Қўчқор Норқобил. Биз ҳам одаммиз (пьеса)

Қатнашувчилар:
Жайрон бобо – чўпон. 80 ёшда.
Гулсум момо – Жайрон бобонинг кампири.
Эсонқул бобо – чўпоннинг ошнаси. 80 ёшда.
Бутунвой – чўпоннинг тутинган ўғли. 35 ёшда.
Сора – Бутунвойнинг севгилиси. 35 ёшда.
Қулмирза – “Катта”нинг югурдаги. 40 ёшда.
Тиловолди – чўпоннинг ўғли. 20 ёшда.
Земфира – Тоҳир Тоҳировичнинг жазмани.
Тоҳир Тоҳирович – шаҳарлик бойвачча. 60 ёшда.
Ҳайдовчи – 30-35 ёшда.

БИРИНЧИ САҲНА

Авжи баҳор. Олисда юксак тоғлар кўринади. Тоғ ёнбағирларига ям-яшил адирлар туташиб кетган. Адирлар пойида қизғалдоқлар очилган. Бу манзара чўпоннинг чоғроқ ҳовлисидан яққол кўзга ташланиб туради.
Ҳовли ўртасида супа. Бир туп дарахт соя ташлаган.
Чол билан кампир супада чой ичиб ўтиришибди. Нарироқдаги сўрида эса уларнинг тутинган ўғли – Бутунвой. Бошини ерга эгиб, икки қўли билан чаккаларини маҳкам қисиб олган. Шу алфозда ўтириб, беаёв оғриқ азобида титраб-чайқалаётган бошини қўллари билан янада қаттиқроқ сиқиб, инграб, қалтирай бошлайди.
Саҳнадаги карнайдан туйқус ўқ овози, портлаш ва гумбурлашлар эшитилади. Жанг тўс-тўполони, қий-чув, ваҳимали отишмалар акс-садо бермоқда. Бутунвой сўрида ғужанак бўлиб ётиб олади. Оёқларини худди жони узилаётган қўйдай типирчилатиб бақиради.
Бутунвой: А-а-а-а! Нее…сс…три…лай. Нет-нестрииил-а-а-ай. А-а-а-а!
Гулсум момо: (У томонга оёқяланг югургилаб) Боламов, болам-а. Менгина ўлайин болам-а… Яна бошландима-а, болама…
(Жайрон бобо ҳам ўрнидан даст туриб кетади. Бутунвойга қараб, бошини сарак-сарак қилади).
Жайрон бобо: Ов, худойима. Яна қўзғалдими-я… Кампир сув олиб бер. Ўзинг узоқроқ тур. Ана челакдаги сувни сеп…
(Гулсум момо Бутунвойнинг устидан бир челак сув сепиб юборади. Бутунвой ўзига келади. Жанг овозлари тинади. Чўккалаб олиб ҳўнг-ҳўнг йиғлайди. Гулсум момо Бутунвойнинг бошини бағрига босади).
Гулсум момо: Болажоним-а, болам. Ўзингни бос, айланай. Мени қўрқитма, айланай, Бутуним! Энанг ўргилсин, болам… Сенга нима бўлди, қўй, йиғлама болам, йиғлама…
(Жайрон бобо сўрида. Боши қуйи эгилган. Елкалари силкинади).
Жайрон бобо: Уйи куйсин урушни чиқарганни. Уйгинаси куйсин. Шундай йигитни яримжон қип ташлади-я. Шундай йигитни хор қилди-я.
Гулсум момо: Айланайин, Бутуним. Тур ўрнингдан. Тур энди. Супага чиқ. Чой ичасанми, болам?
(Бутунвой бош ирғаб, бир нуқтага тикилганча ўтираверади).
Жайрон бобо: Қўй, индама. Тинч қўй. Ўз кўйига қўйиб бер. Бир ўзи пича ўтирсин. Енгил тортади.
(Гулсум момо Бутунвойдан кўз узмай туради-да, ортига аянчли алфозда қараб-қараб супага, чоли ёнига келади. Супага чиқиб чоли қаршисига чўкади. Улар бир пас жим қолишади).
Гулсум момо: Шугинани яна бир табиб-мабибми, дўхтир-пўхтиргами кўрсатмадик-да.
Жайрон бобо: Бормаган дўхтиримиз қолмади-ку, кампир. Ҳали Термиз, ҳали Денов, ҳали Душанбе дединг олиб бордим. Эскичадан ҳам армон қолмади. Чироқ дединг, қилдик. Чилтон дединг, қилдик… Қушноч дединг, фол дединг… Қанийди нафи бўлса. Айт, яна нима қилай?
Гулсум момо: Бовоси, Обширдаги Ҳожар фолчига ҳам бир олиб боринг. Ҳамма мақтаяпти. Дап-доира чалиб дам соларкан. Жуда билонғич дейишаяпти. Қаерида нима касали бор, шундай юзига сер солиб айтиб берармиш. Тўхтасин кампирнинг келини Мелихолни ҳам кўрсатишмаган табиби қолмаганди. Шунга олиб боришган экан, бўйида бўпти. Инс-жинсниям қувармиш.
Жайрон бобо: Табиб-дўхтирлар билмаган давони фолчи хотин қаердан билсин.
Гулсум момо: (Бутунвойга қараб қўйиб) Сизам дўхтирнинг гапини гапирасиз. Тентак-пентак, жинни-пинни бўлсаям майлийиди, давоси йўқ дердим… Ақли-ҳуши жойида. Касали вақти-вақтиминан қўзийди. Уволига қолманг, бовоси…
(Рўмоли учи билан кўзини артиб, йиғлай бошлайди).
Жайрон бобо: Бўлди қил! Бўлди қил, энди… Бозор куни олиб бораман. (уҳ тортиб, ўзича) Ҳожар фолчигаям оборганим бўлсин, лекин фойдаси бўлармикан… Шўрлик боламнинг бош оғриғини Яратган эгамдан бошқа ҳеч ким чиқариб ташлолмайди…
Гулсум момо: Худойимнинг раҳми келсин, бовоси. Буям бир сабабда энди. Шу баҳона бўлиб тузалиб кетса ажабмас…
Жайрон бобо: Бўлди қил… кампир. Якшанбада борамиз дедим-ку… (Бутунвойга қараб) Ўғлим бу ёққа ке. Бир пиёла чой ичиб ол. Ке, ўтираверасанми энди.

(Бутунвой ўрнидан туриб чол-кампирнинг олдига келади. Бобо чой узатади. Бутунвой бош ирғайди. Супа ёнидаги чўпон таёғини олиб, ортига қайтади)
Гулсум момо: Бутунвой, ке ўтир, болам. Овқатланиб ол. Кейин чиқасан. Сурув қочиб кетмайди. Қорнингни тўйғизиб ол, айланай.
(Бутунвой йўқ дегандай бош ирғайди-да, таёғини судраганча чиқиб кетади. Жайрон бобо ҳам, Гулсум момо ҳам унинг ортидан термилиб қолишади).

