Раҳмат Файзий. Она (ҳикоя)

Почтальон худди ўз уйига кираётгандек бемалол дарвозани очди-да, тўғри ҳовли саҳнида турган стол ёнига борди. Елкасидан сумкасини олмаган ҳам эдики, ровонда дарс тайёрлаб ўтирган болалар олдинма-кетин югуришиб келиб, уни ўраб олишди. Почтальон уларга газеталарни берди-ю; «буниси эгасига» деб хатни яширди. Болаларнинг каттаси почтальоннинг елкасидан бўйнини чўзиб, конвертдаги таииш адресни кўриб олди, севинчини юрагига сиғдиролмай, «Ойи, Валидан…» деб қичқириб юборди. Кенг ҳовлининг нариги чеккасида, дарахтлар орасида юрган Меҳри опа шошиб қолди, қўлидаги чўткани тоғорага ташлаб, почтальон ёнига келди. Унинг липпага қистириғлиқ кўйлаги ва юз-кўлларига оҳак сачраган эди.
— Боққа кириб олиб, салқинда қуртава қиляпсизми, Меҳри опа?— ҳазил қилди почтальон.
— Ҳа, мана бу дарахтларга вақтида қарамасанг бўлмайди, укаларинг бўлса дарсидан ортмаяпти,— деди Меҳри опа, кейин бир нарса эсига тушгандай гапидан тўхтаб, почтальоннинг юзига тикилди.— Ҳой, Назира, менга қара, туф-туф, кўз тегмасин, бирам тўлишибсанки, вой соддалигим қурсин, тушунмабман-а; кўнглинг қуртава тусаётганга ўхшайди-я?
— Йўқ, қўйинг-э, ўзим шундай гапирдим-да,— уялинқиради Назира.
— Яхши. Бўлсин, синглим, фарзанд бўлсин.— Меҳри она болаларига қаради,— қани, боринглар-чи, хатни кейин ўқиб бераман.
Меҳри она Назирани дарвозагача кузатиб қўйди. Кузатди-ю, бир неча қадам босгунча ўтган фурсатда хаёли ўн-ўн беш йилни кезиб чиқди: Назира почтага кирганида ёшгина қиз эди. Сумкаси тўлалигидан зўрға кўтариб юрарди. Уруш йиллари ҳамманикидан кўп шу уйга қатнаганман деса янглишмайди. Нотаниш шаҳарлар, нотаниш меҳрибонлардан даста-даста хат, посилкаларгача ўзи олиб келарди. Кунига уч-тўрт мартадан қатнаган пайтлари ҳам кўп бўлган. Урушдан кейин у турмушга чиқди. Биринчи марта юзларига доғ оралаб, ҳомиладорликнинг нишонаси сезилган кезларда эшикдан кирди-ю, Валини маҳкам қучоқлаб, юзларидан чўлпиллатиб ўпарди, кейин сира тортинмай: «Меҳри опа, ўғил кўрсам Валидек бўлса, жон-жон дердим», деб қайта-қайта такрорлар эди. Ниятига яраша тўнғичи ўғил бўлди. Мана, тағин бошқоронғи…
Меҳри опа биринчи конвертни очди. Ундан таклифнома чиқди, кечқурун соат еттига, клубга чақиришибди. Иккинчисини очди-ю, хатнинг қатидаги расмга кўзи тушиши билан тўхтаб, унга тикилиб қолди. Кўзларидан беихтиёр оққан ёш томчилари юзидан думалаб, кўкрагига тушди. Ровондан қизи Розиянинг йиғлаган товушини эшитмаганида ҳадеганда ўзига келмасди. Дарров расмни яшириб, кўз ёшини артди. Ровонга қарамади. Эрининг: «Кўз ёшингни қўй, болалар кўрса, Валичалик эмасмизми, деб ўксинишади, яхши эмас, Вали болангу, булар ўгайми!» деган гапи яна такрорлангандай бўлди. Тўғри боғнинг ичкарисига, танасини боя оқлаб қўйган ўрик дарахти тагига бориб ўтирди. Расмни яна қўлига олди: буниси аввалгиларнга сира ўхшамасди. Тўлишган, қоп-қора қуюқ қошлари сал чимирилгандай, кўзлари унга тик қараб турибди. Меҳри опа узоқ тикилди, яна кўзига ёш олди, ёш доналари гоҳ дув-дув тўкилар, гоҳо пастки лабини қимтиб, уни ютиб юборарди. Охири кўз олди хиралашди, суратдаги Валижон эмас, беш ойлик мурғак кўринди. Чақалоқмас, бир ҳовуч суяк, ич-ичига ботган қора кўзлари, қуюқ қошлардан бўлак, қонсиз, рангсиз этнинг ўзи.
