— Билмайсиларми, Жаббор аканинг уйига қандай борсам бўлади?.. Агроном Жаббор ака-чи?
— Ассалому алайку-ум!
— Вой!.. Узр, сомалайкум!
—Ваалайку-ум. Жаббор ака дейсизми? – бошига дўппи қўндирган қотмагина одам ёнидаги ўн икки-ўн уч ёшлардаги қийиқ кўзли ўспиринга қаради: — Жаббор агроном ким бўлди, ўғлим?
— Полвон дегичингиз эмасми? – деб шипшиди бола.
— Ҳа-я, Жаббор полвон демайсизми, ука, – дўппили мийиғида кулгандай бўлди ва кўчанинг туманми, чангми – енгил ғубор қаърига сингиб кетган адоғига томон ўнг қўлини чўзди. – Шу йўлдан тикка борасиз. Олдингиздан икки қаватли магазин чиқади. Бостирмаси тўла симонт, тахта, тунка. Шу иморатдан чап қўлга юрасиз. Манави шағал йўл тугаб, асфальт бошланади. Эллик-юз қадамдан сўғин дарвоза келади. Баланд, кўк дарвоза. Ёнбошидаги истолбога катта ҳанги бойланган. Жаббор акангизни шу дарвозадан топасиз.
— “Ҳанги” дейсизми?.. У нима, кучукми?
Бола “пиқ” этиб кулди.
— Ҳанги – эшакнинг эркаги, — жавоб қилди отаси.
— Раҳмат! — чап қўлини кўксига текизиб қўйди йигит ва кўрсатилган томонга бурилди.
Қувгина кўзларини йигитдан узмай турган ўспирин отасига маъноли қаради: “Бунинг бир гапи бор-ов”.
Ғубор кетиб, енгил ёмғир сепиб ўтган булутлар орасидан сийқа тангадек куз қуёши мўралаганида, йигитни бозорда кўриб қолган бола шубҳаси тўғри чиққанидан қувониб кетади: “Биров билан уришадигандай, ховлиқиб кетаётганди, — дейди отасига. — Хаёли жойида эмасди. Ана энди аҳволини кўринг!..”
— Арзимайди, — деди дўппили киши. – Қани, меҳмонжон, тонг қоронғисида буйтиб шашибгина юрибсиз? Тинчликми?
— Тинчлик, — жавоб қилди истар-истамас меҳмон. Кейин қўшиб қўйди: — Тўйга таклиф қилмоқчи эдим.
— Ҳа-а.
Ҳар ким ўз йўлига кетди.
— Гапидан — ташкентликка ўхшайди, — деди отасининг ёнида пилдираб бораётган бола орқасига бурилиб-бурилиб қўяр экан. — Поезддан тушган. Нортуядан қолишмас экан.
— Ҳа, бу юртнинг одами эмас… Оққовоққина.
— Поезд ўтганига икки соатдан ошди…
—Аввал мол бозорга кирамиз. Этли-суякли мол камроқ бўлса, уйга шартта бориб, ҳўкизни етаклаб келасан. Акаларинг ёрдам беради.
— Хўп.
— Сарсон қотгур, олти ойда хунини еди.
Пахса деворини ёмғир ювиб, усти пичоқнинг тиғидай бўлиб қолган бозорга қора молу қўй-эчки сиғмай кетган. Тезагу қий босган ерда оёқ босадиган жой йўқ. Олувчидан сотувчи кўп. Ота-бола даллолларнинг гапига қулоқ тутиб, нарх-навони тахминла鬬-тахминлай анча айланиб юрди.
— Озиб-ёзиб бир бозор, уни ҳам ёмғир бузар, — деб ғингшиди каттаси.
— Насиб қилгани бўлади, — деди кичиги.
— Ҳа-а, энанг сени гап учун туққан. Акаларингдан мундай пикр чиқмайди.
— Йил яхши келди, — деб яна гапдонлик қилди бола. – Ем-хашак мўл. Молни қантариб боқиш шарт эмас.
Ота индамади.
— Уришмасангиз, бир гапим бор.
— Гапиринг, армонда қолманг!
—Кўнглим сезиб турибди, бугун ишимиз “беш” бўлади. Кўрасиз, “беш” бўлади!.. Ҳавонинг зўрлигини қаранг, ота! Салқингина. Осмонга учиб кетгим келяпти!..
— Ё, фалак! Бу нима деганинг?..
Ўғил отасининг тирсагидан илкис тортди:
— Бу, анави ёққа қаранг, деганим, ота! — бола эшак бозор томонга имлади. – Бу кишим Тошкентдан тўйга таклиф қилгани келганмиш. Тўйга таклиф қиласан-а!..
— Бунча ҳовлиқдинг!
— Эшак ушлаб турган меҳмонингизга қаранг!
Ота анқайиб қолди.
— Ё, фалак! Жаббор полвоннинг ҳангисими?
— Худди ўзи! Эгар-жабдуғиям устида, – текин томошани сезган боланинг димоғи чоғ бўлиб кетганди. – Паросатданам берган экан. Ўғирлик молини сотаётган жойини қаранг! Бошқа бозорга опборишгаям ақли етмапти…
— Тилингни тий, бола! Балки сотиб олгандир.
—Тошкентдай жойдан келиб, эшакфурушлик қиладими?.. Ҳи-ҳи-ҳи… Ўғирлаган!..
Икковлон қорамол арқонлаган одамларни оралаб, эшак бозорга ўтди ва йигитни ўраб турган томоша аҳлининг ўртасига тиқилди. “Бу ерда бошқа гап бо-ор! – деб ўйлади ота. – Жабборнинг эшагини Жабборнинг бозорига солса?.. Қизиқ!”
Тошкентлик йигитнинг билагидан маҳкам тутган Равшан карнайнинг ранг-қути учган, шанғиллаши етти чақирим наридан эшитилади:
— Қани, ука, ҳангини сотасизми?
— Ҳа, сотамиз.
— Қанча деяпсиз?
— Ўзиз қанча сўрайсиз?
— Биз балки текин олмоқчидирмиз?
— Бу дунёда текин нарса борми, амаки?
— Ҳанги сеники эмас, ўғирлиқ мол-ку?
— Ҳа, ўғирладим! Нима бўпти?
—Уҳ-ҳу! Даминг баланд-ку! Балки бизнинг эшак билан ғунажинниям сен тинчитгандирсан?
—Холлининг йигирмата боқмасиниям қўши-инг, — деди кимдир оломон орасидан.
—Бизнинг от-чи? – бошқаси гапга қўшилди. — Бундай муттаҳамларнинг шартта қўлини кесиш керак! Пичоқни олинг, Равшанбой!
Гап чувалаша бошлади.
— Бунинг марги – ўрма қамчи бинан гаврон таёқ!
— Эски замонда тошбўрон қилинган.
— Ади-бади айтишиб ўтирмай, милисага топшириб юборинг!
— Топширибам кўрганмиз. Ҳаммасининг тили бир.
