Қулман Очил. Ғаров (ҳикоя)

Сиддиқ ака бўй-басти дуппа-дуруст, келишган, туғма юввош одам. Майин сочлари сийракроқ, қўйкўзлари қисиқроқ, ёқимтой. Гап сўрасангиз, аввал мулойимгина жилмайиб қўйиш одати бор. Илёс ака билан тўн кийишмаган бўлса-да, кийишгандан қалин. Москвада мўйқалам илмидан бирга  таҳсил олган. Ҳужрадош. Ҳали қарасангиз, иккаласи Шаҳрисабз томонларда – Ҳисор тоғи этакларида ирғишлаб юрган, бошқа куни рассомларнинг Бурчмулладаги боғида думалаб ётган.

Ҳайрон бўлардим: феълан бири бирига тескари бу икки мусаввирнинг орасидан қил ўтмайдики, боиси нима? Илёс ака деганимизнинг овози гавдасидай йўғон, дағал. Тароқдан бегоналашиб кетган сочи елкасига, кўкала соқоли кўксига тушган. Бети товоқдай. Қалин тирноқларини вақти-соатида олишига гумоним бор. Жойи келса, ўзини девоналикка олади-ю, уриб-сўкиб бўлса-да, гапини ўтказади. Кўнглига келганидан қайтмайди. На яхшини билади, на ёмонни: «Майнамни титма. Маники тоғди баласи. Ман сани бир урган, сан ўлган, к чёрту!..» Портретчи. Чизгани – рўмоли саватдай момолару бурнигача ажин босган боболар, жулдур кийимли болакайлар. Онда-сонда меҳнат илғорлари, хушбичим, хушрўй жувонлар, виқори баланд арбобларки, юз-кўзларига маҳзунлик соя ташлаган.

Сиддиқ акамиз эса етимдай мискин, синиқ. Ижодкор қавмига теккан касаллик – ўзини бўлар-бўлмас давраларга уришу керилишлардан йироқ. Соқолини олмай кўчага чиққанини кўрмайсиз. Дазмол босилмаса, пайпоғини ҳам киймайди. «Орасталик менга раҳматли отамдан ўтган», дегани ёдимда. «Отангиз ким бўлганлар?» деб сўраганимда, дудмалроқ жавоб қилган: «Сизнинг падарингиз ҳам эскичани билганлар, чоғи…»

Табиат қўйнини қўмсаб йўлга чиқсагу бирор довонга етсак, айтадики, ойнам, шу ерда бир сақлаб олинг! Тепаликда ўтириб тоғларга туташиб кетган адирлар, сойлар, ўланзорларни соатлаб киприк қоқмай кузатади. Кузатганлари ажойиб манзарали картиналарга айланади. Эринмаган одам!

Қурдошларнинг оти-овозаси иқлимлар оша кетган. Асарлари кўргазмадан кўргазмага кўчиб юради. Бу ёғи Кубадан Япониягача айланиб чиққанини айтиб ўтирмай.

Мольбертининг бағри бўшади дегунча улар мени ернинг тагидан бўлсаям қидириб топади: «Бир келиб кетинг қишлоғимизга!» Демак, янги асар тайёр! Энди санъатшуноснинг холис фикри зарур. Ижодхоналари ёнма-ён, «Минор» қабристони ёнидаги оқпошшо замонидан қолган  ғиштин иморатда. Ҳаяллатмай етиб бораман. Қўлимни орқага қилиб, дўкай қиёфада картинанинг у ёғидан ўтаман, бу ёғидан ўтаман. Узоқдан қарайман. Яқинроқдан тикиламан. «Ну, как тебе?» дейди тоқати тоқ бўлган Сиддиқ ака. У дўстининг олдида ўрисча гапиради. Дарҳол жавоб бериб бўлибман. Бошимни мужмал силкиб қўяман. Иккаласининг ичини қизитгим келади. Ҳазилми, донғи кетган мусаввирлар фикримга муштоқ. Кутаётир. Иложи қанча! Хавотирни ҳам унутганим йўқ: жўясиз гап айтиб, ихлоси беқиёс акаларимни ранжитиб қўйишдан чўчийман. Ниҳоят, лабимдан бир сўз отилиб чиқади: «Шедевр!»

