Қулман Очилов. Қурт (ҳикоя)

Ҳошим Насимов беданага ўхшайди – кутилмаган жойда оёқнинг остидан чиқади. «Ассалому алайкум, мавлоно!» – деган масхараомуз овозни эшитиб, иштаҳа билан тановул қилаётган таомингизга пашша тушгандек қутингиз учади. Ён-верингизга қарайсиз. Лекин овоз эгасини тополмайсиз. Негаки, у ё ортингизда, ё тепангизда – бирор кўпқаватли иморатнинг деразаси ёки баланд зинапоясида – виқор билан пастга қараб турган бўлади:
 «Ассалому алайкум, мавлоно!»
 Иккинчи марта бу сўзлар бир чақирим наридан ҳам баралла эшитиладиган даражада, тантановор янграйди. Гўё овоз эгаси минг йиллик қадрдонини кутилмаганда учратиб қолгану боши осмонга етган. Аслида мақсад ҳам шу – ҳамма кўрсин, эшитсин, ҳавас қилсин.
 Бу гал ҳам шундай бўлди. Унинг овозини эшитиб, ён-веримга алангладим. Йўқ. Қарасам, бекатдаги товуқ катагидек пастқамгина дўкондан тиржайганича чиқиб келаётир. Ўн йил бурун уни таҳририят эшиги олдида қандай ҳолда кўрган бўлсам, ҳозир ҳам шундай: бошида соябони қийшайиброқ қолган қора мовут шляпа, эгнида этагининг тагидан кулранг астари осилиб турган кенг сарғиш ёмғирпўш, бўйнида ингичка қизил галстук, оёғида пошнаси қалин ботинка, қўлида дастагига кўк изолента ўралган портифель.
 Мен каби автобус кутаётганлар – ўн чоғли эркагу аёл, ёшу қари – ҳамма ялт этиб биз томонга қаради. Салом эгаси бу эътиборни кўриб, саҳнада олқиш олаётган хонандадек яйраб кетди. Бундай сархуш паллаларнинг лаззатига не етсин! Доим эътиборда бўлиш, одамларнинг ҳавасини қўзғаш завқи нақадар тотли!
 -Валайкум ассалом! – дедим секингина ғижиним келганини сездирмасликка ҳаракат қилиб. – Дурустмисиз, домла?
 -Яхши.
 Биламан, «домла» деганим унга ёқмайди. Қандай ёқсин: у мени кўкларга кўтариб, «мавлоно» – олим, аллома, зоти олийлари деб турсаю, мен, «университетни чала-чулпа битирган бир жипириқ», профессор одамни оддий мактаб муаллими ёки масжит имомига тенглаштириб, «домла» деб ўтирсам. Бироқ Ҳошим Насимов ҳам энсаси қотганини сездирмайди:
 – Қани, мавлоно, ишдан қайтаяпсизми?
 У «мавлоно»ни яна бир бор, энди алоҳида урғу бериб такрорлайди. Шуни билан гўё ўзининг илм аҳлига мансублигини писанда қилади: қаранг, кўринг, ғоят иссиқ келган баҳорнинг жазирамали кунларида қўлимдаги портифелни бекорга куйиб-пишиб кўтариб юрганим йўқ, сочларим бекорга тўкилиб, пешонам бежиз ялтираб қолмаган, қаншаримдаги гардиши қалин кўзойнак ҳам осмондан тушмаган. Илм йўлида чеккан захматларим, уйқусиз тунларим, шогирдлар тарбиялаш эвазига орттирганман буларни. Қаршингизда турган одам, яъни Ҳошим Насимовнинг кийиниши дарвешона (дарвешликнинг ўзи улуғлик эмасми!) бўлса-да, «оддий домла» эмас, профессор, олими замон, аллома! Мавлоно!
 -Илмий журнал таҳририятида ишлар қалай, мавлоно?
 Саволга қарамайсизми! «Илмий журнал таҳририятида ишлар қалай?» Эл қатори «ишларингиз яхшими?” ёки “тузукмисиз?” десанг, телингга чечак чиқадими дейдиган мард йўқ. Илло, бу расмиятчилик ҳам иддаодан ҳоли эмас – менинг чакана одам эмаслигимга ишора. «Бу хушсурат йигит, ёшгина бўлишига қарамай, фалон илмий журналда масъул лавозимда ишлайди. Ўзимизнинг укамиз. Ишга ўзимиз жойлаб қўйганмиз».
 Бирор нуфузлироқ, кўзга кўринганроқ, айниқса, мансаби баландроқ одам ҳақиқда гап очилса, албатта Ҳошим Насимовнинг таниши, албатта уни Ҳошим Насимов ишга жойлаган бўлиб чиқади:
 «Фалончими? Э, ўзимизнинг укамиз-ку. Кеча оқшом уйимизга яна «бир вагон» совға-салом кўтариб кеп қолди, денг. Жуда-жуда ноқулай ҳолга тушдим. Муътабар жойда ишласа. Мана мен деган одамлар бир мартагина салом-алик қилишни умри бўйи орзу қилсаю, у киши шахсан ўзлари бизни уйимизга дам-бадам йўқлаб келса. «Бу нимаси?» дедим. Ҳар гал шундай ошиб-тошиб келаверсангиз, кўрганлар нима дейди? Ака-укалигимиз, устоз-шогирдлигимиз қаерда қолади?» Кошки, таънаю дашномларим кор қилса. Кулади. Лекин асло билганидан қолмайди».