…Эр-хотин комиссия ҳузурида узоқ туришди. Врачлар чақалоқни беришга рози бўлишмади. «Ҳали ярим ёшга ҳам тўлган эмас, бунинг устига касал, беролмаймиз» дейишди. Аллақандай касални айтишди. Сут ҳам ичмасмиш, ичгани ҳам шундай ўтармиш. Бу сафар Меҳри опа боланинг бирон кими бор-йўқлигини сўролмади. Бу юракка сиғармиди? Уйга келиб эр-хотин бир оғиз ҳам гапиришмади. Кечки овқатни ҳам унутишди. Меҳри опа туни бўйи осмонга тикилиб, мижжа қоқмай тонг оттирди. Эртаси куни яна борди. Бу гал врачлар «эплай олмайсиз» дейишмади, «эплаб бўлмайди» дейишди. Ҳаммасидан оғири «эмиза оладиган бўлганингизда ҳам бир нав эди» дейишгани бўлди. Хотин кишига бу сўзларни айтиш ҳам, эшитиш ҳам қанчалик оғир бўлмасин, тўғрисини гапирмай илож йўқ эди. Меҳри опа она бўлмаган, бўлиши ҳам мумкин эмас. Озмунча боқтирдими ўзини? Меҳри опа ўпкасини тутолмай йиғлаб юборди, назарида болани фақат ўзи, унинг ўзигина сақлаб қоладигандай бўлар, йиғи аралаш «наҳотки… Ахир гулдай мурғак…» дейишдан бошқани билмасди. У, боланинг онаси урушнинг дастлабки ҳафтасидаёқ бомба тагида қолиб ўлганини эшитиб, қаттиқ эзилди. Эри билан хомуш бўлиб кўчага чиқди, уйга қандай етиб келганини ҳам билмади.
Меҳри опанинг чақалоқни ўз тарбиясига олиш истаги аста-секин унда оналик меҳрини уйғотди. Чақалоқлар уйига ҳар куни борадиган, гоҳида кечгача болага термилиб ўтирадиган бўлиб қолди. Буни эри ҳам сезарди, дардини янгиламаслик учун бу тўғрида оғиз очмасди. Врачлар ҳам кўникиб қолишди. Меҳри опа эшикда кўриндими, дарров халат беришар, чақалоқнинг саломатлиги бирдек бўлса ҳам «анча дуруст» деб кўнглини кўтаришар эди. Шу зайлда бир неча кун ўтди. Охири чақалоқни неча хил шарту писандлар билан Меҳри опа тарбиясига беришди, врачлар хабар олиб турадиган бўлишди.
Меҳри опанинг бутун вужуди, фикр-хаёли чақалоқда бўлди. Ҳамширалар ҳар куни хабар олишар, махсус тайёрланган сут келтириб беришарди. Меҳри опанинг эри Маҳкам ака бир ярим сменада ишлашга ўтган, заводдан кеч қайтарди. Чарчаб келган бўлишига қарамай, у ҳам узоқ вақтгача чақалоққа термилиб ўтирарди. Бундай пайтларда у ўзини тутолмас, ҳозир аллакимдан ўч олмоқчидай қўлларини мушт қилиб, ғазаб ўтида ёнар, хотинига сездирмай секин ўрнидан туриб ҳовлига чиқиб кетарди.
