Поезд Тошкентга яқинлашган сари Қундузхоннинг юраги қаттиқроқ ура бошлади. Бундан икки йил аввал шу станциядан унга оқ йўл тилаб қолган она энди йўқ. У ўтган йили баҳорда туғруқхонада ўлган. Қизнинг назарида, она перронда ҳамон рўмол силкиб тургандек эди.
Поезд станцияга кириб келди. Перрон тўла одам. Ҳамма вагон эшигига қараб югуради. Улар орасида фақат она, Қундузхоннинг онаси йўқ, холос.
Қиз чамадончасини кўтариб вагондан тушди, одамлар орасидан туртина-туртина четга чиқиб, дадасини қидира бошлади. «Телеграмма етиб келмаганмикин» деб дилидан ўтказди Қундузхон. Йўқ. Дадаси одамлар орасида кўринмади. Онаси бўлса, албатта, чиқар эди. Гул тутиб кутиб оларди. Қизнинг атрофга жавдираб турган кўзлари хомуш ерга боқди. Қиз кўнгли ўксиди.
Не-не орзу-умидлар билан ўстирган фарзандининг балоғат ёшини кўролмаган оналар, фарзандлик қарзини ўтолмай армонда қолганлар қалбини тирнаб келган дарду аламини ифода қилиб бўлармиди.
Атрофни қувноқ кулгига тўлдирган мана шу одамлар орасидан Қундузхон бундан икки йил аввал йўқотган онасининг меҳрибон-мунис сиймосини қидиради. Қани у, кўзи ёриб, бир парча этда ўз истиқболини кўролган ва унга бахт тилаган она! Ёшлик йиллари унинг сочларини майда қилиб ўриб қўядиган меҳрибон қўллар қани? У энди абадиян йўқликка кетди.
Қундузхон бўшашиб чамадончасига ўтирди. Иягини кафтига тираб, бир нуқтага тикилганича хаёлга толди.
Она ўлди. Туғруқхона дояси қўлида йиғлаб турган чақалоқ ҳали кўз очмай она сутидан, висолидан бегона бўлди. У кунлари Қундузхон Москвада ўқишда эди. Бу қайғули хабарни қизига қандай қилиб билдиришни билмаган ота узоқ вақт сукут сақлади. Охири ёзишга мажбур бўлди.
Қундузхон ўзини ҳар қанча тутишга уринмасин, оғир йўқотишнинг азоби уни қийнар, эзар эди. Ёзги имтиҳонлар бошланди, бир фандан йиқилди. Қайта топшириш учун ёз бўйи тайёрланди. Яна ўқиш бошланиб, Тошкентга келолмай қолди. Уни фақат синглиси, ҳали на онасини ва на опасини кўрмаган чақалоқнинг аҳволи қийнар эди. «Онасиз ҳоли нима кечди экан?» Қундузхон фақат шу ҳақда ўйларди.
Қундузхон бош кўтариб атрофга қаради, одамлар аллақачон тарқаб кетган, уни тўрт сутка йўл босиб олиб келган поезд бир зумда бўшаб қолган. Газета киоскада олдида сочига оқ оралаган, ўрта ёшлардаги бир хотин унга қараб турарди.
— Сиз Қундузхон эмасмисиз? Дарров танидим, суратингизга ўхшар экансиз. — Хотин тез-тез юриб келиб, у билан қучоқлашиб кўришди. Ҳали ўзини ўнглаб олмаган Қундузхон бу хотиннинг бағрида кўпдан унутилган ўз онасининг исини туйди.
Бир эслаб кўринг! Оналарда қандайдир бир ис бўлади. Болалик йилларимизда она бағрида эркаланиб ётарканмиз, димоғимизга ўрнашиб қолган ўша она исини катта бўлганимизда ҳам унутолмаймиз.
— Дадангиз зарур бир иш билан идорада банд бўлиб қолдилар. Ўзим чиқдим.
