Бир томчи сув
Нигора бир ҳафтагина қишлоққа онасининг олдига бориб келадиган бўлиб қолди. Эри командировкада. Уй Олғиз қолди. Поездга чиқиб энди чамадонни ўрнига қўяётганида бирдан бўшашиб кетди.
Тувакдаги гулга сув қуйиш эсидан чиқибди-ку.
Ахир, Нигора уни қандай авайларди. Кун ора сув қуйиб чамандек очилиб турган гулларини ҳидлаб, ҳидлаб оларди. Нима бўлади энди?
Эри Козимжон Кисловодскдан атайин самолётда олиб келган эди. Икки йилдан бери уни парвариш қиларди. Ёзда ҳовлига опчиқиб экар, куз келди дегунча яна тувакка ўтқазиб, уйнинг кунгай томондаги дераза раҳига қўярди. Нима бўлади энди?
Битта гул учун орқага қайтсинми? Қайтарди ҳам, аммо поезд жойидан қўзғалиб, шитоб билан олдинга интилиб кетяпти.
То қишлоққа етгунча ҳам шу гул унинг хаёлидан кетмади. Назарида сарғайиб сўлаётгандек, қуриб-қовжираган барглари дераза олдига тўкилиб ётгандек…
У қишлоқнинг қатқалоқ кўчаларидан кетаркан, бирон уйнинг деразасида гул кўрдими, бўлди, хаёли яна уйига учиб борар, қуриб қолган гул олдида маъюс тургандек бўларди.
Нигора қайтаётганда қалин қор тушди. Пўстинига ўраниб поездга чиқди-ю, вагон ойнасидан оппоқ далаларни маъюс томоша қилиб келди. Ниҳоят уйи остонасига ҳам етди. Қандай қилиб эшикка калит солганини, қандай қилиб дераза олдига келиб қолганини ўзи ҳам билмасди.
Тувакдаги гул ҳамон яшнаб турарди. Унинг кўм-кўк барглари тагидан яна куртакчалар бўртиб қолибди.
Нигора очиламан деб, турган ғунчага энгашиб димоғини тегизди. Бирам хушбўй, бирам хушбўй!
У, бир ҳафта сувсиз қолган бу гулнинг аввалгидек яшнаб туришига ҳайрон эди.
Офтоб дераза қировини эритиб ҳар куни бир томчидан тувакка сачратганидан Нигора бехабар эди.
Бир томчи сувда қанчалар қудрат борлигини у сира-сира хаёлига келтиролмасди.
Бобо, бола, гул
Бобо эшиги олдидаги супада соатлаб ўтирарди. Ўтган-кетганга чой тутиб супачасига таклиф қиларди.
Бу баҳор у супа ёнбошига кичкинагина гулзор қилди. Чиройли жўякчалар тортиб анвойи гуллар экди. Мана, бир туп атиргул ғунчага ҳам кирди. Айниқса битта ғунча ана очиламан, мана очиламан деб турибди. Чолнинг икки кўзи шу ғунчада.
Тикилган қозон қайнамас дегандек унинг очилиши жуда қийин бўлди. Бобо унга тикилавериб кўзлари толди.
Бир кун эрталаб одати бўйича шолчасини судраб супага чиқса бирам чиройли бўлиб очилибдики. Чол тишсиз оғзини очганича унга тикилиб қолди. Шолчани супага ташлаб гул тепасига келиб энгашди. Кафти билан уни беозор кўтариб ҳузур қилиб ҳидлади.
Бобонинг табиати равшан бўлиб кетди, Шолчани супага хотиржам ёзиб чой олиб чиққани кириб кетди. У қайтиб қўлида чойнак-пиёла билан чиққанда гул бандида йўқ эди. У ҳайрон бўлиб у ёқ-бу ёққа қараса кўчанинг нариги бетида бир хотин аравачада ўтирган икки ёшлар чамасидаги боласига ўша гулни беряпти.
Бобонинг ғазаби қайнаб кетди. Бу нимаси, кап-катта одам, бировнинг гулини узгани уялмайдими? Бу яшнаб турган гул қанчадан-қанча кишиларнинг баҳри-дилини очарди.
Бола онасининг қўлидан гулни олди-да, қип-қизил баргчаларини юлаверди. Бирпасда унинг оппоқ кўйлаклари, кўк товар кўрпачалари гул япроқларига тўлди.
