Кеча жуда ойдин эди. Азамат теракларнинг япроқлари кумуш астарларини ойга тутиб, ором уйқусига кетишган. Фақат ариқлардаги тинмагур сувларгина қўнғироқ чалиб сапчишади, қирғоқлардаги гиёҳларнинг баргларини тортқилаб, уларни узоқларга олиб кетмоқчи бўлишади. Уяларида мудраган қушлар эса уйқусираб патирлаб қўйишади.
Шу ором ва фароғатга тўла саратон тунида боғ кўчадан бир қиз билан бир йигит келади. Уларнинг соялари олдинга чўзилган, худди шу сояни босиб олмоқчи бўладилар-у, етолмайдилар. Баъзан уларнинг бу узун соялари дарахт сояларига қўшилиб кетади-да, яна пайдо бўлади.
Улар анҳор кўприги устида тўхташди. Икковининг сояси кўприк устига кўндаланг тушиб ётиб олди.
— Қачон кетасан? — бу қизнинг овози эди.
— Ҳозир кетаман! — деди йигит бир қадам орқага тисарилиб. Унинг сояси кўприкдан ошиб, сув бетига тушди. Ойнинг сув жимиридаги чақини ўчди.
— Йўқ, Мирзачўлга қачон кетасан, деяпман.
— Бирон ҳафтадан кейин кетсам керак, — деди йигит бепарволик билан. Энди у яна олдинга чўзилди. Сув жилвасида яна ойнинг кумуш тангаси чақнади. — Ўзи уйинг қаёқда? Етай деб қолдикми.
Қиз орқасини ўгириб олди.
— Ўн йил бирга ўқиб, ҳалигача уйимни кўрмагансан-а, қўй-э. — Унинг овозида қандайдир ўпками, таънами, нимадир бор эди.
Улар бир неча минут сўзсиз туриб қолишди. Қиз кўприк панжарасига бағрини бериб, сув оқиб кетаётган томонга қараб турарди. Сув шалоплаб соҳилга урилади, орқага қайтмоқчи бўлади, аммо оқим кучи уни қуйига, туннинг сирру сеҳрига тўлган қўйнига олиб кетади.
— Совқотдим, — деди қиз титраган товуш билан.
— Уйингга кета қол бўлмаса, — деди йигит унга, раҳми келиб.
Қиз кескин бурилиб йигитга қаради. Қаради-ю, унинг кўзига тикилиб индамай қолди. У вужудида, қалбида нималар бўлаётганини билмасди. Унинг гоҳ йиғлагиси, гоҳ кулгиси, гоҳ бутун кечани остин-устин қилиб қўшиқ айтгиси келарди.
— Кетаман, хайр, — деди йигит унга қўлини узатиб, унинг ҳам қўли титрарди. Йигит бир неча қадам нари кетди. Тўхтади. Орқасига ўгирилди, нимадир демоқчи бўлди. Деёлмади. У ҳам шарақлаб оқаётган анҳорга каради. Шамол эсди. Терак барглари шитирлади. Аллақайда бузоқ уйқусираб маъради. Кимдир, жуда олисда қўшиқ айтди. Яна тинди. Йигит қайтиб келди-да, қизнинг билагидан ушлаб қаттиқ сиқди. Унинг сочларини қўлларига ўраб энтикди. Кейин тез бурилиб, узун соясини орқасига эргаштириб кеча қўйнига кириб йўқ бўлди.
Қиз у билан хайрлашганини, билагини ушлаганини, сочларини қўлларига ўраганини сезмади. Фақат олисдан тош йўлда кўндаланг тушиб, бир кўриниб йўқ бўлган соясинигина эслаб қолди, холос. Қиз ҳам ўз соясини олдинга ташлаб, тош ётқизилган кўчада аста-секин юриб кетди.
Бу қиз худди шу бугун ўнинчини битириб, балоғат гувоҳномасини олди. Мактаб ҳовлисида ҳали ҳам чироқлар ёниб турибди. Хайрлашув зиёфатига келган ҳамсинфлар ҳали тарқалишганча йўқ. Ҳовлини тўлдириб танца тушишяпти, қўшиқ айтишяпти. Тонг отиши билан улар ҳар томонга тарқаб кетишади. Улардан фақат бирга олдирилган суратгина ёдгор қолади, холос!
