— Майдадан катта чиқса замбаракнинг ўқи бўлар. Каттадан майда чиқса итялоқнинг юқи бўлар! Ҳе, ўл-а! Сени одам деб оғзимнинг ҳовурини шамолга олдириб ўтирибман-а!
Холли чиноқнинг жазаваси жавзони қовураяпти. Аламидан тош чайнаб, ўзича ғудраниб-ғудраниб ҳоварга лорсиллаб-лорсиллаб кетмон ураяпти, худди ернинг жонини суғуриб оладигандай… Чолнинг бадани чой қайнатаяпти, лекин ичи музлаб кетаяпти.
— Ҳе, сендай нокаснинг юқуми, қари ҳанггининг тўқими. Уруғи паст-да, уккағарнинг.
Чиноқнинг чинтайиб юзингда кўзинг борми, демай гап сермаши, сермагандаям тошмақолга ўраб отиши, бу пайров тегса унча-мунча одамни ағдаришини Сарви хола яхши билади. Итининг феъли эгасига маълум: ҳозир Чиноқ бир соат-ярим соат гуриллаб-ловуллаб ёнади, ўзича бутун дунёга ўт қўяди, ўзи билан ўзи олишади, ўзини ўзи ё енгади, ё енгилади, охири ўзига келади, совийди. Бунга қадар чиноққа эътибор бермаган маъқул, йўқса, яна қутуриб кетади, кампирнинг етти пуштини чархпалак қилади.
Шу боиски кампир дими-дирс. Жим. Ҳовли жой билан андармон бўлди. Сўнг тол соясидаги супага чўкиб ариққа ташлаб қўйилган кўзанинг муздек сувига чалоб тайёрлади: зора чоли ичиб ичидаги ўт ўчса… Овози ўчмаяпти, ўти қаердан ўчади.
Чиноқ аччиқ устида забт билан ерга кетмон соларкан, меваси хол урган икки-уч дона помидор кўчатига ҳам қирғин келтирди. Ихтиёри ўзидан ташқарига отилгани ҳоли-ҳолатидан билиниб турарди. Жаҳлнинг жилови узилса ёмон… Чиноқ таг-томиридан узилган помидорларни олиб ҳовлига, кампир томон ирғитди. Кампир кўрмаганга олди, тунка товоқдаги қатиқни ёғоч қошиқда дўқилаш билан овора. “Энағарга барибир. Мен ўламанми, қоламанми, парвойига келмайди…” Чиноқ хотинини ёзғирди.
— Ҳой, берман қара! Нимага гум-гурс бўлиб ўтирибсан? Қўй-қўзининг овозини ўчир… Эшитмаяпсанми? Қулоғинг карми, ҳей-сендай… (бураб туриб сўкди).
Кампир учиб ўрнидан турди. Чол йиғиб қўйган ўт-ўланни олиб қўра томон пилдиради. Чол ғулдиради:
— Бу уйнинг ташвиши бир менга қолган. Гала гўрсўхта!
“Гала гўрсўхтаси ким бўлдийкин?”, кампир супага қайтиб ич-ичидан кулди: “Бу уйда ҳеч ким бўлмаса. Икки қиз худога шукр, уйли-жойли. Еярман-топарман. Пешонамизга битган якка-ёлғиз улимиз шаҳарда, ўқишда бўлса… Бу йил битиради…”
Сарви хола гўёки супада ўз иши билан андармон бўлган кўйи эрининг ўзига қараб турганини ботинан сезди. “Ҳозир гумбирлатиб гап сермайди. Тажанглиги тошди”, — ўйлади кампир. Айтганидай бўлди…
— Ҳой, менга қара! Сенинг шу уруғинг пастда-а. Паст, уккағар… Шунингни бир синайин девдим. Машшоқдан машойих ясасанг бегойимчилик қилади, дерди отам. Бунинг шу-да. Барибир насли-насаби кўлмакдан сув ичганлигига борди, уккағар. Юзингда кўзинг борми, демади-я…
Кампир эшитиб-эшитмаганга олди. Анави мақоли жон-понидан ўтиб кетди. Қаердан топдийкин-а бу гапни? “Ота-потаси айтмаган бу мақолни. Бундай мақол-тақол йўқ. Уйинг куйгур, анави ғуччи кал билан “била битиб” қолган иккови. Кўп гапни шундан ўрганиб келади…”, деб яниди кампир. Чиноқнинг тагдор чинқириғи кампир учун шамолга шаппати тортгандай аҳамиятсиз эди. Бироқ ҳадеб ижикилаб “уруғинг паст” дегани кўнглига оғриқ солди. Бир қалқди. Чолга чимирилиб қаради. Қўлидаги ёғоч қошиқни дастурхонга тарсиллатиб урди. Ўрнидан сапчиб турди.
