Қўчқор Норқобил. Эртасига душанба эди (ҳикоя)

Хотини эрталабдан қулоқ-миясини қоқиб қўлига берди. “Борайлик-а, борайлик…”, деб ебгина қўйди, охири кўнди: “Бўпти, тез қайтамиз…”. Йўлга тушдилар. Йўлда эҳтиёткорлик билан айтилган одобий доира – меҳмонда ўзни тутмоқ сабоғидан ҳам баҳраманд бўлди. “Мулойимгина муомалада бўлинг, жилмайиб ўтиринг. (Аслида безраймасдан ўтиринг демоқчийди, эрининг тутқаноғи тутиб, ярим йўлдан ортга қайтиб қолишидан чўчиди). “Раъно Акромовна ҳаммани ҳам меҳмонга чақиравермайди. Фақат бизни таклиф қилди…”. Эрнинг энсаси қотди, эснади: “Аёл боши билан шугина ҳам раҳбарпараст-а?. Кетса ўрнини менга қолдириб кетади, деб ўйлайди-да, бечора…”. Эр ўзича ижирғаниб қўйди.

Мезбон уларни хушҳол, очиқчеҳралик ила қарши олди.

Кўчадан кўрсанг бир капа, ичига кирсанг дур капа. Раъно Акромовнанинг ташқаридан разм солсанг, баланд девор ортидан тиртайибгина кўринган уйи, ичкари ҳатлаши ҳамоно қасира-қусур қасрга айланди-қолди. Ял-ял ранг отган турли-туман қимматбаҳо тошлар ётқизилган йўлаклар, қайси бир дунёлардан олиб келиб экилган хил-хил барқ уриб очилган гуллар, (“Буларнинг ҳар бир донаси одамдан қиммат”, – ўйлади эр), рўпарасида кўпириб-тошиб кўкка отилиб турган фаввора теграсидаги заррин намхуш ҳавода ўйноқлаб осилиб турган камалак кўзини қамаштиради.

Теп-текис, кенг-мўл ҳовлига худди ям-яшил гилам тўшалгандай чимўт босилган.  Ҳовли адоғида олтинтус панжаралар билан ўралган, суви тип-тиниқ мармар ҳовуз сатҳида осмон акс этади. Уй айвонига олиб кириладиган йўлак четидаги ялтироқ устунларга қалпоқчироқлар кийгизилганига қарамай, пастда ҳам бош-оёқ қаторасига икки тарафлама шокосадай-шокосадай ерчироқлар ўрнатилган. (Булар ёнса кечаси атроф алламбало бўлиб кетса керак. Рўпарадаги саройни кўр…)

Эр-хотин оёқлари чалкашиб-чулкашиб мезбон ортидан эргашдилар. Бир амаллаб меҳмонхонага кириб олишди. Борнинг бир томчиси йўқнинг ҳовузини тўлдиради – буларнинг меҳмонхонасида ихчамроқ тўй ўтказсанг бўлади, ўйлади эр. Хотин илжайгани илжайган. Бошлиқ аёлга қилган тавозеси тоғни тешгудай, гўёки у меҳмону бу мезбон.  Кенг-мўл хонанинг қоқ ўртасидаги стол базмбоп этиб тузалган эди, дастурхоннинг тенг ярми турли-туман ичимликлар: оқ, қизил, сариқ, кўк, пушти… бари-баридан бор. Улар хил-хил емак очилиб-сочилган, сара ноз-неъматлар жо дастурхонга манзират қилдилар.

Раъно Акромовна қирқ ёшлар атрофидаги ҳусни тароватига ҳали соя тушмаган, бўйдор, Яратган қадди-қоматдан қисмаган жудаям гўзал жувон эди. Фақат шу гўзалликка ундаги алланечук шаҳду шижоат малол келиб турарди. Барибир раҳбарлик билиниб тураркан-да, майли, эпкинга юз бурсанг, шамол шаппати тортади, деганлари шу аслида. Мана, ҳозир ҳам қаршисидаги ҳали таниб-танишиб улгурмаган эркакка амр этди:

– Хўш, сиз зерикмай ўтиринг. Нози билан биз минг йиллик дўстмиз. Яхшиси, манавилардан қуйинг.  Ҳали замон бизнинг хўжайин ҳам келадилар. Кейин сизларни ҳоли қолдирамиз.

У ботинида бўрон қамалган бу аёлга ҳайратланиб қараб турди.

