Кундузи ҳаво жуда яхши эди. Кечаси бунақа бўрон бўлишини ким билибди? Мўйлов, Бесардан юкимни олиб келаман, деб машина сўраганда офтоб чарақлаб турган эди-я! Ўшанда машина бериб чакки қилган экан. Ҳалигача кўчада мотор гурилламайди. Қайтмабди-да!
Қўзибой у ёнбошидан-бу ёнбошига ағдарилади.
Ташқарида бўрон қутурган. Дарвоза тўғрисидаги сим-ёғочда ёниб турган электр чироғи лапанглаб, ҳали барг ёзмаган ниҳолларнинг соясини ердан олиб деворга уради, девордан олиб ерга уради. Симёғочнинг соясини бўлса ўз атрофида чир айлантиради. Бўрон ҳар хуруж қилганда деразага шитирлатиб қум сочади. Чўян қопқоғи очиқ қолган печка гоҳ бўрига ўхшаб увиллайди, гоҳ мушукка ўхшаб миёвлайди. Қўзибой уйғоқ. Ташқарига қулоқ солиб, кўрпани елкасига тортганича қимирламай ўтирибди. Қаердадир жаранглаб дераза ойнаси синди. Кимнингдир эшиги қарсиллаб очилиб ёпилди. Аллақайси томдан шифер кўчиб, тарақлаб ерга тушди. Қўзибой ўтирган ерида тимирскиланиб, шимининг чўнтагидан папирос олди. Хотинини уйғотиб юбормаслик учун гугуртни ҳовучининг орасига олиб чакди. Заиф шуъла панжаларини худди қизил бўёққа ботириб олгандек ёритди. Хотини Кокила уйғоқ, қоронғида нурли чизикдек нари бориб, бери келиб турган папирос чўғига қараб жимгина ётар эди.
— Э, ухламадингми? Қўрқяпсанми? Қўрқма! Бўронни энди кўряпсанми!
Хотини индамади.
— Бўрон қутуришга қутурди. Шунақа пайтда тўртта улфат бўлиб норин тўғраб ўтирсанг, роса гаштли бўлади-да, хотин.
Кокила эри бу гапни уни алаҳситиш учун айтаётганини билиб турарди. Бўлмаса, қум қутурган пайтда ким улфатчилик қилибди-ю, ким норин тўғрабди? Эрининг одатини билганидан индамай қўя қолди. Эр-хотин анча вақтгача жим қолишди. Охири хотини чидамади:
— Мени овутмай қўя қолинг, сираям қўрқаётганим йўқ. Қўрқсам, янги келган пайтларимда, ёлғиз ўзимни бий далага ташлаб, районга семинарга кетган пайтларингизда қўрқардим.
— Бўлмаса нимага ухламайсан?
— Ўзингиз-чи?
— Менинг йўриғим бошқа, — деди Қўзибой яна папирос тутатиб, — бошимда шунча иш… Саксондан ошиқ уйни қаққайтириб қўйдик. Энди йигирма бештасига одам келди. Пахтани икковимиз экиб, икковимиз терамизми? Шуларни ўйлаб уйқум келмаяпти, хотин.
Хотин эрини юпатмоқчи бўлиб, елкасини унинг елкасига ишқади.
— Жудаям ташвиш қилаверманг. Одам келади. Шу бугуннинг ўзида олти хонадон кўчиб келди. Эртагаям, индингаям келади. Ҳали қараб туринг, қурган уйларингизга одам сиғмай кетади.
— Буни сендан яхши биламан. Келадиган бўлса авжи экиш пайтида келсин-да! Бўлди, энди ухла! Нима бало бўлди, Мўйлов ҳали ҳам қайтмади-ку!
— Қайси Мўйлов? — деди хотини яна ёстиқдан бош кўтариб.
— Бугун кўчиб келган бақалоқ йигит-да. Матрос бола.
— Вой шўрим, шаҳарга кетганмиди? Хомиладор хотинини ёлғиз ташлаб-а? Ўрганмаган жой, юраги ёрилади-я! Қўрқаётгандир…
Хотинининг гапи оғзида қолиб, Қўзибой ўрнидан сакраб турди. Чироқни ёқиб соатига қаради: ўн иккидан ошибди.
— Нима қилмоқчисиз, бормоқчимисиз?
— Хабар олиш керак. — Қўзибой шундай деди-ю, шошиб кийина бошлади.
Хотин ҳам ўрнидан турди.
