Телевизорда «Сўнгги хабарлар» бошланди.
«Улуғ айёмлар арафасида кексалар, бемор ва ногиронларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш – халқимизнинг азалий эзгу фазилатларидан…» — деб бийрон сўз бошлади диктор.
— Бошқа каналга олайми? — деди аёл.
— Йўқ,- деди эр. — Турсин.
«…Қурбон ҳайити бошланаётган ушбу шукуҳли кунларда халқимизнинг бундай ноёб фазилатлари янада кенгроқ ва ёрқинроқ намоён бўлмоқда…»
— Компаниямиз ҳам Олмазордаги етимхонага…
— Меҳрибонлик уйига, денг, адаси! Қулоққа ҳунук эштиларкан…
— Хўп, ана, меҳрибонлик уйи… Ўша меҳрибонлик уйига ҳайитгача мебель совға қилмоқчи эдик. Улгуролмай қолдик…
— Улгурасизлар ҳали. Бу ёқда ҳали янги йил ҳам бор…
«Энди хориж хабарлари билан танишинг…» Экранда қандайдир халқаро анжуманда зерикиб ўтирган жиддий одамларнинг ялтираган юзлари намоён бўлди.
— Бошқа каналда кино-пино йўқми?
— Кино кейинроқ бўлади.
— Унда ўчира қол…
Аёл телевизорни ўчирди.
— Биз ҳам эртага адажонимиз билан ойижонимизни бирров бориб кўриб келсак, яхши бўларди, — деди аёл хонтахтанинг ёнида ёнбошлаб ётган эрига чой узатар экан. — Хабар олмаганимизга бир ойча бўп қопти.
— Ҳар куни телефонда гаплашиб турибмиз-ку.
— Телефон — бошқа, дийдор — бошқа, адаси. Ҳайит кунлари чол-кампир йўл қарайди. Юнусободдан Қўйлиққача – тўрт қадам.
— Гапларинг тўғри, Моҳи. Лекин ота-онамнинг мендан бошқа фарзандлари ҳам бор-ку. Ана Шоикром борсин, Шоислом борсин, Шоҳида борсин. Нима бўлса, Шоҳруҳ, Шоҳруҳ!.. Боролмайман!
— Нега боролмайси-из, Шоҳруҳ ака?
— Очиғи, итдай чарчадим! Икки кун, кўча нарида турсин, ҳовлига ҳам чиқмасдан, тўйиб ухламоқчиман.
Аёл жим бўлиб қолди. Олдида турган чойнакнинг ипини буради. Қопқоғи кўтарилди. Қўйиб юборди — ёпилди. Яна буради.
— Укаларингизнинг йўриғи бошқа, — деди мулойим оҳангда. — Биз бормасак, укаларингиз, синглингиз ҳам уларнинг остонасидан қадамини узиб қўяди. Борайлик. Қарзимиз-ку?
— Университетда беш йил фаласафа ўқиганим етар, Моҳи! Ё шу гапларга ақли етмайди, деб ўйлайсанми?
— Етади, адаси, етади!
— Муаллимлигинг тутиб кетади-ей баъзан.
— Айтмоқчи бўлганим, шукр, чол-кампирнинг бирор нарсага муҳтожлиги йўқ. Бориб, ярим соатгина ёнларида ўтириб келсак, бошлари осмонга етади. Худо умр берса, ҳа демай ўзимиз ҳам ўшаларнинг ёшига етамиз…
— Чарчадим, дедим-ку сенга.
— Сиздай навқирон йигитдан бундай гапларни эшитиш… Рости, эриш туюлар экан, — деди эрка оҳангда аёл. — Эшитган қулоққа — уят!
— Элликдан ошган одамнинг навқиронлиги қоладими! Иш, турмуш ташвишлари ҳар қандай одамнинг тилини осилтириб ташлайди, домла!
— Қўйинг, зорланманг, адаси. Зорланганни ўзингиз ҳам ёқтирмайсиз-ку.
— Бу зорланиш эмас. Бор гап.
— Бора қолайлик, илтимо-ос. Тўрттагина патир билан озроқ гўшт, узум, олма дегандай… Адажоним қийма кабобни яхши кўрадилар. Беш-олти сих олсак…
— Кредитни қандай ёпаман, деб неча кундан бери уйқу нималигини билмайману сенинг гапингни қара!..
Жимлик чўкди. Бир оздан кейин аёл яна ширин жилмайди.
— Унда, ўзим бориб келсам-чи? — деди чойнакнинг балдоғини силар экан.
— Билганингни қил. Лекин мени тинч қўй. Ҳеч бўлмаганда, хайит куни одамга ўхшаб дам олай. Ахир байрам-ку, баркат топгур!
Аёл индамади. Эртаси куни нонуштадан кейин ясан-тусан қилиб, қўлида оқ дастурхонга ўралган тоғора билан яна айвонга чиқди.
— Мен бирров ўтиб келсам майлими?
— Майли. Боравер.
Телевизорда қандайдир сериални хафсаласизгина томоша қилаётган эр хотини томон ўгирилди ва яшил гулли адрас кўйлак кийган аёлидан кўзини узолмай қолди.
«Шакарнинг қопини кийдирсанг ҳам ярашади! — деб ўйлади. — Шундай аёлни раво кўрганингга шукр!..»
Аёл ҳовлидан чиқишга улгурмади.