САҲНА
Иккинчи кўриниш

Яна ўша – чўпон ҳовлиси. Тонг пайти. Кампир билан чол ўша супада нонушта қилишмоқда. Сўрида Бутунвойнинг жойи бўм-бўш.
Жайрон бобо: Бутунвой сурувдан қайтмаса, ўзим бориб келаман… тили забони йўқ бўлгани билан ишига пишиқ, хумпар…
Гулсум момо: Бовоси, қишлоқдан Турди кал келувди кеча… Ҳали сиз тоғдан қайтмагандингиз.
Жайрон бобо: (синчков тикилиб) Нима иши бор экан?
Гулсум момо: Ўғлини уйли-жойли қилаяптийкин. Чолингиз бир дириққи бўлсаям қўзи бериб туролмасмикин, дейди.
Жайрон бобо: (жаҳли қўзиб) Менинг қўй-қўзиларим дирриқи деб ўша исқоти чолга ким айтибди?
 Гулсум момо: (кулимсираб) Ҳазиллашади-да, бовоси. Икковингизнинг ҳеч замонда бир-бировингизга тўғри гапингиз йўқ-ку… Ҳа, кейин айтдики… (иккиланади)
Жайрон бобо: (жаҳлланиб) Ҳа, кейин нима деди. Тимирскиланмай гапир… Қўзи бўлса, ана, ўзимизнинг қўзидан бировини бер. Ёмон бўлсаям минг йиллик ошнам. Сен бошқа гап гапирмоқчийдинг?
Гулсум момо: Пардабой қизини Омон партияга эрга бераётганмиш.
Жайрон бобо: (ортга тисланиб) Нима, нима?.. Нима деяпсан ўзи? Эсинг жойидами?
Гулсум момо: Эсим жойида. Турди кал ошнажонингиз сизни шу – Соранинг тўйига ҳам айтиб кетди…
Жайрон бобо: Омон партия Пардабойнинг жўраси-ку, ҳаммамиз тенг-тўшмиз. Сора унинг кенжа боласидан ҳам кичик-ку?
Гулсум момо: Замон бузилди, бовоси. Пардабойингизди худо урганга ўхшайди. Омон партиянгиздан ҳам тавфиқ кўтарилибди…
Жайрон бобо: Сора рози бўлибди де.
Гулсум момо: Мен не билай?
Жайрон бобо: Энди Бутунвойнинг ҳоли… Бечора боланинг шўри кўп эканда… Сора шуни деб шу пайтгача эрсиз юрди.
Гулсум момо: Нимасини айтасиз, бовоси. Дудуқ бўлсаям, одамови бўлса-ям шуни дейман. Ўла-ўлгунимча Бутунвойингизни дейман, деб йиғлаб-йиғлаб юрагини очар эди, қизалоқ шўрлик…
Жайрон бобо: Бутунвой армияга кетишидан олдин Сора икковига нон синдирилиб, фотиҳа ўқилганда, устида эдим. Тавба, ўша Омон партиянинг ўзи Сорага совчилик қилувди-я. Ҳа, иймонсиз-а! Ҳай иймонсиз!..
Гулсум момо: Ҳой, даври даврон ўтиб, омад кетгач, бошингга осмон тушади, дегич эди отам раҳматли. У пайтлар Бутунвойнинг отаси Шердулло шўронинг қўли узун эди…
Жайрон бобо: Шердулло шўрони пахта иши, ўзбек порахўр деб ўрис терговчилари қамашгач, хотини Кунсулувга қийин бўлди.
Гулсум момо: Нимасини айтасиз… Эри қамоқда ўлгач, Кунсулув ҳам бу дардни кўтаролмади. Бир ойдан сўнг омонатини топширди. Ичи куйиб кетганаканда, бечоранинг…
Жайрон бобо: Ёлғиз ўғил Бутунвой эса ариза ёзиб, афғон урушига кетди. Боласи тушмагур, шу жойда хомлик қилди.
Гулсум момо: Қўлинг сингур, Бердиқассоб, Бутунвойни синглимнинг ортидан эргашма, деб ўтган куни ўласи қилиб калтаклабдиям.
Жайрон бобо: Ит ҳам, қуш ҳам жуфтига талпинади. Бу ахир бир безиён одам боласи-ку, кампир. Гапиролмагани билан ақли бут.
Гулсум момо: Чойингизни ичинг, бовоси. Бутунвойга адир этагидаги ғумайзорни ўрдиртираман. Қишлоққа жўнатмайман. Алағда бўлманг, олинг.
Эсонқул бобо: (овози) Жайронқул! Ҳой Жайронқул! Оч эшикни. Нима бало чол-кампир бекиниб олиб пул санаяпсанларми? Отингни сот, молингни сот, чўпон бўл экан-да-а?!
Жайрон бобо: Ҳой, ке-келавер, Эсонқул. Эшик очиқ, келавер!
(Чол-кампир ўрнидан туришади)
Эсонқул бобо: Эй ошнажон, бу дейман кампиринг билан ўта искритний гаплардан олаяпсизлар чоғи, а?! Ке, бир бағримга босай. Омонмисан? Кўришмаганимизга ҳам йил ўн икки ой бўлибди-я?
(Гулсум момо супадан тушиб, ўчоқ бошига югургилайди. Эсонқул бобо ёстиққа ёнбошлаб, ўртоғига сирли қараш қилади).
Эсонқул бобо: Хўш, Жайронқул, аҳволинг яхшими? Суяк енгилми?
Жайрон бобо: Шукр. Худога шукр. Бир нави. Юрибмиз сурувнинг кетидан судралиб.Ўзингдан сўрасак. Бола-чақа… кампиринг… тан-жони соғми? Қишлоқда нима гаплар?..
Эсонқул бобо: Шу чўпонлик деб элдан узилиб ҳам қоласан-да.
Жайрон бобо: Нима қил дейсан? Мовриди кемаяпти. Бораман дейман, ҳали у иш чиқади, ҳали бу иш чиқади…
(Гулсум момо чой келтириб, супага ўтиради. Чолларга чой узатади).
Гулсум момо: Қишлоқда нима гаплар, Эсон бово?
Эсон бобо: Бойбича гап кўп. Яхши гапам бор, ёмониям… Тунов кун Хидир омборчи тўй қилди. Одам мўрмалахдай ёғилди. Бу ёғи Мўминқул, Обширдан, Жобу, Қорлиқ, Миршодигача – тумандаги ҳамма қишлоқдан гуррос-гуррос эл келди. Шўрчи, Денов, Қумқўрғон, Жарқўрғондан полвонлар келди. Хидир омборчи икки томонидаги қўшнисининг ҳам ҳовлисини бульдозир билан суриб, девор-певорини текислаб, истодион қилди. Мунча одамни сен тушунгдаям кўрмагансан. Сўнг Тошкентдан телевизорга чиқадиган зўр-зўр артист қизларни олиб келиб ашула айттирди. Ўйинчиларни опкелиб ўйнатди.
Жайрон бобо: (ёқтирмай) Бўпти, бўпти, оғзинг сув очиб, мақташга тушиб кетдинг. Ҳа, майли яна нима гаплар бор, мулло Эсон? Қишлоқда қанақа гап-сўзлар?
Эсонқул бобо: Ҳимм, (ўйга толиб, уҳ тортиб) Бевафо дунё. Тўхтасин кампирнинг келини Мелихол бандачилик қилди.
Гулсум момо: (анграйиб қолади) Туппа тузук эди-ку, шунча йилдан бери энди бўйида бўлибди, дейишаётувди.
Жайрон бобо: Касал-пасал эканми? Шўрлик Тўхтасин кампирга қийин бўпти-да.
Эсонқул бобо: Нимасини айтасан. Биттагина ўғлиям пияниста эди. Лекин раҳматли келини тилло эди. Ўғли кампирни уриб-сўкса ҳам ўртага тушарди.
Гулсум момо: Нима бало, Саттор палакат уриб-нетибдими?
Эсонқул бобо: Зуби бор экан, бўқоғи… Ҳаммасига мана шу завод, алюминий заводи сабабчи. Ҳозир қишлоқдаги бўз болалардан тортиб, бўй қизларнинг аксари касал. Бўқоқ, бепушт…
Жайрон бобо: Ҳақ гапни айтдинг. Завод Тожикистон гранисасида бўлса ҳам заҳари бизга оқиб келаяпти.
Гулсум момо: Томорқадан ҳам ҳосил олиш маҳол бўлиб қолаяпти.
Эсонқул бобо: Ёш-яланглар кўпи Тошкентга – мардикор бозорга кетишаяпти… Кун кўриш керак-ку барибир. Ҳа, қўйинглар энди. Шу-шу, шундай қилиб бошқа, яхши гаплардан гаплашайлик. Сурувингда нима гап? Қўй-қўзинг кўпаяяптими?
Жайрон бобо: Кўз тегмасин. Бу йил ўт яхши. Сурувни Бутунвой ўтлатаяпти бугун.
Эсонқул бобо: Яхши бола. Лекин, шу-шу, шундай қилиб, ҳалол садоқатли бола. Дардини берган худо шифосиниям беради.
Гулсум момо: Тиловолдим кетгандан бери, бобосига шу Бутунвойим суянчиқ бўп турипди.
Эсонқул бобо: Дарвоқе, эсим қурсин… Дунё дардлари билан бўлиб, Тиловолдингни сўрамабман. Қалай, хат-хабар кеп турибдими? Ишлари қандай? Сендай бир оддий чўпоннинг боласини, чет давлатга бориб, ҳалиги практик қилиши, энди катта гап-да…
Гулсум момо: Хат-хабар кеп турибди. Худо хоҳласа, ёзда отпуска олиб келаркан…
Эсонқул бобо: Чин бўлсин. Чин бўлсин. Худойим қўлласин. Боланг анча эсли-ҳушли чиқди.
Жайрон бобо: Эсонқул, бу Сорага Омон партия совчи қўйибдими?
Эсонқул бобо: Сўрама… Қариганда мияси айнаб қопти занғарди.
Жайрон бобо: Э, мия бўлса айнайди-да.
Эсонқул бобо: Шунақа. Қизнинг отасини қара, шунга рози бўпти-я! Ҳовли жойимни хатлаб бераман, деганига учибди.
Жайрон бобо: Аввалдан ҳам кўзи оч эди. Хотинини раисга эрга бериб, раис қамалгач, тағин қайтариб олган нотавон-да. Садқаи одам кетсин шу Пардабой…
Гулсум момо: (тараддудланиб) Мен адирга чиқаман, бовоси. Бутунвойдан хабар олай. Нон-туз олиб борай.
Жайрон бобо: Бор. Сурувни ғумайзорга ҳайдамасин. Сув ичмаган ғумай қўйни ёриб ташлайди. Эртага тўл олгани келишади. Қўзиларни алоҳида, териси яхши қўзиларни алоҳида қўтонга қамасин.
Гулсум момо: Ўтган кунгидай кўзёш тўкиб жанжал қилади… Бутунвойнинг кўнгли бўш.
Жайрон бобо: Қўзи бўлгандан кейин сўйилади-да… Эртага сурувга чиқмайди. Шу ерда, уйда қолади. Ким айтади уни урушда бўлган деб.
Гулсум момо: Мен кетдим, бовоси. Бинойидай ўтиринглар.
Эсонқул бобо: (томоқ қириб) Хўш. Шу-шу, шундай қилиб, Ошнажон, бир илтимос билан келувдим. (белидан белбоғини ечиб дастурхонга қўяди) Шу-шу…
Жайрон бобо: Шу-шуламасдан мақсадга кўч. Бу нима?
Эсонқул бобо: Пул. Неварамни уйлантираяпмиз. Биласан, отасининг қўли калта. Бировларнинг уйида мардикорлик қилади… Хуллас, шу-шу, шундай қилиб, десанг, келиннинг қалинига юборишга учта қўзи берсанг. Ўзим йиққаним шу… Кам албатта. Лекин, ўлмасам қайтараман. Бозорда бу пулга биттагина қўзи беради…
Жайрон бобо: (ўйланиб) Тўй қачон?
Эсонқул бобо: Кейинги бозор куни.
Жайрон бобо: Бўпти. Лекин, ўзимникидан бераман. Хўжаликнинг қўйи шундоғам камайиб кетди.
Эсонқул бобо: Қиш совуқ келди, чўзилди. Нима бало, қўйингни бўри қийратдими?
Жайрон бобо: Бўрилардан-ку, қўриқлай оламиз, лекигин, икки оёқли бўриларга бас келолмаяпман.
Эсонқул бобо: (ёқасига туфлаб) Ё тавбангдан, нима деётганингни тушунмадим…
Жайрон бобо: Нимасини тушунмайсан. Балодай тушуниб турибсан. Ҳа, бу икки оёқли бўрилар ёмон. Бўрини отсанг ўлади. Қувласанг кетади. Булар эса ҳеч балодан тап тортмайди.
Эсонқул бобо: Кимлар экан шу-шу, шундай қилиб, икки оёқли бўрилар?
Жайрон бобо: Кўрмаганман. Фақат уларнинг номидан келишади.
Эсонқул бобо: (таажжубда) Ном-поми бордир? Биларсан?
Жайрон бобо: Бор. Номини “катта” деб келишади. Уларнинг ҳаммасининг исми-шарифи “катта” бўлса керак.
Эсонқул бобо: Кўп қўйингни қийратишдими?.. Ўша бўрилар, эй-йўғе, “катта” деганларинг.
Жайрон бобо: Туманга нима кўп келади, комиссия кўп келади. Келганларнинг ҳаммаси “катта” дейиларкан…
Эсонқул бобо: Шундай қилиб қанча қўйингни еб қўйдилар?
Жайрон бобо: Билмадим, ҳисобидан ҳам адашдим…
Эсонқул бобо: Ундай бўлса, берма. Муттаҳамлигинг борми, тилинг қисиқми?
Жайрон бобо: Қўй давлатники… Сиз боқаверинг… Нима қилишни “катта”лар ўзи билади, дейди шотирлари келиб.
Эсонқул бобо: Ҳисоб-китоби бор, эртага мен жавоб бераман демайсанми?
Жайрон бобо: Дедим. Ундай бўлса, сурувни топширинг. Сиздан бошқа ҳам чўпон бўламан дегувчилар кўп, дейишди…
Эсонқул бобо: Вой ярамаслар-ей. Устларингдан арз қиламан демадингми?
Жайрон бобо: Эй, уларга бир нарса деб бўладими? Умрим сурув кетида ўтди. Қўй ортидан эргашиб нон едим… Сурувдан айрилсам, ёлғиз болам Тиловолдининг ҳоли нима кечади? Бутунвойим нима қилади?
(Шу маҳал ташқарида юк машинаси овози эшитилади. Жайрон бобо жим қолади. Қўрқув аралаш Эсонқулга қарайди).
Жайрон бобо: Келди…
Эсонқул бобо: Нима келди? Ким келди?
Жайрон бобо: Бўри келди… Йўқ… йўқ, бўрининг шотири келди.
    (Эшик тақиллайди).
Қулмирза: (овози)Жайрон бобо, эшикни очинг. Нима бало, қўй гўшти еб бослиқиб, мудраб ётибдими бу чол? Ҳой, ким бор. Очинглар.
Жайрон бобо: (югургилайди) Ҳозир очаман. Ҳозир. Мана, бораяпман…
(Қулмирза гердайиб кириб келади. Атрофга аланглаб, Эсонқул бобога кўзи тушади).
Қулмирза: Эй-е, ўзлари ҳам шу ерда экан-да-а, бобой? Маърака-мажлисми ё кампирлар ҳақида ғийбатми? (ҳе-ҳелаб кулади) Дунёнинг ғавғоси йиғилса бутун, чоллар ғийбатидан бўлолмас устун…
Эсонқул бобо: Ва алайкум ассалом. Қул, қул… ҳалиги Қулмирзавой.
Қулмирза: (истеҳзоли, қўли кўксида) Ва алайкум ассалом! Хуш кўрдик, Эсонқул бобо. Хуш кўрдик…
Эсонқул бобо: Ўзларини хуш кўрдик, Ботир чориқнинг кенжагина ўғли, Қул…мирза.
Қулмирза: Бобой, гапингиз ўқдай, ўзингиз… ҳалигидай…
Жайрон бобо: (суҳбатни юмшатиш ниятида) Шу, Эсонқулбой тўйга айтгани келган экан-да, иним. Ҳа, ўзингиз қалай? Дамлимисиз? Суягингиз енгилми? Менинг Ботир ошнам, чопиб-чопқиллаб юрибдими? Умри узоқ бўлсин. Зап яхши одам…
Эсонқул бобо: Ҳей, Жайрон жўра, Ботир ошнамиз отдай. Бизнинг эски улфат-а. Лекин ичимизда ҳалиги ўлгирга, оқ шайтонга шугина ошнамизнинг садоқати зўр бўлди-да. Ҳалиям отангиз шиша қурғурни қўйнидан қўймайди-да. Омборчининг тўйида тошкентлик ўйинчилар билан тулпордай гижинглаб ўйинга тушди. Ҳаммани қойил қолдирди ўзиям.
Қулмирза: Эсон бобо, шу пичингларингизни сира ташламадингизда. Мени кўрсангиз, орқангиз тутиб, ажинангиз қўзийверади. Димоғингиз осмонни ёради-я…
Эсонқул бобо: (кесатиб) Эй, болам, бизда димоғ нима қилади. Димоғ сизда-да. Кимсан – Қулмирза. Катталарнинг ҳалигиси… нимайди, яқинисиз ишқилиб.
Қулмирза: (жаҳл билан) Бу ерда масхарабозлик қилишга вақтим йўқ.
Шошиб турибман. Мана, бу қоғозларга қўл қўйинг, Жайрон бобо.
Жайрон бобо: Нима қоғоз булар, болам?
Қулмирза: Индамай қўл қўяверинг. Сизга нима? Ҳужжат. Шунчаки, ҳужжат. Катта айтди. Топшириқ шу!
Жайрон бобо: Майли, майли… Лекин билиб қўйганим яхши-да… ўзингиз тушунтиринг, Қулмирзавой.
Қулмирза: Ведомост… Ем-хашакка. Сурувга бериладиган ем-хашак.
Жайрон бобо: Худога шукр, бу ёғи баҳор! Кўкламга етдик. Қишда бўлганда майли эди. Ҳозирча унчалик зарурат эмас, Қулмирзавой.
Қулмирза: Ҳали ҳам бу ем-хашакларни чиқим қилиб юборганмиз. Қўй-қўзингиз ўт-ўланни ейверади, яйловда ўт белурди бўлиб қолган-ку…
Жайрон бобо: Шу, чиқимга мени аралаштирманг, болам…
Қулмирза: Унда кимни аралаштираман? Чўпон сиз-ку, бобой?!
Эсонқул бобо: (зардали) Қулмирзавой, ҳужжат-пужжатсиз, қоғоз-қаламсиз гаплашсак бўлмайдими? Келинг, бошқа гурунглардан олинг.
Қулмирза: Вақтим зиқ. Нариги қирга – Қосим чўпоннинг ҳам олдига ўтаман. Давлатнинг иши ўйинми, сизга, бобой?!
Эсонқул бобо: Ўйинмас, ўйинмас… Лекигин, Жайронбой ҳам нимага қўл қўйишини билиши керак-да, болам.
Қулмирза: Эсонқул бово, ёмонам закунчисиз-да. Одамлар беҳудага гапирмайди-да.
Эсонқул бобо: Сен закун сўраяпсан. Бу индамай турсинми? Буни бесаводлигидан фойдаланиб ҳамма нарсага қўл қўйдираверасанми? Йўқасам, кутиб тур, Гулсум кампир келади. Қоғозларингни чолига ўқиб беради. Кейин қўл қўяди.
Қулмирза: Сиз аралашманг. Ҳурматингизни билинг, бобой.
Жайрон бобо: (ялинганнамо) Тортишманглар. Қўйинглар энди, болам.
Қулмирза: Унда манавинга қўл қўйинг. Катта айтди, дедим-ку…
Эсонқул бобо: Қани, менга бер-чи, Жайрон.
(Жайрон бободан қоғозларни юлқиб олади-да, кўзойнак тақиб ўқий бошлайди).
Эсонқул бобо: Хўш, шу-шу, шундай қилиб, эшит Жайрон: 5 тонна салярка, яъни ер мойи, 80 тонна селос, 35 тонна арпа, 75 тонна беда, 25 тонна сомон, 700 тонна кунжара, 100 тонна кепак олган экансан. Хўш, шуларни олганмисан?
Жайрон бобо: Йўғе, бу йил ем-хашак олмадим-ку. Қўйга бунча сомоннинг нима кераги бор? Кунжара билан кепак отлиққаям топилмайди-ку.
Эсонқул: (кинояли) Мана олди деб ёзишган. Шунча нарсани қаерга гумдон қилдинг?
Жайрон бобо: (жовдираб) Бу йил ем-хашак бўлмади-ку…
Эсонқул бобо: Унда қўйни нима билан боқдинг?
Жайрон бобо: Кузда… ҳалиги коллежди болалари бир ой ўқимасдан тикан ўриб йиғишди-ку… Қўйлар шу тиканни еб қишни ўтқазди…
Эсонқул бобо: (Қулмирзага) Мана кўрдингми, сен эса, шунча нарсани бу шўрликнинг бўйнига осаман дейсан…
Қулмирза: Эй, сизга нима, сиз нега бурнингизни тиқасиз ўзи?! Ёшингиз бир жойга борганда охиратингизни ўйлаб, уйингизда оёқ узатиб ётсангиз бўлмайдими? Ёзувчилик ярашмайди сизга.
Эсонқул бобо: (дарғазаб) Менга қара, кўзингди олайтирма, бола. Мени билмайди дейсанми? Колхознинг қаерига ем-хашак экдинг? Қаери бедазор, кўрсат менга. Гектарлаб ерга картошка-пиёз экиб, гумдон қилдинг. Колхознинг омборига кирмаган тонна-тонна кунжара, кепак оёғи узангидагиларнинг ҳовлисига кириб кетганини билмайди, дейсанми? Отанг тенги одамнинг охиратини куйдирмоқчимисан? Кўзингни оч, бола. Пайтавангга қурт тушганиниям биламан. Текширувчи келаётганини ҳам биламан. Ёзувчилигимни энди кўрасан, зумраша…
Қулмирза: (орқага тисланади, дудуқланади) Бово, оғзингизга қара-а-аб гапиринг. Катта-а… катталар айтди. Шу, ҳалиги…
Эсонқул бобо: Елкангдаги нима, каллами ё нима? Чориқчининг боласи? Катталар жардан ташла деса, ташлайверасанми?
Жайрон бобо: Қўй. Шовқин солма, Эсонқул!
(Эсонқул бобо қоғозларни қўйнига солиб эшикка юради… Ҳовли ўртасида туриб қолади-да, қоғозларни қўйнидан олиб отиб юборади).
Эсонқул бобо: Ҳей, Жайрон! Шу жинқарчанинг олдида тилинг қисиқми? Ўргилдим сендан. Менга деса, шулар билан билган нарсангни емайсанми? Хайф сени-я!
    (Чиқиб кетади. Қулмирза дадилланади )
Қулмирза: Чаёнчол! Турган битгани заҳар! (ердан қоғозларни олади.) Бу мияси айниган чол валдирайверади. Ҳеч ким сўрамайди. Қўл қўйинг.
Жайрон бобо: Шу қоғозларсиз ҳам нима десаларинг, айтавераман. Нима кераги бор, болам… Мен бир оми чўпон бўлсам…
Қулмирза: Вақт зиқ бобой. Бўлмаса, сурувни топширинг. Каттанинг ғазаби ёмон… биласиз.
Жайрон бобо: Мана, Қулмирзавой. Катта нима деса шу-да.
Қулмирза: (қувониб) Маладес, бобой. Бу бошқа гап. Аммо лекин, анови сассиқ чолнинг йўриғига юрманг. Дарвоқе, кейинги шанбада ёнингиздаги Сувлисойга Тошкентдан меҳмонлар келади. Каттанинг дўстлари. Тушундингизми, бобой?
Жайрон бобо: Меҳмонлар келгани яхши-да.
Қулмирза: Хўш. Иккита ширбозни, семизидан бўлсин, тандирга босасиз. Иккита қўчқорни эса сўйиб, тайёрлаб қўясиз. Оп кетишади. Катта айтди. Ўзлариям келади. Нега рангингиз оқаради. Қўрқманг. Буниям қонуний қиламиз. Акт бўлади. Битта имзоингиз, вассалом (ҳе-ҳелаб кулади).
Жайрон бобо: Қулмирзавой, кеча одам юборган экансиз. Улар ҳам “катта”нинг келини “дугона чақирди” қилаяпти, базм қиляпти деб, машинага икки қўйни босиб кетишди. Олдинги кун яна бир катта тумандаги йиғилишга тандир гўшт тайёрлатиб олиб кетганди. Эртага каттанинг неварасини чипрон қилишаркан. Ҳисори қўчқордан бирини сўйиб, гўштини тайёрлаб юборсин, дебди. Ана боғлиқда турибди. Сурувдан олиб келиб боғладим. Шу, Қулмирзавой бироз истиҳола чиқиб турибди.
Қулмирза: Шалвираманг, бобой. Айтаверинг.
Жайрон бобо: Бу ишларнинг эртага жавоби бормикин, деб қўрқаман. Кейинги ойларда юзга яқин қўй кетди-ёв.
Қулмирза: Эй, нега қўрқасиз? Каттанинг ўзи турибди орқамизда. Так что, қўрқманг (кулади).
Жайрон бобо: Тўғри-ку-я. Кейинги пайтлар бунақа “ҳадя”лар кўпайиб кетди-да. Шу дейман, “катта-катта”, дейсиз, мен у кишини ҳеч кўрмаганман. Катта деганингиз ўзи қандай одам, бир олиб келсангиз яхши бўлармиди…
Қулмирза: Каттани кўришингиз шартмас. Лекин у киши сизни ҳар куни, ҳар дақиқада кўриб туради. Ҳа, шундай.
Жайрон бобо: (чўчинқираб) Ростданми? Қулмирзавой. Қандай қилиб?
Қулмирза: Каттанинг кўзи кўп, қулоғи кўп. Яъниким, биз кабилар ҳам каттанинг кўрар кўзи, эшитар қулоғимиз.
Жайрон бобо: Қулмирзавой, шу катта ўзи нечта одам. Битта каттага шунча дов-давска, тўй-ҳашам, йиғин-анжуман кўплик қилади-да.
Қулмирза: Содда кўринганингиз билан айёргинасиз, бобой. Устозингиз Эсонқул тирриқ бўлгач, саводингиз ошади-да, а?
Жайрон бобо: Гапи-да болам. Гапи. Шайтон ўлгир ҳар хил хаёлларга бошлайди.
Қулмирза: Шайтонга ҳай беринг. Шайтонга!
Жайрон бобо: Майли болам, майли…
Қулмирза: Катта сизни мукофотга ёзмоқчи. Илғор, донгдор чўпон бўлиб дунёга таниласиз ҳали.
Жайрон бобо: Қуллуқ, қуллуқ… (таъзим қилади)
Қулмирза: Бобой, шундайроқ, ўртача қўчқорча бўлса ҳам бўлаверади… Кечқурун, ҳалиги, ҳалиги келинингизнинг укаси келади… “Нива”нинг орқасига босиб жўнатарсиз…
Жайрон бобо: (бош эгиб) Тушундим, Болтажон келаркан-да, яна…
Қулмирза: Болтажонмас. Болтажон радной қайним-ку. У касофатни бу ерга йўлатмайман. Баҳодир келади. Иккинчи келинингизнинг укаси.
Жайрон бобо: Ие, қуллуқ. Одамлар айтишувди. Ишонмовдим. Қосим қассобнинг қизи… ҳалиги, оти нима эди, эрини қаматган Хайринисога уйланибсиз-да…
Қулмирза: (ўқрайиб) Ҳей, бобой! Сизга нима дахли бор бунинг. Айтганимни қилинг, вассалом!
Жайрон бобо: Тузук… тузук… Хўш, Хайринисо қачон келади?
Қулмирза: (жаҳлланиб) Хайринисомас, Баҳодир келади.
Жайрон бобо: Майли, майли болам. Сиз нима десангиз шу. Катталар ишини билиб қилади.
Қулмирза: Бўпти. Мен кетдим… Кўнгилни тўқ қилинг. Қаддингизни тутинг бобой, қаддингизни тутинг.
    (Чолнинг елкасига қоқиб, шахдам қадамлар билан чиқиб кетади).