— Мен ҳам борай, хотин кишининг ёнига кечаси борсангиз, билган ундоқ дейди, билмаган мундоқ дейди. Эрининг ҳам кўнглига келиши мумкин. Мени ўша ерга ташлаб, ўзингиз қайтиб келарсиз. Уйда Бобир ёлғиз қолмасин, — деди Кокила. — Бечоранинг хотини жуда пишиб турган эди. Дард тутиб қолмасин тағин.
Эр-хотин ҳовлига чиқишди. Бўрон ҳамон авжида. Қўзибой кўзини қумдан сақлаш учун чопонини бошига ёпиниб, ҳовлининг нариги томонига ўтиб кетди-да, зум ўтмай, эгарланган от етаклаб чиқди. Эр-хотин отга минишди. Хотин эрининг орқасидан маҳкам қучоқлаб, кўзини қумдан яширганча жимгина борарди.
Шамол гувиллайди. Яқинда шағал тўкилган катта йўл четларидаги ниҳоллар тагини қум ўраб олибди. Лапанглаб турган электр чироқларининг нурида қум қуюни худди ёнбошдан ёғаётган қорга ўхшайди. Ниҳоллар тагида тўдаланаётган қум уюмлари эса, аста-секин ўрмалаб, уни ҳалқумидан бўғмоқчидек.
Катта йўл орқада қолди. Лампочкалар олисда сузаётган кема чироқларидек тебраниб милтирайди. Эр-хотиндан садо чиқмасди. Уларнинг ҳар бири ўз ўйи билан банд. Фақат отгина ҳушёр. У бошини сарак-сарак қилиб, индамай олдинга интилади. Ёлларини буйдалаётган бўронни сузиб ташлайдигандек бўйнини ғоз тутиб қоронғилик қаърига кириб кетмоқда. Эр мудрайди, хотин хаёл суради…
…Бир вақтлар Кокила ўнинчини битириб, артистка бўлишга аҳд қилган эди. Қайси бир журналки бор, янги моданинг расми чиқса, суриштириб ўтирмай, шартта йитиб оларди. Тўққизинчида ўқиб юрган пайтларидаёқ онасидан бекитиб сурма қўярди. Сочини, нақ тақимига тушадиган қоп-қора узун сочларини елкасидан кестирмоқчи бўлганда, акасидан роса калтак еган эди… Ҳаммаси ўтди-кетди. Болалик орзулари, шўхликлари битди, энди у балоғат остонасидан аллақачон ҳатлаб ўтган. Мана шу Қўзибой йўлида пайдо бўлди-ю, болалигини шамолдек аллақаёқларга тўзитиб юборди-қўйди.
Қўзибой армиядан ўзининг туғилиб ўсган қишлоғи Симсойга қайтиб келганда, Кокила ҳаваскорлар группаси билан Тошкентга фестивалга кетган эди. Кокила фестивалдан исми ёзилган тилла соат мукофот олиб қайтиб келса, бир вақтлар ўзи «хумкалла» деб лақаб қўйган Қўзибой армиядан қайтиб келиб, қизларнинг бошини айлантириб юрибди. Ўзи ҳам тўлишиб, савлатли, бўлиб кетибди. Эгнидаги ироқи куйлагининг кўкраги тирсиллаб турибди. Кокила уни кўрди-ю, эс-ҳушини йўқотди-қўйди. Уша куни кўзларига сурмани қалин чаплаб, Қўзибойнинг олдидан икки-уч марта атайлаб каклик юриши қилиб ўтди. Бутун вужудидан муҳаббат ва ёшликнинг фақат балоғатга етиб, овози дўриллаб қолган ўспиринларгина биладиган ғалати ғамзаси ёғилиб турган қиз Қўзибойнинг ҳам кўзини тиндирди. Бола оромини йўқотди. Атир ҳиди димоғига кирса, безовта бўладиган, ингичка овоз эшитса, кўзи сузиладиган бўлиб қолди.
Кокила бир кун магазинга кирганда ҳар балога аралашаверадиган, оти Усмон бўлса ҳам негадир, Осмон деб лақаб олган (балки лақабни ҳам Кокила қўйгандир), бурни япасқи йигит сичқоннинг думидек ингичка мўйловини бураб, унга маъноли илжайиб қўйди:
— Қўзибойни единг-а? Балосан, бало!
Кокила энсаси қотганидан лабини чўччайтириб, индамай чиқиб кетаверди. Сал нарироқа борганда, гап кор қилиб, орқасига қайтди.
— Нима дединг? Яна битта гапир-чи!