Улар менга ишонқирамайди. Энди асарнинг дурдонаи мутлақ эканини исботлашим, муҳими, икковини эътирофимга ишонтиришим даркор. Энг қийини – шу. Эплайман.

Кейин битимизни тўкамиз. Сиддиқ ака чимхўр. Қадаҳга лабини теккизишдан нарига ўтмайди. Ейиш-ичиш, ҳангомани ошнасига чиқарган. Хўран. Арақни косалаб симириб, тандиркабобни килолаб ейди.

Бир сафар баланд қоялар ўртасидаги серсоя дарага бориб қолдик. Баҳайбат харсанглар, тоғни қоқ иккига бўлиб оқаётган сой, олтинрангга кира бошлаган майсазор,  қояларга тирмашиб ўсган арчалар, чўққилар узра кўтарилаётган енгил ҳовур, осмонда сузиб юрган парқу булутлар… Сойнинг шовуллашини айтмаганда, сокин-осуда. Салқин насим юзларимизни силаб, эркалайди. Учаламиз ҳам табиатнинг бу улуғвор салтанатидан кўз узолмай, гўё тилдан қолиб турганимизда кимдир наъра тортиб юборди:

– Эҳ отажо-он!..

Сапчиб тушдим. Қарасам: Илёс ака. Ҳали, сайҳонликда ўтирганимизда озроқ «отиб олганди». Гумбирлаган дарадан бўрининг увуллашидек жавоб келди.  Тебраниб турган акс садога янги ҳайқириқ қоришиб кетди:

– Оҳ онажо-он!..

Оҳки, ҳар қандай этни жимирлатади. Зорки, дард, алам, армонларга тўла: «Қайдасиз? Қайлардасиз, азизларим? Кўкайгинам кесилиб кетди-ку!..»

–Эй осмо-он!..

У энди гўё айтмоқчи бўлардики, «ҳаммасига ўзинг гувоҳсан-ку, эй фалак! Сен нега жимсан?..» Йўлини йўқотиб, галдираб қолган ва яшашга ҳаваси сўна бошлаган ёлғизнинг оҳу зори. Даранинг нариги этагида икки уюм оппоқ булут очиқ дарвозадан қарагандай бизни осойишта кузатиб турарди.

– Эй Ё-о-ор!..

Бошида муножаатни эслатган  бу илтижонинг пардалари тобора авжига чиқиб, шундай чинқириққа айландики, ларзага келган қоялар майда-майда бўлиб кетадигандай туйилди.

– Ё-о-ор!..

Чоҳга тушган йўлбарс шундай – дунёни бошига кўтариб ўкирса бордир. Қулоқларимни бекитгим келди! Тортиндим. Бандасининг зору таваллосига фалак бокарам  миллион йиллик метин  қоялар орасидан босиқдан-босиқ жавоб қайтарди: «О-о-ор!..»

Бўғриққан юзлари хурмо тусига кириб, бўйин томирлари бўртиб-кўкариб кетган аканинг боши ана-мана ёрилиб,  қони фавворадек отиладигандай. Шу хавотир хаёлимдан ўтиб турганида у ўққа учган кийикдай қулади-ю, тиз чўкди. Суямоққа шошилган эдим, ошнаси енгимдан тортди: «Қўяверинг!..»

Илёс ака заранг ерни муштлай-муштлай тинчиб қолди! Туриб, сой томон юрганида бурнидан оққан қон соқолидан томаётганини кўрдик!..

