Эрталаб тўсатдан ҳамма ўқитувчилар энди дарсга кирган маҳал мактаб ҳовлисига туман таълим бўлимидан тўрт кишидан иборат текширувчи-тафтишчилар кириб келишди. Ҳеч ким ҳеч қаерга қочолмай қолди. Директор ҳам энди «Мен халқ таълими бўлимига кетдим» деб қўшни қишлоқдаги дугонасиникига келин кўрарга кетаётган эди, ушланиб қолди. Текширувчилар ўқитувчилар хонасига ўтириб олдига ҳар бир ўқитувчини чақириб бирма-бир ўта совуққонлик билан ишлари ва ҳужжатларини текшира бошлади. Вазият ўта хавфли тус олди. Дарслар ўз-ўзидан тўхтади. Болалар мактаб спорт майдончасига чиқариб юборилди. Шундай қилиб навбатдаги ўқитувчи титраб-қақшаб қўлтиғида бир тўп папка билан текширувчи олдига келди.
– Хў-ўш, конспект борми? Кўрсатинг.
– Бор. Мана, – ўқитувчи кўрсатди. Тафтишчи очиб кўрмасдан четга қўйди.
– Яхши. Демак бор. Иш режангиз-чи?
Ўқитувчи кўрсатди.
– Демак бор. Синфдан ташқари ишлар дафтари-чи?
– Бор, – ўқитувчи кўрсатди.
– Иҳм. Ота-оналар билан ишлаш дафтари-чи?
– У ҳам бор.
– Ўқувчиларни фанга тайёрлаш тўғрисида суҳбат дафтари?
– Мана.
– Хўш, унда давомат нега паст?
– Ўқувчиларимдан тўрт киши касал. Ҳозир грипп касали кўпайган. Мана, маълумотномаси.
– Яхши, яхши. Ота-оналардан тилхат борми?
– Қанақа тилхат? – ҳайрон бўлди ўқитувчи.
– Ие, шуниям билмайсизми? Мактабдан ташқари вақтда ўз боламга ўзим жавобгарман. Ўқитувчига давоим йўқ деган мазмунда-да. Янги буйрўқ бўйича-да.
– Э-э, ҳа, бор, бор. Кечагина олиб чиқдик. Мана папкага тикиб қўйибман.
Тафтиш аъзолари бир-бирига қаради. Елка қисишди. Наҳотки ҳеч камчилиги бўлмаса-я.
Шунда четроқда сигарет чекиб кулини оёғи тагига ташлаб ўтирган жиккаккина тепакал одам сўраб қолди
– Дарс ўтаётганингизни тасдиқлайдиган тилхатлар борми?
– Қанақа?! Дарсни ҳар куни ўтяпман, – ранги бўзарди ўқитувчининг.
– Ҳа-а, ана. Камчилик бор. Сизнинг дарс ўтганингизни тасдиқлаб ҳар дарс охирида ўқувчилардан тилхат олишингиз керак эди. Тилхат йўқ, демак сиз дарс ўтмагансиз. Бу яхши иш эмас. Демак, мактаб бўйича шу ҳужжат йўқ. Бунга чора кўришимиз керак.
– Директорни чақиринг, – деди тафтишчилар бошлиғи.
Ўқитувчи бўзариб чиқиб кетди. Хонада ёлғиз қолган тафтишчилар ҳалиги савол берганга қараб тиржайишди.
– Ҳе, каллангизга қойил-э. Ҳеч камчилик тополмасак, бугун тушликни қаерда қиларканмиз, деб қўрқиб турувдик. Қойил бопладингиз. Энди маза қиламиз.
Бу пайтда ер тагида илон қимирласа биладиган директор ҳамма ўқитувчилардан “меҳмонларга чой-нон” учун пул йиғишни бошлаб юборган эди. Шу билан довулдай келган хавф бартараф қилинди ҳисоб. Янаги текширувгача ҳалиги тилхатни ҳам ўқувчилар бир пасда диктант ёзгандек ёзиб ташлашади.