ИККИНЧИ САҲНА
Биринчи кўриниш

Адирлик. Олисда қўй-қўзилар. Гуллаган дарахт тагида Жайрон бобо ва Бутунвой ўтиришибди.
Жайрон бобо: Умр тезоқар дарё деганлари шу экан. Кечагина шу қирларда товонимдан ўт чақнаб юргувчи бола эдим. Ҳаммаси кечагидай – ҳеч нарса ўзгармаган. Манову адирлар. Мана шу сурув… Қуёш. Осмон. Ҳатто қўлимдаги манови таёқ ҳам. Бундан ўттиз йил олдин раҳматли отам шу таёқни топширувди. Ўшанда бош чўпон бўлувдим. Қувонганимни айтмайсан. Шу қир-адирлар, сурув-сурув қўйлару ўтов… ўзимники деб билганман. Юрагим ҳам отнинг калласидай эди. Бировга гап бермасдим. Майда гап қилганни чангитиб сўкардим. Жайрон чапани деб чўчишарди. Қўрқув деганни билмасдим. Отарга бўри ораласа, тинчитмагунча тинчимасдим.
(Бутунвой анграйганнома бош силкийди. Бобо ўзича давом этади).
Жайрон бобо: Гапирмайсан. Балки тўғри қиларсан… Беҳудага оғизни чарчатгандан нима фойда? Балки дунёнинг ғавғоларидан безиб кетганингдан гапирмассан, болам? Ким билсин, балки сен гапирсанг, бу дунёни ларзага соларсан. Нима бўлгандаям кўзларинг гапиради. Кўзларингга қараб туриб, нима демоқчилигингни: қувончингни ҳам, ғазабингни ҳам билиб оламан…
Бутунвой: (бошини сарак-сарак қилиб) Ях…ши. Ях…ши… ях…ши…
Жайрон бобо: Мен ҳам сени яхши кўраман, болам. Ўз боламдай яхши кўраман. Моманг ҳам яхши кўради. Уфф, тақдир-да буям, сенга суяниб қолдик… Тилаб олган ёлғиз Тиловолдимиз олисларда. Ҳей, бир нарсани тушунмайман… Олим бўламан деб олис жойларда кў-ўп ўқигандан кўра, ўз эли, ўз она-тупроғида ҳам шу қиладиган ишини қилса бўмасмикан, деб ўйлайман… Масалан, манови дарахтни қара… Гуллайди, ҳосил беради, меваси пишади. Эл баҳраманд бўлади. Шугина дарахтнинг ҳам нафи тегади элга… Билмасам, мен оми одамман… Лекин, мана шу юртга, Ўзбекистонга, халққа нафи тегса-ку хўпу хўп. Лекигин, шу жойнинг шароити, шу жойнинг тупроғи, ҳавоси тўғрисида чет жойда илм қилиб, оввора-сарсон бўлиш шартмикин, деб ўйлайман-да, болам. Қизиқ, пахтачиликни ўрганаман, деб чет элга ўқишга жўнабди, боласи тушмагур Тиловолдим… Шундай ўйлаб қарасанг ўзбекка пахтачиликни, деҳқончиликни, боғбонликни ўргатиб бўлараканми? Тоғай сувчи, Эшмат тракторчи, Ғулом биргат ҳар қандай олиминг билан бемалол беллашади… Шундай одамларга экин-тикинни ўргатиб бўлармикан?.. Мен бекорга айтмаяпман. Мана, ўтган ойда, ёш бир олим келди, шу чорва бўйича ўқиган экан. Практик қилди… Сурувнинг қўтонини дориланг, укол уринг деб минг битта мол дори ёзиб бошимни гаранг қилди… Биринчидан, қўра очиқ, адирлик… Буни нимасини шамоллатаман дедим. У айтган ҳалиги зорманда дориларсиз ҳам сурув зиён кўрмайди. У дориларни туманда кундуз куни чироқ ёқиб ҳам тополмайсан. Одам касал бўлса, дори-дармон топилмайди-ю… Сурувга, қўй-қўзига топилсинми? Хуллас, куракда турмаган гапларни қилди. Бир балоларни ёзди-ёзди, дўқ-пўписа ҳам қилди. Кейин… алдаб-сулдаб, яхши гапириб жўнатвордим… Баччағар, уям қуруқ кетмади… Ундай деди, бундай деди… икки қўйнинг шўрига шўрва тўкди. Эй, билмадим, буларга нима бўлган?
Бутунвой: (бошини сарак-сарак қилиб) Кат…та, кат…та, кат…та-а-а!
Жайрон бобо: Ҳа, уям катта-да. Қўлида папкаси бор. Дўқ-пўписасиям бор. Ҳей, нимасини айтасан… (Жайронбобо қўлини елпана қилиб олисга қарайди. Ўрнидан туради) Бутунвой болам, биз томонга кимдир келаяпти. Келбатидан моманга ўхшамайди. Қўлида тугуниям бор.
(Бутунвой ҳам ўрнидан туриб қарайди-да, қалқиб кетади. Жайрон бобонинг қўлини ушлаб, ҳаяжонда).
Бутунвой: С-со-со-Сора! (у ёқдан-бу ёққа югуриб) С-с-о-оора! Соо-ра!
Жайрон бобо: (овози титраб) Тўғри айтасан, Сора келаяпти… Болам, Сора келаяпти.
Бутунвой: (қўли билан кўрсатиб) С-с-оо-ра… Соораа!
Жайрон бобо: Ҳовлиқма, жон болам. Ўзингни бос, болам. Сора бизни, сени кўргани келаяпти.
    (Сора киради. Бошида рўмол, одми кийинган. Қўлида тугун).
Сора: Ассалому алайкум, Жайрон бобо.
Жайрон бобо: Эй, ва алайкум ассалом, Сора қизим! Тан-жонинг соғми, она қизим… Хуш келибсан, болам…
Сора: Бова, сизларга сумалак оп келдим. Оғзингиз тегсин дедим, бобо…
Жайрон бобо: (Соранинг қўлидан тугунни олади). Яхши қипсан. Мен ҳам, Бутунвой болам ҳам бу йил ҳисобидан сумалак татимагандик. Сенинг қўлингдан сумалак ейдиган бўлдик… (Бобо белбоғини ечиб, Бутунвойга узатади) Ҳой, бола! Нега қоққан қозиқдай серрайиб қолдинг. Мана, дарахт тагига тўша. (Сорага) Қани, юр. Мана, шу дарахт таги Бутунвой болам икковимизнинг ҳордиқ жойимиз. Шу ерда туриб сурувни кузатамиз.
(Бутунвой югургилаб бориб, Сора ўтирадиган жойга белидаги белбоғини ечиб тўшайди. Бобога эса белбоғини қайтариб беради. Бобо кулимсирайди. Сора қимтиниб бориб ўтиради. Ёнида Бутунвой чўкади. Бобо ҳам ўтириб фотиҳага қўл очади).
Жайрон бобо: Болаларим, ризқларинг бутун, тан-жонларинг соғ бўлсин… Умрларинг зиёда бўлсин… Эл-юртимиз тинч бўлсин. Яратган ҳаммамизни ўз паноҳида асрасин… (Сора билан Бутунвой бир-бирига ер остидан титраб қараяпти. Бу ҳолни сезган Жайрон бобо ўрнидан туради). Болаларим, сизлар пича гурунглашиб туринглар. Сурувнинг олди анча олислабди. Хабар олиб қайтай.
(Бобо таёғини олиб адир томонга кетади… Сора рўмол учи билан юзини тўсиб йиғлайди. Бутунвой ерга боқади. Елкалари титрайди… Қўшиқ янграйди).    
    Чекка бир қишлоқнинг чекка уйида,
    Сунбул сочларини тараб-ўрган қиз…
    Кечалари яшаб висол ўйида
    Тунги тушларида мени кўрган қиз…
(Икки ошиқ ҳамон бир-бирига термилади. Бутунвой қалтираган қўлларини узатиб Соранинг юзини силайди, кўзёшларини артади. Сора ҳам унга қўл чўзиб, Бутунвойнинг сочларини силайди. Иккаласи бир-бирининг қўлидан тутиб ўрнидан туришади… Ўртага юриб келишади. Соранинг рўмоли бошидан тушиб кетади. Бутунвой энгашиб олади-да, уни юзига босади… Сора тағин унга термилиб қолади).
Бутунвой: Со-о-с-сор-а! М-ме-нн. Ммм ях-яхши…
Сора: (ҳазин овозда) Мен ҳам сизни яхши кўраман, Бутунвой.
Бутунвой: Ммм-мм-м. (қийналади, титрайди)
Сора: Нима қилай Бутунвой, тақдирим шу экан, Бутунвой. Тақдирим ўйилсин, Бутунвой. Ёзиғимда шу экан Бутунвой…
Бутунвой: (инграб) С-с-соо-ра…
Сора: Кўкайларим қуриди. Кўк томирим чириди. Сизни яхши кўрсам нима қилай… Узоқлардан бўлса-да, кўрай дейман… Куйдим, куйиб кул бўлдим, Бутунвой… Бирга ўсдик, бирга ундик. Ўн йил бирга ўқидик… Биргина сизни кўрдим, биргина сизни билдим… Сиз туфайли бу дунёдан умидларим кўп эди. Армия дедингиз, кутдим. Лекин бу номард дунё чаппа кетди. Урушига ўт тушсин… Ҳаётимни ағдар-тўнтар қилди, Бутунвой. Ҳалиям сизни яхши кўраман, Бутунвой… Сизни демасам икки кўзим кўр бўлсин, Бутунвой… Айтинг, нима қилай… Ўзимни ўлдирайми, Бутунвой?!.
(Сора ерга чўккалаб олиб, қўлларини ёзиб, зор қақшаб йиғлайверади. Бутунвой қизнинг қаршисида тиз чўкади).
Бутунвой: С-со-ора… ммм-мм. Имм…
Сора: Мен йиғламай ким йиғласин, Бутунвой… Кўр бўлиб қолсаям омон келсин, дедим. Майиб-мажруҳ бўлсаям ўлмай келсин, дедим. Илоё қилдай жони омон бўлсин, деб икки йил туну кун дуои жонингизни қилдим. Бутунвойим омон-эсон келади, дедим. Ўла-ўлгунимча Бутунвойим билан бирга бўламан, дедим. У менга ваъдалар берган, дедим. Бутунвойим меники бўлади, дедим… Уввв, тақдирим ўйилсин-а… Шу куним ҳам кўплик қилдими, Бутунвой? Сизни деб ёлғиз ўтишимга ҳам қўйишмаса нима қилай, Бутунвой?
Бутунвой: (қўли билан қишлоқ томонни кўрсатиб) К-киим?
Сора: Мени тинч қўймаяптилар… Шугина тоғлар томондан шамол эсса Бутунвойимнинг исини оп келаяпти, деб энтикаман… Шугина тоғлар бошига булут чиқса, Бутунвойим ёмғирда қолмасин дейман. Кечаси ой-юлдузга қараб Бутунвойим ҳам ой-юлдузни кўриб турибди, дейман… Ҳар кун, ҳар тун сизни хаёлимда олиб юраман. Сизни унутолмайман. Лекин булар мени тинч қўймайди. Мен буларга нима ёмонлик қилдим, Бутунвой (увв тортиб йиғлайди).
Бутунвой: (қўлларини мушт қилганча, титраб) Киим…м. Киммм! Им-ммм…мммм (ўкиради)
Сора: Отам, акам, гўрингда тўнғиз қўпқир, Омон партия! Мени шу отам тенги чолга узатишмоқчи. Нима қилай, Бутунвой! Омон партия менга кун бермаяпти. Менга эр керакмас, Бутунвой.
Бутунвой: О…т. О…т..! Имм…
Сора: Йўқ… Уларни отмайсиз. Ўлдирмайсиз. Отиб, қўлингизни қонга бўямайсиз. Бировнинг қонини тўкманг. Бировнинг кўнглини тушунмаганни худонинг ўзи уриб қўйгани эмасми?
Бутунвой: Ме-еенн… Қоон-қ-ўл! Қо-о-н!
Сора: Ундай деманг. Сизнинг қўлингиз қон эмас. Қўлингиз қон бўлган бўлса, бу сизнинг айбингизмас. Минг бир лаънатлар бўлгур урушнинг айби… бу!
Бутунвой: (қўшни тоғ томонга кўрсатиб) Т…о…ғ… Жаа…й… Жа…ай…
Сора: Қанийди шундай бўлса, Бутунвой. Иложи бўлса сиз билан тоғ тугул дунёнинг нариги чеккасига ҳам бирга кетмасмидим. Йўқ, бизга Жайрон бово ёрдам беролмайди… Ҳеч ким бизга ёрдам беролмайди…
Бутунвой: Н…н…н…и…им…
Сора: Нима қиламиз, дейсизми? Билмайман… Билмайман. Йигирма йилдан бери нима қиларимни билмайман. Йигирма йилки, элнинг оғзида эрмакман. Йигирма йилки, чора изладим, топмадим… Шу кунимга ҳам розийдим. Сизни онда-сонда кўриб турганимгаям розийдим. Тақдиримга тан бергандим… Энди иложим қолмади. Бу ерлардан бош олиб кетмасам ўзга чорам йўқ… Ўлсам ўламан… Отам тенги Омон партияга хотин бўлмайман. Мендан рози бўлинг, Бутунвой. Мен қишлоқдан кетаман.
Бутунвой: (ўрнидан туриб кетади. Сорага даҳшатли қиёфада қарайди) Қ…қ…қаёқ…а? Қаёқ…қ?
Сора: (ўрнидан туриб) Бошим оққан томонга. Жуда узоққа… Майли одамларнинг уйида чўри бўламан, кирини юваман, овқатини пишираман, бола-чақасини боқаман… Лекин мени ҳеч ким Омон чолнинг қўлига топширолмайди… Мен Бутунвойимнинг хаёли билан, Бутунвойимнинг муҳаббати билан яшайман.
Бутунвой: (кўксига муштлаб) Мммее…н. Я…х…ш. Я…х…ши!
Сора: Биламан Бутунвой. Биламан. Мен ҳам яхши кўраман… Сиздан рози-ризолик олгани келдим. Изн беринг, мен бу ерлардан кетайин. Пешонамдан кўрдим. Мени яхши кўрсангиз, изн беринг. Сиз мени яхши кўрасиз-а?
(Бутунвой лабларини тишлаб, тасдиқ маъносида бош силкийди. Сора унинг қўлидан тутади ва гуллаган дарахт тагига бошлайди. Ўтиришади).
Сора: Эсингиздами, айни мана шунақа баҳор кунлари эди, ўшанда тўққизинчи синфда ўқирдик. Тоғдан бир қучоқ қизғалдоқ териб келгандингиз. Қизғалдоқлар ҳали очилмаган, тугунча эди… Мен уларни сувли идишга солиб қўйдим. Қизғалдоқлар уч кун ўтмай чарақлаб очилганди. Мен уларнинг сувини кунига икки марта янгилардим. Сўлиб қолишини истамасдим. Қўрқардим. Қизғалдоқлар сўлиб қолса, худди ҳаёт гулларимиз қуриб қолади, деб ўйлардим. (ерга қараб жимиб қолади) Бироқ бир гуллашнинг бир сўлиши ҳам борлигини кейин пайқадим…
Бутунвой: (лаблари пирпираб) М…мак..т..а… мак… мак…таб…
Сора: Мактабда доимо математикадан мисолларимни ишлаб берардингиз. Сизни ҳамма ҳурмат қиларди. Ўқитувчилар ҳам. Айримлари чўчирди. Кимсан раисполкомнинг ўғли Бутунвой дейишарди. (Бутунвой оғир хўрсинади) Эсингиздами, сиз бойсунлик машҳур шоирнинг шеърларидан ўқиб берардингиз.
Бутунвой: (чеҳраси юмшаб, бош силкийди. Қўлларини осмонга кўтариб) О…с. ос…осм…он…
Сора: Ҳа. Эсингизда экан… Шеър шундай бошланарди:
Осмонга ҳам отгум тош
Гуноҳкор бўлса қуёш…
Бутунвой: Юл…юл… д…у..уз…
Сора: Буниси ҳам эсимда:
Юлдузлар порлаган шу осмон ҳаққи
Она-замин ҳаққи қасам ичаман.
Сен менинг қалбимда бир ўзинг балқи,
Истасанг шеъримдан мен воз кечаман…
Бутунвой: С…с..е..ен… Ме…е..ен… Шо…о…о..оир.
Сора: Ҳа, мен сизга “Сиз шоир бўласиз”, дердим. Сизнинг юрагингиз тоза, сиз бошқачасиз. Сиз шоирсиз, дердим. (жим қолиб, уф тортади) Бироқ, қуёш гуноҳкорми, йўқми, бир кун келиб бизнинг бошимизга осмонга отилган тош эмас, осмон қулаб тушишини билмасдим. Бироқ, югурик вақт ёшликнинг қасамларини тан олмаслигини билмасдим…
(Бутунвой Сорани бағрига тортади. Бошини силайди… Иккови ҳам бир мунча сўзсиз қолишади… Юк машинаси овози эшитилади. Иккови ҳам сапчиб туришади. Сора рўмолини бошига илиб, қалтираган қўллари билан унинг юзларини сийпалайди).
Сора: Кимлардир келишаяпти. Мен кетай. Рухсат беринг… Бутунвой, мендан рози бўлинг. Мендан рози бўлинг, Бутунвой… (Бутунвой яна титрай бошлайди.) Мен энди кетай. Қишлоқдан кетаман. Тақдир насиб қилса кўришамиз. Сизнинг юзингизга оёқ қўймайман. Рози бўлинг… Рози бўлинг.
(У Бутунвойни қучоқлаб ўпади. Сўнг жон ваҳмида унинг бағридан ситилиб… йиғлаган кўйи югуриб чиқиб кетади. Бутунвой серрайиб унинг ортидан қараб қолади… Бутунвой қўллари билан бошини чангаллаб, ўтириб қолади. Саҳнада портлашлар, гумбурлашлар, ўқ овози эшитилади. Худди биринчи саҳна бошидаги ҳолат намоён бўлади. Бутунвой ғужанак бўлиб ётиб олиб, бақира бошлайди… Жанг садолари тинади).

