Экспертлар гуруҳига тегишли “Газель” микроавтобуси ёнида машинани тўхтатдим. Эшикни очишим билан баҳорнинг тонгги намхуш шамоли ичкарига суқилиб, юзларимни силаб ўтди. Машинадан тушдим. Калит уланган мослама тугмачасини босгандим, қулф эшикни маҳкамлаганини миннат қилган мисол тарақлаган товуш чиқарди. Япалоқ папкамни қўлтиғимга қистириб, зангори бўёқ урилган темир дарвоза томонга одимладим. Дарвоза биқинига темир эшик ўрнатилган, эшикка қутурган итнинг расми ёпиштирилган бўлиб, расм остига “Берухсат кирилмасин! Ичкарида жаҳлдор ит бор” деб ёзилганди. Дарвозага яқинлашдим, эшикни қўриқлаётган сержант билан қўл олишдим, қисқача ҳол-аҳвол сўрашган бўлдим, аммо ҳовлидан баджаҳл ит тугул, кучукнинг вангиллаши ҳам эшитилгани йўқ.
– Пўписа қилиш учун илиб қўйибдими дейман? – сўрадим огоҳлантирувчи ёзувга ишора қилиб.
– Ҳовлида чиндан ҳам ит бор, – деди сержант. – Гавдаси мундайроқ эшакча келади.
– Тўппончанг ёнингдами?
Сержант мийиғида кулиб қўйди. Эшикни очдим. Ҳовлига киришим билан боғлоғлиқ турган итга кўзим тушди. Кўппак менга совуқ қадалиб оёққа турганида огоҳлантирувчи ёзув беҳудага илиб қўйилмаганига амин бўлдим. Ит, чиндан ҳам, эшакка айланиш арафасида турган хўтикча келар, ялонғочланган сўйлоқ тишлари гавдасига мос, бўшалиб кетса ғажиб ташлайдиган рафтор билан ириллаб турарди. Ҳар қанча жаҳл қилмасин, бўйнидаги занжирни узолмаслигига ишонч ҳосил қилганимдан сўнг уйга разм солдим. Эшик темир, деразаларга темир панжара ўрнатилган, тепада темир аралашмасидан тайёрланган том. Ҳовли сатҳига, томорқа, оғил томонга элтадиган йўлакларга бетон қуйилган, уйнинг орқа томонига элтувчи йўлакка итнинг лойга беланган панжа излари тушиб қолганди.
Уй эшигига йўналдим. Зинага қадам қўйган пайтим эшик очилиб, бўлимимиз бошлиғи – майор Назаров кўринди.
– Ўртоқ майор, капитан Акбаров…
– Жуда яхши етиб келган бўлсангиз, – сўзимни бўлди майор. – Бу ерда қандай жиноят содир этилганидан хабарингиз борми?
– Навбатчидан фуқаро Нурмат Норматовга оғир тан жароҳати етказилганини эшитдим.
– Норматовни касалхонага олиб кетишди. Энди гап бундай, капитан. Бу иш катта лейтенант Алиевга топширилган…
– Мумкинми, ўртоқ майор…
– Мумкин эмас. Сизнинг бошқа ишларингиз ҳам борлигини биламан. Аммо Алиев ҳали ёш, унга тажрибали маслаҳатчи керак. Тергов-қидирув ишларида катта лейтенантга ёрдам берасиз. Саволлар борми? – оғиз очгунимча бўлмай, майор ўзининг саволига ўзи жавоб бериб қўя қолди. – Демак, савол йўқ. Ишга киришинг!
Назаровни унчалик ҳам юқори бўлмаган кайфиятда кузатиб қўйиб, уйга кирдим. Айвондаги жиҳозлар уй эгасининг пулдор одам эканидан далолат берарди. Оёқ остида салкам тўрт бармоқ қалинлигидаги гиламлар, мундайроқ машина баҳосига тенг бўлган улкан уй кинотеатри, баҳайбат қандил остидаги диван, ўриндиғи пардек юмшоқ креслолар… Рўпарадаги деворга 60-65 ёшлардаги эркак билан аёлнинг бирга тушган сурати илинганди. Очиқ юзли аёл объективга ўйчан тикилганча қотиб қолган, эркак эса худди бошқалар еб ўзи қуруқ қолгандек хўмрайиб турарди.
– Норматов дегани шу одам бўлса керак, – ўйладим эшиклардан бирига яқинлашарканман. Очиқ турган эшик ўртача катталикдаги хонага тегишли эди. Хонага стол билан уч-тўртта курси қўйилган, курсилардан бирини қирра бурни остидаги қўнғиз мўйлови ўзига умуман ярашмаган 28-30 ёшлардаги йигит – катта лейтенант Алиев банд қилганди. Девор остига қўйилган диванда 35-40 ёшларни қоралаган чўзинчоқ юзли одам билан озғиндан келган аёл ўтирибди. Чўзинчоқ юзлининг маллатус мўйлови ҳам ўзига ярашмаганини ўзимча эътироф этиб, томоқ қириб қўйдим. Бўғзимдан юлинган беўхшов товушни эшитган Алиев ўрнидан кўтарилди.
– Саломатлик тилайман, ўртоқ капитан! – паст пардада хитоб қилди хонадан чиқиб эшикни ёпаркан.
– Сизга ҳам, лейтенант! Расмиятчиликни йиғиштириб, мақсадга ўтамиз.
– Демак, бундай, Фаррух ака. Жабрланувчи – Норматов Нурмат. 70 ёшда. Хотини бундан уч йил олдин оламдан ўтган. Бола-чақаси йўқ, ёлғиз ўзи яшаркан. Тунда кимдир ухлаб ётган Норматовга оғир тан жароҳати етказган. Юринг.