Қундузхон бир сўз демади. Бу хотин ким, нима учун у Қундузхонни кутгани чиқди. Бу тўғрида ўйлаб ҳам кўрмади. Она исидан маст бўлган қиз итоат билан унинг кетидан шаҳар майдончасига чиқди.
Ҳаво очиқ, куз офтоби тилла ранг япроқлар устида чақнар, тиниқ осмонда кумушдек ялтираб каптарлар учарди. Машина асфальт йўлдан текис сузиб, куз шамоли тўккан баргларни икки томонга учириб борарди. Машина ойнасидан баланд, ҳушқомат иморатлар лип-лип ўтиб турибди. Кўчалар гавжум, туғилиб ўсган, гўдаклик йилларининг энг беозор кунлари ўтган «Шарқ» кинотеатри олдидан ўтаркан, Қундузхоннинг кўз олдида яна ўша мунис-меҳрибон онанинг ёқимли сиймоси гавдаланди.
Машина курант рўпарасидаги уч қаватли бино олдида тўхтади. Хотин чамадонни қўлига олиб ерга тушди-да, Қундузга йўл берди. Катта дарвоза олдидаги саҳнда ўртоқлари билан ўйнаб юрган икки ёшлардаги қизча югуриб келиб хотинга ташланди.
— Танияпсизми? — Хотин Қундузга ўгирилди, — синглингиз Лолахон.
Қундузхон қизнинг кўзига қаради-ю, унда ўз онасининг кўзини кўрди. Юраги уриб кетди. Қизчани кўтариб бағрига босди. Лола ётсираб ўзини четга тортди ва хотинга қараб талпинди.
— Вой, опанглар-ку, Москвадаги опанглар-ку, — деди хотин Лолани бағрига босиб.
Лола кўзларини катта-катта очиб Қундузга қаради.
— Менга нима олиб келдингиз?
— Сенгами, анча нарса олиб келдим.
— Ухлайдиган қўғирчоқ ҳам олиб келдингизми? Қундуз жавоб ўрнига унинг юзидан ўпди.
Уйга киришди. Хотин ичкари хонага кириб йўл-йўл халат кийиб чиқди-да, стол устига ёйиб қўйилган дастурхонни очиб юборди.
— Қундузхон, аввал бир душга тушиб оласизми-а?
— Майли, — Қундузхон гўё сеҳрлангандек жавоб берди.
Вақт жуда тез ўтарди. У душдан чиқиб артинаёттанда ҳам «бу хотин ким, нега мунча меҳрибончилик қилади?» деган савол миясидан нари кетмасди. Хотин кирди, қўлидаги хитой шоҳисидан тикилган халатни унинг елкасига ташлар экан, қўшиб қўйди:
— Размерингизни билмадим. Кенгроқ бўлса тузатиб берарман.
Шу пайт Лолахон ҳали енги ўрнатилмаган кўйлакни этагидан судраб кирди.
— Опа-чи, опа, аям менга кўйлак тикиб бердилар. Жудаям кўйлагим кўп. Қизил кўйлагимни кўрсатайми?
Хотин югуриб келиб унинг қўлидан кўйлакни олди.
— Вой, қизим тушмагур-э, ҳали битгани йўқ-ку. Қундузхон турган ерида қотиб қолди. Синглисининг «аям», бу хотиннинг «қизим» дейиши унинг қулоғига ўқдек қадалди. Демак, демак, у…
Қундуз юзини панжалари билан беркитиб, ичкари уйга югурди, ўзини каравотга ташлаб, йиғлаб юборди. Унинг кўзи олдида яна она гавдаланди. У қизига хомуш термилар, нимадир демоқчи бўлгандек лабларини жуфтлаб турарди. Қундуз кўз ёшларидан ҳўл бўлиб кетган ёстиқни суриб қўйиб, ўнг ёнбошига ағдарилган эди, деворда, зарҳал рамкадан кулиб қараб турган онасининг суратига кўзи тушди.