Ўша йили у аёли Эвелина Наумовна билан Америкага оёқ узиб кетди. Қандга чалинган қариядай шалвираб қолган қаламдоши хўрсинди: «Акангизнинг шу иши ўсал бўлди, иним. Ватанни туғмас хотинга алмаштириб бўлар эканми…»

Мезон охирлаб қолган кезлар. Эски Жувадан бозор-ўчарни тинчитиб, энди уйга кирган эдим, Сиддиқ ака телефонда йўқлаб қолди: «Бирров кўришсак». «Хўп». «Устахонадаман».

Ажабланганим – эшигидан бош суқишим билан бўёқ аралаш спирт ҳиди димоғимни ачитди. Қовоқхонадан баттар. Кўзларим ёшовраб кетди.

Ўртада – усти ёпиқ азамат полотно. Рассом бировни уйғотиб юборишдан чўчигандай, аввал темир эшикни, сўнг ойналарини «тер» босган деразанинг камбар дарчасини секингина ёпиб, зулфинларини авайлаб илдирди.

– Наҳорда қуёш чарақлаб чиққанди, – деди шикаста овозда, бировдан ўпкалагандай. – Энди жалага қаранг. Кўчадаги сув қаёққа оқишини билолмай сарсон.

Симлари ўйнаб қолган диван устидаги беқасам кўрпачага чўкдим. Диваннинг суянчиғи бўйимдан баланд. Бировнинг тиззасида ўтиргандай бўламан. Бурчакдаги радиолада қитир-қитир айланаётган пластинкадан таралган нолаи афғон – «Чўли ироқ» юракни эзади.

Хона соҳиби курсисини мен томон суриб, ўнг қўлини тиззамга қўйди. Лаблари, овози титрар, юзлари ловуллаб кетган, нафасидан арақ ҳиди келарди. Мусаввирни бундай дилтанг кўрганимни эслай олмайман. Гўё узоқ ўтириб қолган ёқимсиз меҳмонни тезроқ кузатиб қўйсаю ортидан шартта эшикни ёпиб, енгил нафас олса.

Сездимки, муҳим, жуда муҳим гап айтмоқчи. Айни қарорга келгунича кўп, ҳафталаб, ойлаб ўйлаган. Иккиланган. Юраги дов бермаган. Охири бошқа йўлини тополмагач,  қачон, қандай айтишнинг суробини олган.

Орқа-олдига қараб гапирадиган Сиддиқ ака бир зум ўйланиб турди-да, бошини илкис кўтарди:

– Сизнинг гарданингизга оғир юк ташлаётганим учун эзилиб кетяпман, ука. Нима қилай, бошқа чора тополмадим. Жигаримдай бўлиб қолгансиз.

Унинг ғам-андуҳга тўла кўзларида ёш қалқиди. Раҳматли, кейинчалик ана шундай – ғуссали юзлари сарғайган, афтода ҳолида қароғимда қолиб кетди. Мен акани юпатгим келган ўшанда. Келган-у, нафи йўқлигини англаб, ноилож жим турардим. Гапи тушмагур эса ростдан ҳам фожиали экан.

– Мабодо, – деди у, – менга тўсатдан бирор кор-ҳол бўлиб қолса, бола-чақамдан хабардор бўлиб туринг. Узилишиб кетманг, илтимос! Айниқса, қизимдан. Биласиз, топган-таянган ёлғиз тирноғим – шу қиз. Ўзингиздан қолар гап йўқ, дардимни норасидамга айтолмайман. Увол!..

Ич-ичимдан бир қалқиб тушдим: «Бечора, қамаладиган бўпти-да!»

– Йўқ, – деди у. – Қамалсам, рози эдим. Мингдан-минг рози эдим! Ҳарна, бир куни чиқиб келардим-да. Ундан ҳам баттарроқ, укажон! Менинг куним битган!..