—Нима деяпсилар? – йигит чўнтагидан шапалоқдай қора телефонини чиқариб, терсини оломонга қаратар экан. – Ана энди кимнинг қандай гапи бўлса, айтавурсин. Мен бегонанинг молини олганим йўқ!
Даврада пичир-пичир бошланди:
— Бу яна нима қилиқ?
—Видеога олаяпти. Кечқурун “Ахборот”да кўрасан ўзингни!.. Ҳи-ҳи…
— Унда, Жаббор ғўжала киминг бўлади? Тоғангми? – Ўсмоқчилади Равшан карнай йигитнинг чап билагини қаттиқроқ эзар экан. – Нима билганинг бор, ўзи? Чибжингламасдан, гапир!
Ўғри телефонини энди унга бурди.
— Сиз қўлимни қўйворинг, ока, — деди. — Мен қочиб кетаётган жойим йўқ. Чақиринглар, кесинлар ўша одам. Шу ерда гаплашамиз!..
Телефонни кўриб, Равшан бўшашди.
— Полвонга тилпон қилинглар! – амр этди у одамларга қараб. — Уйида бўлса, тез етиб келсин.
— Қилдим, — товуш берди дўппили киши одамлар орасидан. — Мошинида учиб келяпти.
— Ассалому алайкум! — деди эшакнинг чилвирини ушлаб турган йигит эски қадрдонини кўргандай. — Сиз ҳам шу ердамисиз, амаки?
Унинг биткўз ўғлига кўзини қисиб қўйди.
— Ваалайку-ум! – иддаоли жавоб эшитилди тобора қалинлашиб бораётган томошаталаб давра орасидан. — Тўйни эртароқ бошлаб юборибсизми, меҳмон?
— Ҳа-да, — чайналди йигит.
— Ие, — деди кимдир. – Япон буни қаердан танийди?
— Танимаса, япон бўладими!
Енгил кулги кўтарилди.
Даврага бир нарсадан қуруқ қолгандек олчанглаганча барваста одам кириб келди. Йигит сезди: Жаббор полвон деганлариям, ғўжала деганлариям – шу. Юзлари япалоқ, дўнгпешона. Қалин тагчарми оқ, матоси қора енгил макосимо, жинси шим, астарсиз жинси костюм, кўкиш кепкаси тўлароқ қоматига ярашган. Юзига зерикишга ўхшаш ҳорғинлик, раъйи қайтмаган одамнинг ҳавоси урган.
Эшакни ўраб турган қора-қура одамлар орани очиб, унга йўл берди.
— Ушладингларми, энағарни? — деди полвон ҳансираб. — Қўлга тушдими?.. Ҳозир қора кунини кўрсатаман! Келиб-келиб, менинг молимни ўғрилайдими, бу муттаҳам!
— Сизникини табаррук деган-да, полвон!
* * *
Ёстиғи ёнидаги телефон узундан-узун жиринглаганида шаҳардан тонгда ҳориб-чарчаб қайтган полвон қотиб ухлаб ётарди. Чап кўзини аранг очиб, зормандани зарда билан қўлига олди:
— Да-а!
— Ассалому алайкум!
— Да-а!
— Бозорга тез етиб келмасангиз бўмайди, ака, — деган ташвишли овоз эшитилди.
— Кимсиз?
—Нурхонман. Бир ўғрибола эшагингизни бозорга солиб турибди.
— Нима?! Эшагимни?
— Ҳа, ҳангингизни.
— Қайси бозорга?
— Ўзимизнинг, Шўрбозорга.
— Ҳозир, домла. Тилпонни қўймай туринг…
У туриб, қалин пардалари туширилган дераза олдидаги столда турган мониторни ёқди ва майда экранчалар орасидан дарвозани топиб, кенгайтирди. Иккита баллону қаққайиб турган ёлғиз симёғочдан бошқа нарса кўринмади.
— Ҳозир милисага тилпон қиламан! Укам етиб боради…
—Менга қолса, бундай қила кўрманг! — деди Нурхон муаллим сирли қилиб. — Мошинга ўтиринг-да, тўғри ўзингиз келинг. Масала анча жиддийга ўхшайди. Бегона аралашмагани дуруст.
— Ҳим.
Бир ҳафта аввал отдан бақувват кучуги бехосдан ўлиб қолганди. Энди эшагини ўғирлашибди. “Бир касофат айлантиряпти! – деган ҳадик хаёлидан ўтди. – Қон чиқариб юбориш керак!”
Монитордаги тасвирларни ортига қайтарди. Дарвоза олдида елкасига каттакон сафар халта осган новча йигит пайдо бўлди. Кепкасини қошигача бостириб олган, музейда юргандек, дарвозаю деворларни бемалол томоша қилиб турди. Кейин симёғоч томонга юрди. Тўхтади. Ҳанги унга қараб бурилди ва бошини силкитди. Чамаси, пишқирди. Йигит эшакка ҳадиксираб яқинлашди ва сағринини мушукни силагандай секин силади.
“Ярамаслар!” –тўнғиллади уй эгаси. Яна жабдуғи билан қопти! Кечаси ялонғочлаб қўйинглар, деб неча марта айтган, неча марта жағини еган! Йўқ, “сенинг гапинг – менинг пўчоғим”, гап кор қилмайди. Салқин тунлар бошланиб, ёмғир ёққани эсига тушди. Қўлини силтаб қўя қолди.
Ўғри энгашиб, эшакнинг оёғидаги чилвирни ечди ва устма-уст турган қўш баллон – охўрнинг устига чиқиб, ҳангига минди. Бесунақай оёқларини беўхшов осилтирганча дарвоза тагига келди. Камерага қараб тиржайгандай бўлди. Кепкасини ечиб: “Саломат бўлсинлар!” қабилида хайр-ҳуш қилди.
Полвоннинг эти музлаб кетди. Сезди, бу шунчаки ҳазил эмас, кимдир жиғига тегиш учун атайлаб қилаётган иш. Оёғининг остида шунча от-улов, дўконлари, омборхоналари, далада қанча мол-мулки очиқ-сочиқ ётибди. Ҳисобини ўзи ҳам аниқ билмайди… Келиб-келиб эшакка кўз олайтирадими? Куппа-кундуз куни-я!..
Ҳумори тутган бирорта банги бўлса керак, деб ўйлади у. Шундай бўлишини истаётганини сезди. Банги бўлса, иши осон — милицияга топшириб, иккинчи марта уйига яқинлашмайдиган қилиб қўйиши мумкин. Орқасида бирор иблис туриб, қасддан қутқу солаётган бўлса, иш – ғўжала.
