Саид Аҳмад. Чўл бургути (ҳикоя)

I

Чўл бургутини излаб Олтиариқдан Ёзёвонга отда жўнадим. Ҳали қуёш ботмаган, унинг кечки қизғиш нурлари барглари сарғайган ўрикларни, терак учларини ловиллаб ёндираётгандек. Осмон кўм-кўм, уфқда худди атайин бўяб қўйгандек, қип-қизил булут парчаси судралиб юрибди.
Канал кўпригидан ошиб, чўл томонга жиловни бурдим. От негадир тихирлик қилиб, юрмай туриб олди. Жонивор бир-икки қамчидан кейин ҳам олдинга жилиш ўрнига орқасига тисарилиб, тайсалларди. Жаҳл устида қамчи босмоқчи бўлиб қўл кўтарган ҳам эдимки, кимдир қичқирди:
— Ўғлим, жониворни суғоринг. Кўрмаяпсизми, сувга интиляпти.
Ўгирилиб қарадим. Сув лабида белбоғига юз-кўзини артаётган олтмиш ёшлардаги қарияга кўзим тушди. У шундоқ ювош отни бесабаб қамчилаганимга ачингандек, илдам юриб келиб жиловдан олди. Пастга тушдим. У от жиловидан ушлаб, қирғоққа етаклади. От олдинги оёқларини лойга ботириб, тумшуғини сувга тиқди. У ҳар замон-ҳар замонда бош кўтариб, менга қараб қўяди-да, яна сувга интилади. Унинг бу ҳаракати чанқаганимни билмадинг-а, деб таъна қилаётгандек туюлди. Жаҳл устида қамчи босганимда эти дириллаб кетганини эслаб, кўнглим ранжиди.
— Йўл бўлсин, сафарингиз қай томонга? — деди чол отни қайтариб чиққач.
— «Пахтакор»нинг «Ғалаба» участкасига.
— Ундоқ бўлса, йўлни ўнг томонга солинг.
Чолга миннатдорчилик билдириб, йўлга тушдим. Атроф бий дала. Қуёш ботиб, поёнсиз чўл бирдан ҳувиллаб қолди. Уфқдаги бояги қизил булут аста кенгайиб, бирпасда бутун осмонни эгаллаб олди-да, тақир чўлни қизғимтир хира парда орасига ўраб қўйгандек бўлди. Кимсасиз чўлда Чўл бургути билан учрашув ҳақида ўйлаб кетмоқдаман. Назаримда, Чўл бургути деб аталган киши юзларини шамоллар қорайтирган, яқинида турган одамга ҳам худди олисдан қараётгандек кўзларини қисиб, бўйнини бир томонга эгиб боқадиган, биров билан кўришгани қўл узатганда шамолга қарши учишга ҳозирланиб, қанотини ёзиб, олдинга интилиб турган бургутга ўхшаш баҳайбат бир киши бўлиб кўринарди. Менинг бу фикримни тасдиқлаётгандек, от бошини силкитиб қўяди.
Киссамдан папирос олиб, ҳарчанд гугурт чақаман десам ҳам, эплай олмадим. От дупурини эшитиб, жиловни тортдим. Юз қадамлар чамаси орқада отлиқ келарди.
— Гугуртни ҳовучингизнинг орасига олиб чақинг, йигит. Чўл шамоли ўжар бўлади.
Чолни танидим. У бояги йўл кўрсатган киши. Отларимиз бараварлашганда, жиловни бўш қўйиб юбордим.
— Хизмат, ўғлим? Сизни Ёзёвонга қайси шамол учирди?
— Чўл бургутини кўргани келяпман.
— Ҳа! Кўрса арзийдиган йигит. Бургут деганича бор.
— Танийсизми уни?
— Бу атрофда уни танимайдиган одам йўқ. Бу чўлларда у ёнбошламаган тепа, отининг туёғи тегмаган сой қолмаган. Олов бола. Чўлда от чоптириб келаётганини кўрсангиз тўнининг икки бари шамолда ҳилпираб, худди бургут қанот қоқиб учиб келаётгандек. Ғайратини айтмайсизми, қони томиридан тошиб чиқиб кетаётгандек. Нимага қўл урса, гуллатади. Қўли гул деб шуни айтса бўлади. Каналнинг бериги томонидаги ерларга кўзингиз тушдими? Ҳа, балли. Бургут обод қилган. Ҳозир ўша ерга клуб қуриляпти. Жуда гаштли ер бўлган-да. Бургутнинг йигитлари шу атрофдан эллик гектар ер очиб, мевазор қилишди. Уч йил бўлди. Ҳа, уч йил бўлди, чўлнинг қоқ ўртасидан ер очгани бола-чақаси билан чиқиб кетганига.
— Бургут асли шу ерлик йигитми, ё кўчирмами? Чол анча вақтгача жим қолди. Туёқ товушига қулоқ солиб бир муддат йўл юрганимиздан кейин саволимга жавоб қайтарди.
