Рисолат Ҳайдарова. Осмон тўла фаришта… (ҳикоя)

(“Ғурғуртепада саратон” туркумидан)

“Ҳамма Мақсуд амакиникига худойига!”
Аслида Мақсуд амаки йилига икки мартадан худойи қилиб, унга маҳалланинг обрўли кексаларини чорлар, турган гап, бу тадбирда у кишининг ўғиллари ёнида маҳалланинг чаққон йигитлари хизматда туришарди. Шу боис бу хабар одатдаги янгиликлардан бири бўлиши мумкин эди. Лекин…
Лекин Мақсуд амакининг уйида худойи учинчи марта ўтказилаётган бўлиб, Ғурғуртепа аҳлини шу нарса ҳайрон қилаётган эди.
Кўп ўтмай, хабарга миш-миш илакишиб чиқди: “Мақсуд амаки уйланаётганмишла”.
Ғурғуртепа аёллари бунга муносабат билдирмай туришолмади, албатта.
– Вай, уйланмий ўлсинла, ким қўйибди?
– Ким тегаркан-а?
– Келинлаям яхши-де, қаренг, индамий рози бўлишипти…
– Сиз уни гапирасс, амакини кампир танлаганларини эшитинг!
– А… Вай… Танлабдилами?
– Уй ичлари минам чарчаб кетишибди-ю, югурвуриб…
Бутун маҳалла шу хабарни “ҳазм қилиш” билан овора бўлиб юрган бир маҳалда Мақсуд амакининг уйида, ҳовли пастидаги ошхонада баҳс авжга чиқиб борарди.
– Майли энди, нима бўсаям, тинчийлик, одам жа чарчаб кетти, – деярди амакининг катта қизи.
– Сиз ойда-йилда бир келасс, опа, яшийдиган биза, ҳар нучук, бизага ёқиши керейми? – бўш келмасди катта келин. – Шу хотин тузуккинага ўхшади-де…
– Опажон, яшийдиган сизамас, биза, сиззи уйиз нариги кўчада, – бидирларди кенжа келин. – Бу хотин тузуккинага ўхшади, заметьте себе, ўх-ша-ди! Тағин яна билмадим, одамми оласи ичида…
– Ҳадеб хотинни қаёданам топамиз? Адамла кўндила-ю, бўлди-де! – кенжа қиз томонларни муросага келтирмоқчи бўларди. – Ўзи шундоғам икки йил овораи сарсон бўпмиз! Ёш йигитгаям шунча вохт қиз қидиришмас!
– Тўғри, – навбатни яна катта қиз олди. – Битта хотин бирйўла шунча одамга ёқиши мумкинамас, тағинам, ҳар томонлама бўмасаям, ишқилиб, икки-уч томони минам ёқиб тушди-ю ҳаммамизга. Бўлади-де!
– Ўзи уйланадиган додамла-ю, хотинни “ёқади-ёқмийди” қиладиган биза бўлдик! – қиқирлади кенжа келин.
Шунча “бошоғриқ”қа сабабчи бўлган Мақсуд амаки эса дераза пастига ташланган юпқагина кўрпачага чўзилганча, деворга осилган суратга қараб ётарди. Эрталабдан бери юраги негадир увишиб келарди. Қўшнисининг касалхонада ишлайдиган келинини чақиртириб, қон босимини ўлчаттирди: жойида. Нима бўлдийкин? Ҳар эҳтимолга қарши, ҳар кунги ҳапдорисини ичиб олди. Икки йил бўлди, дорисиз туролмайдиган бўлиб қолган, оёғи салгина совуқни ҳам сезади. Ўзини ҳеч қари, деб ўйламасди, отасининг ёшига ҳам етгани йўқ-да ҳали! Онасининг йилини ўтказибоқ, синглиси билан хотинига буюриб, тул аёлни топтириб, уйлантириб қўйганда отаси етмиш уч ёшда эди. Ўзи икки йилдан кейин етмишга киради. Етмишга етмай, хотинидан айрилиши тушига ҳам кирмабди!