Шундаймикин ?
Дўстлик-чи, ўн йиллик хотиралар-чи, бирга кечирган аччиқ-чучуқ кунлар-чи, ҳар куни бир неча бор дарсга чақирган қўнғироқ товуши-чи, ота-онадек меҳрибон ўқитувчилар-чи… Ҳаммаси энг ширин хотира бўлиб ёдда қолади. Мана шу азиз нурга, оҳангга тўлган беғубор хотиралар орасидан бўй чўзиб, қад кўтариб, ҳаммадан олдинда, ҳаммадан баланд бўлиб Омоннинг қиёфаси кўринади. Нега?
Бу саволга қиз жавоб тополмасди. Жавоб ҳам излаб кўрмасди. Шу ойдин кечада ҳамма нарса унинг хотиридан кўтарилди-ю, биргина Омоннинг юзи, кўзи, гавдаси, бутун борлиғи билан пайдо бўлди.
У тош йўлдан битта-битта босиб шу йигит ҳақида ўйлаб борарди.
Омон синфдошлар ичида энг шўх, энг уришқоқ бола эди. У қизлар билан чиқишолмас, уларга кун бермас эди. Ёнига бирон киз ўтириб қолса зарда билан бошқа партага ўтиб кетарди. Пардоз қилган қизларни жуда ёмон кўрарди. Бир кун Санобар деган киз юзига упа суриб келганда унинг қўлини қайириб, дастрўмоли билан юзидаги упани артиб ташлаган эди. Қизлар ҳам уни хушламас, минг хил лақаб қўйиб чакиришарди.
Имтиҳоннинг дастлабки кунлари эди. Омон синфда ҳеч ким йўқлигини билиб эшикни зичлаб беркитди-да, ғайри табиий бир товуш билан деди:
— Азиза, ўнинчини битирганимиздан кейин менга тегасанми?
Шунда Азиза жаҳл устида унинг юзига бир шапалоқ урди-да, йиғлаб чиқиб кетди. Бу сирни уларнинг икковидан бўлак ҳеч ким билмай қолди. Омон шундан кейин қизга рўбарў келишдан қўрқиб, ўзини четга олиб юрди.
Кунлар ўтиши билан Азиза ўша воқеани тез-тез эслайдиган ва ҳар вақт эслаганда юрагининг аллақаери жиз этиб кетадиган бўлиб қолди. Ҳар гал мактаб ҳовлисига кириши билан кимнидир, ниманидир жонсарак бўлиб кидирарди. Унинг шўх, қувноқ кулгилари камроқ эшитиладиган бўлиб қолди. Ҳамиша чақнаб турадиган кўзларида билиб бўлмайдиган ички бир дардининг ифодаси сезилиб турарди. Омон ҳам уни зимдан кузатар, кўзи-кўзига тушганда бирдан тунд бўлиб қоларди.
Имтиҳонлар тугаб биров ишга, биров ўқишга кетадиган бўлди. Азиза қўйиб берса, ихтиёрини Омоннинг кўлига топширишга тайёр эди. Бугунги ҳайрлашув кеча-сида Омон Мирзачўлга, МТСга кетишини айтди. Ҳамма унинг бу қарорини чапак чалиб қарши олганда Азиза бир сесканиб кетган эди. Танца бошланди. Азиза Омонни четга чақириб, ундан уйига кузатиб қўйишни сўради. Омон унга жавоб бериш ўрнига:
— Бай-бай-бай. Мунча атирга беланмасанг. Роса гупиллаб кетяпти-ку, — деди.
Азизанинг «О тентак, ҳаммаси сен учун» деб юборишига оз қолди. «Кел, кузатиб кўя қол» деб ёлворди унга.
Шовқин тўла мактаб ҳовлисини ортда қоддириб, улар икковлашиб боғ кўча томонга йўл олишди. Ой нури боғу-роғларга оппоқ нур сочиб турган шу сокин саратон тунида уларнинг иккови жимгина келишаркан на унисидан, на бунисидан садо чиқарди. Бу жимликни Омон бузди.
