У оёқ-қўли увишинқираб, лоҳас бўлиб уйғонди. Зил-замбил бошини базўр кўтариб, деворга орқа тиради. Тўшакда ўтирган кўйи ташқарига разм солди. Дала уйнинг биринчи қаватидаги хона деразасига қор учқунлари урилаяпти. Анчага довур деразадан кўз узмади. Нигоҳи илғаган ҳовли сатҳини, узун деворнинг тунука қалпоғи, беҳи, олма, гилосни қор қоплаган. Барибир оқлик яхши-да. Кўнгил равшан тортади.
У ўрнидан тураётиб елкасида яна оғриқ пайдо бўлганини ҳис қилди. Гўёки икки кураги орасига кириб қолган беш-олти дона чақиртикан тағин қўзғалиб, айнан танасининг елка қисмини куйдириб, чимиллатиб аъзойи баданига оғриқ берарди. Лаънати чақиртиканлар. Елкасига кириб олган ана шу беш-олти дона чақиртикан ўттиз йилдан ошдики азобини бериб келаяпти. Аҳён-аҳёнда қўзғалиб қолади. На шифоси бор, на қутулишнинг бошқа иложи. Ўз дарди ўзи билан. Бировга айтолмайди. Нима деб айтади? Мен соғман, ҳаммаси мана шу, елкамдаги чақиртиканларнинг азоб-уқубати дейдими? Ким ишонади. Елкасида чақиртикан кўтариб юрган одамни ким кўрибди? Айтиб бўлмайди, айтиб бўлмайди-ей, эшитган қулоққа ҳам ғалати. Аъзойи-танангда қилнинг чангидай ошиқча нимарса бўлса дарҳол топиб кўрсатадиган ва ташхис қўя оладиган тиббиёт ускуналари учун сенинг елкангдан (агар бор бўлса) дўланадай-дўланадай келадиган чақиртикан нима дегани. Шунча йилдан (!) бери елкангда ўсиб чиқмагани-ю, тиббиёт оламида тажриба майдонига айланиб қолмаганингга шукр қилсанг-чи, кейин кўр эди шармандаликни.
Нодир ювинаётиб ўзини ўзи шундай койиди, бу билан хаёлидаги бемаъни ўйни қувмоқчи эди. Йўқ… Уддасидан чиқолмади — елкаси яна чимиллаб оғриди.
Емакхонага тунд қиёфада кириб келди. Хотини, болалари дастурхонга қўл урмай, кутиб туришибди. Курсига ҳорғин чўкди. Уф тортди. Дастурхонга қўл чўзган бўлди.
— Қани олдик, мактабга кеч қоласанлар…
Хотини зимдан разм солди:
— Тобингиз йўқми?
У хотинининг “яна” деган сўзни қўшиб айтмаганидан хурсанд бўлди.
— Чарчабман, шекилли. Бугунча ишга борай, эртадан бошлаб таътилга чиқаман.
Зиёданинг чеҳраси ёришди:
— Шундай қилинг дадажониси! Дам олинг. Бу ёғи Янги йил ҳам кеп қолди.
Болаларнинг ҳам димоғи чоғ, чувиллаб қолишди.
— Дадажон, янги йилни қаерда кутамиз? “Дом”дами, “Дача”дами?
— Янги йилни сизлар хоҳлаган жойда кутамиз… Хоҳлаган нарсаларингни олиб бераман.
Кенжа қизи Зумрад онаси ёнидаги курсидан тушиб пилдираб келиб Нодирнинг бўйнига осилди.
— Дада… Дадажон, менга, нима оберасиз?
— Сенга қуёнча, оппоқ қуёнча!
— Йўқ. Оппоқ айиқча олиб беринг…
— Хўп.
— Туш, пастга туш қизим, даданг овқатланиб олсинлар.
— Тушмайман, ойи! Тушмайман.
— Қўй, майли, индама. Ке, тиззамга ўтириб ол, қизим.
— Дадажон, анов кунгидай елкангизни силаб қўяйми?
Зумрад кичик қўлчалари билан Нодирнинг бўйнига қўл солиб елкасини силай бошлади.
— Дада, дадажон… Елкангизга кириб олган юлдузчаларни олиб ташлайми… Мана мунча, қулоғимдаги сирғамнинг юлдузчаларига ўхшаш юлдузчаларни…
Нодир синиққина жилмайди. “Майли” ишорасида бош силкиди. Қизалоқ нозиккина бармоқчалари билан чимчилаб юлдузча тера бошлади:
— Мана, мана… Битта, иккита, кейин… кейин учта, тўртта, кейин… беш… бешта! Оп ташладим…
Катта ўғли билан қизи кулишди. Хотини:
— Болага ғалати ўйинлар ўргатасиз-а? — деди.