Ёзнинг жазирама иссиғи еру кўкни қиздиради. Мевалар шундай қилганки, шохларини синдиргудай бўлиб ётибди. Меҳри опанинг кўзига ер билан битта бўлиб, тагларида тўкилиб ётган олмалар ҳам кўринмасди. Уларни Маҳкам аканинг ўзи ишдан қайтганда челак-челак қилиб териб оларди. Бир дам олиш куни Маҳкам ака дарахт тагларини тозалаб, мана шу эртапишар кекса ўрик тагига тахтадан каравот ясади, йўғон шохига беланчакни илиб, жой қилиб берди. Меҳри опа эртадан-кечгача чақалоқни бағридан қўймай шу ерда ўтирарди.
Орадан бир ойдан мўлроқ вақт ўтди. Бироқ чақалоқ бирдай, кўзлари борган сари ич-ичига тушиб кетаётгандай эди. Меҳри опа унинг пилтакачдай оёқ-қўлларини авайлаб силар, назарида, соатлаб қилган бу ҳаракатлари гўдакка малҳам бўлаётгандай туюларди. Жавдираган митти кўзлар, қорачиғи ёш пардаси билан ювилган умидвор кўзларга тикилиб турарди.
Бир куни сут келтирган ҳамшира Меҳри опани чақалоқни кўкрагига босиб, оғзига эмчак солаётгани устидан чиқиб қолди. Фойдаси борми бунинг, демоқчи бўлди-ю, ўзини босди. Меҳри опа «зора…» деб оғиз жуфтлаганида, ҳамшира унга далда берди: «Майли, она кўксининг ҳароратини сезар-ку». Меҳри опа шу куни чақалоқни кўксидан ажратмади. Сут ичириш пайтидагина шишанинг оғзидаги сўрғични тутгани бўлмаса, Маҳкам ака ишдан келгунча шу зайлда ўтирди. Эри буни дарров пайқади-ю, унга ҳеч гап айтмай, овқатга ўзи уннай бошлади.
Меҳри опа шу кеча ухламай ўтириб чиқди. Унинг қуруқ кўкси чақалоққа дармон бўлаётганини эртаси кечаси, кўзи энди илинай деганда, гўдак тамшаниб алланарсага интилаётганида аниқ сезди. Уйқу талаб кўзлари чарақлаб кетди, болани авайлаб бағрига қаттиқроқ босди. Тонг ёришаётганида, ҳа, худди кумуш тонг билан бирга Меҳри опанинг кўзидан тирқираб ёш, кўксидан сут келди. Уни мана шу тонг бошлаб келдимикин? Йўқ, тонгдай шаффоф, пок онанинг қалби бошлаб келди. Меҳри опанинг аъзойи баданида аллақандай титроқ турди, ҳаяжон босди, юзлари чўғдай қизиди. Пишиллаб эмаётган чақалоқнинг юзларига қон югурдими, ё унга шундай кўриндими, билолмади. Сўрғичдан эмганида бунчалик пишилламаслиги эсига тушди. «Меҳр сути бу. Шуни кутиб турганингни билардим»,— деди ўзича пичирлаб.
— Ҳой, дадаси, турсангиз-чи?!— деб юборди тўсатдан. У бу сўзни шундай оҳангда айтдики, ҳозирги севинчининг ҳаммаси шу сўзда ифодалангандай бўлди.
Маҳкам ака шошиб бошини кўтарди. Ҳеч нарсага тушуна олмади. Хотинини, ўн саккиз йиллик хотинини, мана шундай ҳаяжон ичида биринчи марта кўриши эди. Дам унга, дам болага тикилди. Сўролмади, бари-бир жавоб ҳам ололмасди. Меҳри опа: «Шакарнинг ози ширин» дегандек, болани кўкрагидан оҳиста ажратди. Унинг қовжираган лабидаги сут юқини доканинг учи билан артар экан, Маҳкам аканинг кўзлари чақнаб кетди, «Меҳри!» деганича, чақалоққа қўл узатди. Чақалоқ уйқуга кетган эди.
