“Гулистон” журналининг август сонида Эркин Аъзамнинг “Қаҳратонда гул кўтариб” ҳикояси чоп этилди.
“Нима бўпти, – дейсиз сиз, – Эркин Аъзам бирор нарса ёзса, ҳар қандай нашр кўзига суртиб чиқаради”.
Тўғри, бироқ эътирозингиздан сезиб турибманки, сиз яқин-ўртада “Гулистон”ни варақлаб кўрмабсиз. Аввал кўринг!
Журналнинг янги, янада кўркам қиёфа, маъно-мазмун касб этиб, адабиёт, маънавият ва маданият аҳлининг нуфузли минбарига айланиб бораётганини кўринг! Саҳифаларидан, Асқад Мухтор бош муҳаррир бўлган даврлардагидек, яна машҳур адибларнинг асарларига мўл-кўл жой ажратаётганини кўринг!
Шу кунларда муборак етмиш ёшини ижодий режаларга тўлиб-тошган ҳолда кутиб олаётган Эркин Аъзамнинг ҳикояси – улардан бири.
Айни пайтда, мен эътиборингизни қаратмоқчи бўлган гап машҳур ёзувчимизнинг юбилейида ҳам, ўз вақтида мазкур журналда ишлаш шарафига муяссар бўлганида ҳам эмас.
Аслида, қайд этилганларнинг ўзи ҳам мамлакатимизнинг ижтимоий-маданий, маърифий ва адабий ҳаётидаги қувонишга, фахрланишга арзигулик янгиликлар!
Негаки, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзамдек романлари, қиссалари ва ҳикоялари кўплаб тилларга таржима қилинган, асарларининг халқаро тақдимотлари Ғарбу Шарқнинг энг йирик шаҳарларида мутараққий оламнинг атоқли жамоат, фан ва маданият арбоблари, мунаққидлари иштирокида ўтказилган забардаст адиблар нафақат Ватанимизда, балки хорижда ҳам кўп эмас. Ўша тадбирларнинг айримларидан нуфузли оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарларга эътибор беринг: “Бугун ёзувчининг ижоди мустақил Ўзбекистоннинг иқтидорли ёш ижодкорлари учун ўзига хос адабий мактаб бўлиб хизмат қилмоқда”; “Асарлари адабиёт ва санъат ихлосмандлари томонидан доимо юксак қадрланади. Уларда илгари сурилган эзгу ғоялар ва орзулар авлодларни инсонпарварлик, озодликка интилиш ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда”.
Саналганларга Эркин Аъзамнинг йирик халқаро кинофестивалларда юксак эътирофларга сазовор бўлган “Дилхирож”, “Эркак”, “Паризод”, “Сув ёқалаб” каби бадиий фильмларга ёзган сценарийларини, манаман деган театрларда саҳналаштирилган “Жаннат ўзи қайдадир”, “Танҳо қайиқ”, “Фаррош кампирнинг туши” каби пьесаларини қўшинг!
Атоқли адибимиз камтаринлик билан “менга кўпроқ мискинлик ёқади” деса-да, нафақат ижодда, балки ижтимоий-сиёсий ҳаётда ҳам доим фаол. Буни кетма-кет икки марта парламент депутати бўлган кезлари энди истиқлолга эришган давлатимизнинг илк қонунларини қабул қилишга қўшган улкан ҳиссаси айтиб турибди. Буни Миллий ахборот агентлиги – ЎзА бош директорининг биринчи ўринбосари сифатида мамлакатимизнинг ахборот мустақиллигини таъминлаш борасида чеккан заҳматлари, “Гулистон”, “Ёшлик”, “Тафаккур” каби машҳур журналларда, йирик нашриётларда таҳрир санъатини миллий мезон даражасига кўтарган муҳаррирлик фаолияти айтиб турибди.
“Бир ишга қўл урдингми, пишиқ-пухта, тоза қил, аксинча, овора бўлиб ўтирма!” Бундай принципга қатъий амал қилиб яшаш кишидан нақадар катта сабот, фидойилик талаб қилишини адибнинг сафдошлари жуда яхши билишади.
