Севимли Манзурамга бағишлайман.
Раҳим ота чўчиб уйғонди. Чарақлаб очилиб кетган кўзлари шифтга тикилганича бир неча дақиқа ағрайиб турди-да, кейин ёстиқдан аста бошини кўтарди, Ярим кеча. Тиниқ осмонда сузиб бораётган тўлин ой шуъласи деразадан уйга ёйилиб, бўйрадек жойни ёритиб турибди.
Сандалнинг пойгак томонида ўрин билан битта бўлиб ўғли Муҳиддин ётибди. Ота ҳайрон бўлди: «Нега бунчалик вақтли уйғондим-а, туш-пуш кўрганим йўқ, бирон жойга бормайман, уйқу бўлса қочди-кетди. Ё тонг ёришиб қолганмикан-а? Йўғ-э, ҳали анча бор» деди ўзига-ўзи ой ёруғига қараб олиб.
Узоқдан шалдираб оқаётган сойнинг овози келиб турибди. Бу товуш кундузлари ё қулоққа чалинмас, ё ота бунга эътибор бермас экан. Ҳозир эса баралла эшитилмоқда. Уйдаги сукунатни Муҳиддиннинг салмоқли пишиллаши ва яна алланиманинг чикиллаши бузмоқда. Раҳим отанинг назарида, иккинчисининг товуши қулоққа борган сайин тез ва аниқ чалинаётгандай бўлди. «Тавба, нима экан, супада эмасманки, чигиртка ё бошқа ҳашаротнинг овози бўлса?» Ота товуш чиқаётган томонга эгилиб, узоқ қулоқ солди. Кейин кўрпани секин қайирди-да, ўнг қўлини ерга тираб ўрнидан турди. Панжа бўғинларидан қирсиллаб чиққан товуш назарида токчадан чинни асбоб тушиб сингандан бўлиб эшитилди. Ота-да, ўғлининг уйқусини бузгиси келмади, эҳтиётлик билан ўрнидан турмоқчи эди, бўлмади. Ўз уйи, ўз фарзанди. Бемалол тураверса нима қиларди. У Муҳиддинга бироз тикилиб қолди. Ниҳоят, халақит бермаганидан кўнгли таскин топди-да хотиржам бўлиб, ой ёруғида баралла кўриниб турган кичик стол ёнига борди. Китоб устида ялтираб ётган чўнтак соатига кўзи тушиб, нотаниш овозни пайқади. Соатни қулоғига тутди, чиқиллаши яна зўрайди. Аммо тикилиб, неча бўлганини билолмади. Секин дераза ёнига бориб ташқарига қаради. Ўзи ўйлаганидай, ҳали тонг ёришишига хийла бор эди. Ўрнига келиб ўтирди. Соат ҳадеб чиқилларди. Муҳиддин ётган ўринга бир қараб қўйди-ю, аммо қоронғида унинг афтини кўра олмади. Шу пайт катта ўғли Нажмиддин эсига тушиб кетди.
