Қишлоққа кетаётган тиқилинч автобуснинг охирги ўриндиғида тиззасига ичи тўла халтасини қўйиб олган, одмироқ кийинган соқол мўйлови ўсган ва бошида яғири чиққан дўппили ўрта ёшлардаги бир одам ҳаммани оғзига қаратиб гурунг бериб кетяпди:
-… Суғур деган ҳайвонни биласиз-а? Ҳа, балли. Мана энди ўшани олайлик. Турган битгани лекарство, Сабил, роса сассиқ бўлади. Фу-у… Аммо фойдали бўлгач чидайсанда. Уми? У фақат тоғда бўлади. Ушлаш ҳам жуда қийин. Ҳа энди, уни билган-юрган, мана бизга ўхшаган одам ушлаб отиб олиб келмаса, ҳамма ҳам топавермайди. Лекин жуда-а фойдали, мойини ичган қирқ йиллик куҳна касал ҳам ўн кун ичида сен кўр-мен кўр бўлиб тузалиб кетади. А? Бўмасамчи. Ўзим ичмаган бўлсам ҳам кўпларга ичирганман. Ҳе-е, биламизда. Биттасида ибн Синонинг эски китоби бор. Эски. Ҳозир чиқаётганлари бари ўзгартирилган, замонасози қилиб қайта кўчирилган. Эскисини топиб ўқиш керак. Ўшанда бари ёзиб қўйилган. Ҳа энди, эскичани ҳам биламизда, билмаганни сўраймиз. Шу десангиз, барча дори-даво шундоқ ёнгинамизда чопқиллаб юришади-ю, билмаймизда. Аптекадан ахмоқ бўлиб дори қидирамиз. Мен сизга айтсам, ўша суғурнинг терисини бодбосил бўлганлар орқасига ўн кун боғлаб юрса, таг томири билан йўқотиб юборади. Ие, шуни ҳам билмайсизми?! Бадбосили геморрой-да. Негадир кейинги йилларда жуда кўпайиб кетди-ку. Энди буни билиб даволамаса, жуда ёмон бўлади. Мана яқинда бир оғайнимиз билмасдан жарроҳларга бориб операция қилдирибди. Қанча харажатга тушганини айтмайсиз. Барибир менга келди. Ўшанга десангиз, озроқ топиб, ўзим бойлаб юбордим. Сизга ёлғон, худога чин, бир ҳафтага қолмай тузалиб кетди-ей… Бўпди, бўпди. Топамиз. Гап йўқ.
Бурга дейсизми? Хе, гапирманг-э. Дийдори қурисин. Кечаю-кундуз ухлатмайди. Падарлаънатига дори ҳам кор қилмайди, қайтамга семиради-я. Лекин мен сизга айтсам, бир санитарни духтур ошнам бор. “ОПД” деган жойда ишлайди. Хе, ҳалиги бургаларни семиртадиган дори сепишади-да. Хи-хи-хи-хи. Тўғрида. Ўша айтади. Шу бурга ҳам кони фойда эмиш. Ҳаром қонни ва ундаги микробларни ҳам сўриб олади дейди. Чаққанда ачишгани бежиз эмас эканда. Ошнамнинг уйига борсам, буни қарангки, уникида ҳам ғиж-ғиж.
Нима, нима? Кирпи дейсизми? Хе, яшанг, эсимга солдингиз. Бир вақтлар мактабда зоологиядан дарс берганимда, адирдан болалар билан ушлаб келардик. Уйда ўзим ҳам қовуриб еганман. Зўр бўлади. Хе-е, даволик нарсадан ҳеч қачон жирканмаслик керак. Жонингиздан ўтмаганда, куласиз. Эй, десангиз бизда биттаси бор. Пнёниста, чашмахўр, ранги оппоқ, қилтириқдай. Кейинги пайтда сарғайиб, куни касалхонада ўтадиган бўлиб қолди. Бир куни қарасам юзлари қип-қизил бўлиб, хирсдай семириб кетибди. Ҳайро-он қолдим. Ўзи эса бу, сув йиғилган дейди. Ишонмадим. Сўрасам, хоҳ ишонининг, хоҳ ишонманг, ичишни ташлаб, ўша кирпини қовуриб еб юраркан. Ўшанга ҳам мен айтган эдим. Илонни ҳам ейман дейди. Қаранг-а. Ана сизга семиртадиган дори. Одамлар эса фалон пулга ретаболил излаб юришади. Билмайди-да. Шунинг учун айтиш керак, уйда бешинчида ўқийдиган ўғлим “дада, нима керак шунақа нарсаларни гапириб юриб деб менга уришади. Йўқ дейман. Айтиш керак. Одамларга ёрдам қилиш керак. Қолаверса бу реклама. Ха, ха. Рек-ла-ма-а. Ана телевизорда ҳар куни тинмасдан тагини артадиган пахтани мақтаб реклама қилади. Ё тавба. Кесак ҳам бўлаверади-ку, деса. А? Ха, куласиз-а. Хи-хи-хи…
Хе-е, нимасини айтасиз, бир газитми, журналми ўқиган эдим. Баъзи юртларда тошбақани, чигирткани ва яна алламбалоларни тансиқ таом ўрнида истеъмол қилишаркан. Фойдаси борки ейди-да. Улар билади. Улар биздан анча илгари юришади-да. Аптеканинг дорисига ҳеч ҳам ишонманг. Ўз оти билан дори-да. Ярми фойда бўлса, ярми зиён. Шу табиий дорилардан қолманг, ука.
Шу десангиз, яқинда қўшнимизнинг семиз бир ити бор эди… Ҳа, ҳа? Нега туравердингиз? Тушасиз? Э, ўтиринг-э. Бироз гурунг қилайлик. Энди қизиятвуди-ку. Хе, сизни қаранг-у. А? Ха майли, хўш денг бўлмасам. Худонинг паноҳига. Ҳа, айтганча, менга қаранг, ҳой ошна, суғур ёғими, терисими керак бўлса топиб бераман, келинг. А? Хе, мени ҳамма билади. Олдин малим бўлган Зоир табиб десангиз бўлди. Топасиз. Ху-у, анови Эшакўлди қишлоғиданман. Келаверинг. Гиёҳлар билан ҳам даволайвераман. Қандай касал бўлса опкелаверинг. Келаверинг… Ҳой, ҳалойиқ, кимга нима керак? Мана бизда, суғур дейсизми, кирпи дейсизми, илон дейсизми, топилади. Ха-ха. Сеанс ҳам қиламан. Боболарим, пирларим бор. Чақирсам ҳар қандай касални даволашда ёрдам беради. Дорининг зўрлари ҳам ўзимда. Э, бор, бор. Ҳаммаси бор. Эшак сути ҳам топилади. Нархи ҳам аптекадан арзон. Айтиб қол, мен нариги астанапкада тушаман. Ҳой, ҳалойиқ…