Бунақа пайтларда Кокиладан яхши гап чиқмаслигини билган Осмон гапни айлантирмоқчи бўлди:
— Менга қара, панбархит келди, бир отрез олиб қўйганман, ҳали айтиш эсимдан чиққан экан.
— Бояги гапни айт деяпман! Сен пучуқ обдаста ўлгурга ким қўйибди бировларнинг ишига аралашишни? Тегмаганимга алам қиляптими? Қўзибойга тегмоқчиман, билдингми?
— Э, — деди Осмон, — Қўзибой олиб бўпти сени, бошига урадими?
— Нима, нима? Олмай бўпти?
Кокила шундай деди-ю, тарс-тарс юриб чиқиб кетди.
Қиз айтганини қилди. Қўзибой беданадай патирлаб Кокиланинг тузоғига тушди. Бир ойдан кейин тўйлари бўлди, икки ярим ойдан кейин турмушлари бузилди. Қўзибой шинелини елкасига ташлаб, уйдан чиқди-кетди. Соч-соқоли ўсиб, ранги рўйи бир ҳолатда бўлиб, самоварларда ётиб юрди. Кокила ҳар куни гузарга чиқиб, кўпчиликнинг ўртасида «Ёш умримни хазон қилдинг!» деб уни юмма талар, гапга нўноқ Қўзибойнинг дилини сиёҳ қилишини қўймас эди. Катта-кичик ораларига ҳам тушиб кўрди. Кокила лўлилик қилиб, бировга гап бермай бидирлар, Қўзибой эса тўнғиллар эди. Хуллас, уларнинг муросаси тўғри келмай қолди.
Ораларига совуқчилик тушишининг сабаби шундай эди:
Кокила Тошкентга артистликка ўқишга кетадиган, лекин Қўзибойни ташлаб кетгиси келмай (қизлардан қизғанарди) уни ҳам шаҳарга бирга олиб кетмоқчи бўлди. Қўзибой унамади, жон деб ўқирдиму, яқинда армиядан келдим, тўй қиламан деб унча-мунча чиқимдор бўлдим, унинг устига, сендек кийимга ўч хотиним бўлса, ишлайман, деб туриб олди. Хуллас, у гапга, бу гапга кўнмади. Қўзибой Кокиланинг жанжалидан қочиб, чўлга қараб кетди. Колхознинг чўл участкаси ўша пайтларда Қўзибойни чақириб турган эди. Армия кўрган, интизомли, бақувват ёш йигит ишга ёпишди-қўйди. Раис ҳам, парторг ҳам севиниб кетишди.
Орадан бир йил ўтди. Қўзибой аввал бригадир, участка алоҳида колхоз бўлиб ажралиб чиққандан кейин эса, ўзи раис бўлиб қолди. Эри чўлга кетгандан кейин, ундан кўнгли тинчимай, Тошкентдан қайтиб келган Кокила таниш-билишларига: рўзғорли одамга ўқиш бўлмас экан, деб баҳона қилди.
Кимдир, Қўзибой уйланяпти, деб унинг юрагига ваҳима солди. Кокила ўша куниёқ чўлни бошига кўтариб шанғиллаганча Қўзибойнинг олдига борди. Шу борганча қимирламай қўя қолди. Театр ҳақидаги орзулари ҳам, пардоз-андоз ҳам, Симсой кўчаларини бурқситадиган атирлар ҳам эсидан чиқди. Сочини бошига турмаб, енгини шимариб, чўлга ишга киришди. Битта ўғил туғиб берди-ю, эр-хотин орасига меҳригиё тушди-қўйди…
Кокила ҳозир довулнинг гувиллашига қулоқ солиб, шулар тўғрисида ўйлаб кетмоқда эди. Қаердандир, жуда яқинда бўри улиди. Қўзибой хотинини алаҳситмоқчи бўлди.
— Костюмимнинг этагига қора мой тегибди. Эртага бензин олиб келиб бераман, тозалаб бер. Индинга райком бюроси бор, шу аҳволда бормай, хотин.
Кокила индамади. Худди отнинг тумшуғига тегай-тегай деб бир бўри олдиндан югуриб ўтиб кетди.
— Ит, ит-ку! — деди Қўзибой унинг бўрилигини била туриб. — Отабойнинг овчаркаси, танийман!
Хотини эрига билдирмай пиқ этиб кулиб қўйди.