…Худди ана шунақанги ойдин кеча эди. Ҳозиргидек гўзал эмас, юлдузлар ҳам, ой ҳам ғамгин кўринарди. Қор босган қишлоқ кўчаси одамлар билан тўлган, раис ўзи миниб юрадиган отни етаклаб Нажмиддиннинг олдига олиб келди. Жиловни унга тутқазар экан, алланималар деди. Шунда Раҳим ота ҳам, кампири ҳам беихтиёр йиғлаб юборишди. Тонг ёришай деб қолганда улар станцияга келдилар, ота ўзи бош бўлиб вагонга чиқди. Нажмиддинни сўнгги дафъа қаттиқ қучоқлаб пешанасидан ўпди-ю, «Ой бориб, омон қайт, ўғлим», деганича ўпкасини тутолмай йиғлаб юборди. Нажмиддин фронтга жўнади…
Раҳим ота шу ўтирганича хаёл суриб кетди. Ўшандан буён етти йил ўтибди. Ҳозир бўлганида йигирма еттига кирар экан. Ота қирқ бешинчи йил баҳорида қисм командиридан ўғлининг қаҳрамонларча ҳалок бўлгани ҳақида олган хатни эслади-ю, ўзини тутиб ололмади. «Мингдан-минг розиман, ўғлим. Умринг қисқа экан, начора. Зурёд қолдирганингда ҳам майли эди… Илло, ўзингдан яхши от қолдирдинг. Юрт учун, халқ учун жонингни бердинг. Отангнинг юзини ерга қаратмадинг…»
Ой шуъласи уйнинг ўртасига келиб, Муҳиддин ётган ўриннинг ярмини ёритди. Раҳим ота унга тикилди. Бирдан авзойи ўзгариб, кўзлари чақнаб кетди. «Йўқ асло. Биттасидан айрилдим, доғи ҳали юрагимдан кетгани йўқ. Энди бунисини ҳеч қаёққа юбормайман. Бир оёғим ерда бўлса, бир оёғим гўрда. Муҳиддин мени ўз қўли билан кўмиши керак. Тонг отсин, тўғри ижроқўмга, бўлмаса райкомга бориб, Назаровнинг ўзига арз қиламан…»
Отаси тушмагур-ей, зап ралати одам-да. Лоп этиб ёниши ҳам ҳеч гапмас, поп этиб ўчиши ҳам. Арз қилармишлар. Нима деб арз қиларкинлар? Яна келиб-келиб ўша Назаровга-я. «Ўғлим бебош бўлиб кетди», дейдими? Ё «Мени ташлаб кетаётипти» дейдими? Борди-ю, шунда: «Ҳой, бой бўлгур, куч-ғайратингизни шу ерда кўрсатсангиз ҳам бўлади», деб худонинг зорини қилган хотинининг сўзига кирмай, катта қурилишга жўнаганини Назаров юзига солса-чи. Унда нима бўлади? Жуда юзига солмаганида ҳам: «Қаранг, ўғлингиз отасига ўхшабди-қўйибди-да, а?!»—деб ғалати кулиш қилса-чи? Назаровнинг шунақа одати бор-ку, ахир, шартта гапириб, уялтирмайди-ю, аскияга ўхшатиб, тагли гап қилади-да, кетидан ғалати кулиб қўяди. «Йўқ, нима деса десий, қаттиқ туриб талаб қиламан…»— деди ўзича Раҳим ота. Бу гал у ҳадеганда поп этиб ўча қолмади. Борган сайин алангаланарди. Агар ёнида ўғли ухлаб ётмаганида, аланга ичидан ёнаётган палёнларнинг чарсиллаётгани, ўтнинг гувуллаган нафаси эшитилар, буруқсаган тутуннинг кўзни ёшлатадиган аччиғи сезиларди. Ўғлининг уйқу халоватини бузмайин деб, буларнинг ҳаммасини ичига ютиб ўтирибди ота.
Узоқ ўтирди. Отага атайин кўрсатмоқчи бўлгандай сандал устидан сайрга чиққан ой бамайлихотир йўл босиб, Муҳиддин ётган ўриннинг ёстиғигача борди. Ойнинг бу сафарини диққат билан кузатиб ўтирган Раҳим ота қараса, ой ҳозир ёстиқдан ўтиб, деворга кўтарилади, кейин уйни қоронғилик босади. Шуни кутиб ўтирмай дедими, ирғиб ўрнидан туриб, ташқарига чиқиб кетди…
Район ижроия комитетининг раиси уч кундан бери қишлоқда экан, Раҳим ота ўйлаб-нетиб турмай, тўғри райком партия биносига кириб борди.
Райком секретарининг қабулхонасида секретарь қиздан бошқа ҳеч ким йўқ. Раҳим ота у билан сўрашиб бўлиб, ичкари кирмоқчи эди, қиз тўхтатди, бир оз кутиб туришини айтди. Раҳим ота юмшоқ креслога ўтириб, қўлларини ҳассасининг дастасига устма-уст қўйганича нимадан гап бошлашини ўйлаб кетди. Нимани хаёлига келтирмасин, бари бир ҳаяжон босиб, фикрлари чувалашиб кетарди. Аксига машинканинг чиқиллашини айтинг. Отанинг ҳадди сиғса «қизим, бир нафас тўхтатинг», дер эди. Ишқилиб, биров кириб қолиб, гапи чала қолмасин-да, Раҳим ота шуни ўйлаб ўтирибди.