Катта лейтенантга эргашдим. Ётоқхонага кирдик. Улкан қандил остига икки одамлик ёғоч каровот қўйилган, каравот устидаги кўрпанинг ярми полга осилиб ётарди. Ичкарига киришим билан деворга тираб қўйилган расмга кўзим тушди. Кийикка ташланишга шайланаётган йўлбарснинг расми. Аммо рассом нўноқроқ эканми, ўтхўр жонивор кийикдан кўра кўпроқ эшакка, йўлбарс эса жаҳли чиққан мушукка ўхшаб кетарди. Бир ярим метрча тепароқда девор орасига кичкина сейф ўрнатилган. Сейфнинг эшиги ланг очиқ. Расм ёнида тўладан келган одам чўк тушиб ўтирибди. Жаноб Асқаров. Экспертлар гуруҳининг бошлиғи. Ётоқхонада изғиб юрган йигитлар унга қарашли, қаерда жиноятчининг бармоқ излари қолиши мумкин бўлса, ўша жойларни синчиклаб кўздан кечиришяпти. Бизга қараб қўйганлари ҳам йўқ. Биз ҳам уларга эътибор бермай деразага яқинлашдик.
– Жиноят қуроли.
Алиевнинг ишорасидан сўнг дераза рахида турган ҳайкалчага қарадим. Аниқроғи, бу матоҳ ҳайкалча эмас, Норматовнинг гипсдан ясалган кичкина бюсти эди. Тўғри, башараси жабрланувчининг юзига унчалик ҳам ўхшамайди, аммо ҳайкалтарош рассомга қараганда моҳирроқ экан, бурнини ўхшатибди. Бюстнинг бош қисми қонга беланганди.
– Норматовга ўзининг бюсти билан жароҳат етказибди, ярамас! – деди Асқаров бизга яқинлашаркан. – Салом, Фаррух. Сениям бу ишга жалб қилишдими?
– Йўқ, – пўнғилладим унинг қўлини олиб. – Қиладиган бошқа ишим бўлмагани учун ўзим келдим!
– Ҳар доимгидек тилинг заҳар!
– Сен эса ҳар доимгидек бемаъни савол беряпсан! Суюнтирасанми?
Эксперт бош чайқади.
– Жиноятчининг бармоқ излари топилмади. Қўлқоп кийиб ишлаган кўринади. Мана бунга қара.
Асқаров бюст ёнида турган елим халтачани олди. Халтача ичида тугма бор эди.
– Норматовнинг кафтидан топилди. Чамаси, эркакларнинг енгил курткасига тегишли.
– Кафтидан топилди, деганингга аниқлик киритайлик, – дедим тугмага қараб қўйиб. – Чангак бўлган бармоқларининг орасидан олдингми ёки…
– Ёки! Жабрланувчи бу тугмани жиноятчининг кийимидан юлиб олган, дейишга асосим йўқ. Тугма очиқ кафтида ётганди.
– Ўйлашимча, бу билан ҳеч нима демоқчи эмассан? Шундайми?
– Тўғри ўйлабсан.
– Ташқари эшик қулфига кўз ташладингми?
– Қулф бузилмаган, изқувар, калит билан очилган.
Сейфга ишора қилдим.
– Сейф эшиги рақамли, – деди эксперт. – Олтита рақам тўғри терилсагина калит тиқиладиган тешик қопқоғи очилади. Рақамлар тўғри терилмаса, сейф калитини ўғирлашдан маъни йўқ.
– Демак…
– Сен ҳам тўғри ўйладинг! – Алиевнинг сўзини бўлди Асқаров. – Жиноятчи қайси рақамлар терилса, сейф эшиги очилишини билган! Бунга ишончим комил. Чунки докторлар етиб келгунча жабрланувчини бир қур кўздан кечиргандим. Танасида қийноққа солинганини ошкор қиладиган белгилар йўқ эди. Тахминимча, жиноятчи уй эшигини калит билан очиб айвонга, айвондан ётоққа кирган, ухлаб ётган Норматовнинг бошига ўзининг бюсти билан зарб тушурган-у, сейфни шипшийдам қилиб, ғойиб бўлган!
– Мана бу расмда…
– Расмда ҳам бармоқ излари йўқ, Алиев. Синчиклаб текширдим. Норматов деворга ўрнатилган сейф эшигини пана қилиш учун илиб қўйган бу бемаъни расмни. Ўзинг қара, йўлбарсми шу? Ит талаган мушукка ўхшаб кетяпти-ку?!
Экспертнинг сўзларига эътибор берганим йўқ. Паркет полда ётган уч-тўртта кулранг-қорамтир нарса эътиборимни ўзига жалб қилганди. Нарсалар уй сичқонининг ахлатига ўхшаб кетарди. Оёқ устига чўк тушдим. Катта лейтенант билан эксперт дарров менинг ҳаракатимни такрорлашди.
– Носми?
Экспертнинг саволига жавоб қилмай, полга энгашдим. Каравот оёғи ёнида яна уч-тўртта нос доначалари ётарди.
– Асқаров!
Эксперт дарров елим халтача узатди. Нос доначаларини елим халтачага жойлаб, ўрнимдан турдим.
– Носни нима қилмоқчисиз? – сўради Алиев аввал елим халтачага, кейин менга қараб қўяркан. Жавобни ҳаяллатиб ётоқхонага диққат билан разм солдим. Ниҳоятда ораста, супуриб-сидирилган, паркет пол ярқираб турибди, ҳеч қаерда чанг-ғубор кўринмайди.
– Бу ҳақда кейин. Бояги эркак билан аёл ким?
– Норматовнинг эски танишлари. Уй ишларига ёрдамлашиб юришади. Эр-хотин – Тоҳир ва Ширин Машариповлар.
– Юр-чи.
