«Оҳангарон ҳикоялари»дан
Иномжон автобусдан тушиши биланоқ, шаҳарда мажнун бўлиб юрмай деб сартарошхонага кирди. Уста юзига совун сураётганида ойнадан қизиқ бир нарсани кўриб қолди. Икки қовоғига автобус билетидек қоғоз ёпиштириб олган қоши ипдек бир қиз қўлларини столга қўйиб қимирламай ўтирибди. Оқ ҳалат кийган хотин унинг тирноғини бўяётибди. Иномжон бу қизни қаердадир кўргандек бўлди. Ўйлаб-ўйлаб эслолмади.
Узоқдан кўрган, яқиндан кўрган, гаплашган жамики қизларни бир-бир эслади. Бироқ улар орасидан бу қизни тополмади.
Уста унинг соқолларини қиртишлаб, сочларини текислаб ҳам бўлдики, Иномжон хаёлдан бўшамади. Вашиллатиб юзига атир сепгандагина юзи ачишиб, ўзига келди. У ўрнидан туриб ташқарига чиқаётганда атайин қизга тикилиб қараб ўтиб кетди.
Иномжон папирос чекди. У ёқ-бу ёққа юриб ўйлади, скамейкага ўтириб ўйлади. Деразадан бош суқиб яна ичкарига қаради. Энди уста қизнинг қовоғидан қоғозларни олиб, кипригини тўмтоқ қайчи билан қайираётган эди.
Иномжон, то қиз ишини битириб чиққунича, пойлашга аҳд қилди. Охири қиз савзи тахтадек сумкасини кўлтиғига суқиб, ичкаридан чиқди.
Унинг эгнида оқ капрон кофта. Ички кийимларининг тасмалари бемалол кўриниб турибди. Разм солиб қараган одам юзидаги сепкилидан елкаларида ҳам борлигини билиб олса бўлади. Белини қизил камар билан шундай сиқиб боғлабдики, икки бўлак одамга ўхшайди. Агар жиндек эгилса юқориси тушиб кетадигандек. У Иномжоннинг ўзига тикилиб турганини сезганидан атайлаб ғамза билан ёнидан ўтди. Иномжон безовталанди. «Чекилмасин!» дейилган жойда папирос чекиб қўйгандек, ҳали муҳаббат ўти тушмаган йигит юрагига ғулғула тушди. Иномжон беихтиёр унга эргашди. Қиз тўхтаб, магазин витринасига ўзини солиб, сочларини тузатиб олди. Кейин масхара қилаётгандек бир илжайди-да, тўхтаган автобусга илдам чиқиб олди.
Иномжон Оҳангаронга бундан олдин ҳам бир келган. Курсдошлари билан практикага келиб конга тушган. Смена мастери уни биринчи марта ер остига олиб тушганида Иномжоннинг бўладигани бўлган эди. Бир елкасида газ ниқоб, бир елкасида батарея, пешонасида чироқ, тепасида уч юз метр қалинликдаги ер. У ёнидан-бу ёнидан вагонетка гувиллаб югуради, оёғининг тагидан транспортёр лентаси ғиқиллаб ўтади. Бу ернинг турган-битгани ваҳима бўлиб туюлган эди унга. Ранги қум оқариб, тили гапга келмай қолганди. Ўшанда мастер унинг рангини кўриб қўрқиб кетган, сменасини тугатиб чиқаётган стрелкачи қиздан уни юқорига «бериб юборган» эди. Қиз тушмагур ҳам жуда шайтон экан. Афт-башараси қоп-қора, худди мўри тозалаганга ўхшайди. Ҳар кулганида оппоқ тишлари қоронғида гугурт чаққандек ялтирайди. Айниқса, ер юзига олиб чиқадиган келетнинг тушишини кутиб ўтиришганда «Ерга чиққанимизда ярим соатча кўзингизни чирт юмиб олинг, биринчи марта қоронғида ўрганган кўз ёруққа чидамай, кўр бўлиб қолади» деб тайинлаган эди.
Улар ерга чиқишганида қиз уни бир чеккага ўтқазиб, ўзи аллақаёққа ғойиб бўлди.