— Бургут шу ернинг боласи. Ёшлигида ҳам ўт-олов эди. Фронтга кетмасидан олдин қишлокдаги Ойниса деган бир қиз билан дон олишиб юрган эди. Иккови аҳду паймон қилишиб, гапни бир жойга қўйишган йили уруш бошланиб, Бургут фронтга кетди. Шу кетганча ундан хат-хабар бўлмай қўйди. Қиз кутиб-кутиб, охири ўзимизнинг қишлоқлик Нуъмонжон деган болага тегди. Орадан сал ўтмай уруш тугаб, Бургут қайтиб келди. Қараса, қиз эрга теккан. У чамадонини самоварда қолдириб, тўппа-тўғри Нуъмонжоннинг уйига бостириб борди. Эр-хотин ҳовлидаги сўрида чой ичиб ўтиришган экан. Бургут, ҳе йўқ, бе йўқ, қизнинг қўлидан ушлаб кўчага етаклаб қолса бўладими, кўчага йиғилди одам, йиғилди одам! Қариялар насиҳат қилишди, қани энди унга гап уқтириб бўлса, йўқ. Ўжарлиги тутиб, тавба, икки ярим ойлик келинчакни ўз уйига етаклаб кетса бўладими! Шу, десангиз, қиз ҳам жон деб турган экан, олдига тушиб, пилдираб кетаверди. Бир ҳафтагача Нуъмонжон Бургутнинг уйи атрофида ўралашиб юрди. Эплолмади. Районга бориб, у ёқ-бу ёққа арз қилмоқчи бўлди, бўлмади. Зўрликни қаранг-а! Қишлоқчилик эмасми, Нуъмонжон соддалик қилиб, келин билан ҳали ЗАГСдан ўтмаган экан. Унинг гапига ҳеч ким қулоқ солмади. Тавба!
Ўша кезлари Бургут босар-тусарини билмай, медалларини жаранглатиб, ўтганнинг ўроғини, кетганнинг кетмонини олиб юрди. Йўқ, сал фурсатда инсофга келиб, ишга шўнғиб кетди. Аммо лекин, димоғ баланд. Биров буюрган ишни қилмайдилар. Бригадирни писанд қилмай, бир чеккада ўзига ер ажратиб олиб, кетмон чопиб юрди. Кетмони қанақа денг, темирчининг миясини ачитиб, тепасида туриб баркашдек қилиб ясатиб олган. Раисимиз эсли бола. Алдаб-сулдаб Бургутни йўлга солди. Ўзи ҳам яхши гап билан илонни инидан чиқазадиган хилидан. Колхоз қизлари бир куни қизиқчиликка кетмонининг сопига исириқ боғлаб кетишибди, деган бир гап ҳам бўлган эди чоғимда. Ўша йилиёқ Бургут колхозда ном чиқариб, Икромжоннинг ўрнига бригада бошлиғи бўлди. Келаси йил, орден олиб, қурултойга ҳам бориб келди. Ёпирай, қурултойдан келди-ю, бошқа одам бўлди-қўйди. Чўлга от солгани солган. Ўзига ўхшаган йигитларни ҳам чўлга бошлади. Раббимсан, деб чунонам кетмон чопишдики, ҳаш-паш дегунча аллақанча ерни чўлдан юлиб олишди. Шу, назаримда, Бургутнинг юраги танасига сиғмаётганга ўхшайди. Чўлни сиқсам, танобини тортсам, дейди. Ғайратингга балли-е, азамат!
Ўтган йили гектаридан қирқ икки ярим центнердан пахта берган бригадалар Бургут ер очган ўша чўлдан обрў топишди-да.
— Нуъмонжон нима бўлди, кейин уйландими?
— Ҳа, Бургут ўғил болалик қилди. Тўйига икки бўрдоқи етаклаб борди. Куёвнавкарда ҳам Нуъмонжоннинг ёнида ўтириб, роса қизиқчилик қилиб, одамларни кулдирди. Ҳозир Нуъмонжон Бургутнинг бригадасида.
— Хотинини ундан қизғанмайдими?
— Авваллари қизғанарди. Ҳозир бир ўғли, бир қизи бор. Нуъмонжонга қуда бўламиз, деб тегишгани-тегишган.
Чўл ўртасидаги йўл иккига бўлиниб, чол отининг жиловини тортди.
Чолнинг жилов тутган ўнг қўлининг иккита бармоғи қўшалоқ битиб қолганини кўриб қолдим.
— Ўғлим, мен бу ёққа кетаман. Энди йўлни отнинг ўзи топиб кетаверади. Хайр, ўғлим. Бургутга мендан дуо деб қўйинг.
Чол билан хайрлашдик. Тўппа-тўғримдан ой кўтарилди. Бояги қизил булутлар энди сарғимтил тусга кириб, кўз олдимда рангини ўзгартираверди-да, бирдан синкага солгандек зангори рангга бўялди. Ой жуда тез баландлаб, ҳамма ёқни ҳавойи бир тусга ғарқ қилди. Ерга урса кўкка сачрайдиган ажойиб табиатли Чўл бургути билан учрашишга ошиқдим. Бечора от яна бир марта қамчи еди-ю, ҳалоскори чолдан ажраганига афсуслангандек бошини сарак-сарак қилиб, илдам юриб кетди. Шу ой нурига ғарқ бўлган чўлларда Бургут парвоз қилиб юргандек, ой ҳам унинг қадами теккан ерларни кўз-кўз қилмоқчи бўлгандек, янада равшанлашаётганга ўхшарди.
Бургут ҳақида китоб ёзиб, унинг бутун қилиқлари, нуқсон ва фазилатларини тасвирлаб, мана шу бепоён чўлнинг пешонасидаги асрий шўрни ювиб, зўр ҳосил олишига ўқувчини ишонтириб бўлармикин?
Шундай хаёллар билан «Ғалаба»га етганимни билмай қолдим. Ҳали атрофга девор олинмаган янги уйда ёши ўттиз бешларга борган, ниҳоятда кўҳлик бир жувон мени кутиб олди. Бу Бургутнинг хотини эди.
— Пунктдалар, пахта жўнатяптилар, ҳализамон келиб қоладилар.
— Яхши уй бўпти, атрофга девор олсанглар жуда шинам ҳовли бўлади, — дедим.
Жувон кулди.