Нодир оғриқ турса шартта юзтубан ётиб оларди-да беш ярим яшар қизи Зумрадни елкасига чиқариб оларди:
— Қизим, елкамдаги юлдузчаларни териб ол. Оғритаяпти.
Оиладагилар буни ҳазил, шунчаки ўйин деб ўйлашарди. Нодир ҳам ўзини қизчаси билан ўйин ўйнаётгандай қилиб кўрсатарди. Қизча юлдузчаларни терарди… Шундан сўнг, ё қудратингдан, Нодир бирмунча оғриқни унутарди. Эй-ей, буни бировга айтиб бўладими, ўз уйингдагилардан яширган дардни ўзганинг томида тоғора қилиб бўлармиди? Нима дейсан, нима деб айтасан, кимга айтасан. Шу беш ярим яшар норасида англаган, ҳис қилган аҳволи руҳингни кап-катта одамлар тушуниб етмайди, шуниси алам қилади, йўқ, буларга буни айтиб бўлмайди. Булар ёзган китобларингни ўқишади, қойил қолишади, мақташади. Сен ёзган саҳна асарларини энг нуфузли театрларда ҳайрату-ҳаяжон билан томоша қилишади, асарларинг асосида яралган киноларни кўришади, тасанно айтишади, гоҳида ўзингда йўқ сифату-сафсаталар билан кўкка кўтарадилар, сўнгра ерга урадилар, гоҳида ғийбату-ғурбат билан ерпарчин этадилар, элагига эрмак, калишига патак, аёлига этак қиладиганлар топилади. Бироқ, шу норасида қизалоқнинг билганини билмайдилар, елкангдаги оғриқни тушунмайдилар. Айтма, айтсанг шамолнинг шапалоғини ейсан!
Дардини бир марта айтган. Айтгану мулзам тортган. Шу-шу оғзи берк. Оғзи маҳкам. Итни боғлаб қўйсанг турмайдиган жойда эди. Ҳарбий хизматда, афғонда урушида эди. Яраланди. Госпиталда қорнини кесишди, сўл сонини кесишди. Майда-майда темир бўлакчаларини олиб ташлашди. Куни бор экан, ўлмай қолди. Оёққа турди. Соғинчданми ёки нимадир ёдига тушса елкасига чақиртикан қадалгандай жизиллатиб, чидаб бўлмайдиган даражада оғриқ берарди. Бир куни палатага кириб келган ҳарбий дўхтирга, елкамда майда-чуйда юлдузчалар (чақиртиканнинг ўрисчасини билмади) қадалиб азоблаяпти деди. Ҳарбий дўхтир ачиниб қаради:
— Ўғлим, елкангдаги юлдузчаларни эмас, бошингдаги юлдузчаларни олиб ташлаш керак. Юлдузчалар бошингда жойлашиб қолган. Биз олишимиз лозим нарсаларни олиб ташладик. Энди… бошингдаги юлдузчаларни фақат ўзинг олиб ташлашинг керак.
Ҳарбий дўхтир эзғин қиёфада бош чайқади. Уф тортиб чиқиб кетди.
Ташқари совуқ. Қаҳратоннинг қаҳри қўзиган. Ҳаводаги қор учқунларини увиллаган шамол ўз кўйида ўйнатиб кўз очирмайди. Нодир ҳовли эшиги ёнидаги хизмат машинасигача бўлган йўлни ҳансираб босиб ўтди. Уйдан ўзини бардам ва тетик тутиб чиқишига уринмасин, оёқлари ўзига бўйсунмаётганди, кўз олди қоронғулашиб борарди. Қон босими кўтарилганини ҳис қилди. Орқа эшикни базўр очаркан, ўзини беҳол машина ўриндиғига ташлади. Хавотир аралаш ҳовли дарбозаси томон ўгирилиб қаради. Бошида оғриқ турди.
Уни аллақандай бир куч зимистонлик қаърига тортиб борарди. У ўзини таг-туби йўқ чоҳга қулаётгандай ҳис қилди. Қовоқлари зил-замбил. Кўзини очолмади.
— Шифохонага … Шифохонага борамиз, — деди ҳайдовчига зўрға.
