Махсум карнайчи анча табаррук бўлиб қолган одам.
У кўп одамларнинг тўйида хизмат қилган, юртнинг дуосини олган киши.
Ҳар тўкисда бир айб дегандек, Махсум карнайчининг ҳам дилида битта армони бор эди. У эсини танибдики, тўйларда карнай чалади. Аммо унга худо биттагина ўғил бермади. Қани мен ҳам ўғил кўрсаму, юртни йиғиб ош берсам, деб эртаю кеч овқат устида ҳам, карнайни юваётганда ҳам тилак тилайди.
Бундан тўрт йил олдин Махсум карнайчининг тонгларда тилаган тилаги ижобат бўлиб, худо унга қўчқордек ўғил берди. Бола йўлга кирди, дадасининг карнайига миниб, от қилиб ўйнайдиган бўлди.
Махсум карнайчи энди юртдан еган ошларини узиш ниятида тўй тараддудига киришди. Ташқари ҳовлига тандир қурдирди. Кўрпа қавитди. Хуллас, тўй яқин қолди.
Дурадгорнинг тўйида дурадгор, қассобнинг тўйида қассоб дегандек, албатта карнайчининг тўйида карнайчи хизмат қилади.
Махсум карнайчи ёр-биродарларига хат жўнатди. Ўзбекистоннинг ҳамма областларидаги карнайчи биродарларига таклифнома юборди. Тожикистон, Қирғизистон тарафларда анчагина шогирдлари бор эди. Улар устознинг тўй қилишини тўрт кўз бўлиб кутиб туришган экан. Хат бориши билан йўлга чиқишди.
Катта ҳовлига одам сиғмай кетди. Созандаларга алоҳида жой, карнайчиларга қилинган икки сўри торлик қилиб қолди. Эллик тўрт карнайчи карнайларини келин тушган уйнинг самоваридек тиш порошок билан ялтиратиб келишипти.
Қассобникига борган гўшт ейди. Боғбонникига борган олма, узум ейди. Новвойникига борган нон ейди. Карнайчиникига келган карнай эшитади экан.
Тўй қизиб кетди. Созандаларга аранг бир марта гал келди. Шогирдлари ҳунарларини астойдил намойиш қила кетишди. Эллик тўрт карнайчининг ҳар бири ярим соат чалганда ҳам йигирма етти соат тинмай карнай чалиниши керак. Бир сутка-ю уч соат ват-ват.
Тўй бошқараётган киши анча тадбирли экан, ўн икки соатдан кейин бошқа карнайчилар армонда қолмасин, деб ўттиз карнайчини тўплаб, умумий марш таклиф қилди.
Ўттиз карнай, ноғора, сурнай бир чалиш килдики, шаҳар момақалдироқ ичида қолгандек бўлди.
Тўй куни мен Андижонда йўқ эдим. Аммо карнай товушини Тошкентда бемалол эшитиб турдим.