— Раҳимжон акангиз шундоқ катта чўлга сиғмайдила-ру, ҳовлига девор олармидилар.
Даҳлиздан оёқ товуши келди. Бирпасдан кейин паст бўйли, озғин, кўримсизгина бир йигит кирди. Бу йигит Бургутни йўқлаб келган гумон қилиб, йўл юриб чарчаганимдан, у билан бош ирғаб енгилгина саломлашиб қўя қолдим.
Жувон гап қотди:
— Раҳимжон ака, меҳмон сизни йўқлаб кептилар.
Гапнинг очиғини айтсам, жуда ҳам ҳафсалам пир бўлди. Йўл бўйи минг хил хаёлларга бориб, афсонавий паҳлавонларга ўхшатиб завқланиб, ҳавас қилиб келган Бургутим ҳар куни кўриб юрган оддий кишилардай, жуссаси ҳам, юзи ҳам, кўзи ҳам, қарашлари ҳам оддий, пачаққина бир йигит бўлиб чиқди.
Бургут менинг кайфиятимни сезиб турган экан шекилли, қўл бериб кўришаётганда панжаларимни шундай сиқдики, бургут чангалига тушган жўжадек чийиллаб юборишимга оз қолди.
— Жуда соз бўпди-да келганингиз, гаплашиб ётамиз. Бугунча иш битди. Энди отамлашсак бўлади.
Ош устида гапга солсам, ўзи ҳақида унча-мунча гапириб берар деб ўйлаган эдим. Йўқ, у жуда камгап одам экан. Узи ҳақида бир оғиз ҳам гапирмади. Фақат «Дайди» кинофильмининг иккинчи сериясини кўрмагани, у ёғида нима бўлишини билмай қолганини афсусланиб айтди.
— Чўлга қачон келганингизни, қандай қилиб чўлни обод қилганингизни айтиб берсангиз?
У кулди. Ориқ панжалари билан пешонасини уқалаб, кўз қири билан менга қараб қўйди.
— Қандоқ десам бўларкин? Шундоқ чўлга чиқдигу, бир томондан трактор солиб, кўпчилик бўлиб кетмонни чопиб кетавердик. Шу!
Унинг бу гапидан камтарлик қиляпти, деб ўйладим-да, яна сўрадим:
— Ахир, шу ишлар осонгина бўлмагандир?
— Меҳмон деган унақа сергап бўлмайди, — деди у айёрча кулиб. — Эртага ўзингиз кўрасиз. Болалар айтиб беришади. Чарчагандирсиз, ётинг.
Ундан ўзи ҳақида тайинли бир гап олиш қийин эканлигига ишонганимдан кейин, ёстиққа ёнбошладим. Чўл бургути чироқни пасайтириб, нариги уйга чиқиб кетди.
Назаримда, у уйдан чиқди-ю, қанот қоқиб, ой нурида яшнаб ётган чўл осмонига учиб кетгандек бўлди.
Уйқум қочди, фикр-хаёлим Чўл бургутида. Наҳотки, оддий кичкинагина жуссада бургут қалби, бургут парвози бўлса? Наҳот, у бургут етолмаган фазоларда уча олса?
Шу кеча чўл тонги ёришиб келаётган субҳисодиқда, улуғ ниятлар инсонни улуғ истиқбол сари қанотлантиришига, Чўл бургутига ҳам қанот берган мана шу ниятлар эканига иқрор бўлдим.

II

Эрталаб нонушта вақтида Нуъмонжон келиб қолди.
— Ҳа, Тўппонча, нима қилиб ивирсиб юрибсан?
— Машина қайси участкага борсин? Шуни сўрагани келгандим.
Бургут унинг қўлига бир пиёла чой тутқазди.
— Ҳали тайинлаган эдим-ку!
— Ҳожимуқон ҳали йўл очмаган экан, механик бормайман деяпти.
Уларнинг суҳбатидан ҳеч нарса тушунолмадим. Фақат Бургут то нонуштагача чўлни шамолдек гир айланиб келганини сездим, холос. Нуъмонжон кетди. Биз Бургут билан ташқари чиқдик. Кеча қоронғида келиб чўлнинг нималигини билмаган эканман. Ўн учта янги оқ иморат. Нарироқда тепаси шийпонли идора, уйлар олдидаги қатор экилган ёш теракларнинг барги қаҳрабодек сап-сариқ. Артезиан қудуғидан чиқарилган сув бўй баравар баландликдаги қувурдан шалдираб оқиб ётибди. Ундан нарида тепаси тол билан омонатгина ёпилган сарой ичига селитра тўкиб қўйилган, икки-уч бочка керосин, қопланган цемент, ғишт, тахта, ходалар уйиб ташланган. Шийпон олдида Марказий Фарғона степторгининг автолавкаси турибди. Унинг бир ғилдираги ўрнига ғишт тахланиб, ўқига тиргович қилиб қўйилган. Оқ халат кийган сотувчи вағиллаб турган примус устида буғ пуркаётган мис чойнакка чой дамлаяпти.
Бургут лавкага бош суқиб қаради. Полкаларда сон-саноқсиз ароқ, винолар, пачка-пачка майда туз териб қўйилган. Қизларнинг сочига тақиладиган ҳар хил лента, устига зар қопланган сигара, елпиғич, упа, фотоувеличитель каби моллар тўлиб-тошиб ётарди.
Сотувчи нимадир демоқчи эди, Бургут қўл силтади.
— Дўконни бекитинг. Туз чўлда ҳам кўп. Упа қўйишга хотинларнинг ҳозир қўли тегмайди. Елпиғичсиз ҳам шабада бўлиб турибди. Ароқни бўлса кечқурун майдалашармиз.