Серҳашам ҳовлининг буржига қантарилган ҳангини кўриб, ҳамма ажабланади. Бировлар очиқчасига сўраса, бошқалар кулиб қўя қолади. Қишлоқ жойда эшаксиз кун ўтадими, деб гапни қисқа қилади полвон. Ота-бобосининг бўсағаси эшакдан бошқа жонлиқ кўрмаганини шу жонивор эслатиб туришини кимга айтиб, кимга тушунтирсин. Бир пайтлар қоп-қанорда, аравада даштдан ташиган сомону хашакни Тошкентгача йўл пули қилиб кетганини, институтга кириб ўқиганини… Айтаверсанг, бу гапларга бугун ким ишонади? Ишонса ҳам, эшакни тумор билиб, ирим қилиб юрган одамнинг устидан ким кулмайди?.. Кулса, ундан нари!..
У аҳён-аҳёнда, кўнгли кўчаларига андуҳ оралаган пайтларда, эшакка мингиси келади. Бу қилиғида ниманидир қумсашми, иддаоми, бодиликми борлигини ҳам билади: “Чориғимни унутганим йўқ!” Узангисиз, оёғи ерга тегай-тегай деб, қўлида ҳалачўп, жониворни йўрғалатиб кетади. Кўрганларнинг оғзи очилади: “Ҳангининг устидаги анави селланглаган ким? Жабборми? Ё пир-ай! Афандининг юришини қаранг!”
Одамларнинг шу анграйиши, ҳайрати уни кўтаради. Билади, ўша куни қишлоқда ҳангома кўпаяди: “Жабборбойни кўрдингми? Бир қарасам, уккағарнинг боласи, ҳангисини чоптириб кетяпти!”
Шу кетишда кимсасиз далада узоқ айланиб юради. Икки сатр қўшиқни бақириб-бақириб, такрор ва такрор айтади. Айтаверади. Айтар экан, кўзларидан оққан ёш юзларини ювиб, ёқаларига тушаверади:
Эй сарви равон, надур хаёлинг,
Жо-он ўртади ваъдаи висо-олинг-а…
Ваъдаи висоли-инг…
У иккинчи қаватдан тушиб, айвондаги хонтахтада турган кўк чойни чойнакнинг жумрагидан симирар экан, калитга тиркалган тугмачани босди. Оқ “Нексия”нинг мотори босиқ гуриллади. Қишлоқ-орада шуниси қулай. Чанг-тупроқ, ўйдим-чуқур йўлларни кўрдим демайди. Машинага ўтирди. Ўтирди-ю, дарҳол қайтиб тушди. Ойналаригача қоп-қора, ялтираб турган, серсавлат “Toyota Prado” томон юрди.
Анқайиб турган хотинига имо қилди, дарвозанинг йиғма эшиги кўтарилди.
* * *
Ўғри ялт этиб Жаббор полвонга қаради, лекин сини унчалик ўзгармади. Қовоғи солинди. Полвон таққа тўхтади. Гўштдор юзи оқариб, икки лўнжи осилиб тушгандай бўлди.
— Сен кимсан? — деди. —Қайси юртнинг одамисан?
— Худонинг бир бандаси, — тап тортмай жавоб қилди йигит.
Равшан унинг билагини бўшатиб, тисланди. Ноқулай жимлик чўкди.
— Қаердан бўлардим. Тошкентданман. Танимадингизми?
— Шунча йўлдан менинг эшагимни… — полвон чайналиб қолди. — ўғрилагани келдингми?
— Сиззи бола боқишдан кўра, эшак боқишга уста, дейишганди, келавурдим.
— Ким айтди бу… бемаъни гапни?
— Бувим!
—Ҳи, бувиси айтганмиш. Валдирамай, аввал ҳужжатингни ол бу ёққа. Ҳозир ўша бувингни кўрсатиб қўяман…
Шу гапни кутиб тургандек, йигит дарҳол симобий кўрткасининг ички чўнтагидан қизил жилдли паспортини чиқарди. Полвонга узатаётганида орасидан кафтдек расм сирғалиб, дўппили одамнинг лой теккан этиги олдига тушди.
Кейинчалик йигит суратни ҳужжатининг орасидан атайлаб тушириб юборганини ва буни узоқ ўйлаб топганини, ҳатто машқ қилганини айтади. “Бу ўзимни танитишнинг тез ва ҳар қандай шубҳадан ҳоли йўли эди”, дейди.
Этик эгаси суратни олиб, нимдошгина костюмининг билагига артган бўлди. Синчков ўғли бўйнини чўзган эди, тирсаги билан тиқилма, дегандек туртиб қўйди.
Хира тортиб қолган оқ-қора рангли суратдан кулча юзли атлас куйлакли кўзлари катта-катта қиз қараб турарди. Ёнида -парча гулли кўйлагининг калта енгидан мўшаклари тарам-тарам ўйнаб турган бақувват йигит. Қиз ширин жилмайган, йигитнинг икки урти осилган. Суратнинг орқасида — аёл кишиники бўлса керак, бир текис, майда ёзув: “Чўянжон билан. Тошкент, 17 май”.
Дўппили киши расмни полвонга узатди. Суратни кўриб, Жабборнинг рангида ранг қолмади:
— И-е! Вой уккағарнинг ули-ей!.. Вой боласи тушмагур-ей! — деб юборди. — Шуйтиб ҳам ҳазил қиладими, одамга! Шуйтиб ҳам ҳазил қиладими-а!..
Иштони “лойга тўлган” гўдакдай жойида чайқалганча, шумшайиб қолди. Атрофга саросима билан кўз югуртирар экан, дўппили одамга қараб қарийб қичқириб юборди:
— Нурхон домла, буни энди нима қиламиз? — деди мадад сўрагандай. — Бу йигитни бегона десак, ўзимиздан экан-ку! Мана, бошпуртигаям “Жаббор ўғли”, деб ёзилган. Чиқинг, бирор нима денг энди!
Нурхон домла чап қўли билан энсасини силади. Кўзлари муғамбирона ялтираб турган ўғлига қаради. Бола биларди: отасига сўз тегса, тўхтатиш қийин. Сақичдай чайнайди. Кечқурун ҳориб-чарчаб ёстиққа ёнбошлаганида: “Савил, бизнинг оғзимиз бир очилса, ёпилиши қийин-да! — дейди. — Икки жағим шовшаб, бошим гувиллаб қолди. Нима қилайлик, муаллим зотига теккан касаллик”.
— Чиқинг бу ёққа, бир нима денг, энди! — қистарди полвон. — Сиз билмаган гап борми, Нурхонжон!
Икки кўзи пискадек Япон бува – Нурхон домла – йигитнинг ёнига келиб, қўлини унинг елкасига қўйди.
— Яхшилар! — деб гап бошлади мажлисда сўз олган нотиқ каби, гавдаси хийла нозик бўлса ҳам, енгил хириллаган овози анча салобатли эди. Ўзини кўрмай, телефонда гаплашсангиз, тоғдай одам бўлса керак, деб ўйлайсиз. — Бу йигитга мен саҳармардонда дуч келувдим. Кўзимга жуда иссиқ кўринди. Кўркам йигит экан, деб ҳавасим келди. Жаббор аканинг уйини сўради. Айтдим. Энди бу ерда кўриб турибман.
