Қулман Очилов. Савил (ҳикоя)

Шомурод Алимов бўлим мудири бўлиб ишлайдиган газета таҳририятидаги компьютери бузилиб қолганидан сўнг ноутбукини қўлидан қўймайдиган бўлди. Нима қилсин, қачон янги компьютер олиб беришларини кути-иб, қўл қовуштириб ўтирсинми. Рақобот майдонида аранг жон сақлаб турган ҳафталик газетанинг даромади ҳамин қадар бўлса. Уйда ёзишни бошлаган мақоласини кўпинча таҳририятда давом эттиришига тўғри келади. Ҳам эрмак, ҳам иш, ҳам қалам ҳақи.
 Уйидан чиқиб, бекатга боргунча, автобусдан тушиб, ишхонасига етгунча анча йўл. Баҳорнинг салқин ҳавосида яёв юриб яйрайди. Фақат ноутбукнинг оғирлиги бор. Доим тирбанд автобусда яхши хам ёш-яланг дарҳол жой бўшатади. Барваста қомати, салобатли ва бироз хорғин юзига қараб раҳми келадими, ё оқара бошлаган сочларининг ҳурматини қиладими, ишқилиб, ўғилдир, қиздир, ирғиб ўрнидан туради: «Келинг, амаки, ўтиринг!» «Амаки» ўтириб, сумкасини тиззасига қўяди ва ўйлайди: «Балки ўғлимнинг гапига кириб, машина миниб юрганим яхшимиди? Бари бир гаражда чанг босиб турибди-ку». Бироқ фикридан қайтади. Йўқ, турган-битгани – дахмаза. Ишхонага ўн минутда келиб, ярим соат машина қўйдиган жой қидирасан. Тумонат автомобилнинг орасидан кеч тушганда “Нексия”ни олиб чиқиш ҳам осон эмас. Бензини ҳам чақади.
 У чорраҳада светофорнинг яшил чироғи ёнишини кутиб турган эди. Кимдир ёмғирпўшининг енгидан секингина тортгандай бўлди.
 -Ўғлим, мени кўчадан ўтказиб қўйинг! Илтимос!..
 Ёнида кулча юзини қалин ажин босган, паканагина ва озғингина бир одам турарди. Юзи ҳам каттакон телпагининг орасидан чиқиб турган сочларидек оппоқ. Ияги икки томондан осилган лўнжлари орсида кўринмай кетган. Қўлида ингичка оқ пластмасса қувурдан ясалган қўлбола ҳасса.
 -Хўп бўлади, отахон! -деди Шомурод Алимов ва унинг тирсагидан олди.
 -Раҳмат, ўғлим! Фақат мен тез юролмайман. Бодим бор, савил.
 -Бемалол, отахон, бемалол. Қани, секи-ин юрдик.
 Узун курткасидан куядори анқиб турган отахон оёғидаги пошнаси баланд ботинкасини аранг судраб, икки оёғини икки томонга керганча, ўнг ёнига сал қийшайиб қадам ташлар экан, калта-калта йўталиб қўярди. Шу аҳволда, шу маҳалда кўчада нима қилиб юрибди экан бу бечора? Бирор маҳмадана машинасида туртиб кетса нима бўлади? Уйида худога тавалло қили-иб ётмайдими, чол одам.
 «Балки бу шурлик ҳам менга ўхшаб пиёда юришнинг кони фойда эканини бирор жойда ўқигандир, эшитгандир», мийиғида кулди журналист.
 -Кеч тушганда йўлга чиқибсиз, амаки? – деди у. -Тинчликми?
 -Тинчлик, болам, тинчлик,- чол ҳамроҳининг ўнг билагига оҳиста осилиб олдию, шу саволни кутиб тургандек, гапга тушди. -Магазинга, нонга боряпман. Жавдар буханкасига ўрганганман. Оби нон жиғилдонимни қайнатади, савил. Тишим ўтмайди. Чайнаш қийин, савил…
 -Нонга? – деди Шомурод Алимов ноутбукни чап қўлига ўтказар экан. – Нима, уйингизда нон олиб келадиган одам йўқми? Келин, бола-чақа, невара-чевара дегандай?