Бургут идора томондан келаётган Нуъмонжонни имлаб чақирди:
— Бу кишини ола кет. Дўконни кечқурун очади. Бир грамм терса ҳам ҳарна-да!
Бургут хижолат бўлгандек қошини кериб менга қаради.
— Меҳмон, ишимиз қизиқ бўлди-ку. Сал бемавридроқ келиб қолдингиз-да. Уйимиз бетта бўлгани билан, пахтамиз олти километр нарида. Шу турган еримиз келаси йилга бориб чўлнинг центри бўлади. Мен билан юрсангиз, чарчаб қоласиз. Яхшиси, Тўппонча полвон билан кетаверинг. Ҳожимуқоннинг ерида учрашамиз.
Бургут отга миниб қайгадир кетди. Биз Нуъмонжон билан йўлга чиқдик.
От-арава, машина шиббалаб юборган текис йўлдан сал юрганимиздан кейин орқамиздан сотувчи йигит ҳаллослаб етиб келди. То у келгунча гапимиз қовушмай турган эди. Гапни нима ва кимдан бошлашимни билмай жимгина борардим. Таниш-билиш йўқ. Бургутдан гап айлантирай десам, Нуъмонжоннинг кўнглига қаттиқ ботмасмикан, деб хижолатда эдим. Толеимга сотувчи сергапгина йигит экан. Йўл бўйи оғзи тинмай степторгнинг инспекторидан шикоят қилиб борди.
— Нафси бузуқ одам. Жиндек чўзиб қўймасанг, молнинг яхшисини ололмайсан. Ака, ўзингиз ўйланг, кичкина дўкон бўлса, харидорнинг сони йигирмадан ошмаса, бозор яқин бўлмаса, ахир, бола-чақали одаммиз.
Нуъмонжон юмшоқ кўнгил, қиздеккина йигит экан. Унинг қадди-басти, хатти-ҳаракатлари деҳқондан кўра сартарошга кўпроқ ўхшаб кетарди.
Оёқ товушлари енгил, гапи ҳам мулойим, қалин қора қошлари остидаги сарғимтил қўйкўзи ҳамиша кишига кулиб тургандек. Унинг шу топда ёнимда пилдираб бориши чўлда кетаётган ожиз чумолига ўхшаб, сира манзилга етолмайдигандек кўринади. Бунинг нимаси тўппончага ўхшайди, тавба.
Узоқдан тутун бурқсиди. Бу тутун бир зумда тарқаб, унинг ўрнида ёнбошлаб қолган терим машинаси кўринди.
— Бир бало бўпти, — деди Нуъмонжон бесаранжом бўлиб. — Бургутдан балога қоламиз, қани, югуринглар!
Унинг мулойим қўйкўзлари думалоқлашиб, бўрининг кўзига ўхшаб, кўкимтир тусга киргандек бўлди. У чўл ўртасида шамолдек олдинга югуриб кетди, боя чумолидек увоқ кўринган қиздек йигит, энди кийикдек ел қувиб олдинда учиб борарди.
Биз ҳаллослаб ярим йўлда қолиб кетдик. Кечаси кўп чекканимдан бўлса керак, юрагим гупиллаб уриб, тилим оғзимга сиғмай қолди.
— Тўппончанинг ўқига ўхшайди-я! — дея олдим энтикиб. — Тўппонча полвон деганича бор экан.
— Бу Бургутнинг қўлига тушган қуён — шер, чумоли – фил бўлиб кетади.
Машина тўхтаган ерга етиб келдик. Ёмғир суви ҳалқоб бўлиб қолган чуқурликда машинанинг бир ғилдираги ботиб қолибди. Механик-ҳайдовчи ярим соатдан бери чиқазолмай, моторни гувиллатавериб, ёнилғини тугатаёзган экан. Нуъмонжон сотувчини орқага қайтарди.
— Аравада ёнилғи олиб кел!
Йигит энсаси қотганидан гарданини қашиб, камҳафсалалик билан орқага қайтди. Нуъмонжон эса этигини шалоплатиб ботқоққа тушди-да, хижолат бўлгандек менга қаради.
— Меҳмон, кемага тушганнинг жони бир. Қани, потинкани ечинг. Бир ҳа-ҳалашиб юборайлик.
Тиззадан лой кечиб унинг ёнига бордим. Нуъмонжон ингичка оёқларини ерга қадаб, елкасини машина қанотига тиради.
— Қани, ҳайда!
Мотор гуриллаб, машина олдинга интилди. Интилди-ю, кейинги чап ғилдираги турган жойида пилдираб айланиб, афт-башарамга лой пуркаб юборди. Нуъмонжон бўғиқ овоз билан яна бир марта «ҳайда» деб машинанинг чап қанотини озод кўтарди. Машина орқасига тутун қайтариб, олдинга лапанглаб силжиди.
Бу йигитда шунча куч борлигига ҳайрон қолдим. Ахир, у шунча оғир машинани елкаси билан итариб, йўлга чиқариб қўйганини ўз кўзим билан кўриб турсам ҳам бунга сира-сира ишонгим келмасди. Наҳот, шу увоққина жуссада шунчалар катта, ишониб бўлмас паҳлавон куч яшириниб ётган бўлса. Буни «Тўппонча полвон» деб бекорга айтмаган эканлар.
Нуъмонжон тўнининг бари билан юз-кўзига сачраган лойларни артиб бўлиб, менга илжайиб қаради.
Унинг кўзлари бирам мулойим, бирам ёқимли. Ҳар қандай тош юракни ҳам эритадиган ажойиб кўзлар эди!