— Мана, дада, мени ойим эмиздилар,— деди бола тилидан Меҳри опа.
Бу воқеа, ким айтибди экан, бир зумда ҳамма ёққа тарқалди. Қўни-қўшни хотинлар худди Меҳрихоннинг кўзи ёригану, уни қутлаш лозимдек, кетма-кет келиб туришди. Чошгоҳга яқин бир эмас, уч врач ва бир ҳамшира кириб келди. Врачлар болани ҳам, Меҳри опани ҳам қайта-қайта кўришди. Улардан бири, кўзойнакли кекса хотин ҳаммадан кейин қолиб, узоқ суҳбатлашди. Нуқул, қандай бўлди, йиглармидингиз, неча кун ухламадингиз, ҳатто, илгарилари эрингиз туғмадинг, деб дакки берармиди, деганга ўхшаш жуда кўп саволлар берди. Охиргиси Меҳри опага оғирроқ ботди. Ахир Маҳкам ака бирон марта бундай гапни хаёлига ҳам келтирмаган-ку. Врач уни юпатди, саволларининг ҳаммаси зарурлигини, бу воқеа медицина учун катта аҳамиятга эга эканлигини айтди. Кейин анча маслаҳатлар бериб, «келиб хабар олиб тураман» деб чиқиб кетди.
Чақалоқ уч кунгача нари бориб, бери келди. Врачлар шундай бўлиши мумкин, дейишди. Кейин бола кун сайин эмас, соат сайин тўлишиб борди. Бир яшар бўлганида шундай етилдики, кўрганлар танимайдиган бўлиб қолди. Маҳкам ака ҳар куни эрталаб қўлига олмасдан туролмасди. Меҳри опа Валижоннинг оғзидан биринчи дафъа «ая» деган сўзни эшитган куни назарида ҳамма азоблари ювилгандай бўлди.
Улуғ Ватан урушининг оғир йиллари эди. Ўзбекистонга фронтда ҳалок бўлганларнинг болалари келтирилиб турилди. Эр-хотин маслаҳатлашиб шу болалардан яна бир-иккитасини ўз тарбияларига олмоқчи бўлишди. «Фронтга шу билан ёрдам берайлик, хотин», деди Маҳкам ака, Бнр неча ой мобайнида улар — жўжабирдек жон — кўп болалик ота-она бўлишди. Ўн икки ўғил-қизли ота-онанинг донғи бутун мамлакат бўйлаб таралди. Сал ўтмай бу ҳовлига фронтдаги жангчилардан хат, нотаниш кишилардан совғалар кела бошлади.
Бир куни Назира ўрта ёшлардаги бир жувон билан уйга кириб келди. Жувон Ксения деб ўзини танитди-ю, бесаранжом бўлиб атроф-теваракка қарай бошлади. Кейин Меҳри опани қучоқлаб йиғлаб юборди. Бу — Валижоннинг опаси эди… Ксения бир ойча меҳмон бўлди. Бироқ бирон марта ҳам укамни олиб кетаман, деб оғиз очмади. Буни айтиш қанчалик зарур бўлса, Меҳри опага шунчалик оғир бўлишини биларди. Эр-хотин ҳам буни тушунишарди. Ксениянинг эри фронтда ҳалок бўлгани, бир қизи билан ёлғиз қолгани Меҳри опада унга нисбатан туғишгандай ҳис уйғотди. Охири улар кўнишди.
Мана, тўрт йилдирки, Валижон опаси билан бирга, Днепр ёқасидаги шаҳарда яшайди, ҳар йили ёзги каникулда опаси билан Тошкентга келиб, шу ерда дам олиб кетади…
Меҳри опа қўлидаги расмни кўкрагига босиб шуларни хаёлидан ўтказаркан, ўрикнинг йўғон шохидаги арқон изига кўзи тушди. Ҳа, беланчак арқонининг изи бу. «Эсингдами, Валижон, унда сен мана шу новдадай нозик, нимжон эдинг, энди-чи… энди?..» У, яна расмга тикилди. Бунисида алланарса камдай. «Ҳа, вой соддалигим қурсин, галстуги йўқ-ку, бунинг. Вой, мана. Кўкрагидаги… комсомол значогими. Менинг Валижоним комсомол?!»
