Каравотга чалқанча ётиб, Тургеневнинг «Баҳор сувлари» китобини варақлай бошладим. Китоб орасидан тўрт букланган қоғоз кўкрагимга тушди. Бепарволик билан қоғозни олиб, ётган еримда ўқий бошладим. Оддий қора қалам билак жуда хунук ёзилган, баъзи жойлари ўқиб бўлмайдиган қилиб ўчириб ташланган бу хат мени ҳайрон қилиб қўйди. Хат эгаси, уни ё муттасил тебраниб бораётган трамвайда, ё тик туриб ёзганга ўхшайди. Бир чизиқли дафтар варағидаги сатрлар бошида йўғон-йўғон ҳарфлар билан бошланиб, сатрнинг охирига етмай бир-бирига мингашиб кетарди. «Нима бало, маст одам ёзганми буни», деб дилимдан ўтказдим. Юқорисидан икки-уч сатр ўчириб ташланган хат шу ердан бошланади:
«…Уйингиздан бутунлай кетдим. Кутманг. Қайтиб келмайман. Бу хатни бутунлай, қайтиб келмас бўлиб кетаётганимни сизга билдириб қўйиш учунгина ёзяпман. Сабабини билишни истарсиз? Наҳотки ўзингиз билмасангиз? Қайси бир хотин қанчадан-қанча аҳду паймонлар, орзу-умидлар билан кириб келган уйини ташлаб кетади? Мен ана шундай қилдим. Бу менинг виждон олдидаги қарзим, ҳақоратланган, оёқ ости қилинган муҳаббатим олдидаги бурчим эди. Эсингиздами, анҳор бўйидаги ағдарилган қари чинор танасига ёнма-ён ўтириб, юлдузларга термилардик. Кўп ошиқлардан бева қолган ойнинг булутдан булутга сузиб ўтишини хўрсиниб-хўрсиниб томоша қилардик. Сизнинг елкангизга суяниб, анҳор салқинидан сесканганимда костюмингизнинг этагига мени ўрардингиз. Ўша кунлар ўзимни чинакам бахтиёр деб билардим. Анҳорнинг нариги томонидаги янтоқлар орасида чириллаган чигирткаларнинг овози ҳам қулоғимга ажойиб бир оҳанг бўлиб эшитиларди. Баъзан эл ухлаган сокин кечада асфальт кўча бўйлаб олис-олисларга кетиб қолардик…»
Шу ерга келганда хатнинг кетма-кет уч сатри ўчирилган. Шунча уринсам ҳам ўқиёлмадим.
«…Баъзан артистларга раҳмим келади. Улар саҳнада ўз қиёфаларидан чиқиб, бир неча соат бошқа одам бўлиб яшайдилар. Уларнинг маҳоратига қойил қолиб қарсак чаламиз. Ўйлаб кўринг, бу улар учун жуда ҳам катта меҳнат, машаққат эмасми?
Сиз-чи? Сиз саҳнада эмас, ҳаётда артист бўлиб яшадингиз. Ўзлигингиздан чиқиб, бошқа одам қиёфасига кирдингиз. Ўзидан, вужудидан, қалбидан, дунёдаги энг ярамас, ифлос нарсадан жиркангандек жирканадиган одамгина шундай қилади. Бу жуда қийин иш-ку! Умр бўйи бир танада икки киши бўлиб яшаш мумкинми, ахир! Шунинг учун сизни ташлаб кетдим. Ҳеч қайтиб келмас бўлиб кетдим. Тўйимиз бўлган кунни бир эсланг. Қадаҳларнинг жаранги, ҳофизларнинг хониши, дўст-ёрларнинг қалбни титратадиган табрик сўзлари… Ўша кунлари чинакам бахтиёр эдим, худди булутлар орасида сузиб юргандек эдим, поёнига етиб бўлмас орзуларим бор эди. Худди тўйимиз куни, эшигингиз — менинг янги уйимнинг эшиги олдида боласини кўтариб турган хотиннинг ғазаб ва нафрат тўла кўзлари менга тикилганини, унинг қалбида туғён қилаётган ҳисларни пайқамаган эдим. Чунки мен бахтиёр эдим. Бахтдан энтиккан кишининг кўзига ҳамма нарса гўзал, ҳамма одам бахтли кўринишини билмаган эканман. Мен бахтдан энтикардим, у бахтсизликдан пинҳоний фарёд чекарди. Мен бахтга етишган эдим, у бахтини йўқотган эди. Энди ўйлаб қарасам, у бахтни эмас, бахтсизлигини йўқотган экан. Негаки, сиз, ўзгага бахт беролмайдиган нотавон киши экансиз. Унинг юзларига бемаҳал тушган ажинлар, қўнғироқ сочларга бемаҳал оралаган оқлар сиз келтирган «бахт» эканлигини энди яхши биламан.