Бу йигит мен тасаввур қилган чўл йигитларига сира ўхшамасди. Нозик бармоқлари фақат дутор чертишга, сабза урган мўйловлари остида кулишга ҳозирланиб турган лаблари фақат жонон қизларнинг юзидан бўса олишга яратилгандек кўринарди. Кишининг ташқи қиёфаси баъзан интилишларига, фикр-ўйларига қанчалик қарама-қарши бўлишига энди ишондим.
Машина ортидан эргашиб, тайин қилинган ерга келдик. Оппоқ очилиб ётган ғўзалар орасидан «Алиф-Лайло»даги кўзачадан чиққан Аҳраман девдек баланд, ҳар яғринига биттадан одам минса бўладиган ўттиз беш ёшлардаги норғул йигит машинага қараб келарди. Унинг узун чакмони дарахтга шолча ёпиб қўйганга ўхшарди.
Қош ва киприклари сариқ, аммо ўзига жуда ҳам ярашиб тушган мўйлови, негадир, локдек қоп-қора эди. Мўйловини бўяса керак, деб дилимдан ўтказдим.
— Ҳожимуқон шу бўлади.
Ҳожимуқон илдам юриб келиб, худди ёш болани кўтаришга чоғлангандек, энгашиб, икки букилиб Нуъмонжон билан кўришди. Унинг олдида Нуъмонжон худди дадасига талпинган ёш болага ўхшаб кўринарди.
— Ҳа, Тўппонча, мунча ҳаяллаб қолдинг?
Унинг овози қулоғимга момақалдироққа ўхшаб эшитилди.
— Машина лойга тиқилиб қолган экан, чиқазгунча сал тўхталиб қолдик.
Машина янги очилган ердан эгатга кириб кетди. Ҳожимуқон девқадам билан унинг орқасидан эргашди. Атрофга қарадим. Бу ерлар қаердан сув ичаркин, деб ҳайрон бўлиб Нуъмонжондан сўрадим.
— Фарғона каналидан оламиз. Сув масаласидан нолимасак ҳам бўлади. Ариқ қазийдиган янги машина чиққан. Овозини эшитяпсизми?
Нуъмонжон кунботар томонга қараб қулоқ солди.
— Келаси йили ҳув ўша томондан қирқ гектар ер очамиз. Шунда еримиз Қўшоқ отанинг ери билан туташади.
Кеча отимни суғориб берган чолнинг икки бармоғи қўшалоқлиги, айрилишга келганда чол ўша томонга бурилганини эслаб, Қўшоқ ота дегани шу киши бўлса керак, деб гумон қилдим.
Терим машинаси эгатнинг бошига етиб, янги ариқдан қайтди. Брезент палаткадан чиққан ўрта яшар бир хотин сочини бошига турмаб, машина кетида келаётган Ҳожимуқонга қўл силтади. Кейин ўша томонга ғўза оралаб, югуриб кетди.
— Ҳожимуқоннинг хотини. Жуда ҳам гапга бичганда. Қофияли қилиб гапиради. Аммо Ҳожимуқон шу гавдасига хотинидан ўлгудек қўрқади.
Ўша палаткадан ёши йигирма бешлардаги сулувгина бир аёл чиқди-да, Нуъмонжонга қаради.
— Чой ичиб олинглар!
Кейин у фартугини бўйнига илиб, бояги хотиннинг орқасидан югурди.
— Бу киши бизнинг «маликаи дилозор» бўладилар, — деди Нуъмонжон кулиб.
— Сиз ҳам хотинингиздан қўрқасизми? Нуъмонжон гарданини қашиди:
— Дунёда хотинидан қўрқмайдиган одам ҳам бор эканми?
Палаткага кириб, энди бир пиёладан чой хўплаган ҳам эдикки, от чоптириб Бургут келиб қолди. Важоҳатидан ҳозиргина биров билан уришиб келганга ўхшарди.
— Ҳа, Бургут, турқ-тароватинг бошқача, бир гап бўлдими? — деб сўради унга пиёла узатаркан, Нуъмонжон.
— Картинкангдан ўргилдим! Кечадан бери сарсон қилади-я. — Унинг гапига тушунолмай бир-биримизга қарашиб олдик.
— Сочига тароқ тегмаган, иккита калта шимлик олифта бир машина ашқол-дашқол билан кепти. Картинкага оламан деб, у ёққа қарасам ҳам дурбинини тўғрилайди, бу ёққа қарасам ҳам дурбинини тўғрилайди.
Кеча райком биноси олдида кинохрониканинг машинасини кўрганимни эсладим.
— Тавба, офтоб чиқаётган томонга қараб, чаккамга пахта қистириб, ўнг қўлимни кўтариб турганимни картинка қилармиш. Картинка қилсанг, артисингни ола келмайсанми! Меҳмон, сиз билан Ёғоч полвоннинг ерида учрашамиз.
У чойдан бўшаган пиёлани пилдиратиб бир ирғитиб илиб олди-да, хайр, деб чиқиб кетди. Бир оздан кейин чўлнинг уфқ билан туташган ерида от ўйнатиб кетаётганини аранг кўзим илғаб қолди. Нуъмонжон ҳам бўйнига фартук илиб, машина ололмай қолган пахталарни тера бошлади.
Пайкал бошида ёлғиз қолиб, кўз илғамас пахтазорда жавлон уриб юрган терим машинасини тамоша қилиб турдим. Шамол қулоғимга аллақаерда шудгор ағдараётган тракторнинг овозини ўхтин-ўхтин учириб келади. Ариқ қазиётган машинанинг бўри улиганидек ўкиришини бир дам олиб келади-да, яна қаёқларгадир суриб кетади.
