Эрталаб уйғониб, девор соатга қарасам, еттидан ошибди. Ҳар куни худди шу вақтда дадам каравотимга энгашиб: «Тур, кичкина Йўлдошев», деб уйғотар эди. Мен дарров турар эдим-да, нонуштадан кейин, дадамнинг «Победа»сида шофёрнинг ёнига ўтириб кетардим. Мактабга етганимизда, дадам: «Қани тушинг энди, кичкина Йўлдошев», деб ташлаб ўтиб кетар эди.
Ҳозир соат еттидан ошиб кетган бўлса ҳам, дадам хуррак отиб ухлаб ётарди. Бугун дам олиш кунимикин деб ўйлаб, календарга қарадим. Йўқ, иш куни. Ҳайрон бўлиб ўрнимдан турдим.
— Қани, тез бўл, дарсдан кечга қоласан! — деди ойим стол устига нонушта тайёрлаётганда.
Мен ажабланиб, ойимнинг кўзига қарадим. Унинг кўзлари қизарган эди, роса йиғлаганга ўхшайди.
— Дадам…
Гапимни ҳам тугатмаган эдим, у мени сенлаб жеркиб ташлади. Ойим доим шунақа қилади. «Ўн олти ёшга етмаган болалар катталарнинг гапига аралашмаслиги керак», дейди. Нима, ўн олти ёшга етмаганлар одам эмасми! Кечки кинога ҳам киритишмайди. Театрга-ку мутлақо йўл йўқ.
Қовоқ-тумшуғимни осилтириб, ўрнимдан турдим. Бир ҳисобда, дадамнинг ухлаб ётгани менга жуда яхши бўлди. «Победа»да бир ўзим маза қилиб кетаман.
Чойни ҳам ичиб бўлдим. Аммо шофёрдан дарак йўқ.
— Нима қилиб ўтирибсан, бунақада мактабга қачон борасан, жўнамайсанми?
— Шошманг, ойижон, машинамиз келсин. Ойимнинг кўзидан ўт чақнаб кетди.
Ҳозир қулоғимнинг тагига бир тарсаки тушиб қолармикин, деб ўйладим. Йўқ, урмади. Қўлимдан силтаб, ҳовлига олиб чиқди-да, жўна, деб бақирди.
— Энди машина йўқ, даданг ишдан бўшаган.
Ўйлаб ўйимга етолмасдим. Нега ўн олти ёшдан ошган кап-катта одам ишдан бўшайди? Нима ёмонлик қилди? Шу кун дарсда қандай ўтирганимни билмадим. Ҳеч бало миямга кирмади. Зўрға уч баҳога илиндим. Минг хаёл билан уйга келсам, дадам билан ойим қаёққадир кетай деб туришган экан.
— Телефоннинг тагидан жилмай тур, хўпми! — деб, дадам ойим билан бошлашиб чиқиб кетди.
Мен телефон олдида ўтириб «Победа»да маза қилиб юрган вақтларимни ўйлай бошладим. Деразамиз тагидан кимдир ўтди, бўйнимни чўзиб қарасам, Ҳалимов амаким ҳовлимизга кириб келяптилар. Ҳалимов амаким ўтган ҳафта Москвага кетган эдилар. Ўзлари жуда яхши киши, дадамнинг қўлида ишлайдилар. Бизникига ҳар келганларида дадамга билдирмай менга шоколад, ойимга ё атир, ё капрон пайпоқ олиб келадилар. Ойимнинг туғилган куни бўлганда, тилла соат ҳам олиб келганлар. Ҳалимов амаким шунақа яхши одам, Москвага кетаётганларида бизнинг «Победа»да вокзалга чиққанлар, ўшанда менга матросча кўйлак, ойимга креп-фантазия деган кўйлаклик совға олиб келаман, деган эдилар.
Ҳалимов амаким уйга киришлари билан югуриб бориб, бўйинларига осилдим.
— Қачон келдингиз, амаки, Москвадан?
— Ҳозир, ҳозир поезддан тушдиму хўжайиннинг уйига югурдим-да. Ҳали уйимга ҳам, ишхонамга ҳам борганим йўқ.
Қоғозга ўроғлик нарсаларни олиб, стол устига қўя бошладилар.
— Мана, совғаларни…
— Шошманг, шошманг, амаки, — деб гапларини бўлдим, — дадам ишдан бўшади. Ишдан бўшаса яхши бўладими, ёмон бўладими?
Ҳалимов амакимнинг қисиқ кўзлари йигирма тийинлик тангадек дум-думалоқ бўлиб кетди.
— Нима дединг?
Мен бояги айтган гапларимни қайтардим. Ҳалимов амакимнинг думалоқ кўзлари ели чиқиб кетаётган пуфакдек, секин-секин кичрайиб, яна боягидек бужмайиб қолди.
— Матрос кўйлак олиб келдингизми, амаки? — деб сўрадим.
Ҳалимов амаким ўйлаб туриб, бош чайқадилар.
— Тополмадим.
Стол устидаги нарсаларни қайтариб яна чамадонга жойладилар-да, «келганимни айтмай қўя қол» деб чиқиб кетдилар.
Кечқурун дадам «ҳеч ким телефон қилмадими?» деб сўради. Мен йўқ дедим.
— Ҳалимов амаким келиб кетдилар, келганимни дадангга айтма, деб тайинладилар.
— Ҳеч нарса бериб кетмадими? — деб сўради ойим.
— Чамадонларини очдилару, кейин яна бекитиб қўйдилар.
Ойим жаҳл билан телефон номерларини терди.
— Ҳалимов! Ҳой, Ҳалимов, мен… Тавба, отимни айтишим билан трубкани қўйиб қўйди-я.