 -Нега йўқ бўлар экан? Бор. Худога шукр ҳаммаси бор. Бола-чақа, невара-чевара, келинлар – ҳаммаси бор. Бу ёғини айтсам, икки ўғлим, бир келиним банкир. Армон ҳам, камчилик ҳам нест!
 -Зўр-ку! Нега унда бундай овора бўлиб юрибсиз?..
 -Нима қипти? Нима овораси бор? – Чол бошини сарак-сарак қилди ва сирли кулди. – Мен ўзим болаликдан сал дайдироқман, савил. Таксичи бўлганман-да. Иннанкейин, ўғлим, анаву идорага тез-тез ишим тушиб туради.
 Чол «Вино. Водка. Бар» деган пешлавҳа осилган пастқам иморат томонга қўли билан ишора қилди ва гапини давом эттирди:.
 -Уйимизнинг ёнида мактаб, боғча деган нарсалар кўп, савил. Бундай “махфий идоралар”ни қуришга рухсат йўқ эмиш. Ҳи-ҳи,-ҳи!.. Ўзингиз ҳам баъзи-баъзида “бешта-бешта” қилиб турасизми?
 Ҳа, “кечки сайр”нинг сабаби бу ёқда экан-да.
 Шомурод Алимов саволни эшитмаганга олди: “Астаҳфируллоҳ! Ўзи асрасин!”
 -Ҳаёт қизиқ, – деди чол, – илгари отамдан яшириб ичардим, кейин -болаларимдан, энди эса невараларимдан уяламан, савил. Ҳи-ҳи,-ҳи!..
 Светофорнинг қизил чироғи ёнганида улар ҳали кўчанинг ўртасига ҳам етмаган, чол эса тинимсиз жаврар эди. Автомобилчилар бетоқат сигнал чала бошлади. Шомурод Алимов қўлини кўксига қўйиб, ҳайдовчилардан узр сўраган бўлди: «Қаричилик! Озина сабр қиласизлар энди!»
 -Баркат топишсин, болаларимнинг топиш-тутиши яхши. Айниқса, кенжа ўғлимнинг. Лекин, биласизми, икки ўғлим ҳам ичмайдиям, чекмайдиям…
 – Дўкондорлар: “оталаринг планни бажариб қўйган”, деб уларга ароқ бермаса керак-да?
 Чол пичингни тушунмади, шекилли:
 – Билмадим, – деди. – Хотиним қазо қилгунича анча дадил эдим. Икки йил бўлди, диабетдан кетди, раҳматли. Бодим ҳуруж қилмаса, ўзимни бемалол эплайман. Фақат сўнгги пайтда кўзим қурғур панд бера бошлади. Хиралашиб қолди, савил. Дўхтирлар кўпроқ жигар енг, дейди…
 Кўчадан эсон-омон ўтиб олишди.
 -Буёғига энди ўзим кетавераман-у, – деди чол, – лекин сиз бирга юринг, бешта-бешта оламиз.
 -Раҳмат! Мен ичмайман.
 – Безовта бўлманг. Ўзим меҳмон қиламан. Газаги ҳам бор барда.
 -Раҳмат.
 Чол начора дегандек елкасини қисди ва ҳассасининг бовини билагидан ўтказиб, қўлини кўксига қўйди:
 -Илоё, умрингиз узоқ бўлсин, ўғлим! Менинг ёшимга етиб, болаларингизнинг роҳатини кўриб юринг, раҳмат!..
 -Илоё, айтганингиз келсин!.. Сир бўлмаса, нечига кирдингиз, отахон?
 -Етмишга.
 -Нечига?
 -Етмишга, болам, етмишга!..
 Шомурод Алимов қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборишдан ўзини аранг тутиб қолди. «Отахон» ундан уч ёш кичкина экан. Оббо, савил-ей!.. –0–
 
“Ҳуррият” газетаси, 2014 йил 11 июнь.