— Оғзингизга қараб гапиринг. Менинг томирим сувга етган. Аждоду авлодим юрт сўраган одамлар. Катта бобом бек, отам тўқсоба, тоғаларим полвон ўтган! Наби шу парча ерни бермаса, бермабди, шунга менинг уруғим паст бўлиб қоларканма-а? Наби менга эмас, сизга эмчакдошлиги бориди шекилли, ҳар жойда Наби деса давлати девим, савлати куёвим, ўзимди уруғимдан ўргилай, деб жавраганингиз-жавраган эди. Нима бўлди? Эй, худо урди кишини… Феълингизга ўт тушсин-а…
Чиноқ ўқ еган айиқдай бир қалқиди. Кўз олди қоронғулашди. Ҳамиша кўзи билан ер чизиб эрининг шаштидан тушишини пойлабгина турадиган кампирнинг туйқус жағи очилиб, оғзидан палахмон тош отилиши Чиноқни довдиратиб қўйди.
— Мана, чалоб, ичинг… (заҳар маргингизга демоқчийди тилини тишлади, барибир қўрқди). Мен Нури дугонамникига ўрмакка кетдим. Қўйинг, шу томорқани, ўлсин, соя-салқинда ётиб ухланг. Ер-ер, деб ўлиб қоласиз, шу ериям бор бўлсин…
Кампир ўзича ғудраниб, желагини бошига илиб, қийшиқ ёғоч дарвозани ғийқиллатиб очиб, ҳовлидан чиқиб кетди. Чиноқнинг гапи ичида қолди.
Кампирининг ортидан мулзам бўлиб қараб қолди. Аччиғи-арзи ичида қолиб, бошидан офтоб ўтиб, кўз олди тина бошлади…
Чиноқ супа томон юрди. Кампир тайёрлаган корсон товоқдаги чалобни бир кўтаришда яримлатиб симирди, қолганига нон тўғраб, ёғоч қошиқни товоққа солди.
Ҳовури анча босилди. Чалқайрамон чўзилиб, войишда шира боғлаган эртапишар сурха узумларга кўз солди. Марям момонинг холидай-холидай бўлиб болга тўлаётган узуммунчоқларга боқиб чол хийлагина илжайди. Эсига ёшлиги тушди. Бир томон Сарви, бир томон Марям, униси бўлмаса буниси, деб от сурган чақин-чақмоқ дамларини ёдга олди. Ўзиям шамолдай учарди, оёғи остидан ўт чақнарди. Кўпкарими, курашми қуруқ қайтмасди, бир серками, ширбозними отга ўнгариб келарди. Полвонам шу, чавандозам шу! Йигитман деганнинг билаги, қишлоқдаги бўй етган қиз борки гап-гаштакдаги элаги эди, ўзиям. Ҳе, уккағар, шу армияси қаердан чиқди, кетди ҳарбийга. Уч йил деганда қайтди. Эшитган гапи шу бўлди: “Марямни ғуччи мироб (ҳозир кал) илиб кетибди. Дунёнинг ярми бўшаб қолди. Тонг саҳардан Сарвининг уйига йўл олди. Шунданам қуруқ қолса, бу дунё-дун ҳувиллайди, нураб тушади. Борди. Тўғри уйига кириб борди. Эшик олдида қизнинг отаси Нормат баковулга дуч келди. Баковул лолу ҳайрон бўлди. Аскарни кўргани ўзи йўлга отланиб турувди. Ё қудратингдан, нима бало. Ҳизрми бу бола?!
— Эй, полвоним келинг, келинг… ичкариланг, — қучоқ очган баковул ланг очиқ остонада кўришмаслик учун икки-уч қадам орқага, ҳовли ичига тисланди. Холли остонадан энкайиб ўтди. Баковул Холлини бағрига олди. Ўғлоннинг сими-симбатига боқиб кўнгли ёришди.
— Бово, мен бир юмуш билан келдим, — деди йигит баковулнинг нигоҳига тик боқиб. Баковул саросималанди. Баковул ҳайрон. Холли ҳамон унинг кўзидан кўз узмайди.
— Нима гап, полвон?
— Мен Сарвига оғиз солдим, бово. Шунга келдим.