ЎША САҲНА
Иккинчи кўриниш

Бутунвой беҳол ётибди. Қулмирза пайдо бўлади. У Бутунвойга қараб тўхтаб қолади. Унинг ёнига келади. Йўталган бўлади. Бутунвой иҳрайди.
Қулмирза: (Бутунвойнинг тепасида) Энағарнинг боласи! Мастга ўхшайдию… Қайси гўрдан ичиб олдийкин… Ҳе, молга ўхшамай ўл. Сурувга энанг қарайдими? (тепади. Бутунвой инграйди) Ўзингни билмай қопсан-ку, айиқполвон. Тур ўрнингдан. Шу ивирсиқ чолнинг ҳам энасини… сен худо урганни шерик қилиб олиб юрганига ҳайронман.
(Қулмирзанинг ортидан ҳайдовчи йигит киради)
Ҳайдовчи: Чолдан дарак йўқ. Нариги қирга кетганмикин-а?
Қулмирза: Ким билади дейсан… Кампириникига кириб кетгандир-да. Анграйма, бор. Ўзинг бор… Пичоққа ярайдиган иккита семиз қўчқорни ушлаб, мошингга бос… Катта кутиб ўтирмайди. Кечиксак, теримизни шилади. Бугун настрайнаси йўқ… (ҳайдовчи чиқиб кетади)
Бутунвой: (иҳраб, ўрнидан қўзғалади) М…м-иммм… Мм…мм…м!
Қулмирза: Мимиллама, пиёниста…. Бошингни чангаллайсан… Калланг ёрилай деяптими? Кўпроқ ич, энағар. Чол қани? Қаерга йўқолди.
Бутунвой: (қўли билан тоққа ишора қилади) М-иимм… Т…о…оғғғ!
(Шу пайт қўлида чўпон таёқ Жайрон бобо кириб келади. Бутунвойга қараб, унинг аҳволини тушунади. Қулмирзага эътибор бермай Бутунвойнинг ёнига бориб уни турғизмоқчи бўлади. Бутунвой “керак эмас” ишорасини қилиб қўл силтайди-да, бир амаллаб ўзи ўрнидан турмоқчи бўлади).
Қулмирза: Нега бу ароқхўрни тетапоя қилмоқчи бўласиз. Бу ғирт маст-ку… Эси кирар-чиқар бўлиб ётибди-ку… Ундан кўра шопирга ёрдамлашсангиз, ўласизми?
Жайрон бобо: (ғазаб билан Қулмирзага юзланиб) Оғзингизга қараб гапиринг. Бечора бир бегуноҳ боланинг устидан кулманг. Буям худонинг бандаси, ахир.
Бутунвой: (қўлини Қулмирзага бигиз қилади) Б..б..б-ў…ўри. Б-б-ўри!
Қулмирза: (хезланиб) Нима, нима?! Ким бўри? Сенга кўрсатиб қўяман бўрини…
(Бутунвойга ташланмоқчи бўлади. Жайрон бобо уни тўхтатиб қолади).
Жайрон бобо: Ҳай, ҳай… Шу болага тенг бўласизми, Қулмирзажон. Бу бир касалманд бола бўлса. Шайтонга ҳай беринг, Қулмирзажон.
Қулмирза: Ҳалиям тили йўқ бунинг! Тили чаённинг заҳрига ботирилган. Бекорга дудуқ бўлмаган бу! Худонинг ургани шу-да! (Бутунвойга) Нега кўзингни чақчайтирасан.
Бутунвой: (Қулмирзага ўдағайлайди… тутилиб дудуқланиб) Ҳ..ҳ..ҳ-а…ар…ом. Ҳар…ҳаром!
(Қулмирза жон ваҳмида унга ташланади… Ҳайдовчи югуриб кириб ҳай-ҳайлаб Қулмирзанинг қўлини ушлаб ажратади).
Ҳайдовчи: Қўйинг ака, бу нодонга тенг бўлманг. Эси паст-ку… Фалокат босиб, ўлдириб-нетиб қўйманг. Тиригидан ўлиги қиммат бунга ўхшаганларнинг.
Қулмирза: (бироз ҳовуридан тушиб) Ҳой нари-мода… Хотинчалиш. Сен бировга сиғиндисан, энағар!..
Жайрон бобо: (тутақиб) Ҳой оғзингга қараб гапир. Бу бола ҳеч кимга сиғинди эмас. Хотинчалиш деб сени айтса бўлади… Қулсан. Катталарнинг пойи-патагисан. Югурдагисан, баччасисан… Чориқчининг боласи! Бугун одам бўп қопсан-да… Сен бу болани сўкма, тақдирида шу ёзиғи бор экан… Лекигин бунинг палаги тоза. Отаси юрт сўраб, эл устида юрган одам эди. Отаси раҳматлининг бугун номи оқланган… Отаси тириклигида авлодинг билан соясига салом бериб юрардинг. Отнинг ўлими, итнинг байрами деб шуни айтишса керак, ноумид бўлгур! Ҳайф сенга… Йўқол, бу ердан…
Жайрон бобо: (қўлини ҳаволатиб) Отма, болам. Ўзингни бос, болам!
(Бутунвой милтиқни ерга ташлайди-да, ортига терс ўгирилиб, дарахт тагига бориб ўтиради ва бошини чангаллайди).
Қулмирза: (ҳайдовчи етовида чиқиб кетаётиб, Жайрон бобога) Икковингниям тилинг бир, кўрилон. Ҳали кўзингни очиб қўяман, турмада чиритаман… Сен мени отмоқчи бўлдинг-а, шошмай тур ҳали…
Бутунвой: (тишларини ғижирлатиб) Б…б…б-бў…ў-ри… Бў-ў-ри!..
Қулмирза: (ортига кета туриб) Тилингни суғуриб олмасам отимни бошқа қўяман.
Жайрон бобо: Сени худога солдим, нонкўр. Омин, у дунёи бу дунё ҳаловат топмагин.
Қулмирза: Каттани ҳам ҳақоратладинг. Сўкдинг. Уйинг куймаса, одаммасман…
Жайрон бобо: Шундоғам одаммассан. Катта-паттанг билан қўшмазор бўл, юлғич, муттаҳамлар!
Қулмирза: (чиқиб кетаётиб, ҳайдовчига) Эшитдинг-а, гапини. Сен гувоҳсан. Энди ўлдим дейвер, сассиқ чол.
(Қулмирза ва ҳайдовчи чиқиб кетишади… Юк машинаси овози эшитилади. Жайрон бобо елкалари силкиниб йиғлайверади. Бутунвой ҳам бемажол қишлоқ томонга қўлларини чўзади. Тиззалаб юраркан, унсиз йиғлайди. Қўлларини қишлоқ томонга чўзиб).
Бутунвой: С…с..о..ора! Со…ра! Мим…мим… имм… Со..р…ор…а.. Со..о…ра…

(Парда ёпилади)

ЎША САҲНА
(учинчи кўриниш)
    
