Идора бошлиғи эрталаб ишга мушугини ҳам олиб келадиган одат чиқарди. Тиззасига мушукни ўтқазиб, бир қўлида уни силаб, бир қўлида ҳужжатларга имзо чекадиган бўлди.
Йиғин пайтида ҳам коллектив олдида у мушугини силаб туриб нутқ сўзлади.
Шунда ходимлардан бирининг ғаши келиб:
— Хўжайин, ташқарида ҳаво яхши, офтоб чарақлаб турибди. Мушукни қўйиб юборинг, офтобда бир яйрасин, — деди.
Хўжайин шунақа гапни бир ҳафтадан бери кутарди. У салмоқланиб деди:
— Бу мушук текинга офтобга чиқмайди.
Шу-шу бўлди-ю, идора ходимлари ойига икки мартадан мушукни офтобга олиб чиқиб ўйнатиб келадиган бўлишди. Мушукнинг офтобга чиқиши унчалик қиммат эмас. Бир кишига эллик сўмдан, холос.
Хўжайин бир йилга қолмай мушук пулидан ўғлига «Жигули» олиб берди.