(Ёзувчиларнинг Дўрмондаги ижод уйидан репортаж)
Азиз Абдураззоқ хона эшигини очиши билан ваннахонада сув шилдираётганини эшитди. Ичкарига кирди. Қўлювгичда битта бақалоқ шиша устига жўмракдан сув оқаяпти.
— Ё пирим! — деди Азиз хайратда.
У эрталаб нонуштадан кейин кўчага чиқиб кетганича таксида магазинма-магазин юриб, икки соат давомида анаву ўлгирдан бирон шиша тополмай қайтиб келаётган эди. Қаранг, худонинг ўзи бир шиша бақалоғидан юборипти. Уни қўлига олди. Қоғози сувда ивиб хати ўчиб кетибди. Зар қопқоғига қаради. Унда «Париж, Коньяк» деган сўзлар ёзилган. Бу албатта «Наполеон», деган коньяк бўлса керак, деб ўйлади у. О, жуда қимматидан-ку! У шошиб шишанинг бурама қопқоғини очмоқчи бўлди. Тўхтади. Шошма, балки биров янглишиб менинг хонамга ташлаб кетгандир? Ёзувчилар ижод уйининг хоналари бир хил. Қоронғи йўлакда рақамини илғаш ҳам қийин. Йўқ, эгаси бошқа.
Қўлида бир шиша француз коньяги қилқиллаб… турганда қайси мард ўзини тия олади? Азиз турди, турди, охири нафс ғолиб келди.
— Абдураззоқов, — деди у ўзига ўзи. — Бошингга қўнган бахт қушини калтак билан ҳайдама. Оч. Ич! Эгаси янглишган бўлса, ўзидан кўрсин. Нодон бўлмаса шундок коньякни бировникига ташлаб кетадими! Эгаси келмай туриб оч. Бир-икки қултумини заҳар бости қил.
У шундай дедию шиша қопқоғини бураб очди. Қопқоқ бир марта очилган экан, дарров бурала қолди. Шиша оғзини ҳидлаб кўрди. Бай, бай, бай! Ҳиди бўйига етган қизнинг бўйнидан келадиган исга ўхшайди-я!
Шишани деразадан тушиб турган офтоб нурига солиб кўрди. Бирам тиниқки, орқа томондаги жами нарса аниқ кўринади-я. У битта пиёлани тўлдириб қуйди. Қўрқиб-қўрқиб битта ҳўплади. Томоғига, бўғзига атир ҳиди урилди. Пиёлани бир симиришда бўшатди. Боши бир ёқимли гарангсиди. Иккинчи пиёладан кейин қулоғига «Чўли ироқ» куйи келди. Учинчи пиёладан кейин Брежневнинг пленумдаги нутқи эшитилди. Брежнев нутқ ирод қилаётганида эшитилиб турадиган тишнинг шақиллаши Қаҳрамон Дадаев чирмандасининг тарақлашини эслатди. Кейинги икки пиёла унга шундай роҳат бағишладики, худди уйланган кунининг эртасидаги оқшом лаззати қайтиб келгандек.
Эшик очилиб, «Азизвой», деган товуш келди. У бошини кўтариб эшикка қаради. Унда бошига кемани тўнтариб кийгандек калпоқ билан Наполеон Бонапарт турарди.
— Э, Азиз, бормисан, жуда соғинтирдинг-ку. Мсье Холмирзаевни Бойсунда кўргандим, айтдими? Айтган бўлса дуруст, отасига раҳмат.
У келиб диванга ўтирди. Азизнинг мош-гурунч соқолларига меҳр билан боқди. Алпдек қоматига қараб кўзлари ўйнади.
— Кел азизим, шу тарихий учрашувимиз учун биттадан отайлик. Борми?
— Йўқ-да, оғайни, — деди Азиз хижолат чекиб.
— Бўлмаса Қибрайга чиқиб, дўкондан олиб кела қол, — деди Бонапарт қалпоғини диванга бепарво ташлар экан.
— Кечирасан, мсьё Бонапарт. Пул йўқроқ.
— Сенда қачон пул бўлгандики, энди бўлади, — деди Бонапарт ўпкалаб. — Ҳамид Ғуломникига, Асқадникига, Пиримқулникига бор. Биттагина шишани сендан аяшмас. Бир шиша арақ одамнинг хунимики…
Азиз астойдил куйиниб гапира бошлади.
— Шунақа дейсану, Бонапартчик, Ҳамид Ғуломникида Симонов, Асқадникида Мустай, Рамзникида Привалов деганлар ўтирипти. Пиримқул аканикига қандай кираман? У кишининг уйларида устод Айний домла ўтириптилар.
— Оббо, — деди афсусланиб Наполеон. — Бўлмаса Толибникига ғир этиб бориб кел. У қўли очиқ, мард одам.
— Иложи йўқ, — деди Азиз. — Беш кундан бери девонайи Машраб билан иккови жазавага тушиб кўчаларни, чойхоналарни бошига кўтариб ғазал ўқиб юришибди.