Нормат баковул сапчиб тушди. Бундай овдир-шовдир гапни кутмовди. Ҳангу манг бўлди- қолди. Сўнг базўр ўзини қўлга олиб, ерга боқиб илжайди. Бошқа пайт бўлганда қулоқ чаккасига қўйиб юборарди, унинг мушти ҳўкизни ағдаришини бутун қишлоқ билади, лекин бу бола, лекин бу бола… Полвонлик озгина довдирлик деганларича бор-да, бундай полвонларнинг феъли-рўйи баковулга синашта, шунинг учун уни кечирди, айни дам унга нисбатан ичи ёришди, меҳри ийиди.
— Хотин, ҳой хотин, полвонбоп битта тўн опчиқ тез, — овози гулдиради баковулнинг.
Кампири чопиб-чопқиллаб Холлининг келбатига келичак бўлгувчи беқасам опчиқди. У ҳам аскар бола билан кўриша-сўраша кетди. Баковул Холлига тўн ёпди.
— Нима дейсиз, бово? — Холли ўтқазиб қўйгандай заммалади.
Баковул бош ирғаб илжайди:
— Яхши, шундай бўлади, боравер, болам, боравер, — деди ўзига келиб-келмай.
Холли бошқалар тўғри кириб, тўғри чиқадиган эшикдан яна энкайиб чиқди, эшикка эгни сиғди-ю, боши баландлик қилди. Ичкарида нималардир деб койинган хотинига заҳри зардоб билан баковулнинг ўшқиргани эшитилди:
— Ўчир овозингни! Сен аралашма! Шундай бўлади!
Ҳа, шундай бўлди. Ҳафта ичида баковул қизини узатди, тўй бўлди.
…Холли чиноқ ўша дамлар хотири вожиб яна илжайди. Кўзларини чирт юмиб тўйдан кейинги ширин-шавқли чоғларни эслади. Обшир адирларига от солиб кўпкари чопган чоғларини ёдга олди. Кураш, кўпкаридан ғолиблик завқидан борлиғи сархуши-саррин қайтган тунлари Сарвини бир қўлида кўтариб, дунёнинг энг сулув жувони бўлмиш бу хилқатига боқиб тани-жони сув бўлиб эриб кетган лаҳзаларни ҳам хотирлади. Сарвиям гул-гул очилиб, пари-пайкар бўлиб ноз қиларди, қўлида Сарви эмас оппоқ бир оққуш, фаришта тургандай бўларди… У қор парчасидай енгил, оқ булутдай парғин эди-да ўзиям. Ҳа, енгил эди. Улар иккаласи ҳам боғ хилватидаги чоғроқ кулбани ўзлари билан бирга олиб юксак-юксакларга парвоз қилишарди…
Холли чиноқ хаёлга ҳай берди. Яна ерга, супа усти, войиш остига қайтди. Бугун-чи? Бугун бир замонлар шабададай енгил гулғунчанинг ўзи тугул бир оғиз гапи ҳам оғирлик қилиб турибди. Ҳей-ей, дунёи қўтир, сен ҳам инсон билан бирга қўшилиб қарир экансанда-а, сен ҳам бориб-бориб тажангу танг бўлиб қоларкансанда-а… Чиноқ ўйга толди:
“Кампирни бекор уришдим… Ўзимам акс-мурдашов бўлиб бораяпман. Энасини эмсин, шу бир парча ерни деб Наби каттанинг олдида ғўжала бўлиб ўтирибман-а. Бекор бордим. Бекор бордим. Бекор бордимми-а? Бекорга бормадим…”
Шу маҳал ёғоч дарвоза ғийқиллади. Қудрат почтачининг боши кўринди. Кирсамми, кирмасамми, ҳовлида ҳеч ким бўлмагани яхши, изимга қайтиб кетаман, деб турган почтачининг кўнглидагини уққан каби Холли чиноқ қаҳрини сочди:
— Келавер, келавер. Тайсалламай киравер. Ётибман. Опке…
Почтачи супа четига омонат чўкди. Тўрвасидан бир тахлам пул чиқариб чолнинг ёнига қўйди. Чиноқ девдай гавдасини букиб ёнбошлади.
— Ҳаммасими?
— Шу-шу, ярими пластикка тушади, бова.
— Буни сўрамаяпман, манави ярми ҳам бутми?
— Шу-шу, бут бова, бут.
Чиноқ уч дона мингталикни олиб почтачига узатди:
— Ма… Қўлинг қуруқ қайтмасин…
— Рахмат, бова, шартмасди…
— Ол, мен айтдим шарт!