– Нега анграйиб қолдингиз? Винойингизни қуймайсизми? – турткилади хотини.

– Нима? Вино…  Ҳа-я, – у ўрнидан туриб стол четига бориб, ичимликлар ичида алоҳида ажралиб турган, шохдор Буғу тимсолидаги биллур идишдаги “Арман коньяги”га кўзи тушиб, чиндан ҳам анграйиб қолди.

– “Йўғ-е, бўлиши мумкинмас…”. “Туйқус столнинг бу четига айланиб ўтиб “Буғушиша”га қўл узатди. “Буғу”нинг бўйнига ўралган ингичка кумуш тасмага осилган тугмачадайгина олтин суви юритилган медальонни кўриб тахта бўлиб қотиб қолди: “Йўғ-е, бўлиши мумкинмас, бунақа тасодиф сираям бўлиши мумкинмас…”. У жо­йида серрайиб туриб қолди. “Буғушиша” унинг қўлларини чўғ бўлиб қиздирарди.

– Зўр коньяк. Бизнинг хўжайин олиб келганлар… Сиз эркаклар биласизлар, бу савилни. Майли, шуни оча қолинг!

У ҳардамхаёл бўлиб “Буғушиша”ни кўксига босган кўйи жойига ўтирди. Раъно Акромовнага сирли қараш қилди.

– Очмайсизми? – деди мезбон таажжубда.

Қадаҳларга “Буғу”нинг “бурни”дан коньяк қуйилди. Ичилди. Уйтелефон жиринглади. Мезбон даҳлизга чиқиб, гўшакни олиб ким биландир гаплаша бошлади. Ичкарида хотин эрини гап билан узиб-узиб олди:

– Нега бунча оғзингиздан сувингиз қочиб анавинга (даҳлиз томон боши билан ишора қилди) термилиб қолаяпсиз. Тинчликми? Ё бирор гап борми?

Хотинининг кўзида қаҳр аланга олганди.

Эр ўрнидан туриб меҳмонхонага синчиклаб разм солди. Ортига ўгирилиб, хрусталл идишлар терилган қимматбаҳо ойнаванд шкаф тепасидаги сувратни, чиройли зарҳошияли рамкага солинган  Ҳасан Тўраевичнинг сувратини кўриб қулоқ чаккасига тарсаки тушган болакайдай гандирак­лаб, кўзлари тиниб кетди.

Хушу-бехуш беҳолгина ўриндиққа ўтириб қолди.

– Сизга нима бўлди? Рангингиз оқариб кетди, нега бунча ҳансирайсиз? Тобингиз қочдими? – хотин эрнинг юзига хавотир билан тикилди.

– Тоза ҳавога чиқай… Чарчадим шекилли…

Унинг кўз ўнгида манави қасрбаданг-бадабанг меҳмонхона диққинафас совуқ бир масканга айланди. Ўрнидан турди. Ич-эти музлаб хотинига қараб ижирғанди:

– Менга қара, бунинг ким, эр-пери борми?  Ҳақиқий эри борми, ўзи?..

Хотин сапчиб тушди:

– Нимага бунча алаҳсираяпсиз? Сизга нима бўлди? Эри билан нима ишингиз бор… Сизга нима?..

– Бунинг эри йўқ. Ўйнаши бор…  Ҳа, ўйнаши, – вишиллади.

– Ўчиринг овозингизни, – ўшқирди хотин.

Меҳмонхонага Раъно Акромовна кириб келди.

– И-я, нега ўрнингиздан туриб олдингиз? Бизнинг хўжайин қўнғироқ қилдилар.  Ҳали замон келиб қоладилар. Зерикаяпсизми? – Аёл табассум қилди. Бу гал анча мулойим оҳангда гап қотди.

– Раънохон, бу киши бир оз ташқарида айлансам деяптилар, – хотин хижолатомуз ҳолда орага тушди. – Хўжайинингиз келсалар бирга отамлашадилар. Дарвоқе, эрингиз нима иш қиладилар?  Ҳалиги, иш жойларини тўлиқ айтиб беролмадим, бу киши сўровдилар, – хотин гапни силлиқлади.