Адирлар. Баҳор тасвири. Чеккада дарахт. Дарахт тагида стол-стул. Столда мева-чева, турли хил ичимликлар. Қадди-басти келишган, жуда пўрим кийинган Тоҳир Тоҳирович столдаги жомларга ароқ ва шарбат қуяяпти)
Тоҳир Тоҳирович: Мана буни дам олиш десак бўлади. Оҳ..ҳ… Табиатни қаранг. Табиатни. Одамнинг яшагиси келади. (ҳавони ҳидлаб) О-о-о, тандир кабобнинг ҳидини… Димоғни ёраман, дейди… Беш кунлик дунёда даври-даврон сурганинг қолади-да. Ҳайём деган шоир топиб айтганда-а… Ёнингда бир жонон бўлса, бир қўйнинг сони бўлса, кейин манови май ўлгурдан бўлса… бундай маишатни жаҳон султони ҳам тополмайди, деб. Ўлай агар шу ёшга кириб шу тўрт қатор шеърдан бошқа шеърни ёддан билмайман. Ҳе-э, шеър ўқишдан бошқа ишим йўқми, шеърни шоирларга чиқарган. Мингта шеър ёдлаганинг билан ёнингда бир чақанг ҳам бўлмай, чўнтагинг тешик бўлиб юришдан худо асрасин. Ҳозир шундай шоирлар истаганча топилади. Зўрға кунини кўришади-ю, димоғлари осмонни ёради. Ўргулдим, сенлардан… (У теварак атрофга аланглаб, чеккадаги дарахтга қараб овоз беради) Ҳоов, Земфира, Земфирочка… Келинг энди, сув бўйида кўп турманг. Тоғ ҳавоси… шамоллаб-нетиб қолманг тағин… Земфирочка…
Земфира: Ҳози-ир… Ҳозиир… Бораяпмаан…
(Тоҳир Тоҳирович столни айланаётиб қўлларини ишқалайди-да, дарахт томонга қараб анграйиб қолади. Сочларини ёйиб, ёқаси кўксигача қия очиқ халатда Земфира чиқиб келяпти. Юрганда халати баридан оппоқ оёқлари кўриниб кетади. Қўлида елим халтача, кийимларини алмаштириб чиқаётганини пайқаш мумкин).
Тоҳир Тоҳирович: (ҳайратланиб) Ооо! Оҳ-ҳов, ўзингизмисиз… Клеопатра бўлиб кетинг-э… Ана қомат, оҳ-ҳо… (ҳирс билан қизга термилади)
Земфира: (эркаланиб) Раҳмат сизга, акагинам… Шундай гўзал жойни биринчи кўришим. Тунов куни мақтаганингизча бор экан. Бу ерда уч кун эмас, уч ҳафта қолсам ҳам розиман. (столга қараб) Войбу… столни безатишни ҳам қийиворибсиз, акагинам (шарбатли қадаҳни олади).
Тоҳир Тоҳирович: Сиз учун ҳамма нарсани есть қиламиз. (қизнинг қўлларидан тутади). Марҳамат, ўтиринг Земфиричка! Мен ҳам жон деб қолардиму, лекин вақт… вақт… вақт… Худо хоҳласа, ёзги таътилда бир ойга олиб келаман.
Земфира: Раҳмат, акажоним…
(Тоҳир Тоҳирович унинг ёнига ўтиради. Қизнинг иягидан ушлаб ўзига қаратади)
Тоҳир Тоҳирович: Сизнинг соғлигингиз учун (ичишади).
Земфира: Шундай қилиб бугун қайтамизми?.. Ҳалиги масалани ҳал қилиб берасиз-а? (Тоҳир Тоҳировичнинг бўйнига осилади)
Тоҳир Тоҳирович: (бироз безовталанган кўйи) Албатта, эркакнинг гапи битта бўлади.    
Земфира: ( қўлини узатиб) Ташланг бешни! Сиз ягонасиз. Сиз мардсиз, Тоҳир ака! Ўзимни акажоним! Сизни яхши кўраман!
Тоҳир Тоҳирович: Бўлди… бўлди… Мақтаворманг. Хорижга борасиз. Дарвоқе, домлаларингиз билан бир ойга гаплашаман. (бош силкиб, кинояли бурун тортиб) Ҳалиги болачани ҳам ўзингиз билан олиб қайтасиз… Бир ойдан сўнг иши тугайди унинг ҳам. Қарабсизки, тўйни бошлаворасиз. Ўзим бош бўламан.
Земфира: (айёрона боқиб) Ишқилиб ишкали чиқмасмикин?
Тоҳир Тоҳирович: Нега ишкали чиқаркан? Шундай ҳурлиқога етишгани учун ақлдан озади-ю, бечора. Айтасиз-ку, ишқимда куйиб-ёниб кул бўлаяпти, ҳар куни мактуб оламан деб. Шундай аммамнинг бузоғига турмушга чиқсангиз, номига албатта, менга ҳам, сизга ҳам яхши бўлади. Кейин яна унинг ёлғиз ўзини хорижга жўнатамиз, илм уммонига ғоввосдай шўнғиб юраверади. Сиз эса ўқишни давом эттирасиз. Кундуз ўқишда, кечқурун менинг бағримда бўласиз (ҳо-ҳо-лаб кулади).
Земфира: (ўйчан) Кечаги ҳафта врачга боргандим… Ҳалиги, ҳомиладорлигимни тасдиқлади.
Тоҳир Тоҳирович: (бепарво) Хабарим бор! Сиз қўрқманг, ҳаммаси жойида бўлади.
Земфира: (синовчан) Ёки олдириб ташласаммикин?
Тоҳир Тоҳирович: (синовчан) Кейин ҳомилангиз бўлмай қолиши мумкин. Тўйни тезлатсак, ҳалиги аммамнинг бузоғи билиб ўтирибдими? Шунинг учун ҳам сиз уни бурнидан ип ўтказиб, бу ёққа олиб келинг деяпман… Ҳаммаси яхши, режа асосида кетаяпти…
Земфира: (қовоғини уюб) Мени қишлоққа олиб кетаман деяпти. Ота-онасига ёлғиз ўғил экан. Ота-онаси кекса эмиш. Қишлоқи бўлиб юраманми энди? Мол боқиб, таппи ёпиб… Ҳимм…
Тоҳир Тоҳирович: Тўйни ўтказиб олайлик, у ёғи бир гап бўлар.
Земфира: (яна жонланиб, эркаланиб) Сиз барибир зўрсиз, Тоҳир ака! Дугонам бор эди-ю, Роза! Ана ўшани, мақтаган кавалери, тепакал акажони қилар ишни қилиб қўйиб ташлаб кетди. Тўғри, уй олиб берди… Хотини билиб қолиб жанжал кўтарибди. Ҳозир ишининг ҳам мазаси йўқ эмиш. Терговда дейишибди. Сиз… (эркаланиб) анчагина тадбирлисиз, Тоҳир ака!
Тоҳир Тоҳирович: Ундай икки сўзли, икки ҳалигиси борларни бизга гапирманг, Земфирахон.
Земфира: Тоҳир ака-а-а!
Тоҳир Тоҳирович: Ҳа, гапираверинг.
Земфира: Айтаверайми?
Тоҳир Тоҳирович: Бемалол.
Земфира: Менинг яна бир дугонам бор, ўн саккиз ёшда. Жудаям кетворган қиз… Шу дугонам айтдики, агар Тоҳир акангдай мард эркак топилса, бемалол унга ўзимни топширардим. Бўйнига осилиб олмайман, фақат қўли узун бўлсин, топар тутарли бўлсин, деди.
Тоҳир Тоҳирович: (ҳоҳолаб кулиб) Фақат қўли узун бўлсин дедими-а? Ҳа-ҳа-ҳа…
Земфира: Боринг-э, мен сизни тушунадиган одам десам…
Тоҳир Тоҳирович: Яхши. Яхши… Менинг бир ўртоғим бор. Бизнесмен… Шуни бир илинтириб кўрсин-чи. Дугонангиз ишқилиб ўзингизга ўхшаганми?.. Аммо менинг дўстим, аёл деса ўзини томдан ташлайди…
Земфира: Қачон учраштирасиз?
Тоҳир Тоҳирович: Шаҳарга етволайлик. Эртага кечқурун. Ўзингиз билган жойда бир пиёла чой ичамиз.
Земфира: Лекин жуда яхши қиз. Дўстингиз қадрласа, бас. Дарвоқе, дўстингизнинг ёши неччада?
Тоҳир Тоҳирович: Худо хоҳласа, бу йил роппа-роса олтмишга тўлади.
Земфира: Ҳа, жуда соз… Тенгдош экансизлар. Ҳар ҳолда майда-чуйда хира пашшалардан тузук-да, шундайми-а?
Тоҳир Тоҳирович: Нима деяпсиз? У ҳар қандай мишиқининг патини юлиб, писиллатиб босиб қўяди. Кимсан, Қилич бойвачча деган номи бор…
Земфира: Бўлди. Есть! Сизга ишонаман.
Тоҳир Тоҳирович: Ҳалиги, аммамнинг бузоғи, севгилингиз, хушторингиз сизга нима деса хўп деб туринг… Ўзиям сиз уни йўқлаб боришингизни эшитса нақ юраги ёрилиб кетса керак…
Земфира: Ҳа-ҳа. Хат ёзувдим. Бечора ўзини қўярга жой тополмай қолганмиш. Нодон, пулни қаердан топаяпсан, кимдан оляпсан, деб ҳам сўрамайди-ям…
Тоҳир Тоҳирович: Севги шунақа. Одамнинг кўзини кўр, қулоғини кар қилиб қўяди. Сўрамабдими, демак яхши. Бошқа нарсаниям (қизнинг қорнига ишора қилиб) билмайди.
Земфира: Тоҳир ака! Хорижга чиқмаган эдим. Сиз туфайли омадим юришаяпти, шу баҳонада Германияни ҳам кўрадиган бўлдим. Бу ёғини менга қўйиб беринг. Уни тамоман ўзимники қилиб олиб қайтаман.
Тоҳир Тоҳирович: (чайқалиб кулиб) Лекин… билиб қўйинг, сиз тамоман уники бўлмайсиз. Тушунарлими… Тағин, тўйдан сўнг хушторингиз қучоғида эс-ҳушингиздан айрилиб, бизни унутворманг…
Земфира: (кўзларини ола-кула қилиб) Нималар деяпсиз, Тоҳир ака! Мен аллақачон сизники бўлганману. Кўз очиб кўрганим сиз. Бунинг устига… (қорнини силайди)
Тоҳир Тоҳирович: (керишиб, қўлларини бир-бирига уриб) Оҳ, аёллар, аёллар. Одамни телба қиласизлар-а? Жодуми бу, сеҳрми бу, билолмадим… Кўзимиз кўр, қулоғимиз кар энди…
Земфира: Биринчидан, аёллармас. Аёллармас. Мен ҳали аёл эмасман. Қиз боламан. (тумтаяди) Ахир ҳали тўйим бўлмаган-а, Тоҳир ака…
Тоҳир Тоҳирович: Майли сиз айтгандай бўлақолсин. Сиз ҳали онаси ўпмаган қизсиз… Ҳалиги бўлажак ёрингиз шундай ўйлай қолсин…
(Телефони жиринглаб қолади. Тоҳир Тоҳирович лабига кўрсатгич бармоғини текизиб Земфирага “жим” ишорасини қилади)
Тоҳир Тоҳирович: Ало, ало! Ҳа, салом Сайёра! Яхшимисизар? Болалар қалай? Қудалар келиб кетишгандир? Кўрмайсанми, иш… иш… иш. Командировкаям жонга тегди. Тоғма-тоғ, оч-наҳор, ҳориб-чарчаб юрибмиз, хотинжон. Текширувимиз ҳам бугун ниҳоясига етади. Ҳа, албатта, йўлга тушаман, хотинжон. Хавотир олма. Сени соғиндим. Хўп, ҳозир ёнимда ҳамкасбларим бор, кейинроқ ўзим қўнғироқ қиламан (ошкора уф тортади).
Земфира: (кулимсираб) Ҳа, акажоним, терлаб кетдингиз?
Тоҳир Тоҳирович: (қўл силтаб) Эй, хотин зотининг пойлашдан бошқа иши йўқ-да… Асабингни эговлайди. (тоғ томонга қараб, қўлида телефонини ўйнатиб) Ана цивилизация! Мана цивилизация! Уйинг куйгир сотивойнинг шу тоғлар орасида ҳам ишлаганига ҳайронман. Замон бошқача бўлиб бораяпти. Энди тоғ тугул, ер остига бекинсанг ҳам қўнғироқ қилиб топиб олишади.
Земфира: (табассум билан) Лекин Тоҳир ака, сиз ҳар қандай вазиятдан ҳам бемалол қутилиб чиқоласиз, буни аллақачон пайқаганман.
Тоҳир Тоҳирович: (эшитмаганга олиб қадаҳ узатади) Қани жонидан, яна биттадан олайлик.
Земфира: (қадаҳни олиб) Хўш, дунёдаги энг танти инсон Тоҳир Тоҳирович, сиз учун ичаман. Бахтимга омон бўлинг.    
(Ичишади. Шу пайт машина овози эшитилади. Ичкарига таъзим қилиб Қулмирза кириб келади. Тоҳир Тоҳирович билан қўшқўллаб кўришади)
Қулмирза: Ассалому алайкум, катта ака! Яхшимисиз катта ака! Бола-чақа, уй-ичи, ошна-оғайни, хели-хеш омонми? Суяк енгилми, катта ака! (Земфирага) Чечажон, сизам яхшимисиз? Суяк енгилми… Хўш…
Тоҳир Тоҳирович: Суяк енгил. Суяк енгил. Жудаям енгил, Қулмирзавой… Хўш, биз бугун қайтамиз. Шунга… шунга…
Қулмирза: (чўнтагидан конверт олиб, паст овозда) Мана ака, каттанинг ўзлари бериб қўй, дедилар. Бешта. Кўкидан.
(Земфира томонга секин қараб қўяди. Земфиранинг кўзлари чақнаб, кулимсирайди… Тоҳир Тоҳирович атайлаб, мағрурона қиёфада қовоқ уйган бўлади. Гўёки бепарводай конвертни салмоқлаб кўриб, ён чўнтагига солади).
Тоҳир Тоҳирович: Хўш, каттангизнинг ўзлари қаердалар?
Қулмирза: Срочно вилоятга чақиришди. Юқоридан одамлар кепти… Минг бора узр сўрадилар. (Земфирага жилмайиб қараб қўйиб) Дарвоқе, туман марказига тўхтаб ўтасиз. Чечам яхши кўрадиган коньякдан икки яшик тайёрлаб қўйдик. Кейин писта-бодом деганларидай…
Тоҳир Тоҳирович: (мағрур) Ҳа, майли. Ҳалиги, бошқа масалалар-чи?
Қулмирза: Хотиржам бўлинг. Машинангизнинг калитини берсангиз, бас. Иккита ҳисори қўчқорни тандир қилдик. Кейин ўнта барра… Камчилик бўлса, айтасиз.
Тоҳир Тоҳирович: (Земфирага хушкайфиятда боқиб) Ҳа, энди одамни шундай қилиб уялтирасизлар-да, Қулмирзавой. Бизлар проста бир тоғ ҳавосини қўмсаб, дам олгани келувдик. Ортиқча ташвишнинг нима кераги бор? Оббо, Қулмирзавой-ей…
Қулмирза: (жилмайиб) Эй, катта ака! Ойда-йилда бир келасизу, арзимасгина хизмат қилсак-қилибмизда, ака!
Тоҳир Тоҳирович: (Қулмирзага қўл чўзиб) Хўш, унда! Биз қайтдик. Эътибор учун ташаккур. Агар кўролмай қолсам, каттангизга миннатдорчилигимни етказасиз. Шаҳарга борганда албатта киринглар. (Земфирага қараб) Қани, кетдик.
Қулмирза: Раҳмат, катта ака. Хизмат бўлса тайёрмиз. (Таъзим қилади. Қўли кўксида) Сизларни тумангача кузатиб қўяй…
Тоҳир Тоҳирович: Эй, йўқ. Сиз қолаверинг. Биз ўзимиз…а (Земфирага сирли кулимсираб) кетаверамиз.
Қулмирза: Сиз нима десангиз шу, катта ака (уларни кузатиб чиқади).