— Шу…шу… Момомнинг пенсиясини ҳам оп қоласизми?
— Ана кўрпачанинг тагига соп қўй.
Чиноқ яна узала тушиб войишга кўз тикди.
— Бова, шу…шу момомга икки дона газет ҳам қолдираяпман. Момом ўқийди-я. Ўқийди.
Почтачининг бу гапи Холли чиноққа малол келди.
— Ўқийди. Қиладиган иши, ингрангидай касали бўлмагандан сўнг ўқийди-да, — ўйиб олди чиноқ.
— Бово, сизгаям битта газет қолдирайми? — почтачи тўрвасидан оқ-сариқ ранглар чапланган, муқовасини ўйинчи-ю қўшиқчилар расми безаган дафтармонанд газетни чиқарди. Чолнинг энсаси қотди. Индамади. Почтачининг гапхалтаси очилди.
— Бова, зўр газет. “Изнакомстваси” бор. Танишув. А? Кампирларга хат-пат ёзасиз, — пихиллаб кулди.
Бор дунёси энди ёриша бошлаган чиноқнинг юзига қон тепди. Отаси тенги одамни ўсал қилаётган почтачига ўқрайиб қаради. Қулочкашлаб қўйиб юборай, дедию шайтонга ҳай берди. Шу жипириққина билан тенг келиб нима топади. Бироқ тилини тиёлмади, оғзига келганини айтди-қўйди.
— Қудратбой, отангнинг ўлганига қанча бўлди?
— Нимайди, бова? — чиноқнинг осмондан тушгандай қилиб тапиллатиб таппи ёпгани Қудратни лол этди.
— Айт, қанча бўлди?
— Уч йилдан ошди, бова.
— Ундай бўлса, шу газетди энангга оппориб бер, болам… “Изнаком” қилиб бирорта чол-полга хат-пат ёзсин, зерикмайди.
Қудрат почтачининг кетига муз ургандай бўлди, мулзам тортди. Тили калимага келолмай, нимадир деб ғулдирадию запт ўрнидан туриб, ҳовлидан учиб чиқиб кетди. Холли чиноқ ўзини тутиб туролмади: момоқалдироқ гулдирагандай бўлди — у гум-гурс бўлиб думалаган кўйи қаҳ-қаҳ урарди. Ўзини тўхтатолмай, елкалари силкиниб-силкиниб куларди, кўзларидан тирқираб ёш чиқиб кетса ҳамки ўзини тўхтатолмасди.
Холли чиноқ тепасида анграйиб турган хотинини кўриб ўзига келди.
— Ҳа… Жин-пин чалиб кетмадими, мунча дунёни бошингизга кўтариб наъра тортмасангиз…
— Менам бир кулай, дедим кампир… Кулай дедим.
Сарви хола чолининг ёнида чўккалаб супа устидаги газеталарни қўлига олди. Кўзойнагини тақди.
— Ана, кўрпача тагидаги омонатингни ҳам олвол, — деди чиноқ “тўрткўз” кампирига меҳри юмшаб, — нега тез қайтдинг?
— Ўрмак эртага қолди. Сизни Наби катта сўради, — деди кампир газетадан кўз узмай.
Чиноқнинг юраги чимиллаб кетди. Иҳраб қўйди.
— Нима иши бор экан?
— Сизам қизиқсиз-а, боваси… Гоҳида куракда турмайдиган ишларни қиласиз. Куларимни ҳам, йиғларимни ҳам билмайман, — чиноқнинг хуни бузилганини сезган кампир гапни қисқа қилди.
— Гапир, Наби нима деди?
— Йўл четидаги беш қулоч ерни сўрабсиз… Шуни бер, атрофини ўраб қўяй дебсиз… Шу энди, — Сарви хола жим қолди.
