Саид Аҳмад. Муштипар (ҳажвия)

Тескари ҳикоя

Қизим, сенга айтаман,
Келиним, сен эшит.
Мақол

У ичкуёв эди. Хотини ишга кетганда идиш-товоқларни ювиб, болани кийинтирар, кийимларига дазмол босиб, ҳаммаёқни ораста қилиб қўярди. Бу орада ун элаб, хамир қорарди, сигир соғиб, қатиқ ивитарди, қўл машинасини шитирлатиб, боласига ҳар хил кўйлакчалар тикиб қўярди.
Куёвдан ёлчиган қайнона уни ялаб-юлқарди. Тўй-ҳашамларга, лозимандаларга олиб борарди. Нима бало бўлди-ю, қайнона-куёвнинг ораларидан қора мушук ўтиб қолди.
Бола йиғласа, қайнона минғиллайди, самоварнинг ўти тутаса, қайнота дўнғиллайди.
— Ҳой, болага қаранг, қанақа ивирсиган куёвсиз. Онангиз ўлгур самовар қўйишниям ўргатмапти-да. Ҳозирги оналарга ҳайронман, ўғил бола-ку бировнинг хасми, ҳунар ўргатса бўлмайдими? Шунинг учун ҳам хотинга текканда калтакдан боши чиқмайди.
Куёв елиб-югуриб иш қилади. Кир ювиб туриб кўпик юқи қўли билан қайнонанинг оёғини уқалагани чопади, бодом туйиб докага солади-ю, боланинг оғзига тиқади. Келин ҳализамон ишдан келиб, самоварга чиқиб кетади. Овқатга уннаш керак, кийимларини дазмоллаш керак. Қайнотаси ифторликка борадиган, чакмонини чўткалаб, калишини ювиб қўйиш керак.
Шунақа ишлар билан куёв ҳеч ўзига қаролмайди. Бунинг устига, қайнонаси қизи келиши билан уни чақади:
— Синглиси келувди, нима бериб юборганини билмайман. Хумчадаги ёғ назаримда камайгандек. Уруғлари ўлгур мунча кўп. Хотин деганнинг топганини тежамаган эр эрми.
Эр жуда сиқилиб кетди. Хотини ишдан келганда кўз ёши қилди:
— Сиқилиб кетдим, жавобимни беринг, чиқаман.
Хотин дўнғиллади:
— Қўядиган эрим йўқ.
— Ҳеч бўлмаса, рўзғоримизни бўлак қилиб беринг.
Хотинга бу гап малол келди:
— Номард қиз она рўзғорини бўлак қилади. Эр топилади, она топилмайди.
Эр ҳурпайиб, икки кун йиғлади. Охири боласини кўтариб, уйдан чиқиб кетди.
Бечора муштипар эр, болани бағрига босиб, йиғлаб-йиғлаб онасиникига кетяпти.
Ўғил бола ёр-ёр билан уйдан чиқиб кетдими, қўшгани билан қўшма қарисин экан, бола кўтариб, уйга қайтиб келгулик қилмасин экан.
Онага қийин, қачон тенги чиқади-ю, қачон узатади.
Аммо битта боласи билан қаёққа ҳам сиғарди?
Ҳа, номард хотин!