– Содда қилиб тушунтириб қўя қолмабсиз-да, кончи, тоғма-тоғ юриб кон қидирадилар…

Эркакнинг ичида қаҳри келди. Мийиғида кулиб қўйди. Бу дабдаба-ю ҳашаматдан ҳафсаласи пир бўлиб ташқарига чиқди. Гулзор билан ўралган осма ҳалинчакка чўкиб, чайқалди. “Тоғма-тоғ юрармиш. Тоғма-тоғ юрганини кўрганмиз. Кончи эмиш… Ол-а, ҳали замон кеп қолармиш… Келади… Келади. Ими-жимида келади, танҳо қолганингда келади… Эҳ-ҳ,  Ҳасан Тўраевич,  Ҳасан Тўраевич, ўзингизни фариштадай тутасиз-у, аслида бу ёғини Худо уриб қўйган экан-ку, бир ҳисобда яхши бўлди. Бундан кейин оғзингизга тақа қоқаман. Қўлимдаги “туз кўзир” ни ҳеч нима билан тортиб ололмайсиз, энди”.

Ҳалинчакни ичида исён ураётган аламли бир куч тебратарди, гўё.  Ҳалинчак ҳар бир тебранганда кўксига аллақаердандир ёпирилиб келиб урилган оловли шамол борлиғини беҳузур қиларди. У оёқларини ерга тиради – ҳалинчак тўхтади. Атрофга яна кўз югуртирди.  Ҳайҳотдек ҳовлида ёлғиз ўзи яшаркан…  Ҳасан Тўраевич, ўша силлиқ, ҳақиқатгўй  Ҳасан Тўраевич, гулу гулистон, роҳату фароғат ичига кўмиб қўйибди-да, бу ўзиғар ойимчани… Ўрнидан шаҳд билан турди. Бўлди, етар, хотинини етаклаб чиқиб кетади. Тамом. Уйига бориб тушунтиради ҳаммасини.

Даҳлиз эшиги очилиб, Раъно Акромовна кўриниш берди:

– Тузукмисиз энди… У-бу нарса керакмасми?

У ҳалинчакка қайта чўкди.

– Йўқ. Шу ер яхши. Шаббода эсиб турибди.

Аёл ичкарига кириб кетди. Эркак хаёлга толди.

Ёз эди. Кавказда дам олаётувди. Тоғда. Оромгоҳлар ўлкаси деган шаҳарнинг баобрў сиҳатгоҳларининг бирида бу дунё ташвишларидан олисда, хушу-хушвақт даврон сураётган эди. Давру давроннинг иккинчи ҳафтаси тугаб ўн бешинчи куни бошланган тонгда у тоғ сўқмоғидан тушиб келаётиб, пастдан юқорига қараб ҳансираб келаётган  Ҳасан Тўраевични кўрди. Кўзларига ишонмади. Раҳбар бўлиб иш бошлаганига ҳали уч ой ҳам бўлмади, бу ерларда нима қилиб юрибди.  Ҳамма каби таътилга чиқиб дам олишга келдимикин, йўғ-е, бундай мартабадаги раҳбар ўз ҳолича бу ёқларга йўрғалай олмайди, мана келибди-ку, келибди… Энди нима қилсин, буни танирмикин, қаердан танийди, шундай катта идоранинг қанчалаб тизимлари ичида, кўзга чалинавермайдиган ўртача бир муассасадаги раҳбарнинг муовини бўлса… Нима дейди, мен фалончи… фалончиман, дейдими? Нима бўпти, деса-чи…

Осмонўпар Ел, Кедр, Эман дарахтлари қалин ўсган тоғ-ён бағри бўйлаб қийшиқ-қинғир кўтарилган қумтош йўлакдан эрта тонгданоқ дам олувчилар – эгнига енгил-елпи ёзги илвасин, машғулотбоп майка-турсик, кофта-шортик илиб олган қари-ёш, эркагу аёл аралаш одамлар оқими сира тўхтамайди, тоғ чўққисидан тушаётганлар қанча, ўша ёққа кўтарилаётганлар қанча. Энг муҳими, маданий ҳордиқ – бадантарбия шу аслида.

У йўлакка туташ сўқмоқчадан пастга тушди-да, улкан эман ортида бекиниб турди.  Ҳасан Тўраевич тошйўлак бўйлаб терлаб-пишиб ўтиб кетди. У  Ҳасан Тўраевичнинг ортидан термилиб қолди, кўнгли алланечук хомуш тортиб пастликка эниб кетди. Эртасига ҳам шундай бўлди, улар тоғйўлакда дуч келишди: у чиқаяпти, бу тушиб кетаяпти, бу кўриб кўрмасликка олди.