У томоғини қириб олди.
— Бу йигит… Отингиз нима эди, меҳмонжон?
— Ёдгор, — деган синиқ овоз эшитилди.
—Ёдгоржон укамиз — Жаббор акамизнинг жондай фарзанди, пушти камаридан бўлган ўғли! Кўриб турибсизлар, ота-бола — ҳовузнинг бўйида ўсган қўштеракдай, бир-бирига жуда ўхшайди. Фарқи – отаси сал йўғонроқ. Буғдой ранг. Тўғрими?
— Тўғри! — деб гуриллади оломон. — Икковиям найнов!
Кулги кўтарилди.
Нурхон домла атрофига аланглаб турган ўғлини чақирди.
— Муродбой, бери кел, болам.
Ўспирин талтайганча давранинг ўртасига чиқди.
— Эшакни мин-да, зинғиллатиб бориб, жойига бойлаб кел.
Боланинг кафтдеккина бети бужмайиб кетди. Томошанинг қизиғини ташлаб кетиш малол келганди. Отаси унинг қулоғига энгашиб, нимадир деб шивирлади. Ўғли ҳангига бир сапчиб минди-да, сағринига чилвир билан яхшилаб туширди. Қўрнинг ораси очилиб, эшак даврадан қутулганига қувонгандай, йўртиб кетди.
— Ҳазир бўл, — деб тайинлади ота…
— Ана сенга! – деди кимдир.
— Ана сенга деманг! Ҳаёт сизу биз ўйлагандан анча мураккаб, анча чигал. Бандасининг босган ҳамма қадами тўғри, айтган ҳамма гапи чин бўлавермайди.
У шошилмасдан, синфда ўқувчиларга навбатдаги мазуда дарс ўтаётгандай бир маромда гапирарди. Ғўжала ишлар, ишкал гаплар кимнинг бошидан ўтмаган. Яхши деган аъмолимиз баъзан бурнимиздан булоқ бўлиб чиқади. Жаббор полвон қишлоқ хўжалик институтини битирай деб қолганида, мен пединститутнинг филфакида иккинчи курс ўқирдим. Унда-бунда қишлоқдошлар кўришиб турардик. Ёдгоржоннинг онаси акамиз билан қўлтиқлашиб юрганига икки-уч марта кўзим тушган. Бўйи акадан пастроқ бўлгани билан, жуда бамаъни қиз эди Сабоҳат опамиз.
Ердан кўзини узмай турган меҳмон оғир хўрсинди.
— Валади зино! — деди кимдир.— Бу гапларни қўйинг, Нурхонбой! Пачакилашиб ўтириш — кабири зиён!
Йигит бошини кўтариб, гап эгасига қаради: эчки соқолли, чуваккина одам экан. Соқолини санасангиз, саккизта чиқади ё чиқмайди.
— Йўқ, тақсир! — деди Нурхон муаллим. — Бандасини дурустроқ билиб-билмай, таниб-танимай, ёмонотлиқ қилмайлик!.. Иззаи мўмин – ҳаром деганлар. Фоли баддан тийилиб, кўнглимизни кенгроқ қилайлик! Гумон имондан айиради. Ҳаммамиз ҳам ғофил бандамиз.
Нурхон муаллим бурнининг устигача терлаб кетганини сезди. Эчки соқол унга тахқирли назарини яширмай қараб турарди.
— Иккови бир-бирига кўнгил қўйган эди, — деди муаллим. — Бурчмулла деган тоғларга бирга чиқиб, бир қозоқ муллага никоҳ ўқитганини ҳам биламиз. Раҳматли, Сабоҳат янгамиз – жаббор полвоннинг жуфти ҳалоли эди.
Қозоқ мулла ҳақидаги гап савқи табиий эсига тушиб кетганини ўзи ҳам сезмай қолди. Чамаси, тақсирнинг тузсиз гапи алам қилди.
Гаплари тобора маъракадаги амри маъруфга тортиб бораётган муаллим сўзини ишончу илҳом билан давом эттирди. Тақдир экан, бола туғилгану она бандалик қилган. Она бечоранинг юрагида туғма дарди бор экан. Жаббор акамиз гўдак ўғлини излади. Мен гувоҳман ҳаммасига. Изиллаб излади. Изини тополмади. Топсаям, туғуруқхона дейсизми, гўдакхона дейсизми, бола қаердалигини унга ҳеч ким айтмади. Қариндош-уруғи гўдакни бу элга, бу чўлу биёбонларга бериб юборгиси келмади, чоғи. Эл билади, Жаббор акамиз — аёлманд одам. Худойим саккиз… йўқ, олти қиз бериб, меросхўрга зор қилиб қўйган эди. Бу ёғини сўрасангиз, бизга бергани — тўрттагина ўғил. Тиллога зормиз. Нима дейсиз, фалакнинг раво кўргани…
У “олтита” деб, Жабборнинг Қаршида нўғой ҳамширани хуфиёна никоҳига олиб, ундан ҳам икки қиз кўрганини яширди.
— Мана энди, нордай йигит, Ёдгоржон укамиз отасини топиб кепти, — деди Нурхон.— Тўрт мучаси соғ! Ғужири, инсофи бор экан! Баракалла! Биродарлар, ўзингиз айтинг: бир гўдакнинг отасиз, энасиз одам бўлиши осонми? Ёдгоржоннинг бошидан ҳам алам ўтгандир. Азоб ўтгандир. Ўтмаса, эшак жониворни шу бозорга солармиди. Тўғрими, Ёдгоржон?
Ердан кўзини узмай, гапга қулоқ бериб турган йигит бошини билинар-билинмас ирғаб қўйди. Ҳозиргина уни тошбўрон қилишга тайёр турган оломон йигитнинг кўзларида ёш кўрди. У елкалари силкиниб-силкиниб, унсиз йиғларди. Кўз ёшларини тийишга, тўхтатишга уринарди-ю, қўлидан келмасди.
Дарсга кечикиб келган боладек, қисиниб-қимтиниб турган Жабборнинг қовоғи осилиб, шашти буткул сўниб бўлган. Чўкиб қолган. Уялишини ҳам, қувонишини ҳам билмай, бир ўғлига, бир одамларга жавдирайди. Нурхон муаллимнинг унга раҳми келди. Сирасини олганда, раҳим қилгулик. Жаббор бечора кайфи ошса, мудом кўзига ёш олади: “Домилла, бизга қарғиш теккан! Шунинг учун Худо ўғилдан қисди! Жоним узилса, лаҳатим устига тупроқ сочадиганим йўқ!”
— Ёдгоржон ўғри эмас, биродарлар! — овозини бир парда кўтарди муаллим. — Равиш-рафтори айтиб турибди, Ёдгоржон — ота-энасидай маънили йигит.
