Вилоят ҳокими Эргаш Носиров уйига алла-паллада қайтди. Болалари ухлаб ётишибди. Хотини олиб келган овқат томоғидан ўтмади. Бир-икки қошиқ татиган бўлди-ю, косани нари суриб қўйди.
— Қаёқда эдингиз? Хавотир олиб ухлолмадим.
Эргашвой жавоб ўрнига, соатига қаради: бирдан ошибди.
— Поччам оламдан ўтибдилар, ўша ёқда эдим.
— Вой, ўлмасам, — деди хотини тамоман уйқуси қочиб. — Нега менга хабар қилмадингиз? Борардим. Ахир, ота ўрнида ота эдилар.
Эргашвойнинг ёшлигида ота-онаси оламдан кўз юмиб кетади. Уни опаси ўзининг тўрт боласи қатори бағрига босади. Поччаси тиниб-тинчимас одам эди. Иморат қурадиганларнинг ҳожатини чиқарарди. Тўнғич ўғлини ёнига олиб, арракашлик қилиб, қучоққа сиғмас ғўлалардан тахта тиларди. Ром ясар, битмаган иморатларнинг томини ёпарди. Хулласи, қишин-ёзин унга бирдек иш топилиб турарди. Эргашвой шу меҳнаткаш одамнинг қўлида муҳтожлик нималигини, етимлик нималигини билмай ўсди. Уста Туроб ўз болалари қатори уни кийинтирди, едирди, ичирди. Ёшига етиб, институтда ўқиётган пайтларда Тошкентга бориб, топган-тутганини қўлига бериб келарди. Аммо унга асло насиҳат қилмасди. Ўзининг эс-ҳуши жойида, насиҳат ортиқча деб биларди. Шу етимгина укасига меҳрибонлик қилаётган эридан опаси миннатдор эди. Баъзан кўзёши тўкиб, уни чин дилдан дуо қиларди.
Умри меҳнат билан ўтган уста Туроб оламдан ўтди. Эргашвой тўрт азамат жиянлари ёнида бел боғлаб, «вой, отам»лаб тобут олдида борди.
Хотини пиқ-пиқ йиғлаб: «Эртага мени ҳам олакетинг, янгам бечоранинг ёнида бўлай!» деди.
— Хўп, — деди Эргашвой. — Энди озроқ мизғиб олай, жуда чарчадим.
У шундай дедию ётоққа кириб кетди.
Эргашвойнинг вилоят ҳокими қилиб тайинланганига атиги икки ой бўлди. Ҳали тузук-қуруқ иш бошлаган ҳам йўқ эди. Вилоят катта, унда тоғ ҳам, дарё ҳам, чўл ҳам бор. Илгариги ҳоким бир чиқиб кетганича икки-уч кунлаб уйга қайтиб келолмасди. Эргашвой аввал ҳам ҳокимиятда кичик лавозимларда ишлагани сабабли туманларни, хўжаликларни яхши биларди.
Эргашвой энди кўзи юмилганда сигир маъраб уйқусини қочирди. Бу қанақа сигир бўлди? Қўшниларникими деса, овози ҳовлидан келяпти.
Эргашвой тўнини елкасига ташлаб айвонга чиқди. Хотини столга бошини тираб йиғлаяпти. У оёқ товушини эшитиб бошини кўтарди: икки кўзи жиққа ёш эди.
— Бу қанақа сигир? — деди Эргашвой хотинига зардали товушда.
— Қўштегирмонлик раис Нормат ака ташлаб кетди.
— Ҳозир сигир олишга қурбимиз етмайди, деб айтмадингми?
— Айтдим. Эй, келин, хотин кишисиз-да, эркакларнинг ишини тушунмайсиз. Эргашвой жигаримдек бўлса, ундан пул оламанми — ҳоким бўлганига суюнчи бу, яъни модарка, соғиб ичаверинглар, энди шу она-бола сигир сизларники, — деди.
Эргашвойнинг пешонаси тиришди. Бир сўз демай ётоққа кириб кетди. Шу ётганича соат бешдан ошганида уйғонди. Уйғондию «уяли» телефон билан Қўштегирмонга — Нормат раисга қўнғироқ қилди. «Лаббай», деган уйқули товуш эшитилди.
— Нормат ака, ҳозир сизга машина боради, бизникига келинг, бирга нонушта қиламиз.