Меҳри опа хатни ўқий бошлади. «…Ойижон, қишда мен мактабимиз йўлидаги музлаган кўлда яхмалак отаётган қизни кўриб қолдим. Кўрдиму ўтиб кетавердим. Бирдан қиз чинқириб қолди. Ўгирилиб қарасам, муз ёрилиб, чўкиб кетаётибди. Дарров орқамга қайтиб, қорним билан муз устига эмаклаб бориб, қизнинг қўлидан тортдим. Роса қийналдим. Ўзим ҳам сувга тушиб кетишимга сал қолди. Яхшики, уни қутқариб қолдим. Рост-да. Ёрдам бермасам чўкиб кетарди-да, ўзингиз шундай дер эдингиз-ку, буни мен сизга ёзмаган эдим. Яқинда ўша қизнинг дадаси менга, устига отим ёзилган соат мукофот берди. Мукофотни сбор йиғилишида топширишди. Бўлмасам олмасдим-а. Каникулга борганимда шу соатни сизга олиб бораман, хўпми, ойижон, оласиз-а?»
— Ҳа, оламан, болам, оламан,— деб юборди Меҳри опа.
— Нимани оласан?
Меҳри опа ялт этиб ёнига қаради, эрини кўрди.
— Валингиздан хат келди, мана,— деди-да, суратни узатди. Маҳкам ака суратдан кўзини олмай ўзича гапирарди.
— Оббо азамат-эй, оббо азамат-эй…
Меҳри опа кечликка барвақтроқ уннади. Овқатни сузаётганида ўғилчасини етаклаб Назира кириб келди. Меҳри опа дастурхонга шунча таклиф қилса ҳам унамади.
Меҳри опа кийиниб бўлгунча, Назира ўғлининг қўзичоқ билан ўйнашганини томоша қилиб турди.
Улар йўлда кетишар экан, Назира сўраб қолди:
— Тайёрландингизми, опа?
— Нимага?— ҳайрон бўлди Меҳри опа.
— Сўзлар экансиз-ку?
— Йўқ, ким айтди?
— Клуб мудири айтди-ку.
— Тавба, бир оғиз айтиб қўйишмайдиям-а.
— Ҳа, сиз ўринлатасиз, опа. Москвада сўзлаган одам…
— Шундай дейсан-да, кўпчиликнинг салобати босади.
Меҳри опа гапни хатдан бошлади. Ўғилчасидан биринчи марта «ая» деган сўзни эшитгандан тортиб, сўнгги хатигача ҳаммасини айтиб берди. Одам билан лиқ тўла катта зал пашша учса сезилгудай бўлиб унинг нутқини — онанинг юрак сўзларини тингларди.
…Мен Валижонни ўз кўкрак сутим билан тарбияладим. Йўқ, мен уни юрак-бағримнинг ҳарорати билан вояга етказдим. Бу юрак, мана шу қалбимизнинг кучли ҳарорати олдида атом бомбалари ҳам музга айланади. Тинчлик бўлсин деб, қўйилаётган имзолар миллионлаб, юз миллионлаб пок қалбли кишиларнинг имзосидир. Бу шундай зўр кучки, ҳар қандай атом бомбаси ҳам унга бас келолмайди…
Ўтирганларнинг кўз олдида, худди шу саҳнада қизил галстугини ҳилпиратиб, бир неча марта декламация айтган, ҳамманинг ҳавасини келтирган Валижон намоён бўлди. У ҳозир ҳам саҳнада қўнғироқдай овозини жаранглатиб шундай деб тургандай:
— Тўғри айтдингиз, она!

Май, 1955 йил