Қабулхона. Врач ҳузурида бир одмироқ кийинган кампир ўтирибди.
– Хўш, кампиршоҳ, фамилиянгиз нима? – врач ёзувдан бош кўтариб сўради.
– Аҳмедова.
– Исмингиз?
– Ушлаб туринг.
– Нимани?
– Ҳеч нимани. Исмим шунақа…
– Қанақа?
– Ушлаб туринг.
– Вой нимани? Бундоқ тушунтириб гапирсангаз-чи. Қўлингизда ҳеч нарса йўқ-ку?
– Ҳа, йўқ. Йўқчилик болам, кечирасан. Бирон нарса опкелолмадим…
– Нега бўмасам ҳадеб ушлаб туринг деяверасиз. Исмингизни айтинг.
– Болам, айтаётибманку. Ушлаб туринг деб. Ёзавер, исмим шунақа. Аҳмедова Ушлаб туринг.
– Вой, ўлмасам. Наҳотки?! Шунақаям исм бўладими? Қўйинг-э, ҳазиллашаётибсизми, хола?
– Йўқ, болам. Ҳазили йўқ. Ёзавер. Аҳмедова Ушлаб туринг. Ёшим 78 да. Гулистон маҳалласиданман. Айланай, болам, шундай деб ёз. Сал тобим қочган… Буни ҳам ёзасанми ёки аввал кўрасанми,?
– Аввал ёзамиз, сўнг кўрамиз. Тартиб шунақа, Ушлаб туринг хола. Қани, ётинг-чи…
Врач аёл кампирни обдон текшириб кўради ва ҳамширасига уни палатага обориб ётқизишни буюради…
Кечқурун. Қабулхонада навбатчи ҳамшира ниманидир ёзиб ўтирибди. Эшикни тақиллатиб устида тўн, дўппи кийган, оёғида этиги бор бир йигит тугун кўтариб кириб келади.
– Мумкинми, опа?
– Келинг. Хизмат?
– Мен бир кишини излаб келувдим. Мабодо шу ерга ётмадимикин?
– Ким экан? Исми шарифини айтинг, журналдан кўраман.
– Аҳмедова Фотима. 78 ёш. Гулистон маҳалласидан.
– Хў-ўш-ш, бугун ётганлар: Турдиева, Бердиева, Муродов Саид, Аҳмедова Ушлаб туринг. Шуми?
– Аҳмедова ким дедингиз?
– Ушла-аб туринг.
– Нимани?
– Ҳеч нимани, – ҳамшира кулади, – манови беморнинг исми шунақа экан. Аҳмедова Ушлаб туринг.
– Йўқ. Менинг онамнинг исми Фотима. Яна қарангчи.
– Йўқ, бошқа йўқ.
Йигит елка қисиб бироз туради-да:
– Опа, ўша Аҳмедовани чақирингчи. Балки… Адашиб ҳам ёзилиши мумкиндир, – дейди.
– Йўқ. Бизда адашиш бўлмайди. Бўпти, ҳозир чақираман.
Бироздан сўнг ҳамшира ҳалиги кампирни етаклаб чиқиб келади. Йигит кампир томон талпинади.
– Ие, ие, она. Шу ердамисиз? Изламаган ерим қолмади. Бундоқ айтиб кетмабсиз ҳам.
– Ҳа, онангиз эканми шу киши? Аҳмедова Ушлаб туринг десам, йўқ деятувдингиз-ку?
Йигит ўнғайсизланиб онасига қарайди:
– Она, исмингизни ўзгартириб ёздирибсизми?
Кампир унга эътиборсиз столга ўтиради. Ҳамширага қарайди –да
-Болам, тўғри. Аввал исмим Фотима эди. Энди Ушлаб туринг бўлиб қолганига ҳам анча бўлди. Ўзим ҳам шунга ўрганиб қолганман. Сабабини сизга айтсам… Уйда еттита келиним
бор. Ҳаммаси бизнесми, мизнесми қилишиб эрта-ю кеч кўчада юришади. Бирови ун сотади, бирови ёғ. Бирови бензин сотади, бирови солярка. Яна бирови бозорда, бирови вокзалда, билмайман нимасини сотади. Ҳатто энг кенжа келиним ҳам олиб сотар бўлиб кетди, елкасига қоп кўтариб. Саҳардан бариси ҳужраларини қулфлаб, бола-чақасини “Хола, ушлаб туринг. хола, ушлаб туринг” деб қўлимга тутқазишади-да, ҳаё-ҳут деб кетишади. Кун бўйи шуларга қараб ўтираман, айланай. Ўшандан бери Ушлаб туринг бўлиб қолганман…
– Невараларингизни боғчага беришса бўмайдими?
– Ҳе, қизим-эй. Бу ҳам экономда, эконом. Мен невараларимни текинга боқаман. Боғча ўлгур эса пулга қарайди. Кечқурун болаларни опкелишга бориш керак. Келинлар эса алламаҳал қайтишади.
– Оталаричи? Ўғилларингиз-чи, хола?
– Ҳе-е, болам. Ўғиллар ҳам кўчада. Бири гўлах, бири деволчи. Яна бири ошпазга ёрдамчи, бирови арава тортади, бирови юк ортади… Ойлаб уй бетини кўришмайди…
– Оббо, она-ей, Қўйинг энди шу гапларни. Ўзингиз ҳам яхши биласиз. Ҳозирги замонда елиб-югурмаса, пул топиб бўлмайди-ку. Давлатнинг моянасига яшаб бўлмайди-ку. Ана,
Америкада ҳам бойваччалар ишдан сўнг кимнингдир машинасини ювиб доллар ишларкан…
– Майли, болам, майли. Пул топаверсин. Мен ҳам келаси гапни айтаётибманда.
-Бўпти, она. Юринг кетамиз. Тобингаз қочган бўлса, қўшнимиз дўхтурку. Ўшанга қаратамиз.
— Йўғ-э, болам. Ундай дема. Чиқимнинг юзи қурсин. Мен шу ерда даволанаман. Булар кўп олмайда. Пенсия пулим ҳам етади. А нима дединг, қизим?
– Ҳа, ҳа, бизга пенсия пулингиз ҳам етади. Шу ерда даволаймиз,
Кампир ўрнидан туриб палатаси томон юра бошлайди ва гандираклаб деворга суяниб қолади.
– Вой, вой. Ушлаб туринг хола, сизга нима бўлди? Ўзингизни тутинг. Ҳой, йигит, нега қараб турибсиз? Ушлаб туринг онангазни, ушлаб туринг. Мен врач чақирайин…
Ўғил кампирни суяйди. Ҳамшира югуради.