— Ўзими?
— Ҳа, ўзи. Ҳалимовман деди, отимни айтсам…
Шу кеча эрталабгача дадам билан ойим ухлашмади. Дадам ётган ерида папирос чекар, ойим йиғламсираб гапирар эди:
— Ҳалимов сизнинг орқангизда участкали бўлди.
— Нима дединг?
— Ҳалимов дейман, сизнинг орқангизда…
— Гапингга тушунмаяпман. Нима деб алжияпсан?
Ойим анча вақт жим туриб кейин бир хўрсиниб қўйди.
— Яхши одам экан деб, у ер-бу ерга телефон қилиб, тахта, тунукаларни сизнинг номингиздан тўғрилаб берган эдим.
Кўрпадан бош чиқазиб, гапга қўшилдим:
— Ҳалимов амаким ойимга тилла соат совға қилганлар-ку!
— Жим ёт! — деди ойим бақириб.
Дадам от пишқиргандек хўрсинди. Кейин йўталдими, акса урдими, билмадим.
Ойимнинг гапларига қулоқ солиб ётдим. Ойим жуда тўғри айтяпти. Дадам ишдан бўшамасдан олдин уйимиздан меҳмон аримасди. Ҳалимов қар хил консервалар, конфетлар олиб келарди. Шофёримиз Ҳалимов амакимнинг тўйларидан маст бўлиб, калишини пойма-пой кийиб келгани эсимга тушиб, пиқирлаб кулиб юбордим.
Ойим яна жеркиб ташлади:
— Кап-катта бола, бу нима, жинниларга ўхшаб…
Барибир кўрпага бошимни буркаб, яна ўйлай бердим. Ҳалимов амаким участка қураётганларида бизникига жуда кўп келардилар. Ўша пайтлар мен ҳар куни шоколад ердим. Ойимнинг атирлари ҳам жуда кўпайиб кетган эди.
Ойим уҳ тортиб, деди:
— Бу Ҳалимов ҳам расво, ёмон одам экан.
Дадам индамади. Фақат папиросини шундай тортдики, унинг чўғи каравот қуббаларини ялтиратиб юборди.
— Энди ўрнингизга ким тайин бўларкин? Дадам индамади.
Ойим жуда ёлғончи-да. Жаҳли чиқса шунақа ёлғон гапираверади. Агар у ёлғончи бўлмаса, ўзига шунча атирлар олиб келган, тилла соат тақдим қилган кишини расво, ёмон одам дейдими?
Менга ойимнинг ўзи «Ҳалимов амакинг жуда яхши одам-да», деб айтган эди-ку! У айтмаса ҳам, ўзим яхшилигини билардим.
Шунақа хаёллар билан ухлаб қопман.
Эрталаб уйғонсам, дадам ҳали ҳам папирос чекиб ётарди. Ойим даҳлизда керогазни ёқолмай, ҳаммаёқни тутун қилиб юборибди. У жаҳлидан кўкариб, ҳадеб Ҳалимов амакимни қарғарди. Унинг бу ҳолидан Ҳалимов амаким тилла соатни қистабди шекилли, деб ўйлаб қолдим. Ойим уйга кириб, косага тухум чақиб солаётганда сўрадим:
— Ойи, дадамнинг ўрнига тайин бўладиган кишининг ўғли борми?
Ойим менга шундай ўқрайиб қарадики, назаримда менга эмас, соатни қистаётган Ҳалимов амакимга қарагандек эди. Мен қочиб, нариги уйга чиқиб кетдим.
Дадамнинг аризаси бир ёқли бўлгунча, Ҳалимов амаким бизникига телефон қилмадилар. Орадан ўттиз саккиз кун ўтгандан кейин эрталаб роппа-роса саккизда телефонимиз жиринглади. Шу жиринглаганича кечгача жиринглай берди. Ойим негадир бўлар-бўлмасга ҳиринглаб куладиган бўлиб қолди. Дадам трубкани олиб, қисқа-қисқа жавоб берарди. Қоқ пешинда Ҳалимов амаким бир корзинка нарса олиб келдилар, эшикдан киришлари билан менга шоколад, ойимга креп-фантазия тутқаздилар. Дадам ойимнинг қўлидан уни юлиб олди-ю, жаҳл билан Ҳалимов амакимнинг олдиларига ирғитиб ташлади. У шоколадни ҳам олмоқчи эди, шошиб оғзимга солиб, лиқ этиб ютиб юбора қолдим. Дадам қўлимдан ушлаб нариги уйга олиб чиқиб, эшикни тақ этиб ёпиб қўйди. Кейин жаҳл билан қаттиқ-қаттиқ гапира бошлади. Эшикнинг тирқишидан қулоқ солдим.
— Сиз ярамас одамсиз! Сизда виждон деган нарса йўқ! Кўзимнинг ёғини еб, бошимга иш тушганда қочдингиз. Яна ишга тайин бўлганимни эшитиб келдингизми? Боринг, кетинг бу ердан. Сизнинг латта-путта совғаларингизга муҳтож эмасман. Болаларнинг бошини айлантирманг.
Ҳалимов амаким дадамнинг кўзидаги ёғни еб қўйган экан-да, деб ўйладим. У киши жуда хафа бўлиб чиқиб кетдилар. Дадам шундоқ яхши одамни хафа қилди, деб ачиндим.
Эрталаб дадамнинг «Победа»си келди. Энди дадам мени мактабимга, ойимни ательега «Победа»да олиб бормай қўйди. Тавба, ойим билан мен унга нима ёмонлик қилган эканмиз!
1956 йил.