От солиб ўтган фотиҳларнинг, қўнғироқ чалиб ўтган карвонларнинг сурони уйғотолмаган асрий мудроқ чўлни янги одам жиловлаган пўлат моторларнинг забардаст турткиси уйғотган эди.
Сотувчи йигит аравада бир бочка керосин олиб келди. Икковлашиб бочкага резинка ичак солиб, бакларни тўлдириб олдик.
— Меҳмон, Бургут сизни Ёғоч полвоннинг ерига олиб бор, деб тайинлади.
Аравага чиқаётганимда механик йигит бункерни бўшатиб, ёнилғи олгани пайкал четига чиқаётган эди.
Эгарга қийшиқ ўтириб олган йигит, йўл-йўлакай Бургутнинг йигитларини таърифлаб кетди.
— Бургутнинг йигитлари ҳали курашда елкаси ер кўрмаган полвонлар. Ҳозир бу полвонларга Фарғона томонда тарафкаш йўқ. Ёғоч полвон деб ном чиқарган Миразиз ўтган йили паркентлик полвондан йиқилиб қолди. Бургут шундан кейин Ёғоч полвонни бригададан ҳайдаб юборди. Ўша полвонни йиқитиб келмагунингча, кўзимга кўринма, дейди. Йўқ, бултур куздаги пахта байрамида Фарғонада кураш бўлиб, Ёғоч полвон ўша полвонни чархпалак қилиб ерга урди-ю, юзи ёруғ бўлди.
— Бургут уни бригадага қайтариб олдими?
— Олди. Лекин битта шарт билан олди. Кетмон ишлатмай, пахтани машинада экиб, машинада териш шарти билан. Ҳали борганда кўрасиз. Ҳар ғўзаларки, бир тупидан бир кўрпалик териб олаверасиз. Ўзи ҳам антиқа одам. Ҳозир айтсам қизиғи қолмайди.
Сўнгги марта хириллаб нафас олаётган бемордек шикоятомуз ғийқиллаб бораётган арава устида тевараги уфққа туташган чўлни тамоша қилиб бораман. Бу уйқуси қочган кўҳна паҳлавон чўл билан беллашаётган, худди шу чўлдек бағри кенг, аммо навқирон, ҳар қайсиси алоҳида китобга қаҳрамон бўлса арзийдиган, бири бирига ўхшамаган табиатли йигитларни кўраётганимга, улар билан ҳамсуҳбат бўлаётганимга ич-ичимдан севинаман.
Бу учрашувларда уларнинг қилиқларини, бўй-бастларидан тортиб, кўз қарашларигача ёдда сақлаб қолмоқ учун тикилиб-тикилиб қарайман.
Чўл ўртасини девордек тўсиб ўтган дўнгни ошиб ўтганимиздан кейин йўл гавжум бўлиб қолди. Ҳар қадамда қурилиш материаллари ортган юк машиналари, устига бочка юкланган бричкалар узун йўлдан кетма-кет ўтиб турарди. Ора-сира мотоцикл патиллаб ўтиб қолади-да, чўл бағрига ўкдек санчилиб, бир зумда йўқ бўлиб кетади. Боя Ҳожимуқоннинг ерида эшитилган гуриллаган товуш шу томондан келаётган экан. Экскаватор ҳалқумини чўзиб, қуйқа босиб қолган зовурдан лой чиқазаётибди. Чўлнинг қоқ ўртасида ёнбошига тупроқ пуркаб канавокопатель ариқ қазимоқда. Унинг товуши гўё баҳайбат бир мушук муттасил ойна тимдалаётгандек қийқиллайди. Онда-сонда куриб қолган ўтларни чимдиб юрган пода учраб қолади. Йўл ёқасидан артезиан суви шилдираб оқиб ётибди. Ундан тушган шаффоф сув цемент ҳовузчадан тошиб, йўл четида кўлмак ҳосил қилган. Сув атрофида ўсган гиёҳлар ҳали кўм-кўк. Кўлча юзида кўй ва эчкиларнинг қумалоқлари сузиб юрибди.
Колхоз подаси шу ердан сув ичса керак деб ўйладим.
— Чўл қишлоққа шу томондан туташади, — деди ҳамроҳим, қамчи дастаси билан узоқда сарғимтил тусга кирган дарахтларни кўрсатиб.
Район марказидан йўлга чиққанимда, чўлга колхоз еридан ўтиб борсак керак, деб ўйлаган эдим. Бу ўйим янглиш чиқди. Ҳамроҳим эгарга яна қийшиқ ўтириб олди.
— Чўл асли шу томондан сиқиб келиняпти. Боя сиз кўрган Ҳожимуқоннинг ери колхоз очадиган қўриқнинг охирги нуқтаси. Ундан у ёғи бошқа колхознинг зиммасига тушган.
Бирданига чўлнинг ҳавоси ўзгарди, эрта куз бўлишига қарамай, эсиб турган илимилиқ шабада ўрнига қандайдир димоққа хуш ёқадиган, боғлардан эсадиган ёқимли шамол кела бошлади. Ҳозир биз бир томони ҳали безрайиб ётган чўл, бир томони эса обод бўлган ернинг ҳудудида турардик.
Этаги олисларга чўзилиб кетган чўл тўқувчи дастгоҳидаги тандага, янги обод бўлган жойлар эса шу танданинг аста-секин тўқилиб келаётган сергул матосига ўхшарди.
Шағал ётқизилган йўлнинг икки четида ҳали усти ёпилмаган бир қаватли бинолар, хом ғишт деворига толь ташлаб, устидан тош бостириб қўйилган чала уйлар, баъзан шахмат катагига ўхшаган цемент пойдеворлар учраб турарди. Бу ерларда ҳали одам яшамай туриб, ёш терак ва қайрағочлар аллақачон ерга парча-парча соя ташлаб улгурган эди.
