Саид Аҳмад. Лаб ҳақида достон (ҳажвия)

Эркакларнинг ўпишиши жуда хунук нарса-да, укагинам.
Ғафур Ғулом

I

Дунёда нима кўп, лаб кўп. Ер юзида қанча одам бўлса шунча бир жуфтдан лаби бор. (Бир одамда тўртта лаб бўлишига ишонмайман).
Шундай лаблар борки, кўрганда эсинг оғиб қолади.
Ёқут лаб, ғунча лаб, шакар лаб, чўччайган лаб, юпқа лаб… Мен унақа маҳаллий аҳамиятга эга бўлган лабларни писанд қилмай қўйганман. Тўғри, илгари тушунмай юрган онгсиз пайтларимда жумҳурият аҳамиятига эга бунақа лабларга маҳлиё бўлиб, маҳалламдан ўтиб кетган пайтларим бўлган. Энди-чи? Йўқ! Энди мен халқаро аҳамиятга молик бўлган бир лабнинг шайдоси бўлиб қолганман.
Бу лаб… уни таърифламоққа авторучка ожиз, қил қалам нимжон, машинка ночор.
Мен бу лабни биринчи марта Тошкент аэропортининг халқаро йўллар майдонида, Кавказ томондан учиб келган машҳур бир ижодкорнинг лабига қапишиб турганда кўрган эдим. Албатта, мен шоир эмасман, бу капишишни нима дейди, ўпич дейдими, бўса дейдими, билмайман. Ҳозир кўриб турганим манзара ўпичга ҳам, бўсага ҳам ўхшамасди, уни рухсат берсанглар, сўриш деб қўяқолай.
Ўшанда меҳмоннинг бу узоқ сўришдан дами қайтиб, юзлари кўкариб кетганини ҳали-ҳали кўз олдимдан кетказолмайман. (Агар ўша меҳмон мен бўлганимда унинг ичига туфлаб юборардим).
Унинг шу кўриниши меҳмоннинг ичидан ниманидир сўриб олаётганга ўхшади. Шунда мен беихтиёр бу лаб халқимизнинг миллий ғуруридир, деб юборганимни билмай қолибман.
Бир министрнинг отаси ўлганда у ҳам жанозага келиб, фарёд урганча ювғучининг олдига кириб, мурданинг лабидан ўпганини кўрганлар бор.
Ўшанда у ювғучининг олдидан тамшаниб чиқиб, мотамсаро турган министрнинг олдига келди.
— Отахон жаннати одам эканлар. Жуда ширин ўлик бўптилар.
У шундай деб яна тамшаниб қўйди. Министр паст овозда сўради.
— Отангиз ҳали тириклар, а?
— Йўқ, у киши йигирма йил олдин оламдан ўтганлар.
Министр афсуслангандек бир энтикди.
— Майли, қилган яхшиликларингиз учун қарзимни узмоқчи эдим. Начора, сиз ҳали тириксиз-ку, қарз узишга улгураман.
Шу лаб тўғрисида яхлитроқ бир асар ёзиш ниятида уни йигирма йил кузатдим. О, бу лаблар. Кимларни ўпмади. Саримсоқ пиёз ҳиди келиб турган, тамаки сувидан пўрсилдоқ бойлаб кетган, арақ иси гуп-гуп келиб турган лабларга бу лаб муҳрини босди. Амалдорларнинг мўлини пойлаб, бўйнига осилиб ўпди. Министрларни қуйиб юриб ўпди.
Бу ўпичларга, бу сўришларга унча-мунча лаб чидамайди. Билмадим, агар чармдан бўлса йиртилиб, пластмассадан бўлса едирилиб кетарди. Балки ўта чидамли қаттиқ қоришмалар комбинатида ишланган лабдир. Балки у фазога учирилган кемалар маъданидан ясалгандир.
Агар мен шоир бўлсам, шу лабга атаб достонлар ёзардим. Ҳайкалтарош бўлсам, ҳайкалини ясаб пойтахтимизнинг қоқ марказига ўрнатардим. Халқимизнинг ноёб ёдгорлиги сифатида туристлар учун зиёратгоҳга айлантирардим.
ЗАГСдан никоҳ ўқитиб чиққан келин-куёвлар шу лаб ҳайкалининг пойига гулдасталар қўйишини истардим.
Алишер Навоий саройда лаби ҳаддан ташқари қалин одамни кўриб қолиб, Султондан: — «Бу ким?» деб сўрабди. Шунда Бойқаро: «Қаерга борсам ўпавериб, жонимдан безор қилди. Келди-кетдини ўпиб юрар деб, маош тайин қилмай хизматга олдим», — деган экан.
Кўрдингизми, ўтмишда ҳам салафларимиз лабга эътибор берганлар…
Қоч, министр, қоч, ундан каттароғи, қоч, ҳоким, қоч, исполком, сени ўпгани лаб келяпти!

