Тайёр ҳикоя
Одатда ёзувчи бирон асар ёзмоқчи бўлса, бош қаҳрамонининг ташқи қиёфасини бир одамдан, қилиқларини бир одамдан, саргузаштини яна бир одамдан олади. Воқеа ўтадиган жойни ҳар хил ерлардан йиғиб, яхлит бир манзара яратади.
Шу йил баҳорда республикамизнинг жанубий районларидан бирига борганимда, тайёр ҳикояга дуч келдим. Қаҳрамоним қиёфасини ҳар хил одамлардан йиғиб олмадим. Қилиқлари ҳам, гап-сўзлари ҳам, саргузашти ҳам, воқеа юз берган жой ҳам аниқ. Ўзимдан ҳеч нарса қўшмасдан ёздим. Агар ёлғон гапираётган бўлсам… келинг, қасам ичмай қўя қолай.
Ҳожиниса опанинг ери шундоққина катта йўлнинг бўйида. Янги каллакланган тутлар орқасидан шийпони кўриниб туради. Қачон қараманг, шийпон ортидан тутун чиққани-чиққан. Ҳожиниса опа ўтакетган чойхўр бўлгани учун самоварининг оташхонасидан ўт аримайди.
Дала шийпонига олиб борадиган йўл бошида чой яшигининг қопқоғига битилган: «Чет кишилар кириши такиқланади. Штраф 15 с» деган ёзув бор. Бу ёзувни кўрган киши борки, ҳайрон қолмай иложи йўқ. Бу ҳам етмагандек, йўлнинг чап тарафидаги тутга кимдир «Қўриқхона» деган ёзув илиб қўйибди.
Ҳайрон бўлдим. Бу жойда қўриқхона нима қилади?! Ундан ташқари, «Штраф 15 с» дегани нима дегани? Ўн беш сўмми, ўн беш сутками, нима ўзи?
Чет кишилар кирса нима қилибди? Бу ер завод бўлмаса, илмий лаборатория бўлмаса, ажаб? Нима, ғўза тупини ўғирлаб кетадими?
Бу томонларга илгари ҳам кўп келганман. Аммо Кумушсой қишлоғига негадир йўлим тушмаганди. Лекин таърифини кўп эшитганман. «Кумушсой»ни баъзан парилар қишлоғи ҳам деб аташарди. Бу жойнинг қизларидақа чиройли қиз наинки Ўзбекистон, ҳатто Ўрта Осиё ва Қозоғистонда топилмайди, дейишарди. Қиз эмас, пари. Парилардан нуқсон топса бўлади, лекин буларнинг ҳуснидан тариқча нуқсон топиб бўлмайди. Қишлоққа жамики республикалардан совчилар келади. Не-не номдор артистлар, номи оламга кетган олимлар, атоқли шоирлар шу ердан уйланишган. Ҳатто «Баҳор» ансамблида ҳам кумушсойлик қизлардан учтаси бор.
Қачон янги кино олинадиган бўлса, бош ролда ўйнаш учун Кумушсойдан қиз олиб кетишади.
Шундай қилиб, Кумушсой қизлари ҳар тарафга учирма бўлиб кетаверишди. Ҳожиниса опа шу тўғрида кўп ўйлайдиган бўлиб қолди. Раисга: «Қизларимиз бошқа ёққа кетиб қолаверадими?» деганда, раис елкасини қисиб: «Кўнгил-да, ҳар ким хоҳлаган ошини ичади», деб ланж жавоб қилганди. Ҳожиниса опа оддий бир кетмончи аёл эди, гапи кимга ҳам ўтарди. Аммо тўрт йилдирки, у бригадага бошлиқ. Меҳнат Қаҳрамони деган унвон олган. Область Советига депутат бўлиб сайланган. Энди қўлини қаёққа узатса етади. Раис ҳам у билан ҳисоблашадиган бўлиб қолган. У ишни бригададан йигитларни ҳайдаб, қизларнинг ўзини қолдиришдан бошлади. Биринчи мажлисда: «Менинг рухсатимсиз эрга тегмайсанлар», деган масалани ўртага қўйди.
— Агар йигит-яланг бригада ерини оёқости қиладиган бўлса, мендан ўпкаламайсанлар. Мард бўлса, совчи юборсин. Совчиларни ўзим мана шу шийпонда иззат-икром билан кутиб оламан.
Қизлар чувиллашиб бири астойдил, бири кўнгил учун хўп, деган бўлишди. Ана шундан кейин Ҳожиниса опа бригадага олиб борадиган йўл бошига: «Чет кишилар кириши тақиқланади. Штраф 15 с» деб ёзиб қўйди.
Иш пайтида пакал четидан қизларни имлаб чакирадиган йигитлар кўп бўларди. Тахтачадаги ёзувни писанд килмайдиганлар ҳам кўп эди. Ана ўшанақаларни ушлаб, тахтача олдига олиб келишар, бурнини тахтага ишкаб:
— Уқи, ўқи, нима деб ёзилган? — деб сўрашарди.