— Ўзимнинг машинамда боравераман, — деди раис. — Шофёрингизни овора қилманг.
— Илтимос, хўп денг. Бошқа гаплар ҳам бор, албатта орденларингизни ҳам тақиб келинг!
— Хўп бўлади, ҳоким бува! Телевизорга чиқамизми?..
Энди унинг овози жарангларди. Она-бола сигир кучини кўрсатди, деб ўйлаётган бўлса керак. Қаловини топсанг қор ёнади деб, бекорга айтмаганлар, илинди. Жуда чиройли бўлиб илинди.
Қўштегирмон билан вилоят марказининг оралиғи атиги ўн тўрт километр, ҳозир йўлга чиқса, ўн беш минутга қолмай етиб келади.
Эргаш Носиров ДАНга телефон қилиб, ким биландир гаплашди. Кейин ҳовлига чиқиб, она-бола сигирни кўздан кечирди.
Ўҳ-ҳў, бунақа сигир бозорда фалон пул бўлса керак. Хотинининг гапига қараганда, кунига уч маҳал соғиш керак экан. Нечук шунча пулли нарсани текинга ташлаб кетди экан? Ахир, у Тошкентга қурултойларга боришганда ўзига ўхшаган серхарж раислар билан ресторанларга киришарди, ақалли бир марта бўлсин, «Сен ҳам юр!» демаган. Эргашвойнинг ҳамёни бунақа харжларни кўтармасди. Шунинг учун ҳам меҳмонхона буфетида енгилгина овқатланиб қўя қоларди.
Пахтакорлар қурултойига боришганда Нормат раис орденларни тақиб оларди. Чиндан ҳам унинг орденлари кўп эди. Йилора орден оларди. Бошқа раислар ҳазил қилиб «Норматнинг икки костюмлик ордени бор», дейишарди. Сал оғзи ботирроқлари: «Леонид Ильич бўлиб кет-э!» деса, бошқаси: «Яхши дўхтир танишим бор, чап кўкрагингни кенгайтириб беради!» деб одамларни кулдиради. У юрганда жаранг-журунг овоз чиқарди, ҳатто қурултойга раислик қилаётган раҳбар унга: «Нормат ака, қимирламай ўтиринг, орденларингиз жаранглаб доклад эшитишга халақит беряпти», деганди. Ўшанда қурултой аҳли гурра кулиб юборганди.
Эргашвой бир гал қурултойга борганда Нормат раис меҳмонхона пастида уни кутиб турган экан.
— Мундоқ қилсак, — деди раис унинг олдига келиб, — эрталабки мажлисга сен қатнашмасанг ҳам бўлади. Чорва масаласи кўрилади. Сенга алоқаси йўқ гаплар.
У шундай дея туриб ёнидан бир даста пул чиқариб унга узатди:
— Тахтапулдаги чойхонага бориб, ўн кишилик ош буюр! Водий раислари билан ошхўрлик қиламиз. Хўпми, акаси? Масхарабоз Обид калтани ҳам топ, бир кулишиб ўтирайлик.
Эргашвой ғалати бир ҳолга тушди. Бу раис мени ким деб ўйлаяпти? Жуда ўзидан кетибди-ку!
У жаҳл билан пулларни унинг чўнтагига тиқиб қўйди.
— Мен сизга малай эмасман! Қурултойга сизнинг чамадонингизни кўтариб юришга, дастёрлик қилишга келмаганман!
Раис ундан бунақа гап кутмаганди. Ювош, баёв бола деб биларди.
— Сени ўсадиган кадр бўлади деб ўйлаган эдим. Шу феълинг бўлса, икки дунёда ҳам косанг оқармайди. Ёнимга олиб, ўсишингга ёрдамлашмоқчи эдим. Қўлимдан ҳар иш келишини биласан-ку, энди ўзингдан кўр! Шу кичкинагина амалингдан ҳам айрилиб қоласан. Эргашвой қатъий қўл силтади:
— Пешонамдагини кўравераман, ака!
Нормат раис бир замбар лой бўлиб қолган эди ўшанда.