Эшикдан мўралаб турган Лола ҳайронликда кўзини пирпиратиб, орқасига қайтди.
— Ая-чи, ая, опам йиғлаяптилар.
Хотин хомуш ўтириб қолди. Электр чойнагининг жўмрагидан париллаб буғ кўтарилар, тўлқини адашган радиоприёмник муттасил хириллар эди.
— Сиз ҳам йиғлаяпсизми? — Лола хотиннинг елкасига осилди. Хотин қизчани тиззасига ўтқазиб, унинг бошини силади.
— Бошингиз оғрияптими?
— Хд, қизим, бошим оғрияпти.
Хотин машаққат билан ўрнидан турди-да, аста-секин юриб Қундузхон ўтирган уйга кирди. Қундузхон ҳамон онасининг суратига термилиб, хомуш ўтирарди. Хотин ҳам суратга қаради.
«Қани эди, ўз болаларингга ўзинг бош бўлсайдинг, бахтини кўрсайдинг. Мен сенинг бахтингга шерик бўлмоқчи эмасдим… Сенинг йўқлигингни билдирмасам, болаларинг аёзда совқотмаса, кири ювуқсиз, қозони осиқсиз қолмаса, дейман. Уларни ўзинг ният қилгандек тарбия қилсам, дейман. Байрамларда, тўю тамошаларда ўксинмаса, етимлиги билинмаса, дейман…»
Хотин рўмолининг учи билан кўз ёшларини артиб олди-да, қўлини Қундузхоннинг елкасига қўйди.
— Ҳаммасига тушунаман. Оғир, жуда оғир. Бироқ менга ҳам… Ўзганинг фарзандига она бўлишдек оғир иш йўқлигини биламан.
Хотин юрагини тўлқинлатиб турган фикрларни айтиш учун сўз тополмади. Хўрсинди.
Дарҳақиқат, она ўз боласини шўхлик қилганда уришади, вақти келганда жазо беради. Аммо ўзганинг боласига шундоқ қилиб бўладими. Уларга оналик қобилиятининг энг нозик воситалари билан ёндашмоқ керак.
Ўгай оналар ҳақида эл оғзига тушган турли-туман латифалар, чидаб бўлмас таъналар тушунчамизга елим-дек ёпишиб қолган. Бу муносабатлар ҳамон улар хизматини камситиб келади.
Қундузхон кечки овқат вақтида ҳам хомуш ўтирди. Ечиниб ўрнига ётаркан, томоғини бўғиб келаётган алам ва изтиробни қайтармоқчи бўлиб ҳарчанд уринса ҳам бўлмади. Бегона хотинни она деб аташга тили бормас, бунга уни мутлақо ҳуқуқсиз деб биларди.
Қўшни хонада чироқ ўчди. Девордаги соат ўн бир марта занг урди. Хотин ҳамон ухлолмай, уй ичида куймаланиб юрарди. Лоланинг ижирғаниб йиғлаган овози эшитилди. Яна чироқ ёнди.
— Вой, қизим, иситманг бор-ку. — Бу хотиннинг овози эди.
Қундуз шошиб, ёстикдан бош кўтариб, қулоқ солди. Шкаф эшикчаси ғийқиллаб очилди. Оёқ товуши. Лола ҳамон инграрди.
Қундуз қия очиқ эшикдан қўшни хонага қаради. Хотин Лоланинг қўлтиғига қўйган термометрни олиб чироққа солиб қаради-да, уни бир силкиб стол устига қўйди. Лоланинг каравотчасига энгашиб, унинг кўз милкларини йириб кўрди ва уни кўтариб, уйнинг у бошидан бу бошига юра бошлади.
Қундуз ўрнига келиб ётди. Ўзганинг фарзандида ўзига нисбатан фарзандлик ҳиссини қўзғатолган хотинга юрагининг аллақаерида муҳаббат учқуни йилт этиб кетганини сезмай қолди.
