Музейни томоша қилгани келганлар «Музей берк, ремонт» деган ёзувни ўқиб, қайтиб кетаверишарди. Аммо соқоли кўксига тушган, икки лунжи филнинг қулоғига ўхшаб осилган бир чол эшикни очасан, кириб карнайимни кўраман, деб икки оёғини бир этикка тиқиб туриб олди. Қоровул тушунтирса ҳам тихирлик қилиб тушунмай тураверди.
Кираман, кўраман, вассалом!
Охири қоровул уни ичкарига киритишга мажбур бўлди.
— Боринг, директор билан ўзингиз гаплашинг.
Чол ичкарига кирди.
Директор қоғозларга кўмилиб нималарнидир ёзиб ўтирарди. У бошини кўтариб чолга қаради.
— Келинг, отахон!
— Мен Бувахон карнайчи бўламан.
— Жуда соз, — деди директор. — Карнайчи чақирганимиз йўқ эди-ку. Тўй қилиш ниятимиз ҳам йўқ.
— Бувахон карнайчини билмасанг, дунёдан бехабар одам экансан-ку. Тўйга эмас, карнайимни кўргани келдим.
Директор қошларини керди.
— Қанақа карнай?
— Музейингда карнай борми ахир?
— Бор, — деди директор.
— Ўша менинг карнайим бўлади. Эллик йил чалганман уни.
Дарҳақиқат, музейда битта эски карнай бор эди. Бу карнайнинг қаёқдан келиб қолганини, нима хосияти борлигини ҳеч ким билмасди. Музей илмий совети бу номаълум карнайни экспозициядан олиб ташламоқчи эди.
— Э, шунақа демайсизми? Қани ўтиринг, отахон, — деб директор унга термосдан чой куйиб узатди. — Келганингиз жуда яхши бўлди. Ўзингиз кимсиз, бу карнай қанақа каромат кўрсатган, бир бошдан айтиб беринг.
Директор Бувахон карнайчи пиёладаги чойни ҳўплагунча стол четида турган магнитофоннинг тугмасини босиб қўйди.
— Оҳ, отагинанг айлансин, биз кўрган карнайчилар энди қаёқда дейсан. Ҳозиргилар карнай пуфласа, лунжи шишмай туриб нафаси биқинидан чиқиб кетади. Карнай деганни пуфлаганда қорин чилимнинг белидан ингичка бўлиб кетиши керак. Ҳозиргилар пуфлаганда киндиги пуп этиб кўйлагини туртиб чиқади. Йўқ, бу болалардан рисоладаги карнайчи чиқмайди…
Аслини олганда, карнайчилик муҳим касб эмас. Карнай деган тўйда, ҳайит-маъракаларда чалинади. Азада чалиб бўлмаса. Хонаки базмларда дутор-танбурга ўхшатиб улфатларнинг кўнглини олишга ярамаса. Кимга қийин, карнайчига қийин. Аммо Бувахон карнайчининг айтишича, йил-ўн икки ой карнайбоп иш топилиб турган.
Отагинанг айлансин, гапимга ишон. Лунжим бирон кун бекор турганини билмайман. Кечасию кундузи пуфлаганим-пуфлаган. Нима бўлади-ю, вокзалдаги темир йўл зовутининг гудоги бузилиб қолади. У пайтларда одамларда соат деган нарса бўлмасди. Ҳамма эрталаб ўша зовутти гудоги билан уйғонарди. Ўша пайтда Некалайнинг зовутига Бувахон аканг керак бўлиб қолган. Саҳар пайтида қўш отли извош билан олиб кетишарди. Водақашқанинг тепасига чиқволиб шаҳарнинг тўрт тарафига қараб бир пуфлардим, ё бафармони худо, бу томони Хасти имом, бу томони Жарариқ, бу томони Занги ота, бу томони Яланғоч пирим алғов-далғов бўлиб кетарди. Тошкент вилоятида қанчаки ит бўлса баб-баробар акиллаворарди. То гудок тузалгунча бир ярим ой Тошкентни ўзим уйғотиб турганман. Э, сенлар нимани биласанлар…
Бувахон карнайчи пиёла тагида қолган чойни ҳўплаб, томоғини намлаб олгандан кейин гапини давом эттирди:
— Некалай пошшо ўлгудек хасис одам эди. Тупроқ-қўрғондаги крепосда аскарлар турарди. Ўқу замбараклари ҳам ўша ерда эди. Ҳар куни тушлик пайтида тўп отиларди. Бунинг маъноси абид вақти бўлди, дегани эди. Одамлар тўпотар маҳали бўлдимикан, деб кутишарди. Хотини талоқ оқ пошшо энди бас, тўп отилмасин, гирмон уриш бошлади, порох исроф қилинмасин, деб приказ қипти.