Нормат ҳар қандай бир сўзли ўжар райком котибини ҳам ўзига ром қилиб оларди. Қишлоқ раҳбарларининг, айниқса, райком котибларининг отпускаси қиш пайтига тўғри келарди. Шунга қарамасдан улар дам олиш учун Ялтагами, Сочигами кетишарди. Бу пайтда на денгизда чўмилиб бўлади, на соҳилда ўзини офтобга тоблаб бўларди. Ҳеч бўлмаса муолажасидан фойдаланаман, массаж, хилма-хил ванналарга тушиб таранг асабларимни юмшатиб келаман, деб ўйлашарди.
Қайси бир райком котиби курортга кетса, Нормат раис орқасидан кассири билан етиб борарди. Санаторийга яқин жойдан ижара уй олиб, котибнинг хизматини қиларди. Қиш, ҳаммаёқ қор, дам олиш мавсумининг энг зерикарли пайтлари. Ана шундай пайтларда Нормат уларнинг жонларига оро кирарди. Кунора ошхўрлик, норинхўрлик кимга ёқмайди, дейсиз. Бир чемодан қази, бир халта Ўзганнинг девзираси, қоғоз қутидаги Дашнобод анори тугагунча ҳар куни қозон қайнаб турарди. Ана шундай курорт мавсумларида Нормат кўп ишларини битказиб оларди. Котиблар билан ёшроғи бўлса ота-бола, ўрта яшар бўлса, қадрдон, кексароқ бўлса «фарзанд» бўлиб кетарди.
Бир гал Рисқиев деган райком котибининг орқасидан борганда иши юришмади. Унинг ошқозони хасталигидан фақат парҳез таом еяр экан, «базми жамшидга» бормади. Укол олиб, дори ичиб, санаторийдан чикмади. Нормат бегоналарга едирадиган анойилардан эмасди. Шунча йўл босиб, олиб борган нарсаларини қайтариб олиб келди. Эсиз шунча пул. Икки кишига бориш-келиш палон пул, дея афсусланди.
Баъзан у кайф қилган пайтларида, «палончи» котибми, нима деб ўтирибсан, гаҳ, десам қўлимга қўнади, йўриғимга юрмай кўрсин-чи, ўғлига мотоциклни ким олиб берган, Нормат аканг олиб берган, деб мақтанарди.
Унинг бу хил қилиқларини Эргашвой яхши биларди. Шунинг учун ҳам ундан узоқроқ юрарди.
Ташқаридан машина овози эшитилди. Олтита седонали иссиқ нон, шиша банкада асал кўтариб, орденларини жаранглатиб, хандон-хушон Нормат кириб келди. Эгнида янги костюм, бошида тахтакачдан янги чиққан чустдўппи. Соқоли ҳафсала билан олинган. Икки лунжи худди арчилган шафтолига ўхшарди. Будённийникига ўхшаган шоп мўйлови лок суртилгандек ялтирарди. Ундан гуп-гуп атир ҳиди анқийди. У йўл-йўлакай жовраб келарди.
— Қаранг, ровна ўн тўққиз минутда етиб келибман, — деди у билагидаги соатига қараб. — Уйингиз билан менинг уйим ораси 19 минутли йўл экан.
Норматнинг билагидаги шу соат бир вақтлар Эргашвойники эди. У стипендиясидан ортдириб йиғиб юрган пулига Саудиялик бир талабадан сотиб олган эди.
Бундан уч йил олдин касаба союзлари қурултойига борганда делегатлар учун махсус очилган магазинда Бельгияда тикилган аёллар пальтоси сотилаётган эди. Эргашвой биттасини танлади. Ёнидан пул чиқазиб санаган эди 40 сўм пул етмади. Ҳайрон бўлиб турган эди Нормат раис келиб бирданига учта пальтони коғозга ўратди.
— Биттаси хотинимга, бешик тўйларига кияди. Биттаси келинимга, яна биттаси… — Раис бир қўзини қисиб қўйди, — бир жононга. Нега серрайиб турибсан? Олмайсанми?
— Азроқ пул етмаяпти, — деди Эргашвой.
— Пулинг йўқ экан, нима қилардинг магазинга кириб.
Эргашвой билагидан соатини чиқарди.
— Раис бува шу соатни олмайсизми, Швейцарияники, аниқ юради.
Нормат соатни қўлига олиб қулоғига тутди.
— Эҳ-ҳе, ҳафтанинг ҳамма кунларини, қайси ойлигини ҳам кўрсатар экан. Қанча берай?