Куннинг битиши нима эканини англаб етолмаётганимни сезди. Кетма-кет оламдан ўтган жигарлари – каттаси автоҳалокатдан, кичиги анҳорга чўкишдан кетган акаларини, сариқ касали бошига етган опасини, эзила-эзила адо бўлган ота-онасини эслади.

– Эшитган чиқарсиз, юрагим чатоқ, – деди  бўшанг бир овозда. – Тўрт қадам юрсам, ўпкам бўғзимга тиқилиб қолаётир.

Бинонинг биқинидан ўтган қўш трамвайнинг тарақа-туруқидан деразалар зириллаб кетди. Шу тобда Сиддиқ ака ўлиб қоладигандай туюлди. Ваҳимамни яширмадим: бу қандай гап, ака? Тоби йўқ одам дўхтирларга кўринмайдими?

У эшикка ҳадик билан қараб қўйди-да, яқинроқ сурилди.

– Укажон, бу қўтир дунёда ҳамма нарса бўлиши мумкин… Зотимизга қарғиш теккан: отам Сталиннинг турмасида хизмат қилган…

Мен мўлтираб қоламан. Айтадики, раҳматли падари – Раҳим Бекназарни эслатадиган тариқдай ҳам ном-нишон қолмаган. На бир сурат, на бир ҳужжат. Ҳаммасини марҳум ўзи билан у дунёга олиб кетган. Ички кийимидан тортиб кўрпа-тўшагигача…

Туриб, картинанинг устидаги доғ-дуғ теккан бўзни олиб ташлайди. Сесканиб кетаман. Сўз билан ифодалаш қийин мудҳиш манзара.

Тўқайзор. Жарда оқиб ётган бўтана сув, узоқ-узоқлардаги шафақ, ердаги қор – ҳаммаси гўё қонга ботган. Ёнаётган ғаровнинг чарсиллагани қулоғимга чалиниб, димоғимга тутун ҳиди урилгандай бўлади. Буруқсиётган «букри» машина – «Победа»дан бир уюм қоп-қора темир-терсак қолган. Топталган, чопилган чўкиртак қамишларнинг найзадек тиғларида, қордаги яланг оёқ изларида – қон. Бўтанадан тўпиғигача кўриниб турган икки оёқ жуппай қилиб кулликланган. Ҳайбатли одамнинг оёқлари. Бақувват, гўштдор. Камида қирқ бешинчи ўлчамдаги пойабзал кийган. «Юрганида ер лорсиллаган бўлса керак», деган тахмин хаёлимдан ўтди.

Беихтиёр эсладим: Сиддиқ аканинг асарларида кўтаринкилик, латифлик, гўзаллик жилваланиб турарди. Бунисида… Бунисидаги даҳшатли дард-фарёд, телбавор талваса ақлни шоширади. Биргина тўқайзорга эмас, дунёга ўт кетгандай!..

Картинада акс этган пастак-пастак буталарнинг шохлари қорнинг оғирлигидан эгилиб қолган. Эгила-майиша синган. Ҳавода муаллақ қотган шиша бонка зич бекитилиб, сўрғичланган ва  муҳрланган. Муҳрнинг ботиқ изларига син солинса, «1964» рақамини илғаш мумкин. Бонка тўла эски-туски: «Сiъверный одеколонъ»нинг қирмизи қутисидаги думи чўлтоқ оқ айиқ таҳдидли ўкириб турибди, қорайиб кетган заранг трубканинг сархонаси ёрилиб кетган, араб имлосида чоп этилган   «Қизил Ўзбекистон» газетасининг сарғайган саҳифасидаги сарлавҳа аниқ-тиниқ кўзга ташланади: «Зулмдан тийилинг».

Сиддиқ ака менга ялт этиб қаради:

– Эскичадан хабарингиз борми?

– Сал-пал.

Отасининг изи уч кундан кейин кундузи боришга ҳам юрак бетламайдиган овлоқ жой – Қизилжардан топилган.