— Тўғри, соғ одамнинг ишимас демоқчисан…
Чиноқ оғир “уф” тортди. Ич-ичидан оғриқ туриб, қиринди ўтди. Неча-неча йиллардан бери маддалаб ётган яра бугун ёрилди. Неча-неча йиллардан бери кўкайини қуритиб, кўктомирини чиритиб турган тош-метин тугун бугун ечилди, ботинида оғриқ чўкиб ётган юраги енгил тортмади, аксинча бу ечим унинг юрак-бағрини суғуриб аллақаерларга улоқтириб юборгандай бўлди. У ўзини ожиз ва нотавон, мулзам ва мумсик ҳис қилди. Хотинининг кўзларига жовдираб қаради. Шашти шамолни қайтарадиган Холли чиноқ, Холли чавандоз, дами чақмоқни кесадиган Холли полвон, шу муштдеккина кампири олдида бир бурдагина бўлиб қолгандай эди. Кўзида ёш ғилтиллади. Бўғзига нимадир қадалди, оғриқми нимадир, ютинди, қулоқлари тош битиб бошида оғриқ сезди. Сўнг оғир хўрсиниб елкасидан нафас олди. “Шундай қилишим керак… Шундай қилишим керак, момоси… Шу пайтгача елкамда тоғни кўтариб юрибман, момоси… Сен билмайсан, билмаганинг ҳам дуруст… Ҳеч ким билмагани яхши. Лекин мен ўз юкимни бу дунёнинг елкасига қандай ортайин, момоси?.. Сафарим қарияпти. Бу дунёда қанча куним бор, билмайман момоси, лекин, лекин, елкамдаги юким босмасдан мен шу ишни қилишим керак…” Холли чиноқнинг кўз олди қоронғилашди.
— Мен шу ишни қилишим керак…
— Нима деяпсиз? Нимани қилишингиз керак? Мени қўрқитманг. Нега ранг-рўйингиз ўзгарди? Мазангиз қочдими-а? Вой, ўлай, менга қаранг, — Сарви хола ўрнидан сапчиб туриб эрининг пешонасидан ушлади, беихтиёр унинг қўлларини уқалай бошлади. Дағал ва бадфеъл чолнинг туйқус юмшаб, одам сирасига қайтиб қолгани Сарви холани баттар эсанкиратиб қўйди. Чиноқ тепасида минг айланиб, минг ўргилиб потирлаётган хотинига боқиб жилмайди.
— Сарви… Қўрқма… қўшнининг кенжасига айт, Наби каттани чақириб келсин. Сен, ўзинг ошга урин. Мен бироз ухлайин, бор кампир, бор.
Чиноқ ухлай олмади. Ўзини ухлаганга солиб ётди.
…Ҳар куни хаёлида жонланадиган манзара: Отаси уни ғира-шира тонг пайти уйғотади. Пахтадалани кесиб ўтган ўқариқни қоплаган ажриқзорни шудринг босган. Тик яктак, тик иштон кийган ялангоёқ болакай дилдираб ота ортидан эргашади. Улар йўл четидаги тепалик ёнида тўхташади. Ота тиз чўкади.
— Ўтир, — дейди ўғлига.
Ўғил чўк тушади.
Ота тиловат қилади.
Отанинг кўзларидан дув-дув ёш оқади.
Отанинг кўнглидан ув-ув ёш оқади.
— Ўғлим, — дейди ота овози қалтираб, — отамнинг икки акасини қизил аскарлар шу ерда отишган. Уларни “босмачи” дейишган. Лекин, лекин ҳеч кимнинг ерини босиб олмаган. Ҳа, икки бобонгнинг қони шу ерда тўкилган. Уч кунгача уларнинг жасади шу жойда қолган…
Ота-бола тонг саҳар яна изига қайтишади. Ялангоёқ болакай намчил ўт-ўланларни оралаб ота изидан дилдирабгина эргашади. Ота ўзигами, ортидан келаётган ўн яшар ўғлигами, оғринибгина гапираверади:
— Шундай гаплар, ўғлим. Отам бир умр қўрқиб яшади. Шу ерни — шаҳид боболаринг ётган жойни девор билан ўраб қўйиш қўлидан келмай, армонда кетди.
— Ота, ота, биз-чи, биз ўраб қўяйлик бўлмаса…
— Э-ҳҳ, шундай дейсан-да, лекин мумкинмас-да…
— Нега?
— Қўй, сўрама. Жим юр!
— Ота, катта бўлсам, мен албатта, шу жойни девор билан ўраб қўяман…
Ота оғир хўрсиниб, елка учиради, ўғил нега шугина жойга девор тортиб бўлмаслигини тушунолмай отанинг кўнглига қараб жим боради…
…Холли чиноқнинг кўзи илинди. Уйқуга кетди. Туш кўрди: ўқариқ бўйлаб отасининг ортидан йўл четидаги тепаликка қараб эргашиб кетаётганмиш… Тепалик устида бир гала ит бир-бирини ғажиб, қонига белаб олмоқда… Болакай қўрқувдан дағ-дағ титраб отасининг қўлидан маҳкам ушлаб кўзларини чирт юмади.
