Саид Аҳмад. «Чекилмасин» (ҳажвия)

(Тақриз)

Маълум бир мазмунни маълум бир шаклда ифодалаш масаласи маълум бир бадиий ижоднинг маълум бир бош масаласидир. Мазмуннинг бирламчилиги ва ҳоказолар хақида, айниқса, унинг етакчилигидан қўлланиш ҳақида гапириш шу кунда айниқса маъқул ва мақбулдир.
Мана шу нуқтаи назардан қараганда, шу кунларда театримиз саҳнасида томошабин олқишига сазовор бўлаётган драматург Полвонийнинг янги «Чекилмасин» асари айниқса характерлидир.
Драматург саҳна билан томоша залининг ажралмас бир бутунлигини ташкил қила олган.
Театр дарвозасидан киришингиз билан, даставвал ўнг томондаги буфетга кўзингиз тушади. Буфет ҳозирги замон рассомчилик санъати анъаналаридан кўлланиб, думалоқ, ярим думалоқ, ингичка оёқ стол ва стуллардан жиҳоз топганки, бундан кўз юмиш уни инкор этиш билан тенгдир.
Залнинг ўнг томонида чекиш хонаси. Тўғрида «Чекилмасин», «Писта чақилмасин» каби таъкидловчи лавҳалар мавжуд бўлиб, улар қўйилажак асар мазмунини томошабин онгига тез сингишини таъминлайдиган омил вазифасини ўтайди, деёлмасдан ўтолмаймиз.
Чироқ уч марта кўз қисиб, томошабинни ичкарига имлайди ва прожекторнинг ёрқин нури саҳна билан томошабин орасини тўсиб турган яшил пардани ёритади ва уни ўртадан кўтариб ташлайди.
Драманинг биринчи пардаси бошланади.
Драматург бу ерда новаторлик йўлидан боради, яъни асарни тўппа-тўғри биринчи пардадан бошлайди! То томоша охиригача автор мана шу методга амал қила бориб, биринчи пардадан кейин иккинчи, ундан кейин учинчи пардага қўл уради.
Аллақайси бир адабиётшуноснинг у ёқи бу мақоласидан бирида қайд этиб ўтилганидек, қандайдир бир классик ёзувчи: «Асар ёзар эканман, ҳамма гапларни айтавермайман. Айтилмаган субъектив моментларни китобхоннинг ўзи қўшиб қўйишига тўла ишонаман», деган экан.
Полвоний ҳам драмасида ана шунга амал қилиб, деярли ҳеч гап айтмайди. Залда ўтирган томошабин саҳнада у ёқдан-бу ёққа юриб одамларнинг субъектив томонларига қараб, нимани хоҳласа ўшани кўшиб, ўзи маъно чиқариб олаверади.
Буни чинакамига новаторлик деса бўлади. Қаранг, томошабин ўзи хоҳлаган мазмунни чиқариб олади! Бу авторнинг ҳаётга яқинлигидан далолат беради, деган гап эмасми?!
Масалан, бизда ўз-ўзига хизмат қилиш дўконлари ишлаб турибди. Харидор қўлига сумка ушлаб олиб, каттакон мазмундор магазиндан ўзи хоҳлаган молни ўзи танлаб, харид қилади.
Ўрта мактабда ўқиб юрган пайтимда адабиёт муаллимимиз, ўзлари бир вақтларда ўқиган китобларида бир зўр ёзувчининг гапидан шундай мисол келтирган эдилар: «Менинг қаҳрамонларим шундай ишлар қиладиларки, уларнинг шундай килишларини мен сира хоҳламас эдим».
Полвоний ўша ёзувчининг васиятларига амал қилади.
Биринчидан: саҳнадаги артистлар у ёзиб берган гапларни айтмайдилар.
Иккинчидан: у «Ўнгга юрилсин!» деб ёзган бўлса, артистлар чапга юрадилар.
Учинчидан: у «Ўлинилмасин!» деб ёзган жойларда артистлар ўлиб қўя қоладилар.
