— Сенга уйландиму, шўрим қуриди, шўрим!
— Бақирманг-э! Илгаридан шўрпешона эдингиз ўзи. Тағинам, сизни мен одам қилдим.
— Вайса-я, вайса!
— Ҳа, нотўғрими? Ҳовли-жой у ёқда турсин, энгил-бошингиз ҳам йўқ эди. Менинг сепим билан одам бўлиб юрибсиз.
— Нима-нима? Сепингни уй-жойга ишлатганинг кўзингга кўринибди-ю, мана бу бўйнингдаги дуру гавҳарлар, қўлларингдаги йўғон-йўғон билагузук, бриллиант кўзли узуклар қаёқдан келганини унутибсан-да?
— Нима бўпти, қонуний хасмингизман, олиб берасиз! Буларда мениям ҳиссам бор.
— Қанақа ҳиссанг бўлиши мумкин, еб ётишдан бошқасига ярамасанг?..
— Бирга ҳаёт кечирганда топилган мулк эр-хотиннинг ўртасида тенг деб ҳисобланади қонунда.
— Эй, қонунниям уйи куйсин! Эр-хотинни тенг ҳуқуқли қиламан, деб сенларни арши аълога обчиқиб қўйди! Энди билган ишларингни қилиб ётибсанлар! Етар! Бунақа ҳаёт жонимдан ўтиб кетди! Менга ҳеч қандай бойлик керак эмас, сенга бўлақолсин. Розиман. Сендан дурустроқ муомала чиқармикин, деб, ўн йилдан ортиқ кутдим, энди умид қилмасам ҳам бўлади. Бола туғиш ҳам қўлингдан келмас экан, бунга ўзинг иқрор бўлдинг.
— Менга қолса туғиб бермасмидим? Нима қилай, худо шунақа яратган бўлса?! Туғмайсан, деб ҳадеб эзаверасизми?
— Бўлди, бас! Кўзёши билан яна эритмоқчимисан? Энди бўшлик қиладиган аҳмоқ йўқ! Эртагаёқ судга бераман, ажрим қилсин.
— Менга раҳмингиз келмайдими?
— Раҳмим келавериб адойи тамом бўлдим. Эвазига ҳеч рўшнолик кўрмадим сендан. На рўзғорга қарайсан, на муомалани биласан! Шуям эр-хотинлик бўлдими? Нимага керак бунақа ҳаёт?..
— Ниятингиз ажралишми?
— Ҳа, ажралиш!
— Бошқа хотинга уйланасизми?
— Уёғи менинг ишим.
— Бекорларни айтибсан! Ажралармиш-а! Хих!
— Сенсирама! Ҳозирча эрингман. Ажримдан кейин нима десанг деявер.
— Мендан кичик бўлганингдан кейин сенсирайман-да! Ҳаққим бор! Сендан ажрашадиган аҳмоқ йўқ! Билдингми, ялангоёқ?!
— Ҳақорат қилма!
— Ўв! Кўзингни оч, мундоқ! Сенга тегишим учун ота-онам қанча харажат қилгани эсингдан чиқдими? Буям етмаганидек, бир умр топган-тутганларини сенга едириб ўлиб кетишди! Сепимни адо қилганинг-чи? Бу сарф-харажатлар сени менга ипсиз чирмаб таш-лаган! Улардан ҳечқаёққа қочолмайсан, бир умр қутулолмайсан. ЗАГС муҳри билан битилган иттифоқимиз ҳам бор, унутма!
— Бировни бировга тобе қиладиган иттифоқнинг уйи куйсин! Сен билан бирга яшамайман дедимми, яшамайман! Бу менинг қонуний ҳаққим! Қанча эр-хотинлар ажрашиб кетишяпти, биз ҳам ўшаларнинг биттасимиз-да.
— Бошқалар билан ишим йўқ. Ажрамайман дедимми, ажрамайман! Қонун аёлнинг истагини инобатга олади.
— Мен, бирга турмайман, деганимдан кейин қонун ҳам зўрлай олмайди. Менга ҳеч қанақа бойлик керак эмас, дедим-ку. Битта чопонни елкамга иламану ҳаммасини сенга ташлаб кетаман. Бўлдими?
— Бекорларни айтибсиз? Менга фақат бойлик керак бўлса ажралишсам янаям бойиб кетардим. Менга… э-э-эр керак, эр! Тушундингизми, жоним?
— Торт қўлингни! Ана, кўча тўла эр!