– Мана, онаси, ўрнингга биров келадиган бўп турибди, – деди беихтиёр овоз чиқариб. – Мандан ўпка қима энди, қийналиб қолдим. Кўрдингми, юпқа кўрпачада ётипман, оёғим совқотвотти, устимга чопон ташаб қўядигон одам йўқ. Ҳовли тўла, ҳамма мани деб кеган-у, ўзим минам ҳеч кимми иши йўқ…
Хотини “осмон тўла фаришта, ҳар қайсиси ҳар ишда”, деб қўярди. Тўғри гап экан! Бахтиёри ёнида бўлганда ҳам бир нави эди. Тунда ўрнидан қўзғалса, Бахтиёр дарров ёстиғидан бошини кўтарарди. “Ташқарига чиқассми, дода?” – дерди-ю, сакраб туриб, қозиқдан тўнини олиб берарди. Кейин қоронғида зинада қоқилмасин деб эҳтиётлаб, қўлтиғидан оларди. Бувасининг чиқишини пойлаб, қумғонни икки қўллаб ушлаганча ҳалажойнинг шундоққина ёнгинасида чўнқайиб ўтирарди. Мақсуд амаки қўлларини ювиб, неварасининг елкасидан сочиқни оларкан, ич-ичидан алқар эди: “Барака топ, болам, тупроқ осенг, олтин бўсин”… Мана, Бахтиёри ҳам ёнида йўқ, чемпион бўламан деб, интернатга ўқишга кирган, ҳафтада бир келади. У келса, чолнинг назарида уй ёришиб кетгандек бўлади, невараси елкасидаги кўм-кўк сумкасини гурсиллатиб палосга ташлайди-да, келиб бувасини қучоқлайди, “туззумисиз, дода?” – дея оғзи қулоғига етгудек илжаяди, шунда эндигина чиқа бошлаган мўйлаби кулгили бир тарзда қийшаяди. Кейин палосга чўккалаб ўтириб олади-да, бир ҳафта ичида кўрган-кечирганларини ҳикоя қила кетади. Чол берилиб эшитади. Эртаси кун эса невараси интернетдан ўқиб олган бир дунё хабарларни тўкиб солади, буваси Африкадаги қайси бир давлатда тўнтариш бўлганини, Хитойдаги кўмир кони ўпирилиб тушганини, Россияда ўрмонлар ёниб кетганини, Италияда вулқон отилиб, одамлар уйсиз қолганини, Америкада улкан тошқин вайронгарчилик олиб келганини эшитиб, жаҳон қанчалик катта эканини яна бир бор ҳис қилади. Шунда ўзининг дарди чивинчалик кўриниб кетади-да, ич-ичида шукур қилади. Охири невараси унинг соқолини қайчилаб, тартибга келтириб қўяди, буваси чўмилиб олиши учун ҳовли адоғидаги ҳаммомни иситиб беради. Кейин… кейин кафтларини очиб, бувасининг узундан-узоқ дуосини олади-да, сумкасини елкасига ташлаб, кетади. Чол яна келаси шанбани кутиб қолаверади.
Бугун кечга томон Бахтиёр келади. Чол неварасининг бир дунё ҳикояларини эшитишини ўйлаб, дили ёришди. Ўрнидан қўзғалиб, дераза пардасини кўтариб, ҳовлига қаради. Патнис кўтариб тўрдаги айвон томонга пилдираб кетаётган кенжа келиндан:
– Бахтиёр кемадими? – деб сўради.
– Йў, додажон, кемади, ҳали вохли, икки-уч соатлада кеп қолади.
Чол пардани тушириб, яна кўрпачага чўзилди. Ҳовлидан тўнғич ўғлининг товуши келди:
– Ҳў, ким бор? Халта-хулталани ким олади? Керей бўмаса, этийла, қайтариб бервораман.
– Вай, муллака, ҳазилиззи қаренг, доим пластинкейиз бир хил-а? – шарақлаб кулди келин. – Бера қолин халталариззи, ўзим қабул қиволаман. Ошпазийиз кеган, ана, савзи-пиёззи тўғраб, келадиган гуручлани кутиб ўтирипти.
“Э, гуруч… – ўйлади Мақсуд амаки. – Бугун меҳмон келади-я…”
Яна юраги увишди. Суратга қаради. Назарида аёлининг қоши сал чимирилгандек кўринди, рўмоли ҳам қийшайибдими?
Аёли унга ҳеч қачон қош чимирмаган. Ҳатто оғир ётган маҳали ҳам инқиллаган эмас эди, бирон марта жоним оғриди демабди ҳам. Бўлмаса, дўхтир ҳали жуда қаттиқ оғриқлар бўлади, энди Ўзи сабр берсин, биз ожизмиз деб айтган эди. Хотин киши мунчаям бардошли бўларкан! Ўзи бўлса, мана, эркак бўла туриб, оёғининг оғриғига чидолмай, инграб қолади.