Ҳозир шу хатни ёзарканман, хотинингизнинг ўша машъум тўй кунидаги қиёфасини кўз олдимга келтириб, қалам тутган қўлларим муштга айланганини билмай қолибман. Бирга юрган кечалари ойга термилиб тонг оттирган пайтларимизда у мушфиқ хотиннинг дераза олдида эшикка термилиб, маъюс, афтодаҳол ўтирганини ўйлаганимда, бутун борлиғим зирқираб кетади. Сизни қарғаш учун олам бисотидан таҳқирлироқ сўз тополмайман…»
Хатнинг давоми бутунлай ўчириб ташланган. Чироққа яқинроқ бориб ўқишга уриниб кўрдим. Йўқ, ўн саккиз сатр ичидан фақат «инсоф»ми деган сўзни аранг ўқий олдим, холос.
Тавба! Бу хатни ким ёзган? Кимга ёзган? Хаёлим қочиб, ҳар бир сатридан ғазаб, нафрат ёғилиб турган хат эгасини билгим келди. Китобни олиб, хатнинг давоми чиқиб қолармикин деган ўй билан уни варақлай бошладим. Йўқ. Китоб кутубхонаники эди. Кимдир уни беихтиёр китоб билан топшириб юборган бўлса керак. Уйқум қочиб у нотаниш, аламзада хотин қалбининг энг теран жойларидан отилиб чиққан қайноқ, оловли сўзларидан эрталабгача тўлғандим.
Эрталаб кутубхонадан бу китобни мендан аввал олган кишини сўрадим. Кутубхоначи хотин тайинли бир гап айтмади. Унинг гапича, университет кутубхонаси бундан икки ярим ой олдин сайлов участкасига китоблар юборган, сайловдан кейин ўша китоблар муқовалашга берилган экан. Хуллас, хат кимдан ва кимга эканлиги маълум бўлмагани учун менда қолди. Аммо бу панд еган жасур хотиннинг ўртаниб ёзган қайноқ сўзлари эгасига етмаганидан афсусланардим.
Ўқишлар тугади. Беш йил бирга ўқиган қадрдонлар билан хайрлашадиган кунлар келди. Айниқса, ўзини ҳаммадан олиб қочадиган, менга ҳам шубҳа билан қарайдиган ҳамкурс Санобардан ажралиш менга жуда оғир эди. Бу хаёлчан қиз негадир менга жуда ёқарди. У кўпчилик-ка кам аралашарди. Хдмкурслар бир-биримизнинг «миридан-сиригача» дегандек саргузаштларимизни, орзуларимизни баҳам кўрардик. Аммо Санобар ўзи ҳақида, ниятлари ҳақида лом-мим деб оғиз очмаган. Унинг табиати ана шунақа эди. Ўзи алоҳида дарс тайёрлар, қайғусини ҳам, шодлигини ҳам биров билан баҳам кўрмасди. Унга раҳмим келганиданми, ё табиатим оғирроқ бўлганиданми, ҳар қалай, унинг сокинлиги менга ёқарди. Кейинги курсдагина икковимиз бир-биримизга яқин бўлиб қолгандик. Ҳатто бир-икки марта кинога ҳам бордик. Кўрган киномизда Санобар жуда кўп йиғлади. Кино унчалик кишини йиғлатадиган даражада ҳам эмас эди. Ҳайронман, Санобар нега йиғлади экан!
Август охирлаб қолган эди. Эртага Санобар Бекободга кетади. Мен эски касбим — газета ишида қоламан. Шу куни сўнгги бор у билан паркка бордик. Негадир у хомушроқ эди. Мен унинг бу кайфиятини то шу кунгача бир-биримизга дардимизни айтмаганимиздан, шундайлигича ажрашиб кетишимиздан бўлса керак, деб ўйладим. Ҳар қалай, бу масалада эркаклар дадилроқ бўлади. Довдираб бўлса ҳам гапни ўзим бошладим. Шу пайтгача бу тўғрида оғиз очмаганимдан ўзимни ўзим койиб, ҳаяжон аралаш секин гапирардим. Билмадим, гапларимнинг ҳаммасини эшитдими, йўқми?