Тўртинчи кўриниш

Чўпоннинг тоғ ён бағридаги ўша аввалги ҳовлиси. Сўрида Гулсум момо билан Жайрон бобо чой ичиб ўтиришибди.
Жайрон бобо: Ҳей кампир, кўнглим музлаб бўлди. Катта дегичларида ҳам инсоф қолмаяпти. Ор-номус кўтарилди, замоннинг юзи очилдими, билмай қолдим. Ҳаммасидан воз кечиб, ҳаё-ҳуйт деб кетворайми-а?
Гулсум момо: Уйтманг бовоси, уйтманг. Оғир бўлинг, оғир бўлинг, бовоси… Тиловингизни уйли-жойли қилайлик… Келса, ўзи қишлоққа кўчириб кетади. Шу Қулмирза билан ўчакишиб нима қиласиз? Олса-олаверсин. Қўй камайса, ўзлари жавобини берамиз, деётган бўлса. Мунча сиқилманг, бовоси.
Жайрон бобо: (бош чайқаб) Ҳе, билмадим-да, кампир, билмадим. Қулмирза шайтон, қип-қизил шайтон. Бориб-бориб қариган чоғимда элга шарманда қилмасайди булар. Буларнинг қўлидан ҳар бало келади. Ишқилиб, охири бахайр бўлсин, момоси. Уят-андиша қолмади, момоси. Кеча ҳалиги узоқдан келган катта қизи тенги жувон билан куппа-кундуз куни… айтишга тил бормайди… Тоғнинг сувиям, ҳавосиям ҳаром бўлди. Мен ўз қизини тоғда томоша қилдиргани олиб келибдими десам, у энағарнинг боласи, ўйнашини етаклаб кепти…
Гулсум момо: Қайси каттани айтаяпсиз?..
Жайрон бобо: Шаҳардан. Кеча бир қизни етаклаб келувди тоққа. Шу падарлаънат Қулмирзаям бор эди. Айтгулик-дегилиги йўқ, кампир. Ке, шу ердан кетайлик. Қишлоққа кетайлик. Қўйниям топширайлик. Сурувданам барака учди, еб тугатишди. Бир кунимиз ўтар. Тиловолдимизам ўқишини тезроқ тугатсайди.
Гулсум момо: Ўзингизни босинг, бовоси. Биз қишлоққа кетсак, Бутунвойнинг аҳволи нима бўлади?
Жайрон бобо: (уф тортиб) Унда нима қил дейсан? Булар одамни тепкилаб, оёқ ости қилишаяпти-ку… Ўзимдан ўтганини ўзим биламан, кампир.
Гулсум момо: Ёмонларга худонинг ўзи жазо берсин. Қўйинг, шуларга тенг келманг.
Жайрон бобо: (уф тортиб) Худо уларни жазолашини кўраманми, йўқми, билмадим, лекин давлат мени ҳам аниқ жазолайди. Мунча талон-тарожнинг ҳам ҳисоб-китоби бордир. Баъзида тушунмай ҳам қоламан десанг. Шу сурувни нима учун боқаяпсан. Сурув давлатники. Давлатни мана шу катталар, Қулмирза, Ботир чориқчининг супрақоқдиси (истеҳзоли жилмаяди) айтган, ўша бола пойи-патак бўладиган катталар бошқаради. Давлатни мулкини унинг эгалари хомталаш, талон-тарож қилаверса, оддий халқ нима қилсин? Давлат халқ учун тузилган бўлса, оддий одамлар, мен, сен, Бутунвой, Сора, Эсонқул закунчи, хуллас, биз ҳам ўзимизни халқ деб биламиз. Лекин, давлатнинг мулки халқнинг мулки деган гап ҳам бор. Шу баъзида кечалари ётиб ухлайолмайман. Ўйлаб чиқаман, агар давлатники халқники бўлса, сурувдан кунора қўй опкетаётган катталар халқнинг мулки, халқнинг ризқини олиб кетаётган бўлиб чиқади-да. Адирдаги қўй-қўзини олиб бориб сўйди нима-ю, халқнинг қўрасидаги қўй-қўзини ўғирлаб сўйди нима. Икковиям, бир ҳодиса эмасми? Мен эса ана шу ўғриларга шерикман.
Гулсум момо: Эсонқул бово ошнангиз тўғри маслаҳат берибди, эй нима бўса бўпти, нима бўлаётганини органга ёзиб беринг. Ай, шу қўйданам, машмашадан қутилардингиз.
Жайрон бобо: (бош ирғаб) Ҳей, кампир, сен ниманиям тушунардинг. Булар осонликча жон берадиганлар хилиданмас. Булар шайтонга дарс беради-я. Шугина Қулмирзанинг ўзи ўн шайтонни сувга олиб бориб суғормай қайтади-я. Бунинг тепасидаги, бу суянадиган катталарга бир нарса деб бўладими? Сен билан менинг, Бутунвойнинг овози етиб борармикан?
Гулсум момо: Қулмирза ҳа деб катта айтди, катта буюрди, дейверади. Бовоси, шу каттасини кўрганмисиз ўзи?
Жайрон бобо: (елка қисиб, кулимсираб) Уни кўриб нима қиламан. Кўрмасам ҳам биламан-ку. Биз томонларга шу одам катта бўп келгандан бери ҳаммаёқ ташмачилик бўп кетди. Қулмирзаларнинг куни туғди-ку, момоси. Балиқ бошдан сасийди деганлари шу бўса керак, момоси.
Ҳайдовчи: Ассалому алайкум, Жайрон бова. Омон-эсонмисиз. Суяк енгилми? Димоғ чоқми? (Гулсум момога қараб) Момо яхшимисиз, дамлимисиз, чарчамаяпсизми?
(Чол билан кампир ҳам у билан ҳол-аҳвол сўрашган бўлади).
Жайрон бобо: Эй, мулла Қудрат… Хуш кепсиз. Қандай шамол учирди? (кесатиб) Ё катталарнинг бўрони юбордими бу ёққа, битта-яримта қўйни учириб, оёғини осмондан қип олиб келасан деб.
Ҳайдовчи: Ҳов, бобожоним! Биз бир майда одаммиз. Буйруқни бажарамиз. Айтишса, қиламиз. Давлатнинг иши. Хўш, мақсадга ўтсам, бовожон, мен ҳеч қандай қўй-пўй олиб кетмайман. Кўнглингиз тўқ бўлсин. (чўнтагидан буклоғлик қоғоз олиб, Жайрон бобога тутади) Хўш, бовожон. Мановинга қўл қўйинг.
Жайрон бобо: (ортга тисланиб, сесканиб) Бу яна нима? Яна нима опкелдинг?
Ҳайдовчи: Акт, қўл қўйинг, тамом!
Жайрон бобо: Қандай акт?
Ҳайдовчи: Акт. Оддий акт. Имзонгиз бўлса бас.
Жайрон бобо: Гапни айлантирма?
Ҳайдовчи: Сувлисойга сел келиб, сурувнинг бир қисмини оқизиб кетгани ҳақида.
Жайрон бобо: Ҳай, ҳай, болам. Ўйлаб гапираяпсанми? Худодан қўрқинглар. Худога шукур, ҳалигача сел-пел келгани йўқ. Сурувниям оқизгани йўқ. Яхши ният қил, болам.
Ҳайдовчи: Мен билмадим. Шундай қилсак, яхши бўлади, деди Қулмирза акам. У кишига катталар айтибди. Хўжаликда чорвани тугатишмоқчи. Невигидний дейишибди. Шундай қилсак, кирминал бўлмайди. Жайрон бобонинг ўзига ҳам яхши. Тегишли улушини олади. Сурувни селга оқди деб тугатмасак бўлмайди, деяпти Қулмирза акам.
Жайрон бобо: Чорвани, сурувни тугатсак, ҳалиги селга оқди десак, кир… Кир нима бўлмайди дединг.
Ҳайдовчи: (кулимсираб) Кирминал… Жиноят бўлмайди. Ҳеч ким билмайди.
(Гулсум момо ўчоқ бошидан човгумда чой олиб келиб уларнинг олдига қўяди ва ўзи ҳовлининг бир бурчидаги сўрига бориб ўтиради. Урчуғини йигираяпти)
Жайрон бобо: Сел бўлмаганини, сув тошмаганини одамлар билади-ку… Худодан қўрқайлик, ука. Бу ўзинг ҳам Қулмирзанинг йўриғида йўртанглайдиган бўп қопсанда-а… Бор айт, акт-пактга қўл қўймайман. Нима бўса пешонамдан кўраман…
Ҳайдовчи: Энди бовожон, ўзингиз ҳам дунёнинг ваҳимасини кўтариб юрасизда.
Жайрон бобо: (кесатиб) Нима сел келмаганини элу халқ билмайдими? Одамлар нима дейди. Эртага шу сўрайдиган киши, буни ҳисоб-китобини қиладиган киши одамлардан гап олмайдими?
Гулсум момо: (қаҳрли қараб) Менга қара, иним, бовонгни тинч қўйинглар. Биз энди қишлоққа қайтамиз. Ҳозиргина, бу тоғларниям ғубор босди, палакат оралади деб турувди. Одамни бунча тепкиламанглар…
Ҳайдовчи: Мен катталарнинг айтганини қилаяпман. (қоғозни кўрсатиб) Мана, катталарнинг ҳаммаси қўл қўйган. Гувоҳлар ҳам бор. Бир сизнинг имзонгиз керак, бово. Эртага текширувчилар келаяптийкан. Шундай қилишимиз керак экан, бово. Қўл қўймасангиз, Қулмирза акамдан оладиганимни оламан.
Жайрон бобо: Қулмирза акангнинг ўзи қаерда?
Ҳайдовчи: (жонланиб) Туманда. Текширувчиларга жой тайёрлаяпти. Чой-пой дегандай…
Жайрон бобо: (кулимсираб) Ҳа, унинг касби кори шу! Катталарнинг қўлига сув қуйишдан бошқа нарса қўлидан келмайди.
Ҳайдовчи: (жовдираб) Бово, менга отам, чўпни тикка қилиб қўйсалар ҳам шу сенга раҳбар, ўша чўпга ҳам қуллиқ қил, таъзим қил деб тарбия берган. Нима қилай ахир, Қулмирза акам актга имзо қўйдирмасанг келиб ўтирма, машинани ҳам гаражга қама… Тўрт томонинг қибла деб айтган. Бово хўп денг, бола-чақам бор, шу каттанинг ортидан кун кўраяпман, эски шалдироқ араваниям олиб қўймасин…
Жайрон бобо: (хомуш тортиб) Тўғри айтасан, болам… Отанг ҳам, мен ҳам шундай ақида билан яшадик. Кетмондастага шляпа кийгизиб, дала бошига тикка қип қўйишса бас, шуни катта деб, шунга сиғиниб ишлайверардик. Катта нима деса шу дедик, каттаники жуфт бўлди, болам, бизники эса тоқ бўлди. Шундай бўлгандан кейин сенга отанг Алиқул сувчи бошқа қандай ҳам маслаҳат берарди. Каттанинг айтганини қил дейди-да. Сени айбинг йўқ, биламан, шопир болам, биламан…
Ҳайдовчи: Отамнинг жўрасисиз, Жайрон бово. Отамни юзхотир қилинг. Қўл қўйинг. Каттанинг сўкишини эшитиш менга дорими, менга нима кераги бор, бово…
Жайрон бобо: Йўқ, болам… Овора бўлма. Мен қўл қўймайман. Энди кет. (Гулсум момога қараб) Мен тоққа чиқаман. Бутунвойнинг олдига борай.
Ҳайдовчи: Қўл қўймайсизми? (кескин оҳангда)
Жайрон бобо: Айтдим-ку!!!
Ҳайдовчи: Одам-подам эмасакансиз. Мен Сизни отам тенги одам деб ҳурмат қилиб ўтирибмана…
Жайрон бобо: (кинояомуз) Ҳурмат қилганинг шуми? Қинғир ишга қўл урдиришинг ҳурмат бўптими? Отам тенги дейсан-а, тағин?
Гулсум момо: (орага тушади) Оғир бўлинг, бовоси, оғир бўлинг… (ҳайдовчига) Ҳой, иним, сизам бир гапдан қолинг энди.
Ҳайдовчи: Шу пайтгача тўғри иш қилиб келганмисиз? Айтиб қўяй, яқинда бутингиз осмондан бўлади. Сизга яхшилик қилган кўр бўлсин, мен кетдим.
Жайрон бобо: Сен аввал отангга, Алиқул чуррага яхшилик қил. Энанг Ойдин кампирга яхшилик қил. Чол-кампирни ташлаб қўйиб, Қулмирза билан нима ишлар қилиб юрганингни, нима номаъқулчиликлар қилаётганингни эл-элат билмайди дейсанми, чурранинг боласи.
Ҳайдовчи: Ўчир овозингни, қари каламуш! Сурувни ютиб юбориб, ақлинг энди кирдими?..
Гулсум момо: (жаҳлланиб) Ҳой бетавфиқ бола… Оғзингга қараб гапир. Кекса одамни ҳақорат қилма. Кет бу ердан.
Ҳайдовчи: Кетаман. Ўзингдан кўр энди. Найнов…
(Ҳайдовчи чиқиб кетади. Жайрон бобо бошини хам қилиб, ерга тикилиб қолади. Ўйчан. Гулсум момо чолнинг ёнига келиб ўтиради. Чол йиғлайди. Елкалари учиб-учиб йиғлайди. Эзилиб йиғлайди. Гулсум момо ҳам кўзёш тўкади)
Жайрон бобо: Бу нима кун, момоси. Бу нима кун? Тиловолдимиз тезроқ кесайкан. Тезроқ сен билан менга эгалик қилсайкан, момоси.

Парда ёпилади

САҲНА

Жайрон бобо ва Гулсум момо қишлоққа кўчиб келишганига уч-тўрт кун бўлган. Мўъжаз ва кўримсиз ҳовли. Ўртада сўри. Гулсум момо, Эсонқул бобо, Бутунвой ўтиришибди. Жайрон бобонинг боши хам.
Эсонқул бобо: (Гулсум момога) Қани Гулсум бойбича, чойдан қуй. (сўнг Жайрон бобога қараб) Эй, ошна қўй, куйинма. Бир ҳисобда шу палакатлардан қутилиб, шу-шу десанг, шу олғир, еб тўймаслардан қутилиб яхши қилдинг. Сен қўрқма… Давлат ким ҳақу ким ноҳақ, ўзи ажрим қилади.
Гулсум момо: (жонланиб) Менам ошнангизга шундай деяпманда… Уҳ тортгани, уҳ тортган…
Жайрон бобо: (уф тортиб) Қариган чоғимда қамоққа тушиш қолувди энди. Шу пайтгача кўрган қийинчиликларим каммиди-а? Булар айбни менга тўнкашданам қайтмайдилар.
Эсонқул бобо: Кеча хўжаликнинг идорасиниям, тумандаги катталарнинг ишхонасиниям комисса босибди. Ўроз почтачи топиб келди бу гапни. (Жайрон бобога) Ҳали сен эшитмаганмидинг?
Жайрон бобо: (ажабсиниб бош чайқайди) Нимани текшираяпти? Қўйларни текшираяптими? Энди нима бўлади?
Эсонқул бобо: (ҳайратланиб) Нима бало, дунёни фақат қўй-қўзидан иборат деб ўйлайсанми? Булар фақат сени сурувингнияммас, хўжаликниям бутунлай талон-тарож қилиб ташлашганакан. Узумзорларни таниш-билишчилик қилиб, ака-укаларига бўлиб беришган экан. Шу-шу, шу десанг Ҳазорбоғ канали пастидаги боғлар қаровсиз қолиб, қовжираб кетувди… Буниям текширишаяпти. Деҳқонга келган силитрани ҳам гумдон қилишибди. Ҳалиги шу-шу, шу десанг ҳали чала ётган мактабнинг устидан ҳам ёзув-чизув бўлган экан. Халқам кейинги пайтлар норози бўлиб кетувди-да. Тоғма-тоғ юриб сен билмайсан. Йиллаб ойлик олмовдик. Шуларнинг барини Ўроз почтачи юқорига – Тошкентга ёзган экан… Текширувчилар кепти. Газетадаям пелетон бўп чиқибди…
Жайрон бобо: Пелетон деганинг нимаси?
Эсонқул бобо: Танқид дегани, ёмонлаб газетага чиқаришса, пелетон бўлади, шу-шу, шу десанг.
Гулсум момо: Кеккайиб кетган катталарниям газетда танқид қилса бўларканда-я? Ёмонласа бўларканда-а?
Эсонқул бобо: Нимага бўлмасакан. Бўлади. Энди… баъзи бир газетачиларам шу-шу, шу десанг катталарнинг айтганини қилиб мақтаб ёзиб кетаверганда…
Жайрон бобо: Мухбир ҳам ёлғон гапирганда…
(Бутунвой дастурхонга дуо қилиб… ўрнидан туради)
Бутунвой: Мим… мим… (қўли билан эшик томонни кўрсатади) Н-н-о…сс… Ноо-оос!
Жайрон бобо: Ҳа, майли болам боравер. Нос опке. Ма! (у иштони липасидан носқовоғини олиб Бутунвойга тутқазади) Ма, менинг носқовоғимниям тўлғазиб ке. Хурсан калнинг носидан ол… Тошмир тирриқнинг носи бўлмайди. Ҳой, ма, (липасининг бу бурчидан пул олиб узатади) Ма, мановининг ҳаммасига олавер. Тез қайт. Кўча-куйда гангиб юрма, болам.
(Бутунвой чиқиб кетади)
Эсонқул бобо: (орқасидан қараб қолади) Шўрлик бола. Эс-ҳуши жойида. Қобил-мўмин йигит. Тақдирида бора эканда…
Жайрон бобо: Эсонқул, эшитдингми, Сора Тошкандан қайтиб кепти.
Гулсум момо: Тунов кун бу ёққа келиб кетди. Бутунвойга бир кастурул кесган ош қип кепди, қиз шўрлик. Бутунвойга қараб ўтираверди, ўтираверди. Кейин йиғлаб-йиғлаб кетди.
Эсонқул бобо: Менга қара, Жайронбой. Шу икковини бошини қовуштириб қўйсак… Сорани бутун эл билади, бошқага эрга чиқмайман деб қасам ичди. Отаси оқ қисаям, кўк қисаям шу Бутунвойингни деди. Буни бутун эл-эломон билади-ёв. Аҳли қишлоқ ҳам сендан рози бўларди. Мана, Омон партияни ҳам Соранинг қарғиши урди. Шу Омон чол ўлса қишлоққа қайтаман деб, Тошкентга кетиб, ким кўринганнинг уйида чўричилик қипти, дейишади…
Жайрон бобо: Аввало худо. Омон партиянинг бетавфиқлиги бошига етди. Омон партия ўлиб Сораям қайтди.
Эсонқул бобо: Шу-шу, шу десанг, Омон партиянинг отдан йиқилиб ўлгани ростми?
Гулсум момо: (орага қўшилади) Наймид бўлгирни от тепиб ўлдирган… Отдан йиқилгани ёлғон.
Жайрон бобо: (Гулсум момога ўртага суқилганидан норизо бўлиб қараб) Чин гап. Омон партия Соранинг акаси Берди қассобга қалин пули учун тўриқ отини инъом қилмоқчи бўлиб қассобни ўз уйига бошлаб келган экан… Қассобга тўриқни мақтаб у ёғ-бу ёғини қашилаган киши бўпти. Партиянинг бу бетавфиқлиги худойимга хуш келмаганми, ишқилиб, тўриқ Омон партиянинг қоқ манглайидан шартиллатиб забт билан тепибди. Чалқайрамон (осмонга қараб демоқчи) йиқилган партия шу заҳоти жон берибди. Буни устида Омон партиянинг қўшниси Ҳамид чирилловуқ ҳам бўлган… Қўрқиб кетган Берди қассоб партия отдан йиқилиб ўлди, деб гап тарқатади. Лекин, Ҳамид чирилловуқнинг оғзида гап ётармиди, отнинг қандай қилиб тепкани, партиянинг қандай учиб кетгани, Берди қассобнинг гарангсиб, қўрққанидан қовуғини ушлаб ҳовлидан қочиб чиққанини ҳаммага айтиб чиқди… Хумпар гоҳида ўзидан қўшиб, қассоб иштонини ҳўл қилиб қўйганиниям ҳаммага маънилатиб чиқди, ўзиям… Биласан-ку, чирилловуққа гап тегмасин, элга ёяди. Ўшандан бери Берди қассоб партиянинг болаларидан бекиниб Ойша беванинг этагига кириб кетди, деб юрибди, хумпар.
(Гулсум момо чолнинг гапидан уялган бўлиб юзини тескари буради)
Эсон бобо: Менга қара, савоб иш, элу халққаям маъқул бу. Ке, шу Сора билан Бутунвойнинг бошини қўшиб қўяйлик. Зора, бола-чақали бўп, шу шўрликлар ҳам кун кўрса… Кўрган қайғу-алами унут бўларди-да, Жайронбой…
Жайрон бобо: Мен бир нима деяпманми?.. Розиман. Тиловолдим ҳам эрта-индин келиб қолса, худо хоҳласа, уйлантирмоқчиман. Неваранг Қирмизгулни бегона қилмайсан-да, Эсонқул ошна.
Эсон бобо: (иккиланиб) Ҳозирги ёшлар ўзи билади… Бу масалада ёшлар билан гаплашиш керак.
Гулсум момо: (шошқалоқлик билан) Тўғри, тўғри… Шу Ўроз почтачи тунов кун хат олиб келувди. Тиловим шу ўзи билан бирга ўқийдиган бир қизга кўнгли борлигини… Олиб келиб бизга кўрсатишини ёзган экан…
(Эсон бобо хижолат тортади. Ерга қараб қолади… Жайрон бобо кампирига ғазаб қилади).
Жайрон бобо: Ҳой вайсақи, тур ўрнингдан. Эркакларнинг гапига тумшуқ тиқма. Тур, мол-ҳолга ўт бериб қўй. Бузоқни томорқага боғла. Эшакка беда бер. Сувигаям қара.
Гулсум момо: (мулзам тортиб) Хўп, хўп… бовоси мен бир нима дедимми? Ҳали келсин болажоним, кўрайлик… Кейин бир гап бўлар…
Жайрон бобо: Ўчир овозингни. Кимни кўрмоқчисан? Болангними ё… Бор энди гапни гапга қўш.
(Гулсум момо чиқиб кетади. Бир нималар деб гапириб ғудранади. Момо чиққач, қўлида тугун кўтарган Бутунвой Сора билан кириб келади. Икки чол уларга бирдан қараб анграйиб туришади).
Бутунвой: Б…б…из… Би-и-ир-га-аа!
Сора: (ерга қараб) Бовожон, уйингиздан ҳайдаманг мени… Нима ишингиз бўлса қилай. Қўлим косов, сочим супурги бўлсин… Бовожон, мени сизникидан бошқа борар жойим йўқ, бово…
(Жайрон бобо ўрнидан туриб… улар томонга юра бошлайди. Соранинг бошидан ушлаб манглайидан ўпади. Изиллаб йиғлайверади. Бағрига босади)
Жайрон бобо: Айланай, она қизим, айланайин Сора қизим, ким сени ҳайдайди, ким сени бегона деяпти. Уйимнинг тўриям, юрагимнинг тўриям Бутунвойим икковингники! Сен ҳеч жойга кетмайсан, болам. Сен шу ерда қоласан, болам… Илоё Бутунвойим билан қўша қари. Омин, қани (Эсон бобога қараб) Эсонқул бовоси, буларга бир дуо беринг, булар бир-бирига кўзи қош, булар бир-бири билан Тоҳир-Зуҳра… Қани бу ёққа юринглар… (уларни сўрига бошлайди) Эсонқул бовоси, келаси ҳафтанинг пайшанбасига Бутунвойимнинг тўйини белгилаймиз. Икковиям ўзимнинг болам… бири қизим, бири улим. Хўш, Эсонқул бовоси, элдаги гапга етар тўрт-беш чолни келаси пайшанбага чақиринг, уйга келсин… Хурсан калга айтинг, катта қозони билан самоворини эртага опкелиб ташласин.
(Сора билан Бутунвой ерга қараб ўтирибди. Икки чол дуога қўл очади. Улар ҳам қўл очадилар… Саҳна ёпилади)