Автор ўз маҳоратига содиқ қолиб залда ўтирганларни маълум нагрузка билан таъминлайди. (Буфет томоша вақтида ҳам ишлаб туради).
Биз юқорида драматургимиз Полвонийнинг янги драмаси ва унинг беқиёс муваффақиятлари ҳақида ижобий фикр айтдик. Авторнинг бу асари албатта бундай илиқ-иссиқ гапларга шубҳасиз сазовордир.
Лекин, шунга қарамай, асар маълум даражада жузъий нуқсонлардан ҳам холи эмаслигини айтмай ўтолмаймиз.
Маълумки, драмани саҳналаштирган театр артистларининг кўпчилиги эллик ёшдан ошган. Улар учун ёшлар ролини ижро этиш, албатта, анча қийин. Автор уларнинг ёшларини ҳисобга олмаган ҳолда «ш» товуши кўп ишлатиладиган сўзларни қўллаган. Масалан, «шумшук», «шаршара», «шошқалоқ». Артистлар бу сўзларни айтолмай, кўпинча ҳуштак чалиб юборадилар.
Спектаклни театр қиш мавсумида саҳнага чиқарди. Асар саратон пайтини ифодалайди. Кўп кишилар майкада юрадилар. Ҳатто, икки чол бир-бирининг устидан челаклаб сув қуяди. Бу ерда автор фасл бирлиги қонунига хилоф иш тутган. Январнинг чирсиллаб турган совуқ кунида артистлар устларидан совуқ сув қуйишлари ҳам ўзларини, ҳам томошабинни ҳамда театр кассасини шамоллатиб қўйиши шубҳасиздир.
Автор драма қоидасини бузиб, зал деворига «Чекилмасин!» деб ёзиб қўйилганига қарамай, саҳнада бош қаҳрамонига сигарет чектиради. Бу, албатта, ўт ўчириш қонунига ҳам хилофдир.
Асар саҳнада уч ярим соат давом этади. Бинобарин, томошабин очиқиб қолиши мумкин. Автор буфетнинг охирги парда олдидан ёпилиб қолмай, томоша охиригача очиқ туришини ва унда бутерброд, сомса, қовурма чучвара каби ранг-баранг озиқ-овқат маҳсулотлари бўлишини таъминласа, асар мазмуни янада бойиган бўларди.
Энди артистлар ижроси ҳақида бир-икки оғиз мулоҳаза. Асар қаҳрамони охирги пардада ўлади. Бизнингча, уни биринчи пардадаёқ ўлдириш керак. Чунки бу ролни ижро этаётган артистканинг эмизикли боласи борлигини назарда тутиб, унинг барвақтроқ ўлишини таъминлаб, уйга эрта етиб боришига имконият яратиб бериш керак.
Шофёр роли анча муваффақиятли чиққан бўлишига қарамай, маълум даражада нуқсондан холи эмас. У саҳнага қўлида калит ўйнаб чиқади. Томошабин унинг шофёрми, омборчими эканини билолмайди. Бизнингча, у саҳнага бемалол уч тоннали юк машинасини ҳайдаб чиқаверса бўлади.
Кассир ролини ижро этган артист мутлақо образга киролмади. Модомики, кассир роли учинчи пардадан бошланар экан, бу ролга артистни овора қилиб ўтирмай, театр кассирини муваффақият билан чиқаравериш керак эди. Бу образнинг турмушавий чиқишини таъминлайди.
Театр дирекцияси томоша давомида саҳна четига бир одам чиқариб қўйиб нима бўлаётганини айтиб туришини таъминласа, драматург мақсадини очиб бериш ва унинг мазмунини белгилашда таҳсинга сазовор иш қилган бўларди.
Юқорида айтилган нуқсонлардан қатъи назар, театр коллективи ва драматург ўз томошабинларини яна бир марта хурсанд қилди, дейишга журъат этишимиз билан бахтиёр эканлигимизни қайд қилишни зарур деб биламиз.