Паркда одам кўп эди. Танца майдончаси, морожнийхоналар студентлар билан тўла. Санобарнинг қўлидан ушладим. У ялт этиб менга қаради.
— Юринг, ҳув анови сув бўйига борамиз.
— Нега?
Бу саволга жавоб тополмадим.
— Юринг! — деди Санобарнинг ўзи йўл бошлаб. Сув бўйи холироқ эди. Симёғочдаги чироқнинг сувдаги акси гўё ханжардек анҳор тагига санчилганди.
— Сизни Тошкентда қолдирмоқчи эдилар-ку, нега Бекободга юборишларини сўрадингиз?
Санобар жавоб бермади. Сувга тикилганича бир неча дақиқа индамай ўтирди. Сўнг вазминлик билан:
— Менга қаранг, — деди, — беш йил бирга ўқидик, сиз менга бошқаларга қараганда яқинроқ бўлиб қолгансиз. — У негадир гапни гапга қовуштиролмай қийналарди. — Кўзларингизга қараганимда, юрагингизда аллақандай ҳис борлигини сезиб қийналаман. Гапим қўполроқ чиқса, мени кечиринг. Бекор қиляпсиз. Ҳали ёшсиз. Ўз тенгингиз билан топишишингиз керак. Мен буни олдинроқ айтишим керак эди. Нега шундай қилмадим?..
— Нега, ахир сизни… наҳот сиз мени… Ё сизнинг бошқа…— дедим паст овоз билан.
Санобарнинг кўзида ёш йилтиради.
— Ахир, мен бир марта тўй кўрганман… беш кун бўлса ҳам. Ҳали тортган дардимнинг доғи танимдан кетгани йўқ.
Уч йил аввал китоб орасидан кўкрагимга тушган хатни эсладим. Наҳот ўша хат билан Санобар орасида бирон муносабат бўлса, нималар деяпман, йўғ-э…
— Сиз, сиз, — дедим дудуқланиб, — Сиз Тургеневнинг «Баҳор сувлари»ни ўқиганмисиз?
Санобар менга савол назари билан қаради:
— Нима эди?
— Хат йўқотганмисиз?
Санобарнинг кўзлари катта-катта очилиб, лаблари алланималар деб пичирлади.
Мен унинг шамол тўзитган сочларини силадим.
— Шунақа, — деди Санобар хўрсиниб, — арзон муҳаббатнинг қурбони бўлганман.
Унинг бу гапида қанчадан-қанча алам, изтироб бор эди.
Иккимиз сувга термилиб хаёл сурамиз. Баҳор сувлари оқиб кетди. Совур ойининг булутлари қалдираб-гулдираб тоғу тошларга, боғу роғларга ёмғир қуйиб ўтди. Унинг ҳаётбахш томчиларидан анвойи гуллар униб чиқди. Оламни безаган, адирларда лолақизғалдоқ гулханини ёндирган бу ҳаёт томчиларининг сахийлигидан сув ичиб қолган шумғиялар ҳам бор эканлигини биламан. Бироқ кўклам офтобининг алангасига бу печаклар, шумғиялар тоб беролармикин?! Офтоб уларни қовжиратиб ташламасмикин?! Албатта куйдириб ташлайди, ишонаман.
Муҳаббат ҳам шундай. Қалб ҳарорати иситмаган муҳаббат узиб олинган гулдек жуда тез қовжираб қолади.
Ёлғон муҳаббатдан зада бўлган Санобарнинг юрагида куйиб кул бўлаётган ҳисларга ҳарир, шаффоф шабада теккандек бўлади. Бу шабада унинг қалбидаги кулларни тўзғитиб юборади. Кўксидаги босиб ётган оғир тошни муҳаббатнинг азамат қўли кўтариб ташлайди.
Дарахтлар тепасида кезиб юрган яримта ой япроқлар орасидан ўтиб, Санобарнинг гоҳ елкасида, гоҳ соч ўримларида ўйнарди.
1960 йил.