Негадир ўйлади, юз, икки юз, балки беш юз йил аввал ҳам бандалари, шу ерда, шундай алпозда бир бирига бежо қараб турганмикин. Турган, деган хулосага келди у. Ўша замонларда ҳам бозор бўлган, от-улов, эшак сотилган. Орасида ўғриси ҳам, тўғриси ҳам, ғари ҳам бўлган. Яна юз йилдан сўғин ҳам бўлади. Бу дунёда рост гапнинг, ғўжаласиз одамнинг, ишкалсиз куннинг ўзи йўқ.
— Япон яна андавалади, — деди кимдир хавфсаласи пир бўлгандай. — Ўру жарнинг борини бульдозердай текислаб, андавалаб ташлади. Қойил!
— Устига гул ҳам экиб қўйди. Ҳавасинг келади…
Борини айтиб, Жабборнинг айбини ошкор қилсам, биров менга орден берармиди, деб ўйлайди Нурхон муаллим оқшом кўрпага кириб ётганида. Йигитчилик —итчилик, бўлар иш ўттиз йилча бурун бўлган. Лекин полвон ўғлидан, қайнонасидан бирров хабар олса, ўлиб қолмасди. Ишининг хоми – шу. Шуни била-туриб, товуққа ўхшаб гўнг титишим шартмиди! Титганингда нима обрў олардинг, Нурхон? Жабборнинг: “Домла, бир нима денг”, деб ёлворгани, шу гўнгнинг, кўргиликнинг устига тўпроқ тортиб, шиббалаб ташланг, кўминг дегани. “Кўминг, ака, ҳеч ким, ҳеч қачон очолмасин!”.
Полвоннинг этдор елкалари силкингандек бўлди.
—Жаббор ака, сиз шукр қилинг! Ўғлингизни бағрингизга олинг!..
Полвон ҳадиксираб ўғлига қаради. Ўғил – отасига. Улар бир-бирини соғиниб юрган қавм-қариндошдан кўра, узоқ араздан сўнг ярашаётган қўшниларга ўхшаб кетарди. Ота ўғлини бағрига босди. Кўнглининг бир четида қувонч бўлса, бошқа кунжагида – хавотир, ҳадик, бегонасираш. Сезилиб турарди.
Кимларнингдир кўзлари ёшлангандай бўлди:
— Баракалла! — деди Нурхон муаллим оломонга қараб. — Энди тарқалайлик. Ҳаммаси – яхшиликка…
Жаббор шошиб қолган эди.
— Мулла ака, — деди эчки соқолли одамга қараб, — бир илтимос бор…
— Хўш?
Полвон унинг қулоғига энгашди.
— Пешингача? – деб сўради мулла юзлари ёришиб. – Майли, бир йўлини қиламиз. Сиз бошлайверинг.
— Раҳмат!
Энди у Нурхон муаллимнинг қўлини маҳкам қисди:
—Раҳмат! Бопладингиз! Айтганча, ҳўкизингиз ҳали пул бўлмадими?
— Йўқ.
— Қанча гўшт қилади ўзи?
— Юз элликдан кам эмас. Бир тўйни кўтаради. Нима эди?
— Қанча сўраяпсиз?
— Ўн ярим.
— Мендан ўн бир оласиз. Ўғилларингизга айтинг: тўғри тўйхонага етаклаб борсин. Хўпми?
— Хўп-хўп, лекин ўзингизнинг буқаларингиз ҳам бор эди, чамаси?
— Бизникини қўяверинг. Ҳали тобига келгани йўқ.
“Полвон ўзи дуруст одаму, сал ховлиқмалиги бор, — деб ўйлайди Нурхон муаллим. — Яна шошиб қолди”.
Сўнг Равшан карнайнинг гали келди. Жаббор унинг киссасига аввал пул тиқди:
— Эртага пешинда.
— Қичқириб айтайми?
— Қичқириб айт! Қулоғи тешикнинг бари эшитсин!
Равшаннинг ҳам чиройи очилиб кетди. Бир зум меровсираб турди-да, икки кафтини оғзига қўйиб, карнай қилди ва бозор оралаб кетди:
— Шўрбозор! – деб наъра тортди. – Шўрбозор, сўзимга қулоқ сол!
Гавжум бозор ҳаракатдан тўхтаб, “карнай”га қаради.
— Шўрбозор! — деб ҳайқирди тағин. — Бугун бозорингни қилиб, кечқурин сарҳафтангни же-да, эртага пешинда Жаббор акамнинг “Замин” тўйхонасига эн! Худойи! Ошингни жеб, дуонинг мўлидан бер! Жаббор аканинг ўғли келди, Шўрбо-озор!..
Нурхон муаллим тумсайиб турган йигитнинг билагидан тутди:
— Ёдгоржон, энди уйингизга юринг! Биз сизни меҳмон десак, мезбон экансиз. Қавм-қариндошингиз билан танишинг!.. Шу қишлоқнинг ярми отангизнинг ака-ука, опа-сингил, уруғ-аймоғи. Элимизда Жаббор полвондай давлатманд одам кам. Бу ёғи энди, ўзингиз айтганингиздай, тўй!..
— Хўп, – йигит атрофига аланглади.
— Отангиз ҳозир келади. Кимларгадир тилпон қилгани четлади. Айтганча, ўзингиз нима иш қиласиз? Ўқийсизми?
— Илмий иш қиляпман.
— Буни қаранг! Балли, жиян, балли! Бизнинг қишлоқдан ҳам профессор чиқаркан-да. Илмий ишингиз қайси соҳадан?
— Юридика бўйича.
— Ҳа-а, — Япон буванинг сийрак қошлари бир кўтарилиб тушди. — Шундай денг? Дуруст, дуруст…
* * *
Сўқим саранжомланиб, меҳмонлар уй-уйига тарқалгач, ёлғиз қолган ота-бола ёғоч зиналарни бир-бир босиб иккинчи қаватга кўтарилади. Ўртадаги хонтахта устига ёзилган оқ-қизил катак гулли дастурхонда— икки оқ пиёла, битта оқ чойнак. Иккаласи ҳам чойнакдан кўз узолмайди.
— Дарвозадан тўғри кириб келавермабсан-да, Ёдгоржон?— дейди ўпкалагандек ота.
— Нега шундай қилмаганимни ўзим ҳам билмай қолдим, — дейди йигит. — Алам қилган бўлса керак. Ўғрининг отаси, деган иснодга қолишингизни истаган бўлсам керак.
— Бир қарашдаёқ сени танигандай бўлдим. Кўзларинг онангники экан. Катта-катта. Чеҳранг момонгникидай очиқ. Овозинг мулойим, ёқимли. Ишонгим келмади. Очиғи, қўрқиб кетдим. Кейин хурсанд бўлдим. Бу тақдирнинг бир ҳазили бўлса керак, деб ўйладим.
— Ўғлим… бу бола ўғри экан, деб чўчидингизми?
— Қўйсанг-чи. Бу норасо дунёда ўғирлик қилмаган одам борми?
