Теримга тайёргарликнинг бориши ҳақида Ҳоднвой раис ахборот берар экан, пастдан луқма ташлаб гапини гапига қовуштиришмади.
— «Ҳой Ҳоди, сенсиз тайёргарликни кўриб қўйганмиз. Яхшиси, курортда қанақа дам олганингни гапирнб қўя қол»!
Раис, «гапирайми-йўқми, бирпас хап турсанглар-чи», дегандек қилиб залга қошини кериб, елкасини кисиб қаради.
— Пилла хусусида тил қисиқлик жойим йўқ. Планни бир юз ўн, бир юз ўн бир процент қилиб қўйганман. Пахтани ҳам бир юз ўн бир бўлмаса ҳам юздан ошири-шим турган гап. Райондаги катталарга шунақа деб ваъда берганман. Чорвам ёмон эмас. Ҳар сигирдан етти юз литрдан соғиб олсак…
Раиснинг гапи оғзида қолди. Ўрта қаторда ўтирган ойболта соқолли киши луқма ташлади:
— Уни ундоқ бажардим, буни бундоқ бажардим, деяпсан. Қойилмиз. Нега энди сут масаласига келганда «мунча соғиб олсак» дейсан? Уни ҳам соғиб олсам дея қол!
Раиснинг жон-пони чиқиб кетди.
— Уста, аскияни чойхонага чиқиб қиласиз. Бу мажлис. Гапингиз бўлса, панада сасимай, манави ёққа чиқиб гапиринг!
— Шунақами? Мажлисчасига гаплашайми? Менга сўз беринглар!
Уста елкасига ташлаб олган чорсисини белига сириб боғлаб, минбарга чиқди.
— Ҳодивой, аччиғинг чиқмасин-ку, анчадан бери гапингдан латта ҳиди келадиган бўлиб қолган. Энди сен айтадиган гапингни дилингда пухталаб тур. Қизишиб кетсанг, мендан кейин яна сўз оласан.
Уста мажлис аҳлига қараб бирпас ўйланиб турди-да, гапира кетди:
— Йигирма уч йилдан бери колхозга аъзо бўлиб биринчи марта даврага чиқиб гапиришим. Гапим мажлиснинг гапига ўхшамаса айбга буюрмайсизлар. Хўш десан-гиз, мана шу раисимиз Ҳодивой билан болаликдан тепкилашиб ўсганмиз. Бир отинойида ўқиганмиз. Аммо Ҳоди болалигида ҳам сал ғўдайганроқ эди. Шунинг учун ҳам ўртоқларимиз уни Ҳодивой отига мослаб «Ходавой» деб аташарди. Шу отинойининг Тўхтахон деган кекиртагидан оқма қизи бўлгувчи эди. Кимки уни опичиб юрса, ўқишдан озод бўлар эди. Ҳодивой ҳар куни уйидан ёнғоқ, туршак олиб келиб ҳаммадан олдин Тўхтахонни опичиб оларди-ю, кечгача маза килиб йўқ бўлиб кетар эди. Ҳодивой тахтадан ҳафтиякка ўтибдиямки, елкасидан Тўхтахон тушмади.
Пастдан, керакли гаплардан айтинг, одамларнинг вақтини бекорга олманг, деган овоз чиқди.
— Шошилманглар. Бердисини айтгунча сабр қилинглар. Бу Ҳодивойнинг болалигидаги шайтонлигидан бир ҳикоя, холос. Энди ҳозиргисини айтамиз. У то раис бўлгунча сельсоветнинг ўғлини опичиб юрарди. Исполкомнинг қайниси ўғил тўйи қилганда тўй болани опичиб гулхан атрофидан айлантирган ҳам шу Ҳодивой эди.
Залда ғовур-ғовур, гап бошланди. Устанинг гапларидан энсаси қотиб ўтирган Ҳодивой раис «шахсиятга тегилмасин» деб қўйди.
— Хўп, жоним билан, — деди Уста кўлини кўксига қўйиб, — энди колхоздаги ишлари ҳақида гапираман. Ҳодивой, пилла планини бир юз ўн бир процент қилдим, дейди. Зинҳор қилдим, демасин, қилдик десин. Планни тўлдирганлар бошқа. План мана шу бир юз ўн бир процент бўлгунча, йигитларимизнинг пешонаси юз ўн биттадан ғурра бўлди. Сабаб, раис супрадаги унга қара-май, тандирга ўт қалайдиган хилидан. Колхоз ерини дурбин билан қидирсанг ҳам тут дарахтидан нишон топмайсан. Акам орқа-ўнгларига қарамай, қурт уруғига зўр берадилар. Қурт даҳага кирдими, колхоз араваси кетма-кет шаҳарга ғириллайди.