II

Камондан отилган ўқдек учиб келаётган автобус асфальтда қора из қолдириб қийқириб тўхтади. Асфальтдан ҳам, резина ғилдираклардан ҳам тутун чиқиб кетди. Йўловчилар эшик очилишини ҳам кутмай, деразадан ўзларини ерга отишди. Эшик олди тиқин бўлиб қолган, ичкарида қолиб кетганларнинг шовқинидан йўл бетидаги уйларнинг деразалари зириллайди. Омон-эсон ерга тушиб олганлар орқаларига қарамай тирақайлаб қочаяптилар.
Нима гап? Тинчликми?
Бу сўроққа жавоб берадиган биронта мард топилмайди.
Чўкаётган кемани энг охирида капитан тарк этади, дегандек, автобус ҳайдовчиси ҳам энг охирида ёқавайрон бўлиб қочиб тушди. Унинг этагидан шартта ушладим.
— Тинчликми? — дедим бор кучим билан барини чангаллаб.
— Э, сўраманг. Бир одам автобусда дуч келганини ўпаяпти. Эркакми, хотинми, барибир. Охири менга қараб лабини чўччайтириб келаётганди, қочвордим.
— Милиция чақириш керак, — дедим унга раҳмим келиб.
— Автобусда тўппонча таққан милиционер ҳам бор эди, ўпаман, деб яқинлашаётгандаёқ жуфтакни ростлаб қолди.
У шундай деб туриб этагини бир силтаган эди, бари қўлимдан чиқиб кетди. Гапнинг охири оғзида қолиб мультфильмдаги қуёндек бир зумда кўздан ғойиб бўлди.
Бу ўпонғич одам ким экан, деб деразадан автобус ичига қарадим. Бир одам лабини ялаб, хўмрайиб ўтирибди. Во ажаб! Ё қудратингдан кетай. Ахир уни танийман-ку! Ўзига-ўзи жумҳуриятда хизмат кўрсатган ўпанғич унвонини берган одам шу бўлади.
Ўпиш бўйича жаҳон чемпионлигига номзод бу одамни жуда яхши танийман. Темир-бетонни ўпса, шафтоли пўстидек юпқа қилиб юборадиган лаблари дунёдаги жами нарсаларни ўпиб бўлган. Осмонда учадиганлардан мурдахўр калхатни, сувда сузадиганлардан акулани, судраладиганлардан кобра илонни, ўрмалайдиганлардан қора қурт билан чаённи, ваҳший ҳайвонлардан шерни ҳам, борингки, жами жонзотни битта қўймай ўпиб чиққан.
Агар унинг лабини кўп қаватли иморатга пойдевор қилинса, минг йилгача қилт этмай туриб беришига ўзим кафил бўламан. Мабодо, бир кам минг йилда бирон ери қийшайса, майли, мени номард экансан, денг.
Уни танийман, дедим-а? Тўғри, ёшлигидан бери биламан. У болалигида арава михини лабида суғурарди. Лабида тўрт килоли тошни бир соат кўтариб тура оларди. Қаранг-а, ўшандаям ўпичга ишқибоз эди. Дуч келган марсани ўпиб кетаверарди.
Бўйи чўзилиб, оқу қорани ажратадиган бўлганда, фақат одамни ўпиш кераклигини билди. Аввал сал амали борларни ўпди. Кейин магазинчию омборчиларни ўпди. Шу одам олдимдан чиқиб қолса, албатта ўпади, деб эҳтиётдан елкасига противогаз осиб юрадиганлар ҳам бор эди. Айниқса, намозхонлар ундан безор эдилар. Шундай пайтлар бўлардики, бутун бир шаҳар атир ҳиди бўлиб кетарди. Ҳамма чўнтагига одеколон солиб юрарди. Мабодо, ўпса юзимизни атир билан дизенфекция қиламиз, деб эҳтиёт чорасини кўриб қўядилар.
Мана, у ҳозир автобусда лабини чўччайтириб ўтирипти. Мени ҳайратга солган нарса уни тирик кўрганим эди. Чунки у бундан уч ярим ой олдин бандаликни бажо келтирган, яъни омонатини топширган эди. Ювғучига ўзнм қарашворганман. Обдастада сув қуйиб, йўрмашда кафан игнага ўзим ип ўтқазиб берганман. Гўрга қўйишган-да, лаҳад туйнугига ўзим гувала бостирганман…