Фожиа
Бировга ҳам едирмайдиган, ўзи ҳам емайдиган қаттиққўл бошбух бор эди. Шу бечора яқинда ўлди.
Бошбух столга кўпдан кўз тикиб юрган бир худо урган помбух бор эди. Бошбух ўлди-ю, унинг оёқ-кўли чаққон тортиб қолди.
Помбух идора ишига, бошбухга садоқатини кўрсатиш ниятида жаноза маросимида ҳаммани оёққа турғизди. Бошбухнинг жасадини идорадаги катта биллиард устига ётқизишди. Кимдир:
— Мархумга оҳорлик янги костюм кийдириш керак эди, — деб қолди.
Помбух эгнидан янги костюмини шартта ечиб, унга кийдириб қўйди.
Ана шундан кейин кўпчилик бўлиб, бошбухни қабристонга олиб кетишди. Уни қабрга қўймай туриб, жиндек нутқ ҳам бўлди. Помбух ҳеч ким сўз бермаса ҳам кўзида ёш билан ваъз айтди:
— Алвидо дўстим, сен қабрингда тинч ёт. Ишингни ўзим давом эттираман.
Бошбухнинг устига тупроқ тортишди. Шу пайт бирдан помбухнинг жазаваси тутиб дод, деганича ўзини қабрга отди. Унинг ҳам устига бир-икки кетмон тупроқ тушди. Кўпчилик бўлиб қабрдан зўрға тортиб олишди.
Тупроқ тортаётганларнинг қўлига помбух фарёд билан ёпишар, ҳадеб ўзини қабрга отишга чоғларди.
— Дод, дод! Омонатимдан айрилдим, омонатгинамдан айрилдим.
Уч кишилашиб уни ушлаб туришди. Шу алфозда бир амаллаб бошбухни кўмиб олишди. Ҳамма тарқай бошлади. Аммо помбух қабрга қапишиб олганича тупроқни тимдалаб, омонатим, деб додларди.
Яна бўлмади. Одамлар кўпчилик бўлиб, уни судраб олиб келишяпти ҳамки, у тинмай: «Омонатимни қаерга кўмиб келяпман, омонатим тупроқда ётаверадими?» — деб фарёд уради.
Унинг аҳволини кўрганлар:
— Мана, дўстга садоқат, — дейишарди. — Дўст деган шундоқ оқибатли бўлиши керак. Азиз биродари қазо қилганига асти чидамаяпти.
Помбух ҳамон додларди:
— Омонатимдан айрилдим. Айилиб қолдим…
Тамом.
Ушбу ҳикоянинг давоми:
Бошбух ўлганда помбухнинг унга ўз костюмини эгнидан ечиб кийдиргани ҳурматли китобхонларимизнинг ёдларида бўлса керак.
Помбух ўша костюмини кийдираётганда шошганидан чўнтагидаги касса дафтарчасини олишни унутган эди. Унда уч минг икки юз ўттиз икки сўмлик омонат пули бор эди.
— Доод! Омонатим тупроқда қолди.
(ана энди тамом.)