— Тўхта, Моҳи. Бирга борамиз!..
Шу топда аёл барваста, ҳўшмуйлов, гардиши тилла ранг кўзойнаги ўзига ярашиб турган эрини янада яхши кўриб кетди. Унинг костюми ёқасини тўғрилаб, оппоқ ўйлагининг очиқ қолган тугмасини ўтказиб қўйди.
* * *
— Шоҳруҳ ўғлимиз барибир бошқача-да, онаси, — деди ота қўлини сочиққа артар экан.- Қўли очиқ, меҳрибон, меҳнаткаш…
Шоҳруҳ хотинига қараб беўхшов кулди. Қизарди.
— Бошқасини қўйинг, кеча оқшом кабоб егим келяпти, деган эдингиз. Сезганини айтмайсизми. Илоё, барака топсин! Бир дуо қилинг, болагинамни!
Чол-кампир сертомир қўлларини дуога очди:
— Эй парвардигор, фарзандларимизни, жумладан, шундай улуғ айёмларда ота-онасини унутмай, йўқлаб келган ўғлимиз Шоҳруҳжон билан келинимиз Моҳинурхонни ҳамиша ўз паноҳингда асрагин! Уларни ҳеч қачон тўғри йўлингдан тойдирмагин! Топган-тутганига доим барака бериб, биз, қарияларни хурсанд қилиш учун сарфлаган бирини ўзинг минг қилиб қайтаргин! Иккаласини қўша қаритиб, фарзандларининг ҳузурини кўришни насиби рўзи айлагин! Омин!..
— Бу дунёнинг ишлари ўзи шунақа – хизматни сен қиласану дуони бошқалар олади, — деди эр машинага ўтиргач. — «Борайлик» деб сенинг қанча жонинг ҳалак бўлди, екин олқишни мен олдим. Югурганники эмас, буюрганники, Моҳи!
— Майли, адажониси! Иккаламиз – бир одаммиз. Менинг ота-онам тирик бўлганида, уларнинг ҳам дуосини олган бўлардик! Тўғрими?
— Албатта!..
— Вой-вуй, кўчада машинанинг кўплигини қаранг.
— Совуқ бўлса ҳам, бутун шаҳар кўчада.
— Ҳамма бизга ўхшаб ота-онаси, қариндош-уруғини йўқлагани чиққанда…
— Ҳа. Ўзбеклар — буюк халқ!
— Нима? Тушунмадим?
— Нимага тушунмайсан. Ўзбеклар – буюк халқ, деяпман. Биласанми буюклиги нимада?
Аёл елкасини қисди.
— Меҳр-оқибатида! Мол-дунё билан ҳозир бировни ҳайратга солиш қийин. Лекин бугунгидек урф-одатларимизни, одамларимиз ўртасидаги меҳр-оқибатни кўрган-билган ҳар қандай калондимоғ миллиардер-капиталист икки қўлини кўтаради – қойил қолади. Бунга ўзим миллион марта гувоҳ бўлганман!
Машина катта ҳалқа йўл томон бурилди.
— Биласанми, бизда энг нодон бола ҳам қари ота-онасини хор-зор қилиб, ёлғиз ташлаб кетмайди. Ташлаб кетдими, демак, у ўзбек эмас!
Машина чорраҳада «қизил чироқ»да тўхтатди.
— Моҳи, биласанми, мен сени нима учун яхши кўраман? — деди эр ва жавобини кутмасдан давом этди. — Энг аввало, ақлли бўлганинг учун яхши кўраман! Ақлли одам эса чиройли бўлади!
— Вой-вуй! Сизга нима бўлди? — деди аёл эрка овозда. — Тинчликми?..
— Бугун ота-онамникига мени бошлаб келиб, нақадар улуғ иш қилганингни билмайсан-да, хотин!
— Қўйсангиз-чи.
— Отам билан онамнинг гўдакдай қувонганини кўрдинг-ку ўзинг. Ошхонасига кириб, холодильнигини очиб қарадим. Лиқ тўла.
— Баракат топсин, кенжа укангиз билан келин ҳамма нарсани бадастир қилиб қўйишибди.
— Молодец! Лекин биз олиб борган кабобни чол-кампир мақтаб-мақтаб еди. Шундай улуғ аём кунларида ота-онамни йўқламасам, қандай одам бўлардим, Моҳи! Раҳмат сенга, жоним!
Эр ёнида ўтирган аёлнинг мулойим қўлини олиб, ловуллаб турган юзига босди. Бармоқларини меҳр билан бир-бир ўпди. Шундай чиройли, ақлли, ширинсўз аёлни раво кўргани учун яратганга шукр!
— Сен бўлмасанг, менинг ишларим мана шу машинадай таққа тўхтаб қолган бўларди. Сен аёл эмас, фариштасан, олтинсан, нақд бараканинг ўзисан!..
— Қўйинг, одамни уялтирманг!..
Машина жойидан жилди.
— Худо хоҳласа, Германияга жўнатган молларимизнинг пули банкка тушиши билан компаниямиз олган кредитни шартта ёпаман. Сўнг сени Қизил денгизга олиб бораман. Қироличалардек бир яйра! Ўзим кечаю кундуз хизматингда бўламан!..
— Раҳмат, адажониси, раҳмат! Илоё, айтганингиз келсин!.. Баъзан ўзингиз ҳам нақд телевизордаги дикторлардай бийрон бўлиб кетасиз-да!..