— Бўлмаса Мирмуҳсинникига бор. Мени танийди. Кисловодскда бирга дам олганмиз. Йўқ, демайди. Бу масалада у жуда мард.
— Буниям иложи йўқ, — деди Азиз афсусланиб. — Мирмуҳсин аканикида Хоразмшоҳ, Темур Малик, Жалолиддинлар ўтиришипти. Ҳозир у ерда матбуот конференцияси бўляпти. Яқинига йўлаб бўлмайди.
Бонапартнинг жаҳли чиқиб кетди.
— Қоғоз тақчиллигидан фойдаланиб ҳамманг оғзаки адабиётга ўтиб кетдиларинг, шекилли. Бор, Одил Ёқубовнинг олдига бор. Бермаса хафа бўлишимни айт.
— У роман ёзаман деб Искандар Зулқарнайнни чақирган экан. Уч кундан бери эшикни бекитиб гаплашгани-гаплашган. Ҳаммаёқ қилич-қалқонга тўлиб кетган.
Бонапарт ўйланиб қолди. Энди нима қилиш керак, деган савол кўз олдида кўндаланг туриб қолди.
— Менга қара, Абдулазиз, шу яқин ўтада Абдулла Қаҳҳорнинг боғини олган бир ёзувчи бор дейишади. Шундан топилмасмикан?
— Топилади. Унда ҳар хилидан бор. Фақат валютага беради.
— Долларгами, лирагами ё франкка?
Бонапарт шундай деб чўнтакларини титкилай бошлади. Анча уринди. Бирон чақа чиқмади.
— Хотиним, ярамас, чўнтагимни қоқлаб қўйган экан.
Буюк саркарда, жаҳонга машҳур император, Москвадан қочган Наполеон билан Дўрмон султони, Арғининг ихтиёрий депутати Азиз Абдураззоқ иккови узоқ сукутда қолишди. Охири Азиз гапни бошқа ёққа бурмоқчи бўлиб ўзига хос, телетомошабинларга, радиотингловчиларга кўпдан таниш овозда деди:
— Ўзинг биз томонларда нима қилиб юрибсан, оғайни?
Бонапарт дарров жавоб берди. Унинг жавобида қанчалар ғам, қанчалар андуҳ борлиги яримта нокка ўхшаган бурнидан билиниб турарди.
— Москвадан ўз ихтиёрим билан қайтиб кетаётганим-да бир кунимга яраб қолар деб олтинларимни йўлдаги кўлга ташлаб кетган эдим. Ўша кўлни тополмай қидириб юрибман. Қидириб-қидириб Орол бўйидан чиқиб қопман. Оролнинг Ороллиги қолмапти. Мен бўлганимда… — у шундай дея туриб аламдан кўксига муштлади. Қўли шапалокдек орденга тегиб инграб юборди. Жаҳл билан орденни шартта юлиб олди. — Обор, шуни Олой бозорига обориб сотиб кел, ўлдим деганда ўн минг сўмга кетади.
— Э, — деди Азиз ҳафсаласи пир бўлиб. — Ўтган бозорда Людовик XII нинг орденини зўрға икки юз элликка сотганман.
— Мени ўша ландавурга тенг қилдингми? Бунақа гапни иккинчи оғзингга олма. У хасиснинг ордени темирдан эди. Меники олтин. Бриллиант бежамалари бор. Ўн мингга кетади!
Азиз унинг қўлидан орденни олди, шошганча ҳовли томон кетди. Остона ҳатлаши билан ҳандалак пўчоғини босиб олиб, оёғи тойиб кетди. Чалқанчасига йиқилди. Йиқилдию ҳуши жойига келди. Қараса, қўлидаги нарса орден эмас, чойнакнинг қопқоғи.
Шу пайт ҳовлиқиб Исҳоқ Ўктамов келиб қолди.
— Азизжон, — деди у. — Эрталаб келган меҳмон эсингиздами? Хонангизда бир бақалоқ шиша тўла қўтирга суртадиган дориси қолиб кетибди. Битта-яримта ичиб қўймасин, деб телефон қилди. Бу дорининг бир томчиси одамни жинни қилади, деб уч марта тайинлади.
Ўктамов энгашиб унинг юзига қаради. Қарадию қўрқиб кетди. Меҳмон уч марта тайинлаб айтган иш бошланганга ўхшайди. «Укажон, сизга нима бўлди», деб қўлтиғидан кўтарди.
Азиз минғиллади.
— Менинг хонамда Кутузовнинг тепкисини еса ҳам одам бўлмаган аблаҳ, аферист Наполеон ўтирипти. Ҳайданг, уни!
— Хўп, хўп, укажон, Наполеон экан-ку, Гитлер бўлса ҳам Нюрнберггача қувиб борганим бўлсин.
Азиз кулди. Бу кулги соғ одамнинг кулгисига унчалик ўхшамасди.