Машина ўрнидан жилгани, дала боғнинг тор йўлакларидан чайқалиб бораётганини тусмоллаб, элас-элас тасаввур қилиб борди. Шамолнинг гувиллаши, алланималарнинг қум каби қаерларгадир чарсиллаб урилиши тубсиз жарлик сари шўнғиётган Нодирнинг тасаввур ойналарида элас-элас намоён бўлар, у айни дамда фалакдан ўйнаб тушаётган муз қотган қор учқунларини ҳам кўришни истар, тамоман хасталикка тобе бўлмаган тафаккур ёлқинлари қоронғулик билан курашиб борарди. Сўнг ўша тасаввури осмонида юлдуздай милтиллаб турган сўнгги шуъла ҳам сўниб ғойиб бўлди. Нодир чоҳ тубига гурсиллаб келиб тушганини ҳис этди, бўғзига нимадир келиб тиқилгандай бўлди-да, аъзойи бадани қизиб, борлиқ энди чинакамига чарсиллаб учаётган қип-қизил учқунларга тўлгандай бўлди. У тепасида ловуллаб ёнаётган осмонни, осмондан бодраб-сачраб тушаётган олов парчаларини кўрди. Гувиллаган шамол тўзғитган олов парчаларидан ерга қип-қизил сон-саноқсиз чўғ тўкиларди… Шу маҳал Нодир чоҳ тепасида қўлида толнинг узун новдасини тутиб турган болакайни кўрди. Бола жилмайиб, қўлидаги ям-яшил тол новдасини чоҳ тубига ташлади. Кўкдан ёғаётган олов учқунлари болага умуман таъсир қилмас, унинг атрофини зангор ва мовий ранг нурлар қуршаб турарди. Боланинг уст-боши жиққа ҳўл эди. Нодир новдага тирмашди, бола кучли, эпчил эди, уни чоҳ қаъридан тортиб олди. Нодир ҳам болани қамраб-қуршаган нур оғушида қолди. Боланинг табассум югурган, ёниқ чеҳрасига боқиб, ҳайратга тушди. Бу ўзининг болалиги, ўша, ўн икки ёшли Нодир эди. Нодир шуни пайқагани ҳамоно болакай ғойиб бўлди. Нодир мовий тўлқинлар ичра тип-тиниқ кўлда қирғоқ сари интилаётгани, энди ўзи ҳам болага айланиб қолганини ҳис қилди.
Нодир соҳилга қадар сузиб келди-да, ҳолдан тойган кўйи, қизиган тупроқ устига чалқанча тушиб ётди. Тоғ ортида ботиб бораётган қуёш нурларида қирмизи тусга кирган осмонни кўрди. Алвон булутларни эса ирис қанднинг қип-қизил тилла қоғозига ўхшатди. Бола ётган жойида кўкдаги тилла қоғозларга қўл чўзди. Ёнида кимдир қиқирлаб кулиб юборди.
— Зумрад… Зумрад, — деди бола. — Қара, осмонга қара… Осмонга тилла чиқди, Зумрад. Зумрад ҳамон қиқирлаб куларди.
— Зумрад… Зумрад…
… Бошида аллақандай ғала-ғовур. Элас-элас шарпалар сузиб юрибди. Қовоқларини бир оғир куч босиб, кўз очишга мажоли йўқ. Нимадир тарақлади. Кимдир ғудранди. Алланечук гап-сўзларни шамол олис-олисларга олиб кетади.
— З… З… Зум…; — деди у зўрға кўзини очиб.
— Ҳайрият-эй, ўзига келди, — деди кимдир.
— Юрак уриши яхши. Худога шукр ўтиб кетди, — деди яна кимдир.
— Нима кетди?… Ким кетди? Зумрад қани? — деди бемор иҳракли товушда бўғзи қуруқшаб. Сўнг тепасида турган нотаниш қиёфаларни кўрди.
— Мен қаердаман?
— Шифохонадасиз. Тинчланинг. Ҳаммаси ортда қолди.
Тўрт кундан сўнг беморни жонлантириш бўлимидан алоҳида нуфузли палатага ўтқазишди. Нодир хона деразасидан ташқарида ўйнаб учаётган қор учқунларини кузатиб ётарди. Қалбини қоплаган ваҳимали қоронғулик ёришган, энди ҳаёт билан юзма-юз келиб турганидан кўнглида таскин ва шукрона туйғуси тўлқин урарди. Тепасида осма укол тайёрлаётган ҳамширага кўнгли учун ҳам илиқ гап айтгиси, ўзининг тетиклиги боис миннатдорчилик туйғусини изҳор этгиси келди:
— Янги йилга ҳам оз қолаяпти. Худо хоҳласа, Сизга жуда чиройли нарса совға қиламан.
Ҳамшира ҳам очиқ кўнгил, ҳушчақчаққина экан:
— Нима, масалан?
— Хўш, нимани хоҳлайсиз?
— Айтайми?
