Зайнобиддин ўйлаб қараса, шу кунларда ўқитувчиларнинг моянасига барака кириб, тирикчиликлари бинойидай бўлиб қопти. Эски касбига қайтишни ният қилиб қўйди. Шу мақсадда ариза кўтариб маорифга борди. Маориф мудири уни яхши танийди. Бир вақтларда ўзи ўқитган. Еттинчини битирганда бирга тушган фотосуратлари ҳам бор. Зайнобиддин кўзойнак тақиб, каттакон портфелни тиззасига қўйиб, ўртада ўтирибди.
Маориф мудири аризани ўқиб бўлгач, сўради:
— Эски касбга қайтмоқчи бўпсиз-да, домла?
— Шундоқ, шундоқ, ўқитувчиликнинг хумориси тутиб қолди. Илминг бўлгандан кейин, педагогика мутахассис бўлганингдан кейин чидаб туролмас экансан, киши. Бизда бор илмдан ёшлар баҳраманд бўлиб, борини олиб қолсалар, деган ниятда…
— Аслида шу касбни чакки ташлаб кетгансиз, домла. Энди қандай бўларкин, ўқитувчилик методикаси анча олдинга кетиб қолган, ундан кейин…
Зайнобиддин сўз бермади:
— Бизни жуда ҳам қолиб кетган демасинлар, ҳар қалай, кундалик газеталарни кузатиб турганмиз.
Маориф мудири бошини қашлади.
— Гап фақат газета ўқишда эмас-да. Сиз ўқитувчилик қилган пайтда лотин алифбосида ёзардик. Мана, аризани ҳам ўша алифбода ёзиб келибсиз.
Зайнобиддин бу гал ҳам бўш келмади:
— Ёзув-чизувдан бўлмаса ҳам, жуғрофияданми, бадантарбияданми дарс бериб турсам. Пенсияга чиққунча эрмак, дегандай. Стаж куймаса бўлгани бизга.
Икковлари жим қолишди. Маориф мудири қаттиқроқ бир гап айтай деса ёши катта одам, унинг устига, ўзига бир пайтлар дарс берган, ҳар қалай ўқитувчиси. Кўнглидан аллақанча гаплар ўтди; шу пайтгача қайси ковакда ётган эдингиз, ўқитувчиликни севаркансиз, нега ташлаб кетдингиз, пул чиқади, деб минг хил ишга бошингизни урдингиз. Энди пенсия зарур бўлиб, келдингизми?
Бу гаплар фақат маориф мудирининг кўнглидан ўтди холос, тилига чиқазмади. Яхшиликча муомала қилмоқчи бўлди:
— Домлажон, сиз айтган жуғрофия, бадантарбия дарсларини олий маълумотли ўқитувчилар беришяпти. Ҳали ҳам бўлса ошхонага боринг. Агар хўп десангиз, эски шогирдлик ҳурмати, мактаб буфетини гаплашиб берай.
Зайнобиддин шошиб қолди:
— Пенсияга маорифдан чиқазадими?
— Йўқ, трестдан чиқасиз.
Зайнобиддиннинг ҳафсаласи пир бўлди. Бир ўйлаб келишни баҳона қилиб, маорифдан чиқиб кетди.
Уйига келса, ўғлининг ўқитувчиси кутиб ўтирган экан. Иншодан ўғли икки олибди. Ўқитувчи бола Зайнобиддиндан анча койинди:
— Домлажон, ўзингиз ўқитувчи бўлган одамсиз. Болангизнинг дарсларидан хабар олиб турсангиз бўларди. Жуда ўйинқароқ, дарс пайтида тилини чиқариб, болаларни кулдириб ўтиради.
Зайнобиддин ўзи диққати ошиб келган, унинг устига бу кўнгилсиз гап жаҳлини чиқарди:
— Менга қаранг, муаллим бола. Биз ҳам бола ўқитганмиз. Аммо бирон марта ўқувчининг уйига йиғлаб бормаганмиз. Хукуматнинг моянасини олгандан кейин, дурустроқ ўқитиш керак. Болани ўзига тортолмаган ўқитувчи бошқа ҳунар қилса ҳам бўлади, сизга маслаҳатим шу.