Жойи келганда адиб ижодининг яна бир ёрқин қирраси – публицистик асарларига тўхталмасдан ўтолмайман. “Умри капалакникидек қисқа” деб анчайин менсимай қараладиган мазкур жанрда ҳам эл-юртимизда юз бераётган ўзгаришларга кўпчиликнинг эътиборини қаратиш, йиллар, замонлар силсиласига бемалол дош бера оладиган асарлар битиш мумкинлигига ёзувчининг “Эрталабки хаёллар” китоби яхши мисолдир. Мазкур китоб бозори чаққон матоҳ – ялтоқланиш ва ситойишлардан буткул холи. Айни чоқда, унга жамланган мақолалар, эсселар, сафарномалар, адабий ўйлар, хотиралар, гурунглар – барчаси замондошларимиз, бир сўз билан айтганда — Инсон ҳақида. Жанри, мавзуси, ҳажми ва чоп этилган вақтидан қатъий назар, барчасини буюк бир туйғу – Ватанга муҳаббат, юрт озодлиги ва мустақиллигини мустаҳкамлашга эзгу даъват бирлаштирган.
Ҳозир – алғов-далғов, ҳовлиқма бир замон. Кимнинг кимлиги синовдан, имони чиғириқдан ўтаётган пайт. Лекин биз ким бўлишимиздан қатъи назар, “шу юртсиз, шу элсиз ҳеч ким, ҳеч нарса эмаслигимиз ҳақиқат”. Адиб эл-юртига юксак фарзандлик меҳри билан таъкидлаганидек, “Мустақиллик – фуқаронинг кўнглини тўқ тутадиган эрк, ифтихор. Ана шу туйғугина уни Ватанга беминнат хизмат қилмоққа, зарур бўлса, Ватан йўлида жонини фидо этмоққа ундайди”. Андиша шуки, ҳушёрлик, Ватан тақдирига дахлдорлик ва фидойилик ҳар биримизнинг эзгу аъмолимизга айланмоғи, “ҳар ким ўз ўрнида туриб, ўз ишини астойдил адо этмоғи даркор. Ватан ана ўшанда юксалади”. Ҳаётимиз янада тинч, хотиржам бўлади. “Томошабинлик театрда ярашади”.
Аслида, мен эътиборингизни қаратмоқчи бўлган гап “Қаҳратонда гул кўтариб”нинг айнан “Гулистон”да, айнан шу кунларда илк бор мухлислар ҳукмига ҳавола этилгани ҳақида.
Ҳайратланарлиси шундаки, ҳикоя бундан қарийб 45 йил бурун ёзилган: “Радиода ишлаб юрган кезларим (1976 йил бошида) ёзганим, ёзибоқ унутилмас дўстим, шоир Муҳаммад Раҳмонга ўқиб бериб, маслаҳат сўраганларим ёдимда. Энди ўйласам, худди ўша кунлар “Гулистон” журналига хизматга ўтган эканман…”
Оқсоқол адибимизнинг йигирма беш ёшда ёзган асарини бир зарб билан ўқиб чиқасиз. Кейин яна, бу гал шошилмасдан, ўқигингиз келади ва айтасиз: “Ажабо, гўё кеча оқшом ёзилгандек!”
Ўйлаб кўрсак, қизиқ бир манзара намоён бўлади: ўтган йиллар мобайнида дунёи дунда неча салтанатлар, тузумлар, ғоялар, мафкуралар, қонун-қоидалар, тутумлар, талаблар ўзгарибди. Неча ҳукмдорлар келиб-кетибди. Қанча сувлар оқиб ўтибди. Қанчадан- қанча жозибадор ғоялар, жилд-жилд китоблар, миллионларни бирлаштирган байроқлару шиорлар ўтмишга айланибдики, кўпларини бугун эслаш ҳам маҳол…
Лекин донишманд ёзувчининг ярим аср бурун битган ва “кўнгли тўлмай бисотига ташлаб қўйган” асари ҳамон ёқутдек кўзни қамаштириб, кишини энтиктириб турибди. Чамаси, адибнинг китобхонни кўриш орзусида сарғайиб ётган бундай ҳикоялари бир талай.
Тасаввур қилдим. Яна эллик, боринг ана, юз йилдан кейин менга ўхшаган бирор синчков китобхон “Қаҳратонда гул кўтариб”ни қўлига олса, нима қилар экан?