— Айтинг…
— Менга атаб битта шеър ёзасиз…
— Бу жуда осон, мушкулимни осон қилдингиз…
Қиз кулди.
— Майли, соғ-саломат бўлинг. Бошқа дард кўрманг. Китобларингизни ўқиганман. “Қордаги лола” қиссангиз менга ёқади. Сизга бир савол берсам майлими?
— Майли…
— Операция пайтида “Зумрад, Зумрад” деб алаҳладингиз… Зумрад ким?
Нодир толмовсиради. Дудуқланди. Туйқус қувониб, чеҳрасига кулгу ёйилди.
— Зумрад, қизим! Кичкина қизимнинг исми Зумрад!
— Яхши кўраркансиз-а?
— Жудаям.
— Хўш энди ёнбошга ўгирилинг, ана шундай… Яхши!
Ҳамшира осма уколни ҳам улаб чиқиб кетди.
Янги йил кириб келишига ҳам уч кун қолди. Нодир шифокорларга ўзини батамом тузалиб кетгандай кўрсатишга уринарди. Оёққа турди. Палатада, йўлакда бемалол юра бошлади. Дўхтир барибир билади-да. Бош шифокор Нилуфар Аҳмедовна бугун эмас, икки кундан кейин жавоб беришларини айтганда, тарвузи қўлтиғидан тушиб шалвиради қолди.
— Юрак билан ҳазиллашманг, – деди бош шифокор, қатъий. — Қолаверса, сиз ҳали ёшсиз, шу ёшингизда инфарктга йўл бериб ўтирибсиз… Бўлди, яна икки кун назоратимизда бўласиз, ташхислар маълум бўлгач, шунга қараб иш кўрамиз…
— Ахир, Янги йил…
— Ҳечқиси йўқ. Ҳали кўп Янги йилларни қарши оласиз.
— Уйда, болаларим…
— Айтдим-ку, Нодир Собирович, ташхислар эртага чиқади. Яхши бўлса албатта индинга сизга жавоб берамиз.
Нодир қатъияти меҳрга йўғрилган бу аёл қаршисида лом-мим деёлмади. Лабини тишлаб, бош силкиб қўя қолди.
Бош шифокор ҳамшира келтирган аллақандай қоғозларга синчиклаб назар ташларкан, бехосдан Нодирнинг юзи буришиб кетганини, иҳраб юборганини сезди. Нодир ўзига пичирлади:
— Лаънатилар, куйдириб оғритаяпти, яна ҳаракатга кеп қолишди…
Бош шифокор Нодирга ялт этиб қаради.
— Нима безовта қилаяпти. Нима бўлди? Нима ҳаракатга келди?
Нодир кўзини олиб қочди.
— Ўзим шунчаки. — Кулгига олди. — Елкамни нимадир қитиқлагандай бўлди.
Бош шифокор беморга ажабланиб қаради. Анчагача юзидан нигоҳини узмади. Аёл кишининг синовчан назарига дош беришдан ёмони йўқ. Ҳамшира Нодирнинг қон босимини ўлчади. Жойида. Юрак ҳаракати ҳам меъёрида.
— Сиз мендан ниманидир яшираяпсиз. Сизни нима безовта қилаяпти?
— Айтдим-ку, соппа-соғман. Шунчаки… бу… болалик, ёшлик билан боғлиқ хотиралар асорати шекилли.
Бош шифокор бу ғалати беморга, элга таниқли адибга янаям қизиқсиниб қаради.
— Хўш, ёшлик хотиралари билан боғлиқ хасталик асоратини биз даволай олмасканмизми? Фақат сизга маълум бўлган бу касалликка ташхис қўёлмаймизми?
— Нилуфар Аҳмедовна, вақти-соати келганда албатта, бу ҳақда бир ҳикоя ёзиб қўлингизга тутқазаман.
Бош шифокор энди самимий жилмайди.
— Йўқ… йўқ. Бу ерга қайтиб туша кўрманг. Биз сизга рухсат бермаймиз. Ҳикоянгизни бирорта журналда чоп эттирсангиз ўзим ўқиб оламан. Нодир Собирович, энди бироз ухланг. Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади.
Нодир палатада ўзи ёлғиз қоларсан, тўшакда чалқанча ётган кўйи ўзига ғудранди: “Ҳикоя эмиш, қанақа ҳикоя?! Дарду достон деб атаса яхшидир, балки…” Чиндан ҳам у болалик хотиралари, ёшлик ҳаяжони-ю, елкасида манави лаънати чақиртиканлар ҳуружи ҳақида ёзиб нимага эришарди?