Ётоқдан чиқиб гувоҳлар ўтирган хонага кирдик. Эр-хотин Машариповлар бизни ўринларидан туриб кутиб олишди.
– Капитан Акбаров. – Мени таништирди Алиев курсиларга жойлашганимиздан сўнг. – Давом этамиз.
– Ҳали айтганимдек, – тилга кирди Ширин ўтирган жойида бир қўзғалиб, – тонги соат 6 да хўжайиннинг уйига келдик…
– Қаерда яшайсизлар? – унинг сўзини бўлдим. Машарипова уй манзилини айтгач, ҳикоясини давом эттирди.
– Ҳар сафар биз келгунимизча хўжайин Қоплонни боғлаб, ҳовли эшикни очиб қўярди. Бугун келсак, эшик берк. Қўнғироқни қайта-қайта босганимга қарамай, ичкаридан жавоб бўлмади. Эрим Нурмат аканинг ухлаб ётганини тусмоллади, мен эътироз билдирдим. Чунки хўжайин тонг оқариб-оқармай тўшакни тарк қиларди. Ҳовлига қараб кўринг, негадир кўнглим ғаш, дедим эримга. Дарвозага тирмашган эрим ичкарига бир қур назар ташлаб, уйнинг эшиги очиқ турганини айтди. Кейин хўжайиннинг исмини айтиб чақира бошлади. Тағин жавоб қайтгани йўқ. Юрагимга ғулғула тушди…
– Нима учун? – сўради Алиев.
– Нурмат аканинг юраги хаста, уч кундан бери санчиб оғриётганидан нолиётганди. Касали хуруж қилиб ётиб қолган бўлса керак, деган ўйга боргандим…
– Хотиним тиқилинч қилавергач, – илиб кетди Тоҳир. – Дарвозадан ошиб ўтиб, эшикни очдим. Ширин уйга шошилди, мен эса оғил томонга йўналдим. Нурмат ака ҳўкиз боқишга ишқибоз, барвақт туриб ҳўкизлари билан андармон бўладиган одати бор эди. Бирдан уйдан хотинимнинг чинқиргани эшитилди…
– Нурмат аканинг қонга беланиб ётганини кўриб эсим чиқиб кетди. Қандай қилиб уйдан отилиб чиққанимни ўзим ҳам билмайман. Эрим юзимга сув сепганидан кейингина ўзимга келдим. Кейин сизларга хабар бердик. Бори шу…
– Кўпдан Норматовнинг уй ишларига ёрдамлашасизми?
– Ўн йилдан бери. Хотиним ош-овқат, кир-чирга қарайди, Нурмат аканинг ҳўкизлари билан боғи менинг гарданимда.
– Демак, йил ўн икки ой шу ердасизлар? – навбатдаги саволни йўллади катта лейтенант қоғоздан бошини кўтармай.
– Мен ора-сира Тошкентга, қурилишда ишлагани бориб тураман. Кеча пойтахтдан қайтдим. Бугун эса бу кўргилик…
Машарипов сўлғин тин олди. Алиевга назар ташладим. Катта лейтенант ҳамон қоғоз қоралаш билан овора эди. Унинг бу қилиғи ёқмади менга. Сўроққа тутилаётган одамнинг кўзларига қадалиб жавоб талаб қилиш керак, илло, кўз – кўнгил ойнаси, тил яширганни кўзлар сотиб қўйиши мумкин.
Худди менинг ўйларимни уққан мисол, ҳамкасбим қоғоздан бошини кўтарди.
– Норматовнинг қариндош-уруғи борми?
– Бор. Раҳматли опасидан иккита, укасидан битта ўғил қолган. Қодир, Шокир ва Рустам. Қодир билан Шокир… – дея сўзини давом эттиришга чоғланган Тоҳир биқинидан туртки еди чоғи, дарров оҳанги ўзгарди. Учови ҳам яхши одамлар…
Машариповга қаттиқ тикилдим.
– Норматовнинг жиянларини ёқтирмайсизми?
– Нега ёқтирмас эканман, ўртоқ капитан? Учаласининг ҳам хизматини қилганман, нонини еганман. Энди, еган оғиз уялар, деганларидек… – чўзиб нафас чиқарган Тоҳир хотинига қаради. – Мени туртма. Барини айтишимиз шарт, онаси…
– Айтсак… – каловланди Ширин. Биздан хафа бўлишмасмикин, дадаси?
– Айтмасак… булар бизни хафа қилишади…
– Бу ёғиям бор… Бўпти, ўзим айтаман. Гапнинг индаллоси, Қодир билан Шокир ўта бемеҳр, нонтепки, ғирт ярамас одам! Рустамжон эса жуда бамаъни, кўнгилчан йигит. Хўжайин топган-тутганини тенг учга бўлиб шу жиянларига васият қилганди. Фақат…
– Нима “фақат?”
– Нурмат ака Рустамжонни меросдан маҳрум қилмоқчи эди…
– Нима учун?
– Билмайман. Кеча кечки пайт Қодир билан Шокир уйга келганди. Хўжайин билан жиқиллашиб қолдилар. Ошхонада куймаланиб юрганим учун жанжалга нима сабаб бўлганини аниқ айтолмайман. Пул сўрашди, чамамда. Нурмат ака бермади, чоғи, Қодир бақира бошлади…
– Нима деб бақирди?