Иномжон кўзини юмиб, ўтган-кетгандан соат сўраб диққат бўлиб кетди. Йўловчи бир киши, бу бола кўр бўлиб қопти, деган гумон билан унинг олдига келди. Гапга солиб кўрса, уни кимдир лақиллатган экан.
Э, кўзингни оч, бола, ким нима деса ишонаверасанми.
Иномжон дилига озор берган ўша кизни қайта учратмади. Учратганида ҳам уни таниёлармиди? Бунинг устига, практика тугаб, Иномжон Тошкентга қайтиб кетганди. Аммо бу сирни лом-мим деб бировга айтмади. У айтмаган бўлса ҳам Оҳангаронда Мўттихон-Лўттихон бир йигитни лақиллатгани достон бўлган эди. Албатта, бу гаплардан Иномжоннинг хабари йўқ.
Ҳозир Иномжон қиз кетган томонга анграйиб туриб ўша бўлган воқеани эслаб, хижолатликдан илжайиб қўйди. Бугун дам олиш арафаси бўлганидан шахта бошлиғига барвақтроқ учрашиб, бошқарма йўлланмасини топшириши, қаерда ва ким бўлиб ишлашини аниқлаб олиши керак.
Иномжон қадамини жадаллаб, кон бошқармасига қараб кетди. Ўша куниёқ уни навалоотбойшчиклар бригадасига шогирдликка тайин қилишди. Ётоқ олди. Бригада бошлиғи калладор, ўрта бармоғига узук таккан йигит экан. У Иномжонга бошдан-оёқ қараб чиқди-да, унинг лабидаги «Беломор»ини юлиб олиб, туфдонга улоқтирди. Кейин девордаги «Ичадиган, чекадиган одам кончи бўлмай қўя қолсин!» деган ёзувни кўрсатди. Иномжон индамай серрайиб турарди.
Дам олиш куни йигитлар Тешиктошнинг самоварида ош қилишди. Бригадир Иномжонни ҳам олиб кетди. Йўлда яхши кўрган қизи борми-йўқлигини сўради.
— Ҳали ёш экансан, эҳтиёт бўл, Лўттига ўхшаганларнинг қўлига тушиб қолма тағин. У шайтон-а!
Иномжон Лўтти ким, нега лақиллатиб кетади, — бу тўғрида сўрамади.
— Бултур техникумдан келган бўш баёвгина практикант болани бир соат кўзини юмдириб қўйиб, лақиллатиб кетган. Сен ҳам ўшанақаларнинг қўлига тушиб қолма!
Иномжон қизариб кетди, аммо лом-мим деб оғиз очмади.
Ош устида бўлган гапдан маълум бўлдики, номи Мўтти бўлса ҳам кўп йигитларни лақиллатганидан Лўтти деб ном олган бу қиз шаҳардаги энг тамтамларнинг бири экан. Унга гап қотмаган, ундан дакки емаган биронта ҳам ўспирин қолмабди. Хуллас, бу қиз ўз кўнглига мос йигит муҳаббатини изларди.
Эртасига Иномжон конга тушди. Бригадир Иномжонни ўз ёнидан нари кеткизмади. Забойга етиб келишганда пневматик болғани унинг қўлига бериб, қандай ушлашни, қатламга қандай ботиришни кўрсатди. Бу ишларни Иномжон биларди. Техникумда ўқиб юрганида ер тагида бўлмаса ҳам, очиқ каръерда бунақа болта билан кўмир кўчирган эди. Шунинг учун ҳам қўли келиша қолди. Бригадир унинг ишини кузатиб турганида смена мастери келиб, юқорида бошлиқ чақираётганини айтди. Бригадир забойда Иномжонни ёлғиз қолдириб, энгашганча орқасига қайтди. Иномжон ишга берилиб, кўмир қатламларини палахса-палахса қилиб кўчира бошлади. Кўчган кўмир харсанглари транспортёр лентасида қоронғи йўлакларга кириб кетмоқда. Қўлида, тинимсиз титраб турган оғир болғанинг ҳаракатидан Иномжоннинг билаги толиб кетди. Моторни ўчириб, бирпас ором олиш учун кўмир харсангига ўтирди. Ўтирди-ю, юрагини ваҳм босиб кетди. Қаерда ўтирибди? Уч юз метр ернинг тагида-я! Унинг тепасида неча минг тонна ер. Иномжон кўзларини пирпиратиб секин тепага қаради. Оғир ер қатламини кўтариб турган йўғон тиргович ходалар қисирлайди. Худди ер силжиб шу ходаларни гугурт чўпидек майдалаб ташлайдигандек. Забой оғзида тирговичга суяниб бир қиз кўзларини катта-катта очиб турарди:
— Ер чўкяпти. Елканг билан тираб тур, ҳозир авария бригадасини чақираман!