 Суҳбат-томошанинг бекатдаги авомга аталган саҳнаси тугаб, бош муҳарриримиз Ваҳоб акага бағишланган асосий қисми бошланади.
 -Илмий журнал таҳририятида ишлар яхши, – дедим мен ҳушламайгина ва билагимдаги соатимга кўз қиримни ташлаб қўйдим. Етти бўлай, деб қолган эди. “Устози калон”дан қутилиб, имиллаган автобусда уйга етгунимча ярим тун бўлади.
 -Ваҳобжон қалай, мавлоно?
 -Яхши.
 Жавобимга Ҳошим Насимов парво қилмади. Бу кўчат ҳақидаги сийқа, лекин Ҳошим Насимов учун ғоят тотли афсонанинг шунчаки дебочаси эканлигини яхши биламан. Унинг жағи очилади. Энди ёпилиши қийин:
 -Ваҳобжон – ўзимизнинг укамиз, – деди у. – Журналнинг бош муҳаррирлигига ҳам шогирларимга айтиб, ўзим қўйдирган эдим. Биласиз-ку, обрўйи баланд укаларим, шогирдларим кўп. Бирортасиям гапимни икки қилмайди. Дам олиш кунлари ҳовлимиз бозор бўп кетади, денг. Ҳаммаси кетма-кет йўқлаб келаверади. «Овора бўлманглар!» десам, қўл силташади: «Овораси борми, устоз. Ундан кўра, фалон масалада маслаҳат беринг!» Ваҳоб акангиз ҳам бир куни маслаҳат сўраб кеп қолди. Янги қурган ҳовлисига дарахт экмоқчи экан. «Мана, олинг, укам», дедим-да, йигирмата кўчат бериб юбордим. Орасида сакурадан настарингача, магнолиядан марваридгулгача бор. «Ҳовлим ботаника боғи бўлиб кетди, устоз”, дейди шундан бери ҳар кўрганида. Қаздорман! Мевасига невараларингизнинг тиши тегиб қолди».
 Ҳошим Насимов бош муҳарриримизга берган кўчатлар банкка қўйилган омонатдай йилдан йилга кўпайиб бораверади. Беш йил аввал «Ваҳоб акангизга бешта кўчат берганман», деб мақтанарди. Сўнг уларнинг сони ўнтага етди. Энди аён бўлики, йигирмата экан. Бунинг устига мева ҳам бера бошлабди.
 Ҳошим Насимов бу гапларни фақат менга эмас, Ваҳоб акани танийдиган инсон борки ҳаммасига ҳар кўрганида айтади.
 Бир куни бош муҳарриримизга нолиндим:
 «Кўчат оламан десангиз бошқа одам қуриб кетганмиди, ака? Келиб-келиб шу одамдан сўрайсизми? Бозорда минг хили тиқилиб ётибди-ку!..»
 «Кўчатларига бало дорисин, шу калнинг! – деди Ваҳоб ака. – Ундан кўчат-пўчат сўраганим йўғ-а! Ҳовли қураётганимни эшитиб, ўзи олиб борган экан. Бир қўли билан чумоли босган учта шафтоли кўчатини бериб, иккинчиси билан журналда чиқариш учун хашаки мақоласини узатган. Ўлай агар, бирортасини эккан бўлсам. Кўчат олмай мен ўлай, мақтанмай Ҳошим кал ўлсин! Бўлди, жонимга тегди! Энди кўрсам, ўша хумдай калласини узаман, энағарнинг! Ўн йилдан бери кўчада бировга салом берсам, «Ҳошим домла сизга бир мошин кўчат берган экан. Ҳосилга кириб қолдими?» деб сўрайди. Бермай ўлсин!..»
 -Ваҳоб акамиз ҳам жуда қизиқ, парвойи палак одам-да, домла,- дедим гўё куйингандай. – Ҳовлисидаги дарахтларнинг ҳаммасини кесиб ташлабди.
 -Иб-е! Нега? – Ҳошим Насимовнинг кўзойнаги ботаётган қўёш нурларида ялтираб кетди.- Нима бўпти, мавлоно?
 -Ҳаммасига қурт тушиб кетган экан.- Бичиб-тўқишни давом эттирдим. -Қарамаган-да!
 -Об-бо! – У пастки лабини тишлаб, афсус билан бошини чайқади. -Акангиз ҳозир Тошкентдами, ишқилиб?
 -Йўқ, – дедим яна қаршимдаги «боғбон»нинг таҳририятга ё бош муҳарриримизнинг уйига бориб қолишидан чўчиб. -Кеча Японияга, халқаро симпозиумга кетди, чоғи.
 Ҳошим Насимов нимагадир қувониб кетди:
 -Майли, қўяверинг, мавлоно,- деди у.- Эртага Ваҳоб акангизнинг уйига ўзим яна йигирмата кўчат жўнатиб юбораман. Энг зўрларидан! Дарахтларга сепадиган дориси билан бирга. Шунда ҳовлисию боғига умуман қурт доримайди!..

 “Оила даврасида” газетаси, 2014 йил 22 май.