Чўл чўллигини қиларкан. Боятдан бери ўнг томондан эсиб, қумни шопираётган бўрон энди чап томондан эсар, аллақаёқлардаги қумларни кўчириб келарди. От тиззадан қум кечиб, дўнг ошгандан кейин, яна яланглик бошланди. Олисда милтираб чироқ кўринди. Қўзибой жиловини тортмаса ҳам от ўша ёққа қараб юра бошлади.
— Қўркдинг-а? — деди Қўзибой хотиржам товушда, — бояги ит деганим бўри эди.
— Сиздан олдин билганман. Бўрини энди кўряпманми?
Янги қишлоққа кириб боришди. Бўм-бўш, ҳувиллаб ётган янги, оппоқ уйларнинг фақат биттасидагина чироқ ёнарди.
— Ҳали ётмабди. Қўрққандир бечора. Агар Мўйлов келмаган бўлса, сен ёнида қоласан. Ўзим қайтиб кетавераман.
— Қўрқмайсизми?
— Бўри ермиди!
Қўзибой эшик олдига келиб, отдан тушди. Қўлини пешонасига қўйиб, деразадан ичкарига назар ташлади. Кейин, отдан туш, дегандек хотинига қаради. Кокиланинг узангига оёқ қўёлмай қийналаётганини кўриб, тушириб қўйди-да, қўлидан етаклаб дераза олдига олиб келди. Ичкарига қарашди.
Ҳали жой солинмаган уйнинг бир четида самовар, сандиқ устида шолчага тугилган кўрпа-тўшак. Юзига доғ тушган қорачагина бир жувон орқасига болиш қўйиб, тиззасида чақалоққа кўйлакча тикяпти. Рангини офтоб оқартирган одеялга чалқамча ётиб олган мўйловдор йигит яланғоч қорнига боласини миндириб, нималардир деб жаврайди. Уни от қилиб миниб олган боланинг бир қўлида тешиккулча, бир қўлида қизил қоғозли конфет. Ерда ҳам конфет қоғозлари. Йигитнинг кўкрагига боши бургут, та-наси одам, оёқ томони балиққа ўхшаган сурат солинган.
— Қойилман, матрос! — деб юборди Қўзибой, унга ҳаваси келиб.
Электр чироғи кўзни оладиган даражада ёритиб турган чўл ўртасидаги уйда кишининг ҳавасини келтирадиган қандайдир бир ҳаловат, беозор, осуда ҳаёт гуркираб турарди. Ташқарида чўл бўрони қутуриб, қумларни чор атрофга пуркади.
Қўзибой билан Кокила бўронда тебраниб, нурда порлаётган осуда оила манзарасидан кўз узолмай туришарди.
— Сен шу ерда қол, энди мен кетаман.
— Кирайлик, хавотир олганимизни айтайлик-да! Билиб қўйсин ташвиш қилганимизни.
— Асло! — деб унинг гапини бўлди Қўзибой — Келганингни писанда қилмоқчимисан? Йўқ, хотин. Бировга яхшилик қилсанг, ўзига билдирмай қил, кимга миннатдорчилик билдиришини ўзи ҳам билмасин. Ана унинг гашти бошқача бўлади.
Кокила яна деразадан қаради. Энди бола «от миниш»дан зерикиб, дадасининг қорнида ўтириб мудрарди. Бирдан Кокиланинг эсига уйда ёлғиз қолган ўғилчаси тушди. Юрагини ваҳима босди. «Бола бечора уйғониб, ёлғиз уйда бўрондан қўрқиб ўтирган бўлса-я!»
Кокиланинг кўзига боя йўлни кесиб ўтган бўри кўриниб кетди. Шошиб бориб отнинг эгарига ёпишди.
— Юринг, кетамиз. Бобир уйғониб қолган бўлса…
Қўзибой илдам эгарга миниб, хотинининг қўлидан тортди. Отнинг сағрисига беозор бир-икки қамчи тегизди. Жонивор бошини силкиб, йўлга тушди.
Боя қум босган йўлларни энди терс эсаётган бўрон супуриб қўйган эди. Бўрон қутургандан қутуриб ётибди. Бўкиради, увиллайди. Шу довулга кўкрак тутиб кетаётган эр-хотин бахтиёр. Уларнинг ҳар иккови ҳам ваҳимали товушларга кулоқ солиб, ўз ўйи билан овора.
Одамзод қизиқ бўлар экан. Бўлмаса, Кокила шу ваҳимали, даҳшатли бўронда кета туриб ҳам пошнасй бигиздек туфли ҳақида ўйлармиди.
1961 йил.