Ҳасан Тўраевичга у эртасига ҳам дуч келди, бироқ раҳбарнинг ёнида бу гал ўзига ўхшаган ўта салобатли шерик пайдо бўлган эди. Пана тортиш ўнғай туюлди. Лўкиллаб югуриб, пастга эна бошлади.

Тошйўлакда баландликка чиқувчилар, пастга тушувчиларнинг айримлари унга тонгги салом йўллаб, сиҳат тилашди, у ҳам алик олиб, уларга яхши кун раво кўрди. Мана,  Ҳасан Тўраевич ҳамда унинг салобатли шеригига рўбарў келди. Беихтиёр тўхтаб қолди. Қўли кўксида, тавозе билан салом берди. Икки савлатдор ҳам (раҳбарликнинг деви бор дейишади) унинг қаршисида тўхташди.

– Ва алайкум ассалом, – деди шерик.

– Яхши дам олаяпсизми, – деди  Ҳасан Тўраевич.

– Раҳмат. Ўзларинг яхшимисизлар, – деди у ғўлдирабгина.

– Биз ҳам энди кўникаяпмиз, – деди  Ҳасан Тўраевич.

– Хўжайин, мен лойиҳалаш маркази раҳбари муовиниман. Муассасамиз вазирликдан алоҳида жойлашган, – деди у томдан тараша тушгандай қилиб.

Салобатли шерик ҳайрон бўлиб қаради.  Ҳасан Тўраевич унга жилмайиб қўйди:

– Мен Сизни тушундим, – деди бош ирғаб.

Улар тепаликка йўл олишди. Бу эса пастга… Йўқ, улар тепаликка қийналиб йўл бошлашди, бу эса пастга қараб учди, елкаларидан қанот ўсиб чиқди, шундай катта одам, шундай раҳбар-а, шундай одам билан яқиндан танишишга имкон пайдо бўлиб турибди, бу учмай ким учсин?..

Эртасига яна ўша жойда уларни кутиб турди. Улар кўринаверишмади. Бетоқат бўла бошлади. Барвақт чиқиб қайтишдимикин-а? Йўқ, бўлиши мумкинмас, ўзи ғира-ширада чиқди-ку, уларга кўзи тушмади. Чарчаб қолишгандир. Тоққа чиқиб тушишнинг ўзи бўладими? Қайси сиҳатгоҳда дам олаётганини ҳам сўрамабди. Бу атроф­да ўнлаб сиҳатгоҳ бор, қайси биридан изласин, энди?  Ҳар ҳолда булар унча-мунча сиҳатгоҳда ётишмаса керак… Э-эй, ана, келаяпти, амакининг ўзи келаяпти, хўжайин қаерда қолдийкин? Кўнглига нохушлик инди. Пастга, салобатли амаки томон югургилаб кетди…

Тарвузи қўлтиғидан тушди. Хўжайин Ялтага кетибди. Яна бир ҳафтадан кейин келиб бу ерда дам олишни давом эттирар экан. Салобатли амаки хўжайин билан бир хонада ётибдийкан.

– Мен, мен эртадан кейин Тошкентга қайтаман, – деди у. Сўнг салобатли амакига илтижоли боқди. – Шу десангиз,  Ҳасан Тўраевичга, хўжа­йинга бир нарса қолдираман, бериб қўйсангиз, кечқурун сиз дам олаётган санаторияга бораман. “Крепость” дедингизми номини, яхши, 6- қават. 611-хона. Бўпти, амакижон, кечқурун кўришамиз.  Ҳа, ўзларининг хабари бор. Тошкентда ўзим гап­лашаман. Саломат бўлинг. Кечқурун кўришамиз бўлмаса.

У пастга қараб енгил “шўнғиди”.