– Барибир бизга қолади-ку, ё опангизнинг фарзандларидан укангизнинг ярамас ўғли азизроқ бўлдими, деганини эшитдим. Бақир-чақир устига Рустамжон келиб қолди. Аввал Қодирни, сўнг Шокирни гирибонидан олиб, ташқарига улоқтирди. Кейин амаки-жиян хўжайиннинг хонасига қамалиб олдилар. Хонага чой олиб кирганимда Нурмат аканинг жаҳл зўридан кўкариб кетгани, Рустамжоннинг бош эгиб ўтирганини кўрдим. Чойнакни қўйиб, хонадан чиқдим. Эшикни ёпган пайтим хўжайиннинг сен аҳмоқни меросдан маҳрум қиламан, эртагаёқ адвокатни чақириб янгитдан васият битаман, деб бақиргани эшитилди. Кейин Рустамжон қизариб-бўзариб уйдан чиқиб кетди. Менинг билганим шу…
Ўрнимдан туриб хонадан чиқдим-да, Норматовнинг ётоғига кирдим. Эксперт йигитлар ишни тугатишган, ётоқхонада Асқаровдан бошқа одам кўринмасди.
– Биз тугатдик, – деди эксперт дераза рахида турган бюстга қўл чўзаркан. – Тушликдан кейин сенга ёзма равишда ахборот бераман.
– Қоғоз қораламангни менгамас, Алиевга топширасан, – дедим унга яқинлашиб. – Бу иш унга топширилган. Мен оддий кузатувчиман, ҳисоби. Жабрланувчининг кафтидан топилган тугма қани?
– Оддий кузатувчи бўлсанг, сенга тугманинг нима кераги бор?
– Эсдалик учун костюмимга қадамоқчиман!
– Қайси аҳмоқ куртканинг тугмасини костюмга қадайди?! – пўнғиллади Асқаров тугма солинган елим халтачани узатаркан. – Бўлимга қайтганингдан сўнг шахсан менга топширасан! Тушундингми?
Тушунганимни бош ирғаш билан ошкор қилиб, гувоҳлар ўтирган хонага қайтдим.
– Мана шу тугма сизларга танишми?
Машарипов халтачага қўл чўзди.
– Рустамжоннинг курткасида кўргандим шунақа тугмани. Мисдан ясалган, ярқираб туради. Ё адашяпманми, онаси?
– Адашмаяпсиз, – деди Ширин халтачани эрининг қўлидан олиб. – Қаранг, тугмага бургутнинг тасвири тушурилган. Рустамжоннинг кийимида ҳам қанотларини ёйиб турган бургутнинг расми бор.
– Рустам нос чекадими?
– Чекади. Қодир билан Шокир ҳам носкаш. Эрим ҳам шу заҳарнинг сассиқлигига ишқибоз…
Деразага яқинлашдим. Турли тахминлар миямда ғужғон айланиб, ҳақиқат даъво қила бошлади. Гувоҳларнинг кўрсатмалари муайян фикрга келишга ундарди. Бироқ хулоса чиқаришга эмас!
– Норматовнинг бошига тушган кўргиликдан қариндошлари хабар топмаган кўринади, – дедим елим халтачани чўнтагимга соларканман. – Ўртоқ катта лейтенант, меросхўрларнинг уйига одам юборсак, қандай бўларкан?
– Мен ҳам шу ҳақда ўйлаётгандим – Алиев ўрнидан кўтарилди. – Ходимларимизга тайинлайман, уларни ички ишлар бўлимига олиб боришади.
– Йўқ, – бошини олд оёқлари устига қўйиб мудраётган итга назар ташладим. – Бошланишига шу ерда тергов қилганимиз маъқул. Сержантга тайинланг, меросхўрларни битта-биттадан ичкарига киритсин!
* * *
Орадан ярим соатча вақт ўтгач, ҳовли эшикда қирқ ёшлардаги узун бўйли, тарашадек озғин, тепакал кимса кўринди. Эшикни очишга очди, бироқ ичкарига киргани йўқ, бўйнини чўзиб итга қўрқув билан қараб қўйди. Унинг тепакал боши мудраб ётган Қоплонга ёқмади, чоғи, сакраб оёққа туриб, эшик томонга интилди. Аммо занжир тепакал кимсага яқинлашишга изн бермади. Баттар ғазаби қўзиган ит тирноқлари билан ерни тирнаб, вовуллай бошлади.
– Қодир деганим шу одам, – уй эшиги томонга пилдираган тепакални таништирди Тоҳир. – Ғирт бўлмағур тижоратчи. Икки марта фирма очиб, икки мартасидаям хонавайрон бўлишга улгурган. Деразани очиб қўйсак, яхши бўларди, ўртоқ капитан…
Айвонда қадам товуши эшитилгач, Машарипов нима учун деразани очиб қўйишни сўраганини тушундим. Хонага тепакалдан олдин арақ билан саримсоқ пиёзнинг қўланса ҳиди ёпирилди. Зум ўтмай ўзи ҳам ёпирилиб кирди-да, кўринмас деворга урилгандай таққа тўхтади.
– Ким?! – хитоб қилди хонанинг ҳавосини янада кўпроқ булғаб. – Ким бу ишни қилди?!
– Ўтиринг!
– Хўп бўлади!
Қодир дарров диванга чўкди. Чўкди-ю, орқаси ўриндиққа тегар-тегмас, яна оёққа қалқди.
– Кечирасизлар, ўзимни танитмадим. Мен Ботировман. Тижоратчи Қодир Ботиров. Катта даргоҳларда таниш-билишларим…
– Бизни таниш-билишларингиз эмас, – унинг сўзини бўлди Алиев. – Тоғангиз Норматов билан муносабатингиз қандайлиги кўпроқ қизиқтиради!
– Тоғам биланми? Жуда ях… – деган Қодирнинг шашти сўнгани сезилди. – Тўғри, ора-сира жиқиллашиб турганимиз рост. Лекин бу дегани…
– Кеча ҳам жанжаллашиб қолган экансиз, тўғрими? – яна унинг сўзини бўлди катта лейтенант.