Меҳрибон эди жуда. Бир кун кечаси чарчаганидан устини яхши ўрамай ухлаб қолибди. Тунда бадани жунжикиб уйғонди. Қўллари билан пайпаслаб кўрпасини излай бошлади. Шу пайт кимдир елкаларини авайлаб кўрпага ўради. Қовоқларини базўр йириб, кўзларини очди: хотини!
– Маъмура? – деди. – Қанаққиб келдинг? Нага турдинг?
Хотини индамай унинг пешонасини силаб қўйди. Кейин ўзининг тўшагига қараб эмаклаб кетди. У бўлса анграйганича қолаверди. Ҳеч бўлмаса, тўхта, ўзим ўрнингга обориб қўяй дейишга ҳам фаҳми етмабди. Ҳозир шуни ўйласа, уятидан ерга киргудай бўлади…
Токча устида турган эски соат “жир-ринг” деган товуш чиқарди-ю, зум ўтмай ўчди. Пешин бўлай деб қолибди-ку. Чол қўлларига таяниб, гавдасини кўтарди, дераза токчасидан дўпписини олиб кийди. Эшикни эҳтиётлик билан очиб, зинага оёқ қўйди. Ҳовлига тушиб, атрофга аланглади. Ҳамма шошади, ким патнис кўтариб у ёққа чопади, ким идиш-товоқ кўтариб бу ёққа пилдирайди, неваралар шовқин солиб, бир-бирини қувади, ошхона томонда, шундоққина ўрик тагига ўрнатилган қозон-ўчоқ атрофида бир тўп йигит ҳангомалашиб, гуриллаб кулади. Мақсуд амаки зинанинг энг юқори пиллапоясида турган қумғонни олди. Қувалашиб юрган неваралардан бирини тўхтатди.
– Бор, шунга илиқ сув тўлатиб ке!
Невара қулоғининг ортини қашиди.
– Дода, ҳаммомда илиқ сув бор-ку, шундо… кранни бурийсиз, бўлди! Нима қиласс қийналиб? – бижирлади бўйи тикроғи.
– Котта гапирганда гап қайтармий, хўп деб туради, – аччиқланди чол.
Шунда бўйи етаёзган яна бир невараси чопқиллаб келди.
– Манга беринг, дода, ман опкеб бераман, – деди бижирлаб. Кетидан қўшимча қилиб қўйди: – Сочиғам опкеламан.
– Ҳа, барака топ, яхши жойладан ато этсин…
Қизгинанинг юзи ловуллаб кетди. Қумғонни кўтара, ошхонага қараб югургилади.
Шу пайт катта ўғли ўчоқ атрофидаги даврани ёриб, отасининг олдига келди.
– Ада, – деди. – Маҳалладагила мачитдан чиқиб, Сижо бувани бирровгина кўриб, кейин келадиган бўлишди. Имомни Асад опкелади.
Чол бепарвогина “ҳм”деб қўйди. Ўғил ҳайрон бўлиб тўхтади: “Нотўғри бир гап гапириб қўйдимми?” Отаси индамаганини кўриб, яна изоҳ берди:
– Қуда томон сал кеч қоламиз, дейишипти.
Чол лоқайд қўл силтади: “Манга нима?” Ўғил гапидан тутилиқди. Ота невараси кўтариб келган қумғонни олиб, ҳаммом томонга қараб кетаркан:
– Пешин бўп қолди, – деди .
Ўғил буни ўзича тушунди. Им қоқиб хотинини чақирди.
– Овқат-повқатинг борми? Адамга сузиб бермийсанми? Қорни очганга ўхшийди-ю! Кун пешин бўпти!
– Вай… – деди келин. – Шўрва пишган, сузвурийми? Ман номоз ўқисала, кейин опкирийми, деб…
Ўғил ўқрайди. Келин ошхона томонга йўрғалаб кетди.
Мақсуд амаки пешин намозини ўқиб, айвонга чиққанда, хонтахта устида оппоқ дастурхон солиғлиқ, унинг устида чиройли косада буғи чиқиб турган шўрва, бир жуфт обинон, хонтахта ёнига ташланган кўрпачада тўнғич ўғли ўтирарди.
– Ада, очқаб кетгандирсиз, чопа-чоп минам бўлиб қаролмабмиз… – ўғил қип-қизариб, дастурхонга ишора қилди. – Иссиққина ичволақолинг, меҳмонла кегунча чарчаб қоласс…
Чол буғи чиқиб турган бир коса шўрвага, иссиққина обинонга, чойнак-пиёлага қаради. Кейин ўғлига боқди.
– Шўрвани меҳмонла минам ичарман…
– Нага? А… Боя…
– Юрагим увишиб турибди… Бирпас ётаман…
– Дўхтир қўшнимиззи чақирийми?