Тонг саҳар шаҳар марказига тушди. “Энг яхши совға нима?”, деб сўради тоғликлардан. Соф хрус­тальдан ишланган, Буғу тимсолидаги биллур идишни арман коньяги билан тўлғазишди (бу ердаги энг ажойиб совға шу, дейишди тоғликлар). Кейин кумуш риштали, тилла сувига чайилган медальон сотиб олди ва уни “Буғу”нинг бўйнига осиб қўйди. Таксичи анча қорувли, дилкаш йигит экан. Аёлларбоп қимматбаҳо пўстинни талашиб-тортишиб тенг ярмига, беш юз долларга олиб берди. Сотувчи ўлиб қолса ҳам бермасди, бироқ таксичи бор овозда бақирди: “Қанақа тоғликсан, шундай одамни ҳам хафа қиласанми, ўзбек у, Ўзбекистондан келиб турибди, қара, биласан-а, Тошкентни. Тошкент бу – нон шаҳри! Эсингдан чиқдими?”. Сотувчи ҳам меҳмонга завқланиб тикилиб қолди. “Ол, ўзбек. Сенга беш юзга берганим бўлсин. Тошкент – нон шаҳри!”, – деб қўйди у ҳам кўрсаткич бармоғини ҳаволатиб.

У “Буғу” билан пўстинни хўжайиннинг шеригига қолдириб, ўзи Тошкентга учди. Хўжайин уйга қайтгач, мени чақиртириб олади, қидириб топади, деб ўйлади. Ахир, берган Худога ёқибди, деган гап бор-ку… Ахир ўн йилдан бери ўтини ёнмайди, зора бир мансабга илиниб қолса… Умри бино бўлиб илк бор бировга бир нарса берган куни бугун.

Мана, куз ҳам келди. Орадан икки ой ўтаяп­тики, жимжитлик. Хўжайин изламади.

… Ҳалинчак чайқалди. Унинг ўзи чайқалдими ёки ичидан тошган оғриқли бир ўйнинг тўлқини чайқадими билмайди, ишқилиб ҳалинчак чайқалди, у кўзини очди. Кўзини очди-ю, даҳлизда эгнига тим қора пўстин ташлаб олган хотинини кўрди. Бошида чақмоқ ургандай бўлди, беихтиёр ўрнидан сапчиб туриб кетди. Ичидан бир ихроқли оғриқ отилди. “И-е-е-ейй”…

– Дадаси, қаранг. Ярашибдими? Раъно Акромовнага анчагина калта келибди. Менга нақд ярим пулига, минг долларга беришга рози бўлдилар… Олаверайми? … Бизда бунақаси умуман йўқ…

У тамоман тилдан қолган кўйи бош ирғади, яна шилқ этиб ҳалинчак ўриндиғига чўкди.

– Раҳмат, дадажониси, раҳмат, – хотинининг ҳайқириғи олис-олислардан эшитилди.

Ҳалинчак анча пайт чайқалибгина турди. У ўзини қўлга олди. Ўрнидан турди. Ичкарида икки аёлнинг шўх-шодон кулгуси жаранглар, армани коньякнинг ҳароратли таъсирида суҳбат алангаси гуриллаб ёнарди.

У тушов узган тулпордайгина бўлиб тосирдаб кириб келди-да, ойнаванд қимматбаҳо сервант ичидаги сувратга термулиб турди, ич-ичидан тағин ижирғанди. Аёлнинг сархуши ҳам эркакнинг ҳушёридан кўра сергакроқ бўлади:

– Ўтиринг жойингизга, нега ўзингизни қўярга жой тополмай қолдингиз, – хотини енгидан тортди.

У расмга бош ирғади ва Раъно Акромовнага истеҳзоли илжайди.

– Бу одам ким?

Раъно Акромовна ҳам тош қотди. Унинг юзига сирли тикилиб турди:

– Эрим!!

Хотини унинг сонидан қаттиқ чимчилаб шипшиди: “Жим ўтиринг. Сизни нима жин урди, бугун?”.

У ҳамон ичидаги изтироб ва уят ўтини ўчира олмай оввора эди.

– Бу одамни мен яхши танийман, – деди лаблари титраб ва Раъно Акромовнага “ҳолинг қалай”, дегандай қараб турди.

– Таниш бўлсангизлар, жудаям яхши, – деди Раъно Акромовна, – бизнинг хўжайин кўнглига ёққан одамни сира қўйиб юбормайдилар.

У чидаб туролмади. Сиртига сув юқтирмайдиган бу сувилоннинг терисини шилиб олгиси келди:

– Хўжайинингиз фалон идорада (ўзи ишлайдиган идоранинг номини айтди) раҳбар бўлиб ишлайди. У кишининг ҳеч қандай кон-пон, тоқ-моққа алоқаси йўқ.

Ёнидаги хотини титраб-қақшади. Эрининг юзига ҳангу-манг бўлиб термулди. Раъно Акромовнанинг қошлари чимирилди, юзига табассум ёйилди. У ҳам бу тунд ва ўжар одамга муносиб жавоб бериш учун ўсмоқчилаб, сўз қотди.