САҲНА
    
Жайрон бобонинг ўша ҳовлиси… Жайрон бобо билан Гулсум момо сўрида. Келинлик либосидаги Сора чойнакда чой олиб келиб, уларнинг олдига қўяди.
Гулсум момо: Барака топ, болам. Сен уйимизга келиб, мениям тани-жоним роҳат топди.
Жайрон бобо: Ҳа айтмоқчи, Бутунвойнинг ўзи қани?
Сора: Чорбоғдан молларга ўт ўриб келгани кетди.
Гулсум момо: Чой-пой ич демабсан-да, қизим…
Сора: Айтдим… Кун қизимай бориб келгани маъқул-да, момо.
Жайрон бобо: Жуда меҳнаткаш. Кўз тегмасин. Иши ҳам пишиққина. Ўн эркакнинг ишини бир ўзи қилади.
Гулсум момо: Эна қизим, Бутунвойим тол-тушда келса чанқайди. Чалоп-палоб қилиб бер. Тушга юпқа қилиб қўй. Очқаб келади, болам. Тортинма, шу уйдаги бор нарса сизларники, болам.
Сора: Раҳмат момо, айтганингизни қиламан… Лекин эрталаб Мастон момо Бутунвой акамни уйига ҳашарга айтган эди.
Гулсум момо: Шу Мастон машакниям куни Бутунвойимга қолибдими? Ана, тойдай тосирлаб юрган ўғли Қулмирзага айтсин. Шўрлик кампирни ташлаб қўйиб, гердайгани гердайган. Катталарга пой-патак бўлгунча қари энасига қараса ўладими, жувонмарг!
Жайрон бобо: Бўлди қил энди. Шу елпатакнинг отиниям айтма… Бўпти, мен Сўфи Оллоёр бовомнинг қабрига бориб келаман… Эсонқул кеп қолади, ҳозир. Хўржинни бўшатиб, опчиқ, бор… (Гулсум момо ўрнидан қўзғалмоқчи бўлади…)
Сора: Эна, ўтираверинг… Ўзим бўшатиб, отхона эшигига қўяман…
(У югургилаб чиқиб кетади. Кўчада машина овози эшитилади. Чол билан кампир бир-бирига разм солиб олгач, кўча эшикка қараб қолишади… Ташқаридан эшик томондан кулги ва баланд овозлар эшитилади… Ҳовлига жуда пўрим костюм-шим кийиб, бўйинбоғ боғлаган, қўлида портфель тутган Тиловолди кириб келади… Чол билан кампир ҳайрон… Тош қотиб турибди. Тиловолди ҳам қўлидаги портфелни қўйиб, уларга қараб серрайиб қолади. Шу пайт Эсонқул бобо ҳам “ҳой ким бор, Жайронбой, бормисан?” деб ҳовлига кириб келади-да, бир Тиловолдига, бир чол-кампирга қараб анграяди).
Эсонқул бобо: Жайронбой, уйга меҳмон кептида… Ташқаридаям бир қиз турибди. (йигитга қараб… туйқус) Оббо, ўзингмисан, буни қара-я, Жайрон… Бу… Шу-шу, шундай қилиб…
Тиловолди: Ойи, ойижон… Дадажон!
(Кампир “вой болам”лаб йигитчага қараб югуради. Уни қучоқлаб олиб ўпа бошлайди… Жайронқул бобо эса ҳовли айланиб шодлигидан ўзини қўярга жой тополмай югургилай бошлайди).
Гулсум момо: Жон болам-а… Жон болам. Бўйингдан энанг айлансин. Ўргилай болам, Тилаб болам, тушимми ё ўнгимми, болам?
Жайрон бобо: (югургилаб) Тиловим келди. Тиловжон келди энаси… Тиловим қайтиб келди… Ҳой Эсон, нимага бақраясан. Тиловолдим-ку, бу! Қара, Тиловжон келди…
(Йигитча момонинг бағридан ситилиб бобо билан қучоқлашади… Сўнг Эсон бобо уни ўз бағрига тортади).
Жайрон бобо: Яхши келдингми, ўғлим… Тани-жонинг соғми?
Гулсум момо: Ўзим айланай, болам.
Эсонқул бобо: Оббо, азамат-ей… Одам таниб бўлмай қопти-я. Йигитмисан йигит. Кўз тегмасин, болам.
Гулсум момо: Қани, сўрига чиқ, болам… Бўйингдан айланай, ўғлим…
(Жайрон бобо чопқиллаб сўри устидаги у-бу нарсани тузатади… Момо, ўғлини қўлидан етаклаб сўрига олиб келаяпти. Эсонқул бобо ҳам уларга эргашаяпти. Йигитча бироз тўхтаб орқасига қарайди. Бошқалар унга тикилишади).
Тиловолди: Ойи… Шу ойи, ҳалиги ташқарида…
Жайрон бобо: Чақир, чақиравер. Ошна-билишинг борми? Меҳмондан айланай, чақир…
(Бобо сўридан тушиб кўча эшикка қараб югургилайди)
Гулсум момо: (Ўғлини сўрига ўтқазиб шошганидан, нима қиларини билмай, дас­турхонни йиғиб, чой-нонни Эсонқул бобога тутади. Бобо ҳам чойнакни ушлаб дов­дираб момога қарайди) Чарчамадингми, болам? Ўқишинг битгани чин бўлсин, болам. Кўзим тўрт бўлди…
Эсонқул бобо: (чойнак ҳамон қўлида) Гулсум, нима қилай, чой дамлайинми? (кулимсирайди)
Гулсум момо: Вой, Эсон бовоси, буни қаранг. Чойнакни менга беринг. Шошиб қолдим, бовоси. Сиз набирангиз билан чақчақлашиб ўтиринг… Яхшиси, ошнангиз билан тўқлини сўйинглар, қўни-қўшни чиқади. Болам кепти, жим ўтирманглар, бовоси…
Эсонқул бобо: (кулимсираб) Тўқлининг оғзига туз соп қўйганмисизлар? Анча бўлувди қайнатма шўрва ичмаганимга. (Момо чойнакни олиб чиқди) Эй, яша йигитнинг гули! Олим бўп қайтибсанда-а?
Тиловолди: Шундай!
Эсонқул бобо: Отанг, энангларнинг бағри тўлди, болам… Сенга кўз тикиб туришувди.
(Қўлида сумкача, қимматбаҳо матодан кўйлак-лозим кийиб, бошига дурра боғлаган Земфира билан Жайрон бобо ичкарига кириб келишади. Бобо қизга ҳайратланиб, қизиқсиниб, алланимадан қўрққандай қараб-қараб қўйган кўйи унинг ёнида келаяпти… Қиз эса уялган каби ерга қараб олган).
 Земфира: Ассалому алайкум, отахон.
Эсонқул: (ўрнидан туриб) Ва алай… Ва… Ва… алайкум ассалом, қизим. Қани ке, қизим, сўрига чиқ… тортинма…
Земфира: (яна оҳиста) Раҳмат, отахон…
(Тиловолдига ёвқараш қилади. Тиловолди ўрнидан дик этиб туриб, унинг қўлидан тутиб, сўрига чиқишига кўмаклашади).
Эсонқул бобо: Бу дейман, она қизим, сенам шу ўзимиз томоннинг қизимисан дейман-а… Тиловбой билан бирга ўқийсизларми?
(Жайрон бобо сўрининг бир бурчига ўтиради).
Земфира: Йўқ, отахон. Мен бирга ўқимайман. Шаҳарликман, ҳалиги… (гўёки уялгандай) Тилов акам мени бу ёққа олиб келдилар…
Жайрон бобо: (қўзғалиб қўйиб, томоқ қиради) Бинойи қипсиз, қизим, бинойи бўпти, қизим. Тоғ-тошларни кўриб, томоша қилиб кетасиз-да, қизим. Бу ерлар яхши жой, кенг-кўлам жой.
Эсонқул бобо: Бинойи, бинойи… Қаердан, қайси уруғдансиз, қизим…
Земфира: Отахон, уруғ нима у, отахон?.. Мен ҳалиги… Тиловолди акамлар билан…
Эсонқул бобо: Тушунарли болам, тушунарли…
Тиловолди: (хижолатни йўқотиш учун) Эсон бобо, ойимни топшириғини қилайлик… Вой-бу… (соатига қараб) Обед вақти ҳам бўлиб қоптию. Ҳалиги, қўй сўймаймизми? Мен сизга ёрдамлашаман. Турдикми, бобо, қани… (қўлини дуога очади).
Эсонқул бобо: Ҳа-я… Тўқлини бўғизлаймиз. Жайронбой сен меҳмон билан чақчақлашиб тур. Биз ўғлинг билан тўқлини сўямиз… (улар туришади)
Жайрон бобо: (хижолатли кўзини ерга тикиб) Қизим, қани нон-тузга қаранг. Бу жой қишлоқчилик… Кам-пами бўлса хафа бўлманг… қизим.
Земфира: (қимтингандай) Йўғ-е, ота! Мен кўникаман Тилов акамлар ҳаммасини айтиб берганлар. (чойнак кўтарган Гулсум момо кириб келади-да, қизга қарайди)
Гулсум момо: Вой бўйингдан айланай, болажоним. (Сўрига эпчиллик билан чиқиб, қизни бағрига олиб, пешонасидан ўпади) Қизмисан, қиз, гулмисан гул хушчирой экансан, болам. Тиловимдан айланай, яхши кепсан, болам… (бобога қараб) Бовоси, шундай қизни етказганига шукур… Бундай хушчиройни ер юзидан тополмайсиз… Одобли, эс-ҳушли экан, бовоси…
(Қиз чойнак-пиёлани момонинг қўлидан олиб чой қайтариб, таъзим билан бобога, сўнг момога чой узатади… Гулсум момо чолига ер остидан қараб, кўрдингизми дегандай имо қилади).
Гулсум момо: Бобоси, Тиловим ақлли. Келинниям ақли бутунидан топади демабмидим. Ўроз почтачи олиб келган хатда сиз тўғрингизда Тиловим ёзувди. Қандай қизакан деб ўйлаб, бовонгиз билан кечалари гурунглашиб чиқардик. Ҳой, бовоси, ерга қараб ўтираберасизми? Бир нарса денг…
Жайрон бобо: Яхши… яхши. (ерга қараб) Шу… тақдирда энди буям. Шу… қизим, кўзимга иссиқ кўринаяпсиз. Қаричилик-да энди (қизга сирли қарайди).
Земфира: (кўзларини пирпиратиб) Йўқ… йўқ, отахон… кимгадир ўхшатаётгандайсиз. Мен бу ерларга келмаганман.
Жайрон бобо: (юрагини ушлаб, бир сесканади) Ҳм… қизим, яхши қиз экансиз. Эсли-ҳушли. Қизим, отингиз нимайди?
Земфира: Исмим Земфира! Земфира, ота!
Жайрон бобо: (яна юрагини ушлаб, уҳ тортиб инграйди) Буям тақдир экан, болам…
Гулсум момо: (чолга қараб) Ҳой бовоси… Сизга нима бўлаяпти. Шундай кунда… Қувонганингиздан ўзингизни йўқотиб қўяяпсизми?
Жайрон бобо: (баъзўр) Хурсандчилигимдан, момоси, мен хурсанд бўлмай ким хурсанд бўлсин. Шундай қиз, шундай келин остонамизга келиб турибди.
(Сора кириб келади… Земфира билан кўришиб, сўрашиб)
Сора: Ҳа, ота, шундай кунда, мазангиз қочгани нимаси?
Жайрон бобо: (Сорага ўкиниб қараб) Хурсандман, болам, хурсандман… Сен Земфира қизимга бир қишлоқни, Сувлисой томонларни кўрсатиб кел. Мен ўзимга келиб олай. Айланиб келсанглар, кейин бафуржа гурунглашамиз…
(Сора ўрнидан туриб, чолга ачинганнамо қараб, Земфирани кўча эшигига бошлайди. Кампир чолнинг оёқ-қўлини уқалаб турибди)
Гулсум момо: Бовоси, сизга нима бўлди? Шундай кундаям мазангиз қочадими-я? Қувонганингиздан бу, ўтиб кетади. Боламиз бағримизга қайтди. Энди армонимиз йўқ, бовоси, ўзингизни қўлга олинг… Мана, иссиқ чойдан бир ҳўпланг.
Жайрон бобо: (чой тутган қўлини қайтариб) Ҳой кампир, соддасан-да… Уф… ичим ёниб кетаяпти. Эсонқул қаерда? Чақир, Эсонқулни.
Гулсум момо: (ҳайратланиб) Ўғлингиз билан қўй сўяяпти. Ўзингиз айтдингиз-ку…
(Желаги барини белбоғига боғлаган, яхтаги енгини шимариб Эсонқул бобо кириб келади).
Эсонқул бобо: Мана, Жайронбой дирриқи қўзингниям тинчитдим. Нима учун шалпайиб ётибсан, тур-э ўрнингдан… Шундай кундаям нағмангни бошладингми?
Жайрон бобо: (уф тортиб) Менга қара, Эсонқул, шу сени неварангга – Қирмизгулга ҳали ҳеч ким оғиз солмабмиди? Ҳалиги тўнғич ўғлингнинг қизи бориди-ку… Шуни айтаяпман…
Эсонқул бобо: Эй, нодон чол, сен ҳозирги ёшларни билмайсан-да. Ана, кўриб турибсан-ку, кўнгли-кўнглига мос келса, гапи гапига қовушса, ўзлари топишганиям маъқулда… шу… шу…
Жайрон бобо: (бош чайқаб) Сен билан менинг кўнглимга қарашмайдими, булар?
Эсонқул бобо: Қарашади. Шу-шу, аммо лекин, кўриб турибсан Тиловолдингни топган қизиям ақли-ҳуши ҳавас қилгудайга ўхшайди. Иккови бирга ўқиркан… Нима бало, чиндан қарилик ақлингдан олаяптими, дейман?
Жайрон бобо: Ҳей, кошкийди шундай бўлса. Кошкийди ақлимни йўқотиб, ақлимди еган бўлсам… Афсус афсус… бундай эмас-да, Эсонқул…
Эсонқул бобо: Тушунтириб гапир.
Жайрон бобо: Нимасини тушунтирай. Гапиролмайман. Гапириб бўлмайди буни… Эсонқул!
Гулсум момо: (таажжубланиб) Озгина ухланг. Чарчабсиз…
Жайрон бобо: Гулсум, сенга уйланганимда уйингдан нарини кўрмаган қиз эдинг. Ўн олти, ўн етти яшар навниҳол эдинг. Бировнинг кўзига қараёлмасдинг, қарамаган эдинг. Тўғри, ўқимаган, саводсиз эдинг. Лекин, кўнглинг тоза эди-да…
Гулсум момо: У даврлар бошқача эди, бовоси. Тўрт деворнинг ичида ўтираверардик. Бугун замон бошқа. Қиз-жувонлар ҳам ўқимишли…
Эсонқул бобо: Баракалла, Гулсум. Бу эски қирчанғига шундай деб тушунтир-да. Шу-шу, шундай қилиб…
Жайрон бобо: Ўқимишли дегин. Соддасан… уф… Ҳа, боринглар, мен пича ухлай… Ишларингни қилинглар.
Гулсум момо: Бовоси, қозон осаверайликми? Қўни-қўшни чиқади…
Жайрон бобо: Мен нимаям дердим…
Эсонқул бобо: (чалғитмоқчи бўлиб) Ҳой, зиқна-ей, шу эти-суягига ёпишиб қолган, ориқ қўзини сўйганингга ичингни ит таталаяптими-а? Ҳей, сени қара-я…
Жайрон бобо: Қўй ҳазилингни, Эсонқул… бирмас ўн қўй демайсанми, ҳамма мол-ҳолимни айтмайсанми, барини сенинг неваранг Қирмизгулнинг оёғи остига ташлашгаям розиман… Нима қилай, айт? Йўл кўрсат.
Эсонқул бобо: Сен ақлингни еб қўйибсан. Ўғлинг эшитса нима бўлади? Ўзинг ҳам билардинг-ку, ўғлингни кўнгил қўйгани, суйгани борлигини. Бугун, ана олиб келди, кўрса-кўргудай, ойдай қиз. Ўғлинг айтиб берди, ота-онасиям ўқимишли, бадавлат кишилар экан. Қўли узун амаки-ю, тоғалари кўп экан. Тўғри, булар сени қизиқтирмайди… Лекин…
Жайрон бобо: (ётган жойида беҳол қўл силтаб) Боринглар энди, мен ухлай.
(Улар чиқиб кетишади. Жайрон бобо, кўксини ушлаб бироз ётади. Кўзини юмади. Жайрон бобо ётибди. Земфира билан Сора келишади).
Земфира: Сора опа, ҳалиги гапни қандай қилиб айтсак бўлади? Тўйни тезлатмасак бўлмайди.
Сора: Мен момомга айтаман. Тўйни шундоғам кейинги ойга белгилашган. Сизни кутишаётувди. Момомга маъқул келдингиз. Бобом ҳам рози бўлсалар керак. Бугун негадир тоблари қочиб турибди.
Земфира: (хавотирланиб) Шу ўн кун ичида тўйни ўтказайлик, опа. Сиз уларга тушунтиринг. Яна бирор ишкал чиқиб ўтирмасин.
Сора: Бу нима деганингиз, айланай?
Земфира: Чолли соғлиги ёмонга ўхшайди. Тағин ҳалиги… Қаричилик-да, бир гап бўлса, тўй орқага сурилиб кетади.
Сора: Вой, ундай деманг, айланай. Яхши ният қилинг. Бобом анча бақувват ҳали. Бугун хурсандчиликдан шундай бўлди, шекилли..
Земфира: Тўйдан сўнг Тилов акам билан Истанбулга кетмоқчимиз. Мармар денгизининг бўйларида айланмоқчимиз. Амаким асал ойининг сарф-харажатларини ўзим кўтараман деяптилар. У киши зўр одам.
Сора: Мен бундай гапларни киноларда эшитганман.
(Земфира кулади… Тиловолди кириб келади).
Тиловолди: Яхши айланиб келдингларми? Қалай, бизнинг тоғлар ёқдими? Бу жойларда биринчи бор бўлган одам, албатта, мўъжизага дуч келгандай бўлади, Земфирахон. Таассуротлар қалай?
Земфира: Менга ёқди. Чиндан ҳам мўъжиза. (эркаланиб) Лекин, лекин Истанбул Истанбулда, барибир.
Тиловолди: (отасига қараб) Бобой, тузалсинлар… Албатта рухсат оламиз. (Сора уларни холи қолдириб чиқиб кетади. Тиловолди Земфиранинг қўлларини кафтига олиб ўпади). Земфирачка, Земфирачкам, (у ёқ-бу ёққа олазарак қарайди) зерикмадингизми? Хавотирланманг, ҳаммаси яхши бўлади… Айтганингиздай бўлади.
Земфира: Тўй ўн кун ичида бўлиши шарт. Тоғам билет олиб қўядилар. Сўнг срази шаҳарга қайтиб, Истанбулга жўнаймиз. Тоғамни сиз ҳам эшитгансиз. Тоҳир Тоҳировични айтаяпман-да.
Тиловолди: Ҳа эшитганман, айтувдингиз. Майли сиз айтгандай бўлади. (Шу пайт нимадир тарақлайди. Йигит билан қиз бир-бирини қўйворишади. Гулсум момо кириб келади. Қўлида исириқли оташкурак. Кампир тутаётган оташкуракни йигит билан қизнинг бошидан, елкасидан айлантиради).
Гулсум момо: Илоё кўз тегмасин, суқдан, ёмоннинг кўзидан асрасин. Инси-жинс­лардан асрасин. Болаларим, доимо ўйнаб-кулиб, чопиб-чопқиллаб, эсон-омон юринг­лар… (Исириқни Жайрон чолининг бошидан айлантиради. Чолининг юзига қўлини қўяди. Чол бошини кўтаради. Ёстиққа суянади. Ва, саҳнадаги ўғли ва Земфирага қараб қўлини юзи билан тўсади. Йиғлайди, елкалари силкинади. Йигит ва қиз бир қадам олдинга босади. Тиловолди келиб отасининг ёнида чўкаллайди. Эсанкираб боқади… Земфира саҳна орқасида тош қотиб турибди).
Тиловолди: Дада, дада… ахир… Сизга нима бўлаяпти? Нега бундай қилаяпсиз?
Жайрон бобо: Ўзим шундай, болам. Ўзим шундай. Сенлар бораверинглар… Бориб Эсонқулга қарашинглар. Кечқурун қўни-қўшни келади.
(Тиловолди базўр ўрнидан туриб Земфиранинг ёнига келади. Гулсум момо чолнинг билаги, қўлларини уқалаяпти. Шу пайт ташқарида машина тўхтаб, Қулмирза югургилаб кириб келади. Ва Тиловолди ҳамда Земфиранинг олдида таққа тўхтаб қолади).
Қулмирза: (Зулфирага) Сиз! Сиз! Сиз шу ердамисиз?..
Земфира: (сесканиб) Кечирасиз, сизни… сизни танимайман.
Қулмирза: (мийиғида кулиб) Тушунарли… Балки… адашгандирман…
(Уларга қўл силтаб, Жайрон бобо ётган сўри томон боради. Чол билан кампир қўрқув аралаш унга қарашади. Земфира билан Тиловолди ўша заҳоти ташқарига чиқиб кетишади).
Гулсум момо: (заҳархандалик билан) Яна нега бу жойларда биноат (пайдо демоқчи) бўлиб қолдинг? Сенга нима керак?
Қулмирза: (айёрлик билан) Моможон, бовомда ишим бор эди. (чолга қараб) Бовожон мазангиз қочдими, бир кўриб келай девдим. Сиз менга отамдай азиз одамсиз. Кўп йўл-йўриқлар кўрсатгансиз. Панд-насиҳатлар қилгансиз, бово. Бетоблигингизда ҳол сўрамасам қандай одам бўлдим. Яхшимисиз, дамлимисиз, суяк енгилми, бово?
Гулсум момо: (ўртага тушиб) Кўриб турибсан-ку аҳволини. Аҳволи хурсанд бўлгудаймас. Касал. Муддаога ўтавер, Қулмирза.
Қулмирза: (унга қарамай) Бово, бир гапим бор, бовожон.
Жайрон бобо: (инқиллаб) Айт гапингни.
Қулмирза: (ялинганнамо) Бовожон, хабарингиз бор. Катта қамалиб кетди. Хўжаликдаги катта ҳам қамалаяпти. Терговда. Туманни текширувчилар ағдар-тўнтарини чиқаришди. Бу номард катталар ҳамма ёқни расво қилиб ташлашган экан. Буларнинг касофати бошқаларниям ураяпти. Эртага чорвани текширишаркан. Мени тақдирим қўлингизда. Шу чорвани сел олиб кетган десангиз кифоя, бовожон… Бўлмаса, менам қамаламан. Жон бово, айланай бово, ёрдам Беринг, бовожон. (чўккаллаб ялинишга тушади, чўнтагидан қоғоз чиқаради) Мана акт… қўл қўйинг. Эртага сизни олдингизгаям келишади. Сурувни сел оқизди деб туриб олинг, бово… (Қулмирза йиғлай бошлайди)
Жайрон бобо: (инқиллаб) Уф… мен, мен, сурувни сенларга топширганман… Мени тинч қўй. Бундай қилмайман. Бундай номаъқулчиликни кўп қилдим. Бир оёғим гўр оғзида турибди. Охиратим шундоғам куйиб турибди… (уф тортиб, ингранади) Энди кет.
Қулмирза: (ўрнидан сапчиб туриб) Бово, ахир, ахир, мени қамашади-ку. Раҳмингиз келсин. Отамнинг жўрасисиз-ку, бово!
Гулсум момо: Бовонгни қийнама, бор кет.
Қулмирза: (йиғламсираб) Момо, мени қамашади.
Гулсум момо: Нима бало, сени мукофотлашсинми бўлмасам. Қилган ишингга жавоб бер-да, энди. Энди сенга чолим бово, мен момо бўлиб қолдикми-а?
Қулмирза: Жайрон бово, қўл қўйинг, бово… Мени қутқазинг, бово.
Жайрон бобо: Мен ўзимни ўзим қутқазолмай ётибман-ку.
Қулмирза: Сиз ўзингизни нимадан қутқазишингиз керак?
Жайрон бобо: (инқиллаб) Виждон азобидан, охират азобидан. Ҳалол бўлолмадим. Мени ҳам сенлар йўлдан урдиларинг. Кўнгил бўшлик қилдим. Нима десанглар, хўп дедим. Мана оқибати.
Қулмирза: Мен нима қилай?
Жайрон бобо: Энди, ҳеч бўлмаса охирида мард бўл. Ҳалол бўл. Айбингни тан ол.
Қулмирза: (қақшаб) Сиз, сиз… одаммассиз. Барибир ўчингизни олаяпсиз. Ҳалоллик дейсиз. Ҳалолман дейсиз. Уйингизни ғархона қилиб қўйибсиз.
Гулсум момо: (ғазаб билан) Нимаааа? Нимааа дединг, исқиртнинг боласи?!
Қулмирза: Эшитганинг. Қари макиян. Ҳовлинг ғархона! Ана, анаву турган қиз кимларнинг қўйнида ётмаган дейсан. Манови сассиқ чолинг ҳам билади. Бир ой олдин, шаҳардан келган бойвачча билан шу қиз бирга келиб адирда айш-ишрат сурувди. Манови ҳалол чол эса шуларнинг хизматини қилувди. Бу кунингдан ўлганларинг яхши, қари каламушлар!
Гулсум момо: (анграйиб) Нимаа?!. Ҳой, оғзингга қараб гапир! (чолга қараб) Нима дейди бу? Шу бўйнинг сингурнинг гапи чинми?
Жайрон бобо: (кўзини юмиб) Чин… чин… ҳаммаси тўғри. (Инқиллаб кўзларини юмиб, бошини ёстиққа ташлайди… Қулмирза чиқиб кетади).
Гулсум момо: (бошини чангаллаб) Сорааа! Соораа! Сорааа… Берман ке, Сораа! (Сора югуриб киради)
Сора: Нима бўлди? Нима бўлди, энажон?
Гулсум момо: (Сорани бағрига босиб, йиғлайди) Болам, болам-а… Анови, анови… шаҳардан келган қиз… Қўй, болама… болам (уввос тортиб йиғлайди). Орзу-умидимни кул қилган, болам…
(Бутунвой саҳнага кириб келиб момонинг бошини силайди. Сора эса Жайрон бобонинг кўксини силаб, бошига нам латта босаяпти. Момо жим. Чол иҳранди).
Гулсум момо: Сора қизим. Бутунвой болам… (йиғлаб) Бу нима кўргулик-а, болаларим.
Жайрон бобо: (иҳраниб ўқчийди) Эсон…қ…уул… Эс-оон… Иҳ-ҳ. Эсон…
Гулсум момо: (даҳшатга тушиб Бутунвойга) Бор болам, бор… тез чоп… Эсонқул бовонгни чақир. Тез чоп.

