Зинапоянинг бошида оқ халатли аёл кўриниши билан Мутал шошиб ўрнидан туради. Ундан бирон гап чиқмагандан кейин бўшашиб яна жойига ўтиради. У шу тахлит уч соатдан бери ўтирибди. Шаҳар аллақачон ухлаган. Аммо бу ерда кирди-чиқди. Телефон дам ўтмай жингиллайди. «Тез ёрдам» машинаси тинимсиз келиб-кетиб туради. Ранги бўзарган, кўзлари бесаранжом аёлларни носилкаларда юқорига олиб чиқиб туришибди. Кутиб турганларнинг кўзида ташвиш бор. Ичкаридан ҳам қувонтирадиган, ҳам ҳаяжонга соладиган хабарлар чиқади. Мутал ҳам ўз бахтини ўша жойдан кутиб ўтирибди.
Зинада кексагина ҳамшира хотин кўринди. Ҳамма баравар ўрнидан турди. У ўтирганлар орасидан кимнидир қидирарди. Охири, кўзи Муталга тушиши билан юзида бир чиройли табассум пайдо бўлди.
— Ҳолва муборак бўлсин, иним. Хотининг тўтидек қиз туғди.
Муталнинг юраги қинидан чиқиб кетаёзди. У рост айтяптими? Ахир Мутал қирқ олти йиллик умрининг йигирма саккиз йилини шундай қутлуғ хабар эшитиш орзусида кечирди. Ниҳоят, ниҳоят ниятига етди. Ҳамшира хотин алдамаётганмикин? Ростмикин? Тушимми, ўнгимми? Йўғ-е…
Мутал эсанкираб қолган эди. Атрофида нималар бўляпти, кимлар бор, ўзи қаерда ўтирибди, билмасди. Ўзидан-ўзи довдираб ҳовлига чиқиб кетганини билмай қолди. У туғруқхона дарвозасига етганидагина, шундай яхши хабар олиб чиққан ҳамширага раҳмат айтмагани, суюнчи бермаганини билиб қолди. Шошиб орқасига қайтди. Ҳамшира йўқ эди. Унинг исмини билмаганидан, ҳали кўп келаман-ку, кўнглидан чиқариб юбораман, деб ўзига таскин бериб йўлига қайтди.
Кўча жимжит. Ҳар замон асфальт йўлни ёритиб машиналар ўтиб қолади. Негадир улар Муталнинг олдига етай деб қолганда сигнал беришади. Улар худди уни табриклаётганга ўхшашади. Сонсиз чироқлар жимирлаб кўзни қамаштиради. Дарахт шохлари шабадада силкиниб, ердаги сояларини у ёқдан бу ёққа отиб ўйнашади. Ҳаво тоза, мусаффо.
Трамвай-троллейбуслар ётган. Уй ҳали узоқ. Мутал кўчанинг қоқ ўртасида борарди. Дунёда ҳозир ундан бахтли одам йўқ. Ашула айтгиси, учраган одамга шу топда қиз кўрганини бирпасда тапириб ташлагиси келади. Худди унинг ёнгинасидан бир юк машинаси вағиллаб ўтиб кетди. Нарироқ бориб шарт тўхтади-ю, шофёр кабинадан бош чиқариб, жаҳл билан сўкинди. Мутал унга парво қилмади. Аммо бирдан ҳушёр тортиб кетди. Бояги қувончлари қаёққадир ғойиб бўлди, бир зумда юрагини муз босгандек совуб қолди.
— Мен ҳам одам бўлдимми? Ростдан ҳам бахтлиманми? Шуми бахт?
Бу фикр яшин тезлигида калласини пармалаб кириб, маҳкам ўтириб олди.
Энди Мутал беҳуш қадам ташларди. Боя елдек учиб кетаётган одам, энди шошилмасди. Қаёққа шошади, йигирма беш йиллик ҳамроҳи, дўсти, энг азиз кишиси бу хабарни эшитса нима бўлади? Бу хабар уни қон йиғлатмайдими? Илгарилари ҳам Мутал шу тўғрида ўйлаганида, юраги орқага тортиб кетар, ўйини охирига етказишдан қўрқарди. Бола кўриш орзусида йигирма беш йил орзиқиб яшаган бўлса, бу ёғидаги нияти рўёбга чиқаётган уч йилида бу эзгу нияти кўпинча даҳшатли ўйлар билан аралашиб кетарди.
