Саид Аҳмад. Эгар бозори (ҳажвия)

Ҳазил

Бутун республикадаги жамики магазинларни айланиб чиқсангиз, прилавкада чанг босиб ётган эгар, арқон, арава михини кўрасиз. Бу моллар ўн-ўн беш йиллардан бери сотилмай ётади. Аммо шаҳарнинг қоқ ўртасидаги хўжалик моллари дўконида бу молларнинг уруғи ҳам топилмайди. Ҳар ҳафтада базага шу дўкондан заявка келади.
«…Бизга элликта эгар, икки юз кило арава михи, икки минг метр жун арқон юборинг».
Шу дўконнинг шикоят дафтарини ўқисангиз, яна шу гап:
«Дўкон мудири келган арқонларни, эгар ва арава михларни ўз ошна-оғайниларига сотяпти…»
Бошқа дўконларда йилдан-йилга сурилиб ётган арқону эгарларни шу дўконга юбора бошлашди. Барибир етишмайди. Заявка устига заявка. Яқин олти ой ичида республикамизнинг ҳамма дўконларидан эгарлар қайтариб олиб келинди. Шу дўконга юборилди.
Орадан сал кун ўтмай, яна заявка. Эгар, арқон, арава михи…
Энди фабрикага заказ бера бошлашди. Фабрика эгар чиқариб улгуролмай қолди. Пеш чиққани пеш шу дўконга жўнатилиб турди. Шаҳар савдо бўлимининг бошлиғи ҳар куни эрталаб машинада шу дўкон олдидан ўтаётганда навбат кутиб турган кишиларни кўради. Кечқурун қайтишда эгар кўтарган, арқон қўлтиқлаган кишиларни учратади.
Бугун савдо бўлимининг ходимлари бу дўконда эгар, арава михига бунчалик талаб катталигининг сирини билиш учун тўрт-беш киши бўлиб дўконга боришмоқчи бўлишди.
Шундай қилишди.
Олти киши дўконга боришди.
Дўконда одам кўп. Яқин бориб бўлмайди. Дўконнинг орқа тарафидан киришди. Ташқарида тўполон бўлиб кетди.
— Навбатсиз кирганлар чиқариб юборилсин!
— Орқа тарафдан кирганлар чиқиб кетсин!
Савдо бўлими ходимлари қайтиб чиқишга мажбур бўлишди. Тушлик бўлгунча кўчада кутиб туришди. Ҳай, тушлик ҳам бўлди. Дўкон мудири уларни ичкарига бошлаб кирди.
Бир маҳал киришса, эгару арқон сотадиган бўлимда бир қиз ишлаяпти. Ҳусн демаган ойнинг ўзи. Кулганда, ҳаммаёқ, деворлар ҳам қўшилиб кулаётганга ўхшайди. Гапирса, танбур билан ғижжакни баравар чалаётгандек. Нафас олиши марварид шодасининг шилдирашига ўхшайди. Савдо бўлимининг раҳбарлари анграйганча қолишди.
Дўкон мудири мурожаат қилди:
— Хизмат? Ревизия қилмоқчисизларми?
— Йўқ, йўқ, — деди савдо бўлимининг мудири. — Ўзимиз шундай. Бир-икки эгар билан беш-олти метрдан арқон керак эди.
Хулласи, шаҳар савдо бўлимидан келган казо-казолар дўконни текшириш ўрнига, ҳаммаси биттадан эгар, ўн метрдан арқон кўтариб чиқиб кетишди.
Улар чиқиб кетишаётганда: «Арава михи учун эртага яна келамиз, тамом қилиб қўйманг», деб тайинлашди.
Бу чиройли сотувчи жонон қиз қурмагур шаҳардаги ҳамма бўйдоқларни михлаб, арқонлаб, эгарлаб ташлади.

Хотима

Савдо бўлими мана шу воқеадан кейин шундай хулосага келди:
1926 йилдан бери база омборининг бир четида чанг босиб ётган иккита омоч бор эди. Бу омочлар қирқ йилдан бери балансдан балансга ўтиб, ҳужжатларни хира қилиб келарди. Савдо бўлими бошлиқлари ўша омочларни ҳам шу дўконга юборишга аҳд қилишди. Шундай ҳам бўлди.
Ҳар иккала омоч ярим соатда сотилиб кетди. Эртасига зудлик билан яна элликта омоч юборинглар, деган заявка келди.