— Шунча йил бизни изламадингиз. Бувим ўлими олдидан бердилар шу расмни. Унгача адам қаердалар деб сўрасам, доим отанг ўлган дердилар. Гўдаклигингда машинада ҳалокатга учраб ўлган дердилар… Бугун келиб қарасам, сиз баланд деворнинг ортида маза қилиб ухлаб ётардингиз. Уйингиз, жойингиз тайин. Мен эса сиззи излаб минг чақиримдан келгандим. Дасти юлдузга етиши мумкин одам экансиз. Ўз ўғлингизни излаб ҳам, темтиниб ҳам кўрмапсиз. Уринсангиз, мени, бувимни бир кунда топардингиз, деб ўйлаган бўлсам керак. Тошкентга минг марта бориб, бир марта ҳовлимизга бош суқмабсиз…
— Билмайман, болам. Юрагим дов бермаган бўлса керак… Кел, болам, энди гина-кудуратни қўялик. Ўтганларнинг арвоҳи чирқилламасин. Онанг раҳматли: “Мен ўлсам, отимни атаманг! Унутинг! Сиздан мингдан-минг розиман, деганди. Боламни изламанг! Ойим бари бир уни сизга бериб қўймайди”, деганди. Шу гапи, шу васияти миямга қаттиқ ўрнашиб қолганми… Худоим билади… Мен онангга ваъда бергандим.
—Ваъда?
—Ҳа. Бу дунёда ҳар кимнинг бошида лафз деган синов бўлади, болам. Гапига эгалик қилолмаган йигитнинг яшашидан маъни йўқ. Мен онангга болангдан умидвор бўмайман, деб лафз қилувдим.
— Анави эчки соқолли одамнинг гапини эшитдингизми?
— Қайси?
— Валади зино деди…
—Қўй, бундай бад гапларни тилингга олма, болам! Тилига кучи етмаганлар саннайверади. Эртага эҳсон оши берсак, ўзи келиб хизматда бўлади ўша одам. Ҳали кўрасан…
— Япон бува айтган гаплар-чи? Тўғрими? Қозоқ мулла…
—Япон бува — ақлли одам. Ўтирикдан йироқ. Эчки соқолнинг ўнтасини бир чўқишда қочиради… Мени излаб келганинг, топганинг жуда яхши бўлди, болам. Бағрим тўлди. Кўнглимни доим бир ғашлик итдай тирнар эди. Онанг тушларимга кирадиган бўп қолганди…
— Ойим қандай аёл эдилар?.. Фақат тўғрисини айтинг!
— Фариштадай аёл эди. Ичидаги – ташида, кўзёшидай тоза аёл эди. Кўзлари чўлпондай эди…
— Бувим ҳам доим шундай дердилар. Ойинг, раҳматли, фариштадай эди, яхши бўлгани учун эрта кетди, дердилар.
— Сени бувинг катта қилдими?
— Ҳа… Икки йилдан бери сизни топаман, деб ҳар куни ўзимга ўзим ваъда бераман-да, яна орқага ташлайман. Кейинги ҳафта, байрам ўтсин, ҳайит ўтсин… Ботинолмаган бўлсам керак…
— Майли, болам, ҳечдан кўра, кеч…
— Бувим ўлими олдидан бор гапни эйтдилар…
— Бувинг, бечора ақлли аёл эди. Қўй, эзилаверма, болам. Бор мол-дунём — сеники, сингилларингники… Энди маза қилиб яшайсан. Энди биргамиз!
— Йўқ, ад… мен олдингизга мол-дунёнгиз учун келганим йўқ. Менга ҳеч нарсангиз керакмас. Сизни топдим, кўрдим — бўлди! Мен, Худога шукр, ўзимнинг кунимни ўзим кўриб ўрганганман.
— Бундай, дема, болам, асло бундай дея кўрма. Хафа бўламан. Ранжийман! Тавба! Онангга тортибсан, Сабоҳатнинг ҳам мижази тўқ эди.
— Эрталаб остонангизда тонг отишини, ўйғонишингизни кутиб туриш азоб бўлди. Ғазабим қўзиб кетаверди. Отасиз, онасиз яшаш қанчалар қийинлигини биласизми, ад..?
— Билмасам ҳам тасаввур қиламан, ўғлим! Азоб!.. Азоблар ўтиб кетди энди. Мени бепичоқ сўйма, жон болам!.. Йиғлама!..
— Етимнинг отаси кўп бўлади, деган гапни эшитганмисиз?
— Ҳа, аччиқ гап… Ҳозир қаерда? Ким билан турибсан?
— Аспирантурада бирга ўқийдиган бир фарғоналик ўртоғим билан. Маҳалламиз бузилганида Қўйлиқдан икки хонали квартира беришганди. Ўша ерда.
— Энди уйланиш керак… Кўз остингга олганинг борми?
— Йўқ. Аввал илмий ишимни бир ёқлик қилай. Уйланиш қочмас.
— Мўлжалинг қачон?
— Баҳорда. Ташкилий ишлари қолган, холос.
— Дуруст.
— Ад… бир нарса сўрасам майлими?
— Биламан, сўрайдиган гапинг кўп. Майли, болам, сўра. Тортинмай сўрайвер.
— Ойим билан қандай танишгансилар? Сиз талаба бўлгансиз. Ойим – тикувчи. Ёшлари ҳам сиздан каттароқ экан?..
— Катта бўлса-чи? Пайғамбаримизнинг кўз очиб кўрган жуфти ҳалоли – Ҳадича онамизнинг ҳам ёши улуғроқ бўлган… Гап ёшда эмас. Кўнгилда.
Ота кафтларини жуфтлаб, букилган бош бармоқлари устига пешонасини қўяди. Кўзларини бир зум юмади. Хўрсинади. Овози титраганча, тақдири азалдан гап очади. Айтади, ўзинг кўриб турибсан, мен — тупканнинг тагидаги шу биёбондан, тупроқнинг орасидан чиққан ҳабашдай қоп-қора, тўпори бола, ойинг, раҳматли, пойтахтнинг эрка қизи, гавҳари… Тангри шуни раво кўрган экан-да.
Жаббор аёзли қиш оқшомида содир бўлган ўша ҳодисани эсга олади. Ётоқхонада яшайдиган талабалардан тузилган дружина аъзолари оқшомлари жуфт-жуфт бўлиб шаҳарга навбатчиликка чиқарди. У шериги билан бир оқшом Хадрада айланиб юрган эди. Қаттиқ чинқириқ эшитилади. Ўша томонга чопадилар. Муюлишдан бир йигит отилиб чиқади. Қўлида аёлларнинг сумкаси. Югуриб келаётган йигитларни кўриб, таққа тўхтайди. Ўзига келгунича, оёғига еган тепкидан ерга қулайди. Изидан паканагина бир қиз пилдираганча етиб келади. “Сумкамни, сумкамни опқочди!” – деб изиллайди қиз. Безорини ерга босиб, қўлини орқасига қайирадилар ва дастрўмол билан боғлайдилар. Сумкасини қайтариб олган қиз дир-дир титираб, йигитлардан нари кетолмайди. Жаббор телефон будкасидан сим қоқиб, милиционерларни чақириб келгач, безорини ҳам, қизни ҳам машинага ўтқизиб, ички ишлар бўлимига олиб борадилар. Хат-ҳужжат тўлдирилиб, ариза расмийлаштирилгунича тун оғади. Бошлиқ қизни Жабборга топширар экан, кўзини қисиб қўяди: “Эсон-омон, соғ-саломат уйига етказиб, натижасини менга айтасан!”.