— Ўша беъмани гапимни эсингдан чиқаз, Азиза. — У шундай деди-ю бу камгап, лекин ниҳоятда ажиб бир ҳису ҳаяжонга тўлган қиз олдида ўзини кўрсатиш учун азим теракними, анҳор бўйидаги шохлари тарвақайлаб кетган толними илдизи билан кўтариб осмонга отгиси келди.
Қиз ҳам унинг бу ҳолатини сезиб турарди.
— Қанақа бемаъни гап, эсимда йўқ, — деди қиз ўша «бемаъни» гапни яна эшитгиси келиб.
Омон тил чайнади.
— Ҳа, синфда икковимиз ёлғиз қолганда бир гап айтган эдим-ку.
— Ҳа, — деди Азиза чўзиб. — Ўша гапни борди-ю эсимдан чиқазмасам-чи?
Омон юришдан тўхтади.
— Унақа бўлса, бу юзимга ҳам яна ур, шундай қилсанг яхши бўлади, сени кузатмай қайтиб кета қоламан.
Азиза нима дейишини билмай гангиб қолди:
— У вақтда ёш бола эдик.
— Нега ёш бола бўларканмиз. Ўн беш кун бўлди, холос. Дарров катта бўлиб қолибмиз-да. — Омон шу гапни айтди-ю, шарақлаб кулиб юборди. Тол бутоғида мудраган мусича чўчиб кетди.
— Бўлмасам-чи, мана, — деди Азиза, шу бугун бундан ярим соатча олдин қўлига теккан етуклик аттестатини баланд кўтарди, балоғат гувоҳномасининг зар ёзувлари ой нурида ялтираб кетди. — Мана, катта одам бўлиб қолганимизнинг гувоҳи. Энди мени ёлғиз ташлаб уйингга кетиб қолмайсанми?
— Йўқ, — деди Омон унинг билагидан ушлаб. Азизанинг бадани дириллаб кетди. Дарров қўлини тортиб олди.
— Ўшанда юзимга ёмон ургансан-а.
— Айтдим-ку, у пайтда ёш бола эдик. Энди катта одамсиз.
— Энди ўша гапни айтсам урмайсанми?
— Гап билан ураман, — деди Азиза, — Йўқ, урмайман, наҳотки сени урсам. Сени урадиганнинг қўли синсин.
Омон маст одамга ўхшаб каловлаб қолди. Кетма-кет уч марта қоқилди. Толнинг каллагига бошини уриб олиб, дўпписини тушириб юборди. Осмонга қараб баркашдек ой баландлаб кетганини энди билди. Хўрсинди, гапи гапига қовушмай, қаёқдаги кераксиз гапларни алжий бошлади. Унинг бу ҳолатини қиз кезиб турарди…
Ҳозир у тош йўлдан битта-битта босиб ёлғиз келаркан, Омон ҳақида, ўзи ҳақида, юрагини ўртаётган алланималар ҳақида ўйлаб борарди.
Она уни кута-кута чироқни ўчирмай, супа ўртасида аллақачон ухлаб қолганди. Қиз гулзор четидаги ўша супага ўтирди. Энгашиб райҳоннинг бир шохини синдирди-да, димоғига олиб келди. Райҳон иси уни чинакамига маст қилган эди. Унинг негадир ўкириб-ўкириб йиғлагиси келарди. Гуллар орасига кириб, чалқанча ётиб, қимирламай ойга қараб то у ботиб кетгунча қараб ётгиси, шу гулларнинг ҳаммасини бирма-бир юзига суртгиси, ойнинг оқ ипак толасидек кўринмас нурларига чирмашиб, ҳув ўша юлдуз тўла осмонга чиққиси, бутун оламга етгудек овоз билан қўшиқ айтгиси келарди.
Она супа ўртасида ширин уйқуда ётарди.
Э ғофил она, кўзингни оч, қизингнинг юрагига қулоқ сол. Унинг қалбига муҳаббат келди.
1959 йил.