— Ўзим уч юз эллик сўмга олгандим. Сиз икки юз сўм берақолинг.
— Ундоқ эмас-да, укагинам, юз сўм берсам ҳам бўлардию сенга жавр бўлмасин, деб юз эллик сўм бераман.
У шундай деб пештахта устига учта эллик сўмлик ташлади.
Бу воқеадан Эргашвой ранжимади. Қўлидан кетган қадрдон соатига ачинмади. Хотинининг пальтони кўргандаги қувончи олдида, соат нима деган гап…
Норматнинг оғзи гапдан бўшамасди.
— Билардим, билардим! Бир куни жонажон вилоятимизга ўзингиз ҳоким бўлишингизни билардим! Вилоятимиз энди ҳокимга ёлчиди, қўрқмай ишлайверинг. Ёнингизда тоғдай бўлиб, ўзим туриб бераман! Қани, бирортаси кўз олайтириб кўрсин-чи? Бизга ўхшаган иш кўрган, тажриба орттирган акаларингизга суянсангиз, доғда қолмайсиз. Ҳаммага ишонаверманг. Кимга қанақа муомала қилишни ўзим айтиб тураман. Мана, нонуштага Ургутнинг асалидан олиб келдим. Маъқул бўлса, эртага бир фляга ташлаб кетаман.
Улар эндигина бир пиёладан чой ичишган эди, кўча томондан ДАН машинасининг товуши эшитилди.
— Қани кетдик, — деди Эргашвой.
Ташқарида вилоят шофёрларининг «офати» — ДАН инспектори кутиб турарди. Сигир билан бузоқни ҳам шу ерда кўриб, Нормат ҳайрон бўлди.
— Нормат ака, мени ким деб ўйладингиз? Сигирингизни олиб кетинг! Мен бунақа суюнчиларга ўрганмаганман.
— Ия-ия, қизиқ бўлди-ку! Мен дилдан чиқариб…
ДАН инспектори сигир-бузоқнинг арқонини раиснинг қўлига тутқазди.
— Қани, кетдик, ака! Мен йўл бошлайман. Орқадан шошилмай етаклаб келаверасиз.
Нормат илтижо билан Эргаш Носировга қаради.
— Бу қанақаси бўлди, укам? Агар шунчалик бўлса, одам юбораман, олиб кетишади.
— Йўқ, ўзингиз ҳайдаб кетасиз!
Эргашвой шундай деди-ю, ичкарига кириб кетди.
Машина қўзғолди.
— Орқамдан қолманг! — деб буюрди инспектор.
Инспектор айтганини қиладиган қайсар одам эди. Уни гапга кўндириб бўлмас эди. Норматнинг ўғли йўл қоидасини бузгани учун ҳужжатларини олдириб қўйганда раис олти марта ялиниб бориб ҳам уни гапга кўндиролмаган. Қайтадан имтиҳон топширишга мажбур қилган. Ўтолмаган. Ҳозир унга ялиниб-ёлворишдан иш чиқмаслигини билади. У имиллаб бораётган машина орқасидан сигирни судраб борарди.
Эрталаб ишга кетаётганлар, автобусдагилар, машинадагилар унга ажабланиб қарашади. Йўловчилар кўкраги тўла орден, савлатли кишининг сигир етаклаб келаётганини кўриб ажабланишарди. Одамлар кўп сут берадиган сигирни вилоят кўрик-танловига олиб кетяпти шекилли, деб ўйлашарди. Аммо, Нормат обрўли одамнинг жасадини қабристонга олиб кетаётгандек, машина орқасидан буюк бир мотамсаролик билан борарди.
— Жон ука, бирорта юк машинасини тўхтатиб бер. Чиқазиб олай.
— Мумкин эмас, ўзингиз пиёда етаклаб борасиз!
— Ҳеч бўлмаса, сигир етаклашга бирорта одам топиб бер, қанча сўраса бераман!
— Мумкин эмас. Ўзингиз оборасиз. Биласизми, сизнинг вазнингиздаги одам кунига ўн беш километр пиёда юриши керак. Бошингизни кўтариб юринг, телевизорга олишяпти.
Нормат дўпписи билан юзини беркитди. У ҳеч қаёққа қарамас, юзи ёпиқ бўлгани учун йўлни кўролмай ҳар қадамда қоқиларди.