Ишонаманки, маза қилади. Севинади! Эркин Аъзамга хос “сўзга зиқналик” билан битилган қисқа-лўнда, баъзан латиф юмор, баъзан беозор киноя, баъзан жиндак “қалампир сепилган” сатрлар, тасвирнинг тиниқлиги ҳар қандай китобхонни ром қилиб қўяди.
Дарвоқе, 1990 йили бир маҳмадана журналист Эркин Аъзамга шунга яқин савол берган экан: “Фараз қилайликки, ўзга сайёрага парвоз этдингиз. Манзилда сизга ажойиб зотлар пешвоз чиқиб, “Эй азиз меҳмон, кўнглингиз тусаганини сўранг, дарҳол бажо этамиз” дейишса, улардан нимани тилардингиз?”
Адибнинг жавобини қаранг: “Шундай оламшумул мўъжиза, бахт менга насиб этса-ю, ўзимнинг майда-чуйда истакларимни айтсам уят бўларди, албатта. Масалан, ўн йилдан буён бир бедаво дард мени қийнайди — қулоғим тинимсиз шанғиллаб туради, шуни тузатиб беринг, ўзга сайёралик дўстим, деб илтимос қилишим кулгили эмасми! Чунки Ер шарида менга ўхшаган тўрт миллиард одам борки, ҳаммаси ҳам ўзига яраша бирор дардни орқалаб юради. Ёки, менга битта “Мерседес” совға қилсанглар-чи, десам ниҳоятда уятли иш бўларди. Нега бу қадар пастсанлар, эй ерликлар, деб ўлдириб қўйишлари тайин”.
Шунинг учун танти адиб уларнинг олдида тиз чўкиб таваллолар қилмоқни лозим топади: “Қўлингиздан келса, биз, аҳли заминни энди озгина комил қилинг, бир-биримизга озгина кечиримли қилинг, озгина меҳр-оқибатли қилинг! Қолгани ўзимизнинг қўлимизда”.
Инсонни муҳтарам ва муҳташам кўрмоқ орзуси, диёнат, фидойилик, меҳр-оқибат — ўзини камтарлик билан “нурга интилувчи қаламкаш деб биладиган” адиб ижодининг аввал-бошидан танлаган концепция, асарларининг доимий ва бош мавзуси. Бу ёзувчи адабиёт деб аталмиш буюк бўстоннинг остонасида турган йилларда яратган, тақдир тақозоси билан бугун, орадан салкам эллик йил ўтгач, мухлислари ҳукмига ҳавола этилган ҳикоясида ҳам ўз инъикосини топганини сезиш қийин эмас.
Шунинг учун мен айнан “Қаҳратонда гул кўтариб” ҳақида сўз юритмоққа журъат этдим. Зеро, мазкур асарнинг бош ғояси ҳам Тангри томонидан бандаларига ато этилган меҳр-муҳаббат, оқибат, имон-эътиқодда собитлик, эзгу мақсад йўлида курашиб яшамоқ, дунёни тўкис ва мукаммал кўрмоқ орзуси.
Шунинг учун қирчиллама қишда гул кўтариб Тошкентдан узоқ Бойсундаги тоғ қишлоғи сари йўлга чиққан талаба йигитнинг изтироблари, кечинмалари, турфа ёшу турфа феъл-атворли одамларнинг унга муносабати, бир сўз билан айтганда – инсон манзаралари – йиллар ўтса-да ўзгармаган, деймиз. Шунинг учун ҳам ҳақиқий адабиётни боқийликка дахлдор, инсон, инсоннинг тақдири, руҳий олами ҳақидаги санъатдир, деймиз.
Асарларининг қаҳрамонлари Эркин Аъзамнинг ўзи каби дадил, шижоатли ва некбин одамлар, қийинчиликлар олдида тушкунликка тушиб, қўллари шалвираб қолмайди.