– Сезишимча, – дейди ўғли, – раҳматли у ерларни беш қўлидай билган. Қачон борган? Нега борган?.. Кул орасидан анча-мунча нарса чиққан: тикёқа кителининг тугмалари, полковник белгиси – беш қиррали юлдузлари, орден-медаллари, комсомол нишони, камарининг қорайган тўқаси, қўнжи баланд этигининг бужмайиб қолган тагчарми, мугуз гардишли қора кўзойнаги, мажақланиб кетган кумуш занжирли чўнтак соати… Ҳаммасини ашёвий далил сифатида олиб кетишган.

– Кимлар?

– Маълум-ку, – дея пичирлади рассом.

Сув тубини титкилаган ғаввосларнинг топгани – мили балчиққа, садоғи ўққа тўла тўппонча. Полковникнинг уйи тинтув қилинганида қўлга илинадиган бирор нарса чиқмаган. Қулфида калити осилиб қолган каттакон сейф ҳам бўм-бўш экан.

Кўпайлашиб келган мулозимлар айтишадики, «Раҳим Бекназарович автоҳалокатга учраганлар… Тўғрими?»

Она-бола шоша-пиша бош ирғайди: «Тўғри!»

Кимга, нима деб ўпка-гина қиласиз? Аза очилмайди. Ўли-тирилиги даргумон, тобут буюрмаган, жанозаси ўқилмаган бандага қандай аза очасиз? Ота бадар кетади.

Ўша жар ёқасига яна боргиси келган ўғлининг аввалига оёғи тортмайди. Барибир бориб, отасидан бирор нишона излайди. Қора тупроғу гунгга қоришиб ётган беҳисоб бўш пистонлардан бўлак нарса тополмайди.

– Отам уйда маҳалларида дамимиз ичимизга тушиб кетарди, – дейди Сиддиқ ака. – Оёқ учида юрардик. Шиддати ғоят баланд, ашаддий совуққон, қарашлари ўқдай одам эдики, ҳамма зирилларди. Бир куни ўрис қўшнимизнинг боши хумдай, оёқлари буқаникидай йўғон, даҳани пачоқ ити – бульдог ташланиб қолганида жониворнинг жағини шартта айириб, жойида саранжомлаб қўйган. Эрталаб эшикдан чиқаётиб, онамга савол назари билан қарарди. Увоққина онам бечора биров юзига шапалоқ тортиб юборишидан чўчигандай, кўзини ерга тикиб: «Бир овқатликкина гўшт қолди», дерди. Отам чўнтагидан пул чиқариб узатганида, онам уни икки қўллаб олар экан, таъзим қилаётганини илғаб қолардик.

Оиланинг қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар билан борди-келдиси бўлмаган ҳисоб. Ҳадеганда меҳмон келавермаган. Уй эгасидан ҳайиққан. Истеъфога чиққанига қарамай, уни турмага тез-тез чақириб туришган. Кўпинча кечалари ишлаган.

– Ишдан қайтганида аччиқ зах ва нам тупроқ ҳидини сезардик, – дейди Сиддиқ ака. – Ўзини дарҳол ҳаммомга уриб, узоқ ювинар ва кийим-бошига тинимсиз атир пуркарди. Уйимиздан сартарошхонанинг ҳиди анқиб тургани шундан.

Раҳим Бекназар ича бошлайди. Аввал ўқтин-ўқтин, сўнг кунда-кунора. Кайфи ошиб қолганида кўзлари чақчайиб, жазаваси тутиб кетади: «Мулла бўлса-чи? От! От деяпман сенга, итвачча!..»

Нигоҳлари тубсиз ғорга ўхшаб қолган полковник кўчадан ўтган-қайтганни айвонида лоқайд кузатганича трубкасини тутатиб ўтиради.

– Маталга ўхшайди, – деб пичирлайман мен.

Ака тасдиқ маъносида бош ирғайди:

– Кўргилик-да, ука, кўргилик!..

