Искандаров бошқармадан эшитадиганини эшитди. Олиб келган ҳужжатида яна хато. Икки юз ўттиз минг ўрнига икки юз ўттиз ёзилибди. Ҳужжатга қўл қўяётганда яхши қарамаган экан. Мана, бошқарма план бўлимида уни роса қизартиришди.
Ҳозир Искандаров машинада ўзидан ўзи минғиллаб котибанинг гўрига ғишт қалаб келяпти. Ундоқ қиламан, бундоқ қиламан, бунақа котибанинг боридан йўғи. Бўшатаман…
У тажанг бир қиёфада идорага кирди. Машинка шиқиллатиб ўтирган котибанинг бетига ҳам қарамай, киринг, деб ўтиб кетди.
Ўзини креслога ташлаб, столни чертиб, асабини босмоқчи бўлиб турганда лаблари қип-қизил, бели супургининг бойланган жойидек ингичка, икки қулоғига офтобни узиб олиб қўйгандек ялтироқ зирак таққан, жўхори попугидек майин сочли бир қиз кирди. У котиба эди. Искандаров унга хўмрайиб қаради. Котиба кўзларини сузиб, бир-икки марта киприк қоқди. Тавба. Искандаровнинг шу пайтгача разм солмаганини қаранг-а, киприк ҳам шунақа узун бўладими? Ҳар киприк қоққанда икки юзини беркитиб қўяди-я.
Искандаров бир неча дақиқа унга маҳлиё бўлиб турди-да, ўзини босиб олди. Бояги жаҳли яна танига қайтиб келди. Энди қизнинг бетига эмас, полга қараб гапиришга чоғланди. Нима бало бўлди-ю, кўзи чалғиб котибанинг игнадек пошнасига, ундан кейин илон пўстига ўхшаш носкисига кўзи тушди. Яна жаҳли ўлгур аллақаёққа қочиб кетиб, юзига билинар-билинмас табассум югура бошлади. Искандаров бир сесканиб, яна ҳушини йиғиб олди. Энди у дераза тарафга қараб гапга чоғланди.
Дераза ойнасидан яна қизнинг чеҳраси намоён бўлди. Беихтиёр дилидан «бели, елкалари дараза ойнасидан шундоқ кўринса, тўғри қараганда қандоқ бўлди экан», деган фикр ўтди.
Очиқ деразадан кирган майин шамол қизнинг причёскасига сўз бермаган икки тола сочини бўйнига, томоғининг тагига, ярим декольте кўкрагига теккизиб ўйнарди.
Искандаров бир неча минут табиатнинг бу мўъжизасига лол қараб қолди. Гапирай деса, тилдан қолганга ўхшайди, хўмрайиб қарай деса, юзидаги табассумни йиғиштириб бўлмайди.
Эркак одам анча иродали бўлади. Искандаров ҳам бир кучини йиғиб, ўрнидан турди. Зарда қилиб, бурчакка борди-да, икки қўлини орқасига қилиб ўгирилиб олди.
У шу туришича қанча турганини аниқ билмайди. Қиз йўталди. Бай-бай унинг овози. Бу овоз уни яна сескантирди. Назарида қиз секин келиб икки кўзини беркитиб оладиган, ойнами, тароқ дейдиганга ўхшаб, шошиб ўгирилиб олди.
Шу алфозда ярим соатдан ортиқ Искандаров гоҳ сесканиб, гоҳ қалтираб, гоҳ ғазаб-у гоҳ табассум билан мушук-сичқон бўлди.
Охири котиба бошлиқни енгганига ишонч ҳосил қилди.
— Искандаров ака, нимага чақирган эдингиз? — деди. Искандаров нима дейишини билмай, озроқ чайналди:
— Кеча бошим оғрияпти деган эдингиз, қалай энди дурустмисиз?
— Ҳалиям жиндек оғриб турибди, Искандаров ака.
Бирдан Искандаровнинг меҳрибончилиги тутиб кетди.
— Сиз ғалати одам экансиз-ку, соғлиқни эҳтиёт қилиш керак. Бунақада дардга чалиниб қоласиз. Боринг, уйга бориб дам олинг. Бош оғриғингиз босилмаса, бир-пкки кун ишга чиқмасангиз ҳам майли. Соғлиқ керак, соғлиқ.
Қиз миннатдорчилик билдириб чиқиб кетди.
Эртасига Искандаров огоҳлантириш олди. Котиба ҳисоботни кўчирганда, «бошқарма» ўрнига «мошқорма» деб ёзибди.
Искандаров яна ғазабга келди.
Бунақа ғазабларнинг кўпини кўрганмиз…