Йўлда учраган одам борки: «Сигир неча пул бўлди? Ё сотгани олиб кетяпсизми?» деб қайта-қайта сўрайди. Норматнинг тили гапга келмайди. Мум тишлагандек, гунг бўлиб олган.
Шаҳардан чиқиш йўли кавланган, водопровод қувурини алмаштиришаётган эди. Ўтиб бўлмади. Тахминан, бир ярим километр орқага қайтиб, бошқа йўлдан кета бошлашди.
— Жон укам, шу сигирни ҳам олақол, мен кетдим! — деди зарда билан Нормат раис.
— Менга сигир керак эмас, ўзингизга буюрсин!
— Дуч келган одамга текинга бериб юбораман.
— Бўлмайди, — деди инспектор. — Халқ мулкини кўз қорачиғидай асраш керак, раис!
Шу алпозда улар шаҳар чеккасига чиқишди. Инспектор машинасини тўхтатди. Рация орқали аллаким биландир гаплашди. Кейин:
— Бу ёғига йўлни ўзингиз биласиз, мен кетдим, — деди-ю машина тезлигини ошириб жўнаб кетди.
Раис сигир-бузоқ билан кўча ўртасида қолди…
Тўрт кундан кейин вилоят халқ депутатларининг сессияси бўлди.
Ҳар гал шунақа йиғин олдидан Норматвой атрофига одам тўплаб, латифа айтиб кулдирар, баъзи кичик раҳбарларнинг юришини қилиб кўрсатарди. Бу гал Нормат раис ҳаммадан олдин залга кириб, бир ўзи ўтирибди. Бошқалар мажлис олдидан гурунглашиб юришибди.
Тўрт кун олдинги воқеа аллақачон овоза бўлиб кетган. Бугун албатта унинг такдири ҳал бўлади, деб ўйлашарди. Зал одамга тўла. ДАН инспектори ҳайъатда ўтирган Эргаш Носировга нимадир деб, орқароққа бориб ўтирди. Нормат раиснинг ичида бир нима узилиб кетгандай бўлди. Кўзлари тиниб, боши ғувиллади.
Ҳоким вилоятда чорвага қишки озуқа тайёрлаш ёмон аҳволда эканлиги тўғрисида аниқ фактларни келтириб, маъруза қилди. Кўпгина хўжалик раҳбарлари аёвсиз танқидга учради.
Нормат, энди менга навбат келди деганда, ҳоким бошқа масалани бошлайди. Юраги тарс ёрилаёзган Нормат, менинг масалам охирида бўлади шекилли, деб ҳукм кутаётган судланувчидек карахт бир алфозда эди. Охирида видео кўрсатиб, шарманда қилади, деб атрофга жавдираб қарарди.
Нормат раис тўғрисида гап бўлмади. Шу билан қутулдиммикан, деб ўйларди у.
Уч-тўрт ой вақт ўтди. Нормат раиснинг вилоят маркази кўчаларида сигир етаклагани одамларнинг эсидан ҳам чиқиб кетди. Бу орада вилоят миқёсида қанча-қанча йиғинлар ўтди, фаоллар мажлиси бўлди, халқ депутатлари сессияси бўлди. Бироқ ҳоким ҳамон жим эди. Шу йиғинларнинг ҳаммасида Нормат раис юрагини ҳовучлаб ўтирди. Чақиришмаса ҳам борди. Мен йўғимда масаламни ҳал қилиб қўйишмасин, деб ҳадиксиради. У озиб, шоп мўйловлари осилиб қолди. Шу алфозда ҳадик билан яшаш раиснинг жонига тегди. Шунча йил раислик қилдим, худога шукр, уйим бор, жойим бор, машинам бор, бола-чақамни уйли-жойли қилдим, бас энди — ишни топширишим керак деган ўйга келди раис. У умрида бирор марта ариза ёзмаган, хат битмаган. Қоғозларга имзо чекиб юраверган экан, ариза ёзиш, наинки ариза, оддий хат ёзиш ҳам шунчалар қийин эканини энди билди. Икки соат ўтириб беш-олти варақ қоғозни қоралади, келиштира олмади. Охири у котиб болани чақириб, ариза ёзиб беришни буюрди.