Раҳим Бекназар қамоқхонада қайси лавозимда ишлаган, нима ишлар қилган – уйидагилар билмаган. Сўраш ҳам, айтиш ҳам тақиқланган.

– Тилимиз танглайимизга ёпиштирилиб, лабларимиз кавшарлангандай эди, – дейди Сиддиқ ака. – Ҳужжатларимизга отамизнинг касб-корини «Ўрта Осиё темир йўл бошқармасида муҳандис», деб ёзганмиз. Онам ўргатган.

Рассом нажот истагандай менга илтижо билан боқади:

– Лекин, биласизми, – дейди ўксинган кўйи. – Отам мулла ўтган дегим келади. Келаверади!.. Алданиб, йўлидан буткул адашган бир шўрлик. Энди аён бўлаётирки, бахтиқора бир комсомол  – пуч ғоялар навкари экан…

Қизи сўнгги нафасигача азоб чекиб жон берганида толеи паст ота пешонасига мушт уриб йиғлаган. Яқин-ёвуқларидан битта-ярими кўнгил сўраб келганида, бошида Шаҳрисабзнинг гиламдўпписи, шундай тиловат қилган, шундай тиловат қилган!..

– Бундан чиқадики, отамнинг қалбида тангриси бўлган, – дейди рассом ўғли. – Замонига бало дориган. Бир танада икки хил инсон яшаган.

Мен нима дердим – минг қилса ҳам, отаси. Фарзанди унинг суратини чизгиси келади. Қўли бормайди. Лафз қилган. Падари эътирозга ўрин қолдирмайдиган оҳангда айтганки, одамзотни минбаъд чиза кўрма. Бандаси ожиз. Ўзгарувчан… Боғ-роғлар, гуллаган водийлар, жўшқин сойлар, қорли тоғлар, беғубор фалак – мангу!..

Раҳим Бекназар чап қўлига дока танғилган, кўзлари аланг-жаланг, ўғрибашара ўспиринни бошлаб келганида она-боланинг ранги-қути учади: «Отамиз бирорта аёлга илакишиб қолган экан-да!..» Лекин миқ этишга юрак қани? Соҳиби хонадон таништиради: «Бу йигитча – Илёсжон. Яқин қадрдонимнинг фарзанди. Интернат-мактабда ўқийди. Энди ҳар ҳафта уйимизга келиб туради».

«Қўлингни нега боғлаб олдинг?» деб сўрайди Сиддиқ меҳмон боладан. Тенгдоши айтадики, кечаси ошхонага кириб нон олиб егани учун тарбиячи кафтига темир линейканинг қиличнинг дамидай қирраси билан урган.

Фарзандларига қаттиққўл Раҳим Бекназар бу аломат йигитчага қолганда кўнгли юмшаб кетади. Таомнинг ҳам, кийим-кечакнинг ҳам сараси – Илёсга. Бир сидра уст-бош қилиб беради. Жума оқшомлари Илёс кечикса, уйдагиларнинг томоғидан овқат ўтмайди. Отаси Сочидан иккита жемпер олиб келганида Сиддиқнинг кўзлари ўйнаб кетади. Бири – қўлда тўқилган, чиройли, қалин, совуқ деганнинг додини беради. Униси – фабрикадан чиққан. Юпқароқ. «Қайси бирини Илёсга берай?» деб сўраганида, қиблагоҳидан эшитган жавоби ҳалигача қулоғида: «Яхшисини!» Талабалик йилларида ҳам Илёсдан кўпроқ аҳвол сўралган: «Пул-мулинг борми, болам? Ё лабларинг қовжирабгина оч юрибсанми?..»

– Отам ўтганидан кейин, – дейди Сиддиқ ака, – онам мени ёнларига чақириб, пичирлаган кўйи билганларини айтиб берган.