Кўзини уйқу босди.
Дадаси ишдан кеч қайтди. У иш кийимини ечиб, болаларини уйғотиб юбормаслик учун оёқ учида юриб Лоланинг каравоти тепасига келиб энгашди.
— Қундузхон келди.
— А?! — У хотинининг кўзига қаради.
Унинг бу қарашида уч маъно бор эди. Бири, кўпдан соғинган қизини кўришга шошилиш, иккинчиси, севган онасидан ажралган қизнинг изтироби ҳолатини кўришга юраги дов бермаслик, учинчиси ўгай онага бўлган муносабатда бирон кўнгилсизлик бўлмаганмикин деган шубҳа эди.
— Ухлаяпти, — деди хотин у ётоқ эшигини очаётганида, — безовта қилмай қўя қолинг, чарчаб келган, ухласин.
У овоз чиқармай бир йўталиб олди-да, ичкари кирди. Стол устидаги кўк абажурли чирокдан Қундузхоннинг юзига ҳавойи бир нур тушиб турарди. «Онасининг ўзи, кўзи ҳам, юз тузилишлари ҳам худди онаси…» дея дилидан ўтказди ота.
Эр-хотин аллавақтгача ухлаёлмади. Эр тез-тез папирос чекар, хотин эса Лоланинг тепасидан нари кетмасди.
Қундузхон уйғонганда, дадаси катта тошойна олдида юзига совун кўпигини суриб, соқол олаётган эди. У апил-тапил кийиниб дадасининг олдига чиқди.
Ота ойнадан қизининг аксини кўриши билан қўлидаги буюмларини ташлаб, уни бағрига босди.
Қундуз, гўё шу икки йил ичида ҳеч қандай воқеа бўлмагандек, ўзини қувноқ тутди.
— Қизим, дадангдан хафа эмасмисан?
— Нега хафа бўлай, жуда тўғри қилгансиз…
Улар стол атрофига ўтиришди. Дастурхонда хонаки печеньелар, атиргул нусха торт ва турли хил мевалар бор эди.
— Аянг сенинг келишингга уч кундан бери тайёрланади.
Аянг сўзи Қундузхоннинг қулоғига ғалатироқ эшитилди. Лекин ота олдида ўзини тутди. Сездирмади.
— Ишга кетадиган вақтим бўлиб қолди, аянг Лолани докторга олиб кетган эди, сен бир оз дам ол, ҳозир келиб қолар.
Ота тез-тез кийиниб, уйдан чиқди. Қундузхон ёлғиз қолди. У бир оз хаёл суриб тургач, ичкари уйга кириб, гардеробни очди. Кичик илгакчаларда Лоланинг текис дазмолланган кўйлаклари, кичик уйга кирди, унда Лоланинг ўйинчоқлари. Хоналарнинг ҳаммаси озода, дераза пардалари оппоқ, уй анжомлари йилтирарди. Ҳамма ёқда дидли, меҳрибон хотиннинг қўли сезилиб турарди.
Қундузхон йўқотган онасини яна топгандек бўлди, бу хотинда ўз онасини — унинг меҳру муҳаббатини кўрди.
Нариги уйдан Лоланинг овози эшитилди. Қундузхон югуриб чиқди. Хотин қўлидаги буюмларни столга қўяётган эди.
— Дадангиз кетиб қолдиларми?
— Ҳозир кетдилар. Лола тузукми, аяжон?
Хотин турган ерида донг қотиб қолди. Қундуз уни аяжон деб атади, у ё янглиш эшитдими?! У хурсандлигидан энтикди. Бу сўз унинг юрагига илиққина бориб тегди. Она кўнгли тоғдек кўтарилди. У бахтдан энтика-энтика Қундузхоннинг бошини силар, эркаларди.
Қундуз унинг оғушида она исидан маст бўлиб кўзларини юмди.
1955 йил.