“Хўп бўлади!”.
Изғирин изиллаб ётган шаҳарда ўша кезлари на йўловчи машина, на такси учратасиз. Яёв йўлга тушадилар. Қиз уни тинимсиз саволга тутади: “Ёшингиз нечада? Қаердансиз? Уйланганмисиз?..”
Кейинчалик Сабоҳат ўша аёзли тунни, сумкасини олиб қочган безорини, бўм-бўш кўчаларни миннатдорлик билан кўп эслайди. Ўғри болани, умри узоқ бўлсин, мушкулини Ўзи осон қилсин, деб дуолар қилади. “У сумкамни олиб қочмаганида мен сизни учратармидим? Бу дунёдан сўққа бош ўтардим! Ўша ўғригина болага раҳмат!” деб самимий кулади.
Аён бўладики, тикиш-бичиш ширкатида ишлайдиган қиз корхонасидан чиқиб, гастрономга кирган ва сариёғ олган. Бекатда автобус кутиб турганида безори келиб, бехосдан қўлига чанг солган…
Жони ҳалқумига келиб ўтирган она, қизи билан бегона йигит кириб келганини кўриб, ўкириб юборади. “Иккаланг ҳам қотиб қопсанлар!”, деган гапни бот-бот такрорлаб, чой дамлайди. Ярми занг босган тунука, ярми четандевор билан тўсилган омонат ҳовлидаги пастқамгина уйда гангур-гунгур гурунг бўлади. Она-бола Жабборга: “Энди тез-тез келиб турмасангиз, хафа бўламиз”, деб хайрлашади. Йигит, табиийки, ваъдани қуюқ қилади.
Сўнг тергов, сўроқ, юзлаштириш, суд… Юракни эзадиган жараёнлар тугагунича қиз билан йигит яна кўп кўришади. Бир-бирига ўрганиб қолади. Оёғида доим пошнаси бир қарич пойабзал, муллатўрғайнинг калласидек кичкина бошининг тепасига сочлари баланд турмакланиб, рўмол ўралган (шунда ҳам бўйи йигитнинг елкасигача келмасди) оёқлари, қўллари, панжалари гўдакникидек ингичкагина, калтагина, кўкраклари қабариқ қиз ҳар гал Жабборни уйига чорлайди: “Ойим чақирияптилар! Бормасангиз, хафа бўладилар!”.
Боради.
“Дунёга келиб топганим — шу қиз,— шикаста овозда гап бошлайди бир куни оғир-вазмин, суяги бузуқ она чироқнинг ҳазин шуъласида ёлғиз қолганларида. — Пешона экан, ўғлим. Раҳматли эрим ногиронроқ эди, қирққа ҳам кирмасдан ўтиб кетди. Яширмайман, қизим чала туғилган. Укол-дори, парваришнинг кучидан, ҳамширалигимнинг орқасидан одам бўлиб юрибди. Сизни учратгандан бери ўзини қўярга жой тополмайди…”
Она гапнинг нишабини уйланишга олиб келади.
“Мариям хола, қишлоқда уйланмаган икки акам бор, — дейди Жаббор.— Ота-онам бор…”
“Биламан, болам, биламан. Лекин сиз “йўқ” десангиз, Сабоҳат узоққа бормайди. Ўлиб қолади. Сиздан бошқа на бир ҳабибимиз, на бир табибимиз бор. Ҳеч кимнинг бошига солмасин! Чўкаётган одам хасга ёпишади. Марду майдон, полвон йигит экансиз. Қизимга, менга раҳм қилинг, айланай! Ўтинаман! Ростини айтасам, соғлом насл қолсин, деймиз. Ўла-ўлгунимизча дуои жонингизни қиламиз, ўғлим!..”
“Сен чўяндай қора, чўяндай бақувватсан! — дейди Сабоҳат. — Ўттиздан ошдим. Энди омадим келса, кампири ўлган бирорта тўқолга тегаман. Келмаса, бу дунёдан хор-зор ўтаман. Боримни сенга берай, боримни сен ол, Чўянжон!..»
Полвонга она-боланинг товонига қолгандан кўра, дуосини олиш афзал кўринади: “Бахт аш таваккал!”
Кейин ўзбеклашиб кетган қозоқ мулла келади ва келин-куёв бўлмишларни кўриб, остонада тўхтаб қолади. Девдай йигит жимитдай шу қизнинг нимасига учди экан, деб ўйлайди, чамаси. Кечаси илкис кўзи тушган одам тилдан қолади.
Мулла лабининг тиришини аранг яширар экан, йигитдан сўрайди: “Уста Шокирнинг қизи Сабоҳатни никоҳингга олишга розимисан?”
“Розиман…”
“Жуфти ҳалолингни аччиқ қамчи урмасликка, олти ой ташлаб кетмасликка розимисан?”
“Розиман…”
Мулланинг тиловатидан йигитнинг дили равшан тортгандай бўлади. Кейин кафтдеккина ҳовлидаги пастқамгина уйнинг моғор аралаш оҳак анқиб турган хонасига кўчиб ўтади. Ошналарини ҳашарга чорлаб, ҳовли деворини “одамбашара” қилмоқчи бўлади. Қайнона кўнмайди: “Йўқ, овора бўлманг! Яқинда бари бир бузилади. Сносга тушган”.
“Сен чўяндай қора, чўяндай бақувватсан! — дейди келинчак. —Боримни сенга берай, боримни сен ол, Чўянжон!..»
Йигит қизнинг ишдан қайтишини ҳарорат билан кутади. Келганини ҳовлига ёйилган “Красная Москва” атирининг ифоридан билади. Шу бўй димоғига илинса, куёвнинг вужудида бир титроқ турар ва кўзини кўр, қулоғини кар, тилини лол қилиб қўярди. Қош қорайиши билан эшик секин очилиб, Сабоҳат кирар ва овозлари титраб-қақшаб сас берарди: “Чўянжон! Чўяним, ўзимнинг Чўянжоним!..”
Қиз уни телбалардек севар эди. Жаббор тўлин ой чиққан кечаларда аёл киши ақлдан озишини шунда сезган.
“Девона бўпсан, сен бола! – дейди Жабборга отаси. – Хотинсираган бўлсанг, қишлоғимизда қиз қуриганмиди?”
Кейин жувон қайт қила бошлайди. Врачларнинг фиғони фалакка чиқади: “Туғсанг, ўласан, демаганмидик!”. “Ўлсам ҳам майли, розиман, деб тилхат бердим,— дейди бўлажак она. — Ногирон аёлдан соғлом бола туғилсин! Мен сени у дунёда ҳам алқаб ётаман, Чўянжон!..”