Раҳим Бекназар – мирғазаб – ҳукм ижрочиси бўлган. Суд отишга ҳукм қилган – у қўл остидаги мулозимлари билан қатлни ижро этган. Қийини – сўнгги нафасида «Оллоҳу акбар!» деб ҳайқирадиганларга қарата ўқ узиш экан. Одам ўлдириш осонми? Бошида қўли қалтираган бўлса, бора-бора қассобдан фарқи қолмаган. Мазахўракликка ўрганган: қатл этилган ҳар бир жон учун дўржигина пул тўланганини айтмаганда ҳам, орден-медаль, унвон, мансаб-мартаба, имтиёзу имкониятлар… Маҳкумлардан бири уни таниб қолиб: «Раҳим Бекназар! Сенмисан? – деб ҳайқиради. – Илоё, уруғингга ўт тушсин! Омин, Оллоҳу акбар!»

Бу гапларни эшитиб, жуда ўнғайсизландим. “Ўлган илоннинг бошини қўзғаб нима қилардингиз, Сиддиқ ака?” дегим келди. Дийдасидаги намни кўриб, лабимни қимтиганча қолавердим.

– Йигирма йил ўтибди, – дея армон билан бош чайқади у. – Ҳали-ҳамон хаёлимда отам уйимизга кириб келадигандай бўлаверади. Отажоним!.. Бир парчагина ер буюрмаган отажоним!..

Бирпас жим қолдик.

– Ўша ҳайқирган жадидларданмикан?

Сиддиқ ака нигоҳини олиб қочди:

– Сиз сўраманг, мен айтмайин. Отам пешонасидан отган ўша бечора маҳкум Илёс акангизнинг қиблагоҳи Убайдулла махсум бўлган. Сабоқдош ошнаси. Иккови мактабда Қуръонни бирга хатм қилган.

– «Илёс акангизнинг?» – дея ҳайрон бўлдим мен.

– Ҳа-да, Илья Максимовнинг!

Убайдулла махсум билан аёли Зиёдабиби ёт унсур сифатида маҳв этилганидан кейин, Раҳим Бекназар улардан қолган гўдакни излаб топган. Ота-онаси селда оқиб кетган чин етим сифатида болалар уйига жойлаштирган. Жойлаштириш олдидан норасиданинг қўлини ҳалоллатган. «Илёс Рафиқович Махсумов» деган уйдирма насл-насаб билан расмийлаштирилган болакай етимхонада вояга етгунича «Илья Рафаэлович Максимов»га айланиб қолган.

Яна шуниси аниқки, мирғазабларнинг аксари кўкармаган: ақлдан озган, ўзини отган, осган. Худкушларнинг бола-чақасига шафқат қилинмаган. Отилмаганда ҳам, бор-буди хатланиб, Сибир томонларга ҳайдалган.

– Отам бечора бизни аяган, – дейди Сиддиқ ака. – Вазият беҳад қалтис, онам шўрлик йиғлайвериб адои тамом бўлган эди.

…Мусаввир сўнгги асарини деразаларининг қалин дарпардаларини тушириб, эшик зулфинини маҳкам бекитганича кечалари чизганини сездим. Тунлари мижжа қоқмаган, қоққанида ҳам даҳшатли тушлар кўриб, босинқираб чиққан.

– Тенгликсизлик, зулм, фитна – ҳаммаси ернинг устида, – деди у салмоқлаб. – Чин адолат ва осойиш ернинг остида…

– Эса, нима қилдик?

У бир картинасига, бир менга қаради:

– Ажалга сабр берса, бирор музейга топширарман. Олишса, албатта. Олишмаса, сизга қолдираман. Ўзингиз бир йўлини қиларсиз…

Шу-шу, Сиддиқ ака ўнгланмади. Жувонмарг кетган акалари, опаси ва онасининг ёнидан осойиш топди.

“Jadid” газетаси, 2024 йил 31 майдаги 23-сони