— Чарчадим, раҳбарлик ишга чоғим келмай қолди. Вазифамдан озод қилишингизни сўрайман, деб ёз!
Котиб, нега қўйинг, унақа қилманг, демади. У ҳамма вақт раис нима деса, айтганидан ҳам афзал қилиб қоғозга туширган.
Нормат раис эрталаб соқолини қиртишлаб, орденларини тақиб, вилоят ҳокимлигига ариза топшириш учун борди. Ҳокимнинг олдида одам бор экан. Котибадан аризани киритиб юборди. Ичкаридаги одам чиқиб кетди ҳамки, ҳоким уни чақирмади.
— Эй қизим, менга қара, мен келганимни ҳокимга айтдингми? — деди у тоқати тоқ бўлиб.
— Йўқ, — деди котиба. — Аризангизни бердим, холос.
— Жон болам, кириб айт, олдингизга кирмоқчи, деб айт!
Котиба ичкарига кириб, бир даста қоғоз кўтариб чиқар экан: «Киринг, кутяптилар», деди.
Нормат раис журъатсизлик билан эшикни очди. У албатта мени бўшатади, бу даргоҳга охирги марта киришим, деб кўнглидан ўтказди.
Ҳоким қандайдир бир жиддий ҳужжатни ўқияпти шекилли, унинг кирганини сезмади. Орденларнинг жиринглашини эшитиб, бошини кўтарди.
Эргашвой ўрнидан туриб кутиб олди. У раис билан креслода ўтириб эмас, диванда ёнма-ён ўтириб гаплашди.
— Нима бўлди? Ишламайман, деб ариза ёзибсиз?
— Ҳа-а, энди, — деди раис. — Шунча ишладим, етар энди бу азобларга чидай олмайман.
— Сизга ким азоб беряпти, айтинг?
— Сиз! — деди Нормат. — Тўрт ойдан бери кутаман. Неча-неча йиғинлар ўтди, аммо менинг масаламни мажлисдан-мажлисга қолдирасиз. Қўйинг, ўладиганнинг ўлгани дуруст, уйдагиларнинг тингани дуруст.
— Сизга ким айтди масалангиз кўрилади, деб?
— Ёш бола эмасман, ўзим биламан.
Эргашвой қизишиб кетди.
— Менга қаранг, раис ака! Сизга ҳеч ким азоб бераётгани йўқ, сиз ўзингизга ўзингиз азоб беряпсиз. Бу яхши. Одам ўз қилмиши учун ўзини ўзи жазолай олса, ўзига ўзи азоб бера олса, у одамга ишонса бўлади. Сиз яхши раиссиз, ишни биласиз, хўжалигингиз вилоятда энг намунали хўжалик. Бу жиҳатдан кўнглим тўқ. Сиз ишлайсиз! Аризангизни ўзингиз йиртиб ташлайсизми ё эсдаликка менда қолсинми?
Раиснинг Будённийникига ўхшаган мўйлови титради. Нима учун ўрнидан турганини ўзи ҳам билмади. Нима учун ҳоким томонга қўл узатди — эслай олмади. Аризамни қайтиб бера қолинг, демоқчи эди, шекилли Эргаш Носиров унинг очиқ кафтига тўрт букланган аризани қўйди. Нормат қоғозни бурда-бурда қилди-да, қаёққа ташлашини билмай, охири чўнтагига солди.
— Келишдик-а? — деди ҳоким. — Ҳар хил хаёлларга борманг, ишингизни давом эттираверинг!
Нормат раис у билан хайрлашаётганда негадир гавдасининг оғирлигини сезмади. Эшик тутқичига энди қўл узатган эди, ҳоким уни тўхтатди.
— Сизга битта гап айтай, асло эсингиздан чиқарманг, кўкрагингиздагиларни олиб қўйинг. Буларни берган ҳукумат аллақачон йўқ бўлиб кетган.
Орадан тўрт ой ўтиб, вилоят ҳокими Эргаш Носиров поччасининг йил ошини ўтказди. Одам кўп келди. Улар орасида Нормат раис ҳам бор эди. Аммо унга ҳеч ким эътибор бермади. Ҳатто танишмади ҳам. Кўпчилик унинг кўксидаги орденларга қараб, юзининг қанақалигига унча эътибор бермаган экан. У эл қатори ош еб чиқиб кетди.
1998 йил.