараб чопди. У қайтиб келганда кранчи яна битта деворни қўндириб бўлган экан. Анвар унга папиросни кўрсатган эди, у бу ёққа чиқ, деб имлади. Анвар шошиб темир пиллапояларга тармашиб чиқа бошлади.
Кран пастдан унча баланд кўринмаган эди. У то кранчининг олдига чиққунича нақ қора терга ботиб кетди. Бирдан муздек шамол эсиб унинг баҳри-дилини очиб юборди. Папиросни эгасига бериб атрофга қаради. Ҳамма ёқ кўриниб турибди. Шаҳар четидаги иморатлар худди туман орасидан кўринаётганга ўхшайди. Ҳамма ёқ иморат, иморат. Узоқда кўм-кўк дарахтлар орқасидан Комсомол кўли ойнадек бўлиб ялтираб турибди. Краннинг қоқ белида Анварнинг шундоқ таккинасида бир гала каптар пилдираб учади.
Кранчи папиросни ўт олдириб бир-икки марта тўйиб-тўйиб тортди-да, Анварга қаради.
— Раҳмат, акаси, зап иш қилдинг-да, жуда хумор бўлиб тургап эдим.
Анвар унга маъноли илжайиб қўйди.
— Ўқийсанми, ишлайсанми? — деди кранчи пастга, хартум илгагига цемент қоришмаси солинган темир тосни илаётганлардан кўз узмай.
— Ишламайман ҳам, ўқимайман ҳам. Ўқишни битирдим, энди ишламоқчиман.
— Менга шогирд тушмайсанми?—деди у қоришмани тўртинчи қавати битмаган бино тепасидан айлантириб ўтиб янги пойдевор қўяётганларнинг олдига тушираркан.
Анвар нима дейишни билмай ўйланиб қолди,
— Ё космонавт бўлмоқчимисан? Ҳозир ҳамма ёшлар космонавт бўлишни мўлжаллашяпти. Ке, сен билан биз ўша космонавтларга уй қурайлик, нима дейсан!
Анвар мундоқ қараса кранчилик ҳам ғалати ишга ўхшайди. Бирдан унда кранчи бўлиш орзуси туғилди. Ёшлик шунақа бўлади. То бир касбнинг бошини тутгунча ўзини у ёқдан-бу ёққа ураверади. Ўн саккиз ёш ана шу беқарорликнинг марраси — охири бўлади.
— Рост айтяпман, шогирд тушсанг, сал кунда кранчи қилиб қўяман. Мана шу кран икковимизники бўлади. Биласанми, бу кран билан республикани айланиб чиққанман. Бу ёғига икковимиз ишлаймиз. Қараб турсам яхши болага ўхшайсан. Хўш, нима дейсан?
Анвар «бўпти» деб юборганини билмай қолди. Тамом! Анварнинг болалиги битди!
— Ҳали обедда конторага бирга борамиз, ўша ерда ишни битказамиз. Ҳозир уйингга бориб ҳужжатларингни олиб кел. Ана, энди менга халақит берма. Техника хавфсизлигининг инспектори кўриб қолса бошим балога қолади.
Анвар пилдираганича пастга тушиб кетди.
Яна ўша анҳор бўйи.
Яна ўша сичқон тешган элакдек ой. Юлдузлар куйган қозон тагидек жимир-жимир қилиб туришибди. Анҳор шалоплаб қирғоққа сапчийди. Ой аксини майдалаб оқизиб кетмоқчи, мажнунтол новдаларига осилиб бир дам тўхтамоқчи бўлади-ю, эплолмайди. Ҳарсанг тош устида оёғини сувга ботириб Умида ўтирибди. Анвар ҳовлиқиб-ҳовлиқиб гапиради.
— Биласанми, биласанми, дунёда кранчиликдек қойил иш йўқ. Шундоқ тепасига чиқиб қарасанг дунёнинг нариги чеккаси ҳам кўринади. Мен ўша ердан туриб сизларнинг томларингизни кўрдим. Кўллар, боғлар, иморатлар… Битта самолёт худди-худди оёғимнинг тагидан ўтиб кетди.
Умида кўзларини катта-катта очиб унга қараб турибди. Чой қоғозини бурдалаб ташлагандек ой тангалари сув бетида милт-милт оқади. Катта кўприк устидан ўтаётган машина чироқларининг акси худди сувга бир шўнғиб олгандек нариги қирғоққа етмай сўнади.
Қиз йигитнинг гапларига чидамай кетди.
— Комбинатга борганмисан, ўзинг. Комбинатнинг қанақалигини биласанми, ўзинг. Вой бў… Мен тенги қиз бир юз ўн иккита дастгоҳни юритяпти. Қирқ минг одам ишлайди. Кранни гапирасан-а. Кранинг нима бўпти, бу дастгоҳларнинг олдида. Комбинатда бир йилда чиқадиган матони ер шарига ўрасанг ернинг очиқ жойи қолмайди. Кранларингу, жамики қурилишларингни ўраб ташлайди.
Анвар ҳам бўш келмади. У кранчини мақтайвериб охири гап тополмай қолди. Аммо Умида комбинатда кўрганларини гапириб тугатолмасди.
Анвар мундоқ қараса, Умида лабига қизил суртганга ўхшайди. Тикилиб кўрса рост.
— Бу нима, япги калишнинг ичидек қип-қизил қилиб.
Умида пиқ этиб кулиб юборди. Унинг бу кулгисида? Сен учун, сен учун тентак, деган маъно барқ уриб турарди.
Шу кеча уларнинг хаёлига киноартист бўлиш деган гап келмади. Ҳар иккови ҳам янгидан танлаган касбларини тилдан қўймасдилар.
Ўн саккиз ёш шунақа бўлади. Гўдаклик хаёллари яратган орзуларини тумандек тарқатиб, янги орзулар яратади. Яратади-ю, уни ҳақиқатга айлантиради.
Ажаб эмас, энди бу икки ўсмир киноэкранларида артист бўлиб эмас, артистлар булар бўлиб кўринса.
Ўн саккизга кирмабсиз, дунёга келмабсиз!
1965 йил.