Маҳаллама-маҳалла изғиб, ўсма кетди, сурма кетди деб юрадиган чорбозорчига ўхшаб бировларнинг тутини кесиб юради. Кестиришга биров унайди, биров унамайди.
Ана бир йил кестиради, икки йил кестиради. Наинки ўн йилдан бери аҳволимиз шу бўлса! Бу йил эрта кўкламда қанақа ҳангомалар бўлдики, барг кесиб келган даванги-дек йигитларнинг кўпи шаҳарлик хотинлардан калтак еб, чаккасини ғурра қилиб келишди. Инсоф ҳам керак-да! Шу ўн йил ичида кўчат ўтқазганимизда биласизми, қанақа катта тутзор бўларди? Гапирганмиз. Қулоқ солмаган. Шаҳарда маржондек оппоқ бўлиб турган тутини кестириб кўядиган анойилар бор-да! Энди яна битта гап: ўтган йили пахтани қойил қилдим, дединг. Ҳоди, минбаъд мундай дема! Қойил қилдик, дегин. Экканлар ҳам, терганлар ҳам бошқа. Сен чигит экканимизда жағингга тилла тиш қўйдиргани Марғилонга кетган эдинг. Авжи ғўза парвариши вақтида қайтиб келдинг. Далага чиқмай, бир-икки ҳафта уйингда қайнатма шўрва ичиб ётдинг. Ғўзани кўндалангига ишлаётган универсалчини ёнингга олиб «Волга» олгани Тошкентга кетдинг. «Волга»га тушиб йўл-йўлакай Шоҳимардонми, Поччаотами роса айланиб келдинг. Кўзингни оч, бу йил мунақаси кетмайди. Кузда ҳашарчини пахтага йўлатмаймиз. Машинада ўзимиз терамиз. Терим машинаси деса, қийшанглайдиган бўлиб қолибсан, бу қилиқ қаёқдан чиқди? Эгнингдаги посон костюминг агар қўлда тепчиб тикилган бўлса киярмидинг? Машина зотидан автомобиль билан телефондан бошқасини тан олмай қолибсан. Ҳўв, кўзингни оч, бола. Бу йил ҳам курортни канда қилмадинг-а! Энди дамингни олган бўлсанг, далага чиқ. Устахонага кир, хирмонларни кўр! Бултургига ўхшаб комиссияга нариги колхознинг гуриллаб кишнаб турган машиналарини меники деб кўрсатиб юрма! Бўлди энди лўттилик! Гапим тамом! Шахсиятингга теккан бўлсам, хафа бўлсанг ҳам, бўлмасанг ҳам ўзинг биласан! Ҳодивой отингни Ходавой деганимга тавба қилдим.
Устанинг гапи қийқириқ, чапак билан тугади. Раис бир қизариб, бир бўзарди.
Сўзга чиқмоқчи бўлиб қўл кўтарганларнинг сони кўпайиб кетди. Мажлис раиси: «Бухгалтер Қорабоев сўзга тайёрлансин» деб, 15 минут танаффус эълон қилди.
Эртасига колхоз самоварида латифага ўхшаш бир гап бўлди.
Ҳодивой раисликдан олинишига кўзи етгандан кейин правление аъзоларига бир шарт қўйган эмиш: «Раисликка ўрганиб қолганман. Машинани, печатни олмасанглар раисликдан тушаман, бўлмаса, кўз олдиларингда печатни лиқ этиб ютиб юбораман».
Унинг бу шартига Уста ака чистон қилиб жавоб берибди:
— Майли, ютсанг ютвора қол. Колхоз печатини ҳуда-беҳудага боса бериб сийқа қилиб, хатларини ўқиб бўлмайдиган қилиб юборган экансан. Бошқасини ясатиб оламиз. Аммо-лекин кўз олдимизда ютасан.
Ҳодивой печатни ютиб юбордими, йўқми, уни ҳеч ким билмайди. Аммо раислиқдан олингани рост. У ҳар куни самоварга чиқиб, олдига бир чойнак кўк чойни қўйиб, ҳадеб янги раисни чалпийди.
— Раис бўлиб, машинада керилиб ўтиришни билмаса, печать деганни аввал оғизнинг ҳовури билан намлаб, кейин босишни билмаса, подписи ҳам кўримсиз, қизил қалам турганда кўк сиёҳга бало борми?
1959 йил.