– Йў… бирпас ётий… Бахтиёр келадими? – негадир шу топда яна неварасини кўргиси келди.
– Бахтиёр кечро келади-ю… Бир… соат беш-олтилада кеп қолади.
Ўғлининг гапини эшитмади ҳам. Шу топда юраги ниҳоятда ғаш эди. Гўё ёқимсиз нимадир бўладигандек…
Ҳолбуки, бугун одатда уйига келиб юрган маҳалладошлари, қариндошларини меҳмон қилади, Бодомзор мачитидан мулла Абдулкарим келиб никоҳ ўқийди, Қибрайдан ўнтача янги қариндошлар унинг хонадонига яна бир аъзо – Суюмахонни олиб келишади.
Суюмахонни унга бирров кўрсатишди, лекин у аёл дилига ўтиришдими, ёки ўтиришмадими, буни ўйлаб ҳам ўтиргани йўқ. “Бу ёғига қанчаям умрим қолди? – ўйлади у. – Маъмура минам қирқ йил яшадим. Буниси минам шунча яшармидим? Шунақайкан, инжиқлик қилиб маъқаман”.
Ҳолбуки, отаси кейинги хотини билан йигирма йил бирга яшаб, ёши тўқсонлардан ошиб, қайтиш қилган. Яхши аёл эди у. Невараларни, кейинроқ эвараларни бағрига босиб олганча, чоли билан бир нималарни гаплашиб ўтираверарди. Отасининг яктаклари оппоқ, бошидаги юпқа каллапўши оппоқ, соқоли оппоқ, бутун вужудидан меҳр кўрган одамнинг бахтиёрлиги уфуриб турарди. У оқшом чоғи отасининг ёнига шошар, назарида отасининг мамнунлигидан унга ҳам нималардир “юқиб” қолаётгандек, кўнгли тўлиб, кўкси ўсиб кетарди, Маъмурага “шунақанги ўтиришдан бизагаям насиб қиса кошкийди”, деб қўярди.
Худонинг ишларига ҳайрон бўлмай илож йўқ, фаришта шунда нимага омин, деб юборганийкин? Фаришта унинг ниятини нотўғри талқин қилдими ёки унинг ўзи ниятини тўғри айта билмадими?
Хонасига кириб, кўрпачага ёнбошлади. Оббо, келингами, қизигами айтиб, кўрпачани қалинроқ қилиб тўшатса бўларкан. Хаёлидан кўтарилибди. Деразадан қаради. Ҳовлида ғала-ғовур кучайган, қариндошлар бирин-сирин тўплана бошлаган эди. “Ҳм… Осмон тўла фаришта, ҳар қайсиси ҳар ишда… – ўйлади у. – Бирпас ётаман-у, тураман. Маҳалладан қарияла келади, чиқишим керей-ку!”
Бошини ёстиққа қўйди. Юраги баттарроқ увишди. Ёнбошида ётган адёлни олиб устига тортган бўлди. Энди увишиш баданига ўтди. Оёғи совқотди. “Ие, – ўйлади у. – Ёз чиллада совқотиш нимаси?”
Девордаги суратга кўзи тушди-ю, икки кун аввалги можарони эслади. Кечқурун қариялар билан ўтадиган “гап”дан келса, келин кўзлари қизариб ўтирибди. Суюмахоннинг кўчларини олиб келиб, ёйишган хотинлар девордан суратни олиб қўймоқчи бўлишибди-ю, катта қизи олдирмабди. Орага тушган келин у томондан ҳам, бу томондан ҳам дакки ебди. “Шунақаям бўладими, дода? – дерди бечора. – Қўйийла, тортишиб нима қиласила, деганимми биламан…”
Ўзича кулиб қўйди. Шу топда қизининг бир сўзлиги ҳам, қуда тарафнинг ўз сўзли эканлиги ҳам шу қадар майда, арзимас кўриндики…
Шу пайт оёғининг томири тортиша бошлади. Кимнингдир меҳрибон қўллари оёғини уқалади. Елкасига кўрпа тортилганини сезди. Бирам енгил тортдики… Қовоқларини йириб, кўзини очди. Ўзига қараб турган меҳрга тўла, таниш, қадрдон кўзларни кўрди. “Маъмура, – деди беихтиёр. – Қанаққиб келдинг?” Аёли жилмайди. “Нага келдинг?” – сўради яна. Аёли индамади. Фақат илиқ кафти билан унинг пешонасини силаб қўйди…

“Ижод олами” журнали 2019 йил 6-сонида босилган