Хаёл барибир ақл тизгинини узди. Хаёлида маъсум ўсмирликнинг тиниқ хотиралари тиклана бошлади.
… Нодир Зумрадни илк бор кўрган кунни эслади. У ҳамиша ўша кунни қалби ажиб ҳислар гирдобига хотирлайди. Мана шунча йил ўтибди ҳамки, кечагина юз бергандай, йўқ, шу воқеа ҳозир бўлаётгандай туюларди. Синфга Зумрадни ўқитувчиси бошлаб кирди. Зангор мактаб кўйлаги устидан оқ фартук кийиб бошига, атиргулдай қип-қизил бантик таққан қизни кўриб Нодир бошқача бўлиб кетди.
— Болалар, танишинглар, Зумрад! Бугундан бошлаб Зумрад бизнинг “А” синфимизда ўқийди.
Нодир биринчи синфга борганига ҳали ўн кун ҳам бўлганини йўқ, лекин, “А” синф билан “Б” синфнинг тафовути борлигини сезгандай бўлди. Зумрад ҳозирча ўқитувчининг ёнидаги стулда ўтириб тураркан, ўқитувчи опа унга алоҳида меҳр кўрсатаётгандай туюлди. Зумрад чиндан ҳам чиройли, кийимлари ҳам чиройли, қип-қизил сумкаси ҳам ҳеч кимда йўқ — чиройли эди.
Ўша кеча туш кўрди. Тушига Зумрад кирди. У синфга қип-қизил мактаб кийим кийиб келибди. Кейин унинг ёнига келиб ўтирди.
Эртасига мактабга Зумрад кеча Нодир тушида аниқ-тиниқ кўрган қизил форма кийиб келди. Ўқитувчи опа уни Нодирнинг ёнимга ўтқизди.
Улар бир партада ўтиришди. У хурсанд эди. Шу-шу, Зумрад билан дўст бўлди. Йиллар ўтаверди. У уй вазифаларини Нодирдан кўчирар эди. Агар у беш баҳо олса, ўзида йўқ севинарди. У Нодирга қараб жилмаярди. Унга шунинг ўзи кифоя эди. Айниқса, математика дарсини ўлгудай ёмон кўрса ҳам уйга берилган мисол-масалаларни Зумрад учун ишларди. Зумрад кўчирарди, жилмаярди, “беш” баҳо оларди, яна жилмаярди. Зумрадга ҳамманинг ҳаваси келарди. Ҳамма ҳушомад қиларди. Ҳатто ўқитувчилар ҳам Зумрадга овозини баландлатиб гапиролмасди. Зумраднинг отаси тумандаги энг каттакон одамлардан бири эди. Кимсан фалончи ижроқўмми, исполкомми, бир бало! Хуллас, ҳамма соясига салом берадиган одам!
Ким билади дейсиз, Зумрад ҳам шунинг ҳавосини олдими ёки қиз боланинг ақли эрта “пишиши” чинми, ишқилиб, ўзини бошқалардан анча баланд қўядиган бўлди. Бироқ, Нодир билан ўша-ўша! Математиками, тарихми, нима дарсдан кўчириш керак бўлса, дастёр тайёр, Нодир юрагини тутгандай қўшқўллаб унга дафтарини кўчиришга беради. Синфдаги ўғил болаларнинг кўпи бунга ғаши келарди. Нодир фақат Зумрад учун ўқийди, деб мазах қилишарди. Нима дейишса, дейишмайдими, гапирганлар гапириб, ичи куйиб қолаверарди. Хуллас, улар етти йил бир партада ўтиришди. Ёзги таътилда Зумрад Қримга Артекка кетди. Нодир уйда қолди. Отасига ёрдамлашди. Очиғи, отаси билан кишиларнинг деворини уриб, уйини тиклаб, оғилини бутлаб, ерини юмшатиб мардикорлик қилишди. Уч ой қора меҳнат билан ўтди. Нодир узун ёз тунларида ўзидан олисларда, Артекда дам олаётган Зумрадни эслаб юраги ҳапқириб, ичи ёниб борар, ботинидан нимадир узилиб кетгандай бўларди. Ўзи билан Зумрад ўртасида улкан жарлик, ўтиб бўлмас масофа мавжудлигини энди англаётганди. Ҳаётнинг бу номутаносиблиги боис қалбида энди ниш ураётган балоғат чечаклари умидсизлик аёзи остида қолиб кетаётганга ўхшарди.