Муталнинг ҳаётидаги бу каттакон воқеа Эътиборхоннинг қулоғига етмай қолмайди. Ундан кейин нима бўлади? Эътиборхоннинг ҳоли нима кечади? Ана шуниси ёмон! Унинг қийналганини кўриш, кўзида ёш, чеҳрасида ғам кўриш Мутални изтиробга солади. У, йигирма беш йил Эътиборхонни авайлаб келди.
Эътиборхон Муталнинг аввалги хотини эди. Туғмади.
Муталнинг назарида дунёда ҳеч қандай эр-хотин улардек бир-бирини севолмасди. Бу ҳурмат, бу муҳаббат, бу меҳр-оқибат…
Муталнинг ҳали эсида, уларнинг тўйи минг тўққиз юз ўттиз тўртинчи йилнинг августида бўлган эди. То шу кунгача бир-бирларини сен дейишга тиллари бормаган. Ҳамиша «сиз»лаб гапиришарди. Қўни-қўшнилар уларнинг уйидан бирон марта қаттиқ овоз эшитишмаган. Уйлари бўлса, ҳамма вақт ярақларди. Қелган меҳмонлар уларга ҳавас қилиб кетишарди-ю, уйларига етмай, шу бечораларга худо биттагина фарзанд бермади-да, деб қўйишарди.
Йиллар ўтаверди. Улар ҳамон бир-бирларининг қош-қовоғига қараб, кунларни йилларга улаб яшайверишди. Мутал қачондир бола кўришига ишонарди. Унинг ишончи Эътиборни қийнарди. Эрининг сиқилаётганини билиб турарди. Кўчадан бола ўтса кўзи ўйнашини, меҳмонга боришса болаларнинг ўйинига қўшилиб кетишини Эътибор сезмасмиди, сезарди. Хотинлар зийрак бўлишади, уйдаги конфетларни кўчадаги болаларга ташиб тамом қилишини билмайди, дейсизми? Биларди.
Уруш бошланди. Эътибор тўрт йил йўлига кўз тикиб Мутални кутдн. Келди. Яна ўша жим, осуда ҳаёт. Урушдан аввал қанақа яшашган бўлса, ундан кейин ҳам ўзгаришсиз бир хил умр бошланди. Мутал боласиз ўтишга рози эди-ку, аммо Эътиборсиз яшашга рози бўлолмасди. У Эътиборга шунчалар ўрганиб қолган, ўзини ҳатто Эътиборсиз тасаввур ҳам қилолмасди. Аммо Эътибор эрининг қўлида бола кўришни шундай орзу қилардики, биргина бола учун, Муталнинг биргина қувончи учун жонини ҳам беришдан қайтмасди. Қўлида бола кўриб ўлсам, тўйимиз бўлган йиллардаги Муталнинг кўзларида чақнаган ўтни яна бир кўрсам, бу дунёдан беармон кетардим, деб ўйларди.
Кунлар, йиллар ўтаверарди. Эр-хотин ҳамон самимий, ҳамон бир-бирига оқибатли. Бир бурда нон бир-бирисиз томоғидан ўтмайди, уй ҳамон озода, саранжом, жимжит.
Шу хилда йигирма тўрт йил умр ўтиб кетди. На боласизлик, на одамларнинг киши билмас илмоқли таъналари уларнинг орасига совуқчилик сололмасди.
Мутал таниш-билишлар билан учрашиб қолганда одатдагича, ундан бола-чақаларнинг саломатлигини сўрашарди. Мутал довдираб нима дейишини билмай, тайинсизроқ бир гап айтиб қутулиб кетмоқчи бўларди-ю, аммо одатда шу гаплардан кейин келадиган: каттаси нечага кирди, деган сўроқдан кейин, қийналиб-қийналиб жавоб беришга мажбур бўларди,
— Боламиз йўқ. Шундоқ…
Сўраган одамнинг хижолатлигини айтмайсизми.
Мутал танишлар билан тўқнаш келишдан безиллаб қолганди.
Бу гапларни Эътибор сезмасди, дейсизми, сезарди. Сезарди-ю, ич-ичидан эзилиб кетарди. Эрининг кўзига қаролмай, хомуш бўлиб қоларди.