Бола оппоқ қўлчалари билан шу япроқчаларни бирма-бир териб тиқмачоқдек тиззаларига сочар, қийқирарди.
Бобо унинг қийқиришидан, гул баргларини сочиб ўйнашидан завқланиб кетди. Бояги жаҳлидан ном-нишон қолмади. Қайтиб супасига ўтирди. Гулнинг биринчи ғунчаси куттириб очилади. Кейин бири кетидан бири очилаверади.
Бобо ҳар гал эрталаб чиққанида гулларининг яшнаб очилиб турганини кўрганида негадир ўша болани эслайди. Унинг яна келиб гул узишини, дўмбоқ қўллари билан уни силкитишини истарди.
Унинг назарида
Эрта баҳорнинг эндигина ердан қор кетган кунлари эди.
Шаҳар ўртасидаги туғруқхона деразаси тагида бир хотин кичкина саватчада гунафша кўтариб турибди. Бир йигитча деразага миниб олиб кўзи ёриган хотини билан гаплашяпти.
— Вақти бўлди, ҳозир олиб келади, кўрасиз, бирам чиройли, бурнилари худди чимчилагандек, кўзлари қоп-қора…
Она боласини таърифлашга сўз еткизолмади. Ота оғзининг таноби қочиб илжаярди. Боласини тезроқ кўра қолишга шошарди.
Ниҳоят доя хотин боласини олиб келиб қўлига берди. Она чойшабни елкасига тортиб уни бағрига босди-да, чўп-чўп ўпиб олди.
Боланинг бурунлари ялпоқ, пешоналари ёғ суртгандек, кўз ўрнида иккита чизиқ эди. Умуман бола янги туғилганда шунақа бўлади.
— Муни қаранг, чиройлилигини қаранг…
Ота деразадан суғурилиб тушиб бояги хотиндан бир даста бинафша олди-да, хотинига узатди. Хотин бахтиёр кўзларини унга меҳр билан тикиб ҳидлади. Кейин бинафша дастасини боланинг димоғига тутди. Бола ғаши келгандек лабларини қимтиб қўйди. У шундай қилганда оғзи бир тарафга қийшайиб кетди, анча вақтгача уриниб йиғиштириб ололмади.
— Вой, буни қаранг, биляпти, ҳидлашини қаранг, вой тавба.
Бола ҳидлаш у ёқда турсин, нима бўлаётганини ҳам билмасди.
— Муштдаккина бола баҳор келганини биляпти-я, бинафша ҳидлаяпти-я…
Мана шу воқеага саккиз йил бўлган. Ўша бола бир чиройли, бир келишган қиз бўлган. Ҳар баҳор келганда бинафша кўрса онанинг баҳри-дили очилиб кетади.
— Вой тавба, муштдек вақтида бинафшани билганини қаранг, ҳали кўзини очмагандаёқ бинафша ҳидлаган-а…
Бу воқеа энди она хотирасида бир умр қолди, деяверинг.
Абадий гул
Автобус чўл ўртасида тўхтаб, сув алмаштириб олиши керак. Бу ерда ҳеч ким яшамайди. Йўловчи машиналарнинг сув алмашишига атайин қудуқ қилинган. Қудуқдан икки метрча нарида бир туп атиргул очилиб турибди. Унинг ёнидаги тахтачада шундай ёзув бор:
«Йўловчи, қудуқдан сув олиб ичганингда шу гул тагига бир пиёла сув қуй!»
Автобус келиши билан йўловчилар ўзларини қудуққа уришади. Челакда сув тортиб биров стакан ботиради, биров пиёла ботиради. Бесабрроқлари челакни кўтариб четидан симиришади.
То машина мотори совигунча у ёқ-бу ёққа қараб чўлни томоша қилишади ва албатта гулга кўзлари тушади. Шунда тахтачадаги ёзувни ҳам ўқишади. Бирин-кетин пиёлада сув обориб гул тагига қуя бошлашади. Қарабсизки, ҳадемай гул тагидаги чуқурча сувга тўлади.
Автобус яна йўлга чиқади. Кимсасиз чўл ўртасида шу файзсиз ерларга жилва бериб биргина гул қолади. Яна автобус кўринади, кечга бориб яна…
Чўлнинг оловдек офтоби унинг баргини қуритолмайди. Томирларига жон бериб турган тупроқнинг намини ҳавога учиролмайди.
Чунки бу ердан кунига уч марта одам ўтади, уч марта шу гулга сув беради.
Бу — абадий сўлмас гул.