Нодир отасига ачинарди. Оиладаги тўққиз жонни боқаман деб ўзини ўтга-чўққа ураётган отаси анча йиллар илгари ўқитувчилик қилган, отаси мактаб директори ва айрим ўқитувчиларнинг баъзи бир қаллобликларига чидай олмай (хуллас, бу ёғи бизга қоронғу) сенлар ишлаган мактабда ишламайман, деб қўл силтаб чиқиб кетган дейишади. Шу-шу мактабга қайтиб бормади, бошқа мактабдан иш изламади. Қайсарлиги қийиқни қирқ ёриб — айтганини қилди. Мардикорликни ўзига раво кўрди. Нодирнинг кўнгли ўксиклиги ҳам шундан. Бироқ, отасининг юзига тик қараб бирор гап айтиб бўлармиди. Ҳаром топишдан, ҳариш ейишдан худо асрасин.
Чилланинг чиллакини ёрган жазирамаси. Қуёш тикдан туриб тос манглайдан урган маҳали, бошингга тиғ санчилаётгандай бўларди. Қишлоқни қоқ иккига бўлган катта йўл ёқасида янги тушган томорқа атрофида ота-бола девор тиклашаяпти.
Нодир бир ярим қулоч баландликдаги девор устида ўтириб, отаси пастдан белкуракда узатган лой билан девор кўтараяпти. Офтоб атрофни ёндиради. Нафаси қайтади. Бошидан афт-ангоридан шовуллаб тер оқади. Жайранинг сихидай тип-тикка бўлиб ўсган сочлари ҳам офтобда куйиб, сарғайиб кетган. Кечгача яна бир пахса уриб, эгаси билан ҳисоб-китоб қилишлари керак. Нодир девор устида туриб саробдай жимирлаб турган катта йўл адоғига қаради. Олисдан нимадир қорайиб кўринди. Ота лой узатди, Нодир пайқамади, лой ерга қайтиб тушди. Ота ғудранди. Нодир тишини-тишига қўйди. Ичида бундай ҳаётга минг лаънат ўқиди. Шу пайт олисдаги машина — қоп-қора Волга девор ёнига келиб тўхтади. Ичидан қотмадан келган, дароз, ёзги костюм-шим кийиб, бўйинбоғ таққан шляпали киши тушиб уларга яқинлашиб кела бошлади. Отаси турган жойида қотиб қараб турди, сўнг сўкинди: “Энағар, бу нимага келди?”. Олифта ва савлатдор дароз уларга яқин келди. Бир девор устидаги Нодирга, бир отага қаради:
— Ҳа, арпангни хом ўрганмидим, салом ҳам бермайсан?! Ўзинг қолиб энди болангни ҳам хору-зор қиляпсанми?
— Ишинг бўлмасин! Менга ёрдам бераяпти. Сендан ҳеч нарса сўрамайман, — деди отаси ҳам ижирғаниб ерга боқаркан.
Нодир бу ҳолатга ҳангу-манг бўлиб қараб турарди. Ҳалиги шляпали каттакон мийиғида кулиб, захархандалик билан кесатди:
— Ўшанда гапимга кирганингда эди, ишлаб юрардинг. Қайсарлигингдан гўр ҳам бўлмайсан, сен аҳмоқ.
Отасиники тутиб кетди, баттар ўшқирди:
— Нима қилишим керак эди? Колхозчининг боласига берилиши керак бўлган олтин медални анави, гумаштанг, совхоз директорининг ўғлига беришим керакмиди?
— Ўзингни бос! Итнинг орқанги оёғи бўлиб ўлиб кет, менга деса!…
Отаси жаҳл устида ердан бир чангал лой олиб ҳалиги каттаконнинг юзига туширди. Каттакон чайқалиб йиқилиб тушди. Шляпаси бошидан учиб йўл бўйлаб гилдираб кетди. Шу тобда қора ойнаванд Волганинг орқа эшиги очилиб, бир қиз чинқираб юборди.
— Ота-а-а! Ота-а-а…, — қиз гандираклаб шляпасини олаётган каттакон томон чопиб борарди. Бу Зумрад эди.
Девор устида ўтирган Нодирнинг кўзи тиниб, боши чирпирак бўлиб айланиб, бўғзига нимадир тиқилиб, нафаси қайтди. Туйқус мувозанатини йўқотиб, девор устидан “шилқ” этиб чақиртикан устига қулади. Елкасига тиғ санчилгандай, елкасини нимадир куйдираётгандай, кўзидан олов чиқиб, бошида чақин чаққандай бўлди. У ҳолсизу ҳуши учганча ётган жойида каттаконнинг:
— Лаънати, мен сени йўқотаман, турмада чиритаман, — деган дўқ-пўписасини эшитди.