Яна бир йил ўтди. Мутал қарий бошлади. Эътиборнинг назарида, илгариги чақнаб турган кўзларидаги ўт йўқолаётганга, ўзи сал нарсага чарчаб қолаётганга ўхшайверди. Бир кун Мутал ишдан келиб ҳовлида гулқайчи билан олма шохларини бутаб юрганда, Эътибор айвонда чучвара тугиб ўтирган эди. Бирдан, бехосдан кўзи эрининг бўйнига тушиб қолди. Иякларининг таги ғижимланиб қолгандек кўринди. Ўрнидан туриб, бехос олдига борди. Фақат иягида эмас, кўз четларида, пешонасида ҳам ажин. Бирдан Эътиборнинг юрагини ваҳм босиб кетди. Қарибди, қарибди. Сочи икки чаккасидан оқора бошлабди, қарибди, қарибди…
Ҳали офтоб ўчмаган, гуллар қийғоч очилиб турган июль куни уларнинг йигирма беш йиллик аҳил умрига якун ясади.
Эътиборнинг нияти бузилди. Кетиш керак, шу қадрдон, дунёдаги яхши одамларнинг энг яхшисини ташлаб кетиш керак. Қандоқ қилиб?
Мана шуниси қийин эди. Шундай кетиш керакки, кўз ёши тўкилмасин. Келган йиғини кулги билан, хандон кулги билан енгиш керак.
Эътибор бошқа йўл тополмади. Мутални бахтли қилишнинг бирдан-бир йўли шу эди. Ўша кеча Эътибор мижжа қоқмади. Яна бошқа тадбирлар ҳам қидириб чиқди. Энг сўнгги тадбир, Муталнинг кўнглини ўзидан совитиш, безор қилиш бўлди.
Ўшанда дам олиш куни эди. Кечгача Эътибор бўлар-бўлмасга баҳона топиб, эрини қийнайверди. Қўпол гапирди, жиғига тегди, кўнгил қолдирадиган совуқ гаплардан ҳам тоймади. Мутал оғирлик қилиб унинг кўнглини олишга уринди. Эътибор совимади. Ахир, тоқати тоқ бўлган Мутал қизишмай, ётиғи билан сўради:
— Сизга нима бўлди, Эътибор? Жуда қийнавордингиз-ку?!
— Кетаман!
Мутал гангиб қолди. Нима қилишини билмай, хотинининг кўзига қараб, анграйганча қолди.
— Кетаман, яшамайман сиз билан.
Эътибор шу гапни айтди-ю, титраб кетди, аммо буни эрига сездирмади. Ич-ичидан тошиб чиққан хўрсинишни куч билан босиб қайтарди. Анграйиб қолган эрининг кўзига қарамай, уйга кириб кетди-да, бирпасдан кейин чамадон, тугунча кўтариб чиқди.
— Эътибор, кетманг, мени ташлаб кетманг, мен нима қиламан…
Муталнинг кўзлари хиралашиб бир гандираклаб олди. Дармонсизланиб айвоннинг лабига ўтириб қолди.
Эътибор югуриб бориб қўлтиғидан кўтаргиси, пешонасидан, ўша сочи оқариб келаётган чаккаларидан силагиси, юзини-юзига ишқаб овутгиси келди. Лекин, бундай қилмади. Ўзини тутди. Юраги йиғларди-ю, чидарди. Бу — қаҳрамонлик эди, катта қаҳрамонлик эди. У ўзини ҳамон дадил тутиб, эрининг олдига борди:
— Биласанми,— бу эрини биринчи марта сенлаши эди,— сенга хиёнат қилдим. Бунинг учун ўзимни кечиролмайман. Сен ҳам кечирмайсан. Хиёнат қилган хотин эрининг уйида туришга, у билан бирга яшашга ҳақсиз. Бунинг учун, биламан, мени кечиролмайсан.
Эътибор бу баҳонани беихтиёр топди. Бу — зўр баҳона. Ҳеч қандай эр хиёнат қилган хотинни кечиролмайди. Бутун умрини болу пардек покиза ўтказган хотин, хиёнат у ёқда турсин, бегона эркакни хаёлига келтирмаган хотин ўзини-ўзи энг пасткашлар қаторига қўйиб ўтирибди. Нима учун? Ким учун? Буни Эътиборнинг ўзи биларди.
Эътибор остонага етиб қолди. Ўгирилди:
— Мени кечиролмайсан, кечиролмайсан. Кўзингга қараб, шафқатингни кутиб яшашга тоқатим йўқ. Кунига минг марталаб ўзимни қарғаб яшашга тоқатим йўқ. Сени ҳаром қилишга ҳаққим йўқ. Кетай, кетай…
Эътиборнинг товуши бўғилиб, гапиролмай қолди шарт бурилди-ю, чиқди-кетди.