– Тан оламан, шунақа бўлганди. Жанжал сабабини ҳам айтаман. Биласизми, тоғам пулдор одам. Шаҳарда катта дўкони билан ресторони бор. Яъни, бор эди. Икки ой олдин дўкон билан ресторонни сотиб, тушган пулни сейфига жойлади. Банкка қўйинг десам… Айтганча, сейфдаги пуллар жойида турибдими?
Пешонам тиришганини ҳис қилдим. Тоғасининг тирик-ўликлигини сўрагани ҳам йўқ. Бу ярамасни фақат сейфдаги пуллар қизиқтиряпти!
– Норматовнинг сейфида қанча пул бор эди? – сўради Алиев унга нохуш назар ташлаб.
– Жуда катта пул! – деди эр-хотин Машариповларга шубҳа билан қараб қўйган Қодир. – Гувоҳларсиз ўзингизга айтаман. Пуллар жойида турибдими, ишқилиб?
– Нима учун кеча тоғангиз билан жанжаллашиб қолдингиз?
– Пул устида. Укам Шокир билан янгитдан фирма очмоқчи эдик. Тоғам топган-тутганини бизларга васият қилгани учун олдиндан улушимизни беришини сўрадик. У эса бермайман, ўлганимдан кейин…
Қилт этиб ютинган меросхўр бунақа жавоб ўзини шубҳа остига қўйиши муқаррарлигини англади, чоғи, жимиб қолди.
– Тоғангиз, ўлганимдан кейин улушингни оласан, деди, шундайми? Кеча тунда қаерда эдингиз?
– Кечами? Тунда… уйда эдим. Рустам Шокир иккаламизни ташқарига улоқтиргач, укамнинг уйига бориб, тунги соат ўнларгача арақ ичдик. Кейин менинг уйимга ўтдик. Яна ичдик…
– Тунни уйимда укам билан ўтказдим, демоқчимисиз?
– Уйдамас, ҳовлидаги ошхонада. Араққа саримсоқ пиёзни газак қилганимиз учун хотиним уйга қўймади. Унинг саримсоқ пиёз билан маст… эркакларга аллергияси бор… Лекин ака-ука ошхонада учиб қолганимизни хотиним тасдиқлаши мумкин!
Тасдиқлаш шарт эмасди, бу ярамаснинг чўчқадек ичгани шундоққина сезилиб турарди.
– Пуллар… жойида турибдими?
– Тоғангиз-чи? – сўрадим ўрнимдан туриб. – Тоғангизнинг аҳволи сизни қизиқтирмайдими?
– Қизиқтиради. Ҳамкасбингиз тоғамнинг тириклигини айтди. Ё ўлибдими? Агар ўлган бўлса, васият кучга…
Кескин қўл силташ билан Қодирнинг дамини ўчирдим. Афсуски, бемеҳрлик, безбетлигу кўрнамаклик учун жиноят кодексида жазо белгиланмаган, акс ҳолда бу ярамаснинг умри панжара орқасида ўтган бўларди!
Деразага яқинлашиб, ташқарига назар ташлаган пайтим ҳовли эшикда ғўппа семиз, дум-думалоқ одам пайдо бўлди. На бўйин бор ва на бел, турган битгани қориндан иборат. Қўл билан оёқ ёпиштирилган мешнинг худди ўзи!
Бақалоқ ҳам, худди Қодир каби, ҳовлига дадил кириб келгани йўқ. Бўсағада тўхтади, боғлоғлиқ турган Қоплонга бир қараб қўйди-да, уй эшиги томонга думалади. Ит ниҳоятда ғазабга тўлган, занжирни узмоқчи бўлган мисол ўзини у ёқдан-бу ёққа урарди. Орадан бир неча лаҳза ўтгач, хонани тутиб кетган арақ аралаш саримсоқ пиёзнинг сассиғига тер ҳиди аралашди.
– Шокир Ботировман, – ўзини танитди бақалоқ ғижимланган рўмолчасини чиқариб, терлаб кетган бўйнини артаркан. – Чақиртирган экансизлар?
Шокир ҳам тоғасининг аҳволи билан қизиққани йўқ. Паровоздек пишиллаб ўзини Қодирнинг ёнига ташлади.
– Кеча тунда қаерда эдингиз? – терговни давом эттирди Алиев иккинчи меросхўр ҳақидаги маълумотларни қайд қилганидан сўнг.
– Қодир акам билан бирга эдик, – пишиллади Шокир. – Алла-паллагача тижоратга тегишли ҳисоб-китоб ишлари билан шуғулландик.
– Қаерда шуғулландинглар? Ошхонадами?
Саволимга жавоб қайтмади. Яна деразадан ташқарига қарадим. Ҳовлига ўттиз ёшлардаги ўрта бўй, очиқ юзли йигит кириб келганди. Йигит кўзларига қон қуйилган итга эътибор бермай, уй эшигига йўналди. Ҳалиям тинчланолмаётган Қоплондан кўзимни олиб, курсига чўккан пайтим хона эшигида учинчи меросхўр кўринди.
– Ассалому алайкум. Мен Рустам Норматовман. Нурмат амакимнинг аҳволи яхшими?
Диванга ишора қилдим.
– Ўтиринг, Норматов.
– Ходимингиз тўғри шу ерга олиб келди, – деди Рустам таклифимни қабул қилмай. – Илтимос, амакимнинг ҳолидан хабар олишга рухсат беринг. Кейин қанча саволингиз бўлса, барига жавоб бераман.
– Норматов жонлантириш бўлимига ётқизилган. Барибир сизни унинг ёнига қўйишмайди. Ўтиринг.
Оғир хўрсинган Рустам диванга ўтирди. Ўтирди-ю, қўллари билан бошини чангаллаб олди.
– Амакингиз сизни меросдан маҳрум қилмоқчи бўлгани ростми? – яна ручкага қўл чўзди катта лейтенант.
