Ҳайвонот боғида завхоз вазифасида ишладим. Тўрт тонналик фил икки тоннага тушиб қолди. Ҳайвон тилсиз нарса, нима еб, нима ичганини бировга айтолмайди. Ўша филга тегадиган нарсалардан унча-мунчасини уйга ташиб турдим. Фил бечоранинг қазоси етган экан, олти ярим ойда ёруғ жаҳондан ўтиб кетди.
Илон деган нарса ярамас махлуқ. Унга кунига битта қуён бераман. Ўйлаб қарасам, илон еб, мен индамай турибман. Илоннинг олдига ўлган мушукни ташлаб, қуённи уйга қўлтиқлаб кетадиган бўлдим. Йўғонлиги этикнинг қўнжидек келадиган илон икки ойда ғалтак ипдек ингичка бўлиб қолди.
Маймунларни азалдан ёмон кўраман. Ёш пайтимда ҳайвонот боғига келганимда бурнини кўрсатиб, мени эрмак қилган. Ҳали ҳам мени кўрса, ўшанақа қилади. Мана, бўлмасам, деб уни ҳам овқатдан қисиб қўйдим. Икки ҳафтада қўлини кўтариб бурнига оборолмайдиган бўлиб қолди.
Шу орада ғаламис оралаб, илоннинг ҳақини еган, деган гап чиқиб қолди. Силлиқлик билан ўз аризамга биноан қуён бўлиб қолдим.
Туғуруқхона қоровуллигига кўтарилдим. Ишим яхши, ким келса, хотининг Ҳасан-Ҳусан туғди, деб севинчи олавераман. Бу ерда ўзимдан ўтиб, битта хатога йўл қўйдим. Бир чол келиб, хотинини сўради. Унга ҳам хотининг Ҳасан-Ҳусанни қотириб ташлади, девордим. Севинчи сўрадим. Кейин билсам, бу чол бош врачимиз Собирахон аянинг эри экан. Ўз аризамга биноан…
Театрга ишга кирдим. Ишим яхши.
Театр саҳнасига декорация қурамиз. Бу ерда ҳам битта хатога йўл қўйдим. «Тоҳир-Зуҳра» қўйиладиган кун эди, биринчи парданинг декорациясини қуриб қўйдик. Уч-тўрт киши бўлиб иккита яримталикни майдалаб ўтирдик. Кўзим илинган экан, шовқин-сурондан уйғониб кетдим. Кўзимни очиб, у ёқ-бу ёққа қарасам, томоша бошланиб кетибди. Мен бўлсам, Хон Бобохоннинг тахтида учиб қолган эканман. Қоработир келиб, қилич яланғочлаб, саҳнадан ҳайдаб опчиқиб кетди.
Хотинлар ҳаммомига кассирман.
Ишим яхши. Кечаси ҳаммомни ўзим уборка қиламан. Хотинларнинг тўкилган сочларидан тўплаб, яхшилаб юваман. Ҳафтасига иккита улама соч ясаб, бозорга чиқазаман. Заказлар кўп. Эҳтимол, шу ердан пенсияга чиқиб кетсам.