— Ўн беш сутка жазо, — деб жавоб қиларди масхара килиб йигит.
— Йўқ. Тушунмабсан, — дерди Ҳожиниса опа. — Ўн беш сотих ер чопасан, деган гап бу.
Ана шундан кейин қўлга тушган йигитнинг уст кийимини ечиб, майкачан қолдиришар, қўлига кетмон бериб, ер чопишга мажбур қилишарди.
Кунига икки-уч йигит қўлга тушар, шу йўсин қирқ-эллик сотих ғўза чопиқдан чикарди.
Колхоз механизаторлари эрталаб идорада иш тақсимотида раисдан қизлар бригадасига юборишни сўрашарди. Бир кун ишлаб эртасига келмайдиган бўлиб кетишарди.
Шукур деган қош-кўзи попукдек тракторчи йигит кўпдан шу қизлар бригадасида бир кун бўлса ҳам ишлаб «яйраш»ни ният қилиб юрарди. Ў ниятига етиб, тракторини тариллатиб, Ҳожиниса опанинг ерига илжайиб келиб қолди. Яктагини ечиб, шийпон қозиғига илдию олифта юриш қилиб тракторига ўтирди. Чой ичмай ишга тушиб кетди.
Қизлар у пайкалга кириб кетиши билан яктагининг елкасига қизил помадада икки-уч жойга лаб нусхасини туширишди. Чўнтагига духи сепилган, чети гажим рўмолча солиб қўйишди.
Шукур кечқурун ҳамма қизлар билан маза қилиб, қўл бериб хайрлашиб уйига кетди. Аммо эртасига юз-кўзи тимдаланиб, идорага дод деб келди. Хотини чўнтагидан духи сепилган чети гажим рўмолча топиб олиб, унинг устига, яктагида қип-қизил лаб изини кўриб, қипти тўполонни, қипти тўполонни!
Ана шундан кейин, Шукур қизлар бригадасига иккинчи қадам босмайдиган бўлиб, бадар кетди.
Эртасига бригадага бошқа механизатор келди. Униси ҳушёрроқ экан, ечган кийимини қийиқчага тугиб, кабинага олиб кириб қўйди. Тушликда шийпонда овқатини еб, хотиржам мудради. Аммо қизлар ҳам бўш келмади. У мудраганда, қошига ўсма суртиб қўйишди. Бечора кечқурун уйига бормай, ўртоғининг «куёв чақирди» тўйига борибди. Бўпти кулги, бўпти кулги.
Ана шундан кейин ёшгина, уятчангина механизатор бола келди. Онаси уни анчадан бери уйлантираман деб, муносиб келин тополмай юрганди. Қаёққа совчиликка борса, ўғлингиз латта экан, деб қайтаришарди. Бугун онасининг маслаҳати билан йигитча атайин қиз танлагани шу бригадада ишлашга келганди. Бригада қизлари бир қарашдаёқ унинг бўшанглигини билишди. Лақиллатмоқчи бўлишди.
Тушлик пайтида овқатланиб бўлиб, қизларнинг бири дўппи тикар, бошқаси шеригига соч ўрдирарди. Сожида деган шаддод қиз бурма болишни бағрига босиб ётаркан, бир чеккада хўриллатиб мастава ичаётган йигитчага гап қотди:
— Дадаси, овқатингизни ичиб бўлдингизми? Келақолинг энди, ўринни иситиб турибман.
Йигитчанинг қўлидаги коса тушиб кетай деди. Ўзи лавлагидай қип-қизариб кетди. Аввалига киприкларини пирпиратиб турди-да, кейин: «Э, бор-э», деб шарт ўрнидан туриб, девор орқасига ўтиб кетди. Аммо Сожида ҳамон бўш келмасди.
— Ҳой дадаси, ўсма сиқяпсизми, мунча ҳаяллаб кетдингиз?
Йигитча бошидан дўпписини олиб, тиззасига икки-уч марта шапиллатиб урдию даланинг ўртасидан орқасига карамай кетди. Шу кетганча қайтиб қорасини кўрсатмади.
Ҳожиниса опа қизларнинг шаддодлигидан ташвишга тушиб қолганди. Бригада ерига механизатор зоти қадам босмайдиган бўлиб кетди. Опанинг ўзи яхшигина механи-затор эди. Ҳазилнинг таги зил бўлиб кетганидан, ноилож ўзи трактор бошқаришга мажбур бўлди. Ёнига икки-уч қизни олиб, руль бошқаришни ўргата бошлади.
Ишқ дегани бошқача нарса экан. Йигитлар барибир паналаб, жўяклар орасидан эмаклаб бўлса хам қиз имлагани келишарди.
Қиз болани тақиқ билан ушлаб туриб бўлармиди. Улар ўрик қоқиб келиш, олма териш, молга ўт юлиш баҳонаси билан четга чиқиб дийдор кўришиб туришарди.