— Ёғоч полвоннинг ерига етиб қолдик, — деди ҳамроҳим, от жиловини ўнг томонга буриб.
Биз йўл олган сўқмоқнинг боши усти шох-шабба билан ёпилган чайлага бориб қадалар эди. Чайла олдидаги хирмонда Бургут офтобга пахта ёймоқда. Тахминан ўн беш гектар келадиган пахтазорнинг икки томонида икки терим машинаси гуриллаб юриб турибди. То биз чайлага етиб боргунимизча ёнимиздан ўтиб кетган кул ранг «Волга» машинаси устимизга чанг ёпириб, чайлага етмай тўхтади. Шамол чангни бир зумда ерга ёнбошлатиб кетди.
Машинадан ўрта ёшлардаги сал қорин қўйган, қалин қошлари кўзларини тутиб кетган бир киши тушди. Орқа эшик очилиб, мўйловли, аёлга ўхшаш бир йигит кўринди. Унинг сочи орқасидан таралиб пешонасига келганда яна тепага қайтариб юборилган эди. Унинг бу қиёфаси менга попишакни эслатди. Оғзида муштук; эгнида почаси тор, калта чийдухоба шим. У фотоаппарат тасмасини узук тақилган бармоғига ўраб олган эди.
— Мана, ўзингиз айтинг, ўртоқ партком, сира у кишини кўндиролмаяпмиз, — дер эди у қора қош партком йигитга.
— Хўш, нима гап? — деди партком қанорга пахта жойлаётган Бургутнинг яқинига бориб.
— Парво қилманг, Миржалил ака, мендан артист чиқмайди.
— Яхши эмас, атайин Тошкентдан келишипти. Тез бўл, у ёқ-бу ёғингни паратка қил. Қани, янга, бояги нарсани беринг!
Чайла орқасидаги бак остига ўт қалаётган Ойниса унинг гапини яхши эшитмади шекилли, ўрнидан туриб савол назари билан қаради.
— Бояги тугун қани?
Ойниса чайла тирговичига илиб қўйилган камзулининг чўнтагидан шоҳи дастрўмолга тугилган нарсани олиб, парткомнинг қўлига берди.
Бургут тўнига илашган пахта толаларини кафти билан сидириб бўлгач, дўпписини тиззасига уриб қоқди. Унинг бу ҳаракатларини кузатиб турган баланд бўйли, озғин, қоп-қора йигит гап қотди:
— Қошингга ўсма қўйиб қўяйми? Янга, упангиздан беринг!
Бу гапдан Бургутнинг энсаси қотиб, ер остидан хўмрайиб қаради.
Партком тугунчадан орден ва медалларни олиб Бургутнинг кўкрагига тақа бошлади. То Бургутнинг «пардози» битгунча, калта шимли йигит «Волга»дан кино аппаратини олиб чиқиб, уларнинг ёнига келди.
— Шу киши нима деса ғиринг демай бажарасан. Хариш отга ўхшаб тайсалламай, ҳап турсанг-чи!
Бургут билан оператор пахтазорга кириб кетишди. Оператор йўлда қўшалоқ очилган пахтадан узиб олиб унинг чаккасига тақиб қўйди. Бутун колхоз йигитларига сўз бермай чўлда жавлон уриб юрган бургутсимон бу одам айни замонда оператор қўлида минг оҳангга тушар эди. Гоҳ ўнг қўлини кўтариб терим машинасини бошқараётган механикка нималардир деб қичқирар, гоҳ кунчиқар томонга бургутга ўхшаб толпиниб қўярди.
Охири у «артист»ликдан зерикди шекилли, қўл силтаб, жаҳл билан пайкалга қайтиб келди. Унинг кетидан эргашиб келаётган оператор норози оҳангда нимадир деди. Бургут яна қўл силтади.
— Икки кундан бери шу кишининг кетида овораман. Яна жиндай қолган эди-я!
— Бургутни бир кунда овлаб бўлмайди. Кетидан икки-уч кун чўл кезиш керак, яхши йигит, — деди бояги тарашадек қотма новча йигит.
— Шуни айтмайсанми, Ёғоч полвон.
Ёғоч полвонни дарров танидим. Унинг суратини ўтган йили физкультурачилар газетасида кўрган эдим. Республика мусобақасида паркентлик полвонни йиқитиб, Ўзбекистон чемпиони бўлган Асад полвон Иброҳимов шу киши эди.
Партком терим машинасининг механигига «бирпас тўхта» дегандек ишора қилиб, пайкалга чақирди. Бошқаларни ҳам чайла олдида тўплади.
— Қўшоқ отанинг қирқмаси роса бўлиб берибди. Машинага иккита ташлаб қўйган эди, бирга баҳам кўрамиз.
Шофёр ҳар бири кўйдек келадиган иккита чўл қовунини инқиллаб кўтариб келди-да, тиззалаб шолчага думалатиб юборди.
Дастурхон устида Ёғоч полвоннинг таърифи бошланди.
— Ёғоч — одам! — деди жиддий туриб Бургут. — Лавзли одам у. Ўн саккиз гектар ерни кетмон тегизмай машинада қойил қилиб юборди. Кўряпсиз-ку, икки машиналаб ҳам териб тамом қилиб бўлмаяпти.
Мен ҳам гапга аралашдим:
— Бу киши ҳам хотинларидан қўрқадиларми?
— Бе, — деди Ёғоч полвон қўл силтаб, — гуноҳ қилган йигит хотинидан қўрқади-да! Биз ҳали гуноҳ қилганимизча йўқ. Нима дейсан, Бургут?