Холли чиноқ дағ-дағ титраб, азойи-бадани жиққа тер бўлиб уйғонди. Тепасида ғамгусоргина бўлиб ўтирган Сарви холани, худди гуноҳ иш қилиб қўйгандай узрхоҳлик ичра супага “михланган” Наби каттани ҳамда дори-укол тайёрлаётган Шариф дўхтирни кўрди.
— Яхшимисиз бова, Сизга нима бўлди? — деди Наби катта овози титраб.
Чиноқ юзини тескари бурди. Кўз ёши нигоҳини хира қилди. Анчагача димоғи ачишиб кўз ёшини ичига ютиб ётди. Сўнг Наби каттага илкис бурилиб:
— Менга қара, менинг томорқам ўттиз сотих келади. Ана шунинг ярми — паст томонни сенга бераман. Хоҳласанг бугун тўсиқ торт, ўн беш сотихи сеники, — деди.
Чиноқнинг томдан тараша тушгандай қилиб айтган кесатиғи Наби каттанинг жон-жонидан ўтиб кетди. Ўрнидан бир сапчиб тушди. Сарви хола бош чайқаб чиноққа ғалати қаради: “Эсидан айрилаяптимикан?”
— Нима деяпсиз, бова? Қўйинг, менга томорқа-поморқангиз керакмас-е. Сизга нима бўлди, ёнғоқнинг тагида ётмадингизми, бова?
— Мен сендан ўша фермерлигингга тегишли энига беш, бўйига беш қулоч келадиган калбеткайни сўрадим. Шу бир парчагина ер сенга шунчалар қаҳатми-а? — умрида илк бор зорлангандай бўлди.
Сарви хола бошини ирғай-ирғай кўз ёш тўкиб ўчоқ бошига кетди. Шариф дўхтир ҳам чиноқнинг бу нағма-номасидан ҳайрону лол бўлди. У чолнинг томирига игна санчмоққа ҳозирланган ҳам эдики, чолнинг қулоқ-бурнидан тутуни чиқиб, уни жеркиб берди:
— Ол, ўкоилингни. Топганинг уйқу дори… Шошмай тур. Ухлатасан ҳам. Ўлдирасан ҳам. Улгурасан барига. Олдин манави билан гаплашиб олай. — Чиноқ энди Наби каттага юзланди:
— Берасанми шу бир парча ерни?
— Нима қиласиз шу жойни… Ҳадеб сўрайверасиз, бир ойдан бери холи-жонимни бўғзимга келтирдингиз.
— Ўзимга гўр қазимайман, қўрқма. Айтдим-ку, атрофини ўраб қўяман, тамом!
— Нима учун?
— Буёғини сўрама. Билмаганинг маъқул, — деди чиноқ хўрсиниб. — Нима дейсан?
— Билганингизни қилинг, бова. Шунга шунча ғавғо кўтарасизми-а? Томорқамни бераман, деб иддао қиласиз тағин.
Чиноқ маюс жилмайди. Ҳовури босилди. Оҳиста белёнбош бўлиб ўтирди… Ўрнидан турмоқчи бўлди. Дўхтир қўлтиғидан кирди. Чиноқ мувозанатини ушлаб тик бўлди.
— Агар шу кафтдайгина, сен мол боғлаб қўйган жойнинг атрофини ўраб қўйсак, ҳукумат, катталар ҳеч нарса демайди-а?
— Йўқ. Ҳеч нарса дейишмайди. Сиз учун мумкин, бова.
— Ундай бўлса кетдик, болам.
— Қаёққа?
— Ўша жойга… Бир-икки бўз болани топиб ҳашар қиламиз, девор урамиз, — деди Чиноқ юзига табассум ёйилиб. У қушдай енгил тортиб бормоқда эди.
— Бова, ўзим қиламан. Пойдевор қуйиб, бетонғишт билан чиройли қилиб ўраб қўяман, — деди Наби катта.
Чол Наби каттанинг юзига синовчан тикилди.
— Ерни бетонғишт билан ўраганингдан сўнг, деворнинг бир бурчагига оқ ялов ҳам илиб қўй, болам, — деди зўрға.
Наби катта сесканди, аъзойи бадани жимирлаб кетди. Чолга термулиб қолди. Ниманидир сезгандай бўлди.
— Майли, боважон, майли, — деди овози қалтираб.
Чол оғир ютиниб, супанинг бир четига омонатгина ўтирди. Ичидан ўкирикли бўрон кўтарилди. Сўнг кўз ёшларини тўхтатолмади.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2015 йил 45-сон