— Бугун биттаси, эртага бошқаси-а? Йў-ўқ! Бунақаси кетмайди. Менга бир умр иттифоқда яшайдиган эр керак. Нима қиласиз ажрашаман, деб ўзингизниям, мениям қийнаб? Мендан ажрашадиган бўлсангиз ёлғиз яшай олмайсиз, очингиздан ўлиб қоласиз.
— Ҳов, ўйлаб гапиряпсанми ўзи? Мен сени боқяпманми ё сен меними? Бундоқ, танингга ўйлаб кўрдингми?
— Шу рўзғорни тебратиб турибманми, ахир? Эрталаб чойингиз тайёр, кечқурун — овқатингиз. Иштонингизгача мен юваман. Демак, мен ҳам сизни боқяпман.
— Сен билан гап талашиш бефойда. Майли, сен айтгандек бўлақолсин. Сен мени боқяпсан. Бўлдими, кўнглинг тўлдими? Очимдан ўлсам ҳам майли, ажрашганим бўлсин!
— Мен сизнинг ўлимингизга рози бўлолмайман. Виждоним йўл қўймайди. Эр-хотинлик иттифоқига тўғри келмайди бу иш.
— Эй, худо! Қанақа кажбаҳс хотинга дучор қилгансан мени?
* * *
— Хотинингиздан арзнома тушди. Ажрашмоқчи эмишсиз, шу тўғрими?
— Илтимос, оилавий ишимга аралашманглар. Хизматчи сифатида камчилигим бўлса, марҳамат, эшитаман.
— Ишингиз ҳақида ҳеч қандай гап-сўз йўқ. Лекин оилангиздаги ноҳушликка бефарқ қараб туролмаймиз. Бу иш қонунга тўғри келмайди.
— Нима, мени бир умр унга зўрлаб эр қилиб бермоқчимисизлар?
— Ўзи нима гап, билсак бўладими?
— Бўлади…
— Ҳм… Сабаблар ҳам муҳим экан. Ҳеч ким сизни зўрламайди. Ажрашаман десангиз, ана суд. Қонуний ҳаққингиз бор. Аммо бизда қабул қилинган маънавий қонунлар ҳам бор-ку. Бузманг-да, уларни. Биз сиздан буни кутмаган эдик. Ўзингизни ўйламасангиз ҳам жамоани ўйланг.
— Ахир, фарзанд мен учун ҳаётнинг мазмуни. Нега тушунмайсизлар?
— Не-не доҳийлар фарзандсиз ўтган! Сиз ҳам улардан ўрнак олиб, ҳаётингизни халққа бағишланг!
— Менинг ҳаққим…
— Гап тамом! Биз эр-хотинлик иттифоқи бузилишига рози эмасмиз, маънавий қонунларимиз топталишига ҳам йўл қўёлмаймиз. Акс ҳолда, эртадан бошлаб ҳамма эр-хотин бирин-кетин ажралиб кетишади.
— Ё, худойим-эй, қанақа қонунларга мубтало қилгансан мени?!
* * *
— Яхши йигит, буёққа юринг-чи.
— Кимсизлар? Қаёққа? Қўйворинглар мени!
— Ўчир товушингни, аблаҳ! Яна битта бақирсанг тиқи-иб оламан, тил тортмай ўласан!
— Нима истайсизлар? Олинглар боримни.
— Бизга ҳеч нарсанг керак эмас. Сенга керак бўлса, мана, биздан ол. Қанча керак, айт оғзингга сиққанини!
— Менга ҳеч нарса керак эмас, қўйворинглар!
— Ҳеч нарса керак эмасми? Нега ёлғон гапирасан? Ёлғон гапир, деб тарбия беришганми сенга?
— Вой!
— Яна ёлғонласанг чуқурроқ тиқаман, куёвбола!
— Ахир… тушунтириб гапиринглар-да!
— Ҳозир тушуниб оласан, кўнглингиз бошқа хотинни тусаб қолдими? А?
— Тушунарли…
— Судга ариза берадиган бўлсанг, кафанлигингни тайёрлаб қўявер! Тушундингми? Нега индамайсан?
— Вой! Тушундим, тушундим.
— Яхши, қани жўна! Тўппа-тўғри уйингга боргин-да… Ҳаҳ-ҳа-ҳа-а!
«До-од! Шўрпешона “эканман асли! Энди ўлиб қутуламан, шекилли?»