Бургут бошини сарак-сарак қилиб кулди.
— Уч-тўрт улфат бир бўлиб, гапдан гап чиқиб, «ким хотинидан қўрқса, ўрнидан турсин» деган таклиф тушибди. Шунда ҳамма ўрнидан турибди-ю, бир полвон йигит жойидан қўзғалмапти. Ундан, нега турмадинг, 1 хотинингдан қўрқмайсанми, деб сўрашибди. Полвон йигит нима депти, денг, хотинимнинг номини эшитишим биланоқ икки оёғим шол бўлиб, ўрнимдан туролмай қолдим, депти.
Қотиб-қотиб кулдик.
— Бизнинг Ёғоч полвон ҳам шунақа полвонлардан, — деди Бургут унинг биқинига туртиб. — Ҳа, дўст! Қома-тингга қойилман!
Ёғоч полвон қизариб кетди.
— Ҳеч-да, ичадиган вақтимда, рост гапи жиндаккина қўрқардим. Ўшанда ҳам ҳадеб машмаша қилавергандан кейин ёлғондакаси қўрққанга ўхшаб турардим.
Қовундан кейин бир пиёладан чой ичиб, ҳамма ўз ишига тарқади.
— Бургут, эртага машинанинг бирини Қўшоқвой отага юбор. Ёғоч полвоннинг пахтаси энди сийраклашиб қолибди. Машина бекор турмасин. Ўн учинчидан кўрак узадиганини юбораман.
Ёғоч полвон ерга бир кўз югуртириб чиқди-да, шундоқ қилсак ҳам бўлар экан деб парткомнинг сўзига рози бўлди.
Партком ҳам, кинооператор ҳам кетди. Бургут машина орқасидан қараб турди-да, илжайиб қўйди.
— Меҳмон, биз чиққан картинкани Тошкентда кўрадиган бўлдингиз. Биз томонларда ҳам кўрсатар, дейман. Қўшоқбой отани олганда жуда интрсний чиқарди.
Хирмонда шамоллатилган пахталар қанорлангунча шу ерда бўлдим. Қишлоқдан пахта ортиб кетгани машина келди. Ёғоч полвон қанорларни худди ястуқдек енгил кўтариб машинага ирғитар, Бургут эса уларни эпчиллик билан тортиб олиб, ғишт тахлагандек кузовга жойлар эди. Қанорлар бир-бирига миниб лапанглаб қолгунча тахланди. Бургут ерга сакраб тушиб, шофёрга дарров қайтишини буюрди-да, кўкрагида жаранглаб турган орденларни чиқазиб, бояги шоҳи рўмолчага тугиб, хотинига узатди.
— Олиб қўй, план тўлган куни тақамиз энди.
— Энди менга жавоб берсангиз, Бургут, шу машинада қишлоққа етиб олай, — дедим унга.
— Ие, бирон кун қолмайсизми? Эртага Ёғоч полвоннинг тўйини қиламиз. Ошини еб кетасиз-да!
— Шу бачканалигинг қолмади-қолмади-да. Ёғоч полвон зарда билан нари кетди.
— Ёғоч пахта пунктидаги лаборант қиз билан нари-бери бўлиб юрар экан. Хотини билиб қолиб, уйига киритмай қўйган эди. Роса йигирма кундан бери чўлнинг қоқ ўртасида мажнун бўлиб, кўйлак-пўйлагини ҳам ўзи ювиб юрган эди. Ўтган куни қазили ош қилиб беришни бўйнига қўйиб, яраштириб қўйган эдик! Насибангиз қўшилмаган экан.
— Бўлмаган гап, ишонманг бу гапга, меҳмон. Сиртқи техникумда ўқийман-да! Имтиҳонга яқин қолганда лаборант қиз, агротехникадан ўзим ўргатиб қўяман, деган эди. Манови бемаъни қаёқдаги гапларни хотинимга айтиб, уриштириб қўйса бўладими. Аҳмоқ бўлиб, яна ўзи яраштириб қўйди.
— Қўй-е, — деди Бургут менга кўз қисиб қўйиб, — бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур. Ҳа, дўст! Писмиқсан, Ёғоч! Писмиқсан! — Бургут шу гапни айтиб, тиззасига уриб, қотиб-қотиб кулди.
— Меҳмон, тағин шу гапларни ҳам китобга тиркаб қўйманг.
Улар билан самимий хайрлашиб машинага чиқаётганимда Бургут, папирос чекманг, меҳмон, йўлда пожарний штраф қилади, деб тайинлади.
Машина ҳавони кесиб, бир текис елиб чўл ўртасида борар, мен эса учрашувлардан олган таассуротларимни қай тартибда қоғозга туширишни ўйлаб кетардим.
Машина кеча Қўшоқ ота билан ажрашган жойга келганда қуёш этагига ботиб, осмоннинг ярми анор суви сачрагандек қип-қизил тусга кирганди. Атрофда тракторлар, экскаваторлар шовқин солади. Уларнинг гулдираганини шамол чўл бўйлаб айлантириб кетади.
Худди тепамда бир чўл бургути баҳайбат қанотини ёзиб, гир айланиб учиб юрибди. Шовқинга тўлган чўлда маконини йўқотган бу саҳро султони, қўналға тополмай, осмонда чарх уриб кезарди. Чўлнинг асрий уйқусинй бузган ер бургутлари энди унинг кўҳна масканини эгаллаган эдилар.
Бургут қизғимтир кўкда узоқ айланиб юрди-да, охири бир-икки марта умидсиз қанот силкиб, қуёш ботаётган уфққа қараб сузиб кетди.
1958 йил.