Ана шунда нима бўлди, дегин. Тошкентдек шаҳри азимда кеча билан кундузнинг фарқи қолмади. Тўп отилмагандан кейин вақт қай маҳал бўлганини ким қаёқдан билсин? Ана шундоқ оғир кунларда яна Бувахон карнайчи керак бўлди. Эшигимнинг олдига извош келди. Икки саллот иззат-икром билан олиб кетди. Крепосига кирганимда қарасам, Қози калон ҳам ўша ерда экан. Кимдир: аввал унинг қорнини тўйдириш керак, бўлмасам карнай пуфлашга ҳоли келмайди, деб қолди. Мис тоғорачада қазига ўхшаган бир таом келтиришди. Дарров билдим. Моя мусилмон чалавек, калбаса не кушайт, дедим. Шунда Қози калон: аз заруратан калбасага танаввули жоиздир, деб қолди. Ичимда, уволини сен, савобини ўзимга бағишладим, деб пок-покиза қилиб туширдим. Дуруст, ёмон таом эмас экан. Ёнбошига тўнпонча таққан погонли семиз киши, бошла, деди. Калбасани қувватими, ё ўзимда бир куч пайдо бўлдими, икки лунжимни қўйнинг думбасидек қилиб карнай жонворни бир пуфладим. Тошкентда қанча қарға, қанча каптару мусича бўлса ҳаммаси осмонга патирлаб кўтарилди. Итлар акиллаворди. Қўй-қўзиларнинг маърашини айтмайсизми?! Бу ҳам майли-я, эшак ўлгирга ҳанграшни ким қўйипти?
Шундай қилиб, салкам икки йил извошга тушиб крепосга бордим, тўп ўрнига карнай чалиб халқимга хизмат қилдим.
Инқилоб бўлгандан кейин ҳам бир кун бекор турганим йўқ. Қаерда метинка бўлса, қаерда йиғин бўлса Бувахон акангнинг карнайи билан лунжи иш бераверади. Ҳозирги Сверлов театри Юпатов серки эди. Катта мажлисларга одам йиғиб беринг, дейишди. Томга чиқиб қадрдон лунжим билан карнайимни ишга солдим. Бедабозордаги Дом деҳқонга Бутуниттифоқ оқсоқоли келганларида ҳам карнай чалиб, одам йиғиб берганмиз. Э, сенлар нимани биласанлар? Бувахон оталарингни бошидан нималар ўтмади-ю, кўзлари нималарни кўрмади. Тошкент атрофларида колхоз тузилиб биринчи ҳосилдан «Қизил карвон» қилиб шаҳарга қовун-тарвуз олиб келинган. Ўшанда ҳам Бувахон аканг карвон олдида Чиғатой дарвозадан то Эски жўвагача тинмай карнайини ватиллатиб келган. Ўшанда Охунбобоев карнайимга лента тақиб қўйганлар.
Сен нимани биласан, усталда ўтирибсан, биз бўлмасак сенга бу устал қаёқда эди? Текстил комбинати ишга тушганда ҳам Бувахон аканг карнайини чалиб, одамларни ишга чақирган. Гидроистанса очилганидаям, Селмаш зовути битгандаям, қишлоқ хўжалиги Виставкаси очилгандаям шу Бувахон аканг карнай чалган. Будённий И. Раҳматни отга миндирганда ҳам Бувахон аканг истадионда роса карнай чалган.
Йигитларимиз Гитлернинг онасини Учқурғондан кўрсатиб, ғалаба билан қайтганларида бир ой вокзалда қолиб кетганман. Москов томонидан келаётган поездки бор, йўлида туриб олиб, роса карнайимни чалганман, акаси, мени ким деб ўтирибсан? Уёғини сўрасанг, бу карнай Ҳамза билан Хоразмдан то Қорақалпоққача борган. Бу карнай Муҳиддин қори труппаси билан Фарғона водийсини айланиб Тамарахонимни йўрғалатган.
«Хизмат кўрсатган санъат арбоби» унвонини ҳар кимгаям беравермайди. Фарғона каналининг икки юз етмиш километр масофали трассасида карнай чалавериб, лунжларим дирижабил бўлиб кетган. Бўлмасам, Усмон Юсупов бекордан-бекорга «БФК» нишонини кўкрагимга тақиб қўярмиди?
Қўй, укам, мени кўп жавратма. Эшикни оч. Қадрдон карнайимни бир кўриб кетай. Иложи бўлса, рухсат бер, битта пуфлаб қўяй.
— Йўқ, отахон, мумкин эмас, музейнинг ёнбошида туғуруқхона бор. Ҳомиладор хотинлар бола ташлаб қўймасин.
Директор магнитофон тугмасини босиб, ўрнидан турди.
— Юринг, ота, ўша қадрдон карнайингизни кўрсатиб қўяй.
Улар бўёқ ва нам оҳақ ҳиди анқиб турган йўлакдан ўтиб «Санъат тарихи» деган катта залга киришди. Чол ойнавон жавонда яшил духоба устига ёнбошлатиб қўйилган карнайини дарров таниди. Кўзлари яшнаб, беихтиёр, бормисан қадрдон, деб юборганини ўзи ҳам билмай қолди.
Тўққиз кундан кейин музей очилди. Шу пайтгача номаълум бўлган карнай қўйилган залда ҳар куни бир неча марта Бувахон карнайчининг магнитофонга ёзилган овози янграйдиган бўлди.
«Оҳ, отагинанг айлансин, у пайтдаги карнайчилар…», — деб бошланарди унинг сўзлари.
Орадан сал кун ўтмай хориждан келган бир турист музейнинг эсдалик дафтарига шундай ёзув қолдирди:
«…Оддий карнайчиси шунча иш қилган бўлса, олими, ишчиси қанақа ишлар қилдийкин? Йўқ, бунақа халқни йўлдан уриб бўлмайди…»