Ўқитувчи йигит ҳам тезгина экан, дарров жавоб қилди:
— Сизга ўхшабми?
— Бундоқ дейишга асосингиз йўқ. Биз уруш йилларида, халққа дармон бўлсин, деб ошхонага ўтганмиз ва фидокорона хизмат қилиб, Ватан олдидаги бурчимизни шараф ила адо этганмиз.
Ўқитувчи ундан тайинли бир гап чиқишига кўзи етмагач, индамай чиқиб кетди. Аммо Зайнобиддин ғазабга минди. Ўғлининг бир пой қулоғини икки буклаб чўзди:
— Дарс пайтида тилингизни чиқазадиган бўлдингизми? Мени иснодга қолдирадиган бўлдингизми? Тур ўрнингдан, дарсингни қил, иншодан тайёрлан. Ўзим имтиҳон қиламан сени.
Бола кўзда ёш билан уйга кириб кетди. Зайнобиддин хотинига ўшқирди:
— Телевизорни ўчир! Дарсини қилмагунча телевизор кўриш йўқ.
Шундан кейин Зайнобиддин оталик ва педагоглик бурчини ўтаган бўлиб, сўрига ёнбошлади. Сал ўтмай, ўғли дафтар кўтариб чиқди.
— Дада, шубҳа деганда думли «х» ёзиладими, ё думсиз «х»?
Зайнобиддиннинг думли «х»га сира иши тушмаган эди. Ўйланиб қолди.
У ўқиган, ўқитган пайтларда думли «х» йўқ эди. У жуда ақл ишлатаётгандай, пешонасини тириштириб турди-да, жавоб қилди:
— Ҳалигача «х»нинг думини билмайсану, еттинчида ўқиб юрибсанми, ўзинг ўйлаб топ! Билмасанг, кейин айтиб бераман.
Бола бурнини тортиб, яна кириб кетди. Шу баҳонада Зайнобиддиннинг ўзи ҳам «х»нинг думи бор-йўқлигини билиш учун кўзойнак тақиб, газетадан «шубҳа» сўзини қидира бошлади. Аксига олиб, бутун бошли газетадаги мақолаларнинг биронтасида «шубҳа» сўзи йўқ экан. Ҳафсаласи пир бўлиб, газетани ёнига ташлаб, ёнбошлади. Бола яна чиқди.
— Дарсимни тамом қилдим, энди айтиб беринг. Шубҳага дум қўймай қолдирдим. Агар думи бўлса, қўяй, бўлмаса ўзи тураверсин.
— Тураверсин, — деди Зайнобиддин. — Принципиални айтмайман, эртага ўқитувчинг билан ўзим гаплашаман. Бор, тўшагингга ёт.
Бола хафа бўлиб, кириб кетди. Зайнобиддин телевизорни қўйди. Қараса, «Шубҳа» деган кино энди бошланаман деб экранга ёзилиб турган экан. Яна ўчирди. Ҳовлига чиқиб, айвонда ётган боласини чақирди.
— Тур ўрнингдан, иншойингни ўзим кўриб бераман. Қани дафтаринг?
Бола уйқули кўзларини ишқаб, дафтарини олиб чиқди. Зайнобиддин кўзойнагини тақиб, қўлида қалам билан ўғли тўлдирган вараққа кўз югуртириб «шубҳа» сўзларидаги «х» ҳарфларига дум қўйиб чиқди.
— Мана, тўғрилаб қўйдим. «Х»га дум қўйиш шарт. Эртага беш олмасанг, мендан кўр.
Шундоқ бўлди. Эртасига ўғли икки олиб келди. Зайнобиддин телевизордаги ёзувга дурус қарамаган экан, «х»нинг ўнг оёғига эмас, чап оёғига дум қўйипти. Ўқитувчиси, шу пайтгача «х»нинг қайси оёғига дум қўйишни билмабсан, деб икки қўйган экан.
Зайнобиддин эртасига яна маорифга борди ва буфетчиликка рози бўлиб бошқатдан ариза берди.