Қўнғироқ чалиниб, секретарь қиз ичкари кирди. Орадан бир оз ўтгач, қўлида икки варақ қоғоз кўтариб чиқиб, машинка ёнига ўтираётганида, кабинет эшиги очилиб, Назаровнинг ўзи чиқиб қолди.
— Ие, ие, отахон келибдилар-ку, аесалому-алайкум,— дея қўлларини ёзиб, унга яқинлашди Назаров.— Қалай, бардаммисиз, тетикмисиз?—қариянинг қўлини икки кафти орасида сиқиб турганча, кулиб юзларига тикилди. Унинг шунақа одати бор. Мана шундай жилмайиб туриб, одамнинг юзига тикилдими, бўлди, ичидагини билиб оларди. Ҳеч бўлмаганда юрагидаги дарди хушликданми ё нохушликданми, шунисини ажратарди. — Қаёқдан кун чиқди? Сиз ҳам келар экансиз-ку, биз томонларга?
Назаровнинг кўнгилни тоғдек кўтарадиган бу гинахонлиги ловиллаб турган оловни поп этиб ўчирмаган бўлса ҳамки, устидан бир челак сувни шакароб қилиб юборди. Бир-иккита чала чўғлар йилтиллаб турибди. Қайта аланга олармикин, яна билиб бўлмайди.
— Сизнинг олдингизга келмай, қаёққа борардик, ука.
— Яшанг-э, Раҳим ота, қани, марҳамат, ичкари кирайлик,— деди-да, Назаров секретарь қизга қаради,— отамни куттириб қўйибсиз-да, бир оғиз айтмабсиз ҳам… Колхоздан келадиганлар ҳақида ўша заҳотиёқ мени хабардор қилинг, унутманг…
Секретарь қиз ўнғайсизланиб, бир нима демоқчи бўлди-ю, гапиролмай қолди, улар ичкари кириб кетишганди.
— Оббо, Раҳим ота-э,— дея юмшоқ креслога ўтқазди уни Назаров,— зап кепсиз-да.
— Бир кўрай дедим, бир томони…
— Жуда яхши қилибсиз-да. Мана шунақанги эшикдан кириб келиб, йўқлаб турсангиз хурсанд бўламан, ҳақингизга дуо қиламан,— деди-да, хохолаб кулиб юборди Назаров,— биздақаларнинг дуосини олганлар асти кам бўлмайди,— қўшиб қўйди кулги аралаш.
Раҳим ота ҳайрон бўлганича, ағрайиб турарди. Кулиб кулаётганга, хафа бўлиб хафа бўлаётганга ўхшамасди. «Нималар деяпти секретарь ўзи? Мени мазах қилаётиптими ё… Дуо қиламан дегани нимаси? Тағин кулади-я. Ҳеч шу тагли гапи қолмади-да…»
— Ҳайрон бўлдингиз-а. Келинг, айтиб берай, саксон учга кирган амакимиз борлар. Шаҳарда турадилар. Шу десангиз, хизматдан қўл бўшаб, вақти-бевақт бориб кўролмайман. Келинингиз, болалар бориб туришади-ку, ўзим камдан-кам йўқлайман. Менинг ўрнимга, амакимнинг ўзлари келиб турадилар. Хижолат бўламан. Узр сўрайман. Хизматни рўкач қиламан. Шундай деяверсам, амаким силтаб ташлайдилар: «Болам, мени сендан гинахонлигим йўқ. Биламан, юртнинг иши бошингдалигини. Омон бўлгин, болам…»—дея менга тасалли берадилар. Шу-шу, ҳар келганларида хижолат чекиб, узр сўраш ўрнига, ҳазиллашадиган бўлдим. Бунга амаким ҳам ўрганиб қолганлар. Гапларим жуда ёқади, оппоқ соқолларини селкиллатиб куладилар, жуда завқ билан куладилар: «Ўзим ҳам қариганда дуоингни олиб қолай деб келаман», дейдилар-да, келинингиз, ўғил-қизларни кулдирадилар.