Йўл бўйи қўлида гул, поездда “дунё қўшиққа айланиб кетиши”дан сармаст келган йигит “Ажрим” аталмиш дардисар бекатда мушкул вазиятга тушиб қолади. Тоғнинг нариги томонидаги қишлоғига тезроқ етай деса, довонни тизза бўйи қор босган. “Ундан юрадиган шопирнинг юраги бир газ бўлиши керак… Икки кундан бери машина қатнамайди”. Ёрдам кутган одамлари, ҳатто доим жонига ора кирадиган “гараж мудири, қўлида ўттиз-қирқ машина бор” амакиси ҳам сим қоққанида совуқ муомала қилади. “Бу ер совуқ экан, амаки, қотиб қоламан”. “Қотиб ҳам кўриш керак, жиян, ана шунда биласиз амакининг қадрини!.. Бизда шахсий мақсадларда фойдаланадиган улов йўқ!” Нега акасининг тўйига азза-базза гул кўтариб келаётган жиянига амаки бундай қўрс муомала қилди? Воқеанинг жон жойи шунда.
Гажир талаба қор сўқмоғи бўйлаб тийғана-тийғана, хатарли довон ортидаги ўн беш чақиримлик манзилга пой-пиёда йўл тортади. Шунда ҳозиргина “турган-битгани пасткаш, бемурувват кимсалар” бўлиб кўринган одамлардан бири унга отини ва кийиб ўтирган қалин пўстинини ечиб беради.
Ана, шижоатнинг мукофоти! Ана, рутубатли кунда таралган шуъла! Ана, ўзини “нурга интилувчи қаламкаш деб биладиган” адибнинг, умуман, адабиётнинг бош мақсади – инсондаги меҳр-оқибатни улуғлаш! Тангри бандаларини бир-бирига меҳрли, оқибатли бўлиш, ёрдам бериши учун яратган. Ҳикояни ўқиб, дилингиз ёришиб, одамга ва оламга меҳрингиз товланиб кетади.
Мени ижоди ҳақида сон-саноқсиз мақолалар, илмий ишлар ёзилган ва ёзилаётган адибимизнинг кўп йиллик мухлиси сифатида яна ҳайратга солгани: “Эркин Аъзам шундай гўзал ҳикояни қарийб ярим аср бисотида қандай “босиб ётди” экан?”
Яшириб нима қилдик, бу дунёда бир нарсани шоша-пиша қоралаб, сиёҳи қуримасидан таҳририятлару нашрётларга олиб чопадиган ижодкорлар камми?
Эркин Аъзамнинг яна бир хислати – “ҳамма чопган томонга чопгиси келмаслигида”. Адибнинг назарида, “адабиётга хиёнат дегани – кам ёзиш эмас, бўлар-бўлмас нарсани ёзиш, ёмон ёзиш, дегани”. Шунинг учун унинг талаби қатъий: “калламга келган гапни ёзиб чиқавермайман” дейди.
Тахмин қиламанки, тоши енгилроқ қаламкаш янги “Гулистон”нинг август сонида илк бор юз кўрган “Қаҳратонда гул кўтариб” каби мафтункор ҳикоя ёза олса, шу пайтгача уни китобларида бот-бот чоп этиб, қўлидан келса, не бир бадиий фильмлар ёхуд урфга кирган телесериалларга асос қилиб юборган бўларди.
Адибнинг яқинда нашрдан чиққан китоби “Ёзувчининг боғи” деб аталишида рамзий маъно бор. Ундан шу боғда етилган йигирмага яқин насрий китобларнинг бўйи, таровоти уфуриб туради. Тўпламдан жой олган қисса ва ҳикоялар адибнинг бошқа асарлари сингари жаҳон адабиётининг ҳар қандай намунаси билан бемалол бўйлаша олади.
Замон билан ҳамнафас ижод қилиб, кўпларга ўрнак ва намуна кўрсатиб келаётган фидойи адиб Эркин Аъзамга Парвардигор юксак тафаккур, донишмандлик, заҳматкашлик, Ватанига, халқига улкан меҳр ато этганки, буларнинг барчаси унинг асарларида ва самарали ижтимоий-сиёсий фаолиятида, ўзига, ижодига, ҳаётга ўта талабчан муносабатида ёрқин бўй кўрсатиб туради. Бундай фидокорона фаолият, ижодий жасорат, улуғ шахсият – ҳар кимга ҳам насиб этавермайдиган улкан бахт.
Қирқ беш йил йил бурун ёзилган ажойиб ҳикоянинг бугун “Гулистон” журналида чоп этилиши бунинг далилидир.
“Янги Ўзбекистон” газетаси, 2020 йил 12 август.