Мутал ёлғиз қолди. Бир кун кутди, икки кун, бир ой, бир йил кутди, хотинидан дарак бўлмади,
Орадан бир ярим йил ўтиб, Эътибордан хат келди. Хатда у энди сира қайтиб келмаслигини, ўша йўлдан «урган» киши билан қовушмоқчи эканини айтибди. Мутал йиғлади. Хўрлиги келиб, ўтказган йигирма беш йиллик умрига ачиниб йиғлади. Мутал ёлғизликда сўла бошлади. Ажинлари кўпайди, чаккасидаги оқ толалар манглайига ўрмалаб қолди. Куйиб-ёниб адо бўлай деди. Кўпчилик: уйлан, ёлғизлик ёмон, деб насиҳат қилишди. Мутал ётиб қолай деди. Охири, дўстлари кичкинагина тўйча қилиб ўзи билан бирга ишлайдиган бир қари қизга уйлантириб қўйишди. Ҳамон Эътибордан дарак йўқ. У бевафонинг қаердалигини ҳеч ким билмасди.
Мутал туғруқхонадан келаркан, мана шуларни эслади. Эслади-ю, сиқилиб кетди.
— Унинг бола кўрганини Эътибор эшитса, нима қиларкин? Ўзини-ўзи бир нима қилиб қўймасмикин? Ё севинармикин? Севинмайди, у хиёнатчи!
Унинг кўзига гоҳ туғруқхонада ётган чақалоғи, гоҳ уйдан қаҳру ғазаб билан чиқиб кетаётган Эътибор кўринарди.
Орадан тўрт кун ўтди. Муталнинг хотини билан қизи ҳали туғруқхонада. Ўзи бўлса, тинмай уй йиғиштиради, келди-кетди учун тайёргарлик кўради.
Бирдан эшик тақиллаб қолди. Почтачи. Посилка олиб келибди. Кимдан? Кимданлиги номаълум. Мутал шошилмай яшикни очди. Чақалоққа кўйлак, фартук, қалпоқча… Кимдан бу? Мутал яшикнинг у ёқ-бу ёғини титкилай бошлади. Хат. Шошиб олди, шошиб ўқий бошлади:
«Ҳурматли Мутал ака! Мени кечиринг. Эшитдим. Эшитиб қай аҳволга тушганимни тушунтириб беролмайман. Менинг биттагина ниятим — қўлингизда бола кўриш эди. Шу ниятимга етдим. Ўтган куни кўчада сизни кўриб қолдим. Кўзларингизда ўт ёниб турибди. Бундан йигирма йил аввал кўзларингиз шундай эди. Кўриб, ҳайрон бўлдим. Билсам, ота бўлибсиз. Бу қандай бахт, бу қандай бахт! Севинчдан юрагим ёрилай деди. Ётиб ухлолмадим. Тонг отгунча кўрган кунларимизни эслаб чиқдим. Қандоқ тотув яшадик! Қандоқ меҳрибон эдик бир-биримизга! Сизни қанчалик яхши кўрардим! Қандоқ аярдим, шамолни ҳам раво кўрмасдим. Кечалари сизга бахт, саломатлик тилаб чиқардим. Сиздек пок одамга муносиб хотин бўлиш учун қўлимдан нима келса, виждоним нимани буюрса — ҳаммасини қилдим. Билсангиз, уйдан кетишим, ўзимга-ўзим туҳмат қилиб, ўзимни-ўзим бузуқ деб атаганим ҳам сизга бахт тилашим эди. Энди очиғини айтай, умримда хиёнат йўлига кирмаганман. Агар ўзимни бузуқ демаганимда, сиз мени уйдан ҳар қандоқ қилиб ҳам чиқазмасдингиз. Кетдим, яхши бўлди, сиз бахт топдингиз, болалик бўлдингиз. Ниятим ҳам шу эди.
Агар мен кетмаганимда сизга бу бахт қаёқда эди? Энди кўнглим тинчиди. Ниятимга етдим. Бахт муборак бўлсин!
Янги келин пайтларимда яхши ният қилиб, бола кўрсак кийдирарман деб кўйлакчалар, қалпоқчалар тиккан эдим. Эзиласиз деб сиздан яшириб тиккан эдим. Менга она бўлиш насиб бўлмади. Илтимос, шуларни чақалоққа кийдиринг.
Шу пайтгача шаҳарда эдим, Яхшилик хабарини эшитиб, тамоман хотиржам бўлдим. Эртага бутунлай кетаман. Ким билади, қайта учрашоламизми, йўқми?
Уйдан чиқиб кетаётганимда етказган озорларим учун Сизга ҳамиша эҳтиром билан: Эътибор отли хотин»
Хатга Муталнинг кўз ёшлари тўкилди.
1959 йил.