– Рост, – тағин хўрсинди гумондор қўлларини тушураркан. – Бугун янгитдан васият битмоқчи эди…
– Нима учун Норматов васиятини ўзгартиришга қарор қилди?
– Амаким пулни фойда келтирмайдиган ишларга сарфлаганларни ёқтирмайди. Кеча мана буларни ҳайдаб солганимдан сўнг, – Рустам аммаваччаларига нохуш назар ташлади, – ўзимга тегадиган меросга нисбатан тузган режаларим билан қизиқди. Мен пулларнинг тенг ярмини болалар уйига ўтказмоқчилигимни айтдим. Бу ниятим унга ёқмади. Ё шунга рози бўлинг ёки мени меросдан маҳрум қилинг, дедим. Жаҳли чиқиб кетган амаким, сендай аҳмоққа қолдирадиган пулим йўқ, деб бақира бошлади…
– Кеча тунда қаерда эдингиз?
– Уйда эдим. Хотиним ўғилчамни олиб онасиникига кетганди. Шундай экан, тунда уйдан чиқмаганимни тасдиқлайдиган гувоҳ йўқ…
Энди гумондордан жавоб талаб қилиш навбати менга келганди. Ўрнимдан турдим, чўнтагимдан тугма солинган елим халтачани олиб, унга яқинлашдим.
– Танишми?
– Курткамники, – дарров тан олди Рустам. – Сизнинг қўлингизга қандай тушиб қолди?
– Тугма жиноят жойидан топилди.
– Тушунарли… Мен… қамоққа олиндимми?
Жавоб қилганим йўқ. Барча далиллар унга қарши эди. Қодир билан Шокирнинг бит кўзларида қувончга монанд ифода пайдо бўлганди. Улар тантана қилардилар! Нега хурсанд бўлишмасин? Рустам амакисининг жонига қасд қилишда айбланиб қамалса, меросхўрлар сони биттага камаяди, ахир!
– Чекиб олишларинг мумкин.
Чўнтагимдан сигарета қутисини чиқардим. Бироқ хонадагиларнинг ҳеч бири қутига қўл чўзгани йўқ.
– Биз нос чекамиз, – яна пишиллади Шокир. – Мумкинми?
– Бемалол.
Зум ўтмай, меросхўрлар билан гувоҳнинг қўлида нос солинган халтачалар пайдо бўлди. Бирин-кетин кафтларига нос тўкиб, рости-ёлғон гапиришга одатланган тиллари остига ирғитдилар. Эшикка йўналдим. Катта лейтенант менга эргашди.
– Хўш, ўртоқ катта лейтенант, бошлиқларга қандай ахборот берамиз? – расмий оҳангни олдим Норматовнинг ётоқхонасига кирганимиздан сўнг. – Кимдан кўпроқ шубҳаланяпсиз?
– Меросхўрларнинг учаласидан ҳам шубҳаланиш мумкин, ўртоқ капитан, – Алиев ҳам расмий оҳангни олди. – Бироқ менга қолса, ака-ука Ботировларни ҳеч иккиланмай гумондан соқит қилган бўлардим.
– Нима учун?
– Қодир Ботировнинг журъатсиз, иродаси суст одамлиги шундоққина сезилиб турибди. Бунақа одамлар дунёнинг бор бойлиги ваъда қилинса ҳам, кимнингдир жонига қасд қилишга журъат этолмайдилар. Қўшиласизми, ўртоқ капитан?
– Давом этинг.
– Бу жиноятни Шокир Ботиров содир этганига ишониш эса Саҳрои Кабирда қум йўқлигига имон келтириш билан баробар. Унинг жуссасига қаранг! Бундай катта қорин кимгадир жароҳат етказишгагина эмас, қоқилиб-нетиб йиқилгудек бўлса, ўрнидан туришга ҳам халал беради.
Катта лейтенант сўзларига муносабат билдиришимни кутган мисол жимиб қолди. Мен лом-лим деб оғиз очганим йўқ, унинг гапида давом этишини кута бошладим.
– Ким қоляпти? – бу саволга ҳам мендан жавоб қайтмаслигини англади, чоғи, ўзи жавоб бериб қўя қолди: – Рустам Норматов. Ундан жиддий гумон қилишга етарли далиллар бор. Бир кун олдин амакиси меросдан маҳрум қилишини айтади, тунда эса Норматовнинг жонига қасд қилиниб, сейфидаги пуллар ўғирланади ва жабрланувчининг кафтидан Рустамнинг кийимига тегишли тугма топилади! Қўшиласизми, ё мум тишлаб ўтираверасизми, Фаррух ака?
– Юз фоиз қўшиламан! – эшикка йўналдим. – Мен билан юр. Жиноятчи қаердан ҳовлига кирганини аниқлаймиз.
Тағин айвонга, айвондан ташқарига чиқдик. Уй эшигига саккиз поғонадан иборат зина олиб чиқар, сўнгги поғонага Қоплоннинг лойга беланган панжа излари тушиб қолганди.
– Жиноятчи халқи ҳеч қачон осонликча гуноҳини бўйнига олмайди. Уларнинг айбини исботлаш учун инкор қилиб бўлмайдиган далил-исботга эга бўлиш керак!
– Менимча, биздаги далиллар Рустам Норматовга айб қўйишга етади.
– Қоплоннинг гувоҳлигисиз жиноятчини бурчакка сиқиб қўёлмайсан. Жиноятчини фош қилишда ит бизга ёрдам беради. Оёқларингни қимирлат, лейтенант!
– Катта лейтенант…
Алиев менга эргашди. Бетон йўлакда қолган ит излари бўйлаб юриб, орқа томондаги боғдеворга чиқдик.
– Энди нима қиламиз, ўртоқ капитан? Боғдевордан ошиб, қўшни ҳовлига ўтамизми?