— Э, ҳа, мундоқ денг,— ёришди Раҳим ота,— энди тушундим. Мана биз ҳам дуоингизни олгани келдик-да, ука.
— Жуда яхши қилгансиз-да,— деди Назаров ҳамсуҳбатининг қалбига йўл топганидан мамнун бўлиб,— қани, хўш, отахон, нима гаплар?
Раҳим ота бир оз ўнғайсизланди, салмоқлаб сўзлай бошлади:
— Ўзингизга маълум… катта ўғлимиз Нажмиддин…
Назаров отанинг авзойи ўзгарганини сезиб, уни юпатишга уринди.
— Хафа бўлманг, жанг қурбонсиз бўлмайди, лекин азамат йигит эди.
— Ўтган йили кампирдан ҳам айрилдик. Ҳозир биттаю битта суянчиғим мана шу Муҳиддин. Барака топкур, ука Назаров, сиздан сўровим шуки, кексайиб қолганимда шу ўғлим багримда бўлсин, кўзим очиғида бир бошини икки қилиб қўяй.
Назаров бошини столга энгаштириб, чаккасини ушлаганича отанинг сўзини диққат билан тинглади. Аммо нима демоқчи бўлганига яхши тушунолмади.
— Ие, олдингизда бўлмай, қаёққа борарди?
— Ахир Мирзачўлга юбораётган эмишсизлар-ку,
— Ким юбораётган эмиш?
— Райком деди-ку.
Назаров воқеага тушунди-да, кулиб қўйди. Чойнакдаги охирги чойни қуйиб, отага узатди.
— Мирзачўлга бориш мажбурий эмас, Раҳим ота. Ҳар кимнинг ўз хоҳиши.
— Ҳа-ҳа, ҳали шундай денг. Ўзбошимчалик қилиб, мени алдабди-да, тирранча,— ота асабийлашди, бир зум соколини тутамлаб турди-да, бир нарса эсига тушгандай Назаровга қаради,— ҳай, ука, айбга санаманг, кексалик-да, гапнинг тагига тушунмай олдингизга келиб сизни ҳам ишдан қўйдим,— ота қўзғалмоқчи бўлди.
— Йўқ, Раҳим ота, ўтиринг, сиз билан суҳбатлашиш ҳам муҳим ишлардан ҳисобланади.— Назаров папирос ёндирди ва гапини бошқа томонга бурдй,— анча кексайиб қолибсиз-а, Раҳим ота, қанчага бордингиз?
— Олтмиш олтига қадам қўйдим.
— Шундай денг, энди ишламай дам олиб ётсангиз ҳам бўлар экан.
Раҳим ота тушунолмади. «Ўғлимни юбормайман деганимдан, боқадиган ҳеч кимим йўқ, қийналаман деяпти, деб ўйлади шекилли», деган фикр ўтди кўнглидан.
— Рўзғор ташвиши деб ишлаётганим йўқ, ука, ҳали ўнта ўғил-қизни боқишга қурбим етади.
— Биламан. Дам олинг деяпман-да, отахон.
— Ука, мен тушунолмай қолдим-ку. Нима, кексаларнинг ишлашга ҳаққи йўқми,— ота бир оз тезлашди, қонуний ҳақ-ҳуқуқини даъво қилаётгандай дадил гапира бошлади,— ҳали ҳам икки кишининг юкини кўтаришга қодирман… Сиз дам олинг, дейсиз. Билган кишига, ҳозирги замонда меҳнат қилиш — дам олиш деган гап. Мен сизга айтсам, меҳнат оғир эмас, меҳнатнинг зое кетгани оғир. Меҳнат — роҳат дейдилар. Бу гап янги эмас, эски замонлардан бору, аммо ўз қадрини энди топди. Нима учун, ким учун меҳнат қилаётганингни билсанг бундан яхши роҳат борми дунёда!