– Тўғри, Сиз айтган идорада  Ҳасан Тўраевич раҳбар бўлиб ишлайдилар. Бу киши эса (расмга боши билан ишора қилди)  Ҳусан Тўраевич, менинг эрим, бизнинг хўжайин, кон-қидирув идораларининг бирида бошлиқ.  Ҳасан Тўраевич билан улар эгизак. – Аёл яна қандай иддаонгиз бор, дегандай унга кинояли боқди, туйқус юзига қизиллик югурди ва оҳиста, эшитилар-эшитилмас қўшиб қўйди:

– Сиз мен ҳақимда нотўғри хаёлларга бордингиз… Бугун хўжайинимнинг туғилган куни. Кечқурун меҳмонлар ҳам келишади, анъанага кўра  Ҳасан Тўраевич ҳам келадилар. У киши ҳамиша эгизагини ўзидан олдин келиб, биринчи бўлиб табриклашга одатланганлар.

У зил-замбил бўлиб курсига қапишиб қолгандай эди. Уятдан ерпарчин бўлиб, ҳоли-мадорсиз, ер ёрилса-ю, ерга кириб кетгудай бўлиб ўтирарди. Даврага совуқ сукунат чўкди. У ўрнидан базўр турди.  Ҳеч нарсани англаб етмаган хотинига қараб илжайди:

– Нози, Сен бемалол ўтиравер.  Ҳозир эсимга тушди. Ишхонамга бормасам бўлмайди. Эртага душанба-ку, бугун тугатишим керак бўлган муҳим ишим бор…

У энди ташқарига чиқди.  Ҳақиқатан ҳам душанбагача тугаллаши зарур бўлган юмушлари талайгина. Улардан энг муҳимини ажратиб олиши зарур эди.  Ҳа, энг муҳимини.

Гуллари барқ уриб, мармар деворлари ярақлаган ҳовли, кўкка кўпириб тошган фавворадан сачраган дур томчиларга осилиб турган камалак жилоси, осмон акс этган кўм-кўк мармар ҳовуз, кўкчироғу ерчироқлар бари-бари олдинги маҳобатига қайтган, борлиқ янада файзу-тароватга чўмган эди.

У йўлак бўйлаб юриб дарвоза томон йўл олган ҳам эдики, эшик очилиб, қўлида бир даста гул кўтарган эллик беш ёшлар чамасидаги ўша, “эски таниши” – Раъно Акромовнанинг эри, отини  Ҳусан деди-я, ҳа,  Ҳусан Тўраевични кўрди. Улар йўлакда тўқнаш келдилар. Бир-бирига тикилиб туришди.

– Мени танияпсизми? – деди у титраб.

– Танигандай бўляпман, – деди гул кўтарган одам ҳам.

– Кўрдингизми, ер юмалоқ, барибир кўришдик. Бир оғиз айтсангиз бўларди-ку, мен у эмасман, унинг эгизагиман деб.

– Мендан нима истайсиз ўзи?

–  Ҳеч нарса. Худодан Сизга бошқа дуч келтирмаслигини сўрайман, – у қаршисидаги кимсанинг елкасига уриб қўйди, – Оббо, кончивой-ей, дарвоқе, туғилган кунингиз муборак бўлсин, хўў-ж-а-а-й-иин!!

Уни четга суриб, шаҳд билан дарвозадан чиқди. Ташқарида, ҳовли эшиги ёнида ҳукумат рақами илинган алламбало машина – нуфузли идоранинг катта раҳбари  Ҳасан Тўраевичнинг хизмат машинаси турарди.

Хўжайинининг хизмат машинасига кўзи тушиши ҳамоно у иҳраб юборди, ичидан нимадир узилиб кетгандай бўлди.

… Эртасига душанба эди. Ишхонасига катта идоранинг катта раҳбари  Ҳасан Тўраевичнинг ёрдамчиси қўнғироқ қилди:

– Сизни хўжайин йўқлаяптилар, – деди у анча тавозе билан, – рисоладагидай кийиниб келинг, – деб қўшиб қўйди сирли тарзда.

У энди нима бўлишини билмасди. Душанбанинг дастлабки иш соати энди бошланган эди.

«Ёшлик» журнали, 2018 йил, 6-сон