Қиз шундай деди-ю, ғойиб бўлди. Иномжон шахт ўрнидан туриб, тепасидаги каттакон кўмир харсангига елкасини тиради. У шу бўйи қанча турганини эслолмади. Бригадир келганда ҳам шу аҳволда турарди.
— Нима қилиб турибсиз? Нега ишламаяпсан?
— Ер чўкяпти, кўтариб турибман. Бригадирнинг жаҳли чиқиб кетди.
— Лақма бола экансан-ку! Ким айтди сенга кўтариб тур деб?
— Бир қиз шундай деди, ўзи авария бригадасини чақиргани кетди.
— Э овсар, сен ҳам Лўттининг қўлига тушибсан! Ер чўкса, сен кўтариб қололаркансанми? Бор, ишингни қил!
Иномжон ўсал бўлганидан, зирқираб оғриб турган елкасини силаб, болғани қўлига олди. Бирдан унинг эсига ўтган йили лақиллатиб кетган қизнинг оппоқ тишлари кўриниб кетди.
Ўша! Ўша шаддод қиз, бугун ҳам қўлга туширди уни!
Кечқурун ётоқда фақат шу гап бўлди. Йигитлар қотиб-қотиб кулишар, Иномжонни эрмак қилишарди…
Орадан ўн беш кун ўтди. Бу орада Иномжон йигитларга гоҳ эрмак бўлди, гоҳ уларни иш билан қойил қолдирди. Биринчи маош куни смена тугамасдан забойга бош инженер тушди. У Иномжоннинг ишларини илгарилар ҳам зимдан кузатиб юрар экан, айниқса, бугун унинг ишни бемалол уддалаётганини кўриб, шогирдликдан мустақил навалоотбойишчиликка ўтишга рухсат бериб кетди.
У гардеробда газниқоб, фонарь ва батареяларни топшираётганда икки марта уни лақиллатиб кетган ўша Мўттихон бир буклам қоғоз узатди. У шошиб қоғозни очди. Хат. «Мустақил ишга ўтишингиз билан табриклайман. Вақтингиз бўлса, ҳамётоқларингизга чап бериб, соат олти яримда кончилар маданият саройига келинг. Мўтти».
Иномжон аввалига, бу қиз мени яна лақиллатяпти, деб ўйлади. Хатни ёнига солиб, биринчи маошидан поччасига совға олиш учун магазинга қараб кетди.
Иномжон етимликда ўсган бола. У опасининг қўлида тарбия кўрган. Поччаси унча топишли-тутишли бўлмаса ҳам, етим болаларни бағрига олиб, ўкситмай еб-ичирди. Ишчи одам рўзғордан сиқиштириб, Иномжоннинг техникумни битиришига янги костюм олиб берди. Эрининг одамгарчилигидан опаси йиғлаб ҳам олди. Эр-хотин уни бундан ўн беш кун олдин учирма қилиб, Оҳангаронга ишга кузатиб қолишди. Кетаётганида опаси уни четга чақириб: «Биринчи маош олганингда кичкинагина бўлса ҳам, поччангга совға ол, севинади» деб тайинлаган эди. Иномжон шундай қилди. Биринчи маошдан поччасига этик олди.