Назаров қўлларини орқасига қилиб кабинетнинг у бошидан-бу бошига юрар, Раҳим отанинг гапларини завқланиб эшитарди, ўтган йили район колхозчиларининг слётида «Ота, сиз ҳам чиқиб сўзланг, звенонинг қандай қилиб юқори ҳосил етиштирганини айтиб беринг», деганида, «Ука, шу ташвишдан мени холироқ қўйинг, ваъз айтишга тил келишмайди», деган эди. Ҳозирги гаплари Назаровни ҳайратда қолдирди. У, ўзича: «Оммага ўргат, ундан ўрган!» — деб такрорлади-да, стол ёнига келиб ўтирди.
Унинг ҳозирги авзойи бояги хушчақчақ ҳолатига сира ўхшамасди. Қарашлари жиддий, сал қовоғи солинган, диққат-эътибори қариянинг гапларида… Тахмини тўғри чиқди. Отанинг дарди бор. Аммо тўғри йўлга солиб юборилса, дардга шу ернинг ўзидаёқ даво топилади-қолади. Топилганда ҳам отанинг ўзидан топиладиганга ўхшаб турибди.
— Шундай қилиб, ҳалол меҳнат билан бадавлат турмуш кечириш, қишлоқни обод қилиш ўзи катта роҳат дейсиз-да? Тўғри айтдингиз Раҳим ота. Шуниси ҳам борки, биз қишлоқларни обод қилиш билан хотиржам бўлиб қолишимиз ярамайди. Ҳали мамлакатимизда бекор ётган ерлар озмунча эмас. Ўшаларни ҳам обод қилишимиз керак. Боя ўзингиз айтган Мирзачўлни билареиз-а?
— Ие, билмай-чи, Фарҳодда салкам бир йил ишладик-ку.
Назаров мийиғида кулиб қўйди. У худди калаванинг учини топгандай, яна сўради:
— Раҳим ота, Фарҳодга сизни ким юборган эди? Ота бир оз ўйланиб жавоб қилди:
— Ука, у ёғини асти сўраманг. Мени кекса деб юборишмаган. Раис билан аччиқ-тизиққа ҳам бориб қолганмиз. Ахир мамлакатда шундай улуғ иш олиб борилаётган бир пайтда ундан четда қолиб бўлармиди? Охири, ишлаётганларга озиқ-овқат ортиб, ўзим бордим. Қўлимиздан келганича бир йил ишладик.
Назаров: «Нажмиддинни фронтга ўз қўлингиз билан узатганингиз, душманни енгмагунча қайтма, деб насиҳат қртлганингиз ҳам эсингиздами?»— деб сўрамоқчи бўлди-ю, отанинг ярасини янгилагиси келмади.
— Ана шу сиз кўрган чўлнинг жуда кўп қисми неча-неча йиллардан бери бекор ётибди.
— Ҳа, жуда ҳам азим чўл, уни ўзлаштириш учун озмунча куч керак эмас-да, Эсимда бор, ёшлигимизда гапириб юришар эди. Бу чўлга золимнинг замонасида кўп уннаб кўришган, бари бир ҳеч натижа чиқмаган. Сабаби, боя мен айтгандай, сув чиқарилганда ҳам пешона тери тўкиб, ариқ қазиган бечора деҳқонларга фойдаси тегмас эди-да.
— Тўғри, чўлни обод қилишга кўп куч керак. Аммо Сирдарёнинг сувини бўғиб, бошқа томонга окизиб юборган сиз билан бизларми ахир?
Ота ўйланиб қолди. Олтмиш минг кишининг Фарҳод ГЭСга чиқиб ишлагани кўз олдига келди, Ўйлаб қараса, шу ёшга келиб бунақаяги азамат қурилишни сира кўрмаган экан.
— Дарвоқе, жуда катта иш қилинди,— деди ота,— халқ ўз меҳнатидан баҳраманд бўлишга ишонса, бир ниятни кўзласа, ҳамжиҳат бўлиб бир ёқадан бош чиқарса, бундан кучли нарса бўлмайди. Ахир шундай оғир уруш пайтида Фарҳод қурилди-я…