– Йўқ. Орқага қайтамиз!
– Бир савол берсам мумкинми?
– Нега бу ерга келдиг-у, нима учун орқага қайтяпмиз, деб сўрамоқчи бўлсанг, индамай қўя қол. Кетдик!
Катта лейтенант тағин менга эргашди. Ҳовлига қайтдик. Алиевдан хонадагиларни айвонга тўплашини сўраб, дарвоза ёнида турган сержантни ёнимга чақирдим.
– Сен шу ерда сергак тур, – дедим унга. – Уйдан айбланувчи отилиб чиқиши мумкин. Олдиндан айтиб қўяй, жиноятчи бақувват йигит. Юзимни ерга қаратмайсанми?
Сержант тўппончасининг ғилофига қўлини қўйди.
– Бу ёғидан хотиржам бўлинг, ўртоқ капитан!
– Сенга ишонаман, – дедим уй эшигини очарканман. – Аммо огоҳлантириб қўяй, у менга тириклайин керак!
Ичкарига кириб айвонга разм солдим. Қодир билан Шокир креслоларни банд қилганди. Рустам эр-хотин Машариповлар билан диванда ўтирибди. Катта лейтенант Алиев ётоқхона эшиги ёнида тек қотган. Сукутга чўмган гумондорлару гувоҳлар тилга киришимни кутяптилар. Уларни кўпам илҳақ қилишни истамай, диван томонга одимладим. Қодир билан Шокирнинг кўзларида пайдо бўлган тантана учқуни эътиборимдан четда қолгани йўқ. Диванга яқинлашганим сайин Рустамнинг боши эгила бошлади. Унинг ёнига келиб юришдан тўхтадим. Бошини кўтариб менга бир қараб қўйган гумондор тағин ерга қадалиб олди. Жиноятчига айб қўядиган вақт келганди. Ортиқча чўзишдан фойда йўқ. Рустам Норматовнинг елкасига қўлимни қўйдим. Амакисининг пулларидан маҳрум бўлиш арафасида турган кенжа меросхўр титраб кетди.
– Сиз фуқаро Нурмат Норматовга оғир тан жароҳати етказганлик ва катта миқдордаги пулларини ўғирлаганликда айбланасиз, ўртоқ Машарипов!
Тоҳир орқасига бигиз санчилгандек, ўтирган жойида сапчиб тушди, хотини чинқириб юборди. Бошқалар тахтадек қотиб қолдилар. Уларнинг кўзларидаги ифода! Айвонга тирик динозавр кириб келганида ҳам бунчалик ҳайратга тушмаган бўлардилар! Ҳатто Алиев ҳам анграйиб қолганди.
– Сиз… сиз… – дудуқланди зумда жиққа терга ботган Машарипов. – Ҳазиллашяпсизми, ўртоқ капитан?!
– Асло!
– Мени айблаш учун далил-исботингиз борми?
– Бор, – ўтирган жиноятчининг айбини тик турган ҳолда исботлашни истамай, Ботиров томонга одимладим. Шокир семиз жуссасига ярашмаган чаққонлик билан зумда креслони бўшатди. Юмшоқ ўриндиққа чўкдим. – Хонада ўтирганингизда сизларга беҳудага чекишни таклиф қилганим йўқ. Халтачангизни чиқариб кафтингизга бир чимдим нос тўкинг!
Машарипов имиллаб буйруғимни бажарди. Унинг носи дона-дона, уй сичқонининг ахлатига ўхшаб кетарди.
– Мана бу эса, – чўнтагимдан елим халтачани олдим. Халтачага Норматовнинг ётоғидан топилган нос доначалари солинганди, – жиноят жойидан топилди.
– Нима бўлибди жиноят жойидан топилган бўлса? Қодир ҳам, Шокир ҳам, ана Рустам ҳам нос чекади-ку?!
– Тўғри, бироқ улар майда нос чекадилар. Бизнинг бозорларда фақат кукун нос сотилади. Сизнинг халтачангиздаги нос Тошкент томонларда яшайдиган носкашларнинг эрмаги. Сиз эса кеча Тошкентдан қайтгансиз.
Гувоҳдан гумондорга айланган Машарипов оғзию кўзини ланг очиб қотиб қолган хотинига қараб қўйди. Бу ҳолат менинг тўғри йўлдан кетаётганимдан далолат берарди.
– Шу нарса менга айб қўйишга асос бўла олади, деб ўйлайсизми?
– Бу ҳали ҳаммасимас. Катта лейтенант Алиев сизларни тергов қилганида хотинингиз айтган гаплар эсингиздами? Агар хотирангизнинг латтаси чиққан бўлса, эсингизга солишим мумкин. Хотинингиз Норматовнинг тонг саҳарлаб тўшакни тарк қилиши, сизлар келгунча итни боғлаб, ҳовли эшикни очиб қўйишини айтганди. Бугун эса бу ишни сиз қилгансиз, дарвозадан ичкарига ошиб тушиб, эшикни очгансиз.
Ҳамон айвон йўлагида қотиб турган Алиевнинг ўзига умуман ярашмайдиган мўйлови қимирлаб, пешонаси ғижимланганини илғадим. Катта лейтенант шу ҳаракат билан ҳеч балога тушунмаётганини ошкор қилганди.
– Мен атайин Норматовнинг меросхўрларини битта-биттадан ичкарига қўйишни буюрдим, – давом этдим чап тиззам устига ўнг оёғимни олиб. – Мақсадим итнинг уларга қандай муносабат билдиришини аниқлаш эди. Қоплон ака-ука Ботировлар ва Рустам Норматовни совуқ важоҳат билан кутиб олди. Занжирбанд бўлмаганида уларни ғажиб ташлаган бўларди. Аммо дарвозадан ошиб ҳовлига тушганингизда ит сизга ташланмаган. Акс ҳолда, ҳозир бу ерда эмас, касалхонада ётган бўлардингиз! Истасангиз, эътироз билдиришингиз мумкин.