Бугун мен катта йўл бўйида опанинг шийпонига қараб, кирайми, кирмайми деб ҳардамхаёл турардим. Бир маҳал қизил «Жигули»ни гуриллатиб, Ҳожиниса опанинг ўзи келиб қолди.
— Ҳа, нима қилиб турибсиз?
Мен тахтачадаги ёзувни имлаб кўрсатдим.
— Сизга мумкин, — деди Ҳожиниса опа кулиб. — Бу ёзув ошиқ йигитлар учун.
У бу тарафдаги «Кўриқхона» деган ёзувни кўрмаган экан, жаҳл билан юлиб олдию кабинага ташлаб қўйди.
— Аламзада йигитлар қилган, эътибор берманг. Машинага ўтирдик. Йўл-йўлакай «Қўриқхона» сўзининг маъносини чақишга уринардим. Назаримда, бу дала, бу бригада ерлари чиройли қизларни сақлайдиган қўриқхонадай эди.
Ярим йўлга етганимизда, садақайрағоч тагидан бир йигит чўчиган мусичадай патирлаб тура қочди.
— Анзиратга келган. Югуришда область чемпиони. Бир ойдан бери тутолмаймиз. Барибир тутаман. Қопқон қўйиб бўлса ҳам тутаман. Бурнини ерга ишқаб ишлатаман.
Зимдан Ҳожиниса опага қарайман. У ниҳоятда кўҳлик аёл эди. Тўмтоқ қошлари, чақнаган кўзлари бир кўрганни довдиратиб қўярди. У машинани бир маромда юргизар, кабинага кирган шамол ўримга сўз бермаган соч толаларини елкасидан олиб бўйнига ташлар, юзларини беозор савалагандек бўларди.
Ғўзалар бир текис чопилган. Аммо йўл ёқасидаги салкам бир гектарча ерда унча-мунча ўт кўриниб қоларди.
— Опа, ерингизга ўт оралаб қоптими? — дедим.
— Парво қилманг. Эртагаёқ ораста бўлади. Бу ошиқлар участкаси.
Маълум бўлишича, қоидани бузиб қиз имлагани келган йигитлар қўлга тушганда, чопиш учун қолдирилган участка экан.
Шийпонга етиб келдик. Шийпон эмас, янги тушган келиннинг уйи деса ҳам бўлади. Ҳаммаёқ озода, ораста. Атроф чиннидек супурилиб, кўлоблаб сув сепилган. Ариқ бўйида каттакон сариқ самовар вақирлаб қайнаб турибди. Деворда журналлардан қийиб олинган ҳинд киноартистларининг суратлари. Шу пайт орқа тарафдан овоз эшитилди:
— Ҳожи онага тўқсон бешдан дамла!
Ҳожиниса опа кулиб қўйди.
— Қуриб кетмагурлар, қаттиққўллигим учун шунақа деб чақиришарди. Ўзим ҳам ўрганиб кетибман. Аччиғим чиқмай қўйган.
У гапини тугатмаган ҳам эдики, тутзор томондан қизларнинг чувиллашган овози эшитилди. Ўша тарафга қарадик. Беш-олти қиз боя қайрағоч тагидан қочган чемпион йигитни судрагандек олиб келишарди. Йигит қизлар қўлидан қутулишга уринмас, гўё тақдирга тан бергандек, индамай келарди.
— Ҳа, қўлга тушдингми? Ўн беш сотих чопасан.
— Тан бердим, опа.
— Кўйлагини ечиб олинглар, — деди Ҳожиниса опа буйруқ оҳангида.
— Менинг ҳам битта шартим бор, — деди йигит ялингандек. — Чанқаганимда чойни Анзират оборсин.
— Яна нимани кўнглинг тусайди? Ўша жойга пақирда сув обориб қўямиз, истаганингча ичаверасан. Гап тамом. Қўлига каттароқ кетмон беринглар.
Йигит бошқа бир сўз демай, йўл бошлаган қиз орқасидан кетмонни судраб кетди.
Кун оғиб, узоқ-яқиндан бузоқларнинг маърашлари эшитила бошлаган эди. Опа билан хайрлашиб йўлга тушдим. Боя ўт босибди, деган жойимда чемпион йигит қора терга тушиб ғўза чопарди. Узоқда қўлига чойнак ушлаб турган Анзират яқин келолмай, опанинг кўзини шамғалат қилиш пайида эди.
— Ҳа, куёв бола, — дедим кулиб. — Аҳвол қалай? Йигит кетмонини бир дам марзага қўйиб, қаддини ростлади. Бошини сарак-сарак қилиб илжайди.
— Ҳамма дардга бор даво, ошиқнинг дарди бедаво, деб бекорга айтишмаган экан.
— Ия, шоир экансиз-ку, оғайни.
— Шоир ҳам гапми, — деди у, — халқ шоири, деяверинг.
У билан хайрлашиб, йўлимга кетдим. Орқадан кетмоннинг қарс-қарс ерга урилиши эшитилиб турарди.