Толибжон мудраб, аранг уйига етиб келди. Иккинчи каватга чиққанида ҳам кўзи биё-биё бўлиб, тикка турганича ухлаб қолгудек ҳоли бор эди. У шу мудраганича эшикка калит солиб очди-ю, хотинини уйғотиб юбормаслик учун фақат коридор чироғинигина ёқиб, ўрта уйга ним қоронғи ёруғлик тушириб қўйди. Ётоқхона эшигини секин очиб, ичкарига мўралади. Хотини пишиллаб ухлаяпти. У яна эшикни ғичиллатмай бекитиб ечина бошлади. Бугун тузаттирган хотинининг тилла соатини, олган маошини чўнтагидан олиб, столга қўйди. Оёқ учида юриб ваннахонага кирди.
Толибжоннинг хотини сержанжал хотин бўлса ҳам, баъзи пайтларда ундан меҳрибон одам топилмай қоларди. Қаранг, ваннахона қозиғига Толибжоннинг янги ич кийимларини илиб қўйибди. Магазиндан бугун олганга ўхшайди. Бу албатта, эрим ювиниб, кийиниб олсин дегани-да.
Толибжон шундай қилди. Ваннага тушиб, иссиқ сув оқизди. Жони кириб бирпасда ювиниб олди. То бадани қизариб кетгунча янги сочиққа ишқалади. Янги ич кийимларни кийиб, ётоқхонага атир совундек йилтираб кирди. Хотини ҳамон ухлаяпти. Толибжон кўрпанинг бир чеккасини кўтариб, аста хотинининг ёнига кириб, орқасини ўгирганича ухлади-қолди.
Толибжон қанча ухлаганини билмайди. Тўс-тўполондан уйғониб кеди. Хотини додлади. Толибжоннинг белига бир тепки тушди. Кўзини очиб қараса, қоп-қора бир йигит кўзидан ўт чақнаб тепасида турибди. Хотин кўрпага бошини буркаб, дод устига дод солади. Қоп-қора йигит Толибжоннинг гирибонидан бўғиб, ўрнидан турғизиб қўйди. Кейин кўрпани очиб, хотинни ҳам тик турғизди. Толибжоннинг ғазаби келди.
— Кимсиз? — деди Толибжон титраб-қақшаб.
— Ўзинг кимсан? — деди қора йигит, уни сенсираб.
— Менми, мен, Толибжон.
— Қанақа Толиб? — деди яна ўдағайлаб қора йигит.
— Қанақа Толиб бўларди, Толибдақа Толиб-да.
Қора йигит алам билан уни бир калла қилган эди, хотинининг олдига бориб тушди. Толибжон шундоқ қараса, хотин унинг хотини эмас. Қора йигит энди хотинга ўдағайлай бошлади.
— Бу ким? — деди у Толибни кўрсатиб.
— Худо ҳаққи, танимайман. Энди кўряпман.
— Энди кўряпман? Шунақами?
Қора йигит столда ётган бир даста пул, тилла соатни олиб хотинига отди.
— Бу нима? Совғаларми? Биз бунақа соат олиб беришга ярамаймизми?
— Билмайман. Қанақа соат, қанақа пул? Ўлай агар, тил тортмай ўлай агар, бу одамни ҳам, бу пул билан соатни ҳам билмайман.
— Ёнингда ётади-ю, тилла соат совға қилади-ю, билмайсанми? Ҳозир икковингни ҳам бир ёқли қиламан.
— Билмайман деяпман-ку. Нега ишонмайсиз?
Қора йигит алам билан стулга ўтириб қолди. Дард-алам билан пешонасига патиллатиб ура бошлади.
— Қандоқ ишонай, қандоқ ишонай? Шунақа бевафо хотинмисан, мени ўлди деб ўйлаганмидинг? Наҳотки кийимларимни ҳам бу ярамасга кийдириб қўйсанг, эгнида ич ийимларим, оёғида шиппагим… — Қора йигит алам билан ўрнидан сапчиб турди-ю, хотинни бўғишга югурди.
Хайрият, эшикнинг калити бурнида қолган экан, хотин зина тарафга дод деб қочди. Тонг ёришиб қолган экан, зинага одам йиғилди. Бир аёл айб бўлмасин деб хотиннинг устига плашини ташлади. Аммо горпроект лойиҳачиси Толибжон ич кийимида диргизлаб одамлардан мадад сўраб жавдираб турарди.
Одамлар бири олиб, бири қўйиб, гапга тушиб кетишди. Биров хотинни беҳаёликда, биров Толибжонни саёқликда, биров қора йигитни қўполликда айбларди. Шу пайт аллақайдан милиция етиб келди. Акт, у-бу тузилди. Одамлар қўл қўйишди. Шундан кейин ҳар учалаларини милиция олдига солиб ҳайдаб кетди.
Узоқ тергов, текшир-текширдан кейин учовларини ҳам қўйиб юборишди.
Айб лойиҳа бошқармасига тушди. Толибжон ўзи лойиҳалаган, бирини биридан фарқ қилиб бўлмайдиган уйда адашиб бировникига кириб, бировнинг хотини ёнида хуррак отиб ухлаб қолган экан.
(Ушбу ҳикоя ёзилмасдан олдин шаҳар лойиҳа бошқармасида тасдиқланган. Ишкал топган танқидчилар авторга минғиллаб юрмасинлар).