Ётоққа қайтиб келса, йигитлар ҳар ёққа кетиб қолишибди. У нима қилишини билмай, кўчадаги скамейкага ўтириб, ўтган-кетганларни тамоша қила бошлади. Бир маҳал унинг димоғига атир ҳиди гупиллаб урилди. Қараса, биринчи куни келганида сартарошхонада кўрган стиляга қиз ундан уч-тўрт қадам нарида илжайиб турибди. Унинг эгнида ўша капрон кофта. Юзидаги сепкиллари упа қўйганидан билинмай кетибди. Иномжоннинг юраги гупиллаб ура бошлади. Қиз унга томон икки қадам босди.
— Мумкинми, бир оғиз гап сўрасам? Иномжон нима дейишини билмай довдиради.
Қиз кулиб юборди. Унинг оппоқ тишлари унга жуда таниш кўринди.
— Сиз, сиз ўша Мўттихон…
Қиз ингичка қошларини кериб илжайди. Иномжон серрайганча туриб қолди.
Шаҳар стилягаларини бир чўқишда қочирадиган бу қиз Иномжонни тамоман лол қилиб қўйган эди. Бундан бир соат аввалги аҳволини кўрган одам уни мутлақо танимасди. Боя унинг афт-башарасини қоп-қора, бошидаги яшил косинкаси ҳам кўмир қурумидан қорайиб кетган, эгнидаги қалин брезент курткаси, шими, елкасига осиб олган газниқоб, батарея, оёғидаги резинка этик уни тамоман бошқа одам қилиб қўйган эди.
Энди-чи, курум босган башарасига упа қўйган, эгнида оқ капрон кофта, оёғига пошнаси бигиз туфли кийган, сочини ҳурпайтириб, бутун елкасига тўзғитиб юборган, лаби қип-қизил, ўзи бўлса атирга чўмилгандек.
Иномжон икки марта лақиллаб, охири унинг муҳаббатига сазовор бўлганини билмай қолди. Ҳам ишни, ҳам олифтагарчиликни қойил қиладиган шайтон қиз энди Иномжонни ўзига тамоман ром қилиб олган эди. Иномжон муҳаббат тўрига тушди.
Ўша кеча Иномжон ётоққа ҳаммадан кеч қайтди. Йигитлар ундан ҳавотир олиб, анча вақтгача ухламай кутиб ўтиришди. Эрталаб қарашса, Иномжондан гуп-гуп атир ҳиди келади. Уйқусида ҳам илжаяди. Ҳар балони биладиган бригадир бошини сарак-сарак қилиб, қойил қолганини яширолмади:
— Тамом! Боладан айрилибмиз!
Унинг айтгани келди. Кечалари Иномжон алла-паллагача йўқ бўлиб кетадиган, комендантнинг энсасини қотириб, қоқ ярим кечада шимига дазмол босадиган қилиқ чиқазди. Унинг бу ҳаракатлари йигитларга малол келса ҳам, Мўттининг меҳрини тортган ундаги аллақандай меҳригиёга тан беришган эди.
Бир куни бригада сменадан чиқиб келаётганда Иномжон улардан суғурилиб стрелкачи қиз Мўттихоннинг олдида қолди.
Олифта Мўттихоннинг фасонлари ер юзида қолган. Қоракуяга беланиб кетган бўлса ҳам, бари бир аёллик ҳисси ғолиб келиб, бир стакан сувга иккита атиргулни солиб қўйибди. Туянинг кўзидек ойначага қараб ҳадеб сочини тузатар, лабига ҳафсала билан помада сурарди.
Биринчи смена ишни тугатиб, ерга чиқиб кетган, иккинчи смена ҳали тушмаган. Ер тагида улардан бошқа одам боласи йўқ эди.
Қора ернинг қаърида шамол гувиллайди. Ер қатлами силжиб шитирлайди. Йўғон тирговичлар қисирлаб синади. Юқоридан силқиб келаётган сувлар чак-чак томади.
Қоракуяга беланган икки ошиқ-маъшуқ ҳеч нарсани сезмайди.
Қора туннеллардаги чироқлар уларга баҳор осмонининг чақнаган юлдузлари, томаётган сувлари савр ойининг жаласи, тирговичларнинг қасирлаши кўклам момақалдироқлари бўлиб туюлади.
Тепада босиб ётган неча юз минг тоннали ер қатламини муҳаббатнинг азамат елкаси кўтариб тургандек эди.
1961 йил.