(А. Қаҳҳорнинг ғазабига учраган ҳикоя)
Сотимжонни кўрмаганимга роппа-роса йигирма саккиз йил бўпти. Ўрта мактабни битирганимизда иккаламиз ҳам ўн еттида эдик.
Иттифоқо уни шу бугун учратиб қолдим. Семириб кетибди, негадир лабидан, оғзидан эски хурмачанинг иси келади.
Бундан йигирма саккиз йил олдин унинг қанақалигини айтиб берай.
Биринчи синфдан то ўнинчигача Сотимжон билан ёнма-ён туриб ўқиганмиз. Тўғрисини айтсам, у ўлгудек ношуд, йўлини топиб юролмайдиганлардан эди. Математика дарсида масалани мен ечиб берардим. Расм дарсида-ку, шарманда бўларди. Ўрдакнинг суратини ишласа, лайлакка ўхшаб қоларди. Майли, буларни ҳам гапирмай қўяқолай. Унинг антиқа бир қилиғи бор эди. То ўрта мактабни битиргунимизча ҳам у онасини эмарди.
Катта танаффусда ҳамма буфетга кириб кетса, у уйига чопарди. Онасини миқиллатиб тўйиб эмиб, яна чопиб қайтиб келарди.
Мабодо онаси тўйгами, азагами кетган бўлса, ўшаққа бориб йўлакка чақиртирарди, эшик орқасида тикка турганча эмиб, яна бўталокдек ўйнаб кетарди.
Сотимжоннинг дадаси у еттига кирганда ўлган эди. Ёлғиз қўл она, тирикчилик экан, анча қийналиб қолади-ю, орадан уч йил ўтказиб бошқа эрга тегади. Унчалик катта тўй бўлиб, сурнай чалинмаса ҳам, ҳарқалай одамлар келишган, яллачилар қўшиқ айтишган эди. Тўй тугаб, келин чимилдиққа кирган эди. Биз билан раққосани томоша қилиб турган Сотимжон хумор қилиб, бирдан ўзини чимилдиққа уради. Куёв олдида уялиб ўтирган онасига ҳиқиллаб, куёвнинг энсасини қотириб, тўйиб эмиб олади.
Еттинчини битирганимизда бутун синфимиз билан болалар оромгоҳига юборишган. У пайтларда болалар оромгоҳларида жуда қаттиқ интизом бор эди, болаларни ташқарига чиқаришмасди. Сотимжон бир кундаёқ озиб чўп бўлиб қолди. Онасига одам юбордик. Келиб эмизиб кетди. Шундан кейин бечора она ҳар куни келиб завтрак ва тушлик олдидан эмизиб, хотиржам уйига кетадиган бўлди.
Мана, орадан қанча вақт ўтиб кетди. Бу орада қанча воқеалар бўлди. Йигирма саккиз йил деганда уни энди учратдим.
Район ветеринария участкасига ишга ўтдим-у «Илғор» колхозидаги мол фермасида иккита сигир ҳаром ўлибди, деб эшитиб, акт тузгани бордим.
Буни қарангки, Сотимжон шу ерда ферма мудири экан. Қучоқлашиб кўришдик. Ҳатто, ўпишдик ҳам. Ўпишганда лабидан, мўйлабидан ҳали ҳам эски хурмачанинг иси келарди.
Онасини сўрадим. Бечора бундан ўн бир йил олдин қазо қилган экан.
Энди иш тўғрисида гап кетди. Ферма ходимларини чақириб, иккала сигирнинг қанақа қилиб ўлганини суриштирдим.
— Бири анчадан бери касал эди. Қариб қолганди-да, — дейишди. — Аммо говмуш ўладиган эмасди. Мана, мудиримиз Сотимжон акамиздан сўранг, яхши говмуш эди. Сотимжон акамиз фақат шу говмушнинг сутини ичардилар.
Унинг гапини бошқаси тузатиб қўйди:
— Ичардиларинг нимаси, эмардилар, дегин.
— Шундоқ, шундоқ. Бечора жуда ювош эди, эмаётганларида худди ўзининг бузоғидек индамай, туриб берарди.
Масала менга равшан бўлди. Аммо ўлимининг сабаби равшан эмасди.
— Нима бўлиб ўлди?
— Менимча ўлимига сабаб елини ийиб қолгани. Сотим акам дом отдихга кетган эдилар. Ўн беш кун ҳазил гапми?! Соғай десак, ўн йилдан бери соғилмаган сигир — олдига одам йўлатмайди. Бошқа сигирнинг бузоғини юборсак, тепиб ташлайди. Сотимжон акамга ўхшатиб мўйлаб ёпиштириб эмгани борсак ҳам тепиб ташлайверди. Икки марта Сотимжон акамга телеграмма юбордик, етмапти. Бечора говмуш ўн беш кун соғилмай, эмизмай елини ириб кетди-ю, то Сотимжон акам келгунларича дунёдан ўтди. Сотимжоннинг кўзларида ёш йилтиради.
— Шундоқ бўлди, говмушимдан айрилиб колдим.
У шундай деди-ю, бирдан йиғлаб юборди. Уни юпата бошладим:
— Говмушим деб йиғлама, оқ сут берган онам деб йиғла.
Ана шундагина унинг лабидан, мўйлабидан нима учун хурмачанинг иси келганига тушундим.