Нимадир дейишга чоғланган Машарипов тилига келганни ичига ютиб, айвон эшигига қараб қўйди. Худди шу қилиқни кутаётгандим ундан!
– Буям ҳали ҳаммасимас. Қаерда яшашингизни сўраганим эсингиздами? Шунингдек, Норматовнинг боғига сув қуйилганини ҳам унутмаган бўлсангиз керак? Қоплон тунда боғда чопқиллаган кўринади. Шунинг учун ҳам йўлакларга қуйилган бетон сатҳида унинг лойга беланган панжа излари қолган. Биз катта лейтенант билан изларни ёқалаб юриб, орқа томондаги боғдеворга чиқдик. Боғдеворга етиб ғойиб бўлган панжа излари орасида эркак кишининг оёқ кийимидан қолган чангли из яққол кўриниб турибди. Сиз боғдевор оша Норматовнинг ҳовлисига ўтгансиз. Деворнинг нариги томонидаги уй – сизники!
Шундай дейишим билан Машарипов сакраб оёққа турди. Кийимига чанг солган Рустамнинг қўлларини силтаб ташлаб, ташқари эшикка отилди. Алиев унинг орқасидан. Мен жойимдан қимирлаганим ҳам йўқ. Айбланувчининг айвонга қайтарилишини кута бошладим. Кутганимдек бўлди, катта лейтенант ланг очиқ қолган эшикка етиб-етмай ташқаридан инграган товуш эшитилди. Орадан бир неча лаҳза ўтгач, Алиев билан сержант Машариповни айвонга олиб кирдилар. Лаънатининг қўлига урилган кишан ўзига жуда ярашиб турарди! Ўрнимдан туриб, уларга яқинлашдим.
– Итни қўлга ўргатганингизни хўжайинингиз билармиди?
Тоҳир оғир хўрсинди.
– Биларди. Қоплонни кучуклигида ўзим олиб келгандим…
– Сейфнинг очқич рақамларини ҳам билармидингиз?
– Хўжайин Рустамга айтаётганида тасодифан эшитиб қолгандим…
Бир-бирига қараб қўйган Қодир билан Шокир Рустамга еб қўйгудек қадалдилар. Гаров ўйнашга тайёрман, улар Рустам жиноятчи бўлиб чиқмагани учун минг афсус қилардилар бу палла.
– Давом этинг!
– Нурмат ака дўкони билан ресторанини сотиб тушган пулни сейфига жойлаганини эшитганимдан кейин… шайтон йўлдан урди. Пулларни ўмариш учун қулай фурсат келишини кута бошладим.
– Кеча ўйлаган режангизни амалга ошириб, сувдан қуруқ чиқиш учун қулай фурсат туғилди, шундайми?
– Шундай. Хўжайиннинг Рустамга бақирганини эшитгандим. Нурмат аканинг пулларини ўмарсам, милиция унинг меросхўрлари билан андармон бўлади, менга эътибор бермайди, деб ўйладим. Адашган эканман…
– Нега амакимни ўлдирмоқчи бўлдингиз, Тоҳир ака? – сўради Рустам ўрнидан туриб.
– Унга жароҳат етказиш режамда йўқ эди. Хўжайин уйқу дорисиз ухлолмаслигини билганим учун ҳеч нимани сезмайди, деб ўйлагандим. Капитан айтганидек, боғдевордан ошиб ҳовлига тушдим. Қоплон боғда юрган экан, мени таниб ёнимга келди…
– Уй эшигини қандай очдингиз?
– Калит билан. Эшик калитидан нусха олиб, устага ясатгандим. Аввал айвонга, кейин ётоқхонага кирдим. Хўжайин кирганимни сезгани йўқ. Бироқ, сейфга яқинлашган пайтим кўзлари “ярқ” этиб очилди. Дераза рахида турган ҳайкалча билан қандай қилиб бошига зарб туширганимни ўзим ҳам билмайман…
– Рустам Норматовнинг тугмасини қаердан олгандингиз? – терговни давом эттирди катта лейтенант Алиев.
– Кеча Қодирни уйдан судраб чиқаётганида курткасидан узилиб тушиб қолганди. Ўзимни буткул гумондан соқит қилиш учун тугмани хўжайиннинг кафтига қўйдим. Чўнтагимдан тугмани олаётган пайтим нос солинган халтачам тушиб кетди. Нос доначалари полга тўкилганига эътибор бермабман…
– Нима учун…– ўтирган жойида бешиктебратардай тебранаётган Ширин эрига қаради. Шўрлик аёлнинг кўзлари жиққа ёшга тўлганди. – Нима учун бу ишни қилдингиз, дадаси?
Жавоб қайтгани йўқ.
– Рустамжон бизга қанча яхшиликлар қилди. Агар у пул бермаганида ҳалиям ижара уйда яшаётган бўлардик. Рустамжоннинг яхшиликларига туҳмат қилиш билан жавоб қайтармоқчи бўлдингизми, дадаси?.. Сизда инсоф борми, дадаси?!!..
Тағин жавоб қайтгани йўқ. Лотинчада бир ибора бор. Nullum crimen sine poena! Жиноят жазосиз қолмайди, дегани. Мана исботи. Машарипов ҳар қанча ҳийла ишлатган бўлмасин, жазодан қочиб қутулолмади.
Эшикка йўналдим. Майор Назаров тергов-суриштирув ишларида катта лейтенант Алиевга ёрдам беришимни буюрганди. Буйруқни бажардим. Қолганини лейтенантнинг ўзи эплайди…
“Ёшлик” журнали, 2016 йил, 8-сон