Қулман Очилов. “Мен худодан қўрқаман!”

Мухбиримиз бир кунда уч марта пулидан айрилди

“Дорихонага қараб чоп!”

Мени бу синов – эксприментга, ундаган сабаб – онда-сонда қулоққа чалиниб турадиган ўша ёзғириш: “Одамлар харомдан ҳазар қилмай қўйди. Ҳали қарасанг, эшак гўштини пуллаган. Яна бири масжидда чўнтакка тушган. Энди ибодатхонанинг эҳсон қутисини ўмариб кетишибди. Бу ҳолда эл-юртда барака бўладими?..”
Замондошларимиз ҳалоллик, инсофу диёнатни унутиб, иблиснинг йўриғига юра бошлагани ростми?..
Мана, ўқинг ва хулосани ўзингиз чиқаринг.
Наҳорда уч пачка пулга бир хил илтимос битилган учта қоғозча ёпиштирдим: “Обиджон! Ушбу пулни олишинг билан дорихонага қараб чоп, ўғлим. Дўхтир айтган дорини олиб, зудлик билан касалхонага, онангга етказ. Дорини топишинг билан менга сим қоқ”.
Бунда ёлғон йўқ – хотиним ўткир юрак хуружига чалиниб, шифохонада даволанаётгани рост эди.
Хатчаларга ён телефонимнинг рақамларини ҳам қўшиб, ёзганларим аниқ-тиниқ кўринадиган қилиб, пулларни шаффоф халтачаларга жойладим ва бозорга йўл олдим. Мақсадим: гавжум жойлар – бозор, транспорт ва савдо шаҳобчаларини “зиёрат қилиш” эди.

Пулим “қулоғини ушлаб кетди”

Расталарнинг ўртасига – издаҳомга етгач соатимга қарадим ва хаёлан қайд этдим: Якшанба. Соат 10:33. Тошкентнинг “Абу-Сахий” бозори.
Биринчи елимхалтадаги пулни шундоқ оёқларим остига ташладим. “Тап” этиб тушди. Уч-тўрт қадам юрмасимдан ортимдан ҳаяжонли овоз эшитилди: “Вой, қаранг, кимнингдир пули тушиб қопти!”
Тўхтаб, секин ортимга бурилдим. Овоз эгаси – ўрта ёшлардаги чарм курткали жувон, пулни олиб, ёнидаги кўкиш камзул кийган барваста аёлга қаради: энди нима қиламиз? Ёши кексароқ аёл пулни унинг қўлидан шартта юлиб олди-да, нимадир деди. Шериги қўлидаги каттакон сумкасини қия очди. Кампир пулни қизғиш сумкага ташлади. Сўнг шитоб билан йўлига, менга қарама-қарши томонга равона бўлди. Шошиб қолдим.
Мен кутган эдимки, тополоқ, агар у инсофли бўлса, одатимизга, мусулмон умматига хос йўл тутади. Яъни пулни боши узра баланд кўтариб, камида уч марта ҳитоб қилади: “Биродарлар, ким пул йўқотди?”
Аёллар бундай қилмади. Изидан тушдим. Беш-ўн қадам юргунимча кўздан ғойиб бўлди. Ортидан шошганим – уларнинг қандай одамлар эканини кўрмоқчи, билмоқчи эдим. Ўн беш дақиқада бутун бозорни айланиб чиқдим. Ярим соатдан кейин изламаган ерим қолмади. Телефонимдан ҳам садо чиқмади.
Пулим “қулоғини ушлаб кетди!”
“Икки кило гўштнинг пули! – деб ўйладим. – Бор-йўғи икки кило!”

“Адашдингиз, ака!”

Кейин метронинг “Буюк ипак йўли” бекатидан чиқиб, Чирчиқ сари йўл олдим. Одамларни гавжум шаҳардан ташқарида, иложи бўлса, танспортда ҳам синаб кўриш эди. Оқ “Нексия”си ялтираб турган йигитча очиққина экан. Гурунгдан олди. Исми – Санжар. Ирригация ва мелорация институтида иккинчи курсда ўқийди. Пойтахтга бетоб бобосига дори қидириб тушган.
“Топдингизми?”
“Шукр. Топдим!”
“Шифо берсин!”
“Илоё, айтганингиз келсин!”
Кимёгарлар шаҳарчасидаги “Бухоро” қаҳвахонасининг олдида тушар эканман, иккинчи халтачадаги пулни ҳайдовчининг ёнида қолдирдим. Сезмади. Талаба йигитча билан самимий ҳайрлашдим: “Раҳмат, укажон!”
Мулозим олиб келган овқатга қўл узатишга улгурмадим. Эрталабдан бери гўнгқарғадек тумсайиб олган телефонимга жон кирди:
“Машинада пулингиз тушиб қоптими, амаки?”
“Оббо! – Қувониб кетганимни яшира олмадим. – Суюнчиси биздан, Санжарбек!”
“Ҳозир олиб бораман!”
Мен уни кабоб билан сийлашга аҳд қилдим. Ахир эзгу ишнинг мукофоти бўлиши керак-да! Орадан ярим соат ўтди. Қирқ минут. Жимлик. Ўзим қайтариб қўнғироқ қилдим. Гўшакни аввал ҳеч ким кўтармади. Кўтаргач ёши каттароқ одам очиқдан-очиқ дағдаға қилди:
“Адашдингиз, ака! – деди у. – Бу ерда унақа одам йўқ! Телефон қилманг!”
“Икки кило гўштнинг пулига шунчами? Бор-йўғи икки кило-я!”