Сабоҳат бир-икки ҳафта шифохонада ўсал ётади. Онаси унинг бошида бетига қараб ўтиради. Ой-куни яқинлашганида куёв дабдурсатдан хайр-маъзурни насия қилади.
* * *
— Менга энди рухсат берсангиз. Тошкентга қайтсам.
— Бу нима деганинг, болам? Шунча ташвишни ким учун, нима учун қиляпман? Йў-ўқ! Эртага маъракада ёнимда турасан. Менинг ҳам дўст-душманим бор. Сени кўрсин. Сен ҳам қариндошларинг билан таниш. Ё ишинг шунчалик зарилми?
— Жа зарил эмас-у, ноқулай… Таътилдаман. Ёзи билан қабул комиссиясида ишлагандим.
— Қабулгаям аралашаман, де? Зўр-ку!
— Қайдам, бизники югур-югур, майда-чуйда ишлар.
— Битта-яримни университетга киритиб қўяолсанми?
—Йўғ-е, қўлимдан кемайди.
— Сабоҳат ҳам шундай честний эди. Онангга тортибсан.
—Қайдам.
—Хўш, нимага ҳалигача “ота” деяолмай, чайналаяпсан, ўғлим?..
—Билмасам… Осонмас…
—Энди ўрган. Тортинма, ўғлим!..
—Хўп, ота.
Отанинг қулфи дили очилиб кетади.
—Биласанми, онанг бандалик қилмаганида ҳам, бари бир институтни ташлардим. Ўзинг ўйла, беш йил ўқиб қишлоққа қайтганим билан агрономга иш қайда. Замон чатоқ. Бўйим узун бўлсаям, қўлим калта эди. Жуда калта эди.
Ота нақлга ўтади. Бошини қаёққа уришни билмай юрган асов эдим, дейди. Асов бўлмай қаерга борай? Эр йигитнинг аёл киши қўлига қараб қолгани – ўлгани. Девдай бўлсанг-у, кечқурин уйингга, хотининг олдига иккита нон кўтариб келишга қурбинг етмаса. Аксинча, қайнонанг билан аёлинг топган ош-овқатга, уй-жойга шерик бўлсанг! Бундан оғир азоб борми дунёда!
Шундай кунларнинг бирида десантчи қўшинларда бирга хизмат қилган яҳудий ошнаси Сергей Фургал телевизордан жўшиб гапираётганига кўзи тушиб қолади. Москвадан. Хабаровскийда ўрмон хўжалигининг бошлиғи экан. Телефонини бир амаллаб топади. “Тез етиб кел, менга жуда кераксан”, деди ошна. Талаба йигит ариза-париза ёзиб ўтирмайди. Шартта самолётга чиқади-ю, учади. Ошна Жабборни ўзига тансоқчи қилиб олади. Бир йил ўтар-ўтмасдан “ўзбекнинг баласи” пулга кўмилиб қолади. Аллақачон хомталаш бўлиб кетган ўрмонни истаганча кесиб, истаганча ёғоч сотишади. Акаларига кетма-кет икки вагон жўнатади. Улар укасига, Хабаровск ўлкасига — пиёз, пахта. Пулнинг бетига қарайдиган одам йўқ. Ҳамма ёқда – бартер. Иккинчи вагондан Япон бувага ҳам йигирмата болор тегади. Домла ҳалигача, дуо қилади, бечора.
— Россияда неча йил юрдингиз, ада? – сўрайди Ёдгор.
— Олти йил ғириллаб ўтиб кетди. Икки марта бувингга пўчтадан пул жўнатдим. Қайтиб борди. Кейин қўлдан бериб юбордим. “Кампир пулга бурилиб қарамадиям, – деди ҳожатбарор. – Жабборга бориб айтинг, хотиниям, фарзандиям йўқ. Ўлган! Умидини узсин!..” Йўлим тушиб, онанг яшаган маҳалланинг ёнидан ўтиб қолсам, ҳалиям юрагим қанчалар зирқирашини билсанг эди!..
Узоқ чўзилган оғир, жуда оғир жимликни ўғил бузади:
— У ёқдаям укаларим, сингилларим… қолгандир-а? – дейди.
— Худо-худо, шуни сўрамасин-да, деб тургандим! – нигоҳини олиб қочади ота. – Нима десам экан? “Бор” дейишга тилим айланмайди, “йўқ” десам ёлғон бўлади.
— Тушунарли.
— Тушунганинг учун раҳмат, ўғлим! Ҳа, ишимнинг хоми кўп бўлди. Яҳудий ошнамни отиб кетишди, менинг ярим соним йўқ ҳисоби, ўқ тилиб ташлаган… Пешанамдан ўргилай! Кечадан бери сендай ўғилни раво кўргани учун Яратганга таволло қилиб, теримга сиғмаяпман!
— Мен сизни топга… кўрганимдан хурсандман, ада…
* * *
Эртаси куни пешиндан сўнг тўйхонанинг олдида шундай суҳбат бўлиб ўтади.
—Маърака зўр ўтди, – дейди Нурхон муаллим. – Ер ёрилиб одам келди… Ота-бола бир хил костюм-шимда тоғдай бўлиб турганларингни кўриб, ҳаваси келмаган одам қолмади.
—Адам билан шаҳаргаям тушишга улгурдик. Бир вагон кейим-кечак опбердилар!..
—Буюрсин! Илоё, буюрсин!.. Қалай, қишлоғимиз сизга ёқдими, ишқилиб, Ёдгоржон?
— Ёққанда қандай! Одамлари зўр экан! Сочига оқ оралаган йигитни – бува, жувонни – момо дейишларига қойилман! Лақабсиз одамнинг ўзи йўқ.
— Ана синчилик! Балли! Энди бизнинг уйда ҳам чойлашинг, Ёдгоржон. Мурод укангиз битта ширбоз атаб ўтирибди.
—Ширбоз дейсизми?
Муаллим кемтик тишларини кўрсатиб кулади:
—Ҳа, ширбоз – қўчқорча. Муродбой укангиз ҳам юрист бўлмоқчи.
—Буни қаранг. Ўғлингиздан зўр изқувар чиқади, лекин… Олов йигитга ўхшайди…
— Ёдгор акамнинг этагидан маҳкам ушлайман, дейди. Сизга садоқатли шогирд бўлмоқчи…
—Раҳматли, бувимнинг дуолари ижобат бўлди: Ота юртимни кўрдим. Ҳалиги нима эди… эшакнинг эркагини нима дегандингиз?
— Ҳанги.
— Ҳа, ҳангиниям кўрдим!..
— Тиш-ш! – энди тилини тишлаб кулади Нурхон муаллим. — Отангиз эшитса, хафа бўлади-я!..
“Шарқ юлдузи” журнали,
2021 йил 10-сон.