Отаси Нодирнинг устидан ярим челак сув қуйиб ўзига келтирди. Аламидан дағ-дағ титраган кўйи ўғлининг нам бошини бағрига босиб ўкириб йиғлаб юборди. Нодир отасининг бундай аҳволда илк бор кўриши эди.
— Тур, ўғлим. Тур, уйга кетдик…
Ота ўғлининг қўлтиғидан суяб турғазди. Унинг елкаларини силади. Елкасига қадалиб қолган чақир тиканларни кафти билан силаб тушириб ташлади. Елкасининг чақир тикан кирган жойлари қонталаш бўлиб, чизиллаб қон сизилди.
Нодир уйда бир ҳафта алаҳсиб ётди. Офтоб уриб, ҳолдан тойган экан, дейишди. Дарди бир ўзига, бир худога маълум бўлди. У оёққа тургач, отасининг қарори билан оиласи чўлга кўчди. Нодир икки йил чўл мактабида ўқиди. Шу икки йил ичида Зумрадни бир кун ҳам хаёлидан чиқармади. Уни эслаганда елкасида нимадир чимиллаб оғриқ бериб қўярди.
Чўлдаги мактабни тамомлаб Нодир Тошкентга ўқишга кетди. Қишки имтиҳон пайти қишлоқдан курсдоши гап топиб келди, Зумрад эрга тегди. Отаси қизини ўзидан ҳам каттакон одамнинг боласига узатибди. Ёшликнинг биллур умидлари чилпарчин бўлди.
Орадан кўп ўтмади. Зумраднинг отаси қамалди. Нодирнинг отаси оиласини олиб чўлдан қишлоққа қайтди.
…Нодир болалик хотиралари оғушида тақдирнинг нотанти ўйинлари моҳиятини худди ташқарида айланаётган қор зарраларига узоқ термулиб уқиб олиши мумкиндай, оғир ўйга ботиб деразадан кўз узмай ётарди. У анча пайтгача хона деразасидан кўз узмади. Оқиб ўтаётган умр дарёси ҳақида ўйлади. Ўлим билан ҳаёт оралиғи бир қадамлигини англаб етгандай бўлди. Бору йўғидан бехабар бу дунёда зарра бошида не-не синовлар чархи айланганини кўз олдига келтирди. Кейин… кейин нигоҳи толиқди, кўзларини юмди. Зум ўтмай уйқуга кетди.
…Бугун ўттиз биринчи декабрь.
Янги йил кириб келаяпти. Кўзи эшикда, ҳамширанинг кириб келиб, сизга жавоб бўлди, дейишини кутаяпти. Тушдан кейин иккита осма укол олса, бас, агар ташхислар яхши чиқса (яхши чиқсин, ишқилиб) уйига кетади. Хона эшиги очилиб ҳамшира кириб келди. Юзида табассум. У эшик ҳатлаши ҳамоно бош бармоғини тик қилган ҳолда “зўр” ишорасини қилди:
— Ташхисингиз во! Мана бундай. Тушдан кейин осма… Сўнг уйга жавоб!
Нодир ўзини узоқ йиллардан бери шифохонада ётгандай ҳис қила бошлаган эди. Бошидаги туман тарқади, кетди. Шу маҳал қўл телефони жиринглади:
— Ҳа, Нодирвой, қалайсан? Байрам билан йўқламайдиям деб ўпка-гина қилиб турсам, шифохонага тушиб қолганингни эшитдим… Нима гап, тинчликми?… Соғлигинг дурустми? Ўзим сени кўргани бормоқчи бўп турибман…
Устоз. Халқнинг ардоқли, улуғ шоири қўнғироқ қилиб турибди. Нодир ҳаяжонланганидан калимасини тополмай турди:
— Раҳмат, устоз. Минг раҳмат. Мана чиқаяпман… Яхшиман. Жавоб беришди. Ўзим Сизни кўриб ўтаман, устоз. Миннатдорман!
Кўнгли тоғдай кўтарилди. Катта бошини кичик қилиб қўнғироқ қилгани учун Устоздан миннатдор бўлди.
Йўлнинг икки четида ўрнатилган симёғочлар чироқлари нурида товланиб тушаётган қор зарралари кўнгилга алланечук завқ-шавқ бағишлайди. Нодир машина ойнасидан нур оғушида ярқираб айланиб учаётган қор учқунларига кўтаринки кайфият билан қараб борарди. У худди ҳаётини янгидан бошлаётгандай, шу файзли янги йил тунидаги ҳамма яхши нарсалар фақат унга аталгандай эди, гўё.
