Бир шоир (ҳозир Халқ шоири унвонини олган) Шайхзода домладан 200 сўм пул қарз олиб, бермай қочиб юрганди.
Домла пулдан кўнгил узолмай юрарди. Бир куни у Туроб Тўла билан учрашиб қолди.
— Бир иш бор, шоир афандим. Агар эпласангиз, осонгина 150 сўм ишлаб оласиз. Бир шогирдимиз мендан 200 сўм пул қарз олган. Шу қарзни сизга 50 сўмга сотаман, оласизми?
— Инсоф қилинг, Шайх ака, — деди Туроб тўла. — Миртемир домла ўша шоирга қарз берган 500 сўм пулни менга уч сўмга сотдилар. Агар хўп десангиз, ўша икки юз сўмингизга икки сўм берай. Ундиролмасам накд икки сўмга куйиб қолишим мумкин.
Шайхзода ўйланиб туриб қўлини силтади.
— Бўпти. Унмайдиган 198 сўмдан нақд икки сўм яхши. Бугун ўнг ёнбошим билан турган эканман, икки қадам босмасимдан икки сўм ишладим. Қани, чиқазинг, шоир. Бир пачка «Казбек» текинга тушди!