Савалаш

Учинчи елимхалтадаги пулни ўтирган жойим – курсида қолдириб, қаҳвахонадан ташқарига чиқдим ва ойнаванд эшикдан кузата бошладим: буниси кимга насиб қиларкан?
Аравача сурган жувон келиб, стол устидаги идиш-товоқларни йиғиштиришга тушди. Сўнг пулни олиб, оқ камзулининг чап чўнтагига тиқди. Ажабо! У ҳайратга ҳам, хавотирга ҳам тушмади. Атрофига алангламадим ҳам. Кимнингдир чўнтагидан тушиб қолган фалон минг пулни эмас, гўё ўзининг дастрўмолчасини топиб олди. Эринибгина олиб, чўнтагига солди.
Ичкарига кириб, четроққа ўтирдим. Аёл идиш-товоқ тўла арвачасини сурганча ошхонага кириб кетди. Менда умид пайдо бўлди: зора пулга қистирилган хатни ўқиб, сим қоқса! Йўқ. Идиш-товоқлар бекаси чиқиб яна одатдаги ишига уннади. Ёнимда ўтаётганида огоҳлантирдим: “Синглим, ҳамёнингиз осилиб қоптими? Пулингиз тушиб қолмасин тағин”.
Аёл яна ажбланмади. Менга хорғин бир назар солди-да, чўнтагидан ярми кўриниб турган пулни ичкарироққа сурган бўлди. Бепарволик ҳам шунча бўладими? Бир соат ўтди. На келишга ваъда берган талабадан, на идиш-товоқ йиғиб юрган аёлдан бир сас, бир имо бўлди. Алам билан ўйладим:
“Бор-йўғи икки кило гўштнинг пули-я! Наҳотки?..”
Оқшом мени Тошкентга олиб қайтган автобусни ёмғир беаёв савалади.
Тонг отиши қийин бўлди. Лекин отди. Оппоқ тонг, оппоқ қори билан.

Қўйсангиз-а!

Душанба куни эрталаб машинага ўтираётганимда “гўнгқарғам” тўсатдан тилга кирди:
“Амаки, мен Санжарман. Ваъдабоз укангиз!”
“Бормисиз, укажон? Тинчликми, ишқилиб?”
“Шукр! Учрашганда айтаман. Қаерга борай?”
У метродан чиқиб келди. Ҳаяжонланган. Ҳансираган. Ранги учган. Қўли кўксидан тушмайди: “Узр, амаки, узр!”
Кеча кафега келмоқчи бўлиб турганида акаси йўлдан қайтарибди: “Пулга қистирилган хат жуда шубҳали. Катта-матта ўғли отасининг телефон рақамини билмайдими? Бунда бир гап бор. Яхшиси кафега телефон қил”.
Қўнғироқ қилса, қўшниси – мулозим аёл айтибди: “Бу амакининг ўтириши жуда бежо”. Сўнг у ҳам шундай шубҳали пулга дуч келган. Унга ҳам шундай хат қистирилган.
“Додам, нима бўлганда ҳам пулни эгасига олиб бориб бер, дедилар. – Йигитча икки пачка пулни менга узатди. – Ўзлари бетоб ётибдилар!”
“Илоё, шифосини берсин!”
Санжарни бағримга босиб, миннатдорчилик билдирдим. Сирни очдим. Кулишдик. Пешиндан кейинги қўнғироқ мени янада суюнтирди:
“Абиджаннинг акасимиз, ёшулли?”
“Ҳа, отасиман”.
“Мен Шакаржон опангизман. Урганчдан телефон уриб турибман. Келин яхшимилар?”
“Сиз сўрайсизу ёмон бўлармиди, опажон! – дедим. – Дим яхши!”
Маълум бўлдики, Тошкентга қизи билан меҳмонга келган опа қўноқ жойга кирмасидан ортидан шум хабар етган: “Неварангиз газда юмуртқа қовураман деб куйиб қолди!”
Таксига ўтирибдилару “Хоразмга қараб учибдилар”.
“Пулингизни бугун таксичи Рўзимбойдан бериб юбораман, – деди опа овозлари гуриллаб. – Дим яхши йигит. Қўлингизга опбариб баради!”
“Шу ишга шошилманг, опа! – дедим ҳаяжонланиб. – Сиздан жуда миннатдорман. Невараларингизга музқаймоқ олиб беринг шу пулга! Мингдан-минг розиман!..”
“Қўйсангиз-а!..”
“Дарвоқе, “тухумхўр” неварангиз тузукми?”
“Шукр, жойида. Лекин пулингизни бариб юбораман, оғажон. Мен Худодан қўрқаман! Кишининг моли кишига буюрмаяжак. Худоим ҳалолидан барсин!”
Эртаси куни минг километр олисда яшайдиган ва бутунлай нотаниш бир Аёл менга қайтариб берган пулни нотаниш бир таксичи тус-тўгал етказиб келди. Шунча йўлдан.
“Бор-йўғи икки кило гўштнинг пулини!”
Ҳалолидан берсин!

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2018 йил 11 май