САҲНА

Яна ўша ҳовли. Жайрон бобо ўзига келиб қолган. Соғлиги яхши. Сўрида бош эгиб ўтирибди. Ёнида ўғли Тиловолди. У ҳам ерга қараган…
Жайрон бобо: (ерга қараб) Хўш, болам… ёшлик қилма. Ўйлаб кўр… Шу ишинг чакки бўлди. Мен у дунёи бу дунё рози эмасман…
Тиловолди: Дада, ахир.
Жайрон бобо: Дада демай, ота десанг ҳам бўлаверади.
Тиловолди: Ота… Ота…
Жайрон бобо: Нима дейсан?
Тиловолди: Бунинг иложи йўқ.
Жайрон бобо: (ҳамон ердан кўз узмай) Нимани иложи йўқ?
Тиловолди: Ахир, Земфира…
Жайрон бобо: У қизни менга отини ҳам айтма…
Тиловолди: Қулмирза сиздан ўч олиш учун туҳмат қилди.
Жайрон бобо: Менинг икки кўзим кўрамас. Ўзим кўрганман.
Тиловолди: Адашаяпсиз.
Жайрон бобо: Ана, Бутунвой гувоҳ…
Тиловолди: Шу лаънати дудуқнинг қадами шум келди.
Жайрон бобо: (бошини илкис кўтариб) Уни дудуқ дема. Уни ҳақорат қилма!
Тиловолди: Мен нима қилай?
Жайрон бобо: Қизни жўнатиб юбор… Қизга жавоб бер… Ўзингниям, бизниям номусга қўйма…
Тиловолди: (ўрнидан туриб) Ахир, режаларимиз бор… Биз шаҳарда яшаймиз. Земфира туфайли кўп нарсага эришамиз. Ота-онаси, амакиси, тоғалари…
Жайрон бобо: (тишларини ғижирлатиб) Сенга ҳеч ниманинг фарқи йўқми?
Тиловолди: Нимани айтаяпсиз?
Жайрон бобо: Ғуруринг борми? Шу қиз кўзингни кўр, қулоғингни кар қилиб ташлабди.
Тиловолди: Нима десангиз денг, мен у билан бўламан. Барибир, бу чол девор ичида, хароб ҳовлида қололмайман…
Жайрон бобо: (ўзини баъзўр тутиб) Тушундим. Сени… Барибир, сендан умид йўқ. Энанг ҳам чидайди. Мен ҳам чидайман. Сенга ялиниб-ёлвордим, кўнмадинг. Йиғладим, кўнмадинг. Энангни гапига кирмадинг… Сени ҳаром аралаштириб боққанимни энди анг­ладим… Шу ҳароми Қулмирза бўлди, катта бўлди, бошқа юлғичлар бўлди, шуларга шерик бўлган пайтларим ҳам бор… Шу ҳаром-ҳаришларнинг касофати сенга уриб кетибди, болам… Ёшлигингда ўлиб қўя-қолсанг бўлмасмиди, бундай қилиб қийнагандан кўра… (йиғлайди)
Тиловолди: Ота… мен нима қилай, ахир уни яхши кўраман.
Жайрон бобо: (ачиниб бош силкитади… йиғлайди) Бор энди, бора бер. Кўзимга кўринма, бола… Кетсанг яхши. Яхши бўлади. Ҳа, мениям, энангниям ўлиги кўчада қолмайди. Эл-юрт бор… Бутунвойим бор. Сора бор. Ташлаб қўймайди… Болам, сени қарғамайман. Фақат менинг сендай болам йўқ дейман. Кет энди… Нимага анграясан…
(Уввос тортиб йиғлаб юборади. Тиловолди орқасига тислана бошлайди. Земфира чиқиб келади. Замонавий очиқ-сочиқ кийимда. Юзидан қаҳр ёғилади. Чолга ғазабланиб қарайди. Чол ҳамон йиғламоқда… Земфира Тиловолдининг қўлидан тутиб олиб чиқиб кетади. Гулсум момо кириб келади. Юзи аянчли, худди эс-ҳушини йўқотган алфозда. Момо секин, бир-бир босиб қадам ташлаяпти).
Гулсум момо: Кетдими, бовоси… Тилов кетдими. Оп қололмадингизми?
Жайрон бобо: Кетди. (ердан кўз узмайди)
Гулсум момо: (инграб) Энди мен, биз нима қиламиз, бовоси?
Жайрон бобо: Пешонамизда бори шуякан, кампир…
Гулсум момо: Биз кимга суянамиз энди, бовоси…
(Ҳовлига Сора билан Бутунвой ҳам момонинг ортидан секин кириб келишмоқда… Бобо ўрнидан бир амаллаб туриб қўли билан Бутунвой ҳамда Сора томонга ишора қилади).
Гулсум момо: (ўгирилиб) Бутунвойим, Сора қизим…
(Улар келиб момонинг кўксига бош қўяди… Жайрон бобо тик турган кўйи қўлларини фалакка чўзади. Момоқалдироқ гумбирлайди… Сўнг… олисдан бўриларнинг увиллаши эшитилади… Сора момонинг бағридан бош кўтариб қулоқ тутади).
Сора: Бўри… Бўрилар увиллаяпти… Бўрилар.
Бутунвой: (бош силкийди) О…о…дам… о…д…даам… Бу Бў-ўрии… маа…ас… Од…д…д…а..м…

“Шарқ юлдузи” журнали, 2013 йил, 4-5-сонлар.