Ҳайдовчи машинани дабдабали кўп қаватли савдо мажмуи ёнида тўхтатди. Одам гавжум. Ҳамма байрамга Ўзбекистон Республикасибу нарса харид қилади, ҳамма уйига шошилади. Нодир кенжа қизига каттакон ўйинчоқ оқ айиқ сотиб олди. Хотинига беш дона қип-қизил атиргул харид қилди. Устозиникига ҳам қуруқ қўл билан кириб ўтишни эп кўрмади. Торт ва қимматбаҳо вино олди. Ўз ишидан кўнгли тўлиб машинага ўтирди.
— Аввал Устознинг уйига ҳайда. Ярим соат ўтирамизда, кейин уйга қайтамиз. Қўрқма, байрамга улгурамиз!
Эшикни нотаниш аёл очди. Нодир афт-ангоридан хизматкор эканини англади. У Нодирга узоқ тикилиб турди. Кўзлари шунчалар маҳзун эдики, тим қора қорачўғлари қаърида алланечук сирли бир жозиба яширинганди. Аёл кўзини ерга қадади-да, шарт бурилиб ошхона томон кетди.
Байрамона дастурхон. Оила жамулжам. Емак-ичмакнинг ками йўқ. Устоз байрам тилагини айтди. Нодир ичмади. Ахир, тўғри шифохонадан келяпти. Аҳволи ўзига аён.
— Устоз, мен қайтсам…
— Тўхта, ярим коса қайнатма шўрва ичиб кет, — сўнг янгага қаради. — Зумрад ҳам келсин, ўтирсин! — Устознинг ўзи ошхона томонга овоз берди: — Зумрад! қолган ишни кейин қилаверасан! Дастурхонга кел! — Нодирга қараб қўшиб қўйди — Дарвоқе, бу аёл сен томондан. Янгангнинг синглиси олиб келди. Қўшни туришаркан. Бироз қийналиб қолибди. Ҳа, майли, дастурхонга қара!
Шу маҳал қўлида ликопча ва бир талай санчқи кўтариб ҳалиги аёл келиб, четдаги курсига омонат чўкди. Нодир унга яна диққат билан разм солди. Бирдан юраги гупиллаб уриб кетди. Кўз олди оний ҳолатда бир қоронғулашиб ёришгандай бўлди. Нафаси тиқилди. Лаблари пирпиради. Ўзига-ўзи пичирлади: “Зумрад… Зумрад…” Нодир оғир уф тортди, базўр ўзини тутиб турарди. Томоғига бир ўкрик тиқилиб турарди. Зумрад дастурхон четидаги омонат курсида омонатгина бўлиб ўтирарди.
— Устоз, — деди Нодир овози қалтираб, — Мен энди борай…
— Ҳа, тобинг бўлмаяптими?
— Шундай…
У зўрға оёқда тик туриб ҳовли эшигига чиқди.
— Тезроқ ҳайда, — деди ҳайдовчига овози хириллаб, — олд ойнани очиб қўй!..
— Совуқ-ку, шамоллайсиз…
— Оч. Очиб қўй!
Машина ичига шамол қор учқунларини ҳайдаб кирди. Дала боғ этагига етгач, Нодир машинани тўхтатишни буюрди.
— Нима бўлди, хўжайин? Тобингиз қочдими?
— Билмадим, аъзойи баданим ёниб бораяпти. Елкам ачишаяпти.
У машинадан тушди. Эгнидан пальтосини, костюмини ечди. Ҳайдовчи анграйиб қараб турарди.
— Нима қиляпсиз, хўжайин, ахир, ахир…
Нодир парво қилмади. Оппоқ қор устига елкаси билан чалқанча ётиб олди. Елкасини жизғанак бўлиб куйдираётган оғриқ тина бошлади. Қор учқунлари Нодирнинг юзини оҳиста сийпалаб қўярди. У анчагача шу алфозда қор устида осмонга қараб ётди.
Кейин оғриқдан халос бўлган кўйи ўрнидан турди. Ҳайдовчига кийимларимни бер ишорасини қилди.
Нодир ҳозиргина ўзи қор устида чалқанча ётган жойга яна бир бор қаради. Айниқса, иккала курак ўртасидаги елка чуқурчаси изи уни сескантириб юборди. Қордаги елка чуқурчаси изида қон томчиси кўзга ташланарди. Улар бешта эди. Шу бешта қон томчиси оппоқ қорда гўё милтиллаб турарди. Нодир елкалари енгил тортганини пайқади.
— Қутилдиммикан?, — деди ўзига ўзи.
Машина чироғининг ўткир нурлари қуюқ қор учқунларини ёриб олдга интилади. Орқа ўриндиққа бошини